1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Уламолар ҳаётидан ибрат олайлик!

15:15 / 22.04.2017 4717 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусталаҳу-л-ҳадисга доир “Жарҳ ва таъдил” ҳамда “Тафсир ибн Абу Ҳотим” номи билан машҳур бўлган “Тафсир” китоблар муаллифи Абдураҳмон ибн Абу Ҳотим ар-Розий ҳижрий 240 йил туғилиб, 327 йил вафот этган. Ҳофиз Заҳабий “Тазкират ал-ҳуффоз” номли китобида Абдураҳмон ибн Абу Ҳотимнинг таржимаи ҳоли ҳақида ҳикоя қилиб, у зотнинг қуйидаги сўзини келтиради: “Ҳижрий 255 йили отам мени сафарга олиб чиқдилар. Мен ҳали балоғатга етмаган эдим. Биз Мадинаи мунаввара аҳли мийқоти Зулҳулайфага етиб борганимизда эҳтилом бўлиб қолдим. Шунда отам менинг балоғатга етганимдан хурсанд бўлдилар. Чунки мен Исломнинг бир рукни – ҳажни адо этишга лойиқ бўлган эдим”. Ҳофиз Заҳабий айтади: “Алий ибн Аҳмад Хоразмий Ибн Абу Ҳотимнинг қуйидаги сўзларини нақл қилган: “Биз Мисрда етти ой бўлдик, лекин бирор марта шўрва ичмадик. Кундузлари шайхларнинг ҳузурларига борардик, кечалари китоблардан нусхалар кўчириб, аслларига солиштирардик. Бир куни дўстим билан анча йўл юриб бир шайхнинг ҳузурига кирмоқчи бўлдик. Аммо у зотнинг касал эканини айтишди. Ўша ерда сотилаётган балиқ иккаламизга ҳам ёқиб қолиб, озгина сотиб олдик. Уйга қайтиб келганимизда устозларимизнинг мажлис вақти бўлганди. Унда биз ҳам қатнашдик. Балиқ эса уч кун қолиб кетиб, айниб қолай деганида қовуришга ҳам вақтимиз бўлмай, шундайлигича едик”.(Бу уламоларнинг баҳс-мунозаралари уч кунгача давом этганидан деярли таом ейишга вақтлари бўлмаганидан дарак. Қолаверса, уламолар тан роҳати билан юксакликка етиб бўлмаслигини билиб, вақт қадрини ғанимат билардилар. Шунинг учун ҳам балиқ уч кунгача қолиб кетган. Валлоҳу Аьламу) Уламолар бежизга: илмга тан роҳати билан етиб бўлмайди, деб айтишмаган.  

    Имом, ҳофиз, шайхулислом, шофиъийларнинг шайхи ва машҳур олими (ҳижрий 344-йил вафот этган) Абу Назр Муҳаммад ибн Муҳаммад Тусийнинг таржимаи ҳоли ҳақида “Тазкират ал-ҳуффоз” китобида  у зотнинг шогирди Ҳокимнинг бундай дегани келтирилади: “Мен Аҳмад ибн Мансурнинг: “Абу Назр қарийб етмиш йилдан бери  одамларга фатво беради. Лекин у зотнинг фатволарини ҳеч ким рад этганини кўрмадим”, деб айтганини эшитдим. 

Ҳоким айтади: “Мен сафар қилиб, устозим ҳузурига икки марта бордим. Бир гал у зотдан:  “Шунча кўп фатво берасиз,  китоб ёзишга қачон  вақт топасиз”,- деб сўрадим. Устозим: “Мен кечани уч қисмга бўлганман, бир қисми китоб ёзиш билан, яна бир қисми Қуръон ўқиш билан ўтади, қолган бир қисмида эса ухлайман”, - деб жавоб бердилар”

Шогирдлари давом этиб айтадилар: “Абу Назр ўта одобли, обид имом эди. Мен шайхларимиз орасида шу кунгача, намозни у зотдан кўра кўпроқ хушуь билан ўқийдиган одамни кўрмадим. Ҳар куни рўза тутарди. Кечалари бедор бўлар, ўзидан ортганини садақа қилар, яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарар эди”. 

Ҳофизи Заҳабий “Тазкират ал-ҳуффоз” китобларида Имоми Табароний ҳақида айтади:

“Абулқосим Сулаймон ибн Аҳмад ал-Лахмий, Шомий Табароний – ҳофиз, имом, аллома, уламоларнинг сўнгиларидан, ҳужжатулислом, дунёнинг суянчиғи эди.  Юз йилу ўн ой умр кечириб, умри давомида  етмиш бешдан зиёд китоб ёзган. Тўплаган ҳадислари шаҳарларни тўлдирган эди. Табароний ҳижрий 260 йили туғилиб, 360 йили вафот этган.”

Заквоний айтади: “Имом Табаронийдан ҳадисларининг кўплиги ҳақида сўрашганида: “Мен бўйра устида (ухлар) эдим”, - деб жавоб берган”. 

      Қифтийнинг “Инбоҳур рувот ала анбоҳин нуҳот” номли китобида Абу Али ал-Форсийни шогирди (372-йил Андалусга қайтаётиб, денгизда чўкиб вафот этган)  Абдуллоҳ ибн Ҳамуд Зубайдий Андалусийнинг таржимаи ҳоли ҳақида айтади:

“Абдуллоҳ Андалусда Абу Алий Қолийни ҳамсоҳиб (устоз) тутиб илм ўрганган бўлса, кейин машриққа сафар қилади. У ерда Абу Саид Сийрофийни то вафот этгунигача устоз қилиб олади. (Шаҳарда) ҳамда Форсга ва бошқа юртларга сафар қилган чоғларида Абу Али Форсийни ҳамсоҳиб тутиб, у кишидан ҳам кўп илм олади ва билимдон бўлади.          Абдуллоҳнинг Абу Али Форсий билан бўлиб ўтган воқеаларидан бири: бир куни Абу Али Форсий масжидда, тонг қоронғусида намоз ўқиб турганларида  Абдуллоҳ ибн Ҳамуд бошқа талабалардан олдинроқ илм олишга қулай бўлсин деб устозлари Абу Али Форсийнинг ҳовли ташқарисидаги уловининг охурида тунайди. Шунда Абу Али чўчиб кетиб: “Шўринг қурғур, ким бўлдинг сен” деб айтади, 

-     “Мен Абдуллоҳ Андалусийман”, - деб жавоб беради шогирдлари,

-     Шунда қачонгача орқамдан эргашиб юрасан, ахир ер юзида сендан кўра наҳвни билувчироқ йўқ-ку, деб айтган эканлар.

       Аҳмад ибн Мактум қўшимча қилиб айтади: “Шайхимиз Абу Ҳайён Андалусий (Аллоҳ умрларини зиёда қилсин! ) менга: “Абдуллоҳ ибн Ҳамуд Андалусга қайтаётиб, ўз юртларига етиб келишига икки кунлик масофа қолганида фалокат туфайли кемалари денгизда ғарқ бўлади ва ундаги ҳамма ҳалок бўлади. Жумладан Абдуллоҳ ҳам. Шу билан у зот Ироқдан олиб  келган кўп илм ҳам кетади. Аллоҳ у зотни ўз раҳматига олсин!


“Софаҳат мин собрил улама ала шадаидил

 илми ват таҳсили” номли китобдан 

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло инсонларни яратган экан, уларнинг барча эҳтиёжларини ҳам Ўзи қондиради. Шунинг учун ҳам доим Унинг ўзигагина сиғиниш ва Ўзидангина ёрдам сўрашга давоми...

4169 14:05 / 24.03.2017
Сен уларнинг камчиликларидан баъзиларини кўриб, уларга қарши далил излаётганингни пайқадим. Агарда улар сенга .саҳобаларга етган нарса сизга етмайдими, десалар, давоми...

4696 17:45 / 17.03.2017
Азиз ўқувчи 01.10.2015 сана халқаро интернет тармоғида эълон қилинган қуйидаги мақола кўпчиликка манзур бўлди, алҳамду лиллаҳ. Баъзи ўқувчиларимизнинг талабларига давоми...

11570 16:53 / 27.03.2017
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга умматларининг етмиш уч фирқага бўлиниб кетишлари билдирилган. Бу ҳақида у зот шундай хабар берганлар . давоми...

3940 21:17 / 21.04.2017