1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

«Мукаммал саодат йўли»га кириш

23:05 / 26.04.2017 4595 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик», деган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога У Зотнинг улуғлиги ва поклигига хос ва мос ҳамду санолар ҳамда мақтов ва олқишлар бўлсин!

Оламларнинг сарвари, набийларнинг афзали, Роббидан бу дунё ва охират офиятини давомли сўраб, дуо қилиб юрган Муҳаммад Мустафога мукаммал ва давомли салавоту саломлар бўлсин!

Аммо баъд: 

Муҳтарам китобхон! Ушбу сатрлар орқали сиз билан мулоқот бошлаётганимдан ғоятда мамнунман. Сиз азизлар билан инсоннинг саодатли яшаш йўли ҳақида дилдан суҳбат қуриш истагидаман. Аллоҳ таоло ушбу бўлажак суҳбатни баракотли ва хайрли қилсин!

Ҳаммамизга маълумки, инсон зоти борки, бу дунёда бахтиёр ҳаёт кечиришни истайди. Бу хоҳиш мақтовга сазовордир. Чунки саодатли ҳаёт кечириш истаги ҳар бир инсоннинг асл ва соф табиатида бордир. Шунинг учун ҳам инсон зоти, у ким бўлишидан қатъи назар, доимо ўзига фойдали нарсаларни жалб қилиш ва зарарли нарсаларни четлаб ўтиш пайида яшайди. Айни мана шу истак ҳар бир инсон тафаккури ва уринишининг ажралмас қисмидир. Дунёда ҳеч ким бахтсиз бўлай, ёмонлик кўрай, демайди. Ҳа, ушбу истак умуминсоний истакдир. Ким бўлишидан қатъи назар, номи инсон борки, бахтиёр яшаш истаги билан биргадир.

Аммо кишилар мазкур умуминсоний орзуга эришиш – бу дунёда бахтиёр яшаш учун турли йўлларни ихтиёр қиладилар. Бу оддий ҳақиқатни тушуниб етиш учун инсонларнинг ўзлари учун танлаган ҳаёт йўлларига бир назар солишнинг ўзи кифоя. Уларнинг ҳаммаси дунёдаги барча халқларга бахтиёр ҳаётни ваъда қиладилар. Шу билан бирга, инсонларга бахт-саодат йўлини кўрсатиб беришга уринаётган кишилар ва ташкилотлар ҳам талайгина. Турли шахсларнинг, «илмий» изланиш муассасаларининг, ҳуқуқий ташкилотларнинг одамзодга бахтиёр ҳаёт, саодатли турмуш ваъда қилиб жар солаётганлари ҳам ҳеч кимга сир эмас. Албатта, ана шу бахту саодат ваъда қилаётганларга эргашаётганлар, уларнинг тавсия ва кўрсатмаларига ихлос билан амал қилаётганлар ҳам оз эмас. 

Бахтиёр ҳаёт борасидаги бу вазият камина ходимингизни анча йиллардан буён ўйлантириб келар эди. Баъзи одамларнинг ўз ҳаётида муваффақиятга эришиш мақсадида Д.Карнегининг китобини диққат билан ўқиб, унга ихлос билан амал қилишлари ҳақида ҳам билиб юрар эдим. Танишларнинг биридан одамларнинг қандайдир янги таълимотга ишониб, иш жойларидаги ўриндиқ ва асбобларини ана шу таълимот тавсияси асосида жойлаштириб, бахт-саодат кутиб ўтирганлари ҳақида ҳам эшитган эдим. Буларга ўхшаш таълимотлар сон-саноқсиз эканини ҳам яхши англаган эдим.

Бизни кўпроқ ташвишга солган, ўйлантирган нарса эса охирги пайтларда атрофимизда пайдо бўлган турли динлар, ҳизблар, тоифалар, йўналишлар, оқимлар ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларга одамларнинг кўр-кўрона эргашиб кетаётганлари эди. Кўпчилик кишилар керакли билим ва тушунчага эга бўлмаганликлари сабабли мазкурларга эргашиб, уларнинг айтганини қилиб, ўзлари учун бахт ахтарадилар. Бечоралар аслида ўша «етакчи»ларнинг бирортаси ҳам ҳеч кимга бирор яхшилик қила олмаслигини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Динимиз, мазҳабимиз, дунёқарашимиздан кўпларининг хабарлари ҳам йўқ. Аввал нима бўлса, бўлгандир. Аммо ҳозир ота-боболаримиз амал қилиб, бахту саодат топган ўзимизнинг динимиз, мазҳабимиз ҳамда маданиятимизни яхшироқ ўрганиш ўрнига ўзганинг дини, мазҳаби ва маданиятига кўр-кўрона эргашиб кетаверишни оқилона иш сифатида баҳолаб бўлмайди.

Ўша бошқа дин, мазҳаб, ҳизб, оқим, йўналиш ва ҳоказоларга эргашаётганлар аввал ўзларининг, ота-боболарининг тутган йўлларини яхшилаб ўрганиб чиқишса яхши бўларди. Ҳозирда кўпчиликни ташвишга солиб турган муаммолар, кўнгилсизликлар ва бахтсизликларнинг олди олинар эди. 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(мукаммал саодат йўли китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жунуб ҳолатда, яъни ғусл вожиб бўлган ҳолатда азон ва иқомат айтиш макруҳи тахримийдир. Агар бирор киши жунуб ҳолатда азон айтса, иккинчи маротаба азон айтиш давоми...

3132 14:00 / 03 март
Илмнинг даражаси буюк. Одамлар ризқ келишига сабаб бўлувчи илмларни орзу қилишади. Лекин адаштирмайдиган, ҳалолҳаромни ўргатадиган илмгина ибодатнинг асли давоми...

4270 21:39 / 19.05.2017
.Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингиз эмас. Лекин яхшилик қилувчи ndash Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган давоми...

21392 20:19 / 10.05.2018
Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ ўзининг .Тариху Бағдод, китобида келтиради.Басранинг қозиси Убайдуллоҳ ибн Ҳасан айтади .Менинг бир ажам жориям бор эди. У ниҳоятда давоми...

1761 14:00 / 13.07.2023