1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қиёматнинг кичик кўриниши

08:45 / 07.02.2019 6563 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саҳобаларнинг ҳаётини тинглаб туриб, киши ўйланиб қолади: Улар ҳам мусулмон бўлишган, биз ҳам мусулмонмиз. Улар ҳам Қуръон ўқишган, биз ҳам ҳар куни Аллоҳнинг каломини ўқиймиз. Нега бўлмаса, уларнинг ҳаётини тинглаганимизда сесканиб кетамиз: Инсон бунақа яшаши мумкин эмас, деб. Нима учун жуда ката фарқ бор орамизда. Бунинг сабабини ўйлаб юрган маҳалларим, бир олимнинг хутбасини эшитиб қолдим. Олим ўртадаги фарқ жуда ҳам жиддийлашиб кетганини жуда аниқ ва лўнда сўзлар билан тушунтириб берди: Саҳобалар билан бизнинг фарқимиз шуки, улар айтган сўзларига ишона олишган эди...

Ҳа, мана топдим сабабини! Архимеднинг эврикасидек топдим бу ҳақиқатни. Бугун бизнинг ҳаётимиздан исломнинг кўтарилиб кетгани, одамлар мусулмон бўла туриб, бемалол бир-бирларини алдашлари сабабини топдим! Аллоҳу Акбар! Менга буюк ҳақиқатни тушунтириб берган зотдан Аллоҳнинг Ўзи рози бўлсин.

Гап гап билан-ку, бир бўлган воқеани ҳам бунга шерик қиламан, сиз ҳам менинг нима учун бу қадар хурсанд бўлаётганимни тушуниб етасиз. 

Бир танишим бор. Касби тасвирчи, замонавий тил билан айтганда оператор. Тўйларни тасвирга туширади. Ана шу танишим бир куни ажойиб бир воқеага сабаб бўлиб қолди. Ўзининг ҳикоя қилиб беришича, жоҳилий тўйлардан бирини тасвирга туширган, кейин эса видеокассетани тўй эгаларига топшириб кетган.

Ўша тўй куни роса шайтонбазм қилган куёвнинг дўстлари кассетани олишлари биланоқ, куёвошида томоша қилишни режалаштиришади. Кўпчиликка маълум, Тошкентда тўйдан сўнг куёвнинг дўстлари ўзаро тўпланиб, куёвга далда бўлиш учун маросим ўтказишади. Ана шу маросимга кечаги тўйда қатнашган ҳамма дўстлар тўпланишади. Улар тўй тасвирини томоша қилишдан олдин тўй ҳақида суҳбат қуришади. Шунда куёвнинг яқин дўсти шикоят қилиб қолади: Кеча ҳаммаси яхши бўлди-ю, шу фотоаппаратим йўқолди-да, ҳалиги фалончи билан ўйнамоқчи бўлиб даврага чиқиб кетганимда кимдир ўғирлаб кетибди. 

Ўғрининг шаънига йигитлар бисотларида тўплаб қўйган сўзларини айтишди. Оғзидан бода кириб, шода чиқадиганлардан бунақа пайт нима кутиш мумкин?! 

Энг қизиқ воқеа шундан кейин бўлиб ўтди. Куёвнинг дўстлари кечга томон видеокассета борлигини эслаб қолишди ва тўйни томоша қилишга кириб кетишди. 

Энди тасаввур қилинг, йигитлар томоша қилаётган тасвирларда шундай манзара акс этади: Тасвирчи даврани тўлдириб ўйнаётган йигит-қизларни тасвирга туширар экан, тўйнинг ўртасига келганда, ҳамманинг нигоҳи бир нуқтага қадалди. "Ие, тўхта, тўхта, орқага қайтар!" Кассета орқага қайтарилди.

Маросимни тўлдириб ўтирган давра қотиб қолади. Сабаби, тасвирнинг узоқ нуқтасида одамларнинг орасидан фотоаппаратни лип этиб олиб кетган йигит кўринади. Бу ушбу даврада ўтирган, ўғри ҳақида энг ёмон сўзларни ишлатган йигитлардан бири эди. Телевизор томоша қилаётган бутун давранинг нигоҳи ана шу дўстга қаратилади. У ёғини тахмин қилиб олиш мушкул эмас.

Биз ушбу ҳикояни келтириб, нима демоқчимиз? Демоқчимизки, бир тасвирчининг тасвирига ўғрилик ҳолати тушиб қолган бўлса, инсон қандай шарманда бўлади. Аммо биз бугунги кунда қилаётган барча амалларимизни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан қандай яширамиз. Қилган амалларимиз эртага, қиёмат Кунида инсониятга намойиш этиб берилса, аҳволимиз қандай бўлади?! Шуни англаб етмагунимизча, ҳақиқий мўмин бўла олмас эканмиз. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда: "Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган) амаллари(нинг жазо ёки мукофотлари) кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар! Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтиди) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур", деган. Залзала сураси, 6,7,8-оятлар.

Залзала сурасининг аввалги оятларида эса "Ана ўша Кунда (Ер), Парвардигорингиз унга ваҳий қилиб, сўзлашга буюргани сабабли ўз хабарларини сўзлар!" дейилурки, ер ҳамма нарсадан хабар бериб турганида аҳволимиз қандай бўлади, деб ўйламагунимизча, саҳобийларни тушунмаймиз. Абу Ҳурайра (Аллоҳ у кишидаи рози бўлсин) ривоят қилишларича, Пайғамбар алийҳиссалом Ернинг хабарлари нима эканлиги ҳақида сўзлаб: "Ернинг хабарлари ҳар бир эркагу аёл унинг устида қандай амал қилган бўлса, барчасини Аллоҳ таоло ҳузурида сўзлаб, гувоҳлик беришидир", деган эканлар. Аллоҳ таъоло ана шу кунда шарманда қилмасин!

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аввалги мақоламизда амалда ихлос ва ниятга доир бир неча ривоятлар келтирилган эди. Амалда ният ва ихлоснинг ўрни муҳим бўлгани учун бу мавзудаги мақолани давом давоми...

1886 17:10 / 09.05.2019
Фақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ айтадиларСаид ибн Жубайр Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилдилар .У зот Аллоҳ таолонинг .Дарҳақиқат, Биз сизга етти давоми...

1478 17:00 / 06.12.2020
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу билан юриб кетаётган эдилар. Йўлда сузишаётган икки қўчқорни кўриб қолдилар. Шунда Абу Зарр давоми...

4350 09:00 / 05.04.2022
Абдулвоҳид ибн Зайд бир куни Ҳавшаб ибн Муслимга .Эй Абу Бишр, Аллоҳга йўлиққач, қандай аҳволда эканингни хабар қила олсанг, бизга хабар бер,, деди. Орадан сал ўтмай, давоми...

2072 08:00 / 22.02.2020
Аудиолар

135348 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55598 14:35 / 11.08.2021