1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ислом гиёҳвандликка қарши

19:51 / 22.04.2017 5213 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кунда инсонни ақлини оладиган, унинг хотирасини заифлаштирадиган, турли касалликлар: асаб касаллиги, ошқозон, ўпка касаллиги, нафас йўлини сиқувчи, фикр ва зеҳн ўткирлигини сустлаштирувчи, аъзоларда қаттиқ оғриқ пайдо қилувчи, таомга иштаҳани сустлаштирувчи, инсонни оздириб юборувчи, жинсий заифликка сабаб бўлувчи, қон томир ва тана аъзоларини уюшиб қолиши, рак касали, иродасизлик, дангасаликни келириб чиқарувчи ва яна бошқа санаб бўлмас турли касалликларга сабаб бўлувчи, шариатимизда гуноҳи кабиралардан саналган иллат, аср вабоси – гиёҳвандалик ва маст қилувчи нарсалар ҳақида кўп суҳбатлар қиляпмиз.

Ҳа, бугун гиёҳвандалик ва маст қилувчи нарсаларнинг зарарлари ҳаммамизга ойдек равшан.
Динимиз ҳалол билан ҳаром ўртасини ажратишни фарз қилган.


عن عبد الله: أن النبي صلى الله عليه وسلم، قال: « طلب الحلال فريضة بعد الفريضة »


Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а.дан: Пайғамбар с.а.в.: "ҳалолни талаб қилиш фарздан кейинги фарз", дедилар. Яъни, илм олишдан кейинги фарз ҳалолдан талаб қилишдир. Бошқа бир ҳадисда шундай дейилган:


طلب الحلال فريضة على كل مؤمن


Ҳалолни талаб қилиш ҳар бир мўмин учун фарздир.
Қуръони каримда эса:


يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُوا مِمَّا فِي الْأَرْضِ حَلَالًا طَيِّبًا


Яъни, "Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар". Бақара-168 дейилган.


تليت هذه الآية عند رسول الله صلى الله عليه و سلم (يا أيها الناس كلوا مما في الأرض حلالا طيبا) فقام سعد بن أبي وقاص فقال يارسول الله ادع الله أن يجعلني مستجاب الدعوة فقال له النبي صلى الله عليه و سلم يا سعد أطب مطعمك تكن مستجاب الدعوة والذي نفس محمد بيده إن العبد ليقذف اللقمة الحرام في جوفه ما يتقبل منه عمل أربعين يوما وأيما عبد نبت لحمه من السحت والربا فالنار أولى به


Яъни,ушбу оят: "Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар" Расулуллоҳ с.а.в. ҳузурларида тиловат қилинганда, Саъд ибн Абу Ваққос р.а. ўринларидан туриб: "Ё Расулаллоҳ, Аллоҳга мени дуоси ижобат бўлувчи (бандалардан) қилишини дуо қилинг", деди. Пайғамбар с.а.в. унга: Эй Саъд, луқмангни покла, дуоси ижобат бўлувчилардан бўласан, менинг жоним унинг қўлида бўлган зотга қасамки, албатта банда қорнига ҳаром луқма ташласа, унинг қирқ кунлик амали қабул қилинмайди ва қайси банданинг гўшти (яъни танаси) ҳаром ва рибодан ўсса, унга дўзах ҳақлидир, дедилар.
Ибодатимиз ва дуоларимизнинг қабул бўлиши истеъмол қилаётган таомимизга боғлиқдир. Ҳаром истеъмол қилувчи ароқхўр ва гиёҳвандларнинг қирқ кунлик ибодат ва дуолари қабул бўлмай турар экан. Бу нақадар катта мусибат. Аслида мўминнинг бир кунлик, бир лаҳзалик ибодатининг қабул бўлмаслигининг ўзи катта мусибатдир.
Чунки Аллоҳ таоло пок нарса истеъмол қилишни амал қилишга буюришдан олдин келтирган:


كُلُواْ مِنَ الطيبات واعملوا صَالِحاً المؤمنون:51


Яъни, "Пок нарсалардан енглар ва солиҳ амаллар қилинглар"
Ушбу оятда солиҳ амал қилишдан олдин ейдиган луқмамизнинг пок бўлишига буюриляпмиз.
Ер юзида ейиладиган нарсаларнинг бир нави наботат яъни, ўсимлик ҳисобланади. Булардан инсоннинг соғлиги ва ақлига зарар берадигани ҳалол саналмайди.
Наркота, наша, хамр ва гиёҳвандликка ўхшаш ақлни кетказадиганлар ва захар каби ҳаётни кетказадиганлар динимизда ҳаром саналади.
Қуръони каримда бу ҳақида шундай дейилган;


وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ ... (سورة البقرة/195)


Яъни: "...Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..".
Бошқа бир оятда эса:


...وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا (سورة النساء/29)


Яъни: "...ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир".
Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга ато этган жон, жисм ва ақл неъматларининг заволига сабаб бўляпти.
Шунга қарамай бу нарсалар кўпайса кўпайяпти, лекин камаймаяпти. Эркагу аёл, ёшу қари, студенту мактаб болалари орасида ҳам топиляпти.
Бунинг сабаби Аллоҳ ва Унинг Расулининг амрига юрмаслик, қиёмат ва охиратда сўроқ-савол қилинишдан қўрқмасликдандир.
Шунинг учун бу "аср вабоси" муаммосини барча давлатлар бирлашиб ҳам ҳал қилишга эриша олмаяпти....
Бу нарса жамиятга ниҳоятда катта зарар келтиряпти. Жумладан:
Иқтисодий зарарлар. Ҳисобсиз молу-мулки ва ақлу заковатини кайфу сафога сарфлаяпти. Бу исроф ҳисобланади. Оилани хароб қилади. Фақирликни келтириб чиқаради. Улар жамиятга манфаат келтириш ўрнига ишламасдан зарар келтиради. Ривожланишдан ортда қолади. Турли сон-саноқсиз...... касалликларга дучор бўлади. Ўзларидан ногирон зурриётларни дунёга келтириб, жамиятга ташвиш ва оғир юк бўлади. Ёшлайин ногирон бўлиб қолади ёки ҳаётдан кўз юмади. Энг даҳшатлиси бу азоблардан шу дунёнинг ўзида қутилмай, балки Аллоҳнинг ҳузурига кабира гуноҳ билан рўбарў бўлади.
Мазкур зарарларни ҳисобга олиб шариатимиз бу "оқ захар" деб номланган нарсани ижмоъ билан ҳаром деган ва гуноҳи кабиралардан санаган.
Бу билан тижорат қиладиганлар инсоннинг жони билан тижорат қилувчилар ҳисобланади.
Демак улар қилаётган тижорат бошқа инсонларнинг ўлимига сабаб бўлиб, гўёки ана шу сабабдан ҳаётдан кўз юмганларга нисбатан улар қотил ҳисобланади.
Биз одам савдоси ҳақида жуда кўп гапирамиз. Одам савдоси билан шуғулланувчилар одамларнинг жасадини тирклайин сотишса, гиёҳванд моддалар билан тижорат қилувчилар одамларнинг жонини сотишяпти, бу иккиси ҳам ўта катта гуноҳ саналади.
Гиёҳванд моддалар билан шуғулланувчилар ўзларининг бу қилмишларига қарши чиқувчиларни йўқ қилишга молларини сарфлаб бўлсалар ҳам тайёрдилар.
Шунинг учун шариатимиз уларнинг ушбу қилмишлари яъни, ер юзида фасод қилаётганликлари сабабли уларни қуйидаги оятнинг таҳтига дохил қилади:


إِنَّمَا جَزَاءُ الَّذِينَ يُحَارِبُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَيَسْعَوْنَ فِي الْأَرْضِ فَسَادًا أَنْ يُقَتَّلُوا أَوْ يُصَلَّبُوا أَوْ تُقَطَّعَ أَيْدِيهِمْ وَأَرْجُلُهُمْ مِنْ خِلَافٍ أَوْ يُنْفَوْا مِنَ الْأَرْضِ ذَلِكَ لَهُمْ خِزْيٌ فِي الدُّنْيَا وَلَهُمْ فِي الْآخِرَةِ عَذَابٌ عَظِيمٌ


Яъни, "Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига қарши уруш қилувчилар, ер юзида фасод қилувчиларнинг жазоси, албатта, ўлдирилмоқлари ёки осилмоқлари ёхуд қўл-оёқлари қарама-қарши томондан кесилмоғи ёки ер юзида сургун қилинмоқларидир. Бу (нарса) уларга бу дунёда ор бўлур. Охиратда эса, уларга улкан азоб бор". Моида-33
Демак улар бу хорликдан дунёда ҳам, охиратда ҳам қутила олмас эканлар.
Демак бу билан касб қилишлик ҳаром, унинг таъсирида қилинган ибодатлар мақбул бўлмас, унинг фойдасидан савоб умид қилиб садақа қилиб бўлмайди ва унинг топган пуллари хайрли ишларга сарфлашга ярамайди.
Улар ўзларича гўёки садақа қилиб турса топган моллари пок бўлади, деб ўзларини алдашади.


قال سفيان الثوري رضي الله عنه: من أنفق من الحرام في طاعة كان كمن طهر الثوب النجس بالبول، والثوب النجس لا يطهره إلا الماء، والذنب لا يكفره إلا الحلال


Яъни, Суфён Саврий р.а. айтадилар: Ким Аллоҳнинг тоатига ҳаром нарсани инфоқ қилса, гўёки нажас теккан кийимни бавл билан поклабди. Нажосат теккан кийим сув билан поклангани каби гуноҳлар ҳам ҳалол нарса билан покланади.
Аллоҳ таоло бундай ақлни олувчи иллатларни шайтоннинг амалидан деб мўмин бандаларини ундан қайтарган:


يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ (90) إِنَّمَا يُرِيدُ الشَّيْطَانُ أَنْ يُوقِعَ بَيْنَكُمُ الْعَدَاوَةَ وَالْبَغْضَاءَ فِي الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَيَصُدَّكُمْ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَعَنِ الصَّلَاةِ فَهَلْ أَنْتُمْ مُنْتَهُونَ (91


Яъни, "Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз. Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!" Моида 90-91
Мазкур оятда хамр (ароқ) бут билан ёнма-ён келди. Бут шариатда ширк ҳисобланади. Ҳадис шарифда шундай дейилган:


عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عنْهُما قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ - صلى الله عليه وسلم -: «مُدْمِنُ الْخَمْرِ إنْ مَاتَ لَقِيَ اللَّهَ كَعَابِدِ وَثَنٍ». رَوَاهُ أَحْمَدُ .


Яъни, Ибн Аббос р.а.дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: "Хамр (ароқ)га берилган агар ўлса, Аллоҳга бутга сиғинувчи каби йўлиқади".
Оятда хамрни "рижс" яъни, ифлослик, қабоҳат деб келтирди.
Бу билан кифояланмасдан, шайтоннинг ишидир дейилди. Шайтоннинг иши фаҳш ва мункар иш эканини яхши биламиз.


وَمَن يَتَّبِعْ خُطُوَاتِ الشيطان فَإِنَّهُ يَأْمُرُ بالفحشآء والمنكر النور: 21


Яъни, "Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, у фоҳиша ва мункарга буюради"
Давомида эса, Бас, ундан четда бўлинг, бошқа тарафда туринг дейилди. Яъни, ҳаром бўлди, деб қўя қолмади.
Сўнгра, булардан сақланиш нажот эканлигини айтиб, "Шоядки, нажот топсангиз", деди.
Баъзилар дорилик учун ичамиз деб ўзларини алдаб, хотиржам бўлишади.


عَنْ وَائِلِ بْنِ حُجْرٍ: أَنَّ طَارِقَ بْنَ سُوَيْد الْجُعْفِيُّ سَأَلَ النَّبِيَّ عَنْ الْخَمْر، فَنَهَاهُ عَنْهَا، فَقَالَ: إنَّمَا أَصْنَعُهَا لِلدَّوَاءِ، قَالَ: «إنَّهُ لَيْسَ بِدَوَاءٍ وَلَكِنَّهُ دَاءٌ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَمُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُد وَالتِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ


Воил ибн Ҳужр р.а.дан ривоят қилинади: Ториқ ибн Сувайд ал-Жуъфий Набий с.а.в.дан хамр ҳақида сўради. (Пайғамбар с.а.в.) уни ундан (яъни, хамрдан) қайтарди. Шунда у: "Мен уни даво учун қиламан", деди. (Пайғамбар с.а.в.): "У даво эмас, лекин у дарддир, дедилар".
Баъзи ҳолатларда дўхтирлар "бу соғлигинга зарардир" деса, қайтилади-ю, шариат қайтарган дейилса эътибор қилинмайди. Тиббиёт бу нарсаларнинг ҳамма зарарларини ҳали тўлиқ билмайди. Шариат буюрдими, қилайлик. Шариат қайтардими қайтайлик. Ҳикматини билмасак Аллоҳ таолога ҳавола қилиб қўяйлик.
Чунки бугун бунинг зарарлари исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат бўлиб турибди. Турли бедаво касалликларга чалиниш, ишсизлик, ногирон фарзандларнинг дунёга келиши, оилаларнинг бузилиши, фарзандларнинг сарсон-саргардон бўлиши, нафсга қул бўлиш, иродасизлик, ўлим, турли ўғрилик ва одам ўлдириш каби жиноятлар, автоҳалокатига учрашлар содир бўляпти. Ўзларининг бу нотўғри мақсадлари йўлида гиёҳвандлик моддасини юртига олиб кириб юртга хиёнат қиляпти. Юртнинг келажаги бўлган ёшларнинг онгини заҳарлаб, бошқа давлатларга қарам бўлишга ёрдам беришяпти.
Мақсадимиз ҳар томонлама комил, соғлом, олийжаноб, юксак тафаккур ва маънавиятли, ижтимоий фаол намунали жамият барпо этишдир.
Тарихдан маълумки, бир давлат бошқа давлатни ўзига қарам қилиш учун аввало ўша юртнинг ёшларини онгу-идроки ва ақли-заковатини сусайтириш пайига тушади. Буларнинг энг кучлиси гиёҳвандлик ва ароқхўрликдир.
Мусулмонлар кечиримли, ғазабни ютувчи бўлади деймиз. Лекин ҳар бир шахс ўзининг ҳаққида кечиримли бўлиши мумкин. Аммо динимизга, Ватанга, юртимизга, халқимизга, мусулмонларга, Аллоҳга ва Расулига қилинган бундай ноҳақлик ва хиёнатлар кечирилмайди, уларга ғазаб қилинади.
Бундай мункар ишлар содир бўлаётганидан хабардор бўлганлар бунинг олдини олишлари, керакли органларга зудлик билан хабар беришлари лозим.
Пайғамбаримиз с.а.в. шундай деганлар:


قَالَ أَبُو سَعِيدٍ الْخُدْرِيُّ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم، يَقُولُ: مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَإِنِ اسْتَطَاعَ أَنْ يُغَيِّرَهُ بِيَدِهِ فَلْيَفْعَلْ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ، فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ، وَذَلِكَ أَضْعَفُ الإِيمَانِ


Абу Саид ал Худрий р.а. айтадилар: "Мен Расулуллоҳ с.а.в.ни: "сизлардан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан ўзгантиришга қодир бўлса қилсин, агар қодир бўлмаса, тили билан (ўзгартирсин), агар қодир бўлмаса, қалби билан (шу ишни ёмон кўрсин) ва бу иймоннинг заифидир", деб айтаётганини эшитдим", деди.
Демак уммат, жамият учун зарар бўладиган бундай ишларни олдини олишда, унга қарши курашишда ҳамма, катта-ю, кичик, эркагу-аёл, ёшу-қари, амалдору-оддий ишчи, ўқитувчию-ўқувчи, хуллас ҳамма, айниқса биз мусулмонлар биринчи сафда бўлишимиз керак.


Сидиқметов Қудратуллоҳ 
Кўкалдош мадрасаси мударриси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис саломнинг машҳур quotИлм излашлик ҳар бир мусулмон эр ва аёлга фарздирquot деган ҳадислари кўпчиликка малум. Уламоларнинг давоми...

3395 15:20 / 22.04.2017
Аллоҳ таоло Ўзининг энг сўнги ва комил динини мукаммал ахлоқи ҳамида соҳиби бўлмиш сарвари олам Муҳаммад савга нозил қилиши ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, Муҳаммад давоми...

11452 15:06 / 24.03.2017
Албатта, суннатнинг ботиний тарафини тиклаш ҳам унинг шаклий, бошқача қилиб айтганда, шаръий тарафини тиклаш билан аҳамият жиҳатидан баробардир. Унинг шаръий давоми...

3523 11:40 / 04.05.2019
Парвардигори олам ўзининг илми азалийси билан ҳамма воқеа ва ҳодисаларни олдиндан билади. Лекин, Ўзининг ҳикмати билан бандаларини имтиҳон қилиш учун ғайбий давоми...

11089 14:04 / 24.03.2017