1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Мавлон қори Муҳаммад Эшон ўғли: Қорилар мактаби асосчиси

09:09 / 29.09.2021 4789 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

20-асрларда яшаб, ўзидан ўчмас из қолдирган ва кўплаб қориларни етиштирган олим, фозил ва мударрис бўлиб танилган Мавлон қори Муҳаммад Қатродхўжа ўғиллари мелодий 1906 йили Наманган вилояти, Чуст тумани, Ғова қишлоғида оддий деҳкон оиласида таваллуд топди. У ўз даврининг олими, фозили ва мударриси сифатида танилди. У диний таълимни отаси Муҳаммад Эшондан олди.

Мавлон қори болалигидан ғоят зийрак, илмга чанқоқ, салоҳиятли йигит эди. Буни сезган отаси Муҳаммад Эшон фарзандининг тарбияси ва илм таҳсилини назоратига олади. У даврда диний билим олиш жуда қийин бўлганлиги сабаб, тонг саҳарлаб Мавлонжон уйдаги чорваларни олиб яйловга ҳайдаб борар, тушликка яқин отаси овқат олиб бориб, унга Қуръондан сабоқ берар экан. Шу тариқа Мавлонжон ўспиринлик пайтидаёқ мураттаб қори бўлиб етишади.

Афсуски, қатағон даври у кишини ҳам четлаб ўтмади. Бешафқат давр синовларини бошидан кечирди. Натижада, ўз она юртини ташлаб кетишга мажбур бўлади. У қўшни Қирғизистон республикасининг Сувсор, Кўктош, Булоқбоши ва Саржайлов ҳамда Тераксой қишлоқларида жон сақлаб қочувда юрди. Паноҳ топган  уй эгаларини НКВД ходимлари безовта қилмасин деб уларнинг омборхонаси, молхонаси ёки ҳашакхонасида кун кўрди. Муҳожирликда юрган пайтларида Қирғизистонлик қўшниси Қўзигул исмли аёлнинг онаси Мавлон қори домлага бир чўпон тикиб, у кишига ҳадя қилган экан. Бу чўпоннинг ички қисми қўй жунидан, ёқалари эса така жунидан тайёрланган бўлиб, мен учун жудаям қадрли чўпон эди. Қочувда ғорларда паноҳ топиб юрган кезларимда ана шу чўпон билан жон сақлаганман. Қишнинг совуқ кунларида остимга бир юпқа кўрпача тўшаб, устимни чўпон билан ёпиб ўтказардим, – деб эслайди Мавлон бобо.

Тахминан 1936 йилларда Наманганда Мавлон қори домла ҳибсга олинади ва йигирма йилга озодликдан маҳрум этилади.

Аллоҳнинг раҳмати ва инояти сабаб уч йилдан сўнг оқланиб, озод этилади. Бироқ, уни ва оила аъзолари тазйиққа олинади. Натижада, орадан маълум вақт ўтиб, 1952 йили Ўш вилояти, Олабуқа тумани, Май кишлоғига кўчиб ўтишга мажбур бўлади. У умрининг охиригача ўша ерда яшаб, мударрислик фаолияти билан шуғулланади.

Мавлон қори домла Қуръон билан хулқланган, тақводор, ўта камтар, илм-фаросатли ва виқорли киши бўлган.

Маълум бўлишича, Мавлон қори бир жойдан катта ер очиб, боғ барпо қилган. Бу боғда куни билан ишлаб, кечқурун чироқ шуъласида Қуръон мутолаа қилар экан.

Мавлон қори умумхалқ фойдаланиши учун масжид ва корилар таълим оладиган хонакоҳ (мактаб) қурдилар. Бу мактабдан юзлаб машҳур қорилар етишиб чиқди.

 1980 йилларга келиб, у кишининг довруғи бутун Ўрта Осиё ҳудудларида маълум ва машҳур бўлди. Халқ орасида «Қори домла», «Қори бува» номлари билан танилди. Натижада қорилар етказиб берадиган мактабининг ҳам довруғи ошиб, ҳар тарафдан бўлажак қорилар кела бошлайди. У кишининг довруғи ҳаттоки домла Ҳиндистонийга ҳам етиб боради.

Қори доданинг қизларининг ўғли, яъни набиралари ва шу билан бирга шогирдлари шундай хотирлайди:

 “Мавлонжон қорини дин йўлидаги хизматлари, шогирдлар етиштиришдаги ғайратларини эшитган домла Ҳиндистоний ҳам бобомизга ғойибона эҳтиром, ҳурмат қилган эканлар.

Кунларнинг бирида, ўша йиллари Андижоннинг қайсидир туманига айтишларича, Абдулбоқий қори аканига домла Ҳиндистоний меҳмонга келган эканлар. Мавлонжон қори дадамиз ўзлари меҳнат қилиб барпо этган боғларида ишлаб турсалар, бир қори акамизнинг адалари, Чустда ўша вақтда катта магазинчи бўлганлар, Аллас махсум дейишарди, шу киши Андижонда катта валийма эҳсон бўляпти экан, домла Ҳиндистоний келибдилар, сизни зиёратга олиб борарканман дебди.

Шунда бобомиз хурсанд бўлиб кетиб, «у зот келган бўлсалар албатта борамиз» дебдиларда, дарров ишларини тўхтатиб, кийимларини қоқиб, ювиниб, таҳоратларини янгилаб чиқибдилар.

Энди у киши оддий, суннатга мувофиқ кийиниб юрардилар, соқоллари узун гавдали киши эдилар. Машинага ўтирганларида олиб кетгани келган ўша шогирдлари «тақсир, уйга ҳайдайми, кийимларингизни янгилаб, алиштириб оласизми?» дебди.

Шунда Мавлонжон қори: «Тақсир биз ҳали икки  сидра кийим кийиш даражасига етмадик. Бизники кўчага ҳам, уйга фақат мана шу устимиздаги кийим холос. Иккита кийим  ҳам  бўлиб қолар» деган эканлар.

Ҳазил тариқасида айтган бўлсаларда, аслида ҳам қори дода узоқ йиллар ўша йўсинда фақат бир сидра кийим билан юрган эканлар, икки хил кийим киймаган эканлар.

Шунингдек, у кишидаги суннатга эргашиш, турмушдаги оддийликнинг кўринишларидан «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалин тўшакларда ўтирмаганлар» дея ҳамиша бир қават кўрпада ётган эканлар, бир қават кўрпачада ўтирган эканлар. Ҳатто бирон меҳмонда икки қават солиб беришса, бир қаватини олиб ташлаб ёки ҳассалари билан суриб ўтирган эканлар.

Ҳиндистоний домла бу қори дода ҳақларида эшитиб, у кишига ғойибона муҳаббат қўйган эканлар.

 “Аслида домла Ҳиндистоний водийга кам келган эканлар. Чустлик Аллас махсумнинг ўғиллари Ҳафизуллоҳ домла, ҳозир Чустнинг бош имом хатиби бўлиб ишлайдилар,  Абдулбоқий қори аканикида ўқир эканлар. Ўша йигит орқали Андижондаги илм аҳли билан ўзаро алоқалар бор экан. Ўшанда домла Ҳиндистонийнинг келишлари ҳақида  Андижонликлар “шундай аҳли илм йиғиляпти, Мавлонжон қори ҳам келсинлар” дея хабар юборишган экан.

Андижонда валийма бошланган, Мавлонжон қори додалар бўлса Ўзбекистоннинг Чуст тумани билан чегарадош ҳудудида жойлашган Қирғизистоннинг Май деб аталмиш еридан йўлга чиқишган. Масофа узоқ сабабли бироз кечроқ етиб боришган.

Андижондаги хонадонда катта зиёфат,  у ерга Наманган, Марғилон ва бошқа ерлардан ҳам кўплаб меҳмонлар аҳли илмлар ташриф буюрган, гавжум ўтириш бўлиб турган экан. Булар эшикдан кириб боришлари билан уйнинг тўрида, айвонда ўтирган домла Ҳиндистоний қори дадага кўзлари тушиши билан, у зотнинг валийлик  хислатларидан бўлса керак, ўзгача тикилиб қолган ва хизматда юрган йигитлардан бирини чақириб, “ҳу ўша ҳозиргина эшикдан кириб келган меҳмонни олдимга олиб келсангиз” дея тайинлайдилар.

Мавлонжон қори акани домланинг ёнига ўтказишади. Бобомиз форсийдан яхши хабардор ва форсийда кўплаб китоблар мутолаа қилган эдилар.  Қисқаси, бу икки зот бир-бирлари билан кўришишгану соф форсийда суҳбатлаша кетишган. Атофдагилар таажжубда, кўп сўзларни англашмасада, ҳурматан тинглаб ўтиришган. Суҳбат асносида домла бобомиздан нима иш билан машғулсиз? дея сўрайдилар. Мавлонжон қори бўлсалар камтарлик билан, “мен бир оддий деҳқонман, яна боғдорчилик қиламан, шу холос”, деб жавоб қайтарадилар. Домла  индамай бош ирғайдилар.

Зиёфат якунига етгач, келган кўплаб кишилар домла Ҳиндистонийни суҳбатларидан баҳраманд бўлиш  ниятида ўзлари билан меҳмонга олиб кетмоқчи бўлишади, айримлари жойлар ҳам ҳозирлатиб қўйишган бўлади.

Шунда домла Ҳиндистоний менга қолса шу тақсирникида меҳмон бўлсак деб Мавлонжон бобомизга ишора қиладилар. Кўпчилик ҳайрон бўлишиб, яқинда шунча жой турганда, узоққа, тахминан, 250 километрдан ошиқ масофага нега боргилари келдийкан, деб ўйлашади.

Қори додамиз Ҳиндистонийдек зотга мезбонлик қилишга жон деб рози бўладилар ва йўлга тушишади. Бобомнинг сал кам бир гектар ерлари бор эди. Уни ярмини оила, аҳли аёллари  яшаши учун қолдириб, қолган ярмига алоҳида ҳовли кириш дарвозаси қуриб қорихона, яъни талабалар яшаб, ётиб Қуръон ёдлашлари учун ҳужралар қурган эдилар. Шу ернинг ўзида кичик намозхона ва таҳоратхона ҳам қурилган эди.

Меҳмонлар ҳовлига етиб келиб машинадан тушишгач, қори болалар тизилиб туриб олишиб, ҳурматли устозни кутиб олишганини кўрган домла Ҳиндистоний, ушбу илм нури, Қуръон нури таралиб турган масканни, илм  толиблари, Қуръон ошиқларини кўриб хурсанд бўлиб кетибдилар ва ёнларидаги ҳамроҳларига қараб, “Ҳаа, мен бўлсам, фаросатим панд беряптимикан деб ўйлагандим. Йўқ ундай эмас экан. Мен, Мавлонжон қори дадани кўрсатиб,  бу кишини ўша Андижонда эканимизда, дарвозадан кириб келишлари биланоқ, илк кўришим билан, зеҳнимга бу  инсонни Аллоҳга қандай яқинлиги, етуклиги бор экан?” деган савол келганди. Жавоб мана бу ерда эканда” деган эканлар. 

Нега бундай бўлгани, ва бу валий зотлар ҳаётидаги бу кароматнинг асл боиси ёлғиз Аллоҳга аён”.

Шогирдларидан бири шундай хотирлайди: “Устозимиз кам уйқу ва кўп мутолаа қилар эдилар. Кам ухлаганларидан қовоқлари шишиб, кўзлари қизариб кетарди. У киши  ҳар-бир талабадан эринмай дарс олар ва таълим берар эдилар. Қори домламиз кўпинча уйқуни енгиш мақсадида оғзиларига нўхотдек новвот, бир тарафига эса нордон қурт солиб олардилар. Натижада қуртнинг нордони ва новвотнинг ширини аралашиб уйқуни кесар эди. Устозимизнинг ёшлари улуғ бўлганлиги сабаб, оғзиларида тишлари колмаганди. Шунга қарамасдан, ҳар-бир ҳарфни ўз махражидан чиқарар эдилар”.

1990 йилга келиб Саудия Арабистони дин йўлида хизмат қилган бир қанча кишиларга ҳаж учун бепул йўлланма  ажратади. Шу қатори Мавлон қори домлага ҳам бу имтиёз берилади. Лекин устоз буни қабул этишдан бош тортадилар ва «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, ассалому алайкум ё Расулаллоҳ десам, Аллоҳнинг расули мендан алик олиб: «Хўш, дин йўлида ўзи нима хизмат қилдингиз?» десалар, мен нима деб жавоб килишдан уяламан. Шунга кейинроқ бораман деб жавоб берган эканлар.

Марҳум Довудхон эшон домла  у зотни хотирлаб шундай дейдилар: “Мавлон қори домла халқ орасида обрў-эътиборли киши бўлса ҳам, ўзлари камтар, самимий ва ҳалим киши бўлганлар. Фақирона ҳаёт кечириб, умрлари давомида ҳеч качон икки қават кўрпачада ўтирмаган ҳамда ортиқча кийим киймаган ва мол-мулкка асло ҳирс қўймаганлар. Доимо бошларида салла, эгниларида яктак ва устларида чакмон бўлган. Халқ берган эҳсон ва назрларни эса билим олаётган талабларга ва бева–бечораларга берганлар. Ҳатто, шогирдларини ўз далаларида ишлатсалар уларга иш ҳақи берар эканлар. Дин, халқ ва миллат ривожи йўлида жуда катта ҳисса қўшганлар – деб эслайдилар.

Мавлон қори домлани зиёрат қилиб дуоларини олиш учун узоқ – яқиндан келган зиёратчилар у кишининг суҳбатларидан руҳий ва маънавий озуқа олиб қайтган.

Мавлон қори дода мелодий 1991 йили оламдан ўтдилар. Ҳозирги кунда у кишининг қабрлари Ўш вилояти, Олабуқа тумани, 1-май кишлоғидадир. Ҳозирги кунда Мавлон қори авлодларининг бир қисми Наманганда, бир қисми эса Қирғизистонда истиқомат қилади.

Мавлонжон домла Ойшахон исмли аёлга уйланган. Уларнинг 6 та қиз, 2 та ўғил фарзандлари бор.

Ўғиллари: Ҳафизуллохон (1950) ва Маҳмудхон (1961-2005).

Иккови ўғиллари ҳам дадаларига ўхшаб юзлаб шогирдлар тарбиялаб, дин йўлида хизмат қилишган. Ҳозирги кунда ўғиллари Ҳафизуллохон узоқ йиллардан бери Қирғизистон республикаси Мусулмонлар идорасида фаолият кўрсатмокдалар.

                                                                                                                  Акрам Шарипов, тадқиқотчи.

Чиноз тумани, Олмазор қўрғони

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
учинчи мақола .Қори акам Тошкентга келсалар доим бизни уйда тунаб қолардилар. Таҳажжуд намозини ҳеч қолдирмасдилар ва доим бомдоддан кейин ухламай дарс қилишга давоми...

3888 09:00 / 08.09.2023
Аввалроқ шайх Ёрқинжон домла раҳимаҳуллоҳ ҳақларида мақолалар чиқарган эдик. Орада бир муддат узилиш бўлиб қолди. Ўзимиздаги маълумотларни тартиблаб яна давом давоми...

3799 11:04 / 17 сентябрь
Ҳофиз улкабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий адДоримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга давоми...

3247 21:58 / 27.04.2017
Ҳофиз, муҳаддис, илм талабида юрт кезган Абу Имрон Мусо ибн Қурайш ибн Нофеъ Тамимий Бухорий.Абу Нуъайм, Али ибн Айёш, Ҳимсий, Муслим ибн Иброҳим, Исҳоқ ибн Бакр ибн давоми...

1562 11:00 / 10.01.2021
Аудиолар

137632 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7543 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57697 14:35 / 11.08.2021