1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўзаи рамазон (Янги ойни кўриш ва рўзани бошлаш)

05:00 / 13.01.2017 6812 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Янги ойни кўриш ва рўзани бошлаш


САВОЛ: Мусулмонлар Рамазон рўзасини янги ойни кўриб тутадилар. Янги ойни, ҳилолни кўришнинг нима ҳикмати бор?

ЖАВОБ: Мусулмонларнинг оммавий қиладиган бундай ишлари беҳикмат эмас, албатта. Рамазон рўзасинигина янги ойни кўриб бошламайдилар, балки, уни тугатишда ҳам янги ойни кўрадилар, Зулҳижжа ойини бошлашда ва шу тариқа қурбон ҳайити кунини белгилашда ҳам шу йўлни тутадилар. Бундай қилишнинг ўзига хос бир неча сабаблари бор. Улардан асосан учтасини келтирамиз:

1.Ой борлиқдаги энг катта аломатдир. Бундай катта аломатни кўриб ишларимизни белгилаб олишимизда мусулмонларда ҳар бир нарса очиқ-ойдин бўлишини, ҳеч ким ҳеч нарса ўзгартира олмаслигини таъминлайди. 

2.Ой ҳар йили ўн-ўн икки кун олдинга сурилиб келади. Бу билан ҳар ўттиз уч йилда Рамазон рўзаси йилнинг ҳамма фаслларида, барча вақтида ўтиши имконияти пайдо бўлади. Бу эса турли шароитда рўза тутишни таъминлайди.

3.Ойни кўриб рўза тутиш, уни кўриб рўзани тугатиш барча мусулмонларга бир хил ҳукм бўлиб, бу уларнинг бирдамлик, иттифоқлик рамзидир.    


САВОЛ: Қамарий ойни кўриш тариқаси қандай?

ЖАВОБ: Қамарий ойни кўриш шариатнинг жуда муҳим бўлган учта рукнига тааллуқлидир: Рамазон рўзасини бошлаш ва уни тугатиш ҳамда Зулҳижжа ойининг кирганлигини, демакки ҳажнинг кунини  аниқлаш. Кейин бунинг натижасида Рамазон ва Қурбон ҳайитлари ҳам белгиланади. 

Рамазон ҳилолини кўриш вожиб амал бўлиб, “вожиби кифоя” деб аталган. Демак, ойни барча одамлар кўриши шарт эмас. Акс ҳолда кўрларга рўза фарз бўлмай қолар эди. Шунинг учун ишончли одамларнинг кўрганлиги ёки раҳбариятнинг шаръий гувоҳликларни қабул қилганликлари сабабли қилган эълони билан бошқалар рўза тутишни ва тугатишни адо қиладилар. Лекин, ҳеч ким янги ойни кўрмасдан тахминан ёки ҳисоб-китобларга суянган ҳолда рўзани бошлаб юборсалар ва уни тугатсалар, вожибни тарк қилганлар сифатида  ҳамма гуноҳкор бўлади. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадиси шарифларнинг далолат қилишича, Шаъбон ойининг ўттизинчи кечасида, яъни, йигирма тўққизинчи куни кечқурун (рўзани бошлаш учун) қуёш ботгандан сўнг ишончли битта одамнинг, Рамазоннинг ўттизинчи кечасида, яъни, рўза бошланганига ўттиз кун бўлгандан кейинги кечқурун эса (ҳайит учун) ишончли иккита одамнинг янги ҳилол ойини кўриши лозим бўлади. 

Бизнинг Ҳанафий мазҳаби фақиҳларининг таҳқиқотларига биноан Шаъбон ойининг охирги кечасида Рамазон ҳилолини кўришдаги битта ишончли одамнинг кўрганлиги булутли кунда қабул қилиниши қайд қилинади. Ҳаво очиқ кунда эса ҳилолни кўп одамлар кўриши лозим. Бу “Мухтасар ул-Виқоя”да алоҳида таъкидланган. Баъзи фиқҳий асарларимизда ҳаво очиқ кунда Рамазон ҳилолини қусома, яъни элликдан зиёд одам кўриши кераклиги айтилган. Ҳайит учун ой кўрилганда иккита ишончли одамнинг кўрганлиги, агар Рамазон ўттиз кун тутилган бўлса, булутли ёки булутсиз кунларда иккита ишончли одамнинг гувоҳлиги қабул қилинади. Чунки, Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Дорақутнийлар ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундоқ демишлар:

ان شهد شاهدان مسلمان فصوموا وأفطروا

“Агар иккита мусулмон гувоҳ (ой кўрганлигига) гувоҳлик берсалар, бас, рўза тутинг ва рўзани очинг!”.

Яна шуни билмоқ керакки, ана шу ҳилолни кўрганлар қози олдига келиб, шаръий гувоҳлик лафзлари билан гувоҳлик беришлари шартдир. (Шаҳодат лафзини шарт эмас, деган олимлар ҳам бор). Шундагина қози ёки муфтий Рамазон бошланганини ёки тугаганлигини эълон қилади. 

Бир қишлоқда қози ёки волий йўқ, ахборот оладиган манбалари ҳам йўқ бўлса, ўша қишлоқ аҳли бир одамнинг ҳилолни кўрганлиги ҳақидаги (масжидда қилган) гувоҳлиги билан рўзани бошлайверадилар. (“Фатовойи Сирожиййа”).

Янги ҳилолни бир лаҳза кўрмоқ кифоя қилади. Қуёш ботгандан сўнг йигирма дақиқа ёки ундан кўп ва оз муддат янги ой кўриниб туради. Шу муддатда ҳилолни бир марта кўриб қолиш кифоя қилади. Зотан, ҳадиси шарифларда кўриб туриш муддати қайд этилмаган.

Бир-икки одам Рамазон ҳилолини кўрса-ю, унинг гапига қози ва бошқалар (гувоҳлик бериш шартлари бўлмагани, топилмагани учун, албатта) ишонмаса, қабул қилмаса ҳам у рўза тутади. Агар Рамазон ойи тугаб, Шаввол ойининг ҳилолини шу бир-икки одам кўрсаю, унинг гапини яна қабул қилмасалар, у рўзани очиб юбормайди. Бу икки суратда ҳам рўзани очиб юборса, қазо тутади, каффорат лозим эмас .


САВОЛ: Янги ҳилолни кўрган одам нима қилиши керак?

ЖАВОБ: Янги ҳилолни кўрган одам тонг отишидан аввал одамларга хабар етказмоғи вожиб бўлади.

Ҳилолни кўрганда қўли, бармоғи билан кўрсатмаслик керак. Буни фуқаҳоларимиз макруҳ, дейишган. Уни кўрганда айтиладиган бир қанча дуолар мавжуд. Улардан хоҳлаганини айтиб, дуо қилиши мумкин. Биз бу ерда иккитасини келтирамиз. 

Уббода ибн Сомит разийаллоҳу анҳу ривоятида Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам янги ҳилолни кўрганларида бундоқ деб дуо қилган эканлар:

اللّه أكبر ، الحمد للّه ، لا حول ولا قوّة إلاّ باللّه ، اللّهمّ إنّي أسألك خير هذا الشّهر ، وأعوذ بك من شرّ القدر ، ومن سوء الحشر

“Аллоҳу акбар. Алҳамдулиллоҳ. Ло ҳавла ва ло қуввата илло биллоҳ. Эй Аллоҳим, албатта мен сендан бу ойнинг яхшилигини сўрайман. Сендан тақдирнинг ва маҳшар кунининг ёмонлигидан паноҳ сўрайман!”. 

Ибн Умар разийаллоҳу анҳу ривоятида эса Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам янги ҳилолни кўрганларида бундоқ деб дуо қилган эканлар:

اللّهمّ أهلّه علينا بالأمن والإيمان ، والسّلامة والإسلام والتّوفيق لما تحبّ وترضى ، ربّنا وربّك اللّه

“Эй Аллоҳим, бизларга бу ҳилолни Ўзинг рози бўладиган ва севадиган омонлик, имон, саломатлик, ислом ва тавфиқ қилиб бергин! Эй Ҳилол, бизнинг ҳам Роббимиз, сенинг ҳам Роббинг Аллоҳдир!”. 

Ҳилолни дурбин ва шунга ўхшаш узоқни яқин қилиб кўрсатадиган асбоблар билан ҳам кўриш мумкин.

Янги ҳилолни кўрган одам дин раҳбарига хабар етказишни Шамс ул-аимма ал-Ҳалвоий фарзлар жумласидан, дебди . “Мен гувоҳлик бериб айтаманки, янги ҳилолни кўрдим” каби лафз билан янги ойни кўрганига гувоҳлик беради ва ўзи қози (дин раҳбари) гапини қабул қилса ҳам, қилмаса ҳам рўзасини бошлайверади, лекин бошқаларга рўза тутишни буюра олмайди. Шавволнинг янги ҳилолини ўз кўзи билан кўриб, қозига айтганида, қози сўзини қабул қилмаса, рўзасини очиб юбора олмайди: ўша куни мазҳабимиз уламоларидан Муҳаммад ибн Салама фатвосига кўра кечгача еб-ича олмайди, ҳамма билан биргаликда очади. Лекин ўша куни рўзани ният қилмайди .  


САВОЛ: Баъзи шаҳарларда одамлар ой кўрмасдан, аниқроғи, ой кўришга ҳаракат қилмасдан тақвимлар билан кифояланиб қоладилар? Бунинг ҳукми қандай?

ЖАВОБ: Аслида, тақвимлар шариат ҳукмлари ва амалларини белгилаб бераолмайди. Уларга қарабгина Рамазон рўзасини бошлаш ёки ҳайит кунларини белгилаш шаръий эмас, албатта. Чунки Ислом Пайғамбарининг ўзлари мусулмонларни ҳилолни кўриб рўзани бошлашга, ойни кўриб рўзани тугатишга буюрганлар. Агар ҳаво булутли бўлиб қолганда, саноқни, яъни ой ҳисобини ўттизга тўлдиришга амр қилганлар. Буни Имом Бухорий ҳазратлари ҳам саҳобий Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса мана бундай деб буюрилади:

لا تصوموا حتّى تروا الهلال ، ولا تفطروا حتّى تروه فإن غمّ عليكم فاقدروا له  

“Янги ойни кўргунча рўза тутманглар, янги ойни кўргунча рўзани очманглар. Бас, агар сизларга (само) булутли бўлиб қолса, унда ойнинг ҳисобини қилинглар!”.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Шаъбон ойининг охирги кечасида Рамазон ҳилолини ҳаво очиқ бўлганида ҳам ҳеч ким кўрмаса, уни ўттиз кунга тўлдирилади. Бу мазҳабимиз китобларида алоҳида таъкидланган. Янги ҳилолни кўриш ҳаммага вожиб эмас. Бир шаҳар аҳли янги ҳилолни кўриб рўзани бошласалар ва янги ҳилолни кўрганликларини эълон қилган бўлсалар, янги ҳилолни кўрмаган шаҳар ва қишлоқ аҳли ҳам рўзани бошлайверадилар.

Демак, янги ойни кўриб рўзани бошлаш, янги ойни кўриб рўзани тугатиш мусулмонларга вожибдир. Бунга тўрт мазҳаб уламолари иттифоқ қилганлар.

Ойнинг бошланишини булутли кунларда илми нужум-фалакиёт илми билан белгилаб олиш битта Мутарраф ибн Абдуллоҳ деган тобиъий томонидан айтилган бўлиб, ана шу даврдан бери бу масъала баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келмоқда.

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларидан бири “Дурр ул-мухтор”да бу масъала алоҳида зикр этилган. Ушбу асарда “Вақтни олдиндан белгиловчиларнинг гапларига эътибор йўқ, гарчи мазҳабга мувофиқ бўлса ҳам”, дейилади. “Наҳр ул-фоиқ”да эса ҳилолни кўрмагунча вақтни аввалдан белгиловчиларнинг гапи билан рўза лозим келмайди, дейилади. 

Аммо, шуни билиб қўйиш керакки, шофиъий мазҳабининг улуғ фақиҳларидан бири Имом Тақий уд-дин ас-Субкий мунажжим (астраном) ва вақтни олдиндан белгиловчиларнинг гапларига рўзани бошлашда эътимод қилиш жоиздир, деган. Чунки, уларнинг ҳисоб-китоби қатъийдир. Бунга шофиъий мазҳабидан Имом аз-Заркаший, ундан олдинроқ эса Ибн Сурайж, Моликийлардан эса Қаррофий ҳам қўшилган. Муҳаддислардан Ибн Қутайба ҳам шу фикрда бўлган. Бироқ, уларнинг мазҳабидан яна бир улуғ фақиҳ Шамсиддин ар-Рамлий бу икки зотнинг гапларини рад қилади. Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий ҳам унга қўшилади. Шунингдек, шофиъийларнинг мутааххирийн уламолари, яъни кейинги давр уламоларининг кўпчилиги ас-Субкий ва аз-Заркашийнинг қавлларини рад қилганлар. Ибн Сурайж ва Қаррофийнинг гаплари эса ойнинг манзилларини тўғри билиб олиш лозимлигини англатади, деган маънода тушинтирганлар. 

Шунинг учун ҳам бизнинг мазҳабимизнинг мўътабар китобларидан бўлмиш “Миърож уд-дироя шарҳ ал-Ҳидоя”да мунажжим ва олдиндан ҳисоб-китобни белгиловчиларнинг гапларига ижмоъга кўра эътибор қилинмайди, мунажжим (астраном) ва аввалдан вақтни белгилаб олган одам ўзининг ҳисоб-китобига кўра рўзани бошлаши ёки тугатиши жоиз эмас, дейилган.

Ҳанафий мазҳабининг улуғ имомларидан бири, ўз даврининг мужаддиди деб васф қилинган зот Аллома Алий ал-қори “Мирқот ал-мафотиҳ”да бу борада гапни жуда узайтириб, муфассал изоҳлайди ва рўзани аввалдан бошланиш ва тугалланишини ҳисоб-китоб қилувчиларнинг гапига эътибор йўқ, дейди. Кейин, яна ул зот мана буларни ёзади: “Балки, мен айтаманки, агар мунажжим (астраном) Рамазон ҳилолини кўрмасдан туриб, ўзининг илм-маърифатигагина суяниб рўза тутишни бошласа, осий бўлади, рўзаси рўза ҳисобланмайди. Фақат ҳилол ўша вақтда аниқ кўринган бўлсагина, рўзаси рўза бўлади. Агар ўзининг мана шундай бузуқ гумонига суяниб, ийди фитр қилса, (яъни, рўзани очиб юборса), фосиқ бўлади ва “Ҳува-с-саҳиҳ!” мўъламалик фатвога кўра унга каффорат вожиб бўлади. Агар шу куни рўзани очиб юришни, ҳайит қилишни ҳалол санаса, кофир бўлади!”.    

Аммо, тақвимларга қараб, унда кўрсатилган кунларда янги ойни кўришга ҳаракат қилишнинг авло ва аъло эканлигига шак-шубҳа йўқ!

Бирор юрт аҳли рўзани янги ҳилолни кўрмасдан тутган бўлса-ю, бошқа юрт аҳли рўзани янги ҳололни кўриб, қозиси эълон қилиб рўзани бошлашган бўлса ва, ниҳоят, тақвим билан рўза тутганларнинг рўзаси йигирма тўққиз кун бўлиб қолса, одамлар рўза ўтганидан сўнг бир кун қазо тутиб берадилар. (“Бадойеъ ус-санойиъ”).


САВОЛ: Рамазоннинг бошланиш кунини аввалдан билишнинг тақвимдан бошқа усуллари ҳам борми?

ЖАВОБ: Албатта бор. Булар ишончли одамларнинг тажрибаларидан ва уларнинг кузатувларидан ўтган ҳолатлардир. Аммо булар, шаръий бўла олмайди. Яъни, бу дегани, агар янги ҳилол ўша кунига тўғри келса, тақвим, тажриба ва кузатувлар эътиборга олинади. Бироқ, ўша куни янги ой кўринмаса, рўза бошланмайди ёки тугатилмайди. Буни яхши билиш даркор.

Баъзи одамлар “Эҳжаз дабуд” дейиладиган ҳисоб-китобли жадвалдан фойдаланадилар. Бунинг турли шаклда ифодаланганлари бор. Улардаги ҳисоб-китобларни тўғри ҳал қилинса, шунга мувофиқ кўрсатилган жадвалда ҳафта кунлари ёзилган бўлади. Шу ҳафта куни чиққан ҳисобга тўғри келса, ойнинг боши ўша кун бўлади, дейилади.

Баъзи одамлар эса Ражаб ойининг тўртинчи куни ҳафтанинг қайси кунига тўғри келса, Рамазоннинг биринчи куни ҳам ҳафтанинг ўша кунига тўғри келади, дейишади. Баъзилар Ражабнинг учинчи кунига Рамазоннинг биринчи куни тўғри келади, дейди. Жумладан, Умдат ул-мутааххирийн Абулҳасанот Абдулҳайй ал-Лакнавий ҳам уни тажрибада кўрганлигини ёзиб қолдирган.

“Фатовойи Баззозиййа”да масалан Рамазон пайшанба куни келса, Қурбон ҳайити ўша куни келмайди, модомики аниқ исботи бўлмаса, дейилган. Ҳолбуки, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан нақл қилинганки, Рамазоннинг биринчи куни Қурбон ҳайитига тўғри келади. Ушбу нақлни Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси дейиш мумкин эмас, чунки, Мавлоно Алий ул-қори уни мавзуъ (тўқима) деган ва Ҳазрати Алининг гапи бўлиши мумкин, деган. Аслида, юқорида айтганимиздек, бу гап шариатга асос бўлмайди, балки аксар вақт тажрибада шундоқ кўрилганлигини билдиради, холос.

“Нузҳат ул-мажолис” китобида Имом ал-Қазвинийнинг “Ажойиб ул-махлуқот” асаридан нақл қилинганки, Жаъфари Содиқ раҳимаҳуллоҳ айтган эканлар: “Ўтган Рамазоннинг бешинчи куни ҳафтанинг қайси кунига тўғри келса, келаси Рамазоннинг биринчи куни ҳам ҳафтанинг шу кунига тўғри келади. Буни эллик йил имтиҳон ва тажриба қилиб, шундоқ бўлишини топганлар”. Мавлоно Абдулҳайй ал-Лакнавий ҳам уни ўн икки йил тажриба қилиб ростлигини исбот қилган бўлса-да, унга куллий эътимод қилмаслигини, балки бир тажриба ўлароқ эътибор беришини таъкидлаган. Яъни, ҳилолнинг кўриниши унга тўғри келмаса, бу тажриба эътибордан соқит бўлиб қолаверади. 


САВОЛ: Ҳар йили Рамазоннинг бошланиши исломий давлатларда ҳар хил кунларга тўғри келаётгани сир эмас. Битта давлатда кўрилган янги ой Ислом давлатларининг ҳаммасига Рамазонни бошлашга кифоя қилмайдими?

ЖАВОБ: Авваллари ҳам, бугунги кунда ҳам янги ойни кўриш масъаласи уламолар орасида ихтилофли масъалалар жумласидандир. 

Кўпчилик уламоларнинг қараши бундай: бир маконда Рамазон ҳилолини шаръий йўл билан (яъни, ишончли одамнинг кўриши билан) дунёдаги жами мусулмонларга рўза лозим, шу хилда Шаввол ойи ҳилоли кўрилганда мусулмонлар рўзани тўхтатиши ҳам лозим. Бу қавл Аҳмад ибн Ҳанбал мазҳабининг машҳур ривоятларидандир. Бошқа мазҳаб уламолари ҳам иттифоқ билан шунга қўшилганлар. Бизнинг зоҳири мазҳабимиз қавли ҳам шудир. “Радд ул-муҳтор”да мана шу қавлга фатво берилган. “Фатовойи Қозийхон”да айтилишича, мазҳабимизнинг зоҳири ривоятига кўра ойнинг турли фойларда ҳар хил вақтда кўринишига эътибор йўқ. “Хулосат ал-фатово”да шунга фатво берилган. Абул Лайс асСамарқандий ва Шамс улаимма алҲалвоий шунга фатво бериб, мағриб аҳли Рамазон ҳилолини кўрсалар, машриқ аҳлига рўза тутиш вожиб бўлади, деганлар. 

Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг 

اذا رأيتموه فصوموا واذا رأيتموه فأفتروا

“Қачон ҳилолни кўрсангизлар, бас, рўза тутинглар ва қачон уни кўрсангизлар, бас, рўзани тўхтатинглар!” (Абу Ҳурайра р.а.дан Бухорий ривояти) деган умумий сўзларини далил қиладилар. 

Демак, дунёнинг қайсидир бурчагида Рамазон ҳилолини шаръий йўл ва шароитлари билан кўрсалар, дунёдаги жами мусулмонлар шунга иттифоқ қилиб, рўзани бошлашлари фарздир!

Мазкур қараш ноисломий давлатларда, руъйат ҳилолни кўриш шаръий йўллар билан, шаръий гувоҳликлар билан бўлмайдиган давлатларда яшайдиган мусулмонларга жуда қўл келади. Улар мусулмон давлатларнинг ойни кўриб тутишни бошлаганлари билан ўз рўзаларини ҳам бошлайверадилар.

Шунга кўра ўз шаҳрининг аҳли Рамазоннинг ҳилолини кўрмаса, ёки ҳаво булутли бўлса-ю, ҳилол кўринмаса, бошқа шаҳарнинг қозиси олдига икки гувоҳ келиб ҳилолни кўрганликларига гувоҳлик берсалар ва мана шу гувоҳликка яна иккита гувоҳ келиб Рамазон ҳилолини кўрмаган шаҳар аҳлининг қозиси олдида гувоҳлик берсалар, ёки ўша шаҳарда ҳилолни кўрганлик хабари оммавий эълон қилиниб, хабарлар тарқатилса, ўша қози ана ўша шаҳар билан бирга Рамазонни бошлаши лозим бўлади. 

Аммо, бу қарашга амал қилиш ўша даврлардаёқ қийин бўлганлиги сабабли қабул қилинмай келинди. Ҳатто бугунги кунда ҳам, ахборотлар тез тарқалаётган бир пайтда, бу борада давлатлараро келишувлар йўқлиги, мусулмон уламоларининг иттифоқлари мустаҳкам эмаслиги сабабли бу масъала кун тартибида фақат долзарблигича қолмоқда.

1966 йилда Қоҳирада ўтган Ислом Конфренциясида уламолар ҳилол матолиъсига эътибор йўқ, мадомики, кеча бир кунда бўладиган бўлса, деб қарор чиқарганлар. Шунга кўра араб диёрларининг ҳаммаси бир кунда рўзани бошлашга келишиб оладилар. Лекин, афсуски, бу келишувга ҳозиргача тўла амал қилинмай келмоқда. Аллоҳ таолодан бу борада ҳам ҳамма мусулмонлар бир хил фикр ва амал қилишларини таъминлашини сўраб қоламиз! 

Юқорида ўтган муаммолар ҳамда, асосийси, ойнинг турли жойларда ҳар хил вақтда чиқиши сабабли кўпчилик уламолар ой кўрилган маконда ва ой чиқиши бир хил вақтга тўғри келган маконларда ой кўрилгандан сўнг рўза бошланиши лозим, деган фикрга тўхталганлар. Бу Ибн Таймиййа бошлиқ аҳли ҳадисларнинг ҳам ихтиёр қилган қавлларидир.  Имом Шофиъий мазҳаби ҳам шудир. Икрима, Қосим ибн Муҳаммад, Солим, Исҳоқ ва Аҳнаф каби тобиъинлар ҳам шу фикрда бўлганлар. Мазҳабимизнинг кейинги уламолари ҳам шу фикрга якдиллик билан қўшилганлар. Жумладан, “Фатовойи Таторхония”да бир шаҳар аҳли ҳилолни кўрсалар, бошқа шаҳар аҳли ҳаққида ҳам рўза лозим бўладими, деган саволга жавоб берилиб, бу лозим эмас, эътиборлиси шуки, ҳар бир шаҳар аҳлига ўзларининг кўришлари мўътабардир, дейилган .

Уламоларимиз ой кўрилган маконлар аҳлигагина рўза бошланиши, ой кўрилмаган жойларда рўза ой кўрилгандан сўнг бошланиши лозимлигига далил қилиб Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Термизий ва бошқа сунан соҳибларининг (умуман, Имом Бухорий ва Ибн Можжалардан бошқа муҳаддислар жамоаси) ривоят қилган ҳадисларини келтиришади. Курайб деган тобиъийдан ривоят бўлиб, уни Умму Фазл бир иш билан Шомга жўнатган. Унинг ишини битказган Курайб айтадилар: Мен Шомга келганимда Рамазон ҳилолини кўришга ошиқдим ва жумъа куни ҳилолни кўрдим. Сўнг Рамазон ойи охирида Мадинага кириб келдим. Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу билан сўрашдим. Суҳбат асносида янги ойни кўриш эсланди ва мендан: “Ҳилолни қачон кўрдингизлар?” деб сўрадилар. Мен жумъа кўни кўрганлигимизни айтдим. Ул зот: “Ўзинг ҳам кўрдингми?”, дедилар. Мен тасдиқ жавобини бердим ва бошқа одамлар ҳам кўришганини, шу билан ҳамма, ҳатто, халифа Муовия разийаллоҳу анҳу ҳам рўза тутишни бошлаганларини  айтдим. Ул зот дедилар: “Лекин биз ҳилолни шанба кечаси кўрдик. Шундан рўза тутиб келаяпмиз, то Рамазонни ўттизга тўлдирамиз ёки Шаввол ҳилолини кўрамиз!”. Шунда мен дедим: “Сизга Муовия разийаллоҳу анҳунинг янги ойни кўргани ва унинг рўзаси кифоя қилмайдими?”. Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу дедилар: “Йўқ, (кифоя қилмайди, биз ўзимиз янги ойни кўришимиз керак бўлади), бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай буюрганлар!”.

Саҳобаларнинг улуғларидан Ибн Аббоснинг ушбу далилига суяниб, тобиъийнлардан Икрима, Қосим ибн Муҳаммад, Солим ибн Абдуллоҳ, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ каби зотлар ҳилолни бир шаҳар кўргани билан бошқа шаҳар кўрмаса, уларга рўзани бошлаш вожиб бўлмайди, деган қарашда бўлганлар. Имом ал-Ғаззолий ҳам шу фикрда бўлган.

Демак, ҳилолнинг чиқиши, кўриниши (матолиъ ал-ҳилол) ҳар хил бўлган жойларда ўша ҳилол кўринганда рўза тутиш ёки рўзани очиш лозим бўлади. Имом ал-Қудурий икки шаҳар орасида тафовут бўлгани билан ҳилол кўринишида ихтилоф-фарқ бўлмаса, улар биргаликда рўза бошлаши ва тугатиши лозим бўлади, деганлар. Шунинг учун ҳам Шамс ул-аимма ал-Ҳалвоий каби мўътамад фақиҳларимиз бу қавлни саҳиҳ деб фатво берганлар. Кейинги давр уламоларидан Имом ат-Таҳтовий “Мароқий ал-фалоҳ” ҳошиясида ҳилол чиқиб келиши фарқли бўлиши билан рўза бошланиши ёки тугалланиши ҳам фарқли бўлади, деган.

Мавлоно Алий ал-қори рўзанинг вожиб бўлиш сабаби ойнинг кириши, яъни ҳилолнинг кўринишидир, бу намозга вақт сабаб бўлганига ўхшайди, дейдилар. Бир шаҳарда қуёш ботгани билан шом намозини ўқиш бошқа шаҳардагиларга вожиб бўлмагани каби ҳилол бир шаҳарда кўрингани билан ҳилол кўринмаган бошқа шаҳардагиларга рўзани бошлаш вожиб бўлмайди.

Ҳилол кўриниши, чиқиши ихтилофли, фарқли бўлиши илми фалак ва илми ҳайъатга мувофиқ қилинади. Ҳилол кўринишининг фарқли бўлишининг энг оз масофаси 1 ойлик (900-1000 км.) йўлдир. Имом аз-Зайлаъий ҳам шунга қўшилган.

Муфтий ассақалайн, яъни инсу жиннинг муфтийси лақабини олган, эътиқод илмининг машҳур устозларидан бири Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ан-Насафий бирор шаҳар бошқа шаҳарга тобеъ бўлмаса, уларнинг янги ойни кўришлари билан рўзани бошлаб юбормайдилар, уни тугатмайдилар ҳам, деб фатво берган. Шаҳарга тобеъ шаҳарча ва қишлоқларгина уларнинг кўришини эътиборга олади. Ҳатто Абу Ҳафс ан-Насафий айтишига қараганда, 531/1137 йилда Самарқанд аҳли Самарқандда Рамазон ҳилолини душанба куни кўрибдилар ва рўзани бошлабдилар. Сўнгра бир жамоа Рамазоннинг йигирма тўққизинчи сешанба куни келиб, “Кеш (Шаҳрисабз) аҳли ҳилолни якшанба куни кўрибди, бугун Рамазоннинг охирги кунидир”, деб гувоҳлик берибдилар. Қози ҳукм қилибди, жарчи одамларга “Бугун Рамазоннинг охирги куни, эртага ҳайит” деб эълон қилибди. Кечқурун эса ҳаво очиқ бўлса ҳам, бирорта булут бўлмаса ҳам, Самарқанд аҳли ҳилолни кўрмабди. Шундай бўлса ҳам эртасига – чоршанба куни ҳайит ўқилибди. Абу Ҳафс ан-Насафий қози калоннинг тутган йўлини хато деб билади ва ўша кеча (яъни, гувоҳлар келиб гувоҳлик берган йигирма тўққизинчи кеча) таровеҳни тўхтатмасликка, чоршанба куни эса рўзани очмасликка ва ҳайит ўқиш керакмасликка фатво беради ҳамда “Тўғриси мана шу!” дейди .    

Мазҳабимизнинг муътамад фиқҳий китобларидан бири “Мухторат ан-Навозил”да келганки, бирор шаҳар аҳли Рамазон ҳилолини кўриб 29 кун тутди. Бошқа шаҳар аҳли ҳам Рамазон ҳилолини кўриб 30 кун тутди. Биринчи тутганларга, агар ораларида ҳилол кўриниши фарқли бўлмаса, бир кун қазо тутиш буюрилади. Агар ҳилол кўриниши (матолиъ ал-ҳилол) фарқли бўлса, қазо вожиб эмас. Ушбу фатво Мавлоно Абдулҳай Лакнавийнинг “Мажмуат ал-фатово”сида келтирилган.

“Фатовойи Қозийхон”да келган: Бир шаҳар аҳли Рамазон ҳилолини кўриб рўза тутишни бошладилар. Йигирма тўққиз кун рўза тутганларидан сўнг бир жамоа келиб фалон шаҳарнинг аҳли сизлардан бир кун аввал ҳилолни кўриб рўза тутмоқдалар, бугун эса Рамазоннинг ўттизинчи кунидир, деб гувоҳлик берди. Ўша кеча Шавволнинг ҳилолини осмон очиқ бўлса ҳам бу шаҳар аҳли кўрмади. Уларга эртаси рўзани очиш, тўхтатиш мубоҳ бўлмагай. Таровеҳни ҳам ўша кеча ўқийдилар”.    

Ана шу ривоятга биноан ҳар бир юрт аҳли ўзлари янги ойни кўришга ҳаракат қилмоқлари ва шунга қараб амал қилмоқлари лозим бўлади. Демак, Саудиййа Арабистони ёки бошқа исломий давлатларнинг Рамазонни бошлашлари бизнинг рўзани бошлашимиз кунига фарқ қилиши мумкин. Ҳар бир юртнинг ишончли одамлари бор, уламолари, масъуллари бор. Шу юртнинг рўзани бошлашлари ва тугатишларига улар масъулдирлар. Одамлар эса раҳбарларга, ишбошиларга итоат этиш маъносидаги ояти карима буйруғига биноан ўз юрти уламолари ва масъуллари гапига қараб амал қилишлари лозим бўлади.


САВОЛ: Рамазон рўзаси доим ўттиз кун бўладими? Ўттиз бир кун ҳам бўладими? У йигирма тўққиз кун бўлиши мумкинми? Шунингдек, Рамазон рўзаси йигирма саккиз кун ҳам бўлиб қолиши мумкинми?

ЖАВОБ: Саҳиҳ ҳадиси шарифларга ва мазҳабимизнинг мўътамад китобларига асосланиб шуни айтиш керакки, Рамазон рўзаси ўттиз бир кун ҳам бўлмайди, йигирма саккиз кун ҳам бўлмайди!

Шуни билмоқ лозимки, қамарий ойларининг бири йигирма тўққиз кундан, бири эса ўттиз кундан, шунингдек, битта ойнинг ўзи бир марта ўттиз кундан, бир марта йигирма тўққиз кундан келади. Бу ҳисобни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўргатганлар. “Биз уммий умматмиз, ёзиб ҳам билмаймиз, ой ҳисоблашни ҳам билмаймиз. Ой йигирма тўққиз кун ёки ўттиз кун бўлади” деган маънода гапириб, (Имом Бухорий ва Имом Муслим Ибн Умар р.а.дан қилган ривоятлари) ой ҳисоблашни муборак бармоқлари билан кўрсатиб берганлар.

Ой кўрадиган пайтда ҳаво булутли ёки туман бўлиб қолса, ўтган ой ўттизга тўлдириб борилаверади. Бироқ, Аллоҳнинг юритиб қўйган одати шунга жорий бўлганки, тўрт ой пайдар-пай ноқис ёки комил бўлмайди. Фақат камдан-кам ҳолатлардагина уч ой ноқис ёки мукаммал бўлиб келади. (“Мавсуъат ул-фиқҳиййа”).  

Булутли кунда, аслида йигирма тўққиз кун бўлган Шаъбон ойини ўттиз кунга тўлдириш Пайғамбаримиз томонидан буюрилган:

فان غمّ عليكم فأكملوا عِدّة شعبان ثلاثين يوما

   “Бас, агар сизларга (осмон) булутли бўлса, Шаъбон саноғини ўттиз кунга тўлдиринг!” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ой ҳисобини бошқа ойларда қилмасалар ҳам Шаъбонда алоҳида ҳисоб-китоб қилиб борар эдилар. Сўнг Рамазон ҳилолини кўриб, рўза тутар эдилар. Бас, агар ҳилолни кўриш вақти булутли бўлса, Шаъбонни ўттиз кунга ҳисоблаб, кейин рўза тутар эдилар. (Имом Абу Довуд ривояти).

Рамазон ойи эса одатда ўттиз кун келади. Бу гап, юқорида зикр этилганидек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан ҳисобга кўрадир. Зотан, ул зоти шариф яна Абу Довуд ва ан-Насоийларнинг Ҳузайфа разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида бундай деб марҳамат қилмишлар:

لا تقدموا الشهر حتى تروا الهلال او تكملوا العدة ثمّ صوموا حتى تروا الهلال او تكملوا العدة

“Рамазон ойини олдин тутворманглар, ҳатто янги ойни (Рамазон ҳилолини) кўринглар ёки (булутли кун бўлса) Шаъбон саноғини ўттизга тўлдиринглар. Сўнгра рўза тутинглар ҳатто янги ойни (Шаввол ҳилолини) кўринглар ёки Рамазон саноғини тўлдиринглар!”.

Рамазон ҳилолини кўрадиган кунда ҳаво булутли бўлиб қолса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига биноан Шаъбон ойи ўттиз кунга тўлдирилади ва Рамазон рўзаси бошланади. Шаъбон ойи ҳукмий ўттизга тўлдирилганлиги учун одатда ўттиз кун бўладиган Рамазон бир кунга қисқариши (яъни, йигирма тўққиз кун бўлиши) мумкин. Бунда Шаввол ойи ўз вақтида кўрилса шундай. Яъни, адолатли, ишончли иккита одам Шаввол ойининг ҳилолини кўрганлигига гувоҳлик берсалар, Шаввол ойининг биринчи кунидан ҳайит ҳисобланади. Агар Шаввол ойи кўриладиган куни ҳаво булутли бўлиб, ҳеч ким (ҳатто энг ози икки киши бўлса ҳам), янги ойни кўрганлигига гувоҳлик бермаса, Рамазон рўзаси ҳукман ўттиз кунга тўлдирилади.

Агар Рамазонни ўттиз кун тутгандан сўнг ҳаво очиқ бўлиб туриб ҳам Шавволнинг ҳилолини ҳеч ким кўрмаса, Имом Муҳаммад наздида рўзани очадилар ва эртаси ҳайит қиладилар. Имом Қудурий шуни маъқул кўрган. Имом Аъзам ва Абу Юсуф ҳазратлари эса одамлар эҳтиёт юзасидан рўзани очмай турадилар ва ўттиз биринчи куни ҳам рўза тутадилар, дейдилар. Чунки, ойни кўриб рўзани очиш, тугатиш буюрилган.

Валид разийаллоҳу анҳу айтади: “Биз Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу даврида йигирма саккиз кун рўза тутдик. Сўнг бизга бир кун қазо рўза тутишга буюрдилар”. (Имом Байҳақий ривояти).


САВОЛ: Рамазонда касал бўлиб қолган одам унинг қазосини тутмоқчи бўлса, ўша йилги Рамазонни одамлар йигирма тўққиз кун тутган бўлсалар, ўша касалликдан тузалган одам қазосини ўттиз кун тутадими ёки йигирма тўққиз кунми?

ЖАВОБ: Рамазоннинг рўзасини ойни кўриб очган бўлсалар ва бу йилги Рамазон йигирма тўққиз кун бўлишига уламолар қарор қилган бўлсалар, мана шу ҳолат касалга маълум бўлса, у ҳам қазо тутаётганда йигирма тўққиз кун рўза тутади. Зотан, қазо фоит (қолдирилган)нинг ҳукмини олади. 

Аммо, қазо тутмоқчи бўлган одамга Рамазон рўзаси неча кун тутилганлиги маълум бўлмаса, унда ўттиз кун рўза тутади. Зотан, асл Рамазон ўттиз кун келади, нуқсон эса маълум сабабларга кўра юз берган. (“Бадойиъ ус-санойиъ”). 


САВОЛ: Рўзанинг ярмини ёки бир қисмини Ўзбекистонда бошлаб, қолганини бошқа мамлакатга бориб тутганда, улар биздан бир кун кейин ёки бир кун аввал рўзани бошлаган бўлишса, биз нима қиламиз? Рамазон рўзасини ўттиз бир кун ёки йигирма тўққиз кун тутамизми?

ЖАВОБ: Жумла уламоларнинг иттифоқига кўра, Рамазон рўзаси қайси шаҳарда турилса ёки борилса ўша шаҳар аҳлига мувофиқ рўза тутилади ва рўза очилади.

Демак, сиз Ўзбекистондан бошқа шаҳарга рўза ичида борсангиз, у жой аҳли биздан бир кун кейин рўзани бошлаган бўлишса, сиз рўзани очмайсиз ва ўша шаҳар аҳли билан рўза тутасиз. Сизнинг мана шу йилги рўзангиз, демак, ўттиз бир кун бўлади. Ёки Ўзбекистондан бошқа шаҳарга борганингизда, ўша жой аҳли биздан бир кун аввал рўзани бошлашган бўлса, сиз улар билан бирга рўзани тўхтатасиз. Демак, сизнинг мана шу йилги рўзангиз йигирма тўққиз кун бўлади. Бунга уламоларимиз Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мана бу:

          الصوم يوم تصومون والافطار يوم تفطرون

“Рўза рўза тутадиганингиз кунда, ифтор рўзани очадиганингиз кундадир!” (Имом Абу Довуд ва ат-Термизийлар Абу Ҳурайра р.а.дан қилган ривоятлари) деган ҳадиси шарифларини далил сифатида келтирганлар. Баъзилар ушбу ҳадиси шариф давомида:

والأضحى يوم تضحون

“Қурбонлик жонлиқ сўядиганингиз кундадир”, деган ҳукмни ҳам илова қиладилар. 

Ушбу ҳадиси шариф мазмунига биноан одамлар билан рўза тутилади, улар билан биргаликда рўза тугатилади. Қурбонлик ҳайити ҳам ўз юрти аҳлининг иттифоқи билан бирга адо этилади.

Аммо билмоқ керакки, қамарий ойлар йигирма тўққиздан кам бўлмайди. Шунинг учун Рамазон рўзасини ундан камайтирмаслик лозим.


САВОЛ: Шак куни деганда қайси кун тушинилади? Ўша кунда рўза тутилса нима бўлади? Умуман, Рамазон рўзасининг бошланишини чалкаштирмаслик учун ёки барча исломий давлатларнинг Рамазон рўзаси бошланганлигининг ҳар хиллигини эҳтиётан бир қилиш учун Рамазондан бир неча кун аввал рўза тутишни бошласа бўладими?

ЖАВОБ: Шак куни бу Шаъбон ойининг энг охирги куни бўлиб, ўша кун Шаъбон ёки Рамазон эканлиги гумонлидир. 

Янада аниқроқ қилиб айтсак, Шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни кечқурун шом вақтида Рамазон ойининг ҳилоли кўриниш бериши керак эди. Шу кеча ҳилол кўринмади. Энди эртасига, яъни Шаъбоннинг бошланганидан ўттизинчи куни шак куни бўлади. Яъни, Шаъбон ёки Рамазон эканлигига гумонли кун.

Шак кунида рўза тутиш бил-иттифоқ макруҳдир. Аммор ибн Ёсир разийаллоҳу анҳу бундай деганлар:

من صام اليوم الذى شكّ فيه فقد عصى أبا القاسم صلى الله عليه وسلم

“Кимки унда шак қилинадиган кунда рўза тутса, Абу-л-қосим Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибди!”

Ушбу ривоятни тўртта сунан соҳиблари – ат-Термизий, Абу Довуд, ан-Насоий ва Ибн Можжалар зикр қилганлар.

Шунингдек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонидан Рамазон рўзасидан бир неча кун аввал рўзани бошлаш ҳам таъқиқланган. “Кутуби ситта”нинг ҳаммасида Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан қилинган ривоят бор:

لا تقدموا صوم رمضان بيوم ولا يومين...

“Рамазон рўзасини бир кун ва икки кун аввал тутманглар!”.

Имом Термизий ҳасани саҳиҳ деган ушбу ҳадисдан маълум бўлмоқдаки, Рамазондан бир ёки икки кун аввал рўзани бошлаш мумкин эмас. 

Аммо, “Муҳит” китобида келишича, ушбу ҳадисга биноан уч-тўрт кун аввал рўза тутилса, макруҳ бўлмайди. Бу нарса Рамазонни сал аввалроқ бошлаш ниятида бўлмаса бўлди, деганидир.

Демак, Рамазонни бир неча кун олдин қарши олиш ёки Рамазон рўзасидан бўлиб қолиши мумкин деган ниятда рўзани аввал бошлаш макруҳ экан.

Мазҳаблар орасида иттифоқий қарашга биноан агар шу кунларга бир одамнинг одатда тутиб юрадиган рўзаси тўғри келиб қолса, тутиши макруҳ эмас. Масалан, бир одам ҳафтанинг маълум бир кунида ёки Шаъбоннинг охирги ҳафтасида рўза тутиш одати бор эди. Шак куни шу кунларига тўғри келиб қолди. Унинг рўза тутиши макруҳ эмасдир. Чунки, юқоридаги ҳадиси шарифнинг давомида бундай дейилган:

 ...الا ان يكون صوم يصومه رجل فليصم ذلك اليوم

“Фақат ўша кунда рўза тутадиган одати бўлса, шу кунда рўза тутаверсин”.

Юқоридаги далилларга суяниб, Имом Шофиъий мазҳабидагилар шак кунида мутлақо рўза тутишни, яъни Рамазон рўзаси ва вожиб, нафл рўзаларни тутишни макруҳ кўрганлар. Аксинча, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал наздида эса шак кунида рўза тутиш вожибдир. Ул зот юқорида номи тилга олинган Аммор разийаллоҳу анҳунинг ўзидан ҳадис ривоят қилган: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига “Шаъбоннинг сарарида рўза тутдингми?” деганлар. У: “Йўқ”, деганида, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: 

واذا أفطرت فصم يوما مكانه

“Агар рўза тутмаган бўлсанг, ўша куни учун рўза тутиб ол!”, деган эканлар. Бу ҳадиси шарифни Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилганлар.  

Ҳадисдаги “сарар” сўзи Шаъбон охиридаги “ой яширин бўладиган кунлар”ни ифода қилишини барча луғат аҳли тасдиқлашган. (“Шарҳи Ниқоя”). 

Бизнинг Ҳанафий мазҳабида юқоридаги икки хил ҳадисни мувофиқлаштириш учун шак кунида нафл рўза тутишни жоиз дейилади. Рамазондан деб рўза тутишни эса макруҳ саналади. Ойша онамиз ва Ҳазрати Али разийаллоҳу анҳумолар шак кунида нафл сифатида рўза тутишар ва: “Шаъбоннинг бир кунида рўза тутишимиз, Рамазоннинг бир кунини еб қўйганимиздан яхшироқ”, дейишар эдилар. 

Мазҳабимизда ўша куни нафл рўза тутишга ҳам хослар жалб қилинган. Барча, омматан ўша куни рўза тутиш, ҳар қандай ҳолатда макруҳдир. Имом Абу Юсуф ўша куни рўза тутиш ёки тутмаслик борасида фатво сўраган одамга рўзани очишга буюрар эди. У одам рўзасини очганига ишонч ҳосил қилганидан сўнг, олдига чақириб, секингина “Мен рўзадорман”, деб қўяр эди. 

Бундан фақат хос одамлар нафл рўза тутиши яхшироқ, эканлиги чиқади. Оммавий рўза тутилмаслиги учун мазҳабимизнинг яна бир улуғ фақиҳи Муҳаммад ибн Салама шак кунида кўзада сув кўтариб юрар эди. Одамлар шак кунининг рўзаси ҳақида сўрасалар, аввал ўзлари сувдан ичиб, сўраганга ҳам сув ичирар эди.  

“Фатовойи Қозийхон” ва “Ҳидоя” каби мўътабар китобларимизда мана шу шак кунида рўза тутишни етти хилга бўлишган. Улардан учтаси макруҳлик билан жоиз. Учтаси макруҳсиз ҳам жоиз. Яна биттаси эса умуман жоиз эмас.

Шак кунида макруҳлик билан рўза тутиш жоиз бўладиганлари: Рамазон нияти билан рўза тутиш, бошқа вожиб рўза (масалан, назр) нияти билан рўза тутиш ва ниятда тараддудли қилса, яъни, агар эртага Рамазон бўлса, рўзам Рамазондан бўлсин, агар эртага Шаъбон бўлса, рўзам Шаъбон рўзаси бўлсин, деб рўза тутиш – мана шу учтаси макруҳлик билан жоиздир. 

Шак кунида макруҳсиз рўза тутиш жоиз бўладиганлари: нафл нияти билан рўза тутиш, Шаъбон ойининг рўзаси нияти билан рўза тутиш ва мутлақ  рўза нияти билан рўза тутиш – мана шу учтасида макруҳсиз рўза тутиш жоиздир. 

Рўза тутиш асло жоиз бўлмагани эса агар эртага Рамазон бўлса, рўзаман, агар Рамазон бўлмаса, рўза эмасман деб рўза тутса, мумкин эмас. Оч юргани билан рўзаси рўза бўлмайди.    


САВОЛ: Менинг ҳафтанинг маълум кунларида рўза тутиш одатим бор эди. Бу йил Рамазондан икки кун аввал ўша рўза тутиш одатим кунларига тўғри келиб қолди. Рамазондан аввал рўзани бошлаш макруҳдир, деган гапни эшитиб қолдим. Мен нима қилишим керак?

ЖАВОБ: Сиз одатдаги рўзангизни тутаверишингиз керак.

Кимнинг ҳар ойнинг ёки ҳафтанинг маълум кунларида рўза тутиш одати бўлса, ўша одати Рамазондан бир неча кун олдинга тўғри келиб қолса, у одам рўзасини тутаверади. Зотан, бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рухсат берганлар:

لا تقدموا صوم رمضان بيوم ولا يومين الا ان يكون صوم يصومه رجل فليصم ذلك اليوم

“Рамазон рўзасини бир кун ва икки кун аввал тутманглар! Фақат кишининг рўза тутаётган (одат) рўзаси бўлса, бас, ўша куни рўза тутаверсин!”. Ушбу ҳадиси шарифни Имом Бухорий бошлиқ муҳаддислар жамоаси ривоят қилганлар.

Агар сиз одатдаги рўзангизни тутишни бошлаган бўлсангиз, кун ўртасида бировларнинг бугун рўза тутиш макруҳ деганлари учун рўзангизни очиб юборган бўлсангиз, бир кун қазо рўза тутиб беришингиз лозим бўлади. Зотан, Ҳанафия мазҳаби фатвосига биноан бузилган нафлларнинг қазоси вожибдир.


САВОЛ: Шак кунида рўза тутиш макруҳ бўладиган бўлса, Рамазон рўзасини бошлаш қай тарзда бўлади?

ЖАВОБ: Ҳар бир одам Рамазонни бошлаш учун янги ойни кўришга ҳаракат қилмоғи яхши бўлади. Чунки, рўзани ойни кўриб бошлаш ва ойни кўриб тугатиш лозимлиги Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам уқтирилган.

Агар янги ойни кўра олмаса, бошқа ишончли одамларнинг гапларига мувофиқ рўзасини бошлайверади. 

Мусулмон оламида азалий одат мавжуд. У ҳам бўлса, давлат раҳбарига ёки масъул шахсларга Рамазоннинг ҳилолини кўрганликлари ҳақида ишончли одамлар хабар етказганлар. Шу тариқа улар Рамазон бошланганлиги ҳақида бутун мамлакатга эълон тарқатганлар. 

Тўртта сунан соҳиби (Термизий, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можжа) Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Бир аъробий Пайғамбар алайҳиссаломнинг олдиларига келиб: “Мен янги ойни кўрдим”, деб Рамазоннинг янги ойини кўрганлиги ҳақида гапирди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик берасанми?”, дедилар. У “Ҳа” деди. Яна ул зот: “Албатта Муҳаммад Аллоҳнинг расули эканлигига гувоҳлик берасанми?” дедилар. У “Ҳа” деди. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Билол, одамларга хабар етказ, рўза тутаверсинлар!” деб марҳамат қилдилар. Шунинг учун масъул шахслар одамларнинг Рамазон ойи ва ҳайитларни тўғри белгилашларини назорат қилиб боришлари, одамларга ўз вақтида бу нарсалар ҳақида хабар етказишлари керак, албатта.

Шундай қилиб, ҳар бир мусулмон тақвимларда кўрсатганига қараб, ёки ўзининг ҳисоб-китобларига мувофиқ Шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни кечқурун қуёш ботган заҳоти, яъни, шом пайтида кунботиш тарафга қараб, Рамазоннинг янги ҳилоли чиққан ёки чиқмаганлигини текшириши лозим. Агар Рамазоннинг ҳилолини кўриб қолса, одамларга хабар етказади. Рамазонни шу орқали бошлаб юбораверади.

Агар ҳаво булутли бўлиб ёки бошқа сабаб билан Рамазоннинг янги ойини кўрмаса, бошқаларнинг янги ҳилолни кўрганлик ҳақидаги хабарини кутади. Телевизор ва радио орқали бўладиган хабарларга диққат қилади. Шу билан бирга Рамазоннинг биринчи куни учун ният қилади, саҳарликка туради. Эрталаб чоштгоҳгача кутади. Агар Рамазоннинг бошланганлиги тўғрисида ҳеч қандай хабар бўлмаса, кун ярмида рўзасини очади. Чунки, у Рамазон эмас экан. Бу кун шак куни дейилади. Шу куни рўза тутиш эса Пайғамбаримиз алайҳиссалом томонидан таъқиқланган. 

Тақвим ёки календарларга қараб, шулар билан кифояланиб, Рамазон рўзасини бошлаб юборолмайди. Зотан, тақвимлар шариат ҳукмлари ва амалларини белгилаб бераолмайди. Уларга қарабгина Рамазон рўзасини бошлаш ёки ҳайит кунларини белгилаш шаръий эмас. Чунки, Ислом Пайғамбарининг ўзлари мусулмонларни ҳилолни кўриб рўзани бошлашга, ойни кўриб рўзани тугатишга буюрганлар. Тақвимлар ва календарлар мутахассислар тмонидан тайёрланган, ўта диққат билан текширилган бўлса-да, уларда белгиланган кунлардан ҳилолнинг чиқиши бир кунга фарқланиши мумкин. Бу нарса тақвим ва календарларнинг ўзида ҳам таъкидланган. Бинбарин, унда белгиланган кунларда ҳилолни кўришга ёки ҳилол кўрингани тўғрисидаги хабарларга эътибор қаратиш лозим бўлади.  

Шунингдек, Рамазоннинг бошланганлиги ҳақида ўз мамлакатидан хабар чиқмаса, бошқа мамлакатнинг Рамазон бошланганлиги ҳақидаги хабарларига кўра рўзасини бошлаб юбора олмайди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамлар билан бирга рўза тутинг ва рўзани тугатинг” деган маънода ҳадиси шариф айтганлар. Шу хилда иш тутиш кераклигига уламоларимиз иттифоқ қилганлар.


САВОЛ: Рамазоннинг ҳилолини, яъни, янги ойни битта ўзим кўрдим. Менинг гапимни ҳеч ким қабул қилмади. Нима қилишим керак? Рўза тутсам ва ҳеч кимнинг рўза тутмаётганини кўриб, куннинг ярмида рўзамни очиб юборсам бўладими? Шунингдек, Шаввол ойининг янги ҳилолини кўриб қолсам, нима қиламан?

ЖАВОБ: Жумла фақиҳлар битта одамнинг ўзи янги ойни кўрса, унинг гапини қабул қилмасалар ҳам унинг битта ўзи рўза тутиши лозимлигини қайд этганлар. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

فمن شهد منكم الشهر فليصمه

“Бас, сизлардан ҳар ким Рамазон ойини топса, рўза тутсин” (Бақара сураси, 185-оят).

Ояти каримадаги буйруққа биноан сиз янги ойни кўрганлигингиз учун қатъий равишда рўзани бошлашингиз керак. Агар одамларнинг рўза тутмаётганлигини кўриб рўзангизни очиб юборсангиз гуноҳкор бўласиз. 

Шунингдек, одамлар ҳали рўза тутаётганлиги сабабли сиз Шаввол ойининг янги ҳилолини кўриб қолсангиз ҳам рўза тутаверасиз. Рўзани очаолмайсиз. Бу ҳукм бизнинг мазҳабимиздадир. Бошқа мазҳабларда очса бўлади, дейилган. Бизнинг мазҳабимиз эҳтиёт юзасидан Шаввол ойининг ҳилолини кўриб қолган одам рўзасини очмай туради, деганлар. Бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Одамлар билан бирга рўза тутинг ва рўзани тугатинг” деган маънодаги ҳадиси шарифлари (Абу Довуд ва Термизийнинг Абу Ҳурайрадан ривоятлари) ҳам далил бўла олади.

Агар сиз рўзани очиб юборсангиз, Рамазондан сўнг ўша куннинг қазосини тутиб беришингиз лозим бўлади. Сизга қазодан бошқа каффорат лозим эмас. Чунки каффорат дегани ҳақиқий рўзани қасдан бузганда белгиланади. Бу икки ҳолатда эса, биринчисида шаръан унинг гувоҳлиги ўтмади ёки одамлар унинг гапини қабул қилмадилар, иккинчисида эса у ҳамма рўза тутаётгани боис фақат эҳтиёт учун рўза тутмоқда эди. 


САВОЛ: Янги ой, яъни ҳилол кундуз куни кўриниб қолса, нима бўлади?

ЖАВОБ: Ҳақиқатан ҳам баъзи жойларда ҳилол кундуз куни кўриниши мумкин. Аммо, жумла фақиҳларнинг иттифоқига кўра кундузи кўринган ҳилолнинг эътибори йўқдир. Ҳадиси шарифдаги ҳилолни кўриб рўза тутиш ва уни кўриб рўзани очиш ҳақидаги амри набавийдаги вақт одатдаги кечқурунги (шомдаги) кўринишидир. Чунончи, бу “Фатҳ ул-қадийр”да сароҳатан айтилган.

Соҳиби “Ҳидоя” ўзининг “Мухторот ан-Навозил” асарида кундузи кўринган ҳилолнинг эътибори йўқлигини таъкидлаган. Шунингдек, “Мароқий ал-фалоҳ шарҳи Нур ул-ийзоҳ” деган мўътабар китобда ҳам бу гап бор. Бунга “Хулоса” ва “Таторхониййа” каби фатово китобларида ҳам фатво берилган. Имом аз-Зайлаъий гапига кўра, кундузи кўринган ҳилол Рамазондан ҳам эмас, Шавволдан ҳам эмасдир. Яъни, кечқурунги-шомдаги кўринган ой эътиборлидир.

Аслида, кундузи кўринган янги ой ҳақида мазҳабимиз мужтаҳидлари ихтилоф қилишган. Имоми Аъзам ва унинг шогирди Имом Муҳаммадлар қавлига кўра кундузи кўринган ой келаси куннинг ҳилолидир. Кундузи кўринган бу ой хоҳ завол (қуёш тиккадан оғгандан)дан олдин, хоҳ кейин кўринган бўлсин улар наздида фарқи йўқ. Имом Абу Юсуф наздида эса завол (қуёш тиккадан оғгандан)дан аввал кўринган бўлса, кечаги кунникидир, заволдан кейин кўринган бўлса келаси кунга тегишлидир. Ҳанафий мазҳаби фақиҳлари иттифоқан Имоми Аъзам ва Имом Муҳаммад қавлига фатво берганлар.

Мазҳабимизнинг яна бир мужтаҳиди Имом Ҳасан ибн Зиёд Имоми Аъзам Абу Ҳанифадан нақл қилган қавлида кундузи кўринган ҳилол агар шафақдан, яъни қуёш ботишидан олдин йўқолса, келаси кун учундир, агар шафақдан кейин ғойиб бўлса, ўтган кунникидир. Яна ундан нақл қилинган: “Кундузи кўринган ҳилол агар қуёшнинг олдида юрса, ўтган кун учундир. Унинг орқасида кўринса, келаси кунга тегишлидир”. Қуёш олди деганда машриққа томон бориши, орқаси деганда эса мағриб тарафида кўриниши назарда тутилган. Бу қавл мазҳабимизда, умуман эътиборга олинмаган.  

Демак, кундузи заволдан сўнг кўринган ой борасида ихтилоф йўқ. Шунинг учун ҳам ҳилол йигирма тўққизинчи куни кундузи заволдан сўнг кўриниб қолса, у иттифоқан ўттизинчи кечаси кўринган, деб ҳукм қилинади. Рамазоннинг йигирма тўққизинчи куни кундузи янги ҳилол (Шавволнинг янги ойи) кўриниб қолса-ю, бир одам шунга суяниб оғиз очиб юборса, каффорат лозим эмас, қазо лозим бўлади. (“Қозийхон”).

“Хулосат ул-фатово” ва “Жомиъ ул-музмарот”да 30 чи куни кундузи фитр ҳилоли, яъни, Шавволнинг янги ҳилоли кўринса, шу куни рўза очиб юборилмайди, дейилган, балки, рўза тутиб тугатилишига фатво берилган. Яъни, бу кун ўтган ойнинг охири деб ҳисоб қилинади.

Шаъбоннинг йигирма тўққизинчи куни кечаси ҳаво булутли бўлгани сабабли ой кўрилмасдан, ҳадиси шарифга мувофиқ Шаъбонни ўттизга тўлдирилади. Мана шу ўттизинчи куни кундузи янги ҳилол кўриниб қолса, кечкача имсок қилиб, яъни еб-ичмай турилади. Ўша куннинг қазоси тутилиши ёки тутилмаслиги борасида уламолар орасида ихтилоф бор. Тутган яхшироқ бўлса керак. 

Бу ривоятларга асҳоби киромлардан ривоятлар ҳам бор. Имом Дорақутний ривоят қилишича, Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу Ироқ волийсига ёзган мактубида кундуз куни ҳилол кўриниб қолса, рўзани очиб юбормасликка буюрган эди. Унда кечқурун икки гувоҳ кўрганлигига ишонч ҳосил қилиб, кейин очишга амр қилинган эди. Унинг ўғли Ибн Умар разийаллоҳу анҳу ҳам шундай дер эди. Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳу бир йили кундузи ҳилол кўриниб қолганда, рўзасини очмаган эди. Имом Байҳақий ҳатто бу қавлни Ҳазрати Усмон билан Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳумолардан ривоят қилган. Шу маънодаги ҳадисни муҳаддислардан Ибн Абу Шайба ва Абдурраззоқлар ҳам Ҳазрати Али билан Ҳазрати Анас разийаллоҳу анҳудан нақл қилган. Мазкур саҳобийлар айтишларига қараганда, кундузи кўринган ҳилолнинг эътибори йўқдир.


 Ҳамидуллоҳ Беруний тайёрлаган


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1322. Абу Айюб алАнсорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, давоми...

7090 05:17 / 15 апрель
Фаришталар тонгдан шомгача таом емасалар, бу иш асло ҳайратомуз эмас. Чунки, улар умуман очқамайди, уларнинг таомга ҳожатлари йўқ. Шунинг учун улар Рамазон кунида давоми...

1624 15:10 / 25.03.2023
.Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон нозил қилингандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин, давоми...

3198 17:58 / 24.05.2018
Савол хатмга ўтаётган қори икки жойда хатмга ўтиб бериши жоизмиЖавоб йигирма ракъат таровеҳ намози суннати муаккададир. Бир жойда йигирма ракъат таровеҳ давоми...

2415 12:30 / 02 апрель