1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Имом Абу Юсуф

22:15 / 27.04.2017 5248 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб ал-Ансорий (113—182 ҳ.й.) Абу Ҳанифанинг атоқли шогирди, буюк фақиҳ ва мужтаҳид, Аббосийлар давлати (Маҳдий, Ҳодий ва Рашид даврлари)нинг қозил-қузоти (буюк қозиси) эди. Уларнинг ҳар бири, айниқса, Ҳорунур-Рашид уни эъзозлаб, катта ҳурмат кўрсатарди.

Манбаларда зикр этилишича, у авваллари ҳадис илми билан шуғулланиб, ҳар куни муҳадцислар билан ўтириб, 50—60 та ҳадисни ўрганар ва бошқаларга ўқиб берарди. У Ҳишом ибн Урва, Абу Исҳоқ Шайбоний, Ато ибн Соиб ва бошқалардан ҳадис ривоят қилган. Авваллари Ибн Абилайлодан фиқҳни ўрганиб, кейинроқ ушбу фанга қизиққани туфайли Абу Ҳанифа дарс ҳалқасига қўшилади ва унинг мумтоз шогирдига айланади.

Шайх Муҳаммад Хузарийбекнинг ёзишича, у Абу Ҳанифанинг энг буюк шогирди ва энг яхши ёрдамчиси сифатида биринчи бўлиб унинг мазҳаби бўйича китоб ёзган, масалаларни имло қилган, Ҳанафий мазҳабини ер юзига тарқатган (Шайх Муҳаммад Хузарийбек. "Тарихут-ташриъил-исломий", 171-бет.)

Аслида Абу Юсуф бир қашшоқ оилага мансуб бўлиб, қассорлик, яъни кийимларни ювиш ва оқартириш иши билан шуғулланарди. Унинг ўзи шундай деган эди: "Фақирлик чоғимда ҳадис ва фиқҳни ўрганишга интилдим. Бир куни Абу Ҳанифа ёнида ўтирганимда онам келиб мени ўзи билан олиб чиқиб бундай деди: "Абу Ҳанифага қараб оёғингни узатма, унинг нони пишиқ, сен эса ҳаётимизни таъминлашга мажбурсан". Мен онамга итоат қилиб, кўп илм изидан юришдан воз кечдим. Абу Ҳанифа мени қидириб топиб, дарсга қайти-шимни сўради. Мен эса унинг мажлисига қайтиб келдим. Унинг мажлисига қайтган илк куним эди. У "Сени биздан нима узоқлаштирди?" деб сўради. "Ҳаётимизни таъминлаш ва онамга итоат қилиш", деб жавоб бердим ва ўрнимга ўтирдим. Одамлар чиқиб кетганидан кейин у бир халтани менга тутқазиб, "Бундан фойдаланиб тур" деди. Қарасам, ичида юз дирҳам бор экан. У менга қараб: "Ҳар қачон бу тугаса, менга хабар бергин", деди.

Мен даврага бориб турдим, бир оз муддатдан кейин яна юз дирҳам берди, шундай қилиб, муҳтожлиқцан чиқиб, бадавлат бўлгунимга қадар у менга ёрдам кўрсатиб турди" (Доктор Аҳмад Шалабий, "Мавсуатул-ҳазоратил-исломия", 8-жилд, 199-бет.) .

Абу Юсуф Абу Ҳанифанинг дарсларига шу қадар қизиққан эдики, ҳатто бир ўғли ўлганда дарсдан қолишдан қўрқиб, уни дафн этиш вазифасини бировга топширган экан.

Абу Юсуф дастлаб ҳадислар ҳофизи ва ўқитувчиси бўлса ҳам, Абу Ҳанифа билан яқинлашгандан кейин раъй ва қиёс тарафдорига айланди ва Абу Ҳанифа изидан бориб, баъзан унинг фикрига қарши ўзига хос фикру мулоҳазаларини ҳам изҳор этиб турарди.

Абу Юсуф Ҳорун ар-Рашид даврида энг олий мартабалар-га кўтарилди. У биринчи бўлиб ислом дунёсида "Қозил-қузот" унвонига эришган, ўз мазҳаби бўйича биринчи бўлиб китоб ёзган ва Ибн Халликон таъкидлашича, биринчи бўлиб қозилар ва олимлар учун махсус кийим (униформа) тайинлаган буюк қози эди. Мазкур либос қора салла ва тайласон (либос устидан елкага ташлаб юриладиган кенг ва узун кийим)дан иборат эди. Ҳозирча айрим мамлакатлар, жумладан, Оврупа мамлакатларида судялар киядиган GOWN, HOOD, CAN каби униформалар доктор Аҳмад Шалабий фикрича, иккинчи ҳиж-рий асрда Абу Юсуф томонидан белгиланган кийимнинг оз-моз ўзгартирилган шаклидан бошқа нарса эмас (Доктор Аҳмад Шалабий, "Мавсуатул-ҳазоратил-исломия") .

Аҳли ҳадис кўпинча раъй ва қиёс тарафдорларини у қадар ёқламаган бўлсалар ҳам, уларнинг кўплари Абу Юсуфга катта эътибор қаратиб, уни мақтаб келганлар.

Абу Юсуфнинг қозилик даврида Аббосийлар империяси ҳудудида Ҳанафий мазҳаби давлатнинг расмий мазҳаби сифа-тида ривожланиб, назариёт соҳасидан амалиёт соҳасига ўтиб сайқалланди. Унинг ҳар бир усул-қоидаси ҳаёт синовидан ўтиб, амалиётга татбиқ этилди. Устоз Абу Заҳра таъбири билан айтганда, қиёс ва истеҳсон назарий фарзиялар доирасидан чиқиб, амалий ва реал ҳаётга асослантирилди. Эҳтимол, Абу Юсуф раъй ва қиёс мактаби йирик намояндаси сифатида ик кала мактаб (раъй ва ҳадис тарафдорлари мактаблари) хусусиятларини яқинлаштирди ва Ҳанафий мазҳабининг йирик ҳадисшуноси сифатида қабул қилинди (Абу Заҳра, "Абу Ҳанифа") . Ундан Муҳаммад ибн Ҳаеан, Яҳё ибн Маин ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлар.

Имом Абу Юсуф ниҳоятда олий заковат ва юксак истеъдод эгаси сифатида Ҳорунга кўп яқин ва ишонарли олим бўлиб келган. Ривоятга кўра, Исо ибн Жаъфарнинг бир канизаги бор эди. Ҳорун уни ҳадя қилиш ёки сотишни сўраса, эгаси қабул қилмайди. Ушанда Ҳорун "Агар у ёки бу ишдан бирини қилмаса, албатта уни ўлдираман", деб Аллоҳ номи билан онт ичади. Исо ҳам "Агар мен ушбу канизагни сотсам ёки ҳадя қилсам, барча молу мулким садақа, барча қулларим озод ва хотиним талоқ бўлсин", дейди.

Ҳорун ар-Рашид ярим кечада Абу Юсуфни уйидан саройга чақиртириб, ушбу муаммони ҳал қилиш учун бирон йўл борми, деб сўрайди. Абу Юсуф бундай деб жавоб беради:

— Ҳа, Исо канизининг ярмини (халифага) сотиб, ярмини ҳадя қилсин. Ўшанда у на ҳадя қилган ва на сотган бўлади. Сўнгра Исо Ҳорунга канизагнинг ярмини ҳадя қилиб, қолган ярмини юз минг динорга сотади. Ҳорун унинг ярмини ҳадя сифатида қабул қилиб, ярмини юз минг динорга сотиб олдим, дейди. Ҳадя қилиш ва сотиб олиш битими тугагандан кейин Халифа канизагни ўз тасарруфига олиб, Абу Юсуфга қараб, "У бир мамлука (чўри), уни истиброъ қилиш керак (истиброъ — никоҳга олинган бева аёлга унинг ҳомиладор эмаслигини аниқлаш учун бир ойлик муддат ўтгунча яқинлашмаслик зарурлиги). Аллоҳга қасамки, агар ушбу кечани у билан ўтказмасам жоним чиқиб кетади деб ўйлайман", дейди.

Абу Юсуф: "Эй Амирул-мўминин, аввал уни озод қилиб, сўнгра ўз никоҳингизга олинг. Негаки, озод аёл истиброъ қилинмайди", дейди.

Халифа уни озод қилиб, дарров икки гувоҳ ҳузурида қизга йигирма минг динор қалин тўлаб, уйланади ва Абу Юсуфга ушбу фатвоси учун икки юз минг дирҳам ва йигирма тахт (сид-ра) либос мукофот беради (Ибн Халликан. "Вафаётул-аъён").


Абу Юсуф 182 ҳ. (798 м.) суд ишини бажариб турган чоғида ҳаётдан кўз юмади. Ибнун-надим "ал-Феҳрист"да таъкидлашича, Абу Юсуфнинг Юсуф исмли бир ўғли бўлиб, отаси ҳаётлигида қозилик вазифасини бажариб келарди. У отаси вафотидан кейин 192 йилда вафот этган (Ибнун-надим, "ал-Фаҳрист").

Усул ва амолий (олим томонидан имло қилиб, ёздирилган китоблар) бўйича Абу Юсуф қолдирган китоблар сони Ибнун-надим китобида 40 та ва бошқа бир нашрида 36 та деб кўрсатилган. Биз унинг муҳим асарлари устида тўхталиб ўтамиз:


"Китобул-хирож"


Абу Юсуфнинг энг муҳим асари бўлмиш ушбу китоб Аббосийлар халифаси Ҳорун ар-Рашид талабига биноан ер солиқлари (ушр, хирож), садақот (закот), жизя (ғайридинлар ислом давлатига тўлайдиган солиқ) ва урушлардан тушган ғаниматлар ва файъ (ўлжалар)ни тўплаш ҳақида ёзилган.

Китоб ислом давлати ҳудуди кенгайган бир пайтда, турли мамлакатларда бу соҳада юзага келган муаммоларни ечишга қаратилган бўлиб, Абу Юсуф уни асосан Абу Ҳанифанинг ҳуқуқий назарияларига таянган ҳолда, Пайғамбаримиз ҳадислари, саҳобалар, айниқса, Хулофойи Рошидин томонидан айтилган сўзлар, қўлланилган усул ва қоидалардан фойдаланиб ёзиб Ҳорунга тақдим этган.

Абу Юсуфнинг "Китобул-хирож"и ундан кейин Яҳё ибн Одам (в.203 ҳ), Абул-Аббос ибн Муҳаммад Котиб (в.270 ҳ.), Абул-Фараж Кудома ибн Жаъфар, Наср ибн Мусо ар-Розий ал-Ҳанафий, Ҳасан ибн Зиёд томонидан ушбу номда ёзилган китоблар орасида ўзига хос аҳамиятга эга бўлиб, илмийлиги ва дақиқлиги билан улардан ажралиб туради. Унинг аҳамияти шунда эдики, биринчидан, мамлакатда давлат даромадининг асосий манбаи бўлмиш ер соликларини тизимлаштирилган услубда тартибга солишда Аббосийлар буюк империясига катта ёрдам берди, иккинчидан, молиявий соҳада давлатнинг ижроий фаолиятларини Ҳанафий мазҳаби усул ва қоидалари асосида йўлга қўйди ва шу йўсинда мазкур қоидаларни амалиётга татбиқ этиш учун шароит яратиб берди (М.Хузарийбек. "Ад-давлатул-аббосия).


Муаллиф китобнинг муқаддимасида халифага қаратиб, жумладан, бундай дейди: "Эртага тажовузкорлар йўлидан борганлар қаторида Аллоҳ ҳузурида тўхтамагин, негаки қиёмат  кунининг эгаси ўз бандаларини уларнинг манзилат ва мақомига қараб эмас, балки бажарган ишларига қараб жазолайди". "Албатта Аллоҳ сендан қандай ҳолатда бўлганинг ва қандай ишлар билан шуғулланганинг ҳақида сўрагувчидир".

"Китобул-хирож" муқаддимадан ташқари 34 фаслдан иборат бўлиб, улардан айримлари қуйидагилардан иборат:

• Ўлжаларни бўлиб бериш ҳақида.

• Файъ ва хирож ҳақида.

• Савод (Ироқ) диёрида амал қилинганлар ҳақида.        

• Шом ва ал-Жазирада амал қилинганлар ҳақида.

• Савод ҳудудида амалга оширилиши зарур бўлган (қоидалар) ҳақида.

• Қатиъалар (инъом қилинган ерлар) ҳақида.

• Ўз ерлари ва моллари устида ислом келтирган дорулҳарб ва чўлда яшовчи қавмлар ҳақида.

• Тинчлик ва уруш ҳолатида ўлик ерлар (ўзлаштирилмаган  ерлар) ҳақида.

• Ушр ерлари билан хирож ерларининг фарқи ҳақида.

• Денгиздан чиқариладиган нарсалар (солиғи) ҳақида.

• Асал, ёнғоқ ва бодом ҳақида.

• Нажрон ва унинг аҳолиси ҳақида.

• Садақалар (закот) ҳақида.

• Хирож солиғининг кўпайиши ва озайиши ҳақида.          

• Хирож волиси ҳақида.

• Қалъаларда балиқ сотиш ҳақида.

• Дажла ва Фурот дарёларидаги ороллар ҳақида.

• Коризлар (каналлар), қудуқлар, анҳорлар ва ҳақобалар ҳақида.

• Яйловлар ва ўтлоқлар ҳақида.

• Бани Тағлаб насронийлари ва бошқа зиммийлар ҳақида.          

• Жизя тўловчилар ҳақида.

• Мажуслар, бутпарастлар ва муртадлар ҳақида.          

• Ушр солиғи ҳақида.

• Канисалар, черковлар ва хочлар (салиблар) ҳақида.

• Ислом (ўлкаси) чегараларини босиб ўтган аҳли ҳарб ва тутиб олинган жосуслар ҳақида.

• Мушриклар, боғийлар ва улар билан даъват ишларини олиб бориш ҳақида.


Абу Юсуф ушбу китобни ёзишда 533 ҳадис ва асардан фойдаланган.


 "Китобул-осор"


Ушбу китобни Юсуф ўз отаси Абу Юсуфдан ва у Абу Ҳанифадан ривоят қилган бўлиб, фиқҳий асосда тартибга солинган. Ушбу китоб асосан Абу Ҳанифанинг таълимоти ва ҳуқуқий истидлолига таяниб ёзилган ва катта фиқҳий аҳамиятга эга.


 "Ар-радду ало Сиярил-Авзоъий"



(Авзоъийнинг ас-Сияр китобига раддия). Ушбу китобда уруш, сулҳ, паноҳ бериш ва ўлжаларга тегишли бўлган масалалар бўйича Абу Ҳанифа билан Авзоъий орасида юз берган ихтилофлар очиб берилиб, Абу Ҳанифанинг кучли ақлий истидлоллари ёритиб ўтилади ва ҳар бир масала кўп томонлама очилиб, унинг нақлий ва ақлий далиллари изоҳлаб берилади.


"Абу Ҳанифа ва Ибн Абилайло орасидаги ихтилофлар"


"Абу Ҳанифа ва Ибн Абилайло орасидаги ихтилофлар" номли китобида Абу Юсуф раъй ва қиёс вакиллари бўлмиш икки буюк фақиҳнинг фиқҳий қарашлари орасида мавжуд бўлган ихтилофларни кўрсатиб ўтиб, уларнинг ҳар бирини таҳлил қилиб, далилларини ёритиб беради.


Шаръий Жўзжоний



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Абдуллоҳ ибн Можа Робиий алҚазвиний ҳижратнинг 209 йили Ироқ шаҳарларидан бири ndash Қазвинда таваллуд топдилар. Оталари .Робиа, давоми...

3507 21:57 / 27.04.2017
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ушбу дуони ўргатганлар Аллоҳим Мен Сендан ҳар турли хайрни, тез давоми...

3860 22:18 / 27.04.2017
Бир куни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурларига бир одам келиб, .Ҳазрат, ўғлимга сизнинг исмингизни қўйдим, сизга ўхшаган инсон давоми...

3535 13:49 / 23 январь
Ислом оламидаги буюк шахсиятлардан бири, Усмонийларнинг энг сўнги муфтийси, илм борасида, таҳқиқ майдонида замонасининг етук имоми бўлган Муҳаммад Зоҳид давоми...

2003 11:00 / 09.09.2022
Аудиолар

137266 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7535 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57340 14:35 / 11.08.2021