1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Шак куни рўза тутишнинг ҳукми

17:57 / 31.05.2017 5772 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шак куни – шаъбоннинг ўттизинчи кунидир. Бу кунни Рамазоннинг рўзасидан деб мутлақо тутиб бўлмайди. Ким уни Рамазон рўзасидан деб тутса, аҳли китобларга ўхшаб қолгани учун таҳримий макруҳ* иш қилган бўлади, чунки улар ўзларига фарз қилинган рўзага қўшимча қўшиб олишган. 

* Таҳримий макруҳ (ҳаром ҳисобланадиган макруҳ). Шариат тарк қилишни қатъий бўлмаган далил ила (яъни оҳод хабарларга асосан) жазм билан талаб қилган нарса таҳримий макруҳ бўлади. Ҳанафий мазҳабида таҳримий макруҳ қисқа қилиб «макруҳ» дейилади. Уларнинг наздида таҳримий макруҳ ҳаромга жуда яқин нарса ҳисобланади. Фарқи шуки, уни инкор қилган киши кофир бўлмайди («Усулул фиқҳ», Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан бир-икки кун олдин рўза тутманглар. Аммо бир киши (мунтазам)бирор рўза тутиб юрган бўлсаўшани тутсин»дедилар».

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган. Лафз Темизийники. Термизий ҳасан саҳиҳ ҳадис, деган.

Шунинг учун мусулмон киши шак куни рўза тутмаслиги керак. Аммо ниятни тўғри қила олса, тутиши жоиз (яъни «Эртага рўза бўлса рўзаман, бўлмаса йўқ», демаслик керак. Эртага аниқ нафл рўза тутаман десагина мумкин).

Сила ибн Зуфардан ривоят қилинади:

«Аммор ибн Ёсирнинг ҳузурида эдик. Ўтда пиширилган қўй (гўшти) келтириб, «Енглар», деди. Одамлардан бири четга ўтиб, «Мен рўзадорман», деди. Шунда Аммор розияллоҳу анҳу: «Кимки шак қилинган кунда рўза тутса, Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибди», деди».

Термизий ривоят қилиб, шундай деган: «Бу ҳасан саҳиҳ ҳадисдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари ва улардан кейинги тобеъинлардан аҳли илмларнинг кўпчилиги наздида амал мана шу ҳадисга кўрадир. Тўрт имом – Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва Аҳмадлар ҳамда улардан бошқа имомлар ҳам бу ҳадисга амал қилишган».

Айримлар шаъбон ойида тўлиқ рўза тутиб, уни Рамазонга улаб юборади. Бундай қилиши мумкин, чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаъбондаги рўзаларига эргашишни ният қилади.

Абу Довуд Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йилнинг шаъбондан бошқа бирор ойида тўлиқ рўза тутмас эдилар. Уни Рамазонга улаб юборар эдилар».

Саҳарликни кечиктириш

Рўзадор учун саҳарликни кечиктириб, ифтор қилишга шошилиш суннатдир.

Саҳарликни фажрдан салгина олдингача кечиктирилади.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳарлик қилдик. Кейин намозга турдик. (Анас Зайд ибн Собитга): «Ўшанинг миқдори (азон билан саҳарликнинг ораси) қанча эди?» дедим. У «Эллик оят миқдорича», деди.

Муслим ва Термизий ривоят қилишган. Термизий ҳасан саҳиҳ ҳадис, деган.

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики одамлар ифтор қилишга шошилар экан, хайрда бўладилар», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган. Термизий ҳасан саҳиҳ ҳадис, деган.

Мусулмон одам ўзини саҳарликнинг баракасидан маҳрум қилмаслиги керак. Саҳарлик қилишнинг фазли ҳақида кўп ҳадислар келган, жумладан қуйидагилар:

Имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бор», дедилар».

Саҳарлик қилишда аҳли китобларга хилоф қилиш бор. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобларга хилоф қилишга ҳарис эдилар. Кимнинг қалбида заррача иймони бўлса, уларга хилоф иш қилишга ҳарис бўлсин.

Имом Муслим Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобларнинг рўзаси орасидаги фарқ саҳарлик ейишдадир», дедилар».

Саҳарлик қилганда тонг пайтигача, оқ ип қора ипдан (кун ёруғи тун зулматидан) ажралгунича еб-ичиш мубоҳдир. Тонг ёруғи тун зулматидан ажраса, еб-ичишдан тийилиш керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: «Ибн Умму Мактум азон айтгунича еб-ичаверинглар, чунки у тонг отмагунча азон айтмайди» дер эдилар (Бухорий ривоят қилган).

Тонг отгандан кейин мусулмон ҳеч нарса тановул қилиши мумкин эмас. Ҳатто оғзига олган луқмасини ютиб юбормай, чиқариб ташлаши талаб қилинади.

Абу Довуд Абу Ҳурайрадан қилган ривоятдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллмнинг «Агар бирингиз азонни эшитса-ю, қўлида идиш бўлса, эҳтиёжини қондирмагунича уни қўймасин» деган сўзлари ояти каримага зиддир, чунки Аллоҳ таоло еб-ичишнинг тугашини тонг отиши билан чегаралади. Тонг отиши эса кундузнинг бошланиши ҳисобланади. Рўзанинг вақти тонг отишидан кун ботишигача. Саҳарлик қилувчи тонг отгандан кейин бирон нарса еб-ичиб қўйса, куннинг бир қисмига рўзасиз ўтган бўлади. Бу иши билан рўзаси тугал бўлмайди. Аллоҳ рўзани тугал қилишга буюрган. Рўза тонг отгандан қуёш ботгунича рўзани очиб юборучи нарсалардан тийилиш билан тугал бўлади. Валлоҳу аълам.

 

Таржимон Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тил офатлариТил ndash Аллоҳ таолонинг буюк неъмати. У билан кичик гуноҳ, улуғ тоат ёки буюк исён бўлади. Тилда шаҳодат келтириш билан иймон ва куфр ойдинлашади. Бу давоми...

3724 10:59 / 15.06.2017
Қуёшнинг гардиши уфққа ботганда рўзадорнинг оғиз очиши ҳалол бўлади.Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар Умар розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

6440 19:27 / 08.06.2017
Аллоҳ таоло айтади.Рамазон ойида одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон нозил қилинган, Бақара сураси, 185оят. Ушбу оятда давоми...

6013 19:37 / 30.05.2017
Аллоҳ жалла шаънуҳу.Албатта, Биз уҚуръонни Қадр кечасида туширдик. Қадр кечаси нима эканлигини сенга нима билдирди Қадр кечаси минг ойдан яхшидир. Унда фаришталар давоми...

22067 17:09 / 21.06.2017