1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Илм, таълим бериш ва илм олиш фазилати ҳамда унинг нақлий ва ақлий далиллари

10:27 / 24.05.2017 31323 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Илм, таълим бериш ва илм олиш фазилати ҳамда унинг нақлий ва ақлий далиллари

Илм фазилати

Аллоҳ таолонинг Қуръони каримда келган қуйидаги сўзлари илмнинг фазилатли эканига очиқ далилдир:


«Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир», фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир.» (Оли Имрон, 18).

Бу оятда Аллоҳ таоло аввал ўзини, кейин фаришталарни, сўнгра илм аҳлини зикр этди. Мана шунинг ўзи илмнинг шарафли, фазилатли ва улуғ эканини англашга кифоя қилади.

Аллоҳ таоло яна айтади:

«Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур» (Мужодала, 11).

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан етти юз даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси беш юз йиллик йўлга тенг. Аллоҳ таоло:

«Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» деб айтган (Зумар, 9)».

Яна Аллоҳ таоло айтади:

«Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар» (Фотир, 28).

Раъд сурасида айтилади:

«Кофир бўлган кимсалар (Сизга): «Пайғамбар эмассан», – дейдилар. Айтинг: «Мен билан сизларнинг орамизда Аллоҳ ва Китоб (Қуръон) илмидан хабардор бўлган кишилар гувоҳлик бўйича кифоя қилур»» (43).

Яна Аллоҳ таоло Намл сурасида айтади:

«Китобдан (Исми аъзамдан) хабардор бўлган зот эса: «Мен кўзинг ўзингга қайтгунича (кўз очиб юмгунингча) уни сенга келтирурман», – деди» (40). Бу оятда Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг котиблари илм қуввати билан мазкур ишга қодир бўлганини таъкидламоқда.

Қасос сурасида айтади:

«Илм ато этилган кишилар (руҳонийлар) эса: «Ўлим келсин сизларга! Имон келтирган ва эзгу иш қилган киши учун Аллоҳнинг савоби яхшироқ-ку!» (80). Бу оятда ҳам Аллоҳ таоло охиратдаги ажр-мукофотнинг буюклиги илм билан бўлишини баён этяпти.

Анкабут сурасида айтади:

«Ушбу мисолларни Биз одамлар (ибрат олишлари) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат олимларгина англагайлар» (43).

Нисо сурасида эса бундай дейди:

«Уларга (жанг майдонидан) омонлик ёки хавфли иш (хабари) келса, уни ёйиб юборадилар. Агар уни Пайғамбарга ёки ўзларидан бўлган амирларга етказсалар, уни билиб олишни истовчилар ўшалардан (сўраб) билаверар эдилар» (83). Аллоҳ бу оятда воқеалар ҳукмини олимлар ва амирлардан олишни буюриб, Аллоҳнинг ҳукмини тушунишда уларнинг мартабаларини Пайғамбарлар рутбасига яқин қилди.

Аъроф сурасидаги:

«Эй, Одам авлоди! Сизларга авратларингизни беркитадиган либос ва патлар (зийнат кийимлари)ни туширдик. (Аммо) тақво либоси – бу, яхшироқдир» (26), деган сўзи тафсирида баъзи уламолар «либос»ни «илм», «ясан-тусан либоси»ни «имон» деб тушунтиришган.

Аъроф сурасининг 52-оятида бундай дейилади:

«Уларга (кофирларга) ишонадиган қавм учун ҳидоят ва раҳмат (манбаи) сифатида Ўзимиз муфассал баён қилган Китоб (Қуръон)ни илмий асосда келтирдик».

Аллоҳ азза ва жалла яна айтади:

«Уларга, албатта, (қилмишларини) билган ҳолда сўзлаб берурмиз. Биз ғойиб эмасмиз» (Аъроф, 7);

«Йўқ, у (Қуръон) илм берилган зотларнинг дилларида (ёд бўлгувчи) аниқ-равшан оятлардир» (Анкабут, 49);

«(У) инсонни яратди. Унга баённи (нутқни) таълим берди» (Раҳмон, 3–4).

Аллоҳ таоло бу оятларда илмни неъмат ўлароқ зикр қилди.

Ҳадиси шарифларда эса, илм фазилати қуйидагича баён этилади:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимга Аллоҳ яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (теран англовчи) қилиб қўяди ва унга тўғри йўлни кўрсатади».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна марҳамат қиладилар: «Олимлар Пайғамбарларнинг ворисларидир».Маълумки, Пайғамбарлик рутбасидан устунроқ ҳеч бир рутба йўқ ва бу рутбага меросхўр бўлиш олий шарафдир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Олимга ердаги ва осмондаги барча нарсалар истиғфор айтади».Ердаги жонзотлар ва осмонлардаги малоикалар истиғфор айтиб турувчи кишиларнинг мансабидан зиёда мансаб борми?!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна марҳамат қиладилар: «Ҳикмат шарафли кишининг шарафини зиёда этади ва қулни подшоҳлар даражасигача кўтаради».Бу ҳадисда илмнинг дунёдаги самараси баён қилиняпти. Аммо охиратдаги меваси ундан-да хайрли ҳамда абадийдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Икки хислат борки, (улар) мунофиқда ҳаргиз бўлмайди: чиройли хулқ ва динда фақиҳлик».

Замонамиздаги баъзи фақиҳларнинг мунофиқлигини кўриб, бу ҳадисга шубҳа билан қарама. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сен гумон қилган маънони ирода этмаганлар. Фиқҳнинг маъноси энди келади. Фақиҳликнинг энг паст даражаси охират диёри бу дунёдан яхшироқ эканини билишдир. Агар бу маърифат фақиҳда тасдиқ топса, нифоқ ва риёдан халос бўлади.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Одамларнинг афзали ҳожат тушса, фойда берадиган, беҳожат бўлинса, ўзига фойда берадиган имонли олимдир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Имон яланғочдир, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси эса илмдир».

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Пайғамбарлик даражасига энг яқин одамлар илм ва жиҳод аҳлидир. Илм аҳли Пайғамбарлар келтирган таълимотларни одамларга етказадилар. Жиҳод аҳли эса, Пайғамбарлар келтирган таълимотларнинг ҳимояси учун қиличлари билан жанг қиладилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Бир қабиланинг ўлими бир олимнинг вафотидан енгилроқдир».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Одамлар олтин ва кумуш конлари каби кондирлар. Жоҳилиятда яхши бўлганлари Исломда ҳам яхшидирлар, агар тушунсалар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни олимлар қаламининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Умматимдан ким қирқ ҳадисни одамларга таълим бериш учун ёдласа, мен қиёмат куни унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Умматимдан қай бири қирқ ҳадисни ёд олса, қиёмат куни Аллоҳ ҳузурига фақиҳ-олим бўлиб боради».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло Иброҳимга алайҳиссалом ваҳий қилиб: «Эй Иброҳим! Мен олимман (билувчиман) ва ҳар бир билувчини яхши кўраман», деди».

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким Аллоҳнинг динида олим-фақиҳ бўлса, Аллоҳ унинг қайғу-аламини кетказиб, ўйламаган томонидан ризқлантиради».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Олим Аллоҳнинг ер юзидаги ишончли кишисидир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Умматимда икки тоифа борки, агар улар яхши бўлса, одамлар яхши бўлади, бузилса, одамлар ҳам бузилади. Улар амирлар ва фақиҳлардир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган илмни зиёда этмайдиган куннинг қуёши чиқишида мен учун барака йўқ».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам илмнинг шаҳидлик ва обидликдан афзаллиги ҳақида марҳамат қилиб айтадилар: «Олимнинг обиддан афзаллиги менинг қуйи даражадаги саҳобийдан афзаллигим кабидир».

Қарангки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам илмни набийлик даражасига яқин қўйиб, илмсиз қилинган амалдан устун кўрдилар. Агар обид қилаётган ибодати ҳақида илмга эга бўлмаганида, ибодати давомли бўлмас эди.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Олимнинг обиддан афзаллиги Бадр кечасида (ўн тўрт кунлик) ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қиёмат куни уч тоифа кишиларда: Пайғамбарлар, олимлар ва шаҳидларда шафоат қилиш ҳуқуқи бўлади».

Шаҳидлик мақомидан юқори, Пайғамбарлик мартабасидан кейин турувчи илм мақоми нақадар улуғ!

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Аллоҳга қилинган ибодатларнинг энг улуғи динда фақиҳ бўлишдир. Бир нафар фақиҳ олим шайтон учун минг нафар обиддан қўрқинчлироқдир. Ҳар нарсанинг асос-устуни бўлгани каби, бу диннинг ҳам устуни бор. У фиқҳдир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Динингизнинг энг хайрлиси осон-қулай бўлгани, ибодатнинг хайрлиси эса фиқҳдир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Олим мўмин обид мўминдан етмиш даража устундир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Сизлар фақиҳ олимлари бисёр, ўқувчи (қори), хатиб ва сўровчилари оз, (жавоб) берувчилари кўп замонда яшаяпсиз. Бу замонда амал қилиш илм олишдан яхшидир. Яқинда одамларга фақиҳ-олимлари оз, хатиблари кўп, жавоб берувчилари кам, сўровчилари кўп замон келади. У пайтда илм амалдан яхши ва устун бўлади».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Олим билан обиднинг ораси юз даражали масофа бўлиб, ҳар даражанинг ораси чопқир отнинг етмиш йиллик елиб чопишичалик масофадир».

Пайғамбаримиздан соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қайси амал афзал?» деб сўрашди. У зот айтдиларки: «Аллоҳ азза ва жаллани билиш». Сўнг: «Сиз қайси илмни ирода қиляпсиз?» деб сўрашди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ таолони билишни». Шунда : «Биз сиздан амал ҳақида сўрасак, илм ҳақида айтяпсиз», дейишди. Пайғамбаримиз: «Аллоҳ таолони таниб қилинадиган озгина амал манфаатли бўлади, Аллоҳни билмасдан қилинган кўп амаллар фойда бермайди!» дедилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Аллоҳ таоло қиёмат куни олимларни ҳаммадан кейин тирилтиради ва уларга: «Эй олимлар жамоаси, мен аҳволингизни билганим учун илмни сизга бердим. Мен илмни сизларни азоблаш учун бермадим. Боринг, сизларни мағфират қилдим», дейди.

Аллоҳдан хайрли оқибат сўраймиз.

Асарларда (Ислом буюкларининг сўзларида) ҳам илм фазилати ҳақида кўп баёнлар келган.

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Кумайлга: «Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса, сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол маҳкумдир. Нафақа қилиш билан мол камайса, илм зиёда бўлади», деганлар.

Али розияллоҳу анҳу яна айтадилар: «Олим киши кечалари қойим, кундузлари рўзадор мужоҳиддан афзалдир. Олим вафот этса, Исломда бир ёриқ пайдо бўлади. У ёриқни фақат олимнинг ўринбосаригина тўлдиради». Сўнг Али розияллоҳу анҳу қуйидаги шеърни ўқидилар:

Илм аҳли шарафли, ҳидоят истаганларга йўл кўрсатгай,

Ҳар кишининг қадри, билки, қилган иши-ла ўлчангай.

Жоҳил - олим душмани, лек канда қилма илм излашни,

Илм бирла умр боқий, илмсизлар ҳаётдан эрта кетгай.

Абул Асвад айтадилар: «Илмдан азизроқ нарса йўқдир. Подшоҳлар одамларга ҳоким бўлсалар, олимлар подшоҳлар устидан ҳокимдир».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Сулаймонга алайҳиссалом ё илмни, ёки мол-дунёни танлаш ихтиёри берилди. Шунда у зот илмни танладилар. Кейин у кишига мол-мулк ҳам ато этилди».

Абдуллоҳ ибн Муборакдан: «Комил инсонлар кимлар?» деб сўрашди. «Олимлар», деб жавоб бердилар. «Подшоҳлар ким?» деб сўрашди сўнгра. «Зоҳидлар», дея жавоб қилдилар. «Пасткашлар ким?» деган саволга эса: «Дин номидан дунё ейдиганлар», дедилар.

Ибн Муборак олимлардан бошқасини комил инсон демадилар. Чунки инсонни ҳайвонлардан ажратиб турадиган асосий хусусияти ҳам илмдир. Инсон нима билан шарафли бўлса, ўша нарса билан инсондир. Унинг афзаллиги жисмоний қувватида эмас. Зеро, туя инсондан анча бақувватдир. Жисмнинг катталиги билан ҳам афзал эмас, зеро, фил ундан каттароқдир. Афзаллик шижоат билан ҳам ўлчанмайди, чунки йиртқич ҳайвон ундан кўра шижоатлироқдир. Еб-ичиш билан ҳам афзал эмас, ҳЁкизнинг қорни уникидан каттароқ. Жимоъ қилишига қараб ҳам белгиланмайди, зеро, чумчуқ жинсий қувватда инсондан кучлироқдир. Демак, инсон фақат илм учун яратилган.

Олимлардан бири айтади: «Илмни бой берган киши нимага эришдию, илмга етишган киши нимани йўқотди?!»

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимга Қуръон илми берилган бўлса-ю, бошқа одамни ўзидагидан яхшироқ нарсага эга деб билса, Аллоҳ таоло улуғлаган Қуръонни камситган бўлади».

Фатҳ Мусалий: «Касалга обу таом берилмаса, ўладими?» деб сўрадилар. Атрофдагилар: «Ҳа, ўлади», дейишди. Айтдилар: «Қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, ўлади».

Дарҳақиқат, шайх Мусалий рост гапирдилар. Зеро, жасаднинг озиғи таом бўлганидек, қалбнинг озиғи ва ҳаёт манбаи илму ҳикматдир. Ким илмни бой берган бўлса, унинг қалби касалдир, у қалб ўлимга маҳкум, лекин ўзи сезмайди. Бемор жарроҳ тиғини кучли қўрқинч боис сезмагани каби, қалбнинг ҳам дунёга муҳаббат қўйиши ва у билан машғул бўлиб қолиши ундаги сезги ва қобилиятни йўқ қилади. Қачонки ўлим етиб, дунё машаққатлари устидан тушган пайтда ўзини ўзи ҳалок қилганини ҳис этади, қаттиқ ҳасрат-надомат чекади, лекин у фойда бермайди. Бу ҳолат мастга мастлик пайтида, қўрққан кишига хавф-хатар вақтида етган жароҳат аламини ўзига келганда ва хавф узоқ бўлганда сезгани кабидир. Пардалар кўтариладиган кунда Аллоҳнинг ўзи паноҳ берсин. Инсонлар уйқудадирлар, ўлганда уйғонадилар.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади. Шунда олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қонидан оғир келади».

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Илм кўтарилмасидан уни ўрганинглар. Илм олимларнинг вафоти туфайли кўтарилади. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Аллоҳ йўлида шаҳид бўлган кишилар (қиёмат кунида) олимларга берилган каромат-даражаларни кўриб: «Кошки бизни ҳам Аллоҳ олим қилиб тирилтирса», деб орзу қиладилар. Зеро, ҳеч ким олим бўлиб туғилмайди. Илм ўрганиш таълим олиш билан эгалланади».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Кечанинг бир қисмида илм музокараси билан машғул бўлиш менга кечани бутунлай бедор ўтказишдан маҳбуброқдир». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ва Аҳмад ибн Ҳанбалдан ҳам шу маънодаги ривоят нақл қилинган.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ

«Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин» (Бақара, 201), оятини шундай тафсир қиладилар: «Дунёдаги яхшилик илм ва ибодат, охиратдагиси эса, жаннатдир».

Бир донишманддан: «Қайси нарсаларни жамласам, яхши бўлади?» деб сўрашганида, «Кема ҳалокатга учраганда ўзинг билан қоладиган нарсани жамла», деб жавоб берди. Бу билан илмни назарда тутди.

Олимлардан бири айтади: «Ким илм ва ҳикматни қўлига юган қилиб ушласа, одамлар уни ўзига имом қилиб олади. Ким илму ҳикмат билан танилса, бошқалар унга ҳурмат билан қарайди».

Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Илмдан насибадор кишилар олган озгина илмига хурсанд бўлиб, биргина нарсани унутганда хафа бўлиши илмнинг шарафига етарли далилдир».

Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Эй инсонлар, илм ўрганинглар, Аллоҳ таолонинг ҳузурида Унинг ўзи севган бир либос бўлиб, илмнинг бир бобини ўрганган кишига у либосни кийгизади. Агар олим бир гуноҳ қилса, либос ундан олинмаслиги учун унга уч марта танбеҳ беради. Гарчи, бу гуноҳи вафотигача давом этса ҳам (либос ечиб олинмай, танбеҳ берилаверади)».

Аҳнаф ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Олимлар эҳтиромга лойиқ буюк инсонлардир. Илм билан мустаҳкамланмаган ҳар қандай улуғликнинг оқибати хорликдир».

Салим ибн Абул Жаъд айтадилар: «Мени бир улуғ зот уч юз дирҳамга сотиб олиб, қулликдан озод этди. Шундан сўнг мен илм ўрганишга қарор қилдим. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан, шаҳар амири зиёратимга келди, мен унинг ҳузуримга киришига рухсат бермадим».

Зубайр ибн Абу Бакр айтадилар: «Отам Ироқдан менга ёзган бир мактубида шундай деб насиҳат қилган эди: «Илм ўрган, зеро, фақир чоғингда у мол, бой вақтингда жамол – зийнатдир».

Луқмон алайҳиссалом ўғлига бундай насиҳат қилганлар: «Эй ўғлим, сен олимлар билан ўтир. Уларнинг орасига кир, чунки Аллоҳ таоло ерни осмон суви билан тирилтиргани каби, қалбларни ҳикмат нури билан тирилтиради».

Ҳукамолардан бири айтади: «Агар олим киши вафот этса, унинг вафотига сувдаги балиқлар, осмондаги қушлар йиғлайди. Унинг жисми йўқ бўлса-да, чиройли зикри – номи унутилмайди».

Зуҳрий айтадилар: «Илм мардликдир. Уни фақат мард эркаклар севади».

Илм ўрганиш фазилати

Илм олиш фазилати ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

«Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари шарт эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!» (Тавба, 122).

Бу оятдан кўзланган мақсад таълим бериш ва тўғри йўл кўрсатишдир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Эсланг, (эй, Муҳаммад!) Аллоҳ аҳли китоблардан, уни (Таврот ва Инжилни) одамларга, албатта, аниқ баён қиласиз, уни (ҳеч кимдан) сир тутмайсиз, деб аҳд олган эди» (Оли Имрон, 187). Бу оят таълим беришнинг вожиблигига далолатдир.

Бошқа оятда айтилади:

«Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан (яъни Таврот ва Инжилни биладиганлардан) сўрангиз!» (Наҳл, 43).

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам илм олиш фазилатини шундай баён қиладилар: «Ким илм талаб қилиш йўлини тутса, Аллоҳ таоло уни жаннат йўлига йўллаб қўяди».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Малоикалар толиби илмнинг қилган ишидан мамнунлар керак бўлиб, унга қанотларини ёзадилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Илмдан бир боб ўрганиб тонг оттиришинг юз ракат намоз ўқишингдан афзалдир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтадилар: «Киши илмдан бир боб ўрганиши унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Илмни Чинда (Хитойда) бўлса ҳам ўрганинглар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: «Илм – хазина, унинг калитлари – савол. Сўранглар, сўрашда тўрт киши савобга эга бўлади: сўровчи, олим, эшитувчи, уларни дўст тутувчи».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Жоҳил билмаганини сўрамаслиги, олим билганини айтмаслиги дуруст эмас».

Абу Зарр ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Олимнинг мажлисида ҳозир бўлиш минг ракат намоздан, мингта касални бориб кўришдан, мингта жанозада иштирок қилишдан афзалдир», дедилар. Шунда: «Ў Расулуллоҳ, Қуръон тиловатидан ҳам яхшироқми?» деб сўрашди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Илм бўлмаса, Қуръон тиловати фойда берадими?».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким Исломни тирилтириш учун илм ўрганаётганида вафот этса, жаннатда у билан Пайғамбарлар орасида бир даража қолади».

 Ислом буюклари ҳам илм ўрганиш фазилатини кўп таъкидлашган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Илм олишда (қийналдим), бир оз хорландим, тилагим ҳосил бўлгач, азизу мукаррам бўлдим».

Ибн Абу Мулайка Ибн Аббос ҳақида шундай деганлар: «Чиройда Ибн Аббосдек чиройлисини, сўзлашда тили равонини, фатво беришда илмлисини кўрмаганман».

Абдуллоҳ ибн Муборак айтадилар: «Илм ўрганмасдан туриб улуғликка интилган кишига ҳайронман».

Ҳакимлардан бири айтади: «Мен икки кишига ачинганимчалик бошқа ҳеч кимга ачинмаганман: илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига, илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига».

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Сен олим, ё ўрганувчи ёки унга қулоқ тутувчи бўл. Лекин тўртинчиси бўлмагилки, ҳалок бўласан».

Тобеинлардан Ато ибн Абу Рабоҳ айтадилар: «Бир илм мажлиси лаҳв-беҳуда мажлислардан етмиштасига каффорат бўлади».

Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Кундузлари рўзадор, кечалари қойим-бедор бўлган мингта обиднинг ўлими ҳалол-ҳаромни ажрата олувчи бир олимнинг ўлимидан енгилроқдир».

Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Илм ўрганиш нафл ибодатидан афзалроқ».

Ибн Абдулҳакам раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Мен Имом Молик ҳузурларида илм ўқирдим. Пешин вақти кириши билан нафл намоз ўқиш учун китобларимни йиғиштира бошладим. Шунда устоз, агар ниятинг дуруст бўлса, ҳозир машғул бўлиб турган ишинг бажармоқчи бўлаётган ишингдан афзалроқдир, дедилар».

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Ким илм ўрганишга чиқиш жиҳод эмас, деса, унинг ақли ва фикрида ноқислик бор экан».

Мубашшир Аҳмад

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ислом маданияти ўрнатган тартибгина террор ва ҳокимиятсизликка барҳам бериши мумкин,.Ражу ГародиРоже Гароди ndash 1913 йил 17 июлда Франциянинг Марсель шаҳарчасида давоми...

2246 14:05 / 14.04.2021
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг илмий мерослариданАдабий асарлар халқ оммасига катта таъсир ўтказиши ҳаммага маълум. Уларнинг асосий давоми...

6629 13:05 / 23.03.2020
Ҳафс ибн Умар Жаъфарий айтади .Довуд Тоий бетоб бўлиб қолди. У жаҳаннам зикр қилинган бир ояти каримани кечаси билан такрортакрор ўқиб, эрталаб бетоб бўлиб давоми...

3054 07:30 / 21.02.2019
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ер юзида қайси бир мусулмон гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқасини давоми...

3170 12:50 / 07.03.2019