1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

РАМАЗОНИ ШАРИФ

05:00 / 11.01.2017 3621 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар йили муборак Рамазон ойи яқинлашиб келар экан кишилар уни кутиб олиш учун тайёргарлик кўра бошлайдилар. Лекин афсуски, бу тайёргарликларнинг кўпи Рамазони шарифнинг асл моҳиятидан узоқ бўлган тайёргарликлар бўлади.

Аслида йилнинг ўн икки ойининг энг улуғи бўлган, алоҳида ажраб чиққан, Аллоҳ таоло ўзининг охирги китоби ва абадий мўъжизаси Қуръони Каримни нозил этган, рўзасини тутишга амр қилган бу мўътабар ойни бошқачароқ кутиб олиш лозим бўлади.

Ушбу муборак ойни рўзасини Аллоҳ таоло амр қилганидек, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам кўрсатиб, ўргатганларидек тутиш, бу ойнинг файзу баракотидан кўпроқ манфаатдор бўлиб қолиш йўлларини яхшилаб ўрганиш билан кутиб олиш керак бўлади.

Чунки бу улуғ имконият, Аллоҳнинг розилигини топиш имконияти, тақво ҳосил қилиш имконияти ва бошқа яхшиликлар имконияти йилда бир марта берилди холос. Шунинг учун Рамазон рўзаси ҳукмларини уни тутишдан олдин яна бир бор пухта ўрганиб олиш лозим бўлади. Бундай ўрганиш билмаганга билим, билганга пухталаш бўлади.

Айниқса узоқ вақт худосизлик тузуми остида эзилган, ўз динини ўрганиш имконидан маҳрум бўлганлар учун жуда ҳам зарурдир.

Рамазон сўзи арабча бўлиб, "рамзау" ўзагидан олинган ва луғатда ўта иссиқ маъносини билдиради. Уламоларимиз бу луғавий маънони воқеълик ва балоғат илми нуқтаи назаридан шарх қиладилар. Рамазон воқеъликда рўза тутиш аввалги даъфада ўта иссиқ вақтга тўғри келганини билдиради. Балоғат илмида эса, худди иссиқ маъданнинг зангини куйдирганидек, Рамазон ҳам унинг рўзасини тутганларнинг гуноҳларини куйдириб, ўзларини сақаллаб поклайди.

Рўза, шариат уламолари таърифида, Рамазон ойида тонг отгандан қуёш ботгунга қадар ният қилиб, ўзини емак-ичмоқ ва шаҳвоний ишлардан тутиб туришдан иборат бўлиб, Ислом динининг асосий беш рукнидан бири ҳисобланади. Ушбу беш рукн, иймон, намоз, рўза, закот ва ҳажлар бўлиб, уларнинг бирортасисиз, жумладан, рўзасиз Исломни тасаввур қилиш ҳам мумкин эмас.

Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳар бир балоғатга етган ақлли шахсга, Аллоҳнинг амри, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва Ислом умматининг ижмоъси ила иккинчи ҳижрий йилда фарз бўлган. Яъни, иккинчи ҳижрий йилда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳақидаги оятларни нозил қилган.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзлари рўза тутиб, бошқаларни ҳам тутишга ундаганлар, кўплаб ҳадиси шарифларида рўзанинг фарз эканини баён этганлар.

Рамазон рўзасининг фарз эканлигига ўша вақтдан ҳозиргача ҳамма мусулмонлар иттифоқ қилганлар. Ҳеч ким буни инкор қилмаган. Ким Рамазон рўзасини тутиш фарз эканлигини инкор этса кофир бўлади. Ислом миллатидан чиқади, диндан қайтган муртадга берилган жазога тортилади.

Коммунистик мафкура расман бекор қилингунга қадар, бизнинг юртимиздаги худосизлар очиқдан-очиқ Исломни, жумладан Рамазон рўзасини инкор қиладиганлар, кофирликлари билан фахрланадиганлар кўп эди. Энди эса очиқ айтиш зоҳиран мулоҳаза қилинмай қолди. Аммо, бошқача кўриниш пайдо бўлди. Одамлар ичида мен динни ҳурмат қиламан, ўзимни мусулмон ҳисоблайман, аммо, дин дегани Худо билан банданинг ўртасидаги хос алоқа бўлиши керак. Худони тан олдикми, етади, бошқа томонини ўзимиз биламиз, дейдиганлар учрай бошлади. Улар бу гаплари билан кўпчиликни ҳам ўзларига ўхшаб адаштирмоқдалар. Ислом шариати қоидасига биноан, уларга ҳам ўзларининг гуноҳлари, ҳам уларнинг гапига кириб алданганларнинг гуноҳлари бўлади. Уларнинг гапига кириб адашганларга эса ўз гуноҳлари бўлади.

Ислом-одамлар ўзига белгилаб оладиган дин ёки шариат эмас. Ислом-Аллоҳнинг бандаларига амр қилиб, ишониш ва татбиқ қилиши лозим бўлган ақийдалар ва амалиётлар мажмуасидир. Бандалар Аллоҳ юборганидек эътиқод қилишга, Аллоҳ буюрганидек амал қилишга мажбурдирлар. Ана шундай бўлгандагина кишилар Аллоҳ таолога бўйсунган, таслим бўлган, яъни мусулмон бўлган бўладилар. Акс ҳолда эса, мусулмонликдан асар ҳам қолмайди. Ўзимиз ўйлаб кўрайлик, кимдир бирор фирқага, ташкилотга, жамиятга "Мен сизларнинг фикрингизга қўшиламану, ишларингиз, ҳар бир аъзога қўйган талабларингизга бўйсунмайман", деса албатта ундай одамни ҳеч бир фирқа, ташкилот ёки жамият ўз сафига қабул қилмайди.

Оддий инсоний алоқаларда қабул қилиб бўлмайдиган нарсани нима учун Роббул оламийннинг динига нисбатан қўллашга ўтилади. Тўғрисини айтганда, бундай фикр мусулмон эмас миллатларга кўр-кўрона тақлид қилишдан бошқа нарса эмас.

Исломда Аллоҳ таолога шарт қўйиб банда бўлиш йўқ. Исломда фақат Аллоҳ таолога бутунлай таслим бўлиш бор. Шунинг учун ҳам "Мен Аллоҳга иймони бор мусулмон одамману, бироқ рўза тутмайман, бу мен билан Аллоҳнинг орамиздаги иш", дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мусулмонман деган одамга бу фикр тамоман ёт бўлиши керак.

Рўза тутишдан қочадиганларнинг яна бир қисми худди юқоридаги бузуқ фикрга ўхшаш аммо анчадан бери кишилар орасида юрган номаъқул фикрни ўзига дастак қилиб оладилар. Бу гапни кўпчиликка ўрнашиб қолишида ўзларини диний илм эгаси қилиб кўрсатиб юрган шахслар ҳам сабаб бўлган. Бу фикр эгалари "Инсон мўмин бўлса, ибодатларини қилмаса, жумладан рўзани тутмаса ҳам Аллоҳ кечириши мумкин экан", дейдилар. Аввало, мазкур бузуқ фикрни айтиб юрганлар, шаҳодат калимасини айта олмайдиган, муҳит шароити ила ўзини мусулмон санаб юрадиган одамлар бўладилар. Уларнинг тегирмонига сув қуяётган, ўзига диний илм нисбатини бераётганлар эса тарихда бўлиб ўтган фикрий кураш ва мутаассиблик ортидан чиққан фикрни нотўғри талқин қиладилар. Бир вақтларда "хаворижлар"-хорижийлар номи ила бир ашадий мутаассиб тоифа чиққан, уларнинг асосий йўналишларидан бири сал нарсага ҳам мусулмонларни кофирга чиқариш эди. Хорижийлар ҳатто ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни ҳам кофирга чиқаришгача етганлар. Улар билан бўлиб ўтган тортишувларда "Гуноҳи кабира қилган мўминнинг ҳукми қандай бўлади?" деган савол тўғрисида алоҳида гап-сўзлар бўлган. Хорижийлар, мўмин киши гуноҳи кабира қилиш билан кофирга айланади, уни муртад сифатида ўлдириш керак, деганлар. Хорижийларга мухолиф бўлганлар эса "Мўмин киши гуноҳи кабирани қилиш жоиз, деб эътиқод қилса кофир бўлади, аммо қилиш жоиз эмас, деб эътиқод қилсаю, хато ёки заифлик туфайли гуноҳи кабира қилса осий бўлади, иймон доирасидан чиқмайди", деганлар. Бу ерда гап бир марта гуноҳ қилиш ҳақида кетади. Бора-бора хорижийларга қарши уларнинг ўзларига ўхшаш ашаддий "муржиъа" мазҳаби пайдо бўлган. Бу мазҳабнинг муболиғали гапларини жумҳур уламолари танқид қиладилар. Мусулмонлар оммасининг асосий ақийдавий мазҳаби бўлмиш, Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари гуноҳи кабира қилган, шу жумладан рўза тутмаган одам, гуноҳни биринчи марта содир этгандан сўнг, уни муҳокама қилиб, нима учун бу гуноҳни қилгани, мисол учун бир кун рўза тутмаганининг сабаби сўралади. "Агар мен буни қилса бўлаверади, деб эътиқод қиламан", деса диндан чиққанлигига ҳукм қилинади, агар "Бу ишни тўғри тушунаман лекин, дангасалик қилибман", деса унга тавба қилдирилади ва шариат бўйича кўрсатилган жазо кўрилади ва иккинчи марта бу гуноҳни такрорламаслик уқтирилади, деганлар. Агар шундан кейин ҳам ўша гуноҳда давом этаверса, мисол учун рўза тутмай юраверса тавбага ҳам ўрин қолмайди, деганлар.

Қуръони Каримда, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида, саҳобаи киромлар, улуғ уламолар гапларида, рўзани ҳамма тутиши фарзлиги ҳақида қайта-қайта таъкидланган, бирор жойда бирор кун тутмай қолишга ҳам рухсат йўқ. Хорижийлар мазҳаби билан "Гуноҳи кабира қилган мўминнинг иймони қоладими йўқми?" деган савол юзасидан тортишувда айтилган фикрни "Умр бўйи рўза тутмай юраверса бўлади", деган фатвога айлантириб олишга ҳам ҳеч кимнин ҳаққи йўқ!

Узрсиз Рамазони шарифнинг бир кунлик рўзасини тутмаган одам шариат ҳукми ила олтмиш кун кетма-кет, орасини узмай рўза тутиб бериши керак. Бу ҳам ямоқ солганга ўхшаш иш бўлади. Чунки, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Бир кун фарз рўзани тутмаган одам, умр бўйи рўза тутиб ўтса ҳам, ўша рўзаси тутилмай қолган куннинг ўрнини тўлғиза олмайди", деганлар.

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: "Бир кун рўзани тутмаган одам қирқ йилгача жаннат ҳидини ҳам ҳидлай олмайди", дейилган.

Назарий иймонга суяниб, Аллоҳнинг амрларини бажаришдан, жумладан, намоз, закот, рўза каби ибодатлардан бўйин товлайдиган одамлар катта хато қиладилар. Уламоларимиз ундай кишиларни шайтондан фарқи йўқ, дейдилар. Чунки, шайтон ҳам Аллоҳ таолонинг биру борлигига қаттиқ ишонади. Аммо, одамга сажда қил, деган амрига бўйсунмагани учун лаънатга учраган. Ушбу нотўғри фикрларни тузатиб, Аллоҳнинг барча амрларини бажаришга жумладан, рўза тутишга ўтганлар ўзлари учун фойда қилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир киши ҳар куни рўза тутадиган бўлиб саҳарлик қилса, тили билан ҳам дили билан ҳам рўзани ният қилмаса саҳарлик қилишлиги ният ўрнига ўтади. Лекин саҳарлик давоми...

2445 06:00 / 08.04.2023
Инсонни яратишдан мақсад фақат ибодат бўлса, у ҳолда эрталабдан кечгача ибодатдан бошқа бирор иш қилмаслигимиз ва бошқа иш қилишимизга рухсат ҳам бўлмаслиги давоми...

1530 23:45 / 27.03.2023
Гуноҳлар мағфират қилиниши мавзуси оламнинг яратилиш вақтидан бери кўтарилган масала. Ўша пайтда Аллоҳ Одам алайхиссаломни халқ қилганда фаришталарга Одамга давоми...

5905 03:30 / 09.04.2023
Фитр садақаси араб тилида садақаrdquo сабабига изофа қилиниб Садақат улфитрrdquo деб номланади. Яъни фитр ҳайит кунинг тонги ушбу садақани вожиб бўлишига сабаб давоми...

9533 05:00 / 14.01.2017