1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Сирдан ҳам махфий нарса

14:02 / 30.08.2024 2373 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Вақти-вақти билан руҳиятимизда ўзимиз ҳам тушунмайдиган ўзгаришлар содир бўлиб туради. Баъзида сабабсиз кулсак, баъзида тўсатдан ичимиздан йиғи тошиб келаверади. Хаёлларимиз тарқоқ, сўзимиз заҳарханда бўлиб, ҳаракатларимизда тажовузкорлик сезилиб қолади. Ҳиссиётларимизни идора қила олмай қолганимиздан сўнг руҳшуносга мурожаат қиламиз. Ҳа, бундай йўл тутиш бугунги кунда «урф»га айланган, десак янглишмаймиз. Хўш, мутахассислар бизга ташхисни тўғри қўя олишадими? Ўзимиз ҳам бу каби ҳиссий тушунмовчилик нима сабабдан рўй бераётганини англай оламизми? Буни қандай муолажа қиламиз?

Аллоҳ таоло Қуръонда: «...Албатта, У сирни ҳам, махфийни ҳам билгувчидир» (Тоҳа сураси, 7-оят) дея марҳамат қилади. Сир инсон ичида сақлайдиган, фақат ўзи ва Аллоҳгагина маълум воқеа ёки кечинма. Лекин ўша сирдан ҳам яширин, жасад ва руҳни кўтариб юрувчига номаълум нарсалар бўлади. Одам туғилганидан бошлаб у гувоҳ бўладиган ҳар қандай манзара онг остига оз-оздан йиғилиб боради. Баъзи хотиралар сақланиб қолса, баъзилари унутилиб кетади. Аммо булар инсон ўзи англамаган тарзда ўйларию сўзларига, ўзини тутишу хатти-ҳаракатига таъсир ўтказа бошлайди. Жиззакилик, сиқилиш, хавотир, кайфиятнинг беқарорлиги, атрофдагилар дилини оғритиш ҳолатлари кузатилавергач, инсон соғлигимда бирор муаммо бормикан деган ташвишда мутахассисга мурожаат қилади. Руҳшунос билан суҳбат давомида, ўзи ҳақида кўпроқ нарса кашф қилади, аниқроқ қилиб айтганда, шифокор мижоз билан ишлаш жараёнида у сабабини тополмаётган тугунлардан баъзиларини ечиб беради.

Юқоридаги оятда Аллоҳ таоло бизга маълум ва номаълум сирларнинг барчасидан воқиф экани зикр қилинмоқда. Ҳатто руҳшунос ҳам онг остидаги хотираларнинг айрим парчаларини ўргана олади холос. Инсон ўзидаги бу ҳолатлар ҳақида қисман билиши, иллатларни муолажа қилиши, руҳий ҳолати барқарорлашишига эришиши мумкин. Банда Аллоҳни танигани сари Алийму Хобийр Зот унга ўзини, ички дунёсини англаш йўлларини бирма-бир очиб қўяди. Инсон ўзидаги яширин сирлардан хабардор бўлгани сайин ҳам руҳий, ҳам жисмоний саломатлиги яхшиланиб боради. У ўзида мавжуд иллатларни кўра бошлайди, ҳиссий босимларга қарши иммунитет ҳосил қилади. Зеро, улуғларимиз: «Мавлосини таниган киши ҳақиқатдан ҳам ўзини танийди», деб бежизга айтишмаган.

Яратганни танишга Уни кўп зикр қилиш орқали эришилинади. Бунинг учун эса Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини, баркамол сифатларини яхшилаб ўрганиш керак. Бу билан инсон Аллоҳга боғланади, Асмои ҳуснонинг борлиқдаги тажаллийсини кўриб, тафаккур қила бошлайди. Шундан сўнг ҳаётидаги синов ва мушкулотларни ортиқча стрессларсиз енгил қабул қилишни бошлайди, атрофдагилар билан, ҳатто ўзи билан муносабати яхшиланади.

Аксинча Аллоҳ таоло: «Аллоҳни унутганларга ўхшаган бўлманглар. У зот уларга ўз шахсларини унуттирди. Ундоқ кишилар фосиқдирлар» (Ҳашр сураси, 19-оят) дейди. Яъни кимдир Аллоҳни унутса, Аллоҳ ўша инсоннинг ўзлигини ва ўзи ҳақидаги ҳақиқатни унуттиради. Ўзимизни танимаяпмизми? Аллоҳ билан алоқамизга боқайлик. Яратган Эгамизни таний бошласаккина, ўзимизни таниймиз, иншааллоҳ.

Мадинабону Комилжонова тайёрлади

 

Мавзуга оид мақолалар
Кундалик ҳаётимиздаги ўзаро муносабатларнинг бир қисми пул, молиявий олдибердилар билан боғлиқ. Инсон қайси соҳада фаолият юритмасин бевосита бу жараёнда давоми...

3077 14:20 / 09 январь
Маҳрамлар ўртасида саломлашиш билиттифоқ жоиз, балки лозим. Бунда ҳам юқорида ўтган тартибга риоя қилинади ўғил онага, жиян холага, аммага, ука опага салом беради. давоми...

15223 16:00 / 07.03.2023
Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва албатта, у чин дилдан қўрқувчилардан бошқаларга жуда катта ишдир.Биз .ёрдам сўранг, деб таржима қилган ибора араб тилида давоми...

4733 02:16 / 28.04.2018
Ёрқинжон қори Фозилов раҳимаҳуллоҳ суҳбатларидан Мавлоно Румий .Маснавийи маънавий, асарларида Ҳиндистонни фатҳ қилган Ғазнавийлар салтанати ҳукмдори Маҳмуд давоми...

3620 10:00 / 08.06.2023
Аудиолар

211104 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130363 14:35 / 11.08.2021