1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Камбағалликдан паноҳ сўраш

20:11 / 22.04.2017 5948 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Эй Аллоҳим, мен Сендан жаҳаннам фитнаси ва азоби, қабр фитнаси ва азоби, бойлик фитнаси, камбағаллик фитнаси ҳамда масиҳ дажжол фитнасидан паноҳ беришингни сўрайман!” (Имом Бухорий ривояти).

“Фитна” сўзи луғатда “синаш, имтиҳон қилиш; азоблаш; адашиш; васваса” каби маъноларни англатади.

“Жаҳаннам фитнаси” Аллоҳ ҳаром қилган ишларни содир этиб, дўзахда азобланишдир.

“Қабр фитнаси” қабрда бўладиган турли қийинчилик ва машаққатлардир.

“Бойлик фитнаси” бойликнинг инсонни ғурур, кибр, манманлик, Аллоҳга итоатсизлик каби разил ишларга ундашидир.

“Камбағаллик фитнаси” ўта қашшоқ бир ҳолатга тушиб, одамлар наздида хору зор бўлиш, ҳаммадан бирон нарса таъма қилиб, ўз ҳурматини оёқ ости қилиш ва қўли калталик сабабли турли хил ноқулай вазиятларга тушиб қолишдир.

“Масиҳ дажжол фитнаси” қиёмат қоим бўлишидан олдин, дажжол ер юзига чиққанида, бандаларни алдаб, эътиқодлари, имонларидан қайтариши, уларни жаҳаннам сари чорлаши ва бошқа алдовларидир.

Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимий суратда жаҳаннам азоби, қабр азоби, бойлик ва камбағаллик фитнаси, шунингдек, масиҳ дажжол фитнаси ва алдовларидан паноҳ сўраб дуо қилар эканлар.

49 – “Эй Аллоҳим, Сендан (берган) неъматинг завол топиши, офиятинг (нотинчликка) алмашиниши, тўсатдан келувчи азобинг ва барча ғазабингдан паноҳ беришингни сўрайман!” (Имом Муслим, Абу Довуд ва имом Табароний “Авсат”да Абдуллоҳ ибн Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ёмонликлардан қандай паноҳ сўраш кераклигини ўргатмоқдалар.

“Неъматинг завол топишидан...” Яъни, Ислом ва имон неъмати, менга берган бошқа кўплаб неъматларинг барҳам топиши ва улардан айрилишдан паноҳ сўрайман!

“Офиятинг алмашинишидан...” Яъни, соғлигим касаллик, тинчлигим нотинчлик, бойлигим камбағалликка алмашинишидан паноҳ сўрайман!

“Тўсатдан келувчи азобингдан...” Яъни, мен ожиз банданг гуноҳлар гирдобига тушиб қолиб, Сен томондан бирдан келувчи ғазабинг ва интиқомингга гирифтор бўлишдан паноҳ сўрайман!

“Ва барча азобингдан...” Яъни, Сенинг ғазабингни қўзғайдиган ишларни содир этиб, азобингга йўлиқишдан паноҳ сўрайман!

 50 – “Эй Аллоҳим, Ўзинг мени очликдан асрагин. Зеро, у ёмон ёстиқдошдир! Мени хиёнатдан асрагин. Зеро, у энг ёмон ботиний хислатдир” (Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган).

Ушбу ҳадисда банданинг танаси ва қалбига тегишли икки хил иллатдан паноҳ сўраш таълим берилмоқда.

“Эй Аллоҳим, Ўзинг мени очликдан асрагин. Зеро, у ёмон ёстиқдошдир!”

Эй Аллоҳим, ибодатлар ва Ўзингга итоат этишимга тўсқинлик қиладиган, касаллик ёки ўлимга сабаб бўлувчи очликдан сақлагин. Зеро, у энг ёмон ҳамроҳдир!

Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, бирон нарсани ният қилмаган ҳолда оч юриш банданинг савоб қозонишига кифоя қилмайди. Балки бундай очлик унинг танасини заифлаштиради, мия фаолиятининг ёмонлашуви, унда қабиҳ фикр ва хаёлларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлади.

“Мени хиёнатдан асрагин. Зеро, у энг ёмон ботиний хислатдир”.

Хиёнат омонатнинг аксидир. Омонатга хиёнат қилиш мунофиқлик аломатларидан биридир. Демак, хиёнат, алдов, ёлғон инсон қалбига яширинган энг ёмон иллат бўлиб, бу нарса уни жаҳаннам сари судрайди. Ҳар бир банда қалбини ақл ойнасида текшириб, хиёнатдан заррача асорат кўрса, уни бартараф қилиш, қалбида яширинган хиёнат иллатини хулқни зийнатловчи омонат сифатига алмаштиришга ҳаракат қилиши лозим.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, банда туғён ва кибрга олиб бормайдиган бойлик, фаровон ҳаёт сўраши билан бирга, ибодатига халақит берадиган, имоний ва сиҳҳий аҳволига салбий таъсир кўрсатадиган, ўзини эса хорлик ва таъмагирликка олиб борадиган камбағалликдан, ўта қашшоқликдан ҳам паноҳ сўраши керак.


Зиёуддин Раҳим



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Агар у мушриклар юртида бўлса, фарзлардан ва бошқа шариат аҳкомларидан бирор нарса билмаса, Қуръонга ҳам, шариат аҳкомларидан бирортасига ҳам иқрор бўлмаса, фақат давоми...

4973 17:46 / 17.03.2017
Ҳаракатда баракат... Ҳар бир нарсага эришишда озмикўпми меҳнат талаб қилинади. Инсон Худога таваккул ва дуо қилиб, ризқ талабида ҳаракат қилса, албатта, ноумид давоми...

3410 21:39 / 21.04.2017
Қандайдир бир ҳодиса бўлдида Аллоҳдан қўрқиш ҳақида жумла ишлатилди. Шу сабабли ушбу ибора аслида нимани англатиши ҳақида ўзимга ўзим саволлар билан мурожаат давоми...

3366 14:32 / 27.03.2017
Аллоҳ таоло Фотиҳа сурасининг 5оятида мўмин бандаларига5. Биз фақат Сенгагина ибодат қиламизва Сендангина ёрдам сўраймизndash деб дуо қилишни ўргатган.Аввалги давоми...

4829 13:54 / 24.03.2017
Аудиолар

210861 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130126 14:35 / 11.08.2021