1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўзаи рамазон (Рўза доирасида баъзи масъалалар)

05:00 / 13.01.2017 4505 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўза доирасида баъзи масъалалар

САВОЛ: Рўзадор учун нима лозим бўлади? У нималарга кўпроқ эътибор бермоғи керак?

ЖАВОБ: Рўзадор одам кўпроқ тоату ибодатларга шўнғимоғи, гуноҳу маъсиятлардан ўзини олиб қочмоғи даркор. Фарз амалларни қолдирмасликка интилмоғи вожиб. Беш вақт фарз намозларни жамоат билан ўқишга ҳаракат этиши керак. Чунки, Салмони Форисий разийаллоҳу анҳу қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деб марҳамат қилганлар:

من تقرب فيه بخصلة من الخير كان كمن أدّى فريضة فيما سواه ومن أدّى فريضة فيه كان كمن أدّى سبعين فريضة فيما سواه

“Кимки Рамазон ойида яхшиликдан бирортасини ўз ихтиёри билан қилса, худди бошқа ойларда бир фарзни қилгандек бўлур. Кимки Рамазонда бир фарзни қилса, худди бошқа ойларда етмишта фарзни бажаргандек бўлур”. (Имом Байҳақий “Шуъаб ал-иймон”да ривоят қилган). 

Ёлғонни, ғийбат, гина-кудуратни мутлақо тарк этмоғи лозим. Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

من لم يدع قول الزور والعمل به والجهل فليس لله حاجة فى ان يدع طعامه وشرابه

“Кимки ёлғон сўзни ва шундай қилишни ҳамда жоҳилликни тарк қилмас экан, Аллоҳ таоло унинг таом ва ичимликни тарк этганига муҳтож эмас”. (Бухорий, Термизий, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можжа Абу Ҳурайра р.а.дан қилган ривоятлари).


САВОЛ: Ифтор пайтида кўп овқат ейиш рўзанинг савобини камайтирадими?

ЖАВОБ: Йўқ, савобини камайтирмайди. Шунингдек, оғиз очгандан сўнг қилинган гуноҳ ишлар ҳам рўзанинг савобини камайтирмайди. Аммо кўп овқат ейиш сирофга киради. Исроф эса барча диний-фалсафий таълимотларда қораланган. Қуръони каримда Аллоҳ таоло айтади:

وكلوا واشربوا ولا تسرفوا انه لا يحبّ المسرفين

“Енглар, ичинглар ва (лекин) исроф қилманглар. Зеро, У таоло исроф қилгувчиларни яхши кўрмайди”.

Агар таом ва ичимликлар кўпайса, садақа қилинг, ҳадя қилинг!

Кўп ейиш соғликка зарарли, тиббий жиҳатдан ҳам кўп ейишдан қатъий қайтарилади.  


САВОЛ: Баъзи ёшлар Рамазонда ҳам, бошқа вақтларда ҳам намозга дангасалик қилишади. Лекин Рамазон рўзасини тутишни қолдирмайдилар. Рамазонда кўпчилик бўлиб, рўза тутадилар, рўзанинг қийинчиликларига сабр қиладилар. Уларга қандай насиҳат қилиш мумкин?

ЖАВОБ: Улар тутаётган Рамазон рўзасини Аллоҳ таоло ўз даргоҳида қабул қилсин!

Аммо шуни унутмаслик, керакки, шаҳодат калимасини келтиргандан сўнг Исломдаги энг катта, энг афзал, энг зарур ибодат бу намоз ҳисобланади. Намоз Аллоҳга бўлган қулликнинг ҳақиқий нишонасидур. 

Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида намоз ўқимайдиганлар, намозга бепарво бўладиганлар қаттиқ қораланган. Ана шундай оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларига қараганда, қасдан намозни қолдирадиганлар кофир бўлиб қоладилар. Далилларнинг зоҳирини оладиган бошқа мазҳабдагилар (бизнинг мазҳабимизда эмас) ҳатто ана шундай қатъий фикр билдирадилар. Худо ўзи асрасин!

Рўза тутаётган, бироқ, намоз ўқиёлмаётганлар секин-асталик билан намоз ўқишни ўрганишлари, билмасалар ҳам жамоат намозларига қўшилаверишлари зарур. Шу тариқада намоз ўқишни ўрганиб оладилар, инша Аллоҳ. 

Рўза тутаётганларнинг ҳар бирининг қалбида тавбага мойиллик борлиги сезилади. Зотан, ҳақиқий тавбадан аввал Аллоҳга қайтиш, шариати исломиййа аҳкомларига секинлик билан киришиш кузатилади. Зотан, Аллоҳ таолонинг ўзи Одам отанинг тавба қилишини мана бундай васф қилган:

ثمّ اجتباه ربّه فتاب عليه وهدى

“Сўнгра Парвардигори уни поклаб, тавбасини қабул этди ва ҳидоятга йўллади”. (Тоҳо сураси, 122-оят).


САВОЛ: Намоз ўқимайдиганлар рўза тутса, рўзалари қабул бўладими? Уларнинг рўзаларига зиён етмайдими? Баъзи бировлар намоз ўқимаса, рўзаси қабул бўлмайди, деб қолишади.

ЖАВОБ: Намоз ўқиш рўзадан кўра афзал ва таъкидланганроқ фарз амалдир. Бинобарин, намоз ўқиш даркор, намоз ўқишни ўрганиш лозим!

Аммо, бизнинг мазҳабимиз уламолари фикрига кўра, амалларнинг бир-бирига нуқсони ёки зиёни етмайди. Яъни, бир амални бажармаса, ёки нуқсонли қилса, бошқа амал қабул этилмайди ёки у ҳам нуқсонли бўлади, деган қоида йўқ. Иймон келтириб, мусулмон бўлдими, унинг ҳар бир қилган амали даражаси кўтарилишига, савоби ортишига сабаб бўлади. Бажармаган, камчиликка йўл қўйган амалига эса алоҳида жавоб бериб бораверади. Демак, намоз ўқимаган ёки ўқимай юрганларнинг холис Аллоҳ учун тутган рўзалари, шаксиз қабул бўлади. Намоз ўқимаганига эса қиёматда жавоб беради. Лекин шуни ёддан чиқармаслик керакки, намоз фарздир. Уни инкор қилиш ёки намоз ўқимасликни ўзига муносиб, деб билиш иймонга зарар етишига олиб келади.

Одамларни рўзадан асло қайтармаслик керак. Зеро, шариатимизнинг ҳар бир амали яхшиликни зиёда қилади, диний ишларга одамни яқинлаштиради, унинг холис тавба қилишига сабаб бўлади. 


САВОЛ: Рўзада ёлғон гапирса, ёки бировни ғийбат қилса, биров ғийбат қилинаётган жойда ўтирса, рўзаси очиладими? Рўзанинг савобидан камайтириладими?

ЖАВОБ: Рўзада ёлғон сўзлаш, ғийбат қилиш, гарчи Имом Авзоъий ва Ибн Ҳазмлар Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг гапига қараб рўзани очади деган бўлсалар ҳам, лекин жумҳур уламо ва фуқаҳолар наздида рўзани очмайди, аслини йўқотмайди, фақат рўзанинг савобини камайтиради. Чунки, рўза фақат ичга кирган нарса билан бузилади. Имом Байҳақий “Сунан ал-кубро”да Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда (Ҳазрати Али к.в.дан ҳам ривоят қилинган) Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам  айтадилар:

     انما الوضوء مما خرج وليس مما دخل واما الفطر مما دخل

“Албатта таҳорат бадандан чиққан нарсадан қилинади, кирган нарсадан эмас. Рўзанинг очилиши эса кирган нарсадандир”.

Ғийбат тилнинг гуноҳидир. Инсон рўзада ёлғонни, ғийбат, гина-кудурат, туҳмат, бўҳтон, сўкиш, лаънатлаш каби иллатларни мутлақо тарк этмоғи лозим. Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

من لم يدع قول الزور والعمل به والجهل فليس لله حاجة فى ان يدع طعامه وشرابه

“Кимки ёлғон сўзни ва шундай қилишни ҳамда жоҳилликни тарк қилмас экан, Аллоҳ таоло унинг таом ва ичимликни тарк этганига муҳтож эмас”. (Бухорий, Термизий, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можжа Абу Ҳурайра р.а.дан қилган ривоятлари).

Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса:

الصّيام جنّة ، ما لم يخرقها بكذب أو غيبة 

“Рўза модомики уни ёлғон ёки ғийбат билан куйдирмаса, қолқондир”, дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса: “Сизлардан бирингиз рўза кунида урушмасин, сўкишмасин. Кимки шундай қилса, унга “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”, деб марҳамат этилади. (Бухорий ривояти).

Мазкур ҳадислардан Аллоҳ таоло бундай иллатлар билан тутилган рўзага илтифот қилмаслигини билиб олмоқдамиз. Зеро, бу иллатларнинг ҳаммаси гуноҳи кабиралар жумласидан саналган. Зотан, рўза деган нарса фақатгина еб-ичишни тарк қилиш эмас, балки мана бундай иллатлардан қутилиш ойидир.

Ғийбатнинг эса каффорати бор. Унинг тавбаси ўша ғийбат қилинган одамдан розичилик сўраш, унинг ҳаққида чиройли гап гапириб қўйиш ёки унинг номидан истиғфор айтишдир. Имом Байҳақий Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

 انّ من كفارة الغيبة ان تستغفر لمن اغتبته يقول اللهمّ اغفر لنا وله

“Ғийбатнинг каффоратидан бири ғийбат қилган кимсанг учун: “Эй Аллоҳим, бизни ва уни мағфират қилгин!”, деб истиғфор айтмоғингдир.

Шунинг учун бир одам ғийбат қилиб, сўнг “рўзам очилгандир”, деб қасддан еб-ичса, қазо ва каффорат лозим бўлади. (“Ҳидоя”).


САВОЛ: Рўза тутиб юрганда, ишхона, автобус ёки бозорларда бегона аёллар билан гаплашиб қолишга тўғри келади, уларнинг қўлларини ушлаш ҳам мумкин. Шу рўзага зарар етказадими?

ЖАВОБ: Бегона аёллар билан иш юзасидан гаплашиш ёки қўллари қўлга тегиши Рамазонда ва ундан бошқа вақтларда ҳам мумкин. Бу нарсанинг рўзага зарари йўқ.

Бегона аёлларга шаҳват назари билан қараш, улар билан ёлғиз қолиш, шаҳватангиз суҳбатлар қилиш шариатимизда ҳаромдир! Жумладан, Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:

فزنا العين النظر وزنا اللسان المنطق والنفس تمنى وتشتهى والفرج يصدق ذلك ويكذبه

“Бас, кўзнинг зиноси қарашдир, тилнинг зиноси сўзлашдир. Нафс эса хоҳлайди ва майл кўрсатади. Жинсий аъзо эса мана шуни тасдиқлайди ёки ёлғонга чиқаради”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.

Зинонинг гуноҳи кабиралар жумласидан эканлигини ҳамма билади. Унга олиб борадиган ҳар қандай йўл ҳам ҳаромдир. Шунга ўхшаш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак бегона аёл билан ёлғиз қолмасликни буюрганлар. Зеро, буларнинг учинчиси шайтон бўлади.


САВОЛ: Бир киши спиртли ичимликлар ичишга мубтало бўлган. Рамазонда ароқ ичиб қўйишдн қўрқиб рўза ҳам тутмайди. Кечаси ароқ ичса, кундузи тутган рўзасига зарар етадими? Кечаси ароқ ичиб, кундузи рўза тутиб юриш мумкинми?

ЖАВОБ: Ароқ ичиш гуноҳи кабиралардандир. Парвардигори олам ундан қатъий тарзда қайтарган:

يا أيها الذين آمنوا انما الخمر والميسر والأنصاب والأزلام رجس من عمل الشيطان فاجتنبوه لعلكم تفلحون انما يريد الشيطان ان يوقع بينكم العداوة والبغضاء فى الخمر والميسر ويصدكم عن ذكر الله وعن الصلاة فهل أنتم منتهون

“Эй иймон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз. Шайтон май билан қимор (ёрдами)да ўрталарингизга адоват ва нафрат солишни ва сизларни Аллоҳнинг зикри ҳамда намоздан қайтаришни хоҳлайди. Бас, энди, сизлар (май ичишдан) тийилувчимисиз?” (Моида сураси, 90-91-оят).

Ифлосликлар онаси бўлмиш бу иллатга йўлиқиш Рамазонда ҳам, Рамазондан бошқа пайтда ҳам бир хил ҳаромдир. Рамазонда ичиш эса гуноҳни янада оғирлаштиради. Аллоҳга тавба қилмоқ, хусусан, Рамазон шарофатидан бу иллатдан бутунлай қутилишга ҳаракат қилмоқ вожибдир.

Аммо, Рамазон рўзасини тутиб, кечалари ароқ ичиш рўзага асло зиён етказмайди. 

Аллоҳ учун рўза тутиш нияти билан кундузи еб-ичиш ва бошқа рўзани бузадиган нарсалардан тийилиш рўзанинг қабул бўлишига етарлидир, инша Аллоҳ. 


САВОЛ: Танишим Рамазонда рўза тутади. Аммо шу кунларда ишидан таътилга чиқади. Рўза тутдим, деб, куни билан уйидан чиқмасдан, кунини уйқу билан ўтказади. Рўзани шу ҳолатда тутиш мумкинми?

ЖАВОБ: Бу саволдан иккита ҳолат аниқланади. Биринчиси шуки, инсон рўза тутдим, деб куни билан ухлаши ҳаромдир. Зотан, у фарз намозларини қолдиради. Агар фарз намозларини қолдирмаган жиҳатда ҳам, бизнинг мазҳабимизда эркакларга суннати муаккада (бошқа мазҳабларда вожиб, ҳатто фарз) бўлган жамоат билан ўқишдан қолади. Намозларни ўқимасдан рўза тутишлик эса катта гуноҳдир. Бу худди катта қаср қуриб, шаҳарни вайрон қилгандек гапдир. Худо асрасин!

Иккинчи ҳолат шуки, рўзадор ҳеч иш қилмайди, фақат ухлайди, намоз вақти бўлганда жамоатга чиқиб келади. Бу жоиздир. Аммо, у жуда кўп яхшиликлардан қолади. Рамазон ётиб ухлайдиган, ўн бир ойда топганини еб-ичиб йўқотадиган ой эмас. Рўзадор учун Рамазон ойи намозларга, зикру дуоларга, Қуръони карим ўқишга, одамларга кўпроқ яхшилик қилишга, топганидан хайру саховатлар қилишга, умуман, барча ибодатларни Рамазонда қилиб олиш учун бир имкониятдир. Зеро, бу муборак ойда ибодатларнинг савоби етмиш баробар кўпайтириб берилади. Бу ойда ибодатларга ҳарисманд бўлмоқ даркор.

Агар ибодатларга ярамай қолаётган ёки сал чарчоқ сезилса, ибодат қилишга қувват йиғиш мақсадида кундузи ухлаб олиш мумкин. Зеро, аслида, рўзадорнинг уйқуси ҳам ибодатдир.


САВОЛ: Тақвимда кўрсатилган вақтда оғиз ёпиб, кўрсатилган вақтда оғиз очиш шартми? Оғиз ёпишда унда кўрсатилган вақтдан, масалан, ўн беш дақиқа ўтказиб, кейин саҳарликни тўхтатса ёки тақвимда кўрсатилган ифторлик вақтидан ўн дақиқа ўтказиб оғиз очишнинг кароҳияти ёки рўза учун зарари борми?

ЖАВОБ: Аслида, тақвим-календарларга амал қилиш шариатда кўрсатилган эмас, уларга тўла амал қилиш шарт, деган қоида ҳам йўқ. Шариатнинг ўз қоидалари бор. Шунга қараб амал қилинади. Фақат тақвимларга қараб, кунни ҳам текшириш ёки қаноат ҳосил қилиш керак бўлади. Чунки, тақвимлар мутахассислар томонидан ўта диққат билан текширилиб, чиқарилган нарсадир.

Рўзанинг ниятида ҳам тонг отгандан кун ботгунча рўзани бузадиган амаллардан сақланиш кўзда тутилади. Зеро, Аллоҳ таоло мана бундай деган: 

وكلوا واشربوا حتى يتبين لكم الخيط الأبيض من الخيط الأسود من الفجر ثمّ أتموا الصيام الى الليل

“Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнгра, рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз”. (Бақара сураси, 187-оят).

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилишича, Адий ибн Ҳотам разийаллоҳу анҳу айтадилар: Ушбу оят нозил қилингандан сўнг мен оқ ва қора боғич(ип)ларни олиб ёстиғим тагига қўйиб қўйдим. Кечаси унга қарайвердим, лекин, аниқлай олмадим. Эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордимда, воқеани тушунтирдим. Ул зоти шариф: “Бу дегани кечанинг қаронғулиги билан кундузнинг оқлигидир”, дедилар. 

Хўш, шаръан тонг қачон отган ҳисобланади. Тонг отиши бу осмону фалакда оқликнинг ёриб чиқиб, ёйилишидир. Юлдузлар секин-асталик билан кўринмай қола бошлайди. Осмоннинг ҳақиқий ранги кўринади. Бундай ҳолат ҳар кеча икки марта юз беради. 

Биринчиси, субҳи козиб, яъни ёлғон тонг дейилади. Ҳақиқий тонгдан ярим соатлар чамаси аввал уфқ оқаргандек бўлади ва яна зулмат қоплайди. Ана шу оқаришни ҳақиқий субҳ деб ўйлаш мумкин, лекин у ҳақиқий эмас. У пайтда саҳарлик қилинаверади.

Иккинчиси, бу ҳақиқий субҳ бўлиб, одатда тақвимларда кўрсатилган вақтларга тўғри келади. Кўрсатилиши қатъий бўлмаслиги мумкин. Бинобарин, тақвимларда кўрсатилган саҳарлик тугаши вақтидан уни ўн-ўн беш дақиқа ўтказиш мумкин. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари ҳам бор:

ولا يغرنكم من سحوركم اذان بلال ولا بياض الأفق المستطيل هكذا حتى يستطير هكذا

“Саҳарликларингиздан Билолнинг азони ҳам, уфқдан бундоқ кўтарилган оқлик ҳам сизни алдаб қўймасин. Токи мана бундоқ бўлиб ёйилгунча (бўлаверади)”. (Бухорийдан бошқа муҳаддислар ривоят қилган).

Демак, биринчи босқичда ёруғлик тиккасига, пастдан юқорига кўтарилади. Ҳали бу вақтда саҳарлик қилинаверади. Ҳазрати билол разийаллоҳу анҳу ана шу вақтда одамларни саҳарликка уйғотиш ёки таҳажжуд намозларга турғизиш мақсадида азон йтишни хуш кўрар эканлар. Иккинчи босқичда эса ёруғлик кўндалангига, уфқ бўйлаб ёйилади. Бу вақтда саҳарлик тугатилиши лозим.

Оғиз очишда эса кун ботишига диққат қилиш керак. Бизнинг мазҳабимизда қуёш ботиб, унинг шохлари, яъни ёғдулари ҳам сўнганидан сўнг, қуёш чиқиш тарафдан қаронғулик таралаётган вақтда оғиз очиш лозимдир. Зотан, Аллоҳ таоло ҳам кечгача рўзани тўла тутишга буюргандир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам рўза очиш вақтини бундай кўрсатиб берганлар:

اذا أقبل الليل من ههنا وأدبر النهار من ههنا وغربت الشمس فقد أفطر الصائم

“Қачон кеча бу тарафдан чиқиб келса, бу тарафдан эса кун чўкиб кетса ва қуёш ботса, рўзадор оғиз очур”. Бу ҳадиси шарифни Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган. 

Демак, тақвимда кўрсатилган вақтдан беш-ўн дақиқа ўтказиб оғиз очишнинг кароҳияти йўқ. 

Аммо, оғизни шом намозини ўқишдан аввал очиш суннатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари ҳақида муҳаддисларимиз  Имом Термизий ва Имом Абу Довудлар бундай ривоят келтирадилар:

       كان النبى صلى الله عليه وسلم يفطر قبل ان يصلى على رطبات فان لم تكن رطبات فتميرات فان لم تكن تميرات حسى حسوات من ماء

“Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шом намозини ўқимасдан олдин бир неча хурмо билан оғиз очар эдилар. Агар хурмо бўлмаса, хурмоқоқи билан очар эдилар. Агар хурмоқоқи ҳам бўлмаса, бир неча қултум сув ичар эдилар”.

Ибн Ҳиббон, Ибн Хузайма, Баззор, Ҳоким, Байҳақий, Табароний каби муҳаддислар саҳиҳ иснод билан Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у айтган экан: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғиз очмасдан шом намозини ўқиганларини ҳаргиз кўрган эмасман. Агарчи бир қултум сув бўлса ҳам оғиз очар эдилар”.

Яна шуни унутмаслик керакки, Пайғамбаримиз ва асҳоби киромлардан қолган суннатлардан бири саҳарликни кечиктириш ва ифторлик-оғиз очишга шошилмоқликдир. Ҳали кун яхши ботмади, деб оғиз очишни жуда ҳам кечиктириб юбориш ярамайди. Имом Термизий Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

قال الله تعالى احبّ عبادى الى أعجلهم فطرا

“Аллоҳ таоло: “Бандаларимнинг менга энг яхшиси уларнинг ифторликни тезроқ, эртароқ қилганларидир”, деган”.

Бошқа ўринда эса Саҳл ибн Саъд разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ алайҳиссалом бундоқ деб марҳамат қилганлар:

لا تزال أمتى على سنتى ما لم تنتظر بفطرها النجومَ

“Умматим менинг суннатимда доим бўладилар, мадомики оғиз очишларини юлдузлар кўрингунча кутмасалар”. Мазкур ҳадисни Имом Аҳмад, Доримий, Ибн Ҳиббон, Ибн Хузайма ва Ҳокимлар саҳиҳ деб ривоят қилганлар. 

Аммо, шуни билмоқ керакки, ифтор қилинаётганда, кун ботганини аниқ билиши керак. Агар ҳали ботмагандиров, деган гумон бўлса-ю, рўзани очиб юборса, шу билан ботган-ботмаганини аниқ билмасдан вақтни ўтказиб юборса, у бир кун қазо тутиб беради. (“Бадойиъ ус-санойиъ”).  


САВОЛ: Эрталабки азон айтилгунча саҳарлик қилиш мумкинми? Шомга азон айтилаётганда еб-ичиш мумкинми?

ЖАВОБ: Эрталабки азоннинг айтилиш вақтига қараш керак. Агар бизнинг юртлардагидек, тонг отиб, бомдод ўқишга оз қолганида азон айтилган бўлса, саҳарлик қилиб ўтирган одам дарҳол саҳарлигини тугатади ва кечгача имсок қилади, яъни, рўзадорлар каби ўзини тийиб юради. Унинг рўзаси очилган ҳисобланади. Чунки, бизнинг юртларда эрталабки азон тонг отганидан бир соатлар ўтганидан сўнг айтилади. У эса шу вақтгача еб ўтирган. Шу боис Рамазондан сўнг шу кунининг қазосини тутиб беради. 

Аммо эрталабки азон тонг отиши арафасида, одамларни саҳарлик тугашидан огоҳлантириш мақсадида айтиш одат бўлган бўлса, шу пайтгача бемалол саҳарлигини қилаверади ва тонг отишгача ўша азон айтилгандан сўнг ҳам еб-ичса бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг алоҳида кўрсатмалари бор:

ان بلالا يؤذن بليل فكلوا واشربوا حتى تسمعوا اذان ابن امّ مكتوم فانه لا يؤذن حتى يطلع الفجر

“Албатта Билол (Пайғамбармизнинг азончиси) кечаси азон айтади. Унда сиз еб-ичаверинглар, ҳатто Ибн Умму Мактум (Пайғамбармизнинг яна бир азончиси)нинг азонини эшитгунингизгача. Зеро, у тонг отгунгача азон айтмайди”. (имом Бухорий ривояти).  

Оғиз очиш учун шомга азон айтган бўлиши шарт эмас. Азон дегани фарз намозга одамларни чорлаш учун айтилади. Демак, қуёш бутунлай ботиб кетганини билса, бўлди, оғзини очаверади. Азон айтилаётган вақтда еб-ичиш одобдан эмас. Чунки, азонга жавоб қайтариш керак. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деб буюрганлар:

اذا سمعتم المؤذن فقولوا مثل ما يقول....

“Қачон муаззиннинг азонини эшитсанглар, у нима деса, шундай денглар!”. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).


САВОЛ: Ифтор қилиш, яъни, рўзада оғиз очишнинг одоблари ҳақида маълумот берсангиз?

ЖАВОБ: Оғиз очишда кун ботишига диққат қилиш керак, тақвимга эмас. Тақвимлар фақат ёрдамчи воситалардир.

Бизнинг мазҳабимизда қуёш ботиб, унинг шохлари, яъни ёғдулари ҳам сўнганидан сўнг, қуёш чиқиш тарафдан қаронғулик таралаётган вақтда оғиз очиш лозимдир. Зотан, Аллоҳ таоло ҳам кечгача рўзани тўла тутишга буюргандир:


ثمّ أتموا الصيام الى الليل

“Сўнгра, рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз”. (Бақара сураси, 187-оят).

 Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам рўза очиш вақтини бундай кўрсатиб берганлар:

اذا أقبل الليل من ههنا وأدبر النهار من ههنا وغربت الشمس فقد أفطر الصائم

“Қачон кеча бу тарафдан чиқиб келса, бу тарафдан эса кун чўкиб кетса ва қуёш ботса, рўзадор оғиз очур”. Бу ҳадиси шарифни Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган. 

Шуни билмоқ керакки, ифтор қилинаётганда, кун ботганини аниқ билиши керак. Агар ҳали ботмагандиров, деган гумон бўлса-ю, рўзани очиб юборса, шу билан ботган-ботмаганини аниқ билмасдан вақтни ўтказиб юборса, у бир кун қазо тутиб беради. (“Бадойиъ ус-санойиъ”).  

Оғизни шом намозини ўқишдан аввал очиш суннатдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари ҳақида муҳаддисларимиз  Имом Термизий ва Имом Абу Довудлар Анас разийаллоҳу анҳудан бундай ривоят келтирадилар:

       كان النبى صلى الله عليه وسلم يفطر قبل ان يصلى على رطبات فان لم تكن رطبات فتميرات فان لم تكن تميرات حسى حسوات من ماء

“Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шом намозини ўқимасдан олдин бир неча хурмо билан оғиз очар эдилар. Агар хурмо бўлмаса, хурмоқоқи билан очар эдилар. Агар хурмоқоқи ҳам бўлмаса, бир неча қултум сув ичар эдилар”.

Булутли кунда шом намозини кечиктириброқ ўқиш мустаҳаб бўлгани каби оғиз очишни ҳам кечиктириброқ қилинади .

Ибн Ҳиббон, Ибн Хузайма, Баззор, Ҳоким, Байҳақий, Табароний каби муҳаддислар саҳиҳ иснод билан Анас разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, у айтган экан: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғиз очмасдан шом намозини ўқиганларини ҳаргиз кўрган эмасман. Агарчи бир қултум сув бўлса ҳам оғиз очар эдилар”.

Шунга биноан, хурмо билан рўзани очиш энг афзал экан. Агар хурмо топилмаса, сув афзал. Кейин олов тегмаган ҳар қандай нарса (мева) билан оғиз очилади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам буюрганлар:

اذا أفطر احدكم فليفطر على تمر فانه بركة فان لم يجد فليفطر على ماء فانه طهور

“Қачон сизлардан бирингиз оғиз очмоқчи бўлса, бас, хурмо билан оғиз очсин. Чунки, у баракадир. Агар хурмо топилмаса, сув билан оғиз очсин. Зеро, у покизадир”. (Имом Аҳмад, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можжа ва Доримийлар Салмон ибн Омир р.а.дан ривоятлари).

Имом Термизий ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қишда хурмо билан, ёзда сув билан оғиз очишлари зикр этилган.

Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг Расули алайҳиссалом мана бундай марҳамат қилмишлар: “Рўзадорнинг иккита қувонадиган, шодланадиган вақти бор. Бири, ифторлик қилаётганда, яна бири эса Парвардигорига йўлиққанда”. (Шайхайннинг Абу Ҳурайра р.а.дан ривоятлари). Мазкур ҳадисдаги ифторлик вақтидаги фарҳат-хурсандлик табиий хурсандлик эканини уламолримиз таъкидлашган. Яъни, очлик ва чанқоқликдан кейинги ифторлик билан нафснинг роҳат қилишидир. 

Ифторлик қилиш бу ибодатдир. Биз оғиз очганимизда Аллоҳга тақарруб ҳосил қиламиз. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бажарган, ул зотдан қолган суннат амални бажарамиз. Демак, уни шу ниятда қилсак, еб-ичишимиз билан ажру савобга эга бўламиз. 

Яна шуни унутмаслик керакки, Пайғамбаримиз ва асҳоби киромлардан қолган суннатлардан бири саҳарликни кечиктириш ва ифторлик-оғиз очишга шошилмоқликдир. Ҳали кун яхши ботмади, деб оғиз очишни жуда ҳам кечиктириб юбориш ярамайди. Имом Термизий Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

قال الله تعالى احبّ عبادى الى أعجلهم فطرا

“Аллоҳ таоло: “Бандаларимнинг менга энг яхшиси уларнинг ифторликни тезроқ, эртароқ қилганларидир”, деган”.

Бошқа ўринда эса Саҳл ибн Саъд разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ алайҳиссалом бундоқ деб марҳамат қилганлар:

لا تزال أمتى على سنتى ما لم تنتظر بفطرها النجومَ

“Умматим менинг суннатимда доим бўладилар, мадомики оғиз очишларини юлдузлар кўрингунча кутмасалар”. Мазкур ҳадисни Имом Аҳмад, Доримий, Ибн Ҳиббон, Ибн Хузайма ва Ҳокимлар саҳиҳ деб ривоят қилганлар. 

Ойша онамиз разийаллоҳу анҳудан икки киши ҳақида сўралди. Бири оғиз очишни ҳам, шом намозини ҳам кечиктирар эди. Бири эса тезда оғиз очиб, тезда намозга турар эди. Ойша онамиз ифторликни ҳам, намоз ўқишни ҳам шошилтирадиган зотнинг кимлигини сўради. Унга бу киши Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳулигини айтишди. Шунда Ойша разийаллоҳу анҳо бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишлари эканлигини айтдилар. Имом Муслим ривоят қилган.

Юқоридаги ривоятларга асосланиб, оғиз очаман, деб шом намозини жуда кечиктириб юбориш ярамайди. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

لا يزال أمتى بخير او على الفطرة ما لم يؤخروا المغرب الى تشتبك النجوم

“Умматим яхшиликда ёки ҳақиқий фитратда доим бўлишади, модомики, шом намозини юлдузлар аралашиб кетгунча кечиктирмасалар”.

Ақаба ибн Омир разийаллоҳу анҳу бир иш билан шом намозини ўқишни кечиктирганини кўриб, Абу Айюб ал-Ансорий мазкур ҳадиси шарифни айтган эканлар. Буни Абу Довуд ва Ҳоким Имом Муслим шартига кўра ривоят қилган.

Лекин, шом намозидан аввал шом намозини ўқиб бўлгунча нафс ором олиши учун еб-ичиб олишга рухсат берилади. Ҳар қалай, мазҳабимизнинг мўътабар манбаларидан “Муниййа” ҳамда “Радд ул-муҳтор”да шундай фатво берилган. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам деганлар:

اذا وضع عَشاء احدكم وأقيمت الصلوة فابدؤ بالعشاء ولا يعجل حتى يفرغ منه

“Қачон сизлардан бирингизнинг кечки овқати дастурхонга қўйилсаю, шу пайт иқомат айтиб қолинса, кечки овқатдан бошласин. Шошилмасин, ҳатто таомланишдан фориғ бўлгунча”. Имом Бухорий ва Муслимлар Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан қилган ривояти.

Ҳатто Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан қилинган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай демишлар:

لا صلوة بحضرة الطعام

“Таом ҳозир бўлганда намоз йўқ!”. (Имом Муслим ривояти). 

Бу ҳали айтганимиздек, шом намозини жуда кечиктириб юбориш, дегани эмас. Зотан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб ҳам буйруқ бермишлар:

لا تؤخروا الصلوة لطعام ولا لغيره

“Намозни таом учун ёки бошқа нарса учун кечиктирманглар!”. Мазкур ҳадисни Имом Абу Довуд ва Имом Бағавий Жобир разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Чунки, рўза муносабати билан кўп еб-ичишлар умматнинг бошига тушган мусибатлардан, оғир бидъатлардан биридир. Бунга аҳли тибб ҳам, аҳли тақво, аҳли маъно ҳам иттифоқ қилган.

Ифтор пайтида қилинадиган муҳим амалларимиздан яна бири дуо қилишдир. Ибн Можжа Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар: 

 انّ للصائم عند فطره دعوة ما تردّ

“Албатта рўзадор учун оғиз очиши пайтида рад қилинмайдиган дуоси бордир!”.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч нафар кимсанинг дуоси рад қилинмаслигини айтадилар. Улардан бири ифтор қилаётиб, дуо қилган бандадир:

لا ترد دعوتهم الصائم حين يفطر 

  “Уларнинг дуолари қайтарилмайди: биринчиси, будир: Оғзини очаётган рўзадор”.

Шунинг учун Расули акрамнинг ўзлари оғиз очаётиб, “Чанқоқлик кетди, томирлар намланиб олди, инша Аллоҳ, савоб ҳам аниқ бўлди” дер эканлар (Имом Абу Довуд, Байҳақий, Дорақутний ва Насоийларнинг Ибн Умар р.а.дан ривоятида) ва ҳозирда орамизда машҳур бўлган дуони ўқир эканлар:

اللهمّ لك صمت وعلى رزقك أفطرت

“Эй Аллоҳим, сен учун рўза тутдим, сенинг ризқинг билан оғиз очдим”. (Имом Абу Довуд, Байҳақий ва Ибн Аби Шайба ривояти).

Ибн Можжа, Ҳоким ва Абу Довудлар Ибн Аби Мулайкадан ривоят қилишларича, улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳу ифторлик вақтида: “Эй Аллоҳим, албатта мен ҳар бир нарсани қамраб оладиган раҳматинг билан мени мағфират қилишингни сўрайман!”, деб дуо қилар эканлар. 

Демак, ифтор вақтида муҳим орзу-ниятларимизни, ҳожатларимизни Аллоҳ таолодан холис сўрасак, ижобат бўлса ажаб эмас.


САВОЛ: Эсимни танибманки, Рамазонда одамлар ифторлик беришиб, бундай тадбирларни ўзгача тайёргарлик, ихлос ила адо этаётганларига гувоҳман. Айтингчи, бу нарса Пайғамбаримиз давридан бери борми? Ёки ифторлик тадбирлари кейин пайдо бўлган бидъатларданми? Ифторлик беришнинг савоби қандай?

ЖАВОБ: Рамазони шариф саховат ойи эканлиги барчага маълум. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саховатлари, айниқса, Рамазонда авжи чўққига чиққанлигини домла-имомларимиз доимо такрорлашади.

Ифторликка бошқа рўзадор биродарларни, ҳожатмандларни чорлаш рўзанинг муҳим одобларидан биридир. Улуғ саҳобалардан бири, ансорийларнинг Авс қабиласи бошлиғи Саъд ибн Муоз разийаллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобаларни ифторликка чақириш одатлари бўлгани манбаларда зикр этилган. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Имом Байҳақий Зайд ибн Холид разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятида бундай марҳамат қилган эканлар:

من فطر صائما... فله مثل أجره

“Кимки рўзадорни ифтор қилдирса, бас, унга унинг савоби мислича берилур”. Бу ҳадисга ўхшашини яна Имом Аҳмад, Ибн Можжа, Насоий, Ибн Ҳиббон, Табароний, Термизий, Доримий ва Ибн хузаймалар ҳам ривоят қилганлар. 

Бошқа ўринда ул зоти шариф буни янада тўлароқ васф қиладилар:

من فطّر فيه صائما كان له مغفرة لذنوبه وعتق رقبته من النار وكان له مثل اجره من غير ان ينتقص من اجره شئ

“Кимки Рамазон ойида бирор рўзадорни ифтор қилдирса, унинг гуноҳлари мағфират қилинади, гардани дўзахдан озод бўлади ва рўзадорнинг ажр-савоби мисоли ажр-савоб ҳеч ҳам камайтирилмасдан унга ҳам насиб қилади”.

Бу башоратни эшитган саҳобалар: “Бизларнинг ҳаммамиз ҳам рўзадорни ифтор қилдиришга қодир эмасмиз, қорнини тўйдиришга бирор нарса топа олмаймиз”, деганларида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:

يُعْطى الله هذا الثواب من فطر صائما على مذقة لبن او تمرة او شربة من ماء

“Бу савобни Аллоҳ таоло рўзадорга бир қултум сут ёки хурмо ёки сувдан бир ҳўплам берган кимсага ҳам ато қилади”.

Бошқа ўринда эса (Сунан соҳиблари, шунингдек, Ибн Ҳиббон ва Ибн Хузаймалар ривоятида) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

انّ الصائم تصلى عليه الملائكة اذا أكل عنده حتى يفرغوا

“Албатта рўзадор қачон унга едирилса, то ейишдан фориғ бўлгунча фаришталар (едирган одамга) саловот айтиб турадилар”.

Бир рўзадорни ифтор пайтида уйига чорлаб, унинг қорнини тўйдирсачи, унда нима бўлади. Унинг нима бўлишини ҳадиси шариф бундай ифодалайди:

من أشبع صائما سقاه الله من حوضى شربة لا يظمأ حتى يدخل الجنة

“Кимки бир рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзи кавсаримдан бир ичимлик билан сийлайдики, то жаннатга киргунча чанқоқлик нималигини билмайди”. (Бу ҳадиси шарифни Имом Байҳақий Салмон ал-Форисий р.а.дан ривоят қилган).

Имом Байҳақий, Доримий ва Ибн Аби Шайбалар Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг олдида ифтор қилсалар, уларга қараб: “Сизникида рўзадорлар ифтор қилишди, яхши одамлар таомингизни еди, фаришталар сизларга тушди”, дер эканлар.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Яратганда Еру Осмонни Раҳмон. Ой ила Қуёшга манзил бичган он. Ойларни ўн икки айлаган замон. Сени улар ичра айламиш султон. Марҳабо, хуш келдинг, хушвақт Рамазон. давоми...

3185 05:00 / 14.01.2017
Муслимахон онаси билан рамазон ойи кириб келиши муносабати билан тайёргарлик кўриб, ҳурсанд ўлтиришган эди. Уларнинг меҳр билан суҳбатлашиётгани устига отаси давоми...

3329 05:00 / 14.01.2017
Шунингдек, мабодо табиий шароитлар ноқулай келиб янги ойни кўриш имкони бўлмай қолса, Рамазондан олдинги Шаъбон ойини ўттиз кунлик мукаммал қилиб кейинги кунидан давоми...

4345 05:00 / 11.01.2017
Муфассир олимлар Қуръоннинг сизга рўза фарз қилиндиrdquo оятини, рўза ҳар бир аъзо учун фарз қилинган дейдилар. Тилнинг рўзаси фаҳш, ёлғон, ғийбатдан, қулоқники давоми...

3309 16:43 / 01.06.2018