1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Расулуллоҳ ﷺ нинг Рамазонда хайр-саховат ва эҳсон қилишлари

15:59 / 27.05.2017 5835 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта саховатли, инфоқ қилувчи, олийжаноб, очиққўл ҳамда кўп садақа берувчи, хушфеъл, ёрдам сўраб келганларга ёрдамлари-ю кўмакларини аямайдиган киши эдилар.

У зот бирор муҳтож ё тиланчи ёки бечора инсонларнинг эҳтиёжларини раво қилмай қўймас эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳузурларидаги бирор таом ёки ичимлик ё матонинг тугаб қолишидан ҳам қўрқмас эдилар. Шубҳасиз, барча нарсаларни ҳадя ва ёрдам тариқасида бериб юборардилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана шундай ахлоқлари, яъни ўзаро ҳамдардликлари, қўллаб-қувватлашлари, меҳрибонликлари, ўзгалардан ҳол сўрашлари, биродарлик ва меҳр-мурувватлари доимо у зотда  мужассам эди.

У зот бирор кун дунё неъматлари-ю зийнатларини ушлаб турмаганлар. Бирор кун ҳам мол-дунё ёки бойликка алданиб қолмаганлар. Мол-дунё борасида ўзларини эҳтиёт қилар, зеб-зийнат, ҳашамат ва дабдаба ичра ҳаёт кечиришдан узоқ бўлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дунёнинг тиллалари-ю, неъматлари таклиф қилинганда барчасидан юз ўгирдилар. Қўйингки, у зот Роббиларидан узоқлаштирадиган ҳар қандай нарсадан четда бўлдилар. Мушриклар у кишига мансаб, подшоҳлик ҳамда салтанат таклиф қилганларида у зот нақадар қаттиқ рад этганлар ва бу нарсалардан йироқ бўлганлар.

Расули акрам камбағалларни яхши кўрар ва улар билан аралашиб юрар эдилар. Мискинлар билан бирга яшаб, уларни қўллаб-қувватлардилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларининг барчаси мана шундай хайр-эҳсон, яхшилик қилиш, бировларга қайғуриш, очиққўллик, саховатпарварлик, ўзгаларга жонини аямаслик ҳамда ёрдам бериш ила ўтган.

У зот алайҳиссаломнинг шундай гўзал хислатлари Рамазон ойида яна ҳам ортиқ ва зиёда бўларди. Очиққўллик, саховатпешалик ва хайр-эҳсон қилишда порлаб турган юлдуз эдилар. У киши буюрилган ибодатларнинг барчасини кўп адо қилардилар. Жаброил алайҳиссалом Рамазон ойида у зот билан Қуръон ўқир эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  Жаброил алайҳиссалом йўлиққанларида эса яхшилик қилишда эсаётган шамолдан кўра ҳам сахийроқ бўлиб кетардилар. У зот одамларнинг энг саховатпешаси эдилар. Рамазонда бўладиган саховатлари кўпроқ садақа ва хайр-эҳсонлар орқали бўларди. Бирор ҳожатмандни қайтармас ва бирор бир нарсага буткул бахиллик қилмас эдилар.

Шунингдек, у зот Қуръоннинг тиловати билан кўп машғул бўлар, кўп намоз ўқир, кўп зикр қилар ва кўп эътикоф ўтирар эдилар. Рамазон ойини бошқа ойларга нисбатан ибодатга кўпроқ хослар эдилар. У зот ҳақларидаги очиққўллик, сахийлик, хайр-эҳсон қилиш, бирор амални холис бажариш, Аллоҳни кўп зикр этиш, дуо қилиш, бировларга яхшилик улашишлари-ю, қўллаб-қувватлашларининг барчасини Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг айтган гаплари ҳам тасдиқлайди.

Ибн Аббос: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг саховатлиси эдилар. У зотнинг Рамазон ойидаги энг сахийликлари Жаброил у кишига йўлиққан пайтда бўларди. Жаброил алайҳиссалом Рамазон ойи тугагунича ҳар кеча учрашар, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса у зотга Қуръон ўқиб берар эдилар. Жаброил алайҳиссалом у кишига йўлиққанида яхшилик қилишда эсаётган шамолдан ҳам саховатлироқ бўлар эдилар», дедилар (Имом Бухорий, «Саҳиҳи Бухорий»нинг «Рўза боби»да ривоят қилганлар, 1-жилд, 325–326-бетлар).

Зубайр ибн Мунир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яхшилик қилишда очиққўл бўлишлари бежизга эсадиган шамолга ўхшатилмаган. Бу ердаги шамолдан мурод Аллоҳ таоло ўлигу-тирик ерлардан Ўзининг яхши неъматларини чиқаришга сабаб бўладиган умумий ёмғирни ёғдириш учун юборадиган раҳмат шамолидир», деганлар.

Зайд ибн Холид Жуҳанийдан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга рўзадорнинг ажри мислича савоб бўлади. Бу унинг ажридан бирор нарсани камайтирмайди», дедилар (Имом Термизий ривоят қилганлар ва саҳиҳ ҳасан ҳадис, деб айтганлар).

Саҳобалар ифторликни битта хурмо ёки бир қултум сув ёхуд бир ҳўплам сут билан ҳам амалга ошираверишар эди.

Пайғамбар алайҳиссалом Рамазон ойининг кечаларини намоз ўқиб қоим қилганларидек, бошқа ойлардагидан кўра қироатни ҳам кўпроқ қилардилар. Дарҳақиқат, Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Рамазон ойида бир кеча у зот билан биргаликда намоз ўқидилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бақара, кейин Нисо, сўнгра Оли Имрон сураларини ўқидилар. Бирор хавф ояти ўтса, тўхтаб (ундан) паноҳ сўрардилар. Икки ракат намозни ўқиб бўлмасларидан ҳатто Билол келиб, бомдод намозига азон айтдилар.

Мана шу бизнинг Набийимиз, бу эса у зотнинг Рамазондаги ибодатларидир. Биз эса Пайғамбаримизнинг умматлари, издошлари ва йўлларида юрувчилармиз. Шундай экан, у кишининг суннатларини иҳё қилишимиз  ва жаннатга олиб борувчи йўлларидан юришимиз, Рамазонда у зот амалга оширган нарсаларнинг мислини қилишимиз, очиққўл, сахий бўлишимиз, садақа, хайр-эҳсон ва яхшилик улашишимиз, ўзгаларга ачиниб, уларни қўллаб-қуватлаб, ўзаро бирдамликда бўлишимиз, Қуръонни кеча-ю кундуз кўп ўқишимиз, Аллоҳни зикр қилишимиз, Унга итоат этишимиз ва кўп тасбеҳ айтишимиз энг муносиб амалдир. Шунда ана шу соат бизларнинг Муҳаммад алайҳиссаломнинг итоаткор, обид ва сахий умматлари эканимизни тасдиқлайди. Буни бизларга Аллоҳ таолонинг каломи ҳам тасдиқлайди: «Сизлар инсонлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз» (Оли Имрон сураси, 110-оят).

Қиёмат соатида бизларни дўст ҳам, душман ҳам, яқин қариндош ҳам, бегоналар ҳам ҳурмат қилади. Чунки биз динимизни нозик жиҳатларигача тушундик ва уни ҳаётга татбиқ қилдик. Шунингдек, йўлбошчимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидан юрдик,  у зотдан узоқлашмадик.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда бирор жойга боришга ҳаракат қилмас эдилар. Рамазоннинг фазилати ва хусусияти тўғрисида гапириб: «Мана бу – унда инсонлар учун ҳидоят манбаи бўлган Қуръон нозил қилинган ойдир. У ойда қилинган садақотларнинг ажри ва унга бериладиган савоби зиёда қилиб берилади. У ойдаги рўза ибодатларнинг энг шарафлиси ва энг улуғидир. У ойда минг ойдан афзал қадрли кеча бор», деб мукаммал ўргатар эдилар.

Шунинг учун саҳобалар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларини ихтиёр қилганлар. Саййида Оиша розияллоҳу анҳо: «Куннинг аввалида қуёш чиқишидан олдин Қуръон ўқир, қуёш чиқса, ухлар эдилар», деб Расулимиз ҳақларида хабар бермоқдалар.

Баъзи саҳоба ва тобеъинлар Рамазонда барча ибодатларни қўйиб, Қуръон ўқишни бошлардилар. Тобеъинларнинг даврида бу ойда кечани қоим қилганда Бақара сурасини саккиз ракатда ўқир эдилар. Уни ўн икки ракатда ўқишни енгиллатиш, деб билардилар.

Имом Молик Рамазон кирса, ҳадис ўқишни ва аҳли илмлар билан ўтиришни тарк қилиб, Қуръон ўқишга киришар эдилар. 

Шиблий раҳимаҳуллоҳ бу ой кирганда тоат-ибодатда жидду-жаҳд қилардилар. Яна: «Мана бу Роббим улуғлаган ойдир. Шундай экан, мен ҳам уни улуғлашга ҳақлиман», дер эдилар.

Энди қандай қилиб буларнинг барчасини Рамазонда амалга ошириб бўлмас экан?! Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу улуғ ойда ибодат қилишга шижоатлантириб ва унга қизиқтириб, шундай деганлар:

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Энг афзал садақа Рамазондаги садақадир».

«Рамазон ойида нафақа қилишда хурсанд бўлинглар. Чунки у ойдаги нафақа худди Аллоҳ йўлида инфоқ қилган кабидир».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий алайҳиссалом дедилар: «Рамазонда Аллоҳни зикр қилган кишининг гуноҳи кечирилади, унда Аллоҳдан (дунё ёки охират яхшиликларидан бирор нарсани) сўраган банда ноумид бўлмайди» (Имом Табароний «Авсат» китобида ривоят қилганлар. Исноди заифдир).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондаги умра ҳаж қилганга тенг бўлади», деганлар.

Салмон Форсий ривоят қилган ҳадисда эса Расулимиз: «Ким бу ойда яхши хислатлардан биттасини ихтиёрий қилса, у худди бошқа ойларда битта фарзни адо қилган каби бўлади. Ким унда битта фарзни бажарса, у худди бошқа ойларда етмишта фарзни адо қилган каби бўлади», деб айтганлар.

Ушбу ҳадисларни келтиргандан кейин айта оламизки, энг тўғри йўл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидир. Йўлларнинг энг улуғи ва буюги Муҳаммад алайҳиссаломнинг йўллари ҳисобланади. Шундай экан, у зотнинг йўлларидан юришга харис бўлишимиз нақадар шарафдир. Зеро, Аллоҳ таоло: «Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (Аҳзоб сураси, 21-оят), дея марҳамат қилган.

 

Ҳабаший Фатҳуллоҳ Ҳафновийнинг «Расулуллоҳ Рамазонда» 

номли китоби асосида Абдуллоҳ САМАТОВ таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ғанимат ойБу ndash Қуръон ойидир, амал ойидир, ғаниматлар жамлаш ойидир Охирзамон аломатларидан бири илмнинг кенг тарқалиши, аммо амалларнинг камайишидир.Ахборот давоми...

5504 12:25 / 26.05.2017
Имом Муслим ва Абу Довудлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилишади.Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига фатво сўраб келди. Мен эшик ортидан давоми...

22270 16:45 / 01.06.2017
Фитр садақаси садақаи фитр Рамазондан фитрга оғиз очиқлигига чиқиш муносабати билан берилгани учун ҳам шундай ном олган. Садақаи фитр иккинчи ҳижрий санада жорий давоми...

5784 12:45 / 18.06.2017
Ҳанафий мазҳабида ихтиёрий рўза учга суннат, мандуб ва нафлга бўлинади.Суннат рўза ndash Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий тутиб юрган ихтиёрий давоми...

6747 15:14 / 20.06.2017