1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Раддия

Қуръон қандай нозил бўлди ва қандай жамланди?

20:34 / 22.04.2017 42982 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2-савол. Қуръон қандай нозил бўлди ва қандай қилиб бир китобга жамланди? Биз  бу иш Муҳаммаднинг буйруқларисиз қилинган, деб ўқидик, яъни Қуръонни амалда унинг саҳобалари томонидан ёзилган, Муҳаммад  ўзи ёзган  эмас экан.

 2-жавоб. Аллоҳ Муҳаммад савга 40 ёшга кирганларида Пайғамбарлик вазифасини берди. Пайғамбарлик муддати - у зотнинг вафотларигача 23 йил - 13 йили Маккада, 10 йили - Мадинада давом этди.    

6 ой давомида Муҳаммад савга ваҳий  тушларида нозил қилинди. Рамазон ойида  Жаброил ас фаришта тушиб, биринчи ваҳий (ваҳйи матлув)ни келтирди. Бу “ал-Алақ” сурасининг аввалги беш ояти эди.

    Кейин ваҳий нозил бўлиши тўхтаб қолди, 3 йилдан кейин яна нозил бўла бошлади. Кейинги 10 йил ичида Маккада Жаброил ас Илоҳий Ваҳийни узлуксиз   келтириб турдилар. Муҳаммад сав га (ҳижратгача) Маккада  нозил бўлган Илоҳий Ваҳийлар маккий, Мадинада ёки Мадина йўлларида нозил бўлганлари эса маданий оятлар деб аталди.

    Қуръон карим тўлалигича дунё осмонига Қадр кечасида туширилган,  бу ердан Жаброил ас уни Пайғамбар савга навбати билан пайдар-пай 23 йил давомида келтириб турдилар. Буни Қуръони каримнинг ушбу ояти тасдиқлайди: “Қуръонни одамларга бардош билан (аста) ўқиб беришингиз учун уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб- бўлиб нозил қилдик.” (17:106). Дунё осмонидаги Қуръон бутунича нозил қилинган жой, “Байтул-иззат” деб аталарди.

    Рамазон ойида Жаброил ас Қуръоннинг ўтган  йилда нозил бўлган барча оятларини Пайғамбар савга ўқиб берар ва кейин Пайғамбар сав Жаброил асга ўқиб берар эдилар. (Бу ҳадиси шарифларда айтиб ўтилган.) Бу жараённи “Арза” деб аталди. Пайғамбар сав ҳаётларидаги охирги  рамазонда бу ҳолат икки марта қайтарилиб “Арзатул-Ахира” деб аталди. Қуръон тарихида Арзалар ва энг асосийси Арзатул-Ахира ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Шу сабабли Қуръонни ёд олган қориларни текшириб туриш ва хатоларини тўғрилаб,  унутганларини ёдларига солиб туриш мумкин бўлди. Охирги ўқиб бериш сўнгида Пайғамбар сав Жаброил асга: “Биз бунга ўқитилдик” дедилар, Жаброил ас эса: “Сизлар ёдлаб олган нарса тўғри ва тугал бўлди” деб жавоб бердилар.

    Пайғамбар сав доимо ўзларига нозил қилинган ваҳийни дарҳол ёзиб қўйилишини талаб қилар эдилар. Бунинг учун у кишининг ҳузурларида 40 нафар атрофида котиблар бор эди. Ҳаётларининг энг қийин дақиқаларида ҳам, Маккадан Мадинага ҳижрат қилиш даврида, ҳарбий ғазотларга чиқилганда ҳам  пайғамбар сав котибларни ва ёзув асбобларини олишни унутмасдилар. Зайд ибн Собит айтадилар: “Котиб ваҳийни ёзиб бўлганида, пайғамбар сав яна бир ўқиб беришни сўрар эдилар. Агар бу пайтда котибни  хатоси топилса, дарҳол тўғрилаб, ана шундан кейингина ваҳийни халққа етказишни буюрар эдилар.”

     Бундан ташқари Пайғамбар сав саҳобийларга  ваҳийни ёдлаб олишни буюрар эдилар. У зот: Қуръон оятларини ёддан билиш, Аллоҳ томонидан катта мукофотларга сабаб бўлишини  таъкидлаб айтар эдилар. Бу Оллоҳнинг оятларини ёдлаб олишни истайдиганларнинг рағбатларини ошишига, илоҳий файз олишларига сабаб бўлди. Шундай қилиб мусулмонларнинг бир қисми Қуръонни тўла ёд олган ва бошқалари қисман - ҳар жой ҳар жойидан ёд олган эдилар.

    Ёзиб қўйиш, ёдлаб олишни ҳам кам ҳисоблаган Пайғамбар сав, Қуръони каримни сақлашнинг учинчи йўли - текшириб туришни жорий қилдилар. Ёзма манбалар тартибли равишда оғзаки тиловат билан ва аксинча тиловат ёзма манба билан солиштириб текшириб туриларди. Рамазон ойидаги Арза бунинг ёрқин мисоли бўлади. Пайғамбар савнинг алоҳида Қуръонни ўргатувчи муаллимлари бўлиб, улар одамларга Қуръонни ўргатар эдилар, шу пайтни ўзида ёзиб олинган саҳифаларни, ёд олинган  китобнинг тўғрилиги текшириб турар эдилар.

    У пайтларда Пайғамбар савга нозил бўлиб, Қуръони каримга киритилиши лозим бўлган  ваҳийлар  қоғоз бўлмаганлиги учун   хурмо пўстларига, япалоқ тошларга,  тери ва бошқа нарсаларга ёзиб борилар эди. Бу ёзувлар ваҳийни нозил бўлиши тартибида ёзиб борилар эди.  Баъзида бир суранинг оятлари бошқаси аралашиб қолгандек бўлар эди, яъни бир суранинг оятлари нозил бўлиб тугамасдан,  кейинги сураларнинг оятлари туша бошлар эди. Ваҳий нозил бўлиши охирига етганда Пайғамбар сав бу оятлар қайси сура таркибига ёзиб қўйилишини эълон қилар эдилар.

    Шу билан бирга Қуръони каримга кириши лозим бўлмаган ваҳийлар ҳам нозил бўлар эди. Улар вақтинчалик ҳукмни билдириб, кейинчалик Аллоҳ томонидан бекор қилинган эди. Шунинг учун ёзувлар бўлак-бўлак ҳолатда бўлиб, ҳозирги Қуръони карим нашрларига ўхшаган бир бутун, тартибли  эмас эди. Ана шу ҳолатдан тартибли бир бутун ҳолга ўтиш учун Пайғамбар сав “таълиф-ул-Қуръон” тушунчасини жорий қилдилар. Пайғамбар савнинг ҳадиси шарифларида бу атама кўп  учрайди. “Саҳиҳ Бухорий” да китобнинг бутун бир боби шундай аталган. Масалан: “Биз пайғамбар сав ҳузурларида Қуръонни қисмлардан тўплаб жам (таълиф) қилдик” деган ҳадис келтирилган. 


Таълиф нима?

    Таълиф сўзи турли бўлакларни жамлаш, бирлаштириш маъносини  билдиради. Қуръон учун худди шу маънода ишлатилади, аниқроғи оятларни сураларда тартиб билан жойлаштирилишига  айтилади.  Қуръонни Пайғамбар сав кўрсатган тартибдан бошқача ўқиш манъ қилинади. Бундай таъқиқнинг жорий қилинишига сабаб, баъзи шоирлар ва қиссахонлар кўпинча  ҳар хил асарларни эркин, ҳоҳлаган тартибларида ўқир эдилар. Улар бу қоидаларини Қуръонга ҳам ишлатишни ҳоҳлашар эди.

    Шунингдек Қуръон сураларининг тартиби тавқифий эмас. Барча уламолар томонидан тан олинганки, Қуръондаги бу тартиб ижтиҳод асосида жорий бўлган. (Аммо, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари: "Аллоҳ таолодан нозил бўлгандан кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом қайси тартибни айтган бўлсалар, шундай бўлган. Буни тавқийфий дейилади. Яъни, бировнинг ижтиҳоди аралашмаган. Аллоҳдан бўлган иш", деб айтган.  Ва асос ҳам шу - Абу Муслим) Бу Ҳазрати Усмон ра вафотларидан кейин Қуръон нусхаларини кўпайтириш учун тузилган ҳайъат томонидан таклиф қилинган эди. Шунинг учун баъзи фиқҳий мазҳабларда  намозда, таълим беришда қуръонни ҳар қандай тартиб ўқиш,  Қуръонни охирги сураларидан бошлаб аввалги суралар билан давом эттириш мумкин дейилади. Масалан “Каҳф” сурасини ўқиб орқасидан “Ҳаж” сурасини ўқиш каби. Ҳатто Пайғамбар сав баъзи ҳадисларга қараганда таҳажжуд намозларига “Оли Имрон” сурасидан олдин “Нисо” сурасини ўқиган эканлар. Убай ибн Каъб таклиф қилган рўйхатда бу суралар шундай жойлашган. Ҳазрати Усмон ра ва бошқаларнинг рўйхатларида, сураларнинг жойлашиши фарқ қилади. Шунинг учун ижмоъ қилинганки, сураларнинг тартибини ижтиҳод билан белгиланган (яъни олимларнинг тадқиқотларидан сўнг) Зайд ибн Собит ра Қуръонни тўла рўйхатини тузишга рози бўлди, бу ишни ташкил қилишда Умар ибн Хаттоб ра ёрдам бердилар.

    Абу Бакр ра Зайдга  Қуръонга киритиладиган оятни ёзишда ўз хотирасига таяниб қолмасдан, ҳар бир оятнинг иккита ёзма нусхасига эга бўлгач, кейин ёзишни шарт қилдилар. Абу Бакр ра Қуръонни жамлаш бошлангани ҳақида бутун Мадинага - шаҳарликларга кимда қуръон оятлари ёзилган нарсалар бўлса, масжидга олиб келиб, Зайд ибн Собитга топширишларини эълон қилдилар. Оятлар ёзилган парчаларни  қайси оят Пайғамбар сав томонидан текширилган ва текширилмаган эканлигини аниқ билган Ҳазрати Умар ра келтирилаётган оятлар ёзилган парчаларни назорат қилиб турдилар. Уламолар келтирилган парчаларнинг деярли барчаси “Арзат –ул - Ахира” да текширилган нусхалар эди, дейдилар.

     Уламолар иккита келтирилган бир хил оят битиклари ёзма гувоҳлик  деб атаганлар. Бу икки гувоҳлик учинчи манба Асл билан солиштирилган  Асл деб Зайд ибн Собитдаги маълумот олинган, чунки  у Қуръонни энг яхши биладиганлардан бири бўлиб, Қуръонни тўла ёддан  билар эди. Келтирилган парчаларни ўз хотирасидаги билан солиштириб кўрди ва бир неча парчаларни хатоси борлиги учун қайтарди.

 Қуръон тарихи фақат Зайд ибн Собитнинг жамлашидан иборат эмас, чунки кўп мусулмонлар Қуръонни бошидан охиригача ёддан билишар, яна ҳам кўпроқлари қисман ёд билишар эди. Улар доимий равишда намозларида ва ибодатларида Қуръон қироат қилар эдилар. Анас ра ҳадисларида 6 нафар Қуръон билимдонлари: Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит, Абу Дардо, Саъд ибн Убода  зикр қилинади.

    Пайғамбар сав Қуръонни Хузайфанинг мавлоси Салимдан, Абдулло ибн Масъуддан, шунингдек аёл саҳоба Умми Варақадан олиш лозим деб айтиб ўтганлар. Лекин Қурон ҳофизлари булар билан чегараланиб қолмаган. Ибн Ҳажар Асқалоний (Фатҳул-Борий, 10; 425-430бетлар) муҳожирлар орасида Абу Бакр, Умар, Али, Талҳа, Саъд, Ибн Масъуд, Хузайфа, Салим, Абу Ҳурайра, Абдулло ибн Соиб, Абодилани,   аёллар орасида эса Оиша ва Умми Саламани (ра.ларни) Қуръон ҳофизлари деб санаб ўтган. Бу рўйхатга Абу Довуд муҳожирлардан Тамим ибн Авс ад-Дорийни, Уқба ибн Амирни, ансорлардан Убоб ибн ас-Сомит, Муоз Абу Хулайм, Мужаммиъ ибн Жория, Фузол ибн Убайда, Маслама ибн Маҳладий ва бошқаларни (булардан баъзилари Пайғамбар сав вафотларидан кейин ҳофиз бўлган) Абу Муса ал-Ашъарий, Амр ибн ал-Асо, Саъд ибн Убодаларни қўшган.

    Айтилганлардан кўриниб турибдики, Қуръони каримни билган, уни бир китобга жамлаган ҳофизлар сони, тор доирадаги саҳобалар билан чекланиб қолмаган. Қуръон ҳофизлари доирасини Анас ра ҳадисида кўрсатилганидек бир неча шахс билан чеклашга ҳеч қандай асос йўқ. Баъзилар бу доирани беш ёки олти киши билан чеклашган. Қуръон нафақат чекланган беш олти одамнинг, балки жуда кўп одамларнинг қалбидан жой олган. Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, ҳали Пайғамбар сав ҳаётлик даврларида 70 нафар ҳофизи калом (қурро) саҳобалар Биъри Мауна ғазотида шаҳид бўлган эдилар. Шунча нафар қурролар Ямома жангида ҳалок бўлганлар. Юқоридагилардан маълум бўлдики, Пайғамбар савга замондош бўлган Қуръон ҳофизларини сонини аниқлаш, чегаралашнинг имкони йўқ, уларнинг сони бир неча юздан ошганди.

     Хулоса қилиб айтилганда Зайд ибн Собит ра, Абу Бакр ра ҳаётлари даврида Қуръонни жамлаганда Қуръон билимдонлари, ҳофизлари-қурролар жуда кўп бўлган. Улардан биронтаси Зайд ибн Собитнинг ишида камчилик ёки хато топишмаган.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Бугунги кунда ислом олами гувоҳ бўлиб турган нарса ўша янги ислом .элчи,ларининг тинимсиз ҳаракатларидан келиб чиққан нарсалардир. Биз уни аввал билмаган эдик. давоми...

3397 05:00 / 03.03.2017
Ҳурматли фаришталарrdquo тўғрисидаги шайтонийrdquo оятлар тарихи.6савол. Қуръоннинг дахсизлиги тўғрисида қандай гапирасизлар, ваҳоланки Қуръонда Муҳаммад сав давоми...

4498 20:37 / 22.04.2017
10савол. Қуръонда сизлар яхудийлар ва насронийлар билан дўст тутинмаслигингиз лозим, деб ёзилган яъни диний таълимотни ўзида ғайридинларга нафрат жо давоми...

12807 20:39 / 22.04.2017
3савол. Биз ҳақиқатда 7 та хил қуръон бўлган, фақат Пайғамбар вафотидан кейин одамлар ўзларича улардан битта умумий қуръон қилишди, деб ўқидик. Пайғамбар замонида давоми...

4021 20:35 / 22.04.2017
Аудиолар

135081 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55358 14:35 / 11.08.2021