1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

аёл киши турмушга чиқаётганда кўп ҳолларда маҳр ўрнида уй, ҳовли-ер деб мулк

20:03 / 26.04.2016 3414 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

САВОЛ: Ҳозирда аёл киши турмушга чиқаётганда кўп ҳолларда маҳр ўрнида уй, ҳовли-ер деб мулк ажратилмоқда. Бу, албатта нотўғри. Шуни ота-онага тушунтира олмаган тақдирда қизга учрашув пайтида узук ёки шу миқдорда пулни ўзаро пинҳона берса маҳр ўрнига ўтадими? Албатта қиз билан келишилган ҳолатда бўлса.

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Келинга уй, ҳовли ва бошқа мулкларни маҳр қилиб берса бўлади. Улар келиннинг мулкига айланади. Сўнгра келин-куёв ўша ҳовли ёки уйда яшасалар, келин куёвдан ижара олиши мумкин бўлади.
Маҳрга узук бериш шарт, деган тушунча йўқ.
«Маҳр» ақди никоҳ ёки эру хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган ва хотинга бериш лозим бўлган молдир.
Маҳр турли номлар билан номланади, Қуръони Каримда садоқ, садақа, ажр, фарийза, ниҳла исмлари ишлатилган.
Баъзи уламолар, маҳрнинг ўнта исми бор, деганлар. Бизда «маҳр» машҳур бўлгани учун шуни қўллаймиз.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:
«Аёлларга маҳрларини чин дилдан чиқариб беринглар. Агар улар ундан бирор нарсани ўз розиликлари ила берсалар, бас, уни енглар, ош бўлсин». деган (4-оят).
Ушбу ояти карима маҳр бериш эрга вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади. Агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам. Лекин, маҳрни бериш никоҳнинг шарт ёки рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ бўлаверади, аммо олди-бердиси қачон бўлса бўлаверади.
Ушбу оятда эр ўзига хотинликка рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда. Маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.
Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади. Жумладан, ушбу оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб берса ҳам ўзининг иши.
Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб берган маҳрининг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади.
Имом Бухорий, Муслим ва Аҳмадлар Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланмоқчи бўлган кишига «Агар бир темир узук бўлса ҳам топ», деганлар. У зот бирор никоҳни маҳр-сиз қўймаганлари собитдир.
Мусулмонларнинг барчаси никоҳ маҳр-сиз бўлмаслигига ижмоъ қилганлар.
Маҳрнинг ози ўн дирҳамдир.
Ўн дирҳам бир динорга тенг келади. Бу нисобга етган молнинг йигирмадан бири деганидир.
Имом Байҳақий ва Ибн Аби Ҳотимлар қилган ривоятда «Ўн дирҳамдан оз маҳр йўқ», дейилган.
Агар ўндан озни айтган бўлса ҳам ўн дирҳам вожиб бўлади.
Маҳр пул бўлиши шарт эмас. Кийим, тақинчоқ ёки шунга ўхшаш мулк бўладиган ва ҳалол нарса бўлса жоиз. Куёв тараф ўн дирҳам ёки унинг қийматидан оз миқдордаги нарсани маҳр деб айтган бўлса, барибир ўн дирҳам ёки унинг қийматидаги нарсани бериши лозим бўлади.
Агар ундан бошқани айтган бўлса, икковларидан бири вафот этганда ёки саҳиҳ хилват бўлганда аталган нарсани бериш вожиб бўлади.
Яъни, эр тараф келинга ўн дирҳамдан оз бўлган маҳрдан бошқани, ўн дирҳам ёки ундан кўпни маҳрга беришни атаган бўлса ўшани бирлари вафот этган чоғида ёки икковлари саҳиҳ хилватда қолганларидан кейин бериш вожибга айланади. Саҳиҳ хилват нималигини кейинги жумладан билиб оламиз.
У ҳиссий, шаръий ва табиий жиҳатдан жинсий яқинликни ман қилувчи нарса қолмаслигидир. Мисол учун, жинсий яқинликни ман қиладиган беморлик, Рамазон рўзаси, фарз намоз, эҳром, ҳайз, нифос кабилар.
Хилвати саҳийҳа деганда ақди никоҳдан кейин эру хотин бир жойда холи қолиб, уларни жинсий алоқадан тўсувчи ҳиссий, шаръий ва табиий монеъликлар бўлмаслиги кўзда тутилади.
Холи жой деганда, икковлари ҳамма томони яхши тўсилган, икковларининг изнисиз олдиларига биров кира олмайдиган макон кўзда тутилади.
Ҳиссий монеълик деганда, эр беморлиги туфайли вақтинча жинсий алоқага ярамай тургани кўзда тутилади. Шунингдек, аёлнинг фаржида тўсиқ бўлиб, жинсий алоқага монеъ бўлиши ҳам ҳиссий монеъликка киради.
Шаръий монеълик деганда, аёлни ҳайз-ли ёки нифосли бўлиши, иккисидан бири рўзадор ёки эҳромда бўлиши кўзда тутилган.
Табиий монеълик деганда, эру хотиндан бошқа шахсни улар билан бирга бўлиши кўзда тутилган.
Ана ўша шартлар тўлиқ бўлиб хилвати саҳийҳа юзага келгандан кейин эрга маҳр-ни тўлиқ бериш вожиб бўлади, агар хотин айби билан никоҳ бузилса ҳам.
Мисол учун, қовушгандан ёки хилвати саҳийҳадан кейин аёл диндан чиқиб муртад бўлса ҳам маҳрни тўлиқ олиш ҳақига эга бўлади.
Шунингдек, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, эру хотиндан бирининг ўлими билан ҳам тўлиқ маҳр вожиб бўлади. Ўлим қовушгандан олдин содир бўладими, ке-йинми бари-бир.
Жинсий олат кесилган бўлиши, жинсий заифлик ва бичилганлик ман қилувчи омил эмас.
Бундай ҳолатларда келин-куёв ёлғиз қолсалар хилвати саҳийҳа ҳисобланаверади.
Саҳиҳ хилватдан олдинги талоқ ила аталган маҳрнинг ярими вожиб бўлади.
Бу ҳукм Қуръонда келган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
«Агар уларга қўл теккизмай талоқ қилсангиз ва маҳрни аниқлаб қўйган бўлсангиз, аниқланганнинг ярмини берасиз, магар аёл ёки никоҳ тугуни қўлида бўлган киши афв қилса, бермайсиз», деган (237-оят).
Агар маҳр аталмаган бўлса, саҳиҳ хилватдан олдин талоқда мутъа, ундан кейингида маҳри мисл вожиб бўлади.
Бу ҳукм Қуръонда келган. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
«Агар хотинларга қўл теккизмай туриб ёки уларнинг маҳрини аниқламай туриб талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ бўлмас. Уларни бор борича, йўқ ҳолича яхшилик ила фойдалантиринг. Бу яхшилик қилувчилар бурчидир», деган (236-оят).
Бу оятда никоҳдан кейин, маҳрни аниқ-ламаган ҳолатда, духулдан олдин талоқ қилганда нима бўлиши ҳақида сўз кетмоқда. Аввало, шундай ҳолатда талоқ қилиш гуноҳ эмаслиги баён қилинди.
«Агар хотинларга қўл теккизмай туриб ёки уларнинг маҳрини аниқламай туриб талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ бўлмас».
Чунки инсонгарчилик юзасидан турли ҳолатлар бўлиб туради. Албатта, бу талоқ келин учун, унинг аҳли учун оғир бўлади. Умид билан никоҳдан ўтиб, орзу-ҳавас билан янги турмушни кўзлаб турганида, оилавий ҳаётни бошламай туриб талоқ бўлиши катта мусибат. Бунинг устига дўсту душман, ёру биродарларнинг олдида нима деган гап бўлади?! Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, маҳрини ҳам тайин бўлмагани учун бу келинга фойда (мутъа), деб номланган молиявий тақдирлаш беришни шариатда ушбу ояти карима асосида жорий қилинган.
Бериладиган мутъанинг миқдори куёв тарафга боғлиқ, имконига қараб кўпроқ нарса берса, яхши бўлади. Ривоят қилишларича, Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу мутъа учун ўн минг дирҳам берган эканлар. Уламоларимиз ўз вақтларининг ўлчовида қуйидагича: бой бир хизматчи олиб беради, қамбағал уч сидра кийим бош берсин, деганлар. Шундай қилинса, келин тарафга енгил бўлади. Кўнгиллари таскин топади. Дўсту душманларнинг гап-сўзидан ҳам қутиладилар. Чунки шунчалик мол-дунё бериш қизда айб йўқлигининг, йигит тараф уни ҳурмат қилишининг, аммо ноиложликдан ажралаётганлигининг аломати бўлади. Шу билан бирга, куёв тарафни ҳам қийнаб юбориш керак эмас. Оятда:
«Уларни бор борича, йўқ ҳолича яхшилик ила фойдалантиринг» дейиляпти.
Куёв тараф «яхшилик ила» ҳаракат қилиши керак. Шунингдек, келин тараф ҳам. Оятнинг охирида фойда бериш юқори мақом эканлиги:
«Бу яхшилик қилувчилар бурчидир», деб яна бир бор таъкидланяпти.
Маҳри мисл келинга ўхшаш бошқа келинларга ўша юртда, ўша замонда одат бўйича қанча маҳр бериш жорий бўлиб турган бўлса, ўша миқдорда маҳр берилишидир.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан бир аёлга уйланиб, унга маҳр тайин этмаган, у билан қовушмай туриб вафот этган киши ҳақида сўралди.
Бас, у киши:
«У аёлга ўз аёллари маҳри мислича маҳр берилади. Кам ҳам эмас, кўп ҳам эмас. Унга мерос ҳам берилади. Унга идда ўтириш вожиб бўлади», дедилар.
Шунда Маъқил ибн Синон ал-Ашжаъий туриб:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Барваъа бинти Вошиқ ҳақида сен чиқарган ҳукмга ўхшаш ҳукм чиқарган эдилар», деди.
Ибн Масъуд бундан хурсанд бўлди».
Сунан эгалари ривоят қилганлар.
Маҳрни зикр қилмасдан, уни нафйи қилиб, мол бўла олмайдиган нарса ила, жинси ёки сифати номаълум нарса ила қилинган никоҳ дурустдир.
Бу жумлада маҳрга боғлик беш хил ҳолат ҳақида сўз бормоқда;
1. Маҳрни зикр қилмай, у ҳақда бирор оғиз ҳам гапирмай тузилган никоҳ жорий бўлавериши.
Чунки Аллоҳ таоло Нисо сурасида:
«Бас, ўзингиз хуш кўрган аёллардан икки, уч, тўртини никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани», деган (3 оят).
Маҳрни зикр қилмаган.
2. Маҳрни нафйи қилиб, яъни, орада маҳр йўқ дея келишилган никоҳ бўлавериши.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида:
«Агар хотинларга қўл теккизмай туриб ёки уларнинг маҳрини аниқламай туриб талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ бўлмас», деган (236- оят).
Маҳр аталмагандаги талоқ жоиз бўлгандан кейин, маҳр аталмай қилинган никоҳ ҳам жоиз бўлади.
3. Маҳрга мол бўла олмайдиган нарсани атаб қилинган никоҳ ҳам жоизлиги.
Мисол учун, бир мусулмон бир муслимага уйланаётиб маҳрга хамр ёки чўчқа бераман деган бўлса ҳам никоҳлари ўтаверади. Улар маҳрга аташ мумкин бўлмаган нарсани атадилар. Бу худди ҳеч нарса атамаганга ўхшайди.
4. Маҳрга жинси номаълум нарсани атаб қилинган никоҳ ҳам жоизлиги.
Мисол учун, куёв келиннинг маҳрига кийим ёки тақинчоқ бераман, деди. Қай турдаги кийим ёки тақинчоқлиги номаълум. Бу ҳам ҳеч нарса атамаганга ўхшаш бўлаверади.
5. Маҳрга сифати номаълум нарсани атаб қилинган никоҳ ҳам жоизлиги.
Мисол учун, куёв маҳрга сигир бераман дедию, қай сифатдаги сигир беришини айт-мади.
Бу ҳолатларда аввал ўтганидек маҳри мисл вожиб бўлади. Ўша нарсаларнинг ўртачаси ёки қиймати миқдорида берилади.
Бунда нарсанинг ўзини ёки қийматини бериш куёвнинг ихтиёрида. Келин унинг берганини олишга мажбур.
Агар қул эрнинг хизмати аталган бўлса, ўша нарса вожиб бўлади.
Яъни, маҳрга қул эрнинг хизмат қилиб бериши аталган бўлса, ўша хизматни қилиб бериш вожиб бўлади.
Агар анави қул ёки манави қул деб аталган бўлса ва маҳри мисл иккисининг ўртасида бўлса, маҳри мислни беради. Агар маҳри мисл арзон қулдан озроқ бўлса, арзон қулни бериш вожиб бўлади. Агар маҳри мисл қиммат қулдан юқори бўлса, қиммат қулни бериш вожиб бўлади. Агар хилватдан олдин талоқ қилса, арзон қулнинг ярим баҳосини беради.
Албатта, бу масала ўтган замонга хос. Ҳозир қулчилик битирилган. Аммо бу масаладан бошқа нарсаларга таққослаганда фойдаланиш мумкин. Мисол учун, у маркабни ёки бу маркабни бераман деган бўлса.
Агар аёлни юртидан чиқармаслик шарти ила мингни атаб никоҳлаб олган бўлса ёки муқим турса минг, олиб чиқса икки минг дейилган бўлса, айтганига вафо қилса ёки муқим турса, мингни бериш вожиб бўлади. Акс ҳолда маҳри мислни беради. У икки мингдан ошмайди ва мингдан кам бўлмайди.
Агар, ушбу икки қулни бераман деб никоҳлаб олган бўлсаю, икковидан бири ҳур бўлса, аёлга фақат қулни берилади. Агар у ўн дирҳамга тенг бўлса.
Агар унинг қиймати ўн дирҳамдан кам бўлса, ками қўшиб берилади.
Агар бокираликни шарт қилган бўлса-ю, жувон чиқиб қолса, маҳрнинг ҳаммасини бериш лозим бўлади.
Чунки қизлиги зинодан бошқа сабабларга кўра кетган бўлиши мумкин. Бу ҳолда яхши гумон қилган афзал.
Фосид никоҳда агар яқинлик қилмаган бўлса, ҳеч нарса вожиб бўлмайди. Агар яқинлик қилса, яқинлик қилган вақтидан бошлаб насаб ва аталгандан зиё-да бўлмаган маҳри мисл вожиб бўлади.
Фосид никоҳга опа-сингилга бирданига уйланиш, гувоҳларсиз уйланиш, опасининг иддасида синглисига уйланиш, бошқанинг иддасида ўтирган аёлга уйланиш ва тўртинчи хотиннинг иддасида бешинчисига уйланишлар киради.
Келиннинг маҳри мисли отасининг қавми эътиборидан ёшга, жамолга, молга, ақлга, диёнатга, юртга, замонга, бокиралик ёки жувонликка қараб бўлади.
Шунингдек, одоб ва ахлоқига қараб бўлади. Маҳри мислни белгилашда мазкур омилларни ҳисобга олиб келиннинг маҳри ота томонидан бўлган ўзига энг ўхшаш келинники миқдорида белгиланади.
Агар уларда-ота тараф қариндошларда бўлмаса, ажнабийлардан олинади.
Яъни, маҳри мисли аниқланиши лозим келинга ўхшаш келин отасининг қариндошлари ичидан топилмаса, бегоналардан изланади ва топилади.
Онаси тарафдан ва унинг қавмидан эмас. Агар она отанинг қавмидан бўлмаса.
Маҳри мисли аниқланиши лозим бўлган келин қайси келинга тенг эканини белгилаш учун икки эр киши ёки бир эр ва икки аёл киши таъйинланади.
Агар келин кичкина бўлса ҳам валийси унинг маҳрига зомин бўлиши тўғридир.
Чунки кичик ёшдагиларнинг бу каби ишларини валийси амалга ошириши маълум ва машҳур.
Маҳрнинг эрта ва кечини икковлари таъйин қилган бўлсалар, ўшандоқ бўлади. Агар таъйин қилмаган бўлсалар, урф-дагига қараб бўлади.
Маҳрни иккига бўлиб тўлаш ҳам мумкин. Дастлабкиси аввал берилади ва маҳри муъажжал–эрта маҳр деб аталади. Ке-йингиси кейин берилади ва маҳри муажжал–кечиктирилган маҳр деб аталади.
Агар икки тараф ақди никоҳ пайтида эрта маҳр қанча ва қачон, кеч маҳр қанча ва қачон берилишини келишиб олган бўлсалар, ўша келишувга биноан иш тутадилар.
Ақди никоҳ пайтида бундоқ келишув бўлмаган бўлса, ўз қавмларида мазкур миқдордаги маҳрни келинга ўхшаш келинларга қай тарзда беришга одатланган бўлсалар ўша тарзда берилади.
Эрта маҳрни олишдан аввал аёл жинсий яқинликни ва ўзини сафарга олиб чиқилишини ман қилишга ҳақли. Агар ўз розилиги билан бўлган яқинликдан кейин ман қилса ҳам жоиз. Бу ҳолатда унинг нафақаси соқит бўлмайди.
Яъни, маҳрини ўз вақтида берилмаганига норози бўлиб, куёвни ўзига яқинлаштирмаётган келиннинг нафақаси эрга вожиб бўлиб тураверади. Эр хотиним мени ўзига яқинлаштирмаяпти, шунинг учун унинг нафақасини бермайман, дейишга ҳақли эмас.
Шунингдек, у эрнинг изнисиз ҳожат юзасидан сафар қилишга ва ташқарига чиқишга ҳақли.
Маҳрни вақтида бермаган эр аёлни бу нарсалардан ман қилишга ҳақли эмас.
Аёл эрта маҳрни олганидан кейин уни бошқа ёққа олиб кетса бўлади. Уни сафарга олиб кетмайди деганлар ҳам бор ва фатво шунга берилган.
Уламолар орасида эрта маҳрни ёки тўла маҳрни бергандан кейин эр хотининг розилигисиз уни бошқа юртга олиб кетса бўладими, йўқми деган масалада турли гапларни айтганлар. Олиб кетиши мумкин эмас, деганлар кўпроқ замоннинг фасодини эътиборга олганлар. Олиб кетиши мумкин деганлар Аллоҳ таолонинг «У(аёл)ларга ўзингизга маскан бўлган жойдан маскан беринг», деган қавлини далил қилиб келтирганлар. Мана шуниси тўғри.
Агар эр унга бир нарса юборган бўлса-ю, хотин уни ҳадя деса, эр маҳр деса, эрнинг гапи қабул бўлади. Фақат емоқ учун тайёрланган нарсада унинг гапи қабул қилинмайди. Валлоҳу аълам.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Исломда .Инсон аъзосини асл ҳолатдан ўзгартириш мумкин эмас, дейилган. Масалан қош териш. Лекин сочни хина билан бўяш мумкинми Бунда ҳам соч асл рангидан бошқа давоми...

4060 21:18 / 27.04.2016
СаволБолалар инжиқлик қилганда ИСИРИҚ тутатишади ва фойдаси текканлигини айтадилар. Шунақа вазиятларда исириқ тутатса киши ГУНОҲКОР бўлиб қолмайдимиЖавобШайх давоми...

5841 09:05 / 12.11.2017
Савол Мусофир кишининг Рамазон рўзаси қандай бўлади Шу ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз, илтимос. Агар танлаш имкони бўлса, қайси Рамазон рўзаси Аллоҳнинг давоми...

5753 03:10 / 27.05.2017
Ассалому алайкум Азиз устозлар, бир савол жавобда ўқиб қолдим таҳажжуд намозини вақти хуфтондан кейин витрдан олдин дейилган. Бугунги кунда кўпчилигимиз витр давоми...

4203 06:10 / 24.09.2018