1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазон мукофотлари

05:00 / 11.01.2017 3587 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло ўз бандаларини саноқсиз неъматлар билан сийлаган. Унинг буйруқ­амалларини адо қиладиган, хусусан рамазон рўзасини хулуси ният билан тутадиган мўмин бандаларини беқиёс мукофот, ажру­савобларга буркайди. Қуйида  уларнинг баъзиларини келтирамиз.


Рамазон мўминлар учун суюнчидир.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Сизларга рамазон ойи муборак ой келди. Аллоҳ унинг рўзасини сизларга фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилиб, жаҳаннам дарвозалари ёпилиб, шайтонлар занжирбанд қилинади. Бу ойда бир кеча борки, у минг ойдан кўра яхшироқдир. Ким у кечанинг хайрларидан маҳрум қолса, (кўп нарсадан) маҳрум бўлибди» (Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривоятлари).


Рўза Аллоҳ таоло бевосита қабул қиладиган нодир ибодатлардан биридир.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Одам фарзандининг қилган ҳар бир амали ўзи учун. Рўза эса мен учун ва унинг мукофотини Ўзим бераман» (Ҳадиси қудсий. Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Насоий ривоятлари).


Рамазон рўзаси гуноҳларга каффоратдир

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Беш вақт намоз, жума (намози келгуси) жумагача, рамазон (келгуси) рамазонга қадар ўрталарида (содир бўлган) катта гуноҳлардан бошқа (кичик) гуноҳлар учун каффоратдир» (Имом Муслим ривояти).

Абу Саид розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рамазон рўзасини тутган ва унинг ҳудудларини билган ҳамда сақланиш керак бўлган нарсалардан сақланган одам(нинг бу ибодатлари) ўтган гуноҳларига каффорат бўлади» (Имом Аҳмад ва Имом Байҳақий ривоятлари)

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: «Рамазон рўзасини иймон ва савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Аҳмад ва «Сунан» муаллифлари ривоят қилишган).

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу дедилар: «Рамазон кечаларини иймон ва савоб умидида бедор ўтказган кишининг гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абдураҳмон ибн Авф розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Аллоҳ (рамазон) рўзасини фарз қилди. Мен эса мусулмонларга (унинг кечасини ибодат билан) бедор (ўтказишни) суннат қилдим. Ким иймон ва савоб умидида (рамазон) рўза(сини) тутса ва (кечаларини ибодат билан) бедор ўтказса, онасидан туғилган кундагидек тозаланади» (Имом Насоий ривояти).


Рамазондаги рўза сабабли Аллоҳ таоло раҳматлар ёғдиради

Убода розийаллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «…Аллоҳ раҳматини ёғдириб, хатоларни кечиради ва дуоларни ижобат қилади…» (Имом табароний ривояти).

Абу Олия раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Рўзадор киши модомики, ғийбат қилмас экан, унинг уйқуси ҳам ибодатдир».


Рамазондаги ибодатларга бошқа ойлардагидан кўра кўпроқ савоб берилади.

Иброҳим Наҳаий раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Рамазоннинг бир кунидаги рўза минг кунлик ибодатдан, унда айтилган бир тасбеҳ бошқа ойларда айтилган минг тасбеҳдан, бир ракат намоз бошқа ойларда ўқилган минг ракат намоздан афзалроқдир».


Рамазондаги садақа энг афзал садақадир.

Анас розийаллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Садақанинг афзали қайси?» деб сўрашганида: «Рамазондаги садақа», деб жавоб бердилар (Имом Термизий ривояти).


Рўза – гуноҳлар ва жаҳаннам оловидан ҳимоя қиладиган қалқондир

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «…Рўза қалқондир…» (Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Насоий ривоятлари).


Рўза инсонни бардошли қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рамазон ойи – сабр ойидир» (Имом Термизий ривояти).


Рўзадор оғзидаги ҳид (бўй) Аллоҳ наздида мушку анбардан кўра хушбўйроқдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зотга қасам ичиб айтаманки, рўзадор оғзининг ҳиди қиёмат кунида Аллоҳ ҳузурида мушку­анбардан кўра ҳушбўйроқ бўлади» (Имом Бухорий ва Имом Абу Довуд ривоятлари).

Макҳул раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Жаннат аҳли бир ҳидни ҳис этадилар­да: «Роббимиз жаннатга кирганимиздан буён бу ҳидни ҳис этамиз ва ундан ширинроғини кўрмадик», дейдилар. Уларга: «У – рўзадорларнинг бўйидир», дейилади».

Хорис ашъарий розийаллоҳу анҳу дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Закариё алайҳиссалом Исроил ўғилларига деди: «Мен сизларни рўза тутишга буюраман. Бунинг мисоли бир гуруҳ ичида, ёнида халтачасида мушк бўлган кишининг мисолига ўхшайди. ҳамма унинг бўйи (ҳиди)дан ҳайратга тушади».

Рўзадорнинг ҳиди Аллоҳнинг ҳузурида мушкдан ҳам хушбўйроқдир». (Имом Термизий ва бошқалар ривояти).


Рўзадор Аллоҳнинг муҳаббати ва яхшиликка эга бўлади.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло: «Бандаларимнинг менга севимлироғи ифторни энг аввалги вақтида қилганларидир», деди» (Имом Термизий ривояти).

Абу Зар розийаллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики, умматим ифторни энг аввалги вақтида қилса ва саҳарни охирги вақтига кечиктирсалар яхшилик узра (бўладилар)», дедилар» (Имом Аҳмад ривояти)


Рўзадорнинг икки қувончи бор.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «…Рўзадорнинг икки қувончи бор: бириси ифтори олдида, иккинчиси Роббисига дуч келганида…» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари)


Рўзадорнинг дуоси ижобатдир

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Учта дуо рад қилинмас: рўзадорнинг оғзини очишдан аввалги дуоси…», дедилар» (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоятлари).

Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳар бир рўзадор банданинг ифтори олдидан ижобат қилинадиган дуоси бордир. (У) ё шу дунёда берилади ёки охиратга сақлаб қўйилади», дедилар» (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоятлари).


Рамазондаги умра ҳажга баробардир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Анас розийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Рамазондаги умра ҳаж қилишга баробардир» ёки «мен билан бирга ҳаж қилишга баробардир» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).


Қадр кечаси – кўп яхшиликлар олинадиган кечадир.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳузурингизга муборак ой кириб келди, унинг рўзаси сизларга фарз қилинди. У (ой)да жаннат дарвозалари очилиб, жаҳаннам дарвозалари ёпилади, шайтонлар кишанланади. Унда бир кеча борки, у минг ойдан кўра яхшироқдир. Ким у (кеча)нинг яхшиликларидан маҳрум бўлса, (кўп нарсадан) маҳрум бўлибди» (Имом Аҳмад, Имом Насоий ва Имом Байҳақий ривоят қиладилар).


Рўза – қиёмат куни рўзадор учун шафоатгўйдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рўза ва Қуръон қиёмат кунида банда учун шафоат сўрайдилар. Рўза: «Роббим, мен уни таом ва майлликлардан тўсдим, менинг у ҳақдаги шафоатимни қабул қил!» дейди. Қуръон: «Мен уни тунлари уйқудан тўсдим, менинг у ҳақдаги шафоатимни қабул қил!» дейди. Шундан сўнг уларнинг шафоатлари қабул қилинади» (Имом Аҳмад ривояти).


Рамазоннинг гуноҳлари рамазон ойининг охирги кечасида кечирилади.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Рамазон ойида умматимга бошқа умматларга берилмаган беш хислат берилади: Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ ҳузурида мушкдан ҳам хушбўйроқдир; Фаришталар рўзадор учун ифтор пайтига қадар Аллоҳдан мағфират сўрайдилар; Аллоҳ таоло жаннатни безайди ва унга: «Солиҳ бандаларим устларидаги қийинчилик ва азиятларни ташлаб, сенинг ҳузурингга келишларига оз қолди», дейди.

Бу ойда жинлар занжирбанд қилиниб, бошқа ойларда қилган ишлари (васвасалари)ни қила олмайдилар; У (рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади». Саҳобалр: «Ў Расулуллоҳ, у кеча қадр кечасими?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг савоби тўла қилиб берилади», дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).


Рўза банданинг жаннатга киришига сабабдир.

Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб: «Мени жаннатга олиб кирадиган амалга буюринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза тут, чунки унинг тенги йўқдир», дедилар. Ҳалиги иккинчи марта у зотнинг ҳузурларига бориб, аввалги саволни қайтарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга яна: «Рўза тут!» деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад, Имом Насоий ва Имом Ҳоким ривоятлари).


Рўза банданинг жаҳаннамдан узоқ бўлишига сабаб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ жаҳаннамни Аллоҳ йўлида бир кун рўза тутган банданинг юзидан етмиш йил (лик масофага) узоқ қилади» (Имом Абу Довуддан бошқа барча ишончли муҳаддислар ривоят қилдилар).


Рўзадорлар жаннатга Райён дарвозасидан кирадилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Жаннатнинг Райён номли дарвозаси бор. Қиёмат куни: «Рўзадорлар қаерда?» дейилади ва улар кирганларидан сўнг бу дарвоза ёпилади» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).


Рўзадор сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир

Амр ибн Мурра розийаллоҳу анҳу ҳикоя қилади: «Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб: «Менга айтсангиз, мен Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига, сизнинг Аллоҳнинг эдчиси эканингизга гувоҳлик берсам, беш вақт намозни ўқисам, рамазон рўзасини тутиб, кечалари ибодат билан бедор бўлсам, мен кимлар билан бирга бўламан?» деб савол берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сен сиддиқлар ва шаҳидлардан бирисан», деб жавоб бердилар (Ибн Ҳузайма ва Ибн Ҳиббон ривоятлари).


Рўзадорлар учун Аршнинг остида дастурхон ёзилади

Анас розийаллоҳу анҳу деди: «Рўзадорларнинг оғзидан мушк уфуради ва улар учун Аршнинг остига дастурхон ёзилади. Рўзадорлар, одамлар (қиёматгоҳда) ҳисоб берар эканлар, зиёфатда бўладилар».

«Аллоҳнинг кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва инсоннинг хаёлига келмаган дастурхони бор. Унинг атрофида рўзадорларгина ўтирадилар» (Ибн Абу Дунё ривояти).


Рўзадорлар жаннат мевалари ва шаробларини ичадилар

Али розийаллоҳу анҳу дедилар: «Аллоҳ, еб­ичишларига рўза монеълик қилган одамларга жаннат меваларидан едириб, шаробларидан ичиради» (Имом Байҳақий ривояти).

Ўқуб ибн Юсуф дедилар: «Бизга етиб келган хабарларга кўра Аллоҳ таоло қиёмат куни ўзининг дўстларига қараб: «Ҳой, дўстларим, мен сизларга дунё ҳаётида эканингизда боқар эдим. Сизларнинг лабларингиз чанқоқдан қақраган, кўзларингиз чуқурлашган ва қоринларингиз кичрайган эди. Бугун сизлар неъматларга буркангансиз! Бас, ўртангиздаги косаларни айлантиринг ва ўтмишда қолдирган нарсаларни қувонч ила еб­ичингиз!» дейди» (ибн Ражаб, «Вазоифу рамазон»).


Рўзадор ҳурга уйланади.

Ҳасан розийаллоҳу анҳу дедилар: «Аллоҳнинг дўсти (жаннатда) Асал дарёси лабида ҳур билан бирга ёнбошлаб ётар экан, ҳур унга косани узатиб, шундай дейди: «Аллоҳ сизга узун ва ўта иссиқ ёз кунида қаради. Сиз ўта чанқаган эдингиз. Аллоҳ сизни фаришталарга мақтади ва: «Бандамга қаранглар, у хотини, шаҳвати, таоми ва шаробини мен учун ва менинг ҳузуримдаги нарсаларга рағбат қилиб тарк этди. Мен уни кечирганимга сизларни гувоҳ қиламан», деди­да, сизни кечирди ва мени сизга никоҳлаб берди» (Ибн Ражаб, «Вазоифу рамазон»).


Рўзадорга жаннатда ажойиб уй берилади

Али розийаллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Жаннатда ташқари тарафидан ичи, ичи тарафидан ташқариси кўринадиган хоналар бор». Саҳобалар: «У хоналар кимлар учун?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сўзини ширин қилган, таом едирган, давомий рўза тутган ва тунлари одамлар уйқуда бўлганларида, намоз ўқиган кимсалар учун», дедилар».

Аллоҳ таоло барчамизга рамазон рўзасини ҳақиқий ихлос билан тутишни ва юқоридаги ажру савобларга эга бўлишимизни муваффақ айласин. Омин! 


***


Ахнаф ибн Қайсдан ривоят қилинади: «Унга: Жуда қариб қолдингиз, рўза сизни толиқтириб қўймайдими?» дейишди. Шунда у: – Мен узоқ сафарга ҳозирлик кўраяпман. Аллоҳнинг азобига сабр қилишдан кўра Аллоҳнинг тоатига сабр қилиш енгилроқдир» деб жавоб берди».



***


«Эй ожиз қори! Сенинг қироатдан олган улушинг калималарни ғўлдирашу, улар билан тилингни ҳаракатлантириш холос. Агар ўқиётганингни англасанг эди, мурсаллар саййидининг сочини оқартирган нарсадан сенинг ўтаканг ёрилган бўларди. Қачонки, фақат тил ҳаракати билан қаноатланиб қолган экансан, билгилки, сен Қуръон мевасидан маҳкумсан» (Абу Ҳомид ўаззолий. Нашрга тайёрланаётган «Ўлимдан сўнг…» китобидан).


Рўза хусусида

Агар кундуз куни янги ой кўринса, бу ой келгуси куннинг кечаси учундир.

Абу Зарр дейди: «Кечасими, кундузими янги ойни кўрган одамнинг гапи қабул қилинади. Лекин ой кундуз куни кўринса, у келгуси куннинг кечаси учундир. Агар шу кун Шаъбон ойининг ўттизинчи куни бўлса, рўза тутилмайди. Агар Рамазон ойининг ўттизинчи куни бўлса, рўзадор куни бўладилар. Ой кўрилган вақт кун ботишидан аввалми ё кейинми, бунинг фарқи йўқ. Бу қараш тўртала мазҳабда ҳам машҳур бўлиб, Умар ибн Хаттобдан, Ибн Масъуддан, Ибн Умардан, анасдан ҳикоя қилинган.

Кимки жунуб бўлса ва тонг отгунича ғусл қилмаган бўлса, рўзаси дуруст, қазо қилмайди. Буни у билиб қиладими ё билмасдан қиладими, бу Рамазон ойида содир бўладими ё бошқа ойлардами, фарқи йўқ. Бу жумҳурнинг қавлидир.


***


Ибн Масъуднинг тавозуъси ҳақида Ҳабиб ибн Абу Собитдан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Масъуд бир куни ҳовлисидан чиқар экан, одамлар унга эргашдилар. Ибн Масъуд улардан:

Менга ҳожатингиз борми? – деб сўради.

Ҳожатимиз йўқ, лекин сиз билан бирга юришни хоҳлаяпмиз, дейишди улар. Ибн Масъуд деди:

Қайтинглар, чунки бу эргаштирувчи учун хорлик, эргашувчилар учун фитнадир».


Тобеинлар ҳаётидан


Асвад ибн Язид

Асвад ибн Язид ибн Қайс. Алқама ибн Қайснинг акасининг ўғли, лекин ёши Алқамадан улуғроқ.

Абу Бакр Сиддиқдан, Умар ибн Хаттобдан, Али ибн Абу Толибдан, Абдуллоҳ ибн Масъуддан, Муоз ибн Жабалдан, Салмон Форсийдан, Абу Мусодан, Оиша онамиздан ривоят қилган.

Аллоҳ раҳматига олсин, Асвад намозни ўз вақтида адо қилишга ўта берилган, кўп рўза тутувчи, охиратни дунёдан устун қўйишда бемисл киши эди. Рийоҳ ибн Ҳорис Нахаъийдан ривоят қилинади: «Асвад билан бирга Маккага йўл олдик. Намоз вақти кириши билан Асвад қандай ҳолатда бўлмасин, маркабдан тушиб, жойнинг нотекис, ноқулайлигига қарамасдан, намозини ўқиб олар эди. Мабодо минган туяси тепага кўтарилаётган ё пастга тушаётган пайтда намоз вақти кириб қолса, ўша ҳолатда туяни чўктириб, намозни адо қилар эди».

Иброҳимдан ривоят қилинади: «Асвад ёзнинг энг жазирама кунида ҳам рўза тутар, ҳатто иссиқдан тили қорайиб кетар эди».

Рийоҳ Нахаъийдан ривоят қилинади: «Асвад сафарда ҳам рўза тутар эди. Ҳароратли куннинг чанқоғидан ранги ўзгариб қоларди. Ҳолбуки, шундай кунлар биз туядан тушмай, бир неча маротаба сув ичар эдик».

Али ибн Мудрикдан ривоят қиланди: «Алқама Асвадга айтар эди: «Бу жасадни нега қийнайверасан?!» «Мен жасадимга роҳат бахш этяпман», дерди Асвад».

Абу Исҳоқдан ривоят қилинади: «Асвад ҳаж ва умра ибодати орасида Байтуллоҳни саксон марта тавоф қилар эди».

Асвад доим Қуръон билан бирга эди. Айниқса, бу ҳолат Қуръон ойи – Рамазонда янада зиёда бўларди. Рамазон ойининг ҳар икки кечасида Қуръонни бир хатм қиларди.

Уммул мўминин Оиша розийаллоҳу анҳо Асвад ҳақида дейди: «Мен учун Ироқда Асваддан ҳурматли киши йўқ».

Ибн Саъд дейди: «Асвад ибн Язид ҳижрий 75­йил Куфада вафот этди. У сиқот (ишончли) кишилардан бўлиб, саҳиҳ ҳадислар ривоят қилган».

Ибн Ҳажар дейди: «Асвад икки даврни (жоҳилият ва ислом) кўрган, сирот, кўп ибодатли, фақиҳ киши эди».

(«Абдуллоҳ ибн Масъуд» китобидан).


Умар ибн Абдуллоҳ ибн Масъуд

Алқамадан ривоят қилинади:    «Умар Арафотда эди. Бир киши унинг олдига келиб, деди:

– Эй амирал мўминин, мен Куфадант келдим. Ҳозир Куфада мусҳафни ёддан ёздираётган бир киши бор…»

Умар ғазабланди. Бўйин томирлари бўртиб чиқди. Гўё у ўтирган эгарига сиғмай борар эди:

– Ким экан у, ҳолига вой бўлсин, деди ғазаби тошиб Умар.

– Абдуллоҳ ибн Масъуд, деди ҳалиги киши.

Шунда аста-секин Умарнинг ғазаби босилди ва олдинги ҳолатига қайтди, сўг деди:

– Эвоҳ! Одамлар орасида бу ишга ундан ҳақлироқ киши бормикан? У ҳақда сизга бир ҳикоя қилай. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар иши машварат қилиб, кўпинча тунни Абу Бакрнинг уйида бедор ўтказар эдилар. Бир куни тунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва мен ҳужрадан чиқдик. Бир киши масжидда намоз ўқирди. У қиём ҳолатида эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қироатини тинглади. Биз уни танидик (намоз ўқиётган киши Абдуллоҳ ибн Масъуд эди). Шунда Расулуллоҳ деддилар: «Кимки Қуръонни энди нозил бўлган пайтдаги мусаффолиги билан ўқимоқчи бўлса, Ибн Умми Абднинг (Абдулла ибн Масъуднинг куняси) қироати билан ўқисин».

Кейин Ибн Масъуд ўтириб, дуо қила бошлади. Унга хитобан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дер эдилар: «Сўра, сўраганинг берилади, сўрайвер, берилади».

Шунда мен ўзимга дедим: Аллоҳга қасамки, албатта, эрталаб Ибн масъуднинг уйига бораман ва дуосининг ижобат бўлгани ҳақида хушхабар бераман. Эрталаб борсам, унинг ҳузурида Абу Бакрни кўрдим. Абу Бакр хушхабарни медан илгари етказибди. аллоҳга қасамки, Абу Бакр яхшиликка доимо мендан пешқадам эди».


Кўнгил рўзаси

«Бу тоифа (машойихлар) анга қўшиш қилурким, андоқки емак-ичмакдан бўғузга совм буюргайлар, жомеи аъзога ўз қилур феълларидан рўза буюргайлар… Барчадан саъброқ (мушкулроқ) кўнгил рўзасидирки, Ҳақ субҳонаҳу ва таолодан ўзга ҳеч нима хотирга келмакдур ва рўзани доимо кўгула буюрурлар» («Насойимул муҳаббат»дан).


Эй, кўнги сен ҳам муслимсан,

Мен ўхшарсан – муслимсан!


Кел рамазонни кутали,

Рўзани бирга тутали!


Сенинг рўзанг эмас осон,

Ҳақ йўлида мосивосан!


Ёдингда ундан ўзга йўқ,

Гар ўзга бўлса – рўза йўқ!


Бу шарт оғир, басе душвор,

Андиша қил, бўлиб ҳушёр.


Раббинг фаромуш этсанг бас,

Тутган рўзанг рўза эмас.


Чалғитар сени хаёллар,

Хаёлларга йўқ поёнлар.


Залолат йўлига бошлар,

Исёнлар чўлига тошлар.


Ичга кириб зиллат, кибр,

Хотирга келса шум фикр.


Қўрқ кўнгил, рўзанг очилгай,

Мен нечук бунга очилмай?


Тил бийро, дегай мен сойим,

Риёдан сақла, худойим!


Васвасалар кириб гоҳ-гоҳ,

Оҳким, кўнгил ҳолинг табоҳ!


Биру борга иқроринг бор,

Айт, нега сен ағёрга ёр!


Гар эргашиб аҳли радга,

Иккилик қилсанг Аҳадга,


Кўнглим сени демам кўнгил,

Кўнгил бўлмай, тошга дўнгил!


Қайт! Қайт! Келди қайтар чоғинг,

Холис тавба ювар доғинг.


Саркашлик бас, Ҳаққа эгил,

Қора бўлсанг, оққа эгил.


Десангки, поклансин бу ич,

Маърифат баҳридан сув ич.


Соим кўнгил, нурга тўлгил,

Муҳаббат ошёни бўлгил!

Фозил Зоҳид


Уйғотинг!

Шум нафсим уйқуга қонмас,

Шунча ётиблар уйғотинг.

Ётар, хуррак отганим бас –

Тошдек қотиблар. Уйғотинг.


Бу ғофил исён лойига,

Қолди ботиблар уйғотинг.

Қараманг оҳи-войига,

Судраб, тортиблар уйғотинг.


Ёнар дунё! Қонлар дарё!

Кетди оқилар уйғотинг.

Ким мендек тошдил, бепарво,

Тошлар отиблар уйғотинг!


Денглар: – Тур ё юртдан бўлгум!

Айлаб таъқиблар уйғотинг!

Сохта дўстлар бузмас уйқум,

Содиқ рақиблар уйғотинг.


Дўзахни эслай ўт кўриб,

Гулхан ёқиблар уйғотинг.

– Тур! Қиёмат! Деб бонг уриб,

Чақмоқ чақиблар уйғотинг.


Ғафлат аҳли ҳоли табоҳ

Хавфдан воқифлар уйғотинг.

Янграр: Ҳаййа ъалас солаҳ!

Чорлар хотиблар, уйғотинг.


Ёзмай туринг журмим хатга,

Барҳақ котиблар уйғотинг.

Нажот йўлида тоатга

Етай чопиблар уйғотинг.

Фозил Зоҳид 


Тавба ўти

Лаин шайтон қурди дом. Дод!

Асирман ғаним домида.

Тонглар отди вақти бомдод,

Қолдим зил уйқу комида.


Қулоқ карми эшитилмас

Муаззиннинг овозлари?

Ким ҳуркитган чиқармас сас,

Охир замон хўрозлари?


Уйғотгудек қони бир кас?

Ўзимча уйғонолмасман.

Ўчибман. Ёқмаса дир даст,

Тутайдирман, ёнолмасман.


Ётиш бас ҳушсиз бехабар,

Ҳушёрлар мени уйғотинг.

Сано айтган шому саҳар,

Бедорлар мени уйғотинг.


Юмуқ кўзлар, очил, уйғон!

Мангу юмилмасдан бурун.

Жонон сари талпин, эй жон,

Тандан юлинмасдан бурун.


Дўстлар! Биродарликҳақи,

Аллоҳ йўлида уйғонинг.

Қолмай адашган ит каби –

Исён чўлида. Уйғотинг.


Уйғониб, одам бўлойин,

Роббим, бўлдир, бўлмағурман,

Мадад сўраб, ёлборурман,

Тавфиқ берсанг, уйғонурман.


Мен уйғонсам, мен уйғонсам…

Бўлинг огоҳ: ўт ёқурман!

Ва чақмоқлар чақнатурман!

Мудроқ қўймай уйғотурман!


Ҳар ён учқунлар сочдир,

Ўт хавфлидир, тилсиз ёв у.

Мен ёққан ўт ўзгачадир,

Билсанг, муборак олов у.


Ул ўтки, тавба ўтидир,

Гуноҳларни кул қилгуси.

Лутф айласа, мавлом қодир,

Раҳмат боби очилгуси!

Фозил Зоҳид


Амирал мўминин Усмон розийаллоҳу анҳуни қатл қилиш учун жароҳат етказдилар. Жароҳат ўрнидан сизиб чиқаётган қон соқолларини эгаллаб олди. Шунда ул зот шундай дуо қилдилар: «Ла илаҳа илла анта субҳонака, инни кунту миназ-золимийн». Аллоҳумма инни астаъдика ва астаъинука ала жамиъи умури ва асолукас-собра ала билиййоти (Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг борсалар, эй пок Парвардигор! Дарҳақиқат, мен (ўз жонимга жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим. Аллоҳим, мен Сендан барча ишларимда ёрдам ва мадад беришингни ва мусибатимда сабр беришингни сўрайман.

У киши шаҳид бўлгач, қолдирилган нарсаларни кўздан кечиришдан ва қулфланган сандиқни кўздан кечиришди. Сандиқни очиб қарашса, бир варақ мактубдан бошқа нарсани кўришмади. Бу Усмон розийаллоҳу анҳунинг васиятлари эди:

«Бисмиллаҳр роҳманир роҳийм. Усмон ибн Аффон ҳеч бир шериксиз, яккаю ягона, Ундан бошқа илоҳ йўқлигига Муҳаммад (с.а.в.) унинг бандаси ва расули эканлигига, жаннат ҳақ ва шубҳасиз содир бўлгувчи қунда Аллоҳ қабрдагиларни тирилтиришга гувоҳлик беради. Албатта, Аллоҳ ваъдасига хилоф иш тутмайди»


Дунёдаги ғам­қайгу Аллоҳ зикрини унутиш миқдорича бўлади. Ким ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик ва саодатнинг бардавом бўлишини хоҳласа, Аллоҳ зикрини кўпайтириб, шу йўлда давом этсин . Кимга ғам ва ташвиш пешма­пеш келаётган бўлса, қул фақат ўз нафсини айбласин. Бу унинг Аллоҳ зикрини унутганининг бир жазосидир.


Аллоҳни зикр этиш, қалбни хотиржам қилади ва юмшатади. Калб зикрдан тўхтаса, зикрсиз қолса, нафс ҳарорати ва шаҳват оташи аланга олади, натижада қалб тош қотади, қурийди, аъзолар ҳам қалбга итоат этмай қолади.


Тақво йўли

Йилда бир марта рамазон ойида рўза тутиш ҳар бир оқил, болиғ мусулмонга фарз қилинган ибодатдир. Бу ибодатнинг тартиби ва шартлари Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз ҳадисларида батафсил баён этилган.

Аммо рўза фақат еб-ичиш ва жинсий алоқадан тийилишдангина иборат эмаслигини аксар кишилар билмайди ёки билса ҳам, эътибор қилмайди.

Жумла махлуқотнинг эгаси Аллоҳ таоло ҳоким Зот. Аллоҳнинг ҳар бир амрида сонсиз ҳикматлар яширин. «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилинган каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди» (Бақара, 184), дейди. Аллоҳ таоло рўзанинг фарзлигини мўминнинг тақвосига қайд қиляпти. Демак, саҳардан то кечгача оч­наҳор, ташна юришдан кўзланган мақсад – тақво. Агар шу мақсад амалга ошмаса, банда Пайғамбаримизнинг танбеҳига учраган рўзадорлар жумласидан бўлиб қолишимиз шубҳасиз: «Қанча рўзадорлар борки, уларнинг рўзаси очлик ва ташналикдан бошқа нарса эмас» (Насоий ва Ибн Можа ривояти).

Айни шу ҳикматга кўра, салаф олимларимиз рўзанинг учта даражасини фарқлаганлар: қоринни ва жинсий аъзони шаҳватдан тийиш; қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийиш; қалбни Аллоҳдан ўзга барча нарсадан тийиш.

Мўминнинг тақвоси мазкур даражалар билан белгиланади. «Калб рўзаси», яъни қалбнинг фақат Аллоҳ билан банд бўлиб, Ундан ўзга барча нарсадан тийилиши ўта мушкил иш. Бу мақом пайғамбарлар, сиддиқлар, Аллоҳга муқарраб бандаларнинг мартабаси.

«Солиҳларнинг рўзаси аъзоларни гуноҳлардан тийишдир», дейди ҳужжатул­ислом Абу Ҳомид ўаззолий. Саҳар чоғи пок қалб билан рўзани ният қилиб, куни билан оч юрса-ю, кўзлар кўчада «олма терса» – номаҳрамларга қарашдан ор этмаса, тиллар лағв, ёлғон, чақимчилик, жилозорликдан тийилмаса, қулоқлар ғийбат тингласа, қўллар зулмга чоғланиб, оёқлар ҳаром сари юрса, бундай рўзадорни солиҳ деб бўладими? Рўзадор ифтордан то тонг ёришгунча қорнини анвои таомларга тўлдириб, нафл эмас, фарз ибодатларга эринчоқлик қилиб турганда тутган рўзаси уни тақвога бошлайдими, шайтоннинг бўйнини синдириб, шаҳватларини сўндира оладими?

«Рўзада еймиз» деб бир неча ойларда ҳам еб тугатиб бўлмайдиган турли-туман озиқ­овқатларни рамазон учун ғамлашни қандай тушуниш мумкин? Ахир рамазон ойи том маънода очлар ҳолини ҳис этиш, наф ҳавосини ўлдириш, тақво устига тақво барпо қиладиган ой эмасми?

Аслида ифтордан сўнг рўзадорнинг қалби хавф билан ражо оралиғида муаллақ, музтариб бир ҳолатда турса; бугунги рўзам қабул бўлиб, Аллоҳга яқин бандалар жумласидан бўла оламанми ёки тутган рўзам рад қилиниб нафратга лойиқлар жумласидан бўлиб қоламанми? Дея нафс тафтишга тутилса, нақадар аъло!

Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий қаҳқаҳа отиб кулаётган бир қавмни кўриб дедиларки, «Аллоҳ рамазон ойини бандалари учун тоатда мусобақалашадиган ой қилди. Пешқадам қавм зафар қучади, орқада қолгани имкониятни бой беради. Ажабо! Пешқадамлар зафар қучадиган, дунё талабида бўлганлар ютқазадиган бу кунда бунчалик хандон отиб кулишлар недан?! Аллоҳга қасамки, агар парда очилса, яхшилар ўзининг яхшилиги билан, мақбул амалнинг сурури ўйин­кулгудан чалғитади. Рад қилинган амалнинг ҳасрати кулгу эшигини ёпади.

Азиз мухлис! Юқорида келтирилган оятдан маълум бўладики, «мўминман» дегани ҳали «тақволи бўлдим» дегани эмас. Аллоҳ таолога беҳад ҳамд бўлсин, мана, рамазон ойига етдик, пешқадамлар сафидан жой олиб, ҳақиқий ғалабани қўлга киритишга яна бир имконият, яна бир йўл очилади. Барчамизга ана шу Тақво йўли муборак бўлсин!


Абдурашид Зоҳид



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муборак Рамазон ойининг бари, кечаларию кундузлари барака ва раҳмат ойидир. Унинг охирги ўн кунлиги бошқаларидан хос бўлган улкан хусусият ва олий фазилатлар давоми...

8649 17:17 / 08.06.2018
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимТилнинг ҳам ўзига хос рўзаси бўлиб, уни лағвдан юз ўгирувчи бандалар биладилар. Тилнинг рўзаси рамазонда ҳам рамазондан бошқа ойларда давоми...

2946 05:00 / 14.01.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳимРамазон шариф рўзасини тутишни бизларга фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин Рамазони шариф кечаларининг ибодатини давоми...

4043 05:00 / 14.01.2017
Рамазон ndash тавба ва мағфират ойи. Яқинлик ва тақво ойи. Қурбат ва раҳмат ойи. Аллоҳ рўзани инсоннинг Раббисига бўлган тоатида иродасини мустаҳкамлаш, қалбида давоми...

3466 05:00 / 11.01.2017