1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Ийд намозлари

05:00 / 14.01.2017 4379 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ийд намозларини ўқиш дуруст ва вожиб бўлиши учун  жума намозининг шартлари унда ҳам топилиши лозимдир. Фақат иккита амалда жума намозидаги шартларга хилоф бўлади:

1. Ийд намозларида хутба ўқиш суннат бўлиб, жума намозида эса у шарт эди.

2. Жума намозида хутба намоздан олдин ўқилса, ийд намозларида намоздан кейин қилинади. Хутбага киришдан олдин имомнинг бир оз ўтириши ийд намозларининг хутбасида макруҳ ҳисобланади. Аммо жума намози хутбасини бошлашдан олдин унинг бир оз ўтириши суннат эди.

Ийдул-фитр хутбасида имом мусулмонларга фитр садақаси ҳукмлари тўғрисида маълумот берса, ийдул-қурбон хутбасида эса қурбонлик, такбиру ташриқ ҳукмларидан таълим беради. Имом-хатиб ийд намозидан олдинги жумада жамоатни ушбу нарсалардан огоҳлантириб қўйиши лозим.

Рамазон ҳайити биринчи куни ўқилмай қолса, у иккинчи куни ўқилади. Қурбон ҳайити маълум узрлар сабабли биринчи куни ўқилмаса, иккинчи ёки учинчи куни ўқишнинг кароҳияти йўқ, аммо узрсиз кечиктириш макруҳ.


ИЙД НАМОЗЛАРИНИНГ КЎРИНИШИ



Ҳайит намозларини ўқиш вожибдир. У икки ракат бўлиб, жамоат билан биргаликда масжидда ўқилади. Бу намозга азон ҳам, такбир ҳам айтилмайди, балки бир киши «жамоат намозига» деб нидо қилади. Имом қироатни жаҳрий қилади. Ҳар бир ракатда уч маротаба такбир айтиш вожибдир. Бу такбирлар «такбиру завоидлар», дейилади. Намознинг кўриниши қуйидагича: 

Намоз ўқувчи имом ийдул-фитрни ёки ийдул-қурбон намозини ният қилади. Қўлларини қулоқ баробар кўтариб такбири таҳрима билан намозга киришса, иқтидо қилувчилар ҳам намозни ният қилиб такбири таҳрима билан унга эргашишади. Шу билан биринчи ракат бошланади. Ҳаммалари худди бошқа намозларидаги каби қўлларини боғлаб, киндик остига қўйишади. Кейин имом ҳам, имомга эргашувчилар ҳам “сано” дуосини махфий қилиб ўқишади. Сўнгра имом такбири завоидларни бошлайди. Улар учта бўлиб, имомга эргашувчилар ҳам буларни қайтаришади, лекин имом такбирни жаҳрий айтса, имомга эргашувчилар махфий айтишади. Барчалари такбири таҳримадаги каби ҳар бир такбирда қўлларини қулоқлари баробаригача кўтаришади, сўнгра икки ёнларига ташлашади. Ҳар бир такбир орасида уч такбир миқдорича вақт ўтказишади. Ҳар бир такбири завоидлар айтилганда имом ҳам, имомга эргашувчилар ҳам қўлларини қулоқлари баробарича кўтаришлари суннатдир. Учинчи такбирдан сўнг намозхонлар қўлларини боғлашади, имомга эргашувчилар жим туришади. Имом эса «Ауъзу...», «Бисмиллаҳ...»ни махфий ўқиб, кейин сураи Фотиҳа билан бирор сурани жаҳрий қилиб ўқийди. Зам сура учун Аъло сурасини биринчи ракатда ўқиш мустаҳаб ҳисобланади. Кейин рукуъ ва сажда қилиб, иккинчи ракатни ўқиш учун қиёмга туришади. Иккинчи ракатда ҳам имомга эргашувчилар жим туришади. Имом «Бисмиллаҳ...»ни махфий айтиб, Фотиҳа билан ундан сўнг бирор сурани жаҳрий ҳолда қироат қилади. Зам сурага иккинчи ракатда Ғошия сурасини ўқиш мустаҳабдир. Имом қироатдан фориғ бўлгандан кейин рукуъдан олдин яна такбири завоидлар бошланади. Ҳар бир такбири завоидлар айтилганда қўлларини кўтариш суннат амалдир. Учта такбирдан сўнг тўртинчи такбирга қўлни кўтармасдан рукуъ қилиш учун такбир айтилади. Кейин рукуъ ва саждаларни бажаришади. Қаъдада ташаҳҳуд, саловоту Иброҳимийя ва маъсур дуолар ўқиб салом берилади. Шу билан намоз томомига етади. 

Ийд намозларининг ушбу кўриниши бошқаларидан аълороқдир. Баъзи кўринишларида такбирлар учтадан кўпроқ айтилади, баъзиларида эса иккинчи ракатдаги қироатдан олдин такбиру завоидлар айтилади. Демак бу каби ўқиш ҳам жоиздир. Агар имом такбирларни зиёда айтса, орқадагилар унга эргашишлари вожиб бўлади. Имомга эргашувчи имомга қиём ҳолатида етса-ю, лекин такбирларга ета олмаган бўлса, ўзи ёлғиз тик турган ҳолида такбир айтиб қўяди. Имомга бир ракат кечикиб етишган бўлса, у салом бергандан кейин туриб ўзи қироат қилади. Кейин такбири завоидларни айтади сўнгра рукуъ қилади. Агар имомга эргашувчи имомни рукуъ қилган ҳолида топса, тик турган ҳолатда такбири таҳримани айтади. Имом рукуъдан бошини кўтаргунча учта такбирни айтиб олишга кўзи етса уни айтади-да, кейин рукуъ қилади. Мабодо етолмаслик эҳтимоли бўлса, такбири таҳримадан кейин рукуъ қилади ва рукуъ ҳолида қўлларини кўтармай такбир айтади. Агар завоидларни тугатмасдан олдин имом рукуъдан бошини кўтарса, энди ундан такбири завоидлар соқит бўлади. Чунки имомга эргашиш вожибдир. Агар имомга рукуъдан кейин иқтидо қилган бўлса, такбирларни имомга эргашган ҳолда айтмайди, балки имом салом бергач, ўрнидан туриб ета олмай қолган ракатни ўқийди ва шунда ўзи завоидларни ҳам айтиб қўяди.


ТАКБИРУ ТАШРИҚЛАР



Арафа кунининг бомдодидан бошлаб (яъни, зулҳижжанинг тўққизинчисидан) ҳайитнинг тўртинчи куни аср намозигача, яъни зулҳижжанинг ўн учинчи кунигача ҳар фарз намоздан сўнг такбиру ташриқни айтиш намозхонлар учун вожиб бўлади. Машҳур такбир ушбудир:


اللَّهُ أَكْبَرُ اللَّهُ أَكْبَرُ لاَ إِلَهَ إِلاَّ اللَّهُ وَ اللَّهُ أَكْبَرُ اللَّهُ أَكْبَرُ وَ لِلَّهِ الْحَمْدُ


Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар, валиллаҳил ҳамд.

Такбиру ташриқни шаҳарда муқим бўлиб турган, фарз намозини жамоат билан бирга ўқиган кишилар учун айтиш вожиб бўлади. Мусофирга уни айтиш вожиб эмас, балки муқимга иқтидо қилган бўлса вожиб бўлади. Қишлоқда муқим турган киши учун ҳам, нафл намозларидан кейин ҳам, ёлғиз ўқувчи киши учун ҳам такбирни айтиш вожиб бўлмайди.

(Изоҳ: “қишлоқ” деганда ўша жойдаги энг катта масжидга таклиф ёшига етган кишилар кириши билан тўлмаган маконга айтилади). 

Витр намози, ийд намози ва жаноза намозидан кейин ҳам такбир айтилмайди. Фарз намозларининг орқасидан такбирни саломга улаб айтиш маъқул амалдир. Саломдан кейин такбирни қасддан айтмай, бирор сўз сўзласа ёки бирор иш қилса гуноҳкор бўлади. Орқасидан такбир айтиши вожиб бўлган намозларнинг бирортасини қазо қилиб қўйса, у намозини ташриқ кунларидан бошқа кунда қазосини ўқиса ҳам такбирни айтиб қўяди. Чунки қазо адодан ҳисобланади. 

(Яъни қазо намозларини вақтида ўқиладиган намозлар каби адо қилинади)

Қазонинг ҳукми адонинг ҳукми билан бир хилдир. Агар киши ташриқ кунларида олдинги қазо намозини ўқиса, унинг орқасидан такбирни айтмайди. Агар имом такбирни тарк қилса ҳам, имомга эргашувчи тарк қилмайди.


МУЛОҲАЗА



Ийд намозининг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилгандан то икки найза бўйи кўтарилгунча бўлган фурсатдадир. 

(Яъни, қуёш чиққандан йигирма минут кейин ийд намозининг вақти кириб, заволга тақрибан йигирма минут қолгунча уни ўқиш мумкин). 

Рамазон ҳайитини маълум узр билан иккинчи кунда ўқиш жоиздир. Қурбон ҳайитини эса уч кунгача кечиктириш мумкин бўлади. Бир шаҳарда янги чиққан ой кўрилиб, иккинчи шаҳарда кўрилмай қолиши, гувоҳларнинг гувоҳлиги заволдан кейинга кечикиб кетиши каби нарсалар ҳайитни кечиктириб ўқиш учун узр ҳисобланади.


ИККИ ҲАЙИТДАГИ СУННАТ АМАЛЛАР



Жума кунидаги каби ғусл қилиш, янги кийимларини кийиш ва хушбўйланиш икки ҳайитда ҳам суннатдир.

Рамазон ҳайитида намозгоҳга чиқишдан олдин топган хурмодан тоқ, топмаган бирор ширинлик еб олиши ҳам суннатдир. Чунки бу билан киши ўзининг рўза эмаслигини билдиради. Қурбон ҳайитида эса намоздан қайтиб, ўзининг қурбонлиги гўштидан егунга қадар ҳеч нарса емай туриши суннатдир.

(Изоҳ: баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқиш суннатлигини нотўғри тушуниб, қурбон ҳайитида куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга улар ушбу кун саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бу жоҳилликдир. Чунки ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амаллардандир. Бунинг устига Исломда ярим кунга ният қилинадиган рўзанинг ўзи йўқ).

Рамазон ҳайитини ўқиш учун намозгоҳга чиқаётган киши махфий ҳолда ўзи такбирни айтиши, қурбон ҳайитига чиқаётганда эса жаҳрий қилиб такбирни айтиши ҳам суннат амаллардандир. Ҳайит намозидан кейин ўша намозгоҳда нафл намоз ўқиш макруҳдир.

Намозга бир кўчадан бориб, бошқа кўчадан қайтиб келиш ҳам суннатдир.

(Изоҳ: чунки йўлни ўзгартиришдан бир қанча  ҳикматлар содир бўлади:

1) ибодатни кўпайтириш;

2) қиёматда икки йўлнинг гувоҳлик бериши;

3)Аллоҳнинг зикри таралиши; 

4) камбағалларга садақа улашиш; 

5) кўпроқ кишилар билан кўришиш; 

6) раҳматга етишиш ва ҳоказо...)


ҲАЙИТ НАМОЗЛАРИДАГИ ҲИКМАТЛАР




Ҳайит намозларини ўқиш учун ҳамма мусулмонлар бир ўринга тўпланишиб, елкама елка саф тортиб турадилар. Барча бир-бирини байрам билан қутлаб, бойлар фақир биродарларига икром кўрсатиб, улардаги ҳожатмандлик аламини енгиллатишади. Ҳайит кунлари мусулмонларнинг ҳаёти янада саодатли тус олади. 

(Изоҳ: аммо ҳали-ҳануз сақланиб қолган хунук одатларни ташлай олмаётганлар, Исломнинг икки буюк байрамини азадорлик билан ўтказиб, байрам шукуҳи ва файзидан бебаҳра қолаётганлар ҳам бордир. Бунинг сабаби уларнинг қалбида Ислом шиорларини улуғлаш каби ҳамиятнинг топилмаслигидир. Улар маҳалла ғийбатчиларининг гап сўзларидан қўрқадиган, Аллоҳнинг улуғлигини қалбларига жойлай олмаган, қасди суст кишилардир. Аллоҳ таоло барчамизга ҳақни билдирсин ва унга эргашишни насиб қилсин. Ботилни ҳам ботил эканини таништирсин ва ундан сақланишга тавфиқ берсин).

Икки ийд намозидаги мусулмонлар жамоати душманлар кўз ўнгида улкан ҳайбатни касб этади. Ушбу муборак кунларда уфқни мусулмонларнинг такбир ва таҳлил айтаётган овозлари тўлдириб юборади. Бу икки муқаддас кунда Аллоҳ таолонинг мусулмонларга берган фазилати, уларни икром қилиши, ёлғиз Аллоҳга иймон келтирган, фақат Ўзининг розилигини талаб қилган ҳолда рамазони шариф ойидаги кечқурунги бедорлик, кундузги рўзадорлик ибодатларини мақбул айлагани намоён бўлади. Бир ойни рўза ҳолида ўтказган мўминнинг хурсандлиги ийдул фитр кунида яна ҳам ортиб кетади. Қилган амалларининг натижаси маълум маънода унинг ўзига кўриниб, бундан қувонади. Гўё у икки ажрнинг бирини дунёда олгандек, охиратдагиси эса уни кутиб тургандек бўлади.

Зулҳижжанинг ўн кунидан кейин қурбонлик байрами келади. Ушбу ўн кунликда қилинган амаллар бошқа йилнинг кунларидаги солиҳ амаллардан афзал туради. Зулҳижжанинг ўнинчи куни арафа бўлиб, ҳожилар бу кунда Арафотда турадилар. Ушбу амал ҳажнинг улуғ фарзларидан биридир. 

Хуллас, мусулмонлар илоҳий китоб бўлмиш Қуръонга амал қилиб, Исломдаги ушбу икки байрам орқали гуноҳларининг мағфират қилиниши, амалларининг мақбул бўлиши билан улкан шодиёнага эришадилар. 

Бундан ортиқ фазилат қаерда бор?! 

Бундан ортиқ раҳмат қаерда бор?!

Сен: «Аллоҳнинг фазли ила ва Унинг раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир», деб айт (Юнус сураси, 58 оят)

Бир умматга икки дунё бахтига эриштирувчи илоҳий китоб берилиши ўша миллатга Аллоҳнинг фазли ва марҳаматидир. Бу миллат ушбу оятга амал қилиб, қанча хурсанд бўлса, арзийди. Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳамати бўлмиш Қуръони Каримга иймон келтириб, уни ўзига дастур қилиб олган зотлар ўша энг улуғ фазл ва раҳматга эришган кишилар сифатида қанчалик хурсанд бўлсалар, шунчалик оз. Қуръонга эришиш дунёдаги бошқа ҳамма нарсаларни жамлаб, ўшаларга эга бўлишдан кўра яхшироқдир (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ тафсири).


Аброр Мухтор Алий

“Таҳорат ва намоз ҳукмлари” китобидан...



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Аввало Ислом бу нарсаларни исрофгарчилик, манманлик, камбағалларнинг кўнглини чўкдиришга хизмат қилиши учун ҳаром қилган. Мусулмон одам мазкур нарсаларни давоми...

4153 05:00 / 14.01.2017
Аллоҳ таоло .Албатта, садақалар фақирлар, мискинлар, унда ишловчилар, қалблари улфат қилинадиганлар, қуллар, қарздорлар, Аллоҳнинг йўлида ва ватангадо учундир. давоми...

8984 05:00 / 14.01.2017
Бу икки тоифа бирбирига жуда яқин, қоришиб кетган, ҳатто баъзи вақтларда уларни ажратиш ҳам мушкул. Фиқҳ уламолари бу масалада турли гаплар айтиб, ҳукмлар давоми...

3611 14:30 / 13.04.2022
Бизнинг диёрларимизга Аллоҳ турфа хил неъматлар ато этган баланд тоғлар, серсув дарёлар, бепоён қирадрлар, довдарахт, мевачева, турлитурли сабзавотлар... Бу давоми...

2362 12:00 / 03.05.2021