1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган...

20:09 / 27.04.2016 4577 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: Мен 29 ёшимдан бошлаб намоз ўқишни бошладим. Ўн йиллик намозим қазо бўлган. Қазо намозларини қандай адо этай?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Қазо намоз тўғрисидаги масалалар бугунги кунимизда энг долзарб масалалардан бири саналади. Мўмин-мусулмонлар ўртасида, минг афсуски бу маънода тушунмовчиликлар ҳам бор. Аввалги саволларга берган жавобларимизда ҳам қисман эслатиб ўтганмиз. Бир тоифа кишилар орасида «одам умр бўйи намоз ўқимай юрган бўлса-ю, кейин тавба қилиб тариқат шайхларидан бирига қўл бериб, мурид бўлса, аввалги ўтган намозларини ўқимай қўйса жоиз, улар елкасидан соқит бўлади, ўша шайхга қўл берган, тавба қилган кунидан бошлаб ўқийверади», деган мутлақо шариатга тўғри келмайдиган нотўғри фикр, тарқаб қолган. Бу гапни ҳеч ким айтмаган, ҳеч қачон айтмаган, ҳеч қаерда айтмаган, фақат минг афсуски, бизда ҳозирда шу нарса бўлиб турибди, лекин буни муолажа қилишимиз, тузатишимиз керак.
Қазо намоз ўқилади, ҳар бир ибодат ўз вақтида адо этилса, қилинса «адо» дейилади. Вақти ўтиб кетгандан кейин бажарилган ибодат «қазо» дейилади. Намоз фарз, Аллоҳнинг ҳаққи, бу ҳақни бекор қилишга ҳеч кимнинг имтиёзи йўқ. Аллоҳ таоло буюрган ибодатни ўз вақтида адо этиш лозим ва лобуд. Адо этолмай қолган инсон эса, уни қазосини бажаради.
Намознинг қазоси, «Ал қазоу кал адаи» қоидасига биноан қилинади. Намоз қазосини ўқиш худди ўз вақтида адо этиладиган намозга ўхшаш бўлади, фарз ва витр вожиб намозлари қазо қилинади. Қазо ўқимоқчи бўлган инсон ҳар бир фарз намозидан олдин, ўша намоздан олдинда қа-зосидан ҳам ўқиб борса, яъни бир кунда ўқиган намозида бир мартадан қазо ўқиса, икки кунликка ҳисобланади, икки мартадан ўқиса уч кунликка, шундай қилиб кўпайиб бораверади. Яъни ҳар фарз намозидан олдин ёки кейин қўлидан келганича қазо намозни ҳам ният қилиб ўқиб бораверса, тартибли равишда бўлади.
Ёки куннинг, кечанинг маълум бир вақтини ажратиб олиб, қаторасига аввал бомдоднинг, кейин пешиннинг қазосини, ундан кейин аср, ундан кейин шом, ундан кейин хуфтон ва витр қилиб ўқиса ҳам бўлади. Мана бу савол бераётган ўқувчимизга ўхшаб ўн йил, ундан ортиқ ёки кам муддатдаги кўплаб намозларни тарк қилган кишилар мана шуни қилиши керак.
Ҳозирда баъзи-бир инсонлар, «шунча йилдаги намозни қандай қилиб ўқиб, тугатиб бўлади» деб аввалги нотўғри йўлдаги тоифага ўхшаб, ўқимаса бўладими деган маънони ўртага ташлашади ва буни оқлаш учун турли баҳоналарни ахтаришади. Шу баҳо-налардан биттаси: «биз аввал жоҳилиятда эдик, мусулмон эмас эдик, энди мусулмон бўлдик», деган баҳо-на. Қандай тиллари боради бу гапни айтишга, инсон умуман тасаввурига ҳам сиғдира олмайди. Ундан кўра «мусулмон эдик, гуноҳкор мусулмон бўлган эдик, тарки фарз қилган мусулмон, бенамоз мусулмон бўлган эдик. Энди ўша қазо намозларни ўқиб қўяйлик деса», мана шу гўзал эмасми? Мусулмон бўлмаган бўлса, аввалда жоҳил ва кофир бўлган бўлса, мушрик бўлган бўлса, орадаги фарзандлари нима бўлди? Аёли ёки эри билан ўтказган шунча умри нима бўлади? Озми-кўпми дини-диёнати, қилган эътиқоди, баъзи бир амаллари нима бўлади?
Мана бу тарафларини ўйлаш керак, дангасалик қилиб, қазо намозидан қочиб, қандайдир шайх ва пирни сабабчи қилиш ёки ўзини кофир ва мушрик қилиб олишдан кўра, тавба қилиб қазо намозларини ўқиб боравериш керак, қабул қиладиган унинг ҳисоб-китобини олиб борадиган, Зот Аллоҳ таолонинг Ўзи.
Иккинчи бир томондан ҳисоблаш машинасини олиб, тарк қилинган йилни намозлар ададига кўпайтириб, қанчадир катта бир сонни чиқариб олгач, «ўҳ-ҳў, буни қандай адо этаман» деб, бошқа барча турмуш ҳаракатларини, ташвишларини ташлаб қўйиб, уйдан чиқмасдан намоз ўқиб ўтириш ҳаракатида юрганлар ҳам бор. Бу ҳам тўғри эмас. Қазо намози тўғрисидаги шаръий китобларимизда келган кўрсатмаларда келтирилишича, қазо бўлдими, тамом экан. Энди ўша оиласининг ташвиши, турмуш ҳаракатларию, харажатлари, бўлаётган ишлар ўз ўрнида давом этаверади, уни ташлаб қўйиш керак эмас. Бўш фурсат топганда, қазо намозини ўқиш пайида бўлади. Кучи етганича, имкони борича адо этади, қолгани Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола. Парвардигори олам ўзи фурсат бериб, қазо намозини охиригача ўқиб етказса ниҳоятда яхши! Мабодо умр қис-қалик қилибми, бошқа бир сабабданми, имкони бўлмаса, Аллоҳ таоло ўзи кечирувчи Зот. Шунинг учун қазо намозлари ҳақидаги тушунчамизни тўғрилашимиз, имкони борича уларни ўқиб боришга ҳаракат қилишимиз керак. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволАссалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Устоз, агар уйда кабутар бўлса, ёш болаларга зиён етказадиган жинлан кабутар боласи билан ўйнаб, чалғиб қайтиб давоми...

4962 12:30 / 11.07.2017
СаволАссалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Мени бир қиз ўртоғим бор. У қиз ғайри дин ва ғайри миллат вакили. Ҳозирда у қиз бир ўзбек йигитини ёқтириб қолган ва давоми...

6249 09:25 / 23.01.2018
СаволБисмиллаҳ.ҳурматли ХазратБомдод намозини ўқиб, қуёш чиққандан кейин қанча вақт ўтказиб ухлаш мақулАллоҳ Сиздан тоабад рози бўлсинЖавобШайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Қуёш чиққандан кейин ухлайверади.

5590 08:00 / 09.01.2018
САВОЛ Қуръонда .Искандар Зулқарнайн қурдирган девор қиёматдан олдин чиқади, дейишади. Ўша девор қаерда Буни ҳозир билиш мумкинмиЖАВОБ Бисмиллаҳир роҳманир давоми...

4311 20:04 / 27.04.2016
Аудиолар

213525 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132735 14:35 / 11.08.2021