1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Спортнинг қайси турларига рухсат берилган?

15:31 / 24.04.2016 5738 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мен спортга жуда қизиқаман, кўпдан бери сузиш, енгил атлетика каби турлари билан мунтазам шуғулланаман. Мени бир савол қизиқтиради: Ислом дини спортга қандай муносабат билдиради, умуман шариат қайси спорт турлари билан шуғулланишга рухсат беради?

ЖАВОБ: Ислом шариати нафақат спорт билан шуғулланишга ижозат берган, ҳатто бу ишга барча мусулмонларни рағбатлантирган, чақирган ҳам. Ислом мўмин-мусулмонларни бадантарбия, отда чопиш, пойгада мусобақалашиш, сувда сузиш, мерганлик, ақлни чиниқтириш каби машқлар билан мунтазам шуғулланиб юришга буюрган. Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик иложи борича бадантарбияга эътибор беради. Бу нарса, айниқса, ривожланган давлатларда жуда авж олган. Ҳамманинг кучли, қувватли, чапдаст, эпчил бўлгиси, хасталикларга чалинмай юргиси келади. Бунинг учун бадантарбия билан доимий шуғулланиш керак.  

Исломда бу ишга алоҳида эътибор берилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадислари бор. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг мени жисмим оғирлашганида яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва “ҳалиги билан биру бир”, дедилар» (Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган).

Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Бу югуриш мусобақаси пайтида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Кейинги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган югуриш мусобақада эса у зотнинг ёшлари бундан ҳам катта бўлган. Бу, оилавий равишда бадантарбия билан шуғулланишдир. Афсуски, кўпгина мусулмонлар бунга ўхшаш нарсалардан бехабарлар. Олдинги уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни шарҳ қилишар экан,  бир неча маъноларга урғу беришган. Улар: “Оишанинг ҳадисида оёқда югуриб мусобақа қилишга, маҳрам эркак-аёллар орасида мусобақа ўтказишга, бу иш виқорга, шарафга, илмга, фазлга ва ёшнинг улуғлигига номуносиб эмаслигига далил бор”, дейишади.

Минг афсуслар бўлсин, кўпчилик мусулмонлар, хусусан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни даъвосидагилар ушбу маъноларни англашдан йироқда. Улар бадантарбия билан шуғулланишни эп кўришмайди, буни виқорга, шарафга, илмга, фазлга ва ёшнинг улуғлигига муносиб эмас, деб билишади.

 Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Биз йўлда юриб борар эдик. Анcорийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши: «Мадинагача мусобақалашувчи борми? Қани ким мусобақа қила олади?» дея бошлади. «Ҳурматли кишини ҳурмат, шарафлининг шарафини риоя қилмайсанми?» дедим. «Фақат Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламни», деди. «Эй Аллоҳни расули, ота-онам сизга фидо бўлсин! Қўйиб беринг, шу одам билан мусобақалашай», дедим. «Хоҳишинг бўлса, майли», дедилар у зот. Мадинага ундан ўзиб етиб бордим» (Муслим ва Аҳмад ривояти).  

Ушбу ривоятдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари орасида доимий равишда спорт мусобақалари бўлиб турганини билиб оламиз. Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳунинг “ансорийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши” дейишлари шу маънога далолат қилади. Яъни, саҳобалар ичида мусобақаларда доимий равишда биринчи бўлиб ном қозонганлари ҳам бор экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса худди Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳуни спорт мусобақасига рағбатлантирганларидек ҳаммани рағбатлантириб турганлар.

Муҳаммад ибн Али ибн Руконадан ривоят қилинади: «Рукона Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кураш тушди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни йиқитдилар» (Абу Довуд ривоят қилган). 

Уламоларимиз ушбу кураш мусобақаси ҳақидаги ҳадиси шарифнинг ўзига хос қиссасини ҳам ривоят қилишади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Батҳода эдилар. У зотнинг ҳузурларига Рукона ибн Язид қўй-эчкиларини ҳайдаб келди ва: «Эй Муҳаммад, мен билан курашга тушасанми?!» деди. «Совринга нима қўясан?» дедилар. «Қўйларимдан бирини», деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у билан курашга тушдилар ва уни йиқитдилар. Кейин эса қўйни олдилар. Рукона: «Яна қайта тушасанми?» деди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Охири у: «Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, ҳеч ким ёнимни ерга теккиза олмаган эди. Мени йиқитган сен эмассан!» деди-да, Исломга кирди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қўйини қайтариб бердилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Бундан мусулмон киши билан мусулмон киши орасида спорт мусобақаси ўтказилганидек, мусулмон кишининг мусулмон бўлмаган киши билан ҳам спорт мусобақаси ўтказиши мумкинлиги чиқади. Шунингдек, спорт мусобақаси орқали яхшиликларни тарқатиш, кишиларни Исломга киритиш ҳам мумкинлиги тасдиқланади. Яна Руконага ўхшаб баъзи ҳовлиққанлар бўлса, попугини пасайтириб қўйиш ҳам мумкин бўлади. Шунинг учун эса мусулмонлар доимий равишда бадантарбия билан шуғулланиб, соғ-саломат ҳолда тайёргарлик кўриб юришлари лозим бўлади.

Бошқа ривоятларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини курашга тушириб, мусобақа ўтишига ўзлари бош бўлганлари ҳам айтилади. Уҳуд  ва бошқа баъзи урушлар бошланишидан олдин ўспирин йигитлар келиб, ўзларини аскарликка қабул қилишни талаб этишган. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кураштириб кўриб, ғолибларини қабул қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳабашийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида «ҳироб» ўйнашаётган эди. Умар кириб қолди-да, эгилиб тош олиб, уларга ота бошлади. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Умар, тек қўй уларни!» дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти). «Ҳироб» – қурол билан чапдастлик намуналарини кўрсатадиган ҳарбий-спорт ўйини. Мазкур ҳабашийларнинг бу ўйини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларида бўлган. Бу ҳол ҳам бадантарбияга нақадар катта аҳамият беришнинг бир намунаси.

Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бозорда камон отиш мусобақаси ўтказаётган асламлик кишилар ҳузуридан ўтиб қолдилар ва: «Отинглар, эй Бани Исмоиллар! Оталарингиз мерган эди, отинглар! Мен Бани Фулон биланман!» дедилар. Шунда тарафлардан бири қўлини тийди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга нима бўлди, отмай қўйдинглар?» дедилар. Улар: «Сиз улар билан бўлсангиз, қандай қилиб ҳам отар эдик?» дейишди. Шунда у зот: «Отинглар, мен ҳамманглар биланман!» дедилар» (Бухорий ва Аҳмад ривояти).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлоднинг соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга ота-оналарни тарғиб қилганлар. У зот: «Фарзандларингизга сузишни, отишни ва от минишни таълим беринглар», деганлар. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Ёзишни, сузишни ва отишни таълим бериш фарзанднинг ота-онадаги ҳақ-қидандир», дейилган.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, Ислом ўзининг бутун борлиғи билан ҳаракат динидир. Унда ҳаракатсиз ҳеч нарса бўлмайди. Бир вақт намоз ўқиш учун инсон қанчалар ҳаракат қилади. Саҳарда уйқусидан туриб, таҳорат қилиб, намоз ўқиш жойига бориб икки ракат намоз ўқигунича инсоннинг ҳар бир бўғини ҳаракатга тушади. Рўза ҳам шунга ўхшаш: саҳарликка турилади, ҳаракат қилинади, хуфтонга қўшиб йигирма ракат таровеҳ намози ўқилади. Ҳаж ва умра ҳам асосан қаттиқ жаҳд ва ҳаракатлардан иборат ибодатлардир. Буларнинг ҳаммаси соғлиқ учун фойдали эканини ҳозирги пайтда мусулмон бўлмаган инсонлар ҳам яхши биладиган ҳолга келишди (Аллоҳ билувчидир).



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум Ҳурматли узтозлар, ҳозир жуда кўп кўнгли тоза инсонлар кўпайиб кетди. Масалан бир одамга жума намозига юр десам у мен бир ҳафта гунох қилиб кейин давоми...

2658 08:19 / 31.12.2018
САВОЛ Одатда бизда жума намозидан олдин тўрт ракат суннат ўқилади. Лекин, .Мушкот, китобида фарздан олинги тўрт ракат суннат айтилмаган. Араб ўлкаларида бу суннат давоми...

5219 16:41 / 27.04.2016
СаволАссалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Айрим кишиларимиз ҳатто ёши улуғлар ҳам .Ҳаж зиёратидан қайтган киши, ҳеч ким билан гаплашиб қўймасидан аввал ўзи давоми...

4493 12:32 / 11.07.2017
Ассалому алайкум Харом луқма еб қилинган ибодат қабул бўлмайди. Уйда харомдан пул топилса, фарзанд ибодат қилса, бундай холатда овқат емасликнинг иложи бўлмаса, давоми...

3909 06:10 / 26.09.2018