1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Намозда Қуръон тиловат қилиш фазилати

19:49 / 22.04.2017 5485 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан ҳар бирингиз оиласи олдига қайтганида, у ерда ўркачлари катта учта ҳомиладор туяни кўришни хоҳлайдими?” деб сўрадилар. Бизлар: “Ҳа”, дедик. Шунда у зот: “Сизлардан биронтангиз намозда уч оят ўқиши ўркачлари катта учта ҳомиладор туядан кўра яхшироқдир”, дедилар” (Муслим, Доримий, Ибн Можа, Аҳмад ва Байҳақий ривояти).

Қуръон тиловат улуғ ибодат эканини юқорида келтирилган ривоятлардан билиб олдик. Бу ерда намозда Қуръон ўқиш ҳақида сўз кетмоқда. Аслида Қуръон тиловатисиз намоз намоз бўлмайди. Банда намозда камида учта қисқа ёки битта узун оят ўқиши талаб қилинади. Хоҳлаганлар кўпроқ оятлар ўқиб, кўп ажр-савобларга эришишлари мумкин. Ушбу ривоятда айтилишича, намозда ўқилган ҳар бир оят учун битта катта ҳомиладор туя садақа қилганлик савоби ёзилади. Ўркачлари катта ва ҳомиладор туя ўша даврда жуда катта қийматга эга бўлган. Таққослайдиган бўлсак, ҳозирги замонавий машина даражасида қадр-қийматга эга бўлган. Демак, ким намозда уч оят ўқиса, учта, ўн оят ўқиса, ўнта, юз оят ўқиса, юзта туя садақа қилганлик савобини қозонади. 

Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Намозда Қуръон ўқиш намоздан ташқаридаги қироатдан афзалдир. Намоздан ташқаридаги қироат такбир ва тасбеҳдан афзалдир. Тасбеҳ садақадан, садақа эса рўзадан афзал. Рўза жаҳаннамдан (тўсувчи) қалқондир” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ва Дорақутний “Афрод”да ривоят қилган).

Ушбу ривоятда бир неча амаллар зикр қилиниб, уларнинг бир-биридан афзалликлари баён қилинмоқда. Ўша амалларнинг энг яхшиси сифатида намозда Қуръон ўқиш зикр қилинмоқда. Шу ерда муҳим масалани эслатиб ўтишимиз керак. Банда намозда қанча кўп Қуръон ўқиса, ўзи учун шунча яхши. Фақат бу ёлғиз ўзи ўқиганда бўлади. Масалан, уйда нафл намозларни ўқиётганда хоҳлаганча узун сураларни тиловат қилиши мумкин. Аммо жамоатга имомлик қилаётганлар ҳадисда бундай дейилган экан, деб қироатни жуда узун қилиб юборишлари мумкин эмас. Имом сафдаги заиф ва узрлиларни ҳисобга олиши керак. Баъзилар жамоатга имомлик қилганларида намозни ҳаддан зиёд чўзиб юборадилар. Ёлғиз ўқиганларида эса чумчуқ дон чўқиганидек ибодатни тез ва пала-партиш бажарадилар. Бу риёдан бошқа нарса эмас. Шу сабаб ибодатни холис ният билан қилиш, қавмга имомлик қилганда улар ичидаги заиф, узрлилар ҳолини эътиборга олиш керак бўлади.

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Ким тунда юз оят билан намоз ўқиса, ғофиллардан, деб ёзилмайди. Ким тунда икки юз оят билан намоз ўқиса, у дуо-илтижо қилувчи ихлослилардан, деб ёзилади” (Ҳоким, Ибн Хузайма ва Байҳақий ривояти. Ҳоким ҳадис санади саҳиҳ, деган[1]).

Бу ҳам намозда Қуръон ўқиш қанчалик фазилатли эканини кўрсатади. Бу иш, албатта ҳар кимнинг имкони даражасида бўлади. Буни ҳар куни юз ёки икки юз оят билан намоз ўқиш шарт экан, деб тушунмаслик керак. Бу ишларни қилиш яхши, қилмаса, зарари йўқ. Аммо иложи борича кўпроқ Қуръон ўқишга, ўқиганда ҳам уни намозда тиловат қилишга одатлансак, мақсадга мувофиқ бўлади.

Абу Умома розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ банданинг икки ракъат намозидаги (қироати)га қулоқ тутганидек бошқа афзал нарсани эшитмайди. Токи банда намозда экан яхшилик унинг бошидан ёғилиб туради. Бандалар Аллоҳга ундан (яъни, Қуръондан[2]) чиққан нарсачалик бошқа нарса билан яқинлаша олмайдилар” (Термизий, Аҳмад, Табароний “Кабийр”да ривояти. Ривоят санади заиф[3]).

Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳар бир сўзини эшитади. Аммо У Зот эшитадиган сўзларнинг энг афзали банданинг икки ракъат намоздаги тиловатидир. Банда таҳорат қилиб, хушуъ билан намоз ўқиб, унда Қуръон тиловат қилса, мана шу нарсани Аллоҳ эшитишни яхши кўради.

Банда намоздалик чоғида унинг бошига Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратлари ёғилади. Қайси банда боши узра илоҳий раҳмат ёғилишини хоҳласа, кўпроқ намоз ўқисин.

Бандалар Аллоҳ ҳузурига Қуръондан кўра яхшироқ нарса билан яқинлаша олмайдилар. Ким Аллоҳга яқин бўлишни хоҳласа, кўпроқ Қуръон ўқисин. Ким дуоси қабул бўлишини истаса, кўпроқ вақтини Қуръон тиловати билан ўтказсин. 

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло айтади: “Намозни[4] Ўзим ва бандам ўртасида иккига тақсимладим. Бандам учун сўраган нарсаси (берилади). Агар банда: “Алҳамду лиллааҳи роббил-ъаламийн”, деса, Аллоҳ таоло: “Бандам менга ҳамд айтди”, дейди. Агар (банда): “Ар-роҳмаанир-роҳийм”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бандам мени мақтади”, дейди. Агар (банда): “Маалики йавмид-дийн”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бандам мени улуғлади”, дейди. (Ровий айтади:) “Бир марта, бандам Менга (ишини) топширди, дейди”, деб айтган эдилар. Агар (банда): “Иййаака наъбуду ва иййаака наста-ъийн”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бу Мен ва бандам ўртасидаги нарса. Бандамга сўраган нарсаси (ато қилинади)”, дейди. Агар (банда): “Иҳдинассиротол-мустақийм, сиротоллазийна анъамта ъалайҳим, ғойрил-мағзувби ъалайҳим ва лаз-зооллийн”, деса, (Аллоҳ таоло): “Бу бандам учундир. Бандамга сўраган нарсаси (берилади)”, деб айтади”, деганларини эшитганман” (Муслим, Сунан соҳиблари, Молик ва Аҳмад ривояти).

Ушбу ривоятда намознинг ҳар бир ракъатида ўқиладиган Фотиҳа сураси иккига тақсимлангани айтилмоқда. Олимлар таъкидлашича, бу ердаги тақсимлаш маъно жиҳатидандир[5]. Сабаби суранинг ярми Аллоҳга ҳамд айтиш, У Зотни улуғлигини эътироф этиш, У Зотга таваккул қилишга ваъда беришдан иборат бўлса, қолган ярми дуо, илтижо, тазарруъдан иборатдир.

Аллоҳ таоло махлуқотларининг ҳар бир ҳолатидан Хабардордир. Хусусан, У Зот бандаларининг намоздаги қироати, ҳамду саноси, дуою илтижоларини эшитади. Бу эса ҳар биримизни хушуъга, сергакликка чақириши лозим. Агар бу ҳадисни чуқур ҳис қиладиган бўлсак, намозларимизда хушуъни топа оламиз. Зеро, Фотиҳа сураси банда билан Аллоҳ таоло ўртасидаги мулоқот воситасидир. 

Абу Холид ал-Аҳмар ривоят қилади: “Мен Суфённинг: “Зикрнинг энг афзали намозда Қуръон тиловат қилиш, кейин намоздан ташқарида Қуръон тиловат қилиш, кейин рўза, кейин зикрдир”, деб айтганини эшитганман” (Абу Нуайм “Ҳилйатул-авлийа”да ривоят қилган).

Хоҳ намозда, хоҳ намоздан ташқарида бўлсин, Қуръон тиловат қилиш амаллар ичида энг афзалларидан бири эканини ушбу ривоят мисолида кўриб турибмиз. Аммо намоздаги қироат бошқа макон ёки вақтдаги қироатдан устун туради.


Шайхонтохур тумани бош имом-хатиби 

Одилхон қори Юнусхон ўғли


[1] Имом Албоний Ибн Хузайма келтирган ривоят санадида Саъд ибн Абдулҳамид борлиги учун ҳадис санади зиф эканини айтган.

[2] Бу ҳадис ровийларидан бири Ҳошим ибн Қосим Абу Назр Лайсийнинг изоҳидир.

[3] Ҳадис ровийларидан бири Бакр ибн Хунайс ҳақида Ибн Муборак бир нарсалар деган ва охири уни тарк қилган. Насоий ва бошқалар уни заиф, дейишган. Дорақутний уни матрук, деган. Ибн Ҳиббон: “У басралик ва куфаликлардан мавзуъ нарсаларни ривоят қилган. У буни атайлаб қилган”, деб айтган.

[4] Уламолар: “Ушбу ҳадисдаги “намоз”дан мурод Фотиҳа сурасидир. Чунки Фотиҳасиз ўқилган намоз тўғри бўлмайди”, деб айтишган.

[5] Агар Фотиҳа сурасининг тақсимланиши ҳарф ва лафз жиҳатидан бўлганда, иккинчи қисм биринчисидан зиёда бўларди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирги биз яшаб турган замон шундай замонки, унда ёмонликлар, фитна фасодлар кўпайиб кетди, шу каби унда балоофатлар зиёда бўлди. Ана шу холатларда биз давоми...

5597 17:25 / 27.03.2017
Ислом динидаги ибодатлар маълум бир амаллар билан чекланиб қолмасдан балки ижтимоий манфаати бор бўлган ҳар қандай ишни Ислом, модомики яхшилик қилгувчи киши давоми...

3303 13:51 / 24.03.2017
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу давлатнинг баъзи ҳудудларига муовинларидан бирини волий қилиб жўнатаётиб, унга Агар сенинг ҳузуринга ўғрини олиб келишса, нима давоми...

2390 15:12 / 27.03.2017
Биз биламизки, ҳар бир киши гуноҳдан холий эмас, гоҳида билиб, гоҳида билмаган ҳолда ўзининг инсонлиги ва заифлигига бориб, каттакичик гуноҳларга йўл қўяди. Лекин, давоми...

3324 16:47 / 27.03.2017