1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Дин борасида кўр-кўрона иш юритмаслик

23:07 / 26.04.2017 4386 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бирор нарсага қарши чиқиш ёки уни қабул қилишдан аввал ўша нарса билан танишиб чиқиш кераклиги ҳамма билган ва амал қилиб келган ҳақиқатлардан биридир. Акс ҳолда яхшиликдан бебаҳра қолиш, билмасдан, ёмонликка қўл уриб қўйиш турган гап. Шунингдек, кўр-кўрона иш юритиш сабабли яхшиликка қарши чиқиш ёки ёмонликни оқлаш ҳам содир бўлиши мумкин.

Ушбу фикрнинг тасдиғи сифатида мисол келтирайлик. АҚШлик бир черков арбоби Қуръони Карим нусхаларини намойишкорона ёқиш ниятида эканини эълон қилди. Кўпчилик ундан бу ишни қилмасликни илтимос қилишди. Аммо у ўз фикридан қайтмади. Ҳатто ўз давлатининг раҳбари ҳамда ташқи ишлар вазирининг ҳам гапи ўтмади. Шунда оддий бир имом унга «Сен Қуръони Каримни ўқиб кўрдингми?» деган саволни берди. У ўқимаганини айтди. Имом унга ўзи ўқиб ҳам кўрмаган нарсани йўқ қилиб ташлаш дуруст эмаслигини, бир ўқиб кўрса, яхши бўлишини тушунтирди. Натижада черков арбоби Қуръони Каримни куйдириш фикридан қайтди.

АҚШ конгресси аъзоси Марк Силжендернинг Исломга ва Қуръонга нисбатан адовати шу қадар кучли эдики, ҳатто 1998 йили АҚШ президенти Рамазон ойида Вашингтонда мусулмонлар вакиллари учун ифторлик ташкил қилиб, уларга Қуръони Каримни тиловат қилишга рухсат берганида «Оқ уй»га қўпол оҳангда норозилик хати йўллаган эди. Шунда унга Қуръони Каримни ўқиб, Ислом билан танишиш таклиф қилинди. Оқибатда у «Ҳалокатли англашилмовчилик» деб аталган китоб ёзиб, ҳозирги насоро оламининг Исломга бўлган салбий муносабати асосан Қуръон ҳақиқатини билмаслик натижасида келиб чиққанлигини исботлади.

Бу борада тинимсиз ўйлар, тафаккур қилар эдим. Нима учун одамлар ўзларига ўхшаган инсонларнинг «бахтли ҳаёт» ҳақидаги гапларига бунчалик қаттиқ ёпишиб оладилар? Тўғри, ҳаётий тажрибаларда уларнинг бир-бирларидан ўрнак олганлари яхши. Яхши ишларда тақлид қилиб, ёмонларидан четланганлари ҳам яхши. Аммо ўзига ўхшаган одамнинг гапини муқаддаслаштириш даражасига етиб боришдан нима фойда?

Нима учун кўпчилик одамлар кўринган дин, мазҳаб, ҳизб ёки фирқаларга эргашиб кетаверадилар? Ўшалардан «Ислом нима? Аҳли сунна вал жамоани, Ҳанафий мазҳабини биласанми?» деб сўралса, жавоб бера олмасликлари аниқ. Нима учун етти аждоди, ота-боболари юрган йўл қандай йўл эканини суриштирмайди-да, ўзига бахт-саодат топиш илинжида етти ёт бегонага эргашиб кетаверади?!

Шу ва шунга ўхшаш саволлар хаёлимдан кўтарилмас эди. Тинмай, ўзимга-ўзим «Одамларга нима бўлган ўзи?!» деган саволни берар эканман, кишиларга ушбу ҳақиқатни етказиш йўллари ҳақида ўйлар эдим.

Вақт ўтиши, илм, тажриба ортиши билан юқоридаги саволларга жавоблар ҳам топила бошлади. Одамлар бахтли ҳаётга эришиш учун йўл топишга ҳаракат қилганларида юқорида айтиб ўтилган шахслар ва муассасаларнинг тавсия, кўрсатма ва ваъдаларига дуч келадилар. Мазкур тавсия, кўрсатма ва ваъдалар жонли мисоллар ёрдамида ниҳоятда усталик билан тақдим этилган бўлади. Уларни тақдим этувчилар инсон руҳиятининг нозик жиҳатларини яхши биладилар ва одамларнинг онгига таъсир этиш усулларини ҳам сув қилиб ичиб юборган бўладилар. «Бахтиёр ҳаёт» илинжида юрган одамлар ўшандай ҳаётга йўлланма беришни даъво қилаётганларнинг китоблари номини кўришлари биланоқ ўз мақсадларига етгандек қувониб, уни сотиб олишга шошиладилар. Дарҳақиқат, китобни ўқиб, баъзи бир ўзлари учун фойдали бўлган нарсаларни топишлари ҳам бор. Аммо бу манбалар асл ҳаёт дастури бўла олмаслигини улар тушуниб етмайдилар.

У дунёю бу дунё ҳаётининг бахтли ва саодатли бўлиши учун Аллоҳ таоло томонидан инсониятга юборилган илоҳий дастур Ислом дини экани сиз билан бизга аён бўлган ҳақиқатдир. Қадимдан ота-боболаримиз иймон келтирган, эътиқод ва амал қилган ўз динимиз таълимотларининг бахтли ҳаёт дастурини излаб юрган инсонийлик йўлидаги биродарларимизга етиб бормай қолишига эса ўзимиз айбдормиз. Чунки биз бу борада одамларимизга етарли услуб, савия ва миқдорда маълумотлар тақдим қила олганимиз йўқ.

Одамларга уларнинг зеҳниятига, тафаккур услубига ва тушунчаларига қараб маълумот тақдим қилиш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Бошқалар, жумладан, инсониятга саодатли ҳаёт тавсиялари бериш бўйича мутахассис бўлганлар ҳам бу борада биздан кўра жуда илгарилаб кетганлар. Биз эса бу соҳада анча ишларни янгидан йўлга қўйишимиз керак бўлади. Баъзи кишиларимизнинг ушбу зарур ишни аллақачон бошлаб юборганлари кўнгилга таскин беради.

Бир неча йил аввал араб давлатларидан бирида Япониядаги Ислом марказида ишлайдиган икки танишим билан учрашиб қолдик. Одатдагидек, улардан олиб бораётган фаолиятлари ҳақида сўрадим. Улар ўз ишлари ҳақида шавқ-завқ билан сўзлаб бердилар. Гапларининг орасида мен учун янгилик бўлган нарсани ҳам айтиб ўтдилар. Улар менга бир варақ тутқаздилар. Унда япон ва инглиз тилларида битилган қисқа жумла, уларнинг ишхоналари жойлашган манзил ҳамда телефон рақамлари ёзилган эди. Мазкур биродарларимиз ўзлари билан учрашган, гаплашган одамларга шундай варақ беришар экан. Унда ёзилган жумланинг маъноси «Агар бошингга мушкул иш тушса ёки сиқилиб қолсанг, бизга мурожаат қил» экан. Варақ берилганларнинг кўплари уларга мурожаат қилар ва ҳузурларига келиб, аста-секин мусулмон бўлар эканлар. Мен уларнинг топқирликларига қойил қолганимни айтиб, савобли ишларида уларга муваффақият тиладим.

Хаёлимдан, дунёдаги барча бошига мушкул иш тушганларга, иши юришмай, сиқилиб юрганларга ўз муаммолари Ислом орқалигина ҳал бўлишини ва юришмай турган ишлари Исломга амал қилгандагина юришиб кетишини англата олганимизда эди, деган фикр ўтди. Шу билан бирга, кишиларнинг икки дунё саодатига эришишлари учун уларга динимиз таълимотларини етказишда топқирлик жуда ҳам зарур нарса эканига бўлган аввалги ишончим янада зиёда бўлди.

Ҳижрий 1431 йилнинг зул-қаъда, милодий 2010 йилнинг октябрь ойида «Дунё мусулмон уламолари бирлиги» ташкилоти котиблар кенгашининг Қатар давлати пойтахти Довҳа шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишида иштирок этиш жараёнида биродаримиз Али Муҳаммад Саллобийнинг бир неча китобларини совға сифатида қабул қилиб олдим. Мазкур китоблар билан танишиш давомида «Ал-ийман бил-қадар» – «Қадарга иймон» номли китобни варақлар эканман, америкалик машҳур шахслардан Дейл Карнеги ва унинг китоби ҳақидаги ёзувга кўзим тушиб қолди. Беихтиёр ўша саҳифани очиб, ўқишга тушдим. Али Муҳаммад Саллобий мазкур китобининг «Қазои қадарга бўлган иймоннинг самаралари» деб номланган бобида Дейл Карнегининг «Хавотирланишни қўй, ҳаётни бошла» деган китобидан иқтибос келтирган экан. Дейл Карнеги ҳам ўз навбатида мазкур иқтибосни француз олими ва ёзувчиси Р.В.С.Бодлининг «Саҳрои Кабир шамоли» номли китобидан олган экан. Бодли ўзининг мазкур китобидаги «Аллоҳнинг жаннатида яшадим» деган мақоласида Шимолий Африкадаги мусулмон араб қабилалари билан бирга яшаган даврида уларнинг қазо ва қадарга бўлган иймонларига қойил қолганини ёзиш билан бирга, ўзи ҳам мана шу эътиқодга амал қилиб, умри бўйи бахтли яшаб келаётгани, ундаги бу иймон барча дори-дармонлардан яхши эканини ёзган экан.

Мен ушбу маълумотларни ўқир эканман, агар Дейл Карнеги Бодлининг китобидан бошқа манбаларда ҳам динимиз таълимотларини ўқиганида, ўз асарларига албатта уларни ҳам киритар эди, деб ўйладим. Чунки Ислом динида Дейл Карнеги ва унга ўхшаб одамларга саодат йўлини баён қилиб беришга уринганларнинг ечимини излаб юрган барча саволларига тайёр жавоблар борлигида шак-шубҳа йўқ. Исломда улар истаган бу дунё ҳаётидаги саодат йўлигина эмас, балки у дунёда ҳам саодатга эришиш йўллари белгилаб қўйилган.

Ушбу китобнинг ёзилиши вақтидаги сафарларимдан бирида ёнимга бир йигит келиб ўтирди ва ўзини таништирди. Ёзган китобларим учун ташаккурлар айтди. Сўнгра ўзининг қиссасини бошлади:

«Авваллари, – деди у, – овқатланишда санчқини чап қўл билан, пичоқни ўнг қўл билан ушлаш керак, у қилиш керак, бу қилиш керак, деган гаплар мен учун сеҳрли оламга ўхшаб туюлар эди. Бунга ўхшаган гаплар менинг энг кўп ҳавас қилган нарсаларим эди. Мана шунга ўхшаш кўрсатмалар мени молу дунё муҳаббатига олиб келди. Жуда кўп мол-дунё орттирдим. Уларга ҳирс қўйдим. Катта давлатга эга бўлдим. Аммо бойлик бевафо бўлар экан, бир кунда барчасидан айрилдим. Мол-дунёга куйиб, соғлиғимни йўқотдим. Бир куни юрагим хуруж қилиб, йиқилдим ва ўн саккиз кун беҳуш ётдим. Ўзимга келганимдан кейин даволанишни бошладим. Қилмаган муолажам қолмади. Психологма-психолог югурдим. Охири Аллоҳнинг марҳамати билан ибодатни бошладим. Китобларингизни ўқишга киришдим. Ҳақиқатни тушундим. Аста-секин тузала бошладим. Агар бу илмлардан олдинроқ хабардор бўлганимда, молу дунёдан ажраганимга заррача куюнмас, Аллоҳнинг битган тақдири, деб кетаверар эканман. Шунча савдолар бошимга тушмас экан.

Ҳаммаси Аллоҳдан экан, мени Унинг Ўзи сақлади. Мана энди ҳеч нарсани кўрмагандек бўлиб, сафарга кетмоқдаман, бир дуо қилинг».

Бу йигитнинг гаплари менга ушбу китоб беҳудага ёзилмаётганини таъкидлади. Китобни тезроқ битириб, кишиларга тақдим қилишга чорлади.

Ҳозиргача ёзилган асарларимиз асосан динга эътиқод этиб, қўлидан келганича амал ҳам қилиб юрган кишиларга аталганлиги ҳаммага маълум. Уларнинг аксари намоз, рўза, закот, ҳаж ва умра каби маълум йўналиш ва мавзуларга бағишлангани ҳам аён. Аммо Ислом ҳақида тўлиқ тушунча берадиган яхлит бир асар ҳақида ўйлаб кўрмаган эканмиз. Одамларни бир нарсани тарк этишдан ёки унга киришишдан аввал уни яхшилаб ўрганиб чиқишга чақирмаган эканмиз.

Ушбу ўй ва фикрлар бир неча йиллардан буён ёзишни режалаштириб, ўйланиб юрганим бир китобни Аллоҳдан ёрдам сўраган ва У Зотнинг Ўзигагина суянган ҳолда ёзишни бошлашга туртки бўлди. Шоядки, баъзи адашиб, бошқа томонга бурилиб кетганлар ўзларига келсалар. Ўзларини билмай юрганлар эсларини танисалар. Маълум билимга эга бўлганлар эса тўлиқроқ тасаввурга эга бўлсалар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 (Мукаммал саодат йўли китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Роббимиз, бизга дунёда ҳам яхшилик, охиратда ҳам яхшилик бергин ва бизни олов азобидан сақлагин,. Бақара 201Бу дуо мусулмонларнинг дуосидир. Улар Аллоҳ давоми...

9563 17:40 / 13.07.2017
Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг китоби. Унинг таълимотлари дунё ва охират саодатига кафилдир. Ҳар бир лафзида нур бор. Унинг маъносини тушунмасдан, фақат тиловат давоми...

1141 09:03 / 07 декабрь
4569. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламshyнинг.Аллоҳ раҳматни юз қисмга бўлди. Тўқсон тўққиз қисмини ўз ҳузурида давоми...

4392 19:40 / 20.10.2017
Агар азонниг овози бир маҳалладан иккинчи маҳаллагача етиб бормаса, унда ҳар бир маҳалла аҳли учун алоҳидаалоҳида айтишлари суннати муаккададир. .Раддул давоми...

1805 09:00 / 30.06.2023