1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Закот ва садақа ҳалол бўлган ва бўлмаган кишилар

05:00 / 14.01.2017 8893 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Албатта, садақалар фақирлар, мискинлар, унда ишловчилар, қалблари улфат қилинадиганлар, қуллар, қарздорлар, Аллоҳнинг йўлида ва ватангадо учундир. Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ ўта билувчи ва ўта ҳикматли Зотдир», деган (Тавба, 60).

Шарҳ: Ушбу ояти каримада мусулмонларнинг молларидан чиқарилган закотни олишга кимлар ҳақдор экани аниқ баён қилинмоқда. Шунга кўра, зикр қилинган саккиз тоифа закотга ҳақдор ҳисобланади, уларга бирорта бошқа тоифани қўшиб ҳам бўлмайди, бу тоифалардан бирортасини камайтириб ҳам бўлмайди. Бу ишни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олгандир. ҳатто Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ишга дахл қила олмаганлар ва қилмаганлар ҳам.

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан садақадан улушни сўраб келди. Бас, у зот:
«Албатта, Аллоҳ садақаларда Пайғамбарнинг ва бошқанинг ҳукмига рози бўлмади. ҳаттоки, у (закот) ҳақида Унинг Ўзи ҳукм қилди. Уни саккиз жузга бўлди. Агар сен ўша жузлардан бўлсанг, ҳақингни берамиз», дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: «Агар сен ўша жузлардан бўлсанг?..» Бу дегани «Агар Аллоҳ зикр қилган саккиз жузда бўлмасанг, бермаймиз», деганидир.
Тафсилотга киришдан олдин «Аллоҳ нима учун закотни бўлишни Ўз зиммасига олди?» деган савол ҳақида ўйлаб кўрайлик.
Закот китобининг аввалида Аллоҳ Қуръони карим¬да закотнинг фарзлигини баён қилиб, кимлардан олинишини ва кимларга берилишини айтиб қўйгани баён этилди. Қолган тафсилотлар Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари орқали келгани айтилди ва ушбу ҳақиқатга шоҳид ҳам бўлдик. Нисоблар, чиқариладиган закот миқдорлари, закотнинг вақти, ҳисоб-китоби, олувчи ва берувчининг одоблари ҳамда бошқа кўплаб масалалар ҳадис орқали баён қилинди.
Энди тўпланган закотни тақсимлашга келганда бу ишни Аллоҳ Ўз зиммасига олиб, Қуръонда баён қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам, бошқанинг ҳам дахли йўқ бўлиб турибди. Нима учун?
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, қачон, қаерда бўлсин, закотни жамлашда ихтилоф, келишмовчилик йўқ. ҳамма чекига тушган улушни бераверади. Аммо тўпланган молни бўлиш мушкул масала. ҳамма уруш-жанжал шу ердан чиқади. ҳар ким ўзини мазлум сезади. Улуш тегмай қолганлар у ёқда турсин, улуш текканлар ҳам «менга оз тегди» дейишга ўтади.
Бошқаларни қўйиб туриб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларига назар солсак, у зот мол бўлганларида келиб ёқаларидан олиб, «Аллоҳдан қўрқ! Адолат қилмадинг!» деганлар бўлган.
Шунинг учун ҳам закотни бўлишни Аллоҳ Ўз зиммасига олган. Энг адолатли тақсимлаш, энг тўғри бўлиш – шу! Бу бўлишдан ҳеч ким норози бўла олмайди. Чунки у ноҳақ бўлади. Исён қилгани учун кофир бўлади. Мана кўрдингизми, нима учун Аллоҳ таолонинг Ўзи закот бўлишни зиммасига олган!
Энди закотга ҳақдор мазкур саккиз тоифа ила ояти каримада келган тартибда танишамиз. Улар кимлар? Закот олишга қай тарзда ҳақдор бўладилар? Закотдан қанча оладилар? Шу ва шунга ўхшаш масалалар ечимини топамиз.

ФАҚИР ВА МИСКИНЛАР ТОИФАСИ

Бу икки тоифа бир-бирига жуда яқин, қоришиб кетган, ҳатто баъзи вақтларда уларни ажратиш ҳам мушкул. Шу боис уларни бир жойга жам қилдик.
Шунинг учун ҳам фиқҳ уламолари бу масалада турли гаплар айтиб, ҳукмлар чиқаришган.

Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Одамлар атрофида айланиб бир луқма, икки луқма ёки бир хурмо, икки хурмо олиб қайтадиган мискин эмас. Лекин мискин ўзини беҳожат қиладиган бойлик топа олмаган, унга эътибор берилиб садақа қилинмайдиган, ўзи туриб одамлардан сўрамайдиган кишидир», дедилар
».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон киши ноилож ҳолда мискинликка учраб қолганида ҳам ўзини қандай тутиши лозимлигини баён қилмоқдалар.
Аслида мусулмон одам мискин, фақир-камбағал бўлиши керак эмас. Қўлидан келган барча ҳалол имкониятларни ишга солиб, ўзини ўзи таъминлаб фаровон турмуш кечиришга интилиши лозим. Бу мусулмонга фарз. Аммо дунё бир хил турмайди, турли ҳодисалар рўй беради, инсон хоҳлаган нарса бўлавермайди. Ана шу сабабга кўра танг ҳолатга тушиб қолган мусулмон ҳам ўзини бардам тутиши керак. Одамлар унинг бу ҳолини билиб қолмаслиги керак. Дарҳол бировлардан ёрдам, садақа сўрашга шошилиш яхши эмас. Ўзини ана шундоқ тутган одам мискин бўлади. Бошқа мусулмонлар уларни қидириб топишлари, закотга ҳақдор санаб, ҳақларини топширишлари лозим.
Одамлардан хиралик ила нарса сўраб юриш, бир-икки луқма учун ҳам тиланишдан қайтмаслик тиланчининг иши. Тиланчилик эса, мусулмонликда қоралангандир. Тиланчи шу йўл билан ҳожатини чиқарса, мискин ўзи сўрамагани учун кишилар унинг ҳолидан хабардор бўлиб турадилар.
ҳанафий мазҳаби таърифида, мискин ҳеч нарсаси йўқ, фақир эса баъзи нарсалари бор-у, лекин моли шаръий нисобга етмаган одамдир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, закот бериши вожиб бўлмаган одамдир.
Бир одамнинг маскани ва мулки бўлиб, ундан келадиган даромад харажатини қоплай олмаса, бой ҳисобланмайди, закотга ҳақдор бўлиб тураверади. Қолаверса, ўзига етарли кийимлари, ҳайитда киядиган охорли кийимлари, ҳунар асбоблари, китоб¬лари, аёлларида ўзига яраша тақинчоқлари бўлган киши ҳам бой ҳисобланмайди.
Бировнинг моли бўлса-ю, ундан фойдаланиш йўлида тўсиқ бўлиб, оғир аҳволда қолса, мискин-фақир саналиб, улар закотнинг мискин ва фақирларга ажратилган улушига ҳақдор ҳисобланадилар.

ЗАКОТ ОЛИШИ МУМКИН БЎЛМАГАН КИШИЛАР

1. Бой одам закотнинг мискин ва фақирларга ажратилган улушидан олиши мумкин эмас.
Ҳанафий мазҳаби бўйича бой икки хил бўлади:
Қайси турдаги молдан бўлса ҳам нисобга етган моли бор одам.
Закот чиқарилмайдиган моллардан ҳожатига етарли миқдорга эга бўлган одам.
Бошқа мазҳабларда ўзига кифоя қилгудек моли бор, муҳтожлиги йўқ одам закот олиши ҳаром, де¬йилади.
Бунга қуйидаги ҳадисни далил ҳам қиладилар.

Қобийса ибн Мухориқ ас-Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир (пул) юкини елкамга олдим-да, унда ёрдам сўраб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдим. У зот:
«Токи бизга садақа келгунча туриб тур, ундан сенга ҳам беришни амр қилурмиз», дедилар. Сўнгра:
«Эй Қобийса, сўрашлик фақатгина уч ҳолатда ҳалол бўлади, холос.
Бир киши (пул) юкини елкасига олган бўлса, унинг учун ўша нарсани топгунча сўраш ҳалол бўлади. Сўнгра ўзини тияди.
Бир кишига офат етиб молини олиб кетса, унга маишатига етгудек сўраш ҳалол бўлади.
Бир кишига қаттиқ фақирлик етса-ю, унинг қавмидан ўткир ақлли уч киши «фалончига қаттиқ фақирлик етди» деса, ўша одамга маишатига етгудек сўраш ҳалол бўлади.
Ўшалардан бошқа сўрашлик ҳаромдир. Эй Қобийса, у ҳаромдир, эгаси уни ҳаром ейди», дедилар
».
Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Шарҳ: ҳадисда икки марта такрорланган «(пул) юкини елкага олиш» деган иборани бир оз шарҳ қилишга тўғри келади. Бу маъно арабчада «ҳаммола» дейилади. Икки уришиб қолган, пул маъносида келишолмай турган тарафни яраштириб юбориш учун бошқа бир киши томонидан: «Сизлар ярашинглар, пулни мен тўлайман», деб ўз бўйнига пул тўлаш масъулиятини олишга «ҳаммола», дейилади.
Ушбу ривоят эгаси Қобийса ибн Мухориқ ас-Сақафий розияллоҳу анҳу ҳам шундоқ қилиб, зиммаларига пул юкини олганлар. Бу юкни адо этишда ёрдам сўраб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганлар. У зот закотга олинган моллардан келиб қолса ёрдам беришни ваъда қилганлар. Шу билан бирга, бунга ўхшаш закот олишга, ундан ёрдам сўраб келишга ҳақли яна икки тоифани ҳам айтиб берганлар.
Бирор офат етганлиги сабабли мол-мулки ҳалокатга учраган кишилар ҳам турмуш харажатларига яраша олсалар ҳалол экан. Турли сабабларга кўра қаттиқ фақирликка учраган киши ҳам, уни танийдиган уч киши гувоҳлик берса, закот маблағидан олса бўлар экан.
Жумҳур уламолар бу ҳадисни келтириш билан ҳожати йўқ одам закот олмаслиги керак, демоқчи бўладилар. Бу билан моли нисобга етмаса олса бўлаверади, деган ҳанафийларга қарши далил келтирадилар. Аслида эса, ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ.
ҳанафийлар энг муҳтожлар биринчи навбатда ҳақли, дейдилар. Агар улар бўлмаса ёки улардан ортиб қолса, моли нисобга етмаганлар ҳам олса бўлади. Лекин бойлар олиши мумкин эмаслигига шубҳа йўқ.
2. Касб қилишга қодир, соғлом кишига ҳам закот молидан олиш тўғри келмайди.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Садақа бойга ва қудрат эгаси ва саломат кишига ҳам ҳалол бўлмайди», деганлар
».
Шарҳ: Демак, касбга қодир, ўзи соғлом киши ҳам закот молидан олиши тўғри эмас. Бу касб қилишга қодир одам жамият елкасига ортиқча юк бўлмай, ўзи ишлаб ризқини топсин, деганидир. Исломнинг таълимоти шу.
Касбга қодир, соғлом кишига закотдан улуш бермаслик учун унда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши керак:
1. Ўз касбига яраша иш мавжуд бўлиши.
2. Бу иш ҳалол иш бўлиши.
3. Мазкур иш тоқатидан ташқари, чидаб бўлмайдиган даражада бўлмаслиги.
4. Унга ўхшаганларга лойиқ, обрўсини тўкмайдиган иш бўлиши.
5. Ўзига ва қарамоғидагиларга етарли касб қилиш имкони бўлиши.
3. Тарки дунё қилиб, ибодатга берилган одамга закотдан улуш берилмайди. Чунки фуқаҳоларимиз у одам ўзи учун ибодат қилади, жамиятга фойдаси тегмайди, дейдилар. У ишлаши лозим, унга ўз меҳнати билан ризқини топиб ейишга амр қилинган. Исломда таркидунёчилик йўқ. ҳалол касб қилиш нафл ибодатдан яхшидир.
Илмга ажраб чиққан одамга эса, закот молидан олиш жоиз. Чунки у фарзи кифояни адо этмоқда. Келажакда етук мутахассис бўлиб жамиятга хизмат қилади. Баъзи уламоларимиз толиби илмга закот молидан беришга унинг ўткир зеҳнли, тиришқоқ ва қобилиятли бўлишини шарт қилганлар. Қобилиятсиз, дангаса одамлар илм талабини ўзига парда қилиб олиб, мусулмонлар яратган имтиёзлардан фойдаланиб юрмасликлари керак.
Энди закот олишга ҳақдор бўлган мискин ва фақирга закотдан қанча миқдор берилади, деган саволга келайлик.
Шофеъий мазҳаби уламолари умр бўйига етгулик берилади, деганлар. Моликий ва ҳанбалий мазҳаблари уламолари бир йилга етадиган мол берилади, деганлар. ҳанафий мазҳаби уламолари эса, ҳар бир кишига бир нисоб миқдорича икки юз дирҳам қийматида берилади, деганлар.
Закот беришдан мақсад мискин ва фақирнинг қорнини бир-икки бор тўйғазиш ёки бир-икки ойга етадиган сарф-харажатини бериш эмас. Энг кам деганда нисобга етадиган мол бериб, «бой» номини оладиганлар қаторига қўшиб қўйишдир. Бир йиллик харажатини тўлиқ берса, агар иложи бўлса, бир умрга етадиганини берса, яна ҳам яхши бўлади. Демак, закот беришдан мақсад яхши турмуш шароитини яратишга ёрдам қилишдир.
Яхши турмуш шароити деганда, оила аъзолари учун турар жой, етарли таом, қишки ва ёзги ки¬йим-кечаклар тушунилади.
Бизнинг вақтимизда илм олиш ва даволаниш учун ҳам шароит ва маблағ бўлиши керак. Бу нарсаларнинг миқдори замонга, шароитга, урфга ва бошқа омилларга қараб белгиланади.
Бу борада алоҳида зикр қиладиган нарсалардан бири никоҳ масаласидир. Ислом мусулмонларни оила қуришга қаттиқ тарғиб қилган. Бу ишни хоҳлаб турса-ю, аммо мискинлик туфайли қодир бўлмаса, закотдан тушган пулдан ёрдам берилади.
Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб:
«Ансорлардан бир аёлга уйландим», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қанчага уйландинг?» дедилар.
«Тўрт увқияга», деди. (Тўрт увқия 160 дирҳамга тенг).
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тўрт увқияга?! Нима?! Сизлар кумушни манави тоғдан кўчириб оляпсизларми?! Бизда сенга берадиган нарсамиз йўқ. Эҳтимол, сени бир гуруҳ ила юборармиз, бирор нарсали бўлиб қоларсан», дедилар».
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одат бўйича уйланганларга закот молидан бериб турганлар. Бу саҳобийни ҳам закот йиғувчилар билан қўшиб юборишга ваъда берганлар. Ана шундан уйланишга муҳтож кишига закотдан берса бўлади, деган ҳукм чиқади.
Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳининг даврларида ҳар куни жарчи: «Мискинлар қани?! Қарздорлар қани?! Никоҳ талаблар қани?!» деб жар солар экан. Келганларга закот молидан берилар экан.
Закотнинг пулидан камбағал толиби илмга китоб сотиб олишга ҳам берилади.
Кўриб турибмизки, закот тизими мискинлик, фақирлик, ҳожатмандликка қарши доимий кураш чорасидир. У орқали ноқулай ҳолга тушиб қолган мусулмонлар ўзларини ўнглаб олишлари учун қулай шароит яратилиб берилади.
Ўтмишда шу йўл билан мусулмонлар кўплаб ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий масалаларни ҳал қилганлар. Келинг, ўша вақтнинг ҳодисаларидан бири билан ташиб қўяйлик.
Абу Убайд қуйидагича ривоят қилади:
«...Кундуз куни Умар бир дарахт остида ухлаб ётар эди. Бир аъробия аёл келиб одамларга аланглаб қаради-да, у(Умар)нинг олдига келиб:
«Мен бир мискина аёлман. Менинг болаларим бор. Мўминларнинг амири Умар ибн Хаттоб бизга Муҳаммад ибн Масламани закотчи қилиб юборди. У бизга ҳеч нарса бермади. Аллоҳ хайрингни берсин, сен бизга бир шафоатчилик қилсанг», деди.
«Ярфоъ!» – деди ҳазрати Умар ходимига. – Менга Муҳаммад ибн Масламани чақириб кел!»
«Мени унинг олдига олиб борсанг, ҳожатим чиқармиди?..» деди аёл.
Умар ҳазрати:
«Иншааллоҳ, у ҳожатингни чиқаради», деди.
Ярфоъ Муҳаммадни чақириб келди.
У келиб:
«Ассалому алайкум, эй мўминлар амири», деди.
Аёл уялиб кетди. ҳазрати Умар:
«Аллоҳга қасамки, мен сизлардан яхшиларингизни танлашда камчиликка йўл қўймовдим. Агар Аллоҳ азза ва жалла бу аёл ҳақида сўраса, нима деб жавоб берасан?!» деди.
Муҳаммаднинг икки кўзидан ёш оқди. Сўнгра ҳазрати Умар: «Аллоҳ таоло бизга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни юборди. Биз у зотга иймон келтирдик ва эргашдик. У зот Аллоҳ таоло нимага амр қилса, шунга амал қилдилар. Бас, садақани то Аллоҳ таоло у зотни қабз қилгунча мискинларга бериб турдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло Абу Бакр¬ни халифа қилди. У ҳам Аллоҳ таоло уни қабз қилгунча у зотнинг суннатларига амал қилди. Сўнгра мени халифа қилди. Мен сизлардан яхшиларингизни ихтиёр қилишда нуқсонга йўл қўймадим. Агар сени яна юборадиган бўлсам, у аёлга бу йилнинг ва ўтган йилнинг садақасини бергин. Билмадим, эҳтимол сени юбормасман», деди.
Кейин аёлни чақириб бир туя, ун ва ёғ берди-да: «Буни олгин-да, бизга Хайбарда яна учрагин, биз ўша ерга бормоқчимиз», деди.
Аёл Хайбарда олдига келди. У унга икки туя берди ва: «Буни ол, сенга Муҳаммад ибн Маслама келгунча етиб туради. Мен унга сенинг бу йилги ва ўтган йилги ҳақингни беришга амр қилдим», деди».
ҳазрати Умар бева-бечораларнинг ҳақига қандоқ риоя қилишини ҳамда закот ижтимоий тенглик учун қандоқ хизмат қилганини кўриб қўйинг.

ЗАКОТДА ИШЛОВЧИЛАР ТОИФАСИ

Бу тоифа «закотчи», «садақачи», «закот омили» деб ҳам аталган. Шунингдек, закот идораси, ташкилоти ёки шунга ўхшаш муносиб ном билан номлаш мумкин.
Улар закотни бойлардан йиғиб олиб, ҳақдорларига тарқатгунча бўладиган ишларни адо этадилар. Бевосита закот йиғувчими, ҳисобчими, қоровулми, котибми ёки бошқами, барибир, шу тоифага киради.
Қуръони карим закот йиғиш муҳим иш бўлгани учун бу ишловчиларни саккиз тоифадан учинчиси қилиб белгиланган.
Қуръонда закот ишчиларига закотдан алоҳида улуш ажратилади. Бу Исломда закот ишига алоҳида эътибор берганини кўрсатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қанча саҳобаларни закотчи қилиб турли тарафларга юборганлар.
У зотнинг халифалари ҳам закот йиғиб, ҳақдорларга тарқатиш ишига алоҳида эътибор берганлар.
ҳазрати Абу Бакр мискин ва фақирларнинг ҳақларини ҳимоя қилиб закотни ман қилувчиларга қарши қандоқ уруш очганларини яхши биласиз.
Исломда закот ишлари мажлиси икки идорадан ташкил топади.
1. Закот йиғиш идораси.
2. Закот тарқатиш идораси.
Биринчи идора закот бериши керак бўлган кишиларнинг рўйхатини тузади, мол-мулкларнинг турларини, миқдорини аниқлайди. Улардан қанча закот чиқишини ҳисоблайди. Энг муҳими, ўша молларни шариат кўрсатганидек йиғиб олиб, закот тарқатиш идорасига топширади.
Иккинчи идора эса, закот олишга ҳақли кишиларни аниқлаб, уларнинг рўйхатини тузади, ҳожатлари қанча эканини аниқлайди. Уларга шариатда кўрсатилган миқдорда закотдан улуш тақсимлаб беради.
Мазкур идоранинг бир неча бўлимлари бўлади. Улар қуйидагилар:
1) Ожизлиги учун ишлай олмай қолган ва фақирга айланган қариялар, бева-бечоралар, етимлар, ма¬йиб-мажруҳлар, касалмандлар, кўзи ожизлар, ночорлар ва бошқа шунга ўхшаш тоифалар билан шуғулланувчи бўлим.
2) Даромади оз бўлган шахс ва оилалар билан шуғулланувчи бўлим. Бу бўлим иш ҳақи озлиги, аёлмандлиги, нарх-наво ортиб кетганлигига ўхшаш сабабларга кўра ночор аҳволга тушиб қолганлар билан шуғулланади.
3) Қарздорлар бўлими. Турли сабабларга кўра қарздор бўлиб қолган кишилар билан шуғулланади. Уларнинг қарздор бўлиш сабабларини ҳамда шаръий йўллар билан ҳақиқатда закотга ҳақли ёки ҳақсиз эканини аниқлаб, ишни охирига етказади.
4) Муҳожирларга, қочқинларга ва шунга ўхшаш ватанидан узоқда бўлган кишилар билан шуғулланадиган бўлим.
5) Ислом таълими тарқатиш ишлари билан шуғулланадиган бўлим.
Бу бўлимларнинг ҳар бири ўзига тегишли соҳадаги кишиларнинг закот олишга ҳақли ёки ҳақсиз эканини текшириб аниқлайди.
Баъзи шартлар қуйидагилардан иборат:
Фақир ва мискин улушидан закот олишга ҳақли бўлиш учун ўзига ва унинг қарамоғидаги кишиларга кифоя қилгудек моли ёки мол топишга касби йўқ бўлиши.
Ўзига яраша иш топа олмаётган ишсиз косиб ҳам закот олиши мумкин.
Ишлаб туриб, етарли даромад топа олмаётган шахс эса етмаганини олади.
Ўзига, ҳолига ва обрўсига муносиб иш эътиборга олинади. Агар шундоқ иш топилмаса, эътибори йўқ. Олим ёки адиб одам ноқулай ҳолга тушиб қолса, жамият уни юкчилик ёки фаррошлик қилдириб қўймайди. Аксинча, муносиб иш топгунича закот пулидан кифоясини бериб таъминлаб туради.
Касбга қодир бўлса-ю, лекин талаби илм бўлиб, қийналиб қолган кишилардан қобилиятли, келажакда жамиятга фойда келтириши мумкин бўлганларига ҳам закотдан берилади.
Кўчмас мулки бору, ундан тушаётган даромади озлиги учун қийналиб қолган кишиларга ҳам закотдан берилади. Уларни кўчмас мулкини сотишга мажбур қилинмайди.
Агар илмий иш билан машғул кишилар ноқулай иқтисодий ҳолатга тушиб қолсалар, закотдан олишга ҳақлидир. Китобларини, илмий тажриба учун керакли асбоб-анжом ва бошқа нарсаларини сотиб кун кўришларига йўл қўйилмайди.
Бир киши бойлиги маълум ва машҳур бўлса-ю, кейин фақирлик даъвосини қилиб келса, то ҳужжат билан даъвосини исботламагунича унинг сўзи қабул қилинмайди.
Бир кишининг бойлиги номаълум бўлса-ю, фақирлик даъвоси қилиб келса, сўзи қабул қилинади. Биров касби йўқлигини даъво қилиб келса-ю, таш¬қи кўринишидан гапи тўғрига ўхшаса, сўзи қабул қилинади. Биров касби йўқлигини даъво қилса-ю, ташқи кўриниши ўхшамаса, қасам ичирилади.
Фақир ва мискин бола-чақаси борлиги, маоши етмаслигини даъво қилса, ҳужжат билан тасдиқлаши керак. «Қарздорман» деган одам хат-ҳужжат олиб келиши керак. Қилинган даъволар тўғри ёки нотўғри эканини аниқлаш бўйича Исломдаги ажойиб услубларнинг ҳаммаси ишга солинади.

ЗАКОТ ИДОРАСИ ХОДИМИ СИФАТЛАРИ

Закот ишлари нозиклиги кўриниб турибди. Шунинг учун бу соҳа кишиларига ҳам нозик шартлар қўйилган.
Аввало, закот идораси ходими мусулмон, балоғатга етган, оқил, ишончли киши бўлмоғи керак.
Чунки у ўта нозик молиявий ишга масъул бўлади. Фосиқ ва фожир кишилар бу ишга умуман яқин йўлатилмайдилар. Чунки дин амрларида ўзига эрк беришни раво кўрган одам пул амрида хиёнат қилиши мумкин.
У закот аҳкомларини билмоғи, ишга қобилиятли, яроқли бўлиши ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қариндошларидан бўлмаслиги керак. Чунки у зот ўзлари буни ман қилганлар. Агар у зотнинг қариндошлари маош олмай ишласа, жоиз.
Закот ходими закотдан қанча олади?
Аллоҳ таоло закот ходимига ҳам закотдан улуш ажратди. У закотдан олишга ҳақдор саккиз тоифа-дан бири. Закот ходими бой бўлса ҳам закотдан олади. Чунки у хизмати учун олади. Қанча олиши эса, маконга, замонга ва шароитга қараб белгиланади. Яъни, бажарган ишига қанча ҳақ бериш керак бўлса, шунча олади. Бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак, тузган шартномасига биноан олади.
Лекин ўшандан бошқани олиши қатъиян ман қилинади. Закот ходими масъуллар томонидан ишга қўйилганидан кейин ўшалар нима деса, шуни қилади. Улар кўрсатган минтақадагина закот йиғади ва улар кўрсатган жойлардагина закот тарқатади. Қўлига тушган молнинг заррачасини ҳам ўз фойдасига ёки ўзбошимчалик билан сарф қилмайди.
Адий ибн Умайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Кимни бир ишга қўйсагу у биздан битта игнани ёки ундан кўпроқ нарсани беркитса ҳам хиёнат қилган бўлади», деганларини эшитдим. Шунда ансорийлардан бир қора киши туриб олдиларига борди-да:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мендан ишингизни қабул қилиб олинг. Мен сизнинг бундоқ-бундоқ деганингизни эшитдим», деди.
«Мен ҳозир яна айтаман. Сиздан кимни бир ишга қўйсак озини ҳам, кўпини ҳам олиб келсин. Унга нима берилса, олади. Нима берилмаса, олмайди», дедилар» (Муслим, Абу Довуд ва бошқалар ривоят қилишган).
Шунингдек, закот ходими мол эгаларидан олган совға пора бўлади. Чунки у қилган хизматига яраша кифоя қилгудек маошини олиб турибди.
Абу ҳумайд ас-Соъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар алайҳиссалом Аъддан ибн Лутайба деган одамни садақага ишга қўйдилар. У қайтиб келганида:
«Бу нарса сизларга. Бу нарса менга ҳадя қилинди», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва сўнгра:
«Аммо баъду. Мен сизлардан бир кишини Аллоҳ менга топширган ишда бир ишга қўяман. У эса келиб: «Бу нарса сизларга. Бу нарса менга ҳадя қилинди», дейди. Ота-онасининг уйида ўтириб кўрсин-чи, унга ҳадя келармикин?! Кўрамиз, гапи тўғримикан! Аллоҳга қасамки, сиздан кимки, бирор нарсани ноҳақдан олса, албатта, қиёмат куни уни кўтарган ҳолида келади. Зинҳор бирортангизни Аллоҳга мулоқот бўлганингизда пишқириб турган туями, бўкириб турган сигирми ёки маъраб турган қўйними елкасида кўтариб юрганини билмайман», дедилар-да, қўлларини қўлтиқларини оқи кўрингунча баланд кўтариб: «Эй бор Худоё! Етказдимми?!» дедилар» (Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган).
Закотчи закотни олгандан сўнг мол эгаси ҳақига дуо қилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй бор Худоё, Оли Абу Авфога саловот юборгин», деб закот берган буюк саҳобийнинг ҳақига дуо қилганларини биламиз.

ҚАЛБЛАРИ УЛФАТ ҚИЛИНАДИГАНЛАР ТОИФАСИ

«Қалблари улфат қилинадиганлар» деганда Исломга киришидан ёки Исломда собит бўлишидан умид қилинаётган кишилар ҳамда Исломдан уларнинг ёмонлигини тўсиш, Ислом йўлида хизмат қилдириш, мусулмонларга ёрдам бериш кўзланаётган кишилар тушунилади.
Улар бир неча қисмга бўлинадилар:
1. Закотдан улуш олса ўзи ҳам, аҳли аёли, уруғ аймоғи ҳам Исломга кириши умид қилинадиган кишилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафвон ибн Умайяга шундоқ муомала қилганлар. Макка фатҳ қилинган куни унга омонлик эълон қилганлар, тўрт ой муҳлат берганлар. У сафарда эди. Қайтиб келиб, кофир ҳолида, ҳунайн урушида мусулмонлар билан бирга қатнашган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу урушга чиқишдан олдин унинг силоҳини қарзга олган эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бир водийдаги кўп туяларни юклари билан берганлар.
Имом Муслим ва Имом Термизийлар қилган ривоятда Сафвон ибн Умайя:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен учун энг ёмон одам бўлиб кўринганларида мол бердилар. Улар мол беришда давом этавердилар ва охири мен учун энг маҳбуб одамга айландилар», деган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом учун нима сўралса, шуни берар эдилар. Шу тариқа Исломга кирганлар ҳам анчагина бўлган.
2. Ислом ва мусулмонлар учун ёмонлик қилиши мумкин-у, мол олса, ўша ёмонлигини қайтариш имкони бор.
Баъзи одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишар, уларга закотга тушган молдан берсалар, Ислом жуда яхши дин-да, деб мақтаб кетишар, бермасалар, ёмонлаб кетишар эди.
3. Исломга янги кирган-у, унга закот молидан берилса, унда собит бўлиши умид қилинадиган одамлар. Чунки одатда Исломга янги кирган одам ота-онаси, қариндош-уруғи, жамияти ва эски дини аҳли томонидан турли тазйиқларга, жумладан, иқтисодий тазйиқларга ҳам учрайди. Унга шунинг учун ёрдам бериш керак.
4. Обрў-эътиборли, аммо бошқа миллатлардан тенгдошлари бор мусулмонлар. Агар уларга яхши муомала қилинса, ўша тенгдошлари ҳам мусулмон бўлишдан умид қилинса, ўша мусулмонларга ҳам закотдан берилган.
ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Адий ибн ҳотим ва Забурқон ибн Баррларга яхши мусулмон ва қавмларига обрў-эътиборли бўлишларига қарамай, закотдан улуш берганлари бунга ҳужжат қилиб келтирилади.
5. Ўз қавмларида катта обрўга эга бўлган, аммо ҳали иймони заиф бошлиқларга ҳам кўнгилларини улфат қилиш учун закот моли берилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ана шундоқ кишиларга ҳавазондан тушган ўлжалардан берганлар. Уларнинг кўплари Макка аҳли эдилар. Кейин ҳақиқатда ҳам улар яхши мусулмон бўлиб кетдилар.
6. Душман билан чегарадош жойларда ҳимоя-мудофаа ишини бажариб турган мусулмонлар.
7. Закот йиғиш ишларида обрў-эътиборлари ила ёрдам берадиган мусулмонлар.
Албатта, баъзи мазҳаб ва уламоларнинг бу ҳақда ўзларига яраша мулоҳазалари бор.
ҳозирги кунда қалблари улфат қилинадиганлар улушидан олишга ҳақли кишилар борми? Уламоларимиз бу ҳақда кўпгина гапларни айтганлар.
ҳанбалий мазҳаби бу улушга ҳақлилар доимо бор, дейди.
ҳанафийлар эса, бу ҳукм насх бўлган, ҳозир қалби улфат топганлар йўқ, дейдилар.
Замондош уламолардан кўплари бу улушни қўллаш керак, ҳозир Исломга янги кираётган ва Исломда собит қолишга эҳтиёжи борлар кўп, бош¬қа ҳолдагилар ҳам мавжуд, дейдилар.

ҚУЛЛАР ТОИФАСИ

Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури билан мунаввар қилган вақтда бутун дунёда, жумладан, Арабистон ярим оролида ҳам қулчилик ҳукм сурар эди. Ислом дини дунёда биринчи бўлиб қулчиликка қарши кураш бошлади. Бунинг учун аввало тушунтириш ишлари олиб борилди. Кейинчалик қул озод қилишга тарғиб қилинди. Сўнгра баъзи молиявий ибодатларни қул озод қилиш йўли билан адо этадиган қилиб қўйилди.
Закот фарз бўлганда эса, Аллоҳ таоло закотдан тушган пуллар сарф қилинадиган саккиз тоифадан бири қул озод қилиш этиб белгилаб қўйилди.
Қуллар икки хил бўлади:
1. Мукотаб. Яъни, хожаси билан шартнома тузиб, маълум миқдор пулни топиб берса озод бўлишга келишиб олган қул. Ўша мукотабга хожаси билан келишган пулни топишда закотга тушган молдан ёрдам қилинади.
2. Оддий қул. Бировга мулк бўлиб юрган одам. Уни эгасидан сотиб олиб, озод қилинади. Дунёда қулчилик қолмаганидан кейин уламоларимиз закотнинг бу улушини асир мусулмонларни озод қилишга, мустамлака халқларни мустамлакачи асоратидан қутулиш йўлидаги курашига ёрдам қилиш учун сарф¬лаш керак, деганлар.

ҚАРЗДОРЛАР ТОИФАСИ

Турли сабабларга кўра бошқа бир одамдан қарз бўлиб қолган одам қарздор ҳисобланади. Турли офатлар туфайли ночор ҳолатларга тушиб қолганлар ҳам шу тоифага қўшилади.
Қарздорлар икки турга бўлинадилар:
Ўзи учун сарфлаб қарз бўлиб қолганлар;
ўзгалар учун сарфлаб қарз бўлиб қолганлар.
Ўзи учун сарфлаб қарз бўлганларга закотдан бериш шартлари:
1. Қарзини ўзи тўлай олмайдиган ҳолатда бўлиши керак.
2. Қарзни ҳалол ва мубоҳ ишга ишлатиш учун олган бўлиши керак. Яъни, шариат рухсат берган ишларга ишлатиш учун қарз олиб, тўлай олмай қолган бўлиши керак. Агар қарзни ароқхўрлик, зино, қимор, айшу ишрат ва бошқа ношаръий ишларга ишлатиш учун олган бўлса, закотдан унга берилмайди. Мубоҳ лаззат ишларга исроф қилиш учун қарз олган бўлса ҳам берилмайди.
3. Қарзни ҳозир тўлаши керак бўлиши.
Агар қарзни тўлаш муддати келмаган бўлса, берилмайди. Баъзи уламолар шу йил ичида бериши керак бўлса, олишга ҳақли, деганлар. Бу ҳолда қарз ва закот пули миқдорига қараб ҳар бир ҳолатни алоҳида кўриб чиқиб ҳал қилинса яхши бўлади.
4. Қарз тўламаса, қамалиш ҳукми бор бўлса. Яъни, одамларнинг ҳақига оид қарз бўлиши, Аллоҳнинг ҳақига оид қарз бўлмаслиги керак. Аллоҳнинг ҳақига оид қарзлар – закот, каффаротлардан оид қарз бўлса, закотдан берилмайди. Ўз фойдасига қарз олиб тўлай олмаган одамга қарзини узишга закотдан етарли мол берилади.
Ўзганинг фойдасини кўзлаб қарздор бўлиб қолган одамга закотдан бериш шартлари:
Икки жанжаллашган томонни яратиш учун уларнинг уришувига сабаб бўлиб турган молни тўлаб қўйишни зиммасига олган, мусулмонлар оммасига фойдали бўлган мадраса қуриш, шифохона, етимхона ва бошқа жойлар фойдаси учун қарз олиб, бера олмай қолган одамга ҳам қарзини узиш учун закот берилади.
Ўлган одамнинг қарзини закотдан узиб қўйса бўладими, деган саволга Шофеъий, ҳанбалий ва ҳанафий мазҳаблари бўлмайди, деб жавоб қилишган.
Замондош уламоларимиз муҳтож кишиларга закотдан қарзи ҳасана бериб турса бўлади, деб фатво чиқарганлар. Бировга қарз берган одам, қарзни закот ҳисобидан кечиб юбориши мумкин эмас. Чунки у ҳолда мулк қилиб бериш содир бўлмайди. ҳийла қилмасдан, олдин келишиб олмасдан закотни бериб, сўнгра қарзингни бер, дейиши мумкин.

АЛЛОҲНИНГ ЙЎЛИДАГИ ТОИФА

Закотни тақсимлашда ҳақдор тоифалардан еттинчиси бўлмиш бу тоифа ҳақида кўп мунозаралар бўлиб келган.
Бу мунозаралар турли фиқҳий мазҳаблар орасидагина эмас, балки ҳар бир мазҳабнинг ичида ҳам, жумладан, ҳанафий мазҳаби уламолари орасида ҳам бўлганини кўрамиз. Чунки «Фийсабийлиллоҳ» – «Аллоҳнинг йўлида» истилоҳи кенг кўламли бўлиб, Қуръони каримда ҳам, суннати мутаҳҳарада ҳам турли маъноларда ишлатилган. Бинобарин, ҳар бир савобли ишни «фийсабийлиллоҳ» дейиш урф бўлиб қолган.
Шунинг учун ҳам закотдаги фийсабиллоҳ тои¬фаси ҳақида ўша маъноларнинг ҳаммасидан келиб чиқиб, жуда кенг баҳс юритилган. Уларнинг ҳаммасини жамлаб ўрганиб чиққан уламоларимиз қуйидаги хулосаларга келганлар:
1. Жумҳур уламолар «фийсабийлиллоҳ» жиҳод, ғазот ва аскарий ишларга боғлиқдир, деганлар.
2. Жумҳури уламолар мужоҳид ва чегара қўриқчиси агар бой бўлсалар ҳам закотдан олса бўлади, дейишган.
3. Жумҳур уламолар закот пулидан жамият фойдасига, қурол-аслаҳа, ҳарбий маркаблар, ҳарбий иншоатлар ва ҳарбий кемаларга сарфласа бўлади, деганлар.
Уламолар ҳаммаси иттифоқ қилганларига кўра, закот пулидан хайрия ишларига, тўғон, кўприк, масжид, мадраса, йўл қурилиши каби ишларга сарфлаб бўлмайди. Мазкур ишларга ўлжа ва харож каби бошқа даромадлардан сарфланади.
ҳамаср уламоларимиз, ушбу тоифага аталган улушни Ислом ерларини озод қилишга сарфланиши керак, деганлар. Шу билан бирга, бугунги кунимизда ҳолат ва истилоҳларнинг ўзгарганини эътиборга олиш керак.
Мисол учун, мусулмонларга қарши маданий, маърифий ва мафкуравий ҳамла қилинмоқда. Шунга яраша мусулмонлар уларнинг бу ҳамлаларини қайтариш учун маданий, маърифий ва мафкуравий ҳаракат қилишлари керак. Бу турдаги иш ҳам ўз-ўзидан бўлавермайди. Унга кўплаб маблағ лозим бўлади. Китоблар, турли нашрлар, турли филм, кўрсатув, эшиттириш ва тарғибот-ташвиқот ишлари ўз-ўзидан бўлмайди. Шунинг учун мазкур ишларни ҳам исломий ишлар дейиш керак ва унга «фийсабийлиллоҳ» улушидан маблағ сарфлаш керак, деганлар.

ИБН САБИЙЛ ТОИФАСИ

«Ибн» сўзи арабчада «ўғил» маъносини, «сабийл» эса «йўл» маъносини англатади. «Ибн сабийл» – «йўл ўғли» деган маънони билдиради.
Юртдан ташқарига чиқиб, ўз юртидан алоқаси узилиб қолган киши «ибн сабийл» дейилади. Қуръони каримда бу турдаги кишиларга алоҳида эътибор берилган. Кўпгина ояти карималарда ибн сабийлга яхшилик қилиш зарурлиги қайта-қайта таъкидланади.
Охири келиб, закотга ҳақдор саккиз тоифадан бири «ибн сабийл» деб эълон қилинган. Агар «ибн сабийл» юртида бой бўлса ҳам, мусофирликда қи¬йин аҳволга тушиб қолса, унга закотдан улуш берилади.
Ибн сабийлга бунчалик эътибор берилишини уламоларимиз қуйидагича шарҳлайдилар. Ислом динида бир неча сабабларга биноан, сафар қилиш, юриш ва кўришга тарғиб қилинган.
1. Ризқ талаб қилиш учун сафар қилиш.
Қуръони каримда:
«У(ер)нинг елкаларида юринг ва У зот (Аллоҳ)нинг ризқидан талаб қилинг», дейилган.
Бошқа бир оятда:
«Ва бошқалар ер юзида (жавлон) уриб юрурлар, Аллоҳнинг фазлини талаб қилурлар», дейилган.
2. Илм, назар ва эътибор учун сафар қилиш.
«Ер юзида юринглар ва назар солинглар», деган оятлар анчагина бор. Ислом уламоларининг илм талабида қилган сафарлари инсоният тарихининг нодир саҳифаларига айлангани ҳеч кимга сир эмас.
3. Аллоҳнинг йўлида иш қилиш учун сафар.
4. Ибодат сафари деб аталган ҳаж ва умра сафари.
Шунчалик ишларга Ислом ўзи амр қилиб қўйганидан кейин мазкур сафарлар оқибатида ноқулай ҳолга тушиб қоладиган «ибн сабийл»ларга алоҳида эътибор берилиши табиий.
Қадимдан мусулмон ўлкаларида мусофирларни эҳтиром қилишлари, уларга имкони борича иззат-икром кўрсатишлари бежиз эмас. Мусофирлар фойдаси учун қурилган мусофирхоналар, такиялар, қилинган вақфлар ва бошқа хайрия ишлари ҳам беҳуда эмас. Демак, дунё тарихида ҳеч ким, ҳеч қандай тузум мусофирларга мусулмонларчалик аҳамият бермаган.
Сафари давомида ватанига ета олмай, йўли тўсилиб қолган ҳар қандай одамга ҳам закот берилавермайди. Балки қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим тутилади:
1. Ўзи турган жойидан ватанига етиб олишга маблағи бўлмаслиги. Агар ватанига етиб олгудек маблағи бўлса, унга закот пулидан бериб бўлмайди. Чунки ёрдамдан мақсад уни юртига етказиб қўйишдир.
2. Сафари маъсият сафари бўлмаслиги керак. Одам ўлдириш, ўғрилик, ҳаром тижорат, мусулмонларга зарар етказадиган ишлар учун сафарга чиққан одам «ибн сабийл» бўлиб қолса, унга ҳеч нарса берилмайди. Чунки Ислом ҳаром, гуноҳ ишларга ёрдам беришни ҳаром қилган.
3. Ўз юртида мол-мулки бор «ибн сабийл» қарз олиш имконини топа олмаса. Яъни, ундоқ одам олдин уйига етиб олиши учун қарз олишга уриниши керак. Қарз олишнинг йўлини топа олмагандагина закотчиларга мурожаат қилиши мумкин.
Бу шартларни ўзида мужассам қилган «ибн сабийл»га қасд қилган жойига етиб олгунча етарли таом ва кийим ҳамда улов билан ёрдам берилади. Унинг ватанига етиб олиши учун зарур харажатларга закотдан пул ажратилади.
Бугунги кунда «ибн сабийл»ларнинг анчагина тури бор. Сафарга чиқиб, ватанида мол-мулки бўлса ҳам, ноқулай ҳолга тушиб қолганлар тез-тез учраб туради. Қочоқлар ва муҳожирлар ҳамма ерда мавжуд. Ўз юртида мол-мулки бўлатуриб уруш туфайли, золимларнинг зулми туфайли «ибн сабийл»га айланганлар мусулмонлар ичида жуда ҳам кўп. Шунингдек, уй-жойсиз, кўчада қолганлар ҳам йўқ эмас. Ушбу тоифаларнинг ҳаммасига закотнинг «ибн сабийл» улушидан ажратиш лозим.

Закот ҳақдорларга қандай бўлинади?

Закот тўплашни ва унга кимлар ҳақдор эканини ўрганиб чиқдик. Закот тўпланди, ҳақдорлар аниқланди. Энди уни бўлиш масаласи қандай бўлади?
Агар бугунги кунимиз эътибори билан оладиган бўлсак, ҳозир қуллар йўқ. Аммо уларнинг ўрнига мусулмон асирлар қўйилиши мумкин. Кўпгина жойларда закотчилар ҳам йўқ. Мол эгасининг ўзи ёки унинг вакили беради. Бу ҳолда закотчи улуши ҳам тушиб қолади.
Қадимда уламоларимиз закотни бўлиш масаласида «Бир тоифага берилса бўладими?», «ҳамма тоифага бериш шартми?», «Бўлинганда ҳаммага тенг бўлинадими?» каби саволларга турлича жавоб берганлар. Бу ишлар ҳар бир замоннинг ва маконнинг шароитига қараб ечилиши лозим бўлгани учун ҳам Қуръон ва суннатда асосий йўналишлари кўрсатиб қўйилиб, тафсилотлари мусулмонларнинг уламоларига ҳавола этилган. Улар ўз замонлари, маконлари шароитидан келиб чиқиб, асосий қоидаларга суянган ҳолда жузъий масалаларни ечаверадилар.
Ушбу масалани тўлиқ ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса тариқасида қуйидагиларни айтадилар:
1. Агар закотга тушган мол кўп бўлса, барча тоифадаги ҳақдорларга бериш керак.
Мавжуд ҳақдор тоифалардан бирортасини маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
2. ҳамма тоифаларга тенг бўлиш ҳам вожиб эмас.
Бунда ҳолатга қаралади. Мисол учун бир юртда мингта фақир, юзта қарздор ва ўнта «ибн сабийл» бўлиши мумкин. Албатта, тушган закотни учга бўлиб уч тоифага берилмайди, эҳтиёжга қараб тақсимланади.
3. Закотни баъзи тоифаларгагина бериш ҳам жоиз. Бу иш ҳам шароитга қараб бўлади. Шу билан бирга, бир тоифага оид ҳақдорларнинг ҳаммасига бир хил миқдорда мол бериш ҳам шарт эмас. ҳолат ва эҳтиёжга қараб турлича бўлиши мумкин. Албатта, бу хилда бўлишда ҳавои нафс амри эмас, шариат амри, адолат юзасидан қараш йўли устун туради.
4. Мискин ва фуқаролар тоифаси ҳаммадан олдинда туради. Чунки закотнинг биринчи навбатдаги ҳақдорлари ўшалар. Фақир ва мискинларни қўйиб бошқа харажатларга закотдан тушган маблағни ишлатишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
5. Агар закот идораси, закотчилар бўлса, улар учун саккиздан бир улушдан ортиқ молни олиб бўлмайди.
6. Закот оз миқдорда бўлса, бир тоифага ва ёки бир кишига берган маъқул. Чунки оз нарсани кўпчиликка тарқатилганда закотдан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Озга тар-қатилганда эса, оз бўлса ҳам ҳосил бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол Ҳаж ибодатида .ҳажжи бадал,, яъни бошқанинг ўрнига ҳаж қилиш мавжуд. Шу каби рўзада ҳам бировнинг ўрнига рўза тутиш мумкин бўладимиЖавоб намоз ва рўза давоми...

3630 14:00 / 29 март
. . . .Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан закотни вақти келишидан олдин бериш ҳақида давоми...

1770 12:00 / 04.05.2021
БисмиллаҳирроҳманирроҳимЗакотни бизларга юборган динининг беш рукнидан бири қилиб белгилаган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинЗакот фарзини қандай адо этиш давоми...

4599 05:00 / 16.01.2017
ЗАКОТ БЕРИШДА ХАТО ҚИЛСА НИМА БЎЛАДИАйтайлик, бир киши Закотни беришдан олдин яхшилаб суриштирган бўлса, Закотини бераётган одам Закот олишга ҳақиқатда ҳақли, давоми...

3995 05:00 / 14.01.2017
Аудиолар

135058 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55335 14:35 / 11.08.2021