1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Холислик сари

СЎНГГИ УМИД АЛЛОҲДАН...

15:34 / 28.04.2017 2573 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳга таваккул ва Аллоҳга боғланишнинг турли йўллари бор. Аммо инсон мусибатга тушиб қолганида ҳақиқатан ҳам тавҳид моҳиятини тушунади. Тошкентлик журналист биродаримиз томонидан айтиб берилган бир ҳикоя бунга яққол мисол бўла олади. Келинг, ушбу воқеанинг унинг ўзидан тинглайлик: Тўқсонинчи йилларнинг охирлари эди. Мен Мустақиллик майдони тарафдаги марказий нашрлардан бирида ишлардим. Энди-энди газета саҳифаларида мақолаларим чиқаётган онлар эди. Номимни газетада кўрганимда ўзимни қўярга жой топа олмаганим учунми, кўпинча кечки навбатчиликка қолардим. 

Бир куни ана шундай навбатчилик тугагач, соатга қарадим. Газетани тунги соат иккиларда ёпдик. Табиийки, уйим нашриётдан анча олис бўлгани учун метро юрадиган вақтгача навбатчилар хонасида қолишим керак эди. Аммо нимагадир секин кўчага чиқиб уйга қайтишга қарор қилдим. Тошкент кўчалари ёруғ, худонинг ёрдамида етиб оламан-да, деб йўлга тушдим. 

Уйимизнинг олдида каттакон жарлик ўтган. Ана шу жарлик бўйига етиб қолганимда, аниқроғи, уйимизга бир километр масофа қолганида, йўлда иккита йигит ўтирганини кўрдим. Ичимдан бир нима ўтди. Аммо худога таваккал дедим-да, уларнинг олдидан ўта бошладим. Ҳалиги икковлон аста ўрнидан турди. Орқамдан йўлга тушишди. Мен ҳеч нарсани сезмагандек, йўлимда давом этавердим. Шунда уларнинг бири: "Хўв, оғайни, сигарет борми?" деди. Мен табиийки "йўқ" деган жавобни бердим. Уларнинг нияти бузуқ эди. Ярим йўлга етганимизда, ҳаммамиз тўхтадик. Нотаниш йўлчилар менга ўзларини таништиришди. Маълум бўлишича, уларнинг бири кечқурун кўчага чиқиши таъқиқланган безорилардан бири экан. Буни у менга фахр билан айтди. 

Қандайдир ҳужжатларини пеш қилиш асносида курткасининг ичида пичоқ борлигини ҳам кўрсатиб ўтиб кетди. Мен ҳаммасини тушундим. Буларнинг мақсади мени тунаш. Энди буёғини эшитинг. Ўша куни ойлик олган эдим. 

Курткам ҳам анча қиммат кийим ҳисобланарди ўша пайтда. Хуллас, йигитлар менга ўз мақсадларини айта бошлашди. 

- Хўш, оғайни, нима қилиб тунда юрибсан?

- Ишдан қаётаяпман.

- Ишдан қайтаяпман. Нима сен ёш боламисан. Бунақа пайтда кўчада ёлғиз юриб бўлмаслигини билмайсанми? - шаъма қилди биттаси.

Безориларнинг шу биргина саволи мени тетиклаштириб юборди. Аллоҳга қасамки, "бунақа пайтда ёлғиз юриб бўлмаслигини билмайсанми?" деган савол берилмаганида, мен ўзимга кела олармидим, ёки йўқми худо билади. 

Миямга ажойиб бир фикр келди ва ҳалиги ўзича дунёни забт этган жаҳонгир мисоли тиржайиб турган йигитга қарата: "Ким айтди сизларга мени ёлғиз деб?

Мен ёлғиз эмасман!"

Улар табиийки, "Хўш, ким билансан бўлмаса?" дейишди. 

Мен: "Аллоҳ биланман!" дедим.

Мана шу жавобим ҳалиги тунги безориларни бир-бирига қаратиб қўйди. Вақтни ғанимат билиб, сўзимда давом этдим.

- Аллоҳ мен билан, деган сўз сизларни ажаблантиряптими? Нима сизлар худога ишонмайсизларми?

- Ишонамиз. Аммо...

"Аммо"дан кейинги жавоб йўқ эди. Йигитларнинг авҳоли танг бўлиб қолди. Ҳақиқатан ҳам уёқ-буёқдан дин хабарини эшитишганми, жавоб беришда эхтиёткорлик билан гапиришди. Бироқ, кечки тўққиздан кейин шаҳарда юриши таъқиқланган безори барибир ўзиникида туриб олди:

- Тўхта, ўзингча чиройли сўзларинг билан бизни орқага қайтиб кетади, деб ўйлайсанми? Хўш, қўлингдан нима келади?!

Менга бу гап жуда оғир ботди. Чунки ўша лаҳзада нимагадир мен бу икковлондан ростакамига умуман қўрқмасдим. Ҳаммасини қалбан Аллоҳга ташлаб қўйгандим. Шунинг учун ҳам уларнинг кўзига тик қараб жавобларимни шарта-шарта бериб ташладим: - Қўлимдан бирор нарса келади, демайман-у, аммо сизларга бир нозик хабарни етказиб қўймоқчиман. Сизлар мени қўрққанидан Аллоҳнинг номини тилга олди, десаларинг, хато қиласизлар. Чунки сизлар ишонасизларми, йўқми, ҳаммасини Аллоҳ кўриб турибди. Бу воқеа нима билан тугашини билмадим, аммо шуниси аниқки Аллоҳ хоҳлаганидан бошқаси бўлмайди. Энди ўз-ўзидан савол туғилади, агар сизлар мени бир нарса қилишларинг ёзилган бўлса, менинг қўлимдан ҳеч қандай қаршилик кўрсатиш келмайди. Агар Аллоҳ мени уйга эсон-омон етиб олишимни истаган бўлса, сизларнинг қўлингиздан ҳеч вақо келмайди. Қизиғи шундаки, бир куни барибир учрашамиз ва ҳаммаси учун келишмагунимизча, бирортамизнинг оёғимиз қимирламайди. Яъни, энди нима қилмоқчи бўлсаларинг, қилаверларинг!

Мана шу охирги калималар ҳаддан ташқари ишончли чиққанидан, шерикларнинг бири: "Қўяқол, кетдик" деди. Дўстининг бу ҳолати алам қилган безор: - Йўқ, - деди. - Агар ҳақиқатан ҳам худо буни сақламоқчи экан, кўрамиз, кароматини кўрсатсин!!!

Безориларнинг бири курткамни тортишга, иккинчиси қўлимдан ушлашга киришишди. Имкон қадар қаршилик кўрсатишни бошлагандимки, орқадан кимдирнинг: "Хой, нима қиляпсанлар?!" деган овози эшитилди. Ҳаммамиз жар томонга қарадик. Яқиндагина у ерда ҳеч ким йўқ эди. Бирдан бир милиция ходими пайдо бўлди. Абжиргина, бўйи паст ходимнинг ташрифи безориларни саросимага солиб қўйди. Ўз-ўзидан келиб қолган меҳмон мендан нима бўлаётганини сўради. Мен нимагадир ҳалиги йигитларни сотишни истамадим-да: "булар билан бирга қайтяпман", дедим. Милиция ходими ҳаммамизни жар бўйидаги уйлардан бирига олиб кетди. Йўлда ҳалиги ашаддий безори ўзича унга қаршилик кўрсатди. Аммо милиционер абжир ҳаракатлари билан уни осонгина ерга ётқизди ва: "Ука, ўзингни босиб ол, индамайгина мен айтганни қил!" деди. 

Мен бўлаётган воқеаларни тўла тўкис идрок қилмасимдан, ҳалиги ака менга рухсат берди. 

- Кетавер, сенда айб йўқ! Мен булар билан ўзим гаплашиб оламан.

Мен деярли уйимга яқинлашиб қолган эдим. Тунги шерикларимни милиция ходимига топшириб уйга равона бўлдим.

Кейин эртасига ўзим билан постларни изладим. Таниш милиция ходимларидан мени безориларнинг ҳамласидан қутқарган қўриқчини сўраб суриштирдим. Бироқ, уни топишнинг иложи бўлмади. Ҳалигача ўйлайман: Эхтимол, у одам бўлмагандир!!!"

Ҳикояни бизга айтиб берган биродарнинг "эхтимол" деб ишлатаётган фикрига биз ҳам қўшиламиз. Чунки инсон ҳақиқатан ҳам Аллоҳга ишониб, фақат Ундангина мадад сўрай олса, оламларни яратган Зот ўзининг нусратини юборади. Бунга ҳаётий воқеалар тўлиб ётибди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир аёл жориясига бир дирҳам бериб, Ма, бу пулга ҳолвайтар олиб келrdquo деб буюрди. Бир оздан кейин жория келиб Эй бегойим, бир дирҳам увол бўлдиrdquo деди. Саййидаси давоми...

2366 15:04 / 28.04.2017
Ушбу ҳикоят туркиялик бир йигит томонидан айтиб берилган quot... Мен уни яхши кўрардим. Истеъдодли, ўз ишига пухта йигит эди. Кам гапирардию, лекин чертибчертиб давоми...

4091 15:42 / 28.04.2017
Товуқнинг катагидай кулбаларда яшаган отаоналаримиз... бузуқ ҳаволарда, зах ва зимистон ҳужраларда намоз ўқирдилар. Совуқларда узоқлардаги жилғаларга бориб, давоми...

2379 15:31 / 28.04.2017
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтди .Уларга Таврот ва Инжилда Аллоҳ таолонинг currenзигагина ихлос билан ибодат этишлари амр этилган эди, Баййина сураси, 50оят. Аллоҳ давоми...

2667 15:31 / 28.04.2017