1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Салланинг фазилати

20:07 / 22.04.2017 9240 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир иши айни ҳикмат бўлган ва ҳар бир ишга қодир бўлган Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!

Ўз умматларига Роббиси амри ила ҳикматни ўргатган Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мукаммал ва батамом саловоту саломлар бўлсин!

Салланинг фазилатлари тўғрисидаги маълумотларни келтиришликдан аввал бир ҳадиси шарифни ёдга олайлик. 

عَنْ جَرِيرِ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِيَ الله عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: مَنْ سَنَّ فِي اْلإِسْلاَمِ سُنَّةً حَسَنَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ كُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلاَ يَنْقُصُ مِنْ أُجُورِهِمْ شَيْءٌ وَمَنْ سَنَّ فِي اْلإِسْلاَمِ سُنَّةً سَيِّئَةً فَعُمِلَ بِهَا بَعْدَهُ كُتِبَ عَلَيْهِ مِثْلُ وِزْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا وَلاَ يَنْقُصُ مِنْ أَوْزَارِهِمْ شَيْءٌ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

“Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради”, дедилар” (Муслим ва Термизийлар ривоят қилишган).

Бу ҳадиси шарифни биз сўз юритмоқчи бўлган мавзуга нима алоқаси бор экан деб ўйлаётган бўлишлигингиз мумкин.Зоҳиран олиб қараганда шундай лекин яхшилаб диққат билан ўйлаб кўрадиган бўлсак Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бир қанчалари хозирги кунимизда унитилиб борилаётганлиги ва амалда қўлланилмаётганлигини гувоҳи бўламиз. Шулардан биттаси салла кийишдир. 

Мазкур ҳадиси шарифнинг маъносига эътибор берадиган бўлсак суннат бўлган салла кийишни амалиётга татбиқ этмоқлиқ ниҳоятда муҳим эканлигини тушуниб етамиз. Қолаверса, салла киймоқлик барча эркаклар учун хоссатан имом-хатиблар учун алоҳида кўрк вазийнатдир. Хозирги кунимизда эса салла киймоқлик нафақат кўрк ва зийнат балки салла кийган инсонни аҳли сунна валжамоа тарафидан эътироф этилган тўрт фиқҳий мазҳаблардан ҳанафийларнинг вакили эканлигини аломатидир. Зотан юртимизда XX асрнинг охирларида пайдо бўлган турли гуруҳлар, жамоалар, бемазҳаблар хоссатан ваҳҳобийлар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўлмиш салла киймоқликка тиш-тирноқлари билан қаршилик кўрсатдилар ва кўрсатмоқдалар.

Шунинг учун ҳам юртимиздан чиққан ваҳҳобийларнинг раҳбарлари доимо салласиз ёки мутлақо бош кийимсиз намоз ўқимоқликни ўзларининг хос аломатларидан қилиб олганлар. Ўша пайтларда мазҳабга амал қиладиган уламолар билан бемазҳабларнинг орасидаги зоҳирий фарқлардан бири айнан салла киймоқлик ёки киймасликда ўз аксини топган эди. Ҳозирги кунимизга келиб эсагўёки зикир қилинган зоҳирий фарқни ҳеч қандай аҳамияти қолмаган. Аслида эса ундоқ эмас балки бемазҳаблар ўзларининг кўпгина зоҳирий аломатларини вақтинчалик тарк этиб бу касалликни зимдан бошқаларга тарқатмоқдалар. 

Уларнинг бу ҳийлаларини кўпчилик тушунмаганлиги туфайли мазкур касалликка чалинмоқдалар.Натижада эса, кўпгина имом-хатиблар учун ҳам салласиз намоз ўқимоқлик оддий ҳолатга айланиб қолмоқда. Аксинча уларни суннат бўлган салла киймоқликка чақираётган аҳли илмларнинг ўзлари айбдор бўлиб қоляпдилар. Бу ҳолат шу даражада кенг тарқалганлигидан ҳозирги кунимизда салла киймоқлик баъзи дийний раҳбарларнигина хос кийимларига айланиб қолган. 

Мазкур бемазҳаблар салла киймаслик учун турли баҳоналар келтирадилар. Шулардан бири гўёки салланинг фазилатлари тўғрисида келган ҳадиси шарифлар саҳиҳ эмас, балки заиф экан. Мазкур баҳонани ўзлари тушунмаган ҳолда шиор қилиб суннатга амал қилишликка бепарво бўлаётганларга бир сўз айтмоқчимиз. Барчамизга маълумки, шариатимиз қонун қоидаларида келтирилишича фазилатли амалларни ҳаётга татбиқ этишликда ҳаттоки заиф ҳадисларга ҳам амал қилинади. Салла кийишни суннат эканлиги тўғрисида эса, бир эмас балки бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Буни ҳамма дўсту душман яхши билади.Аммо, салла киймасликни ташвиқот қилаётганлар ёки унга бепарво бўлаётганлар салла киймасликнинг фазийлат ёки суннат эмаслигига бирорта заиф бўлса ҳам ҳадис ёки бирор мўътабар олимнинг сўзини бўлса ҳам келтирсинларчи? Албатта келтира олмайдилар.

Биз эса,айтаётган маълумотларимизни тўғри эканлигига бир неча ҳадиси шарифлар билан далил келтирмоқчимиз.

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ الله عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: رَكْعَتَانِ بِعِمَامَةٍ خَيْرٌ مِنْ سَبْعِينَ رَكْعَةً بِلاَ عِمَامَةٍ. رَوَاهُ الدَّيْلَمِيُّ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Салла билан ўқилган иккки ракат намоз салласиз ўқилган етмиш ракат намоздан яхшидир” дедилар”(Дайламий ривоят қилган).

Шарҳ: намоз ўқувчининг холатларига қараб ўқиётган намозига бериладиган савоблар турлича бўлишлиги ҳаммамизга маълум. Масалан ёлғиз, жамоат билан, ихлосли ва беихлос, хушуъли ва хушуъсиз, шошувчи ва шошмасдан ва ниҳоят саллали ва салласиз ўқувчиларга алоҳида савоб берилади. Зоҳиран эътибор берадиган бўлсак юқоридаги намоз ўқувчиларнинг барчаси бир намозни ўқишаяпти.Лекин, уларга берилажак савоблар миқдори ҳар хил. Сиз ўқувчи! Мазкурлар намоз ўқувчилардан қайси бири ўрнида бўлишликни ҳоҳлар эдингиз. Бу хитоб оддий намозхонгадир.Имом эса ўзича хулоса чиқараверсин.

وَقَالَ رُكَانَةُ َضِيَ الله عَنْهُ صَارَعْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم فَصَرَعَنِي وَسَمِعْتُهُ يَقُولُ فَرْقُ مَا بَيْنَنَا وَبَيْنَ الْمُشْرِكِينَ الْعَمَائِمُ عَلَى الْقَلاِنِسِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Рукона розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кураш тушдим. Бас У зот мени йиқитдилар. Ва У зотнинг:

“Биз билан мушрикларнинг орасидаги фарқ дўппилар устидаги саллалардир” деганларини эшитдим” (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар).

Шарҳ: Ҳадиси шарифнинг иккинчи ярмида айни биз сўз юритмоқчи бўлган “салланинг фазилати” ҳақида маълумот келтирилмоқда унда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам“Биз билан мушрикларнинг орасидаги фарқ дўппилар устидаги саллалардир” дедилар”. Мана шу жумланинг ўзи ҳам саллани қанчалик фазилатлик бош кийим эканлигини ифода этиб турибди, қолаверса салла мусулмонларга хос бўлган бош кийим эканлиги ҳам ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўлиб турибди. Шуниг учун ҳам Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саллани мусулмонлар билан мушрикларни орасидаги фарқловчи деб сифатладилар. Мазкур ҳадиси шарифга барча мусулмонлар қатори бизнинг юртимиз мусулмонлари ҳам аввалги асрларда тўлиқлигича амал қилиб келганлар хаттоки ўша асрларда юртимиз эркакларини бош кийимсиз хоссатан салласиз тасаввур қилинмас эди. 

Шариат аҳкомларига алал хусус Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишлик борасида уламолар яъни имомлар доимо намуна бўлганлар. Хозирги кунимизга келиб эса, юртимизнинг баъзи вилоятларидагина оддий халқ ичида салла кийишлик миллий бош кийим сифатида сақланиб қолган бўлсада кўпчилиги бунинг сабабини моҳияти ва фазилатини тушуниб етишмайди. Юртимиз имом-хатибларига назар соладиган бўлсак бу борада одамни қувонтирадиган бирор сўз айтишликка ожизмиз. Чунки имом-хатиблар ҳар тарафлама ҳаттоки ташқи кўринишлиги ва кийим бошларида ҳам оддий ҳалқдан бир озгина бўлсада ўз салобати, виқори ва юриш туришида фарқи бўлишлиги керак. Бу ҳолат эса имом-хатибларнинг ҳурматини ва обрў эътиборини сақланишлигида улкан восита бўлади. Ҳозирда кўпгина имом-хатиблар ўзлари кийишлиги керак бўлган кийимларни киймаганликлари туфайли уларнинг халқ ичидаги эътиборлари табора пасайиб бораётган бўлса ажаб эмас. Зотан имомлар фақатгина намоз пайтидагина кияётган салла ва чакмонлари алоҳида ибодат кийими эмас балки, мазкур кийим ҳалқимизнинг суннатга мувофиқ миллий кийимидир.

Салланинг ранглари тўғрисида 

Салланинг оқ, қора, кўк каби турли ранглари мавжуд. Лекин оқ рангдаги салла уларнинг энг афзали хисобланади.Бу тўғрисида бир қанча ривоятлар бор.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича. Бадр фаришталарнинг белгиси оқ салла бўлиб, пешини орқаларига тушириб олишган экан. 

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ الله عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم دَخَلَ مَكَّةَ عَامَ الْفَتْحِ وَعَلَيْهِ عِمَامَةٌ سَوْدَاءُ. 

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ йили Маккага кирганларида бошларида қора салла бор эди”.

Шарҳ: Бу жуда ҳам машҳур бўлиб кетган ҳол. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳи куни бошларига қора рангли салла кийиб кирганларини дўсту душман, кофиру мусулмон барча-барча кўрган ва ривоят қилиб қолдирган.

عَنْ عَمْرِو بْنِ حُرَيْثٍ رَضِيَ الله عَنْهُ قَالَ: رَأَيْتُ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم عَلَى الْمِنْبَرِ وَعَلَيْهِ عِمَامَةٌ سَوْدَاءُ قَدْ أَرْخَى طَرَفَهَا بَيْنَ كَتِفَيْهِ. رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ.

Амр ибн Ҳурайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни минбар устида кўрдим. Бошларида қора салла бўлиб, бир учини икки кураклари орасидан тушириб олган эдилар” (Иккисини бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган).

Шарҳ:Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қора салла кийганлари таъкидланиши билан бирга, аввалги ривоятга қўшимча ўлароқ, салланинг бир учини икки кураклари орасидан тушириб олишлари ҳақида ҳам сўз кетмоқда.

Салланинг пеши қаерда туришлиги ҳақида 

Салла кийгувчи намоз вақтларида салланинг пешини икки кифти ўртасига тушуириб олади. 

Амр ибн Ҳурайсрозияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллоллоҳу алайҳи васалламни минбарда турганларини кўрдим. Бошларида қора салла, унинг пешини кифтлари орасига тушириб олган эдилар”. 

Ушбу ҳадисда набий росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам салла ўраб,униг бир учини орқаларига ташлаб юришлари баён қилинмоқда. 

Намоз тугагандан кейин саллани пешини кўтариб қўяди, ибодатдан чиққанлигини билдириб қўйишлик учун.

وَقَالَ عَبْدُ الرَّحْمَنِ بْنَ عَوْفٍ رَضِيَ الله عَنْهُ عَمَّمَنِي رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَسَدَلَهَا بَيْنَ يَدَيَّ وَمِنْ خَلْفِي. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга салла ўратиб қўйдилар. Унинг учини олд тарафимга ва орт тарафимга тушириб қўйдилар” (Абу Довуд ривоят қилган).

Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликларини яна бир қирраси намоён бўлмоқда. У зот Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг саллаларини ўз қўллари билан ўраб берган эканлар. Бундан эса қуйидаги хулосаларни оламиз: 

Биринчидан, Раҳбар (имом) ўз қовми ёки шогирдларига суннатга амал қилишликни таълим бериши ва бу борада Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг саллаларини ўз қўллари билан ўраб беришлиги муҳим аҳамиятга эгадир;

Иккинчидан, имом салла ўрашликни билишлиги;

Учинчидан, салланинг бир учини олд тараф ва яна бир учини орқа тарафга тушуриб юриш ҳам мумкин эканлиги.

قَالَ ابْنُ عُمَرَ رَضِيَ الله عَنْهُكَانَ النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم إِذَا اعْتَمَّ سَدَلَ عِمَامَتَهُ بَيْنَ كَتِفَيْهِ. قَالَ نَافِعٌ وَكَانَ ابْنُ عُمَرَ يَسْدِلُ عِمَامَتَهُ بَيْنَ كَتِفَيْهِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон салла ўрасалар, учини икки кураклари орасига тушириб олар эдилар”.

Нофеъ айтади:

“Ибн Умар салласининг учини икки кураги орасига туширар эди” (Термизий ривоят қилган).

Шарҳ: Бу ривоятда салланинг учини икки курак орасидан тушириш кераклиги таъкидланмоқда. Бу нарса кўпчилик томонидан қабул қилингандир. Аҳли сунна вал жамоа уламолари салланинг учини икки курак орасидан тушириб олиш мустаҳабдир, деганлар. Лекин,бундай қилмаса ҳеч гап бўлмайди. Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишни доим қилмаганлар. У зот гоҳида дўппи кийсалар, гоҳида салла кияр эдилар. Кўпроқ ҳолатда дўппининг устидан салла ўраб юрар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саллаларининг узунлиги етти аршин бўлган. Саҳобаи киромларнинг дўппилари бошга ёпишиб турадиган дўппилар бўлган экан. Демак, мазкур ҳадиси шариф ва бунинг шарҳидан маълум бўлиб турибдики пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар доимо саллалик ёки дўппилик бўлиб юрганлар. Хулоса, қилиб айтадиган бўлсак мусулмонларнинг вакиллари бўлмиш ҳар бир миллат ва элатлар ўз миллат ва юртларида одат бўлган суннатга хилоф бўлмайдирган бош кийим билан юрмоқликлари фазилатлидир.

Салланинг шакли ва ўралиши

Саллани бир неча хил кўринишда ва шакилда ўраш мумкин. Бу эса ҳар бир юрт ва миллат вакилларининг ўзларида урф ва одат бўганлигига қараб белгиланади. Демак, бу борада муайян бир шакил ва миқдорни белгилаб қўйишлик тўғри эмас, балки шаритдан келиб чиққан ҳолатда ўзи яшаб турган жойнинг одатига қараб белгиланади. Масалан бизнинг юртимизнинг ўзида ҳам шаҳар ва вилоятларга қараб салла ҳар хил кўринишда бўлиши мумкин. Лекин бизда кўпроқ думалоқ шакилда алоҳида хос дўппига қат-қат қилиб ўрашлик ранги эса оқ бўлишлиги одат бўлган.

Салланинг узунлиги 5-7-9-11-13 метр ёки инсоннинг гавдасига қараб ундан юқори бўлишлиги ҳам мумкин. Салла сурп ёки ўзимиздаги эни 60-70 см бўлган ўртача қалинликдги докадан бўлишлиги мумкин. 

Салла ўрагувчи дўппини ўзининг бошига кийиб ўрашлиги мумкин, ёки бировнинг бошига ёки махсус қолибга кийдириб ўрашлиги мумкин. Баъзилар эса, қўлида ушлаб турган ҳолатда ўрийди. Саллани қаттиқ, ўртача ёки юмшоқ ҳолда ҳам ўраса бўлади. Ҳар ким ўзига ёқадиган услибни танлаши мумкин. 

Салла ўрагувчи аввало салланинг пешини ажратиб ўлчаб олади. Унинг узунлиги 40-50 см бўлишлиги мумкин ёки унинг қисқалигини салла кийувчи ўзига ёқадирган қилиб танлашлиги мумкин.Салла ўрагувчи аввал ўнг тарафни юқори қисмидан бошлаб, пешона тарафга олиб келиб, чап тамонни паски қисмидан айлантириб олади. Ва яна ўнг тарафни юқори қисмидан бошлаб, пешона тарафга олиб келиб, чап тамонни паски қисмини сал юқорироғидан бир маротаба айлантириб олади.

Сўнгра яна ўнг тарафни юқори қисмидан бошлаб, пешона тарафга олиб келиб, чап тамонни паски қисмидан салланинг пешига етмасдан кўтарилади.

Шу тариқа саллани узунлигига қараб, агар дока 7 метр бўлса ўнг тарафни 0,5 см паслатиб, чап тамонни эса, аввалги юқорига кўтарган жойимиздан 1 см олдин кўтарамиз.

Агардока 9 метр бўлсаўнг тарафни 0, 5 см паслатиб, чап тамонни эса, аввалги юқорига кўтарган жойимиздан 0,5 см олдин кўтарамиз.

Агар дока 11-13 метр бўлса ўнг тарафни 0,5 см паслатиб, чап тамонни эса, аввалги юқорига кўтарган жойимиздан 0,3 см олдин кўтарамиз.

Сўнгра шу тариқа яъни ўнг тарафни юқори қисмидан озгина-озгина пастга тушириб, пешона тарафга олиб келиб чап тамонни озгина- озгина жой ташлаб юқори тарафга кўтарилади. Шу тариқа салламиз думалоқ шакилга келади.

Бундан кейин саллани қўлга олиб, уни текс ва силлиқ эканлигини яна бир бора кўриб чиқилади ва охирги безаш ишлари амалга оширилади.

Бу назарий жиҳати бунинг ўзи салла ўрашликка кифоя қилмайди. Барча соҳада бўлгани каби амалий машғулот яхши натижа беради.

Салланинг турлари:

1. Бошга ўраб пешини икки куракнинг орасига тушуриб олинган саллани “Қитоъа” дейилади;

2. Бошни томоқ билан қўшиб ўраб олишни “Эътижор” дейилади;

3. Салланинг икки томонидан пеш тушириб олишни “Зарқала” дейилади;

4. Саллани бошга ўраб туриб, бир учини бўйнидан ўтказиб олишни “Қафдо” дейилади.

Саллага оид баъзи маълумотлар:

1. Салла билан намоз ўқиш мустаҳабдир. Ҳанафий мазҳабида ялангбош намоз ўқиш макруҳдир;

2. Ҳанафий мазҳабида саллага масҳ тортиш жоиз эмас;

3. Қадимда эр кишининг салласини олиб қўйиш унинг учун таъзир бериш жазоси сифатида қўлланган. 


“Тўхтабой” жомеъ масжиди 

имом-хатиби Исоқжон домла Бегматов


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзилар Аллоҳ таолонинг раҳмати кенглигини бироз бошқача тушунади. Масалан бирор гуноҳ ишни қилиб турган бўлса, Аллоҳнинг раҳмати кенгку, У зот мағфиратли, давоми...

2570 16:35 / 27.03.2017
Мустақил диёримизда 1997 йилдан бери ҳар бир йилга жамият ҳаётининг алоҳида соҳаларида ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида ном берилиб келинади1. Жорий йилнинг 5 давоми...

3469 15:49 / 22.04.2017
ва уларни саҳиҳ ҳадислардан фарқлаш масаласиҲозирги кунда энг кўп тарқалган ачинарли одатлардан бири заиф ва мавзуъ уйдирма ҳадисларни саҳиҳ ҳадисдек тақдим давоми...

7177 09:34 / 22.03.2017
Ватан ҳақида сўз кетар экан, бу борада кўп ва хўп гапириш мумкин. Ватан тушунчаси баъзилар ўйлагандек, шунчаки оддий тушунча эмас. Ҳар ким Ватан мадҳини ўзича ифода давоми...

4954 21:30 / 21.04.2017