1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

«Таносухул арвоҳ»

21:47 / 25.04.2016 3491 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ассалому алайкум шайх ҳазратлари! Сизга савол бериш бахтига муяссар этган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Ҳиндуизм ва буддизм дийнларида инсон руҳи дунёга қайта туғилиши ҳақида кўп ёзилган. Айтишларича, Исломдаги баъзи мазҳаблар ҳам қайта туғилишни тан олишар экан. Лекин мен Ислом дийни деганда Қуръон ва ҳадисни тушунаман. Инсон руҳи дунёга қайта туғилишини  аниқ инкор этувчи оят ва ҳадислар борми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Мазкур тушунчани «Таносухул арвоҳ» дейилади. Яъни, руҳлар бир нарсадан бошқа нарсага кўчиб юради. Қуръони Карим ва ҳадисда сиз айтиб ўтган бу тушунча умуман, эътиборга олинмайди.

Аллоҳ таоло руҳ ҳақида Қуръони Каримда марҳамат қилади:

«Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт».

Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши сабаби ҳақида икки ривоят келтирилади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, имом Насаий, Ҳоким ва Ибн Ҳиббон каби муҳаддислар ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Қурайшликлар яҳудийларга: 

«Бизга бир нарса ўргатинг, манави одамдан сўрайлик», дейишди. Улар: 

«Руҳ ҳақида сўранглар», дедилар. Шунда қурайшликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрадилар. Бу сўровга жавобан: «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар», ояти нозил бўлди».

Имом Бухорий ва имом Муслим ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда эса, қуйидагилар айтилади:

«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадийна кўчаларидан бирида борар эдим. У киши бир шохга таяниб олган эдилар. Шу пайт бир гуруҳ яҳудийлар дуч келдилар. Улар бир-бирларига: «Бундан руҳ ҳақида сўранглар», дедилар. Улардан баъзилари ўринларидан туриб келиб руҳ ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бермай, жим туриб қолдилар. Мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келаётганини дарҳол сездим. Турган жойимда кутдим. Ваҳий нузули тўхтагандан сўнг, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар», оятини тиловат қилдилар».

Шунинг учун ҳам, тафсирчи уламоларимиз, ушбу ояти карима икки марта, яъни, Маккада бир, Мадийнада бир нозил бўлган, дейдилар.

Шу масалада келган бошқа ривоятларга кўра, яҳудийлар руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳдан бошқа ҳеч ким жавоб бера олмаслигини аввалдан билганлар. Тавротда шу ҳақда маълумот бўлган. Улар қу-райшликларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрашни ўргатишлари билан баробар, агар жавоб берса, Пайғамбар эмас, жавоб бермаса, ҳақиқий Пайғамбар бўлади, дейишган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий Пайғамбар бўлганлари учун ҳам, руҳ ва унинг моҳияти ҳақидаги саволларга жавоб бермадилар. Аллоҳ таоло берган жавобни уларга ўқиб бердилар. Бу жавоб:

«Руҳ Роббимнинг ишидир», дейишлик эди. Руҳ, унинг моҳияти ва унга тегишли бошқа нарсалар Аллоҳнинг иши, банданинг иши эмас. Банда қанчалик мақтанмасин, илми оздир:

«Сизга жуда оз илм берилгандир».

Банданинг ана шу оз илм билан гердайиши ҳам оламни олади. Аслида эса, ўз идроки етадиган, ўзига фойда келтирадиган нарсаларни билдирган Аллоҳга шукр этиб, қолганини Аллоҳга ҳавола қилиши керак эди. Инсоннинг ҳамма нарсаси чеклангандир. Жумладан, ақли, идроки ҳам маҳдуддир. У ақли, идроки доирасидаги ишлар ила шуғулланиб, ундан ташқаридаги нарсалар хусусида беҳуда бош қотирмаслиги керак. Булар қаторига руҳ масаласи ҳам киради. Ҳозиргача инсоннинг руҳ ҳақида бирор нарса билиш учун қилган барча ҳаракатлари беҳуда кетди. Руҳ ҳақида ҳеч нарса била олмади. Инсон руҳ ҳақида билган бирдан-бир нарса Аллоҳ юборган ваҳий, холос.

Ана ўша Аллоҳ юборган ваҳий асосида ақоид китобларимизда руҳ ҳақида қуйидагилар айтилади. 


Оламлар руҳларини олишга вакил қилган ўлим фариштасига иймон келтирамиз. 

Далил:

1- «Сен: «Сизларни ўзингизга вакил қилинган ўлим фариштаси вафот этдиради. Сўнгра, Роббингизга қайтарилурсиз»-деб айт». (Сажда: 11) 

Жон олувчи битта фаришта бўлмагани учун бошқа оятда: 

2- «Фаришталар вафот этдирадилар», (Нахл: 28) дейилган. Шунингдек: 

3- «Токи, бирортангизга ўлим келганида, элчиларимиз сизни вафот этдирур. Улар камчиликка йўл қўймаслар», (Анъомсураси, 61) деган. Фариштаалар жонларни Аллоҳнинг амри ва изни билан қабз қиладиган бўлганлари учун: 

4- «Аллоҳ жонларни уларнинг ўлими пайтида вафот этдирур ва уйқусида ўлмаганларини ҳам», (Зумар: 41) деган. 

Ўлим фариштасига жонларни қабз қилиш ва чиқариб олиш топширилган. Сўнгра, уларни раҳмат фаришталари ёки азоб фаришталари қабул қилиб оладилар ва Аллоҳ таоло хоҳлаганича яхши ва ёмон жонларнинг турар жойларига олиб борадилар. Буларнинг ҳаммаси, Аллоҳнинг изни, қазои қадари, ҳукми ва амри билан бўлади. Шунинг учун ҳам, уларнинг ҳар бирига, ўз вазифасига қараб жон олишни изофа қилса-нисбат берса бўлади. 

Энди руҳ ва нафс ҳақида муҳим баҳсларни қисқагина қилиб зикр этамиз. Умид қиламизки, ушбу масалаларни билишга қизиққан одамга фойда беради.


Биринчи савол: Руҳ нима ўзи? Билинки, руҳ ҳақиқати ҳақида энг аввало идрок қилиш лозим бўлган нарса шулки, у жонли нарсаларда ҳаётнинг асосидир. Албатта, ўша жонли нарса унга руҳнинг пуфланиши билан тирик бўлади. Ундан руҳ ажраб чиқиши билан ўлик бўлади.

 Бу руҳнинг энг юқори таърифидир. Унинг чегараси эмас. Руҳ ишига чуқур назар солинганидан кейин «руҳ» сўзи икки нарсага ишлатилиши зоҳир бўлади. 

1. Қалбда (юракда) ғизоларнинг хулосасидан туғиладиган, ҳис қилувчи, ҳаракатлантирувчи, ғизонинг тадбирини қилувчи латиф буғга руҳ дейилади. Бунда барча жони бор нарсалар шерикдирлар. Яъни, бу нарса уларнинг ҳаммасида бордир. Ўша буғнинг юпқа ёки қалин, мусаффо ёки кир, бўлишига қараб жонли нарсадан турли нарсалар зоҳир бўлади. Унинг баданда бўлиши, худди атиргулдаги сув ёки кўмирдаги оловга ўхшайди. Ушбу «Буғга ҳайвоний руҳ ёки ҳавойи руҳ, дейилади. 

2. Идрок қилувчи руҳ бўлиб, уни ҳақиқий руҳ, дейилади. У эса, ҳалиги буғ ёки ҳайвоний руҳ устида бўлади. Бадан ҳавойи руҳни кўтарадиган бўлганидек, ҳавоий руҳ ҳам ҳақиқий руҳни кўтарадиган бўлади. (Ҳужжатуллоҳи ал-Болиға 2-38). 

Ушбу ҳақиқий руҳга, нафс, ҳам дейилади. Қуръон, суннат, саҳобаларнинг ижмоъи ва ақл далолат қиладики, ўша нафс-нуроний, олий, енгил, тирик, ҳаракатланувчи, бир жисм бўлиб, аъзоларнинг жавҳарига киради. Унда худди сув атиргулда юрганига ўхшаб, ёғ зайтунда юрганига ўхшаб ва олов кўмирда юрганига ўхшаб юради. Модомики, аъзолар ушбу латиф жисмдан оқиб чиққан таъсирларни қабул қилишга солиҳ экан, ўша латиф жисм уларда юриб туради. Унинг белгилари ҳис қилишни ва иродали ҳаракатни ифода қилади. Қачонки, аъзолар, уларга қўпол ахлатларнинг устун келиши сабабли мазкур таъсирларни қабул қила олмай қолса, руҳ бадандан ажраб чиқиб, руҳлар оламига қўшилади. 



РУҲНИНГ БОШҚА МАЪНОЛАРИ


1. Гоҳида Қуръонни ҳам, руҳ, деб номланади. 

«Шундоқ қилиб, Биз сенга ўз амирларимизла Руҳни ваҳий этдик». (Шуро: 52) 

2. Гоҳида Жиброил алайҳиссаломга ҳам Руҳ дейилади: 

«Уни Руҳул амийн олиб тушди». ( Шуаро: 193) 

3. Инсон баданида кириб-чиқиб турадиган ҳавога ҳам айтилади. 

4. Аллоҳнинг танишлик, Унга қайтишлик қувватига ҳам айтилади.

«Ана ўшаларнинг қалбларига иймонни ёзди ва уларни Ўзидан бўлган руҳ билан қўллади». (Мужодала: 58)


Иккинчи савол: Руҳ қадимийми ёки кейин пайдо бўлганми? 

Баъзи сўфилар ва файласуфлар, руҳ қадимийдир, деганлар. Аммо барча пайғамбарлар, руҳ кейин пайдо бўлган, халқ қилинган, ясалган, тарбияланган нарса эканига иттифоқ қилганлар. Барча динлар олам кейин пайдо бўлган нарса эканлигига иқрордирлар. Саҳобалар ва тобеъинлар ҳам ушбу ақийда ила ўтганлар. Қуръон ва суннат таълимоти шунга далаолат қилади. Аллоҳ таоло: 

«Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратувчисидир. У зот ҳар бир нарсага вакилдир», (Зумар: 39) дейди. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бўлган эди. Аллоҳ билан ҳеч нарса бўлмаган эди», деганлар.


Учинчи савол: Руҳ ўладими ёки ўлмайдими? 

Баъзи тоифалар, руҳ ўлади, деганлар. Чунки, у–нафсдир. Ҳар бир нафс эса, ўлимни татигувчидир. Шунингдек, у ер устидадир. Аллоҳ эса: «У (ер)нинг устидаги ҳар бир кимса фонийдир», (Ар-Раҳмон: 26) деган. 

Нафс - «нарса»дир. 

Аллоҳ таоло: «У зотнинг юзидан бошқа ҳар бир нарса ҳалок бўлувчидир», (Қасос: 88) деган. 

Бошқа тоифалар эса, руҳлар ўлмайди, деган. Чунки, улар боқийлик учун яратилганлар. Баданларгина ўлади. Кўпгина оят ва ҳадислар, руҳлар бадандан ажраганидан сўнг уларга яна қайтиб келгунларича роҳат ёки азобда бўлишига далолат қилган. 

Тўғриси шулки; Жасадлардан ажраб чиқиш - руҳларнинг ўлимидир. Агар ўлимдан ушбу нарса ирода қилинса, руҳлар ўлади. Агар бутунлай йўқ бўлиб кетиши ирода қилинса, унда ўлмайди. Улар боқий қоладилар. 

Далил:

«Улар у ерда биринчи ўлимдан бошқа ўлимни татимайдилар». (Духон: 56) 

Ўша ўлим руҳнинг жасаддан ажралишидир. Руҳ учун жасаддан ажрашдан бошқа ўлим йўқ.


Тўртинчи савол: «Руҳ бир нарсами ёки айри-айри икки нарсами? 

Таҳқиқ шуни кўрсатадики, руҳнинг зоти бир, эътибори иккидир. Идрок қилувчи нарсага бадандан ажраган ҳолида «руҳ», дейилади. Баданда турганида эса нафс, дейилади. Улар орасидаги фарқ шунда. Гоҳида бирининг ўрнига иккинчиси айтилаверади. Валлоҳу аълам.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум 5 маҳал намозни фақат фарзларини ўқисам бўладимиquotЗикр аҳлидан сўрангquot ҳайъати Ва алайкум ассалом Аллоҳ таоло Ўзи севган амалларни давоми...

9001 09:40 / 24.03.2019
Савол Ассаламу алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Сизни ва бошқаларни ҳурмат қилмайдиган инсонлар жаҳлимни чиқаради. Сабаби, бу сайтда quotИЗЛАШquot хизмати бор. Бу давоми...

3124 21:02 / 22.04.2016
СаволАйрим китобларни китоб дўконлардан тополмаяпман. Шу китобнинг ПДФ формати телефонимда бор. Шу китобни ўзим сотиш учун эмас компютердан чиқарсам муаллиф давоми...

3342 01:27 / 19.04.2017
Мен спортга жуда қизиқаман, кўпдан бери сузиш, енгил атлетика каби турлари билан мунтазам шуғулланаман. Мени бир савол қизиқтиради Ислом дини спортга қандай давоми...

5738 15:31 / 24.04.2016