1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Бемор ва мусофирнинг рўзаси

04:00 / 27.03.2023 4226 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِيَ أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَن كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلاَ يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُواْ الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُواْ اللّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

Аллоҳ таоло:

«Сиздан ким бу ойда ҳозир бўлса, бас, унинг рўзасини тутсин. Ва ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, ўша (тутилмаган кунлар) саноғини бошқа кунлардан (тутадир). Аллоҳ сизга осонликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас», деган («Бақара» сураси, 185-оят).

Шарҳ: Бир киши Рамазон кунлари бемор бўлса, унинг тузалишига умид қилинса ва яна бир киши Рамазон кунлари сафарга чиққан бўлса, ўша кунлари рўза тутмай, кейин тутмаган кунларининг саноғича қазо рўза тутишига асосий далил мана шу ояти каримадир.

Шунинг учун бемор киши агар рўза тутса, беморлиги зиёда бўлиб кетадиган ёки тузалиши ортга суриладиган бўлса, Рамазон ойида бемалол рўза тутмай юриши мумкин. Аллоҳ таоло беморлиги туфайли бундай одамга рухсат берган.

Шунингдек, Рамазони шариф кунлари сафарга чиққан одам ҳам рўза тутмаслиги мумкин. Ҳали Рамазон ойи тугамасидан сафардан қайтса, қолган кунларнинг рўзасини тутаверади. Рамазондан кейин эса сафарда неча кун тутмаган бўлса, ўшанча кун қазосини тутиб беради.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خَرَجَ إِلَى مَكَّةَ فِي رَمَضَانَ، فَصَامَ حَتَّى بَلَغَ الْكَدِيدَ ثُمَّ أَفْطَرَ فَأَفْطَرَ النَّاسُ، وَكَانَ صَحَابَةُ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَتَّبِعُونَ الْأَحْدَثَ فَالْأَحْدَثَ مِنْ أَمْرِهِ. وَفِي رِوَايَةٍ: خَرَجَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِنَ الْمَدِينَةِ إِلَى مَكَّةَ فَصَامَ حَتَّى بَلَغَ عُسْفَانَ، ثُمَّ دَعَا بِمَاءٍ فَرَفَعَهُ إِلَى فِيهِ لِيَرَاهُ النَّاسُ فَأَفْطَرَ حَتَّى قَدِمَ مَكَّةَ، وَذَلِكَ فِي رَمَضَانَ، فَكَانَ ابْنُ عَبَّاسٍ يَقُولُ: قَدْ صَامَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَأَفْطَرَ، فَمَنْ شَاءَ صَامَ، وَمَنْ شَاءَ أَفْطَرَ. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда Макка томон чиқдилар. Шунда Кадийдга етгунларича рўза тутиб бордилар. Сўнгра рўзани очдилар, одамлар ҳам очишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари у зотнинг амалидан энг янгисига эргашар эдилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинадан Макка томон чиқдилар. Бас, то Асафонга етгунларича рўза тутдилар. Сўнгра сув опкелтирдилар ва одамлар кўрсин деб оғизларига кўтариб, ичдилар. Маккага келгунларича оғизлари очиқ бўлди. Бу Рамазонда бўлган эди».

«Ибн Аббос:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (сафарда) рўза ҳам тутганлар, оғизлари очиқ ҳам бўлган. Бас, ким хоҳласа, рўза тутсин, ким хоҳласа, оғзи очиқ юрсин», дер эди».

Учовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинаётган ҳодиса Маккаи мукаррама фатҳ қилинишида бўлган. Ўшанда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда йўлга чиққан эдилар. Сафарнинг аввалида рўза тутиб борганлар. Мадинаи мунавварадан Маккаи мукаррамага қараб юрганда икки кунлик масофада жойлашган Кадийд номли қишлоқчага етганларида кишиларнинг заифлашиб қолганларини сездилар ва жиҳодга кетаётганларини ҳам эътиборга олиб, рўзаларини очдилар. Саҳобалар ҳам очдилар. Уларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир масалада икки хил амаллари бўлса, янги амалларига эргашиш одатлари бор эди. Шунинг учун у зот сафарда рўза тутганларида улар ҳам тутдилар, рўзани очганларида улар ҳам очдилар.

Асафон ҳам Мадина билан Макка орасида жойлашган маконлардан бўлиб, марказ ҳисобланади. Кадийд эса унга қарашли бўлиб, шунинг учун бир ривоятда Кадийд, иккинчисида Асафон деган ном келса, хилоф қилинган бўлмайди.

Маълумки, Макка фатҳига Пайғамбар алайҳиссалом билан жуда кўп сонли саҳобалар чиққанлар. Пайғамбар алайҳиссалом улов устида туриб, ҳаммага кўрсатиб, сув ичганларидан кейин уларнинг маълум қисмлари рўзаларини очиб юборганлар. Лекин ўзларида қувват ва имкон топиб, рўзасини очмаганлар ҳам бўлган. Аммо рўза тутганлар тутмаганларни, тутмаганлар тутганларни айбламаганлар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам вазиятга қараб, гоҳо тутиб, гоҳо очиб юрганлар.

Бизда ҳам ана шундай тушунча бўлиши керак. Имкони бор одам хоҳласа, сафарда ҳам рўза тутаверсин, аммо бошқалар тутмаса айбламасин. Шунингдек, сафарда рўза тутмай, кейин қазосини тутмоқчи бўлган одам сафарда рўза тутганларни айбламасин. Бу маъно қуйида келаётган ривоятда яна ҳам аниқроқ баён қилинади.

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِيَ أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَن كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلاَ يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُواْ الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُواْ اللّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

«Анас розияллоҳу анҳу:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Рамазонда сафарга чиқдик. Шунда рўзадор оғзи очиқни, оғзи очиқ ҳам рўзадорни айбламади», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Бас, улар ким қуввати етиб, рўза тутса, яхши, ким заифлик сезиб, оғзи очиқ бўлса, у ҳам яхши, деб билишар эди», дейилган.

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисни шарҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Ҳамма нарса очиқ-ойдин кўриниб турибди.

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي سَفَرٍ فَرَأَى زِحَامًا وَرَجُلًا قَدْ ظُلِّلَ عَلَيْهِ، فَقَالَ: مَا هَذَا؟ قَالُوا: صَائِمٌ، فَقَالَ: لَيْسَ مِنَ الْبِرِّ الصَّوْمُ فِي السَّفَرِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда эдилар. Бас, кишилар тўпланиб, устига соя қилиб турган одамни кўрдилар ва:

«Бу нима?» деб сўрадилар.

«Рўзадор», дейишди.

«Сафарда рўза тутиш яхшиликдан эмас», дедилар.

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятда зикри келаётган, устига соя қилиниб, атрофида одамлар тўпланиб турган одам Абу Исроил лақабли Қайс ал-Омирий деган киши эди. У сафарда, иссиқ кунда рўза тутганидан чарчаб, қийналиб, ҳушидан кетиб, йиқилган эди. Шунда одамлар унинг устига тўпланиб, унга соя қилиб турган эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ҳолни кўриб, нима бўлганини билишга қизиқдилар. Билганларидан кейин эса сафарда бундай аҳволда рўза тутиш яхши эмаслигини баён қилдилар.

Дарҳақиқат, ўзидан кетиб, йиқиладиган даражага келгунча рўза тутиш яхши эмас. Аксинча, имконият ва шароитга қараш лозим.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي سَفَرٍ، فَصَامَ بَعْضٌ وَأَفْطَرَ بَعْضٌ، فَتَحَزَّمَ الْمُفْطِرُون وَعَمِلُوا، وَضَعُفَ الصُّوَّامُ عَنْ بَعْضِ الْعَمَلِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ذَهَبَ الْمُفْطِرُونَ الْيَوْمَ بِالْأَجْرِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда эдилар. Баъзилар рўза тутдилар. Баъзилар оғзи очиқ бўлдилар. Оғзи очиқлар бел боғлаб, ишладилар. Рўзадорлар эса баъзи ишларга заифлик қилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бугун оғзи очиқлар ажрни олиб кетдилар», дедилар».

Муслим ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, сафар шароити кишилардан баъзи бир ишларни адо этишни талаб қилган. Хусусан, ўша сафар жиҳод сафари, Маккага юриш бўлганлигини эътиборга олсак, бу жуда ҳам муҳим иш саналган. Ана ўша шароитда Аллоҳ берган рухсатдан фойдаланиб, оғзини очиб олиб, уммат учун зарур бўлган ишларни бажарган кишилар энг кўп ажру савобга эга бўлганликлари турган гап.

Ушбу ривоят ҳам мусофир киши рўза тутиш ёки тутмасликда ўз шароитини ҳисобга олиши зарур эканлигини яна бир бор кўрсатиб турибди.

Чунки Рамазон кунларининг ўзига яраша файз-баракаси бор ва инсон ўз зиммасидаги бурчни тезроқ бажаргани яхшидир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Закотни Исломнинг учинчи рукни қилиб у орқали бойларга молиявий ибодат қилиш ва камбағалларга моддий ёрдам олиш имконини яратиб берган ҳакиму хабир Аллоҳ давоми...

4976 05:00 / 14.01.2017
Рамазон ойи кириб келар экан, бу ойни муносиб кутиб олиб, гўзал тарзда ўтказиш учун, ундан унумли фойдаланиб қолиш учун аввало унга муносиб тайёргарлик кўриш керак давоми...

3171 05:00 / 14.01.2017
Мусофир ва рўзаСАВОЛ Рамазони шарифда мусофирга рўза тутмаслик рухсати қай ҳолатда сафарга чиққанига боғлиқми У пиёда ёки оту туяда сафарга чиқиши керакми давоми...

5651 05:00 / 13.01.2017
Кўпчилик уламолар ушбу ҳадисни далил қилиб, фарз рўзаларда ниятни тонг отмасдан олдин қилиб олмаса бўлмайди, дейдилар. Айниқса, қазо рўзада қатъиян кечаси ният давоми...

4232 05:00 / 11.01.2017