1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Ибни Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ

22:15 / 27.04.2017 5729 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У зотнинг тўлиқ исмлари: Тожуддийн Абулфазл Аҳмад ибни Муҳаммад ибни Абдилкарим ибни Абдур Роҳман ибни Абдуллоҳ ибни Аҳмад ибни Ийсо ибни Ҳусайн ибни Атоуллоҳ ас Сакандарий ал-Мисрий ал-Маликий аш-Шозилий. Ҳозирги Мисрнинг Искандария шаҳрида 658-ҳижрий, мелодий 1260-санада таваллуд топганлар. Вафотлари 709-ҳижрий, мелодий 1309-йил.Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ ҳақларида уламоларнинг эътирофлари:

Устозлари Шайх Абул Аббос ал Мирсий қуддиса сирруҳ: “Сен келажакда буюк шаън соҳиби бўласан” ва ўринда: “Икки илмнинг имоми ва муфтийси бўласан” деганлар.


Имом Заҳабий раҳматуллоҳи алайҳ: “Буюк мақом соҳиби, кўплаб фазилатлар эгаси ва сўзлари қалбларга таъсирли зот бўлган. У зот “Ал-Азҳар” жомеъсида ваъз айтарди, унинг суҳбатида минглаб инсонлар қатнашарди”.


“Табақот уш-Шофиъиййа ал-Кубро” китобининг соҳиби шайх Тожуддин ас-Субкий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “У зот ориф, имом, мақомоту кароматлар соҳиби ва тасаввуфнинг пешвоси бўлган ”. 

Тожуддин ас-Субкий раҳматуллоҳи алайҳнинг оталари шайх Тақиййуддин ас-Субкий раҳматуллоҳи алайҳ Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг энг пешқадам шогирдларидан бири бўлган. У зотнинг имомлик даражасидаги кўплаб шогирдлари бўлган. Шунинг учун ҳам имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ: “У кишининг тариқати Қуръону суннатдан умуман четга чиқиш бўлмаган, соф исломий сунний тариқатдир. Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ фиқҳда ҳам кўп китоблар ёзган, шулардан бири “مختصر تهذيب المدونة للبرادعي في الفقه” (“Мухтасару таҳзиб ул мудаввана”) номли китобидир” деган.

Ибни Фарҳун раҳматуллоҳи алайҳ “Дебож ул-Музҳаб” китобида айтади: “Аҳмад ибни Атоуллоҳ ас Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ Шозилия тариқатининг имоми тариқат омонатини шайх Абул Аббос ал Мирсийдан олган,турли-хил фанларни ўзлаштирган олим эди. Тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, наҳв ва бошқа илмларда пешқадам бўлган. Кўплаб фойдали китоблар ёзган, таъсирли воиз бўлган, ваъз бобида чиройли назмлар ҳам ёзган. Ўз замонасининг ажойиботи бўлган”.


Шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳ: “У зот шайх, имом, фақиҳ, олим ва орифлар таржимони Тожуддийн Абулфазл Аҳмад ибни Муҳаммад ибни Абдилкарим ибни Абдур Роҳман ибни Абдуллоҳ ибни Аҳмад ибни Ийсо ибни Ҳусайн ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ насаблари Жаззомий (яъни асли араблардан) фиқҳда мазҳаблари Моликий, туғилган жойлари Искандария, мозорлари Қурофада, ҳақиқий сўфий Шозилия тариқатининг муршиди ўз асрининг сараси, замонасининг ажойиботи, шариат ва тариқат илмининг имоми ва икки Моликий ва Шофеъий мазҳабларининг муфтийси бўлган”.


Шайх ибни Аббод ар-Рундий раҳматуллоҳи алайҳ “Ийқоз ул-ҳимам фий шарҳил ҳикам” китобида қуйидагиларни айтади: “Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг насаблари Жаззомий бўлиб аждодлари Миср фатҳ бўлгандан кейин кўчиб келиб Искандарияни ватан тутишган. У зот ҳам Искандарияда таваллуд топган. Шунинг учун нисбатлари Искандарий, Искандароний ва Сакандарий шаклида келтирилади. Барча оила аъзолари шаръий илмларни тарқатиш билан машғул зиёлилар бўлишган. Боболари Шайх Абу Муҳаммад Абдул Карим ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ Искандарияда энг машҳур фақиҳ бўлган. Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ ҳам бобосига ўхшаб ёшлигидан фақиҳ бўлиб, шаръий илмлар билан машғул бўлиб ўсди. У зот доим ёшликларидан бобоси каби олим бўлишга интиларди. У зот ҳаётининг асосий қисми Искандарияда ўтиб, ўша асрнинг машҳур уламоларидан тафсир, ҳадис, фиқҳ, усул, наҳв фанларидан дарс олган ва кўп йил мударрислик қилган. Сўнг Қоҳирага кўчиб ўтиб шайх Абул Аббос ал Мирсий раҳматуллоҳи алайҳга шогирд тушиб Шозилия тариқатига киради ва айни пайтда илмдан ажралмасдан ўз фаолиятини у ерда ҳам давом эттириб “Ал-Азҳар” жомеъсида ва“Мансурия” мадрасасида фиқҳ, ҳадис, тасаввуф ва бошқа илмларданмударрислик қилган ва даъват, ваъзу иршод ишлари билан ҳам машғул бўлган ”.

Аллома Доктор Абул Вафо ал-Ғунаймий Тафтазоний: Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ ўзлари дарс берадиган “Мансурия” мадрасасида 709-ҳижрий сана Жумодул охир ойида вафот этгани ва Қурофия қабристонига дафн қилинганини таъкидлайди. У кишининг қабри Искандарияда ҳозир ҳам машҳур зиёратгоҳ бўлиб, у киши номидаги жомеъ масжид ҳам бор.

 Тасаввуф ва Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ

Дастлаб Ибни Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи фақат зоҳирий илмлар билан машғул бўлганлари, тариқатнинг асл моҳиятини ҳали тушуниб етмаганлари учун ва боболари Шайх Абу Муҳаммад Абдул Карим раҳматуллоҳи алайҳ ҳам тариқатга қаттиқ эътироз билдирадиган олимлардан бўлганларидан таъсирланганлари учун ҳам тариқат ва тариқат аҳли ҳақида ёмон фикрда бўлганлар. Лекин устозлари шайх Абул Аббос ал Мирсий раҳматуллоҳи алайҳ билан учрашганларидан кейин ҳаётларида янги давр бошланди ва тариқат ҳақидаги тасаввурлари ҳам мутлақо ўзгарди. Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ устозлари шайх Абул Аббос ал Мирсий раҳматуллоҳи алайҳга боғланиб қолишларини ҳикоя қилиб айтадилар: “Дастлаб у кишининг иши ҳақида кўп ўйлардим. Мен ҳам у кишига эътироз билдирадиган ва уларнинг тутган йўлларини инкор қилувчилардан эдим. Бунинг сабаби у зотдан бирор гапни эшитганим ёки у киши аниқ ўзлари айтган дейишган гапни эшитганим учун эмас, балки у кишининг шогирдлари билан менинг ўртамда тортишув бўлиб ўтганди, ана шунда улар ҳақида қаттиқ гаплар айтган эдим.

Бир куни ўзимга-ўзим : “Кел, шу кишини ёнига бориб, ўз кўзим билан кўрайин, чунки ҳақиқат соҳибининг махфий бўлмаган аломатлари бўлади”, дедим. Сўнгра, шайх шогирдлари билан суҳбат қуриб ўтирган мажлисга бордим. Мен борган пайтда у киши нафсларнинг турлари ҳақида ва Аллоҳ таолога олиб борувчи йўлда юрувчиларнинг даражалари, У зотни қай даражада танишлари ҳақида гапирарди. Шунда у киши: “Биринчи: ислом, у бўйсуниш, итоат ва шариат қоидаларини бажариш даражасидир. Иккинчи: иймон, у бандалик бурчларини билиш билан шариат ҳақиқатининг мақомидир. Учинчиси: эҳсон, у Ҳақ таолони қалбда кўриш мақомидир. Агар хоҳласанг: “Биринчи ибодат, иккинчи убудият ва учунчиси убудат дегин. Агар ҳохласанг: “Биринчи шариат, иккинчи ҳақиқат ва учинчиси ҳақни англаш,” дегин, деб, яна бир неча бор “Агар ҳохласанг”, “Агар ҳохласанг”деб гапиришда давом этди. Охир бу ҳолат мени ҳайрону-лол қилиб, ақлимни олди. Ана шунда у зот илоҳий файз денгизидан Раббоний мадад олиб гапираётганини билдим ва Аллоҳ таоло қалбимдаги улар ҳақидаги ёмон фикрларни кетказди. Кечки пайт уйга келганимда доимгидек аҳлим билан бирга ўтиролмадим. Фикру-ҳаёлимда шайхнинг гаплари такрорланарди. Ўзимда билиб бўлмайдиган ажойиб ҳолатни ҳис қилдим. Ёлғизликни ҳохлаб, холий бир жойда осмонга, юлдузларга ва Аллоҳ таоло яратган осмондаги қудратининг ажойиботларига назар солиб ўлтирдим. Шу пайт қалбим авваллари умуман билмаган кўп нарсаларни ҳис қилди. Мана шу ҳолат мени яна иккинчи бор шайхнинг ҳузурларига қайтиб боришга ундади.

Шунинг учун яна у кишининг олдиларига бордим ва киришга изн сўрадим. Менга изн бердилар, мен олдиларига кирган пайт, ўрниларидан тик туриб, очиқ чеҳра билан кутиб, қарши олдилар. Бундай эҳтиромга ўзимни номуносиб деб билиб, хижолат бўлганимдан ҳаяжонланиб қолдим. У зотга биринчи бор айтган сўзим: “Саййидим Аллоҳга қасам, мен сизни яхши кўраман”, дедим. Шунда у киши : “Мени яхши кўрганингдек Аллоҳ таоло ҳам сени яхши кўрсин” дедилар. Сўнг, ўзимда сезадиган, мени кўп қийнайдиган ғам-ташвишлардан шайх ҳазратга шикоят қилдим. 

Шайх ҳазрат менга жавобан: “Бандатўрт ҳолатнинг бирида бўлади, уларнинг бешинчиси йўқдир. Улар: Неъмат ва бало, тоат ва гуноҳ. Агар сен неъматда бўлсанг, демак, Ҳақ таоло сендан шукрни талаб қилади. Агар балода бўлсанг, Ҳақ таолонинг талаби сабр қилмоғингдир. Аммо, тоатда бўлсанг Ҳақ таоло сендан У зотнинг сенга бўлган эҳсонини мушоҳада қилишингни талаб қилади. Лекин, агар сен гуноҳда бўлсанг, Ҳақ таоло сендан истиғфорни талаб қилади” дедилар. У зотнинг ҳузурларидан туриб, чиқишим биланоқ мендаги ғам-ташвишлар худди кийимни ечиб ташлагандек тарқалиб кетди. 

Бир муддат ўтгандан кейин, у зот мендан аҳволим ҳақида сўрадилар. Мен: “Аввалги мени қийнаб юрган ташвишларни ўзимда қидириб тополмаяпман, улардан асар ҳам қолмади”, дедим. Ана шунда устоз: “Мана шу йўлни маҳкам тутсанг икки йўл: илми зоҳир ва илми ботиннинг имоми ва муфтийси бўласан”, дедилар”. 

Ибни Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳдоим устозлари билан бўлиб, у кишининг илмий суҳбатларида доим қатнашиб, тез орада энг пешқадам шогирдларига айланиб, устозларидан кейин Шозилия тариқатининг шайхи, муршиди, йўлбошчиси бўлиб қолдилар.

Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ тасаввуфга кириб келган илк дамларни хотирлаб шундай дейдилар: “Бир куни ўзим ҳақимда ўйлаб ўтириб, ичимда тажрид ҳолатига (ибодат учун ҳамма нарсадан ажралиб чиқишга) бутунлай ўтишни қасд қилдим. Ўзимга ўзим: “Мен бу ҳолатимда илм билан машғул бўлиб, дарс бериб, даъват қилиб ва одамлар билан аралашиб юриб, Аллоҳ таолонинг висолига етишим жудаям қийин бўлса керак” деб, ҳаммасидан воз кечиб, ўзимни ибодатга бағишлашни қасд қилиб, устозим шайх Абул Аббос ал-Мирсий ҳузурларига бордим.

У зотдан рухсат сўрамоқчи бўлиб гапирмоқчи эдим мендан олдин гап бошлаб: “Бир пайтлар, шариат илмида ўта билимдон, мударрис, олим киши менга шогирд бўлди. Кейин бизнинг бу йўлимизни бироз таъмини тотиб кўриб, тезроқ ҳақиқатга етиш учун, менга: “Хожам рухсат беринг, ўзим турган ҳолатимдан бутунлай ажраб чиқиб, доим сизнинг суҳбатингизда бўлайин” деди. Мен унга: “Сизнинг бундай йўл тутишингиз яхши эмас, Балки сиз Аллоҳ таоло қўйиб қўйган жойда туриб, вазифангизни давом эттиринг. Биз томонда қандай насибангиз бўлса, албатта Аллоҳ таоло ўзи сизга еткизади” дедим”, дедиларда менга қараб: “Сиддиқларнинг ҳоли мана шундай бўлади. Ҳақ таоло турғизиб қўйган жойдан У зот ўзи чиқармагунча чиқмайдилар” дедилар.

У кишининг олдиларидан чиққан заҳотим Аллоҳ таоло қалбимдаги мени қийнаб юрган хавотирларни, ўй-фикрларни ювиб, тозалаб ташлади. Аллоҳ таолонинг тадбирига таслим бўлиб, қалбим таскин топди”. 

Шайх Ибни Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўша замондаги сиёсий майдонда ҳам юксак мавқеъга эга бўлиб, ҳукмдорлар эҳтиромига сазовор бўлганлар. Шу билан бирга уларга ҳақ гапни гапиришдан қўрмасдан, ўз зуҳду тақволарини ҳам сақлаб қолганлар. Буни cийрат уламолари ривоят қилишган қуйидаги қиссадаги Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ билан Султон Мансур Ложин учрашганларидаги ибратли воқеъа ҳам тасдиқлайди:

Султон Ҳисомиддин Мансур Ложин Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг довруғларини, тақвою амалда собитликлари ва таъсирчан воъизликларини эшитиб, кўриб суҳбатлашишга ошиқди ва зиёрат қилиб, саройга олиб келди. Ана шунда Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ унга: “Сизлар Аллоҳ таолога шукр қилишингиз вожибдур. Чунки Аллоҳ таоло давлатингизни фаровон қилиб, халқнинг қалбини сизларга муҳаббатли қилиб қўйди. Юрт фаровонлиги ва халқ осойишталиги сизлар ўзингиз амалга ошира оладиган осон иш эмас. Балки, Аллоҳ таоло султонларнинг адолати, саховати ва халқпарварлиги туфайли берадиган неъматдир. Ана шу неъмат зиёда бўлиши учун шукр қилинг” дедилар. Султон: “Аллоҳга шукр қилиш қандай бўлади?” деди. Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ: “Шукр уч қисмдир: тил билан, дил билан ва барча аъзолар билан шукр қилиш. Тил билан шукр қилиш Аллоҳ таоло: “Ва аммо Роббингнинг неъмати ҳақида сўзла” деганидек, неъмат ҳақида гапириб, неъмат берувчи зотни мақташдир. Дил билан шукр қилиш Аллоҳ таоло: “Сизларда қайсики неъмат бўлса, Аллоҳдандир” деб, марҳамат қилганидек, неъмат берувчи зот ягона Аллоҳ таоло эканига қалбан иқрор бўлиш билан бўлади. Аъзолар билан эса, Аллоҳ таоло: “Эй, Оли Довуд, амал қи¬линглар! Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир” деб, буюрганидек, барча аъзолар билан шариатга амал қилиш билан бўлади”, дедилар. Султон яна сўради: “Ҳақиқий шукр қилмоқчи бўлган банда нима қилиши керак?”.Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ: “Агар, банда илм соҳиби бўлса, инсонларга илм-маърифат тарқатиши, уларга ҳақиқатни баён қилиши ва тўғри йўлга бошлаши билан, агарда, молу-дунё соҳиби бўлса, Аллоҳ таоло буюрган жойларга сарфлаши ва ўзидаги неъматни бошқаларга ҳам илиниши билан, бордию обрў-эътиборли киши бўлса зулму-зўравонликни олдини олиб, адолатни юзага чиқариши ва чорасизларга ёрдам бериши билан бўлади” дедилар.


Шайх Ибни Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг Шозилия тариқати силсиласидаги шажаралари қуйидагича:

1.    Саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам.

2.    Алиййул Муртазо каррамаллоҳу важҳаҳ.

3.    Саййид Имом Ҳасан ибни Алий розияллоҳу анҳу.

4.    Саййид Абу Муҳаммад Жобир қуддиса сирруҳ.

5.    Қутб Саййид Саъид Ғазвоний қуддиса сирруҳ.

6.    Қутб Саййид Фатҳ Саъуд қуддиса сирруҳ.

7.    Қутб Саййид Саъд қуддиса сирруҳ.

8.    Қутб Саййид Саъид қуддиса сирруҳ.

9.    Қутб Аҳмад ал-Марвоний қуддиса сирруҳ.

10.    Саййид Иброҳим ал-Басрий қуддиса сирруҳ.

11.    Саййид Зайниддийн ал-Қазвиний қуддиса сирруҳ.

12.    Қутб Саййид Шамсиддийн қуддиса сирруҳ.

13.    Қутб Саййид Тожиддийн қуддиса сирруҳ.

14.    Қутб Саййид Нуриддийн Абул Ҳасан қуддиса сирруҳ.

15.    Қутб Саййид Фахриддийн қуддиса сирруҳ.

16.    Саййид Тақиййиддийн ал-Фуқайр қуддиса сирруҳ.

17.    Саййид Абдур Раҳмон ал-Маданий қуддиса сирруҳ.

18.    Қутби Кабир Мавлоно Абдус Салом қуддиса сирруҳ.

19.    Қутби Шаҳир Саййид Абул Ҳасан аш-Шозилий қуддиса сирруҳ.

20.    Халифа Саййид Абул Аббос ал-Мирсий қуддиса сирруҳ.

21.    Ал-Ориф ал-Кабир Саййид Аҳмад ибни Атоуллоҳ қуддиса сирруҳ.

Бошқа ривоятга кўра қуйидаги тартибда бошланган:

1.    Саййидимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам.

2.    Алиййул Муртазо каррамаллоҳу важҳаҳ.

3.    Имом Ҳасан ал-Басрий қуддиса сирруҳ.

4.    Саййид Ҳабиб ал-Ажамий қуддиса сирруҳ.

5.    Абу Сулаймон Довуди Тоий қуддиса сирруҳ.

6.    Абу Маҳфуз Маъруф ал-Кархий қуддиса сирруҳ.

7.    Абул Ҳасан Сиррий Сақотий қуддиса сирруҳ.

8.    Муҳаммад Ибни Жунайд Абул Қосим Хаззоз қуддиса сирруҳ. Валлоҳу аълам.


Шайх Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳ кўплаб китоб ва рисолалар ёзганлар қуйида улардан баъзи машҳурларини келтирамиз:

1.     التنوير في اسقاط التدبير(Ат-танвир фи исқот ат-тадбир)

2.    مفتاح الفلاح ومصباح الارواح(Мифтаҳ ул фалаҳ ва мисбаҳул арваҳ)

3.    تاج العروس الحاوي لتهذيب النفوس(Тожул урус ал ҳавий литаҳзиб ан нуфус)

4.    مختصر تهذيب المدونة للبرادعي في الفقه (Мухтасару таҳзиб ул Мудаввана фил фиқҳ лил Бародаъий)

5.     المنن لطائف (Латоиф ул минан)

6.    الحكم العطائية(Ал-Ҳикам ул-Атоийя)


Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнингҳажми кичик бўлишига қарамай Ислом оламида энг машҳур бўлган китоблари الحكم العطائية(Ал-Ҳикам ул-Атоийя) китоби бўлиб унга ўхшаш ҳажмдаги китоблар бу қадар шуҳрат қозонмаган. Ҳатто уламолардан фақиҳ Собит ал-Банноний раҳматуллоҳи алайҳ:

 “Агар намоз Қуръондан бошқа нарсани ўқиш билан ҳам дуруст бўлганда эди, албатта, фақатгина Ибни Атоуллоҳ раҳматуллоҳи алайҳнингҳикматлари билан дуруст бўларди” деганлар.

Ушбу “Ал-Ҳикам ул-Атоийя”га кўплаб забардаст тасаввуф уламолари, руҳий тарбия устозлари Қуръони карим ва Ҳадиси шарифлар асосида шарҳлар ёзишган.

Машҳур шарҳлар:

1.    Ибни Ажиба номи билан машҳур Шайх Аҳмад ибни Муҳаммад ибни Ажиба ал-Ҳасаний раҳматуллоҳи алайҳнинг “ايقاظ الهمم في شرح الحكم”(Ийқоз ул ҳимам фи шарҳил ҳикам) номли шарҳи.

2.    Ибни Аббод ан-Нафазий ар-Рундий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Шарҳ ул-Ҳикам ул-Атоиййа” номли шарҳи.

3.    Шайх ул-Ислом муҳаққиқ олим Абдуллоҳ аш-Шарқовий раҳматуллоҳи алайҳнинг шарҳи.

4.    Шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳнинг шарҳи унга шайх Абдул Ҳалим Маҳмуд таълиқ ёзган.

5.    Шайх Абдул Мажид аш-Шарнубий ал-Азҳарий раҳматуллоҳи алайҳнинг шарҳи.

6.    Муҳаддис Шайх Муҳаммад Ҳаёт ас-Синдий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Шарҳ ул-Ҳикам ул-Атоиййа” номли шарҳи.

7.    Шайх Мутаваллий аш-Шаъровийнинг “Шарҳ ул-Ҳикам ул-Атоиййа”китоби.

8.    Шайх Аҳмад ал-Куфтару раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари Шайх Муҳаммад Босим Даҳмоннинг “الاذواق النقشبندية في شرح الحكم العطائية” (Ал-азвоқ ун-Нақшбандиййа фи шарҳил ҳикамил атоиййа) номли шарҳи.

9.    Энг машҳур ва мақбул, уламоларга ҳам, толиби илмларга ҳам оддий авом халққа ҳам бирдек манзур, Қуръону суннатдан далиллар ва ҳаётий мисоллар билан кенг ёритилган шарҳ замондошимиз Исломнинг жонкуяр олимларидан, динимизнинг фидокор ходимларидан Шомлик Аллома Доктор Шайх Муҳаммад Саъид ибни Мулло Рамазон ал Бутий ҳафизаҳуллоҳнинг “Ал-Ҳикам ул-Атоиййа-Шарҳ ва таҳлил” номли шарҳидир.

Аллоҳ таоло барчаларидан рози бўлсин! 


Фойдаланилган манбалар рўйхати:


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Тафсири Ҳилол” Қуръони карим 

маъноларининг таржимаси

Ибни Ажиба номи билан машҳур Шайх Аҳмад ибни Муҳаммад ибни Ажиба ал-Ҳасаний раҳматуллоҳи алайҳнинг “ايقاظ الهمم في شرح الحكم”(Ийқоз ул ҳимам фи шарҳил ҳикам) номли китоби.

Ибни Аббод ан-Нафазий ар-Рундий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Шарҳ ул-Ҳикам ул-Атоиййа”китоби.

Муҳаддис Шайх Муҳаммад Ҳаёт ас-Синдий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Шарҳ ул-Ҳикам ул-Атоиййа”китоби.

Шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳнинг шарҳи унга шайх Абдул Ҳалим Маҳмуд таълиқ ёзган.



Баҳодир Раҳматуллоҳ


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мулла Иброҳим махдум 1898 йили Наманганнинг сўлим гўшаларидан бири Шўркент қишлоғида дунёга келдилар. Падари бузрукворлари мулла Муҳаммад Солиҳ охунд афанди, яъни давоми...

2087 17:00 / 15.08.2022
Бугун, 26 март куни .Hilolnashr, матбаа нашриётининг мажлислар залида ҳассос адиб, жонкуяр устоз, ҳожи Аҳмад Муҳаммад Турсун роҳимаҳуллоҳга бағишланган .Рафиқларнинг давоми...

1714 22:34 / 26.03.2022
Исмоил ибн Абдуллоҳ ал Хузоий менга мана бу ривоятни айтиб берди.Басра аҳлидан, Муҳолаба уруғидан бўлган бир киши Бармакийлар даврида баъзи юмушлар билан давоми...

3331 17:02 / 24.12.2022
У киши шайхулислом, ҳофизуззамон, Абулҳасан Али ибн Умар ибн Аҳмад ибн Маҳдий ибн Масъуд ибн Нуъмон ибн Дийнор ибн Абдуллоҳ Дора Қутний алБоғдодийдир. Бу зот давоми...

3570 21:59 / 27.04.2017
Аудиолар

137648 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7544 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57717 14:35 / 11.08.2021