1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

"УНИВЕРСИТЕТГА КИРМАЙ ОЛИМ БЎЛИШ МУМКИНМИ?"

09:12 / 17.03.2017 3318 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом дини илмга ундайди. Бу ҳаммага маълум, ойдек равшан, исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир. "Дин илмга қарши" дейилган уйдирма гап эса асоссиздир. Беҳаё ва беиймонларнинг одамларни диндан бездириш учун ўйлаб топган бўҳтонидир.

Йигитликни инсон умрининг баҳори қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ҳадсиз ҳамд сано айтамиз. Йигитликни вояга етмаган кичик болалар ҳам, ёши бир жойга бориб қолган кекса чоллар ҳам орзу-ҳавас қиладиган , олтинга топилмас, бебаҳо давр қилиб яратган етук ҳикмат ва улуғ қудрат соҳиби бўлмиш яратгувчимиз – Холиқи барҳаққа шукроналар айтамиз.
Барча ҳамд, гўзал сано, чексиз шукр ва мақтовларимиз бизларга ақл-заковат, фаҳм-фаросат инъом этган, илм ва иймон йўлига йўллаган Аллоҳ таологадир
Башарият устози, Росулус сақалайн Муҳаммад саллалоҳу алайҳи вассаломга салот ва саломлар айтамиз. Энг афзал салотимиз, қалбимиз тўридан чиққан самимий саломимиз бизларни илмга ундаган ва битмас-туганмас илмий мерос қолдирган пайғамбаримиз Абул Қосим Муҳаммад ибн Абдуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассаломгадир.
Аллоҳим, олимлар қаламида охирги қатра сиёҳ қолгунга қадар, токи китобу дафтарларда қалам ўрмалар экан, "Иқро!" – "Ўқи!" илоҳий амрини тадбиқ қилиб зулумотга чўмган оламни нурафшон айлаган, арзимас муаммолар ечими учун шошилиб қилич дастагига қўл чўзган халқ қўлига қалам тутқазиб илм-маърифат тарқатган пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи вассаломга саломимиз йўлла, росулинг меросидан бенасиб қўйма, маҳшарда бизларни росулинг қўлидан Ҳавзи Кавсар суви билан сийла, фазлу караминг ила лутф этиб, бизларни ҳабибинг билан бирга Фирдавсда жамла. Илоҳо, нуқсонимиз ҳар қанча кўп бўлса ҳам, кенг раҳматингга умидимиз жуда ҳам катта, ноумид қўйма.

Имом Аҳмад муснадларида ва имом Термизий сунанларида келтирадилар: "Мадинаи мунавварадан Димашқ шаҳрига Абуд Дардони излаб бир киши келди. Абуд Дардодан бир ҳадис ҳақида сўради. Абуд Дардо (атиги бир ҳадис учун узоқ масофа босиб келган) кишига қарата:
– Бу диёрларга бирон бир юмуш билан, савдо-сотиқ учун келдингизми ёки фақат шу ҳадис учунми?- деб сўрадилар.
– Фақат ҳадис учун келдим,- деб жавоб берди йигит.
– Ундоқ бўлса қувонинг, хушнуд бўлинг. Мен Росулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассаломнинг шундоқ дея марҳамат қилаётганларини эшитганман: "Қайсики банда илм истаб йўлга чиқса, малоикалар унинг оёғи остига қанотларини ёзгайлар. У толиб илмни жаннат йўлига йўналтирилгай. Албатта, олимнинг ҳақига осмонлардаги ва ердаги жонзотлар истиғфор айтгайлар. Ҳатто денгиздаги балиқларгача унга истиғфор айтгай.
Олимнинг обиддан ортиқлиги тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан ортиқлигидек.
Олимлар пайғамбарларнинг меросхўридилар. Пайғамбарлар динору дирҳам эмас, балки илм мерос қолдирганлар. Бу меросдан олган киши жуда катта насибани қўлга киритибди".

Бошқа ривоятларда:"Ким илм истаб йўлга чиқса Аллоҳ уни жаннат йўлига йўллайди", бошқа бир лафзда "Аллоҳ унга жаннат йўлини енгил қилади", дейилган.
"Албатта олимнинг ҳақига осмонлардаги ва ердаги жонзотлар истиғфор айтгайлар".
Осмонлардаги жонзотларнинг сонини уларни йўқдан бор этганнинг Ўзи билади. Ердагиларнинг адади ҳам уларни вужудга келтириб, бирини юрадиган, бирини учадиган, яна бирини судралиб юрадиган қилиб яратган Зотнинг Ўзига маълум. Ҳадисларда келишича, бани башардан бири биродари ҳақига ғойибона дуо қилса, Аллоҳ изни билан дуоси ижобат бўлар экан. Агар у инсон учун бир одам фарзанди эмас, балки осмонлару ердагилар – Малоикалардан то ердаги чумолиларгача дуо қилсачи?
Росули Акрам r "осмон" демадилар, балки "осмонлар" деб кўплик сийғасида марҳамат қилдилар, тоинки истиғфор айтгувчилар етти осмон аҳлини ўз ичига олиши учун.
"Ҳатто денгиздаги балиқларгача унга истиғфор айтгай".

Шу сабаблар туфайли ҳам сиз азизларнинг эътиборингизга бир талай қизиқарли маълумотларни ҳавола этамиз. Шояд, илм талабида юрганлар бу гулшан сари янада илдамроқ талпинишса, қолганлар эса илм аталмиш гулшаннинг тенгсиз даргоҳ эканлигидан хабар топишса...

ИШОНЧЛИ ХАБАР

Олимларнинг айтишича, денгиздаги махлуқотлар ердагилардан кўра тури, нави ва сони жиҳатидан бир неча бор кўп бўлар экан. Ердагилар ва денгиздагиларнинг олим ҳақига дуо қилиб истиғфор айтишининг ҳикматларидан айримлари тонги отган асримизда яна ҳам яққоллашиб бораётир. Эъзозланиб боқилаётган чорва моллар ва парранда қушларга турли касалликлар етгани ҳеч кимга сир эмас. Чет элда "моллар жинни бўлибди", "қушлар грипп – тумов бўлибди, у касаллик одамларга ҳам юқуб инсоният ҳаётига хавф солмоқда", деган хабарлар кўпларнинг тинчини бузиб, ваҳимага солиб қўйди.( )
Ер юзида ҳаёт давом этиши учун сув билан ҳаво қанчалар зарур бўлса, ўша ҳаётнинг осуда, фаровон, саодатли давом этиши учун олимлар сув ва ҳаводек зарур экан. Осмонлару ердагиларнинг, ҳатто денгиздаги балиқларнинг олим ҳаққига истиғфор айтишининг сири ҳам шунда бўлса керак, Аллоҳу аълам.

Аллоҳ таоло нажот топганларнинг биринчи сифатини Қурони каримнинг дастлабки сураларида баён қилиб дейди: "Ғайбга иймон келтирадилар".

"Улар сизга нозил қилинган ва сиздан олдингиларга нозил қилинган нарсаларга иймон келтирадилар".

"Парвардигорлари тарафидан ҳидоят топганлар ана ўшалардир ва нажот топгувчилар ҳам уларнинг ўзидир".

Ақлли киши ишончли хабарни тасдиқлайди. Шимолий муз океанида оқ айиқлар яшар экан деган хабарни тасдиқлаш учун, шимолий муз океанига бориб, оқ айиқни ўз кўзи билан кўриб, қўли билан ушлаб келиши шарт эмас. Хабар ишончли одамдан келиши кифоя. Денгиз тубида кўзни қамаштирадиган дур-гавҳарлар, хилма-хил инжулар бор экан, деган хабарни тасдиқлаш учун, денгиз тубига шўнғиш шарт эмас. Дўконларда сотувда турган дурларга боқиб қўйишнинг ўзи етарли. Шунингдек, симда токнинг бор-йўқлигини билиш учун, симни ўзини ушлаш керак эмас, балки лампочкадан чиқаётган ёруғлик, электр печкадан чиқаётган иссиқлик, кондиционердан чиқаётган муздек ҳаво кабилар симдаги токнинг борлигига далолатдир. Қуруқликни соғинган денгизчилар ерга яқинлашиб қолгандаги қувончларини қадамларини ерга қўйганларидан кейин эмас, балки ундан анча илгарроқ, қуруқликнинг нишонаси бўлмиш оқчорлоқлар галасини кўришлари биланоқ бошлаб юборадилар. Ерни кўрмасалар ҳам, ернинг борлигига далолат қиладиган белгиларни кўрадилар. Демак, ишончли хабар ва осорлар, белгию нишоналар илм манбаларидан деб ҳисобланади.

Ким билурди одаму олам надур, ҳайвон нечук?
Бўлмаса эрди агар инсонда бу осори илм.

Аллоҳ ва Расулидан келган хабарни ҳеч тараддуд қилмай қабул қилиш ақли расо донолар ишидир. "Фан олимлари буни қачон тасдиқлар экан?" деб, йиллаб, балки асрлаб вақт талаб қиладиган тажрибаларни кутиб ўтирмайдилар.
Ҳа, осмоннинг етти қават эканлигига иймон келтирамиз. Ҳар бир осмон оралиғи 500 йиллик масофа эканлигини тасдиқлаймиз. Ҳар бир осмонда малоикалар борлигига ва улар ердаги олимларга истиғфор айтишига, толиби илм учун қанотини ёзиб ҳурмат қилишига иймон келтирамиз. Қуруқлик ва денгиздаги жонзотлар курраи заминда осуда ҳаёт кечувига сабаб бўлувчи илм аҳлига истиғфор айтишини инкор этмаймиз.
Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломга нозил бўлган дин ва у кишидан олдинги пайғамбарларга нозил бўлган дин таълимоти ана шундайдир. Самовий динларда, жумладан Ислом динида илм олға сурилади. Илм эгалари олқишланади.

ИЛМ ЙЎЛИ МАШАҚҚАТЛИ ЙЎЛ

Табиийки илм йўли атрофлари райҳон ва атиргуллар билан безатилган, қалин гиламлар тўшалган, соя-салқин, ҳузурбахш йўл эмас. Илм йўли ўзига яраша машаққатли, қийин йўл. Сабр-бардош талаб қиладиган оғир, заҳматли йўл. Толиб илм мактаб ва мадрасаларнинг шинам хоналарида, қулай ўриндиқларда ўтирса ҳам, унинг учун барча қулайликлар муҳайё қилинса ҳам, илм йўли барибир оғирлигича қолаверади.
"Улул азм" деб танилган бешта улуғ пайғамбарлардан бири, мушти билан харсанг- тошни синдирган Мусо алайҳис салом илм йўлида қийинчиликка йўлиққанларини тан олиб:"Ҳақиқатан бу сафаримизда жуда чарчадик" дедилар.
Мусо пайғамбар Хизр алайҳимассалом ёнларига илм талабида яёв кезиб келдилар. Хизр алайҳиссаломни топгач Мусо алайҳиссалом ўзларини узоқдан-узоқ таништирмадилар. "Мен Мусо ибн Имрон – калимуллоҳман. Аллоҳ менга Тур тоғида нидо қилиб сўзлаган. Бани Исроилга юборилган пайғамбарман. Аллоҳ менга Тавротни ўз қўли билан битди. Золим подшоҳ Фиръавннинг куни менинг қўлимда битди. Денгизга ҳассам билан урганимда Аллоҳ амри билан денгиз биз учун қуруқликка айланди. Машҳур сеҳргарлар менга берилган мўжиза ёнида лол қолиб, иймон келтиришди," деб ўзларини ким эканликларини билдириб қўймадилар. Самимийликдан йироқ бўлган бу каби танишув услубидан ўзларини четга олиб, пайғамбарона одоб, камоли камтарлик, ўта тавозулик билан, ўзларини шогирд, Хизрни эса устоз мақомида билиб, толиби илм одобида:
"Менга таълим беришингиз учун сизга эргашсам майлими?" дедилар.
Хизр алайҳиссалом қаршиларида турган улуғ инсоннинг ким эканлигини жуда яхши билар эдилар. Шундай бўлсада Мусо саволига устоз мақомида туриб:
"Аниқки, сен мен билан бирга сабр қилишга тоқатинг етмас", дедилар.
Мусо алайҳиссаломдан жавоб кутмай :
" Зотан ўзинг эгаллаб олмаган нарсага қандай сабр қилурсан ?!"дедилар
Мусо алайҳиссалом шогирдлик ахлоқ-одобига риоя қилиб:
"Инша Аллоҳ, менинг сабр-тоқатли эканлигимни кўрурсиз", деб аҳд бердилар. Ҳаял ўтмай шогирдликнинг илк қадамларидаёқ:
"Сен мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим?!" дейилган ҳайфсан келди. Бир оздан сўнг худди аввалгидек иккинчи ҳайфсан келди: " Мен сенга, мен билан бирга сабр қилишга ҳаргиз тоқатинг етмас, демаганмидим ?! "
Ҳали муродга етмай, ярим йўлдаёқ икки ҳайфсандан сўнг, устоз шогирдини ўқишдан четлаганини эълон қилди.
"Мана шу сен билан менинг ажрашимиздир. Энди мен сени сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг шарҳидан огоҳ қилурман".
Видолашув олдидан таҳсилдан четлаш сабабларига ишора қилиб:
"Мана шу сен сабр қилишга тоқатинг етмаган нарсаларнинг таъвилидир" дедилар.
"Каҳф" сурасида келтирилган ушбу кичик қиссада сабр калимасининг етти марта кетма-кет келиши билан илмга осонликча ва енгиллик билан етиб бўлмаслиги уқтирилмоқда.
Ўқувчида "Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Тавротни нозил қилган, шунга кўра шаръий илмларга пайғамбар муҳтож эмас. Хўш, нега унда Хизр алайҳиссалом ёнига илм талабида бордилар?" деган савол пайдо бўлиши мумкин. Шу саволга қисқа тўхтаб, ойдинлик киритиб ўтсак, токи ўқувчи зеҳни бу савол билан банд бўлиб, асосий мақсаддан четлаб қолмасин. Аввало, Аллоҳ таъолонинг буйруғини бажардилар. Иккинчидан, замондош, муҳожир олимларимиздан Маҳмуд Тарозий (Олтинхон тўра) тафсирларида дейдилар : "Мусо алайҳиссаломга шариат асрорлари берилиб, Хизр алайҳиссаломга коинот асрорлари берилган эди". Маҳмуд Тарозий бу сўзни олган манбаъларини била олмадим. Лекин қиссадаги ҳодисалар кечими Маҳмуд Тарозий сўзларини тасдиқлайди. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Мусо ва Хизр қиссасини давом этишини орзу қилиб "Мусо сабр қилганларида, яна қандай ҳодисалар ва яна қандай ҳикматлар содир бўлишини билардик" деган эканлар. Ана шуларга кўра, Мусо алайҳиссалом Хизр алайҳиссалом илмига муҳтож бўлгандир, деб хулоса қиламиз, валлоҳу аълам. Муфассир сўзларидан мурод сўфиларнинг "пайғамбарга шариат берилган, авлиёга ҳақиқат берилган" деган эътиқоди кўзда тутилган бўлса, биз бу масалада ҳурматли олимимиз фикрларига қўшилолмаймиз.
Хизр алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга бир чумчуқни кўрсатиб: "Эй Мусо сендаги илм ва мендаги илм ва барча оламдаги илм қўшилганда ҳам Аллоҳ таолонинг илми ёнида, денгиздан олинган чумчуқ тумшуғидаги қатрача бўлур" дедилар.
Пайғамбарлик ва бани Исроилни бошқаришдек муҳим вазифаларини ташлаб, Хизр ёнига илм талабида яёв кезиб келган Мусо алайҳиссаломга айтилган ушбу пурҳикмат сўз барча толиб илмлар, олимлар, шоир, ёзувчилар ва ҳар бир илм-фан соҳасига қадам қўйган зиёлиларга асқатгудек буюк бир қоидадир. Токи заиф банда ўзига берилган озгина илм билан мағрурланиб кетмасин, Яратгувчисига тик боқмасин, унга исён қилмасин.
Ўрис ботаник олимларидан Мичурин мева дарахтларни чатиштириб янги нав ҳосил қилади. Узоқ изланишдан сўнг яхши натижа олган олим ўз илмидан мағрурланиб кетиб "биз яратгувчимиз" деб жар солган экан. Ҳаял ўтмай банда пешонасига битилган ўлим Мичуринни ўз домига тортади. Тупроққа қоришган "яратгувчи" ўзига қайта жон яратишга ожиз бўлиб, қурт-қумурсқаларга ем бўлиб кетди. Кошки эди иш қумурсқаларга ем бўлиш билан якун топса....
Мўйқалам соҳибларидан бири инсон ақлини лол қолдирадиган даражада жуда катта асар яратади. Худди нафас олаётгандек қилиб бир инсон суратини чизади. Ҳақиқатдан сурат тирик инсонга жуда-жуда ўхшар эди. Бундан мағрурланиб кетган рассом суратга бақириб "Гапир, гапир, гапирсангчи" деб бақириб юборган экан. Бу мағрур рассом билмайдики, у фақатгина ташқи шаклни кўриб, ўша ўзи кўрганнигина қаламга олган холос. Ундаги бор маҳорат ранг танглаб, рангни ўз ўрнида ишлата олишида эди. Аммо тери тўқималари, суяк тўқималари, томирдаги қон моддалари, бири тўкилиб, яна бири чиқаётган туклар, бири ўлиб, яна бири янгитдан пайдо бўлаётган инсонга зарур моддалар, инсон ичидаги тинимсиз ҳаракат, кўриш, эшитиш, гапириш, ҳис қилиш қобилиятидаги сир-асрорлар у бечорага кўринмасди. Инсонни ҳайкалдан ажратиб, тирик жонзот қилиб турган руҳ ҳақида у ҳеч қандай маълумотга эга эмасди.
Ҳорун ар-Рашид ёнига бир файласуф келиб Қуръонда икки маротаба такрорланган қиссаларни бир жойда жамлаб, кераксизини чиқариб ташлашни таклиф этади. Бу ишни унинг ўзидан бошқа ҳеч бир кимса уддалай олмаслигини ҳам уқтириб қўяди. Ҳорун ар-Рашид унинг сўзларини тинглаб бўлгач, табибни чорлатади. Табибнинг бу мавзуга не алоқаси бор? деб кўпчилик ҳайрон бўлади. Табиб калимасининг эшитган олим ҳам муфассирни, фақиҳни, ёки бирон бир олимни чақирмай, табибни ҳам чақирадими? деб энсаси қотади. Табиб келгач: "Жаноби табиб қаршингиздаги "олим" қоидаларига биноан ҳар икки нарсанинг бири ортиқча экан. Шунга кўра улуғ Яратувчимизнинг китоби Қуръондаги икки марта такрорланган қиссаларни бир қилиш таклифини кўтариб чиқдилар. Биз олимимиз қоидаларини аввало ўзларида тажрибадан ўтказсак. Олимдаги икки бир хил аъзони кесиб ташласангиз. Одамга икки қўл, икки оёқ, икки кўз, йигирмата бармоқнинг не кераги бор?!" дейди. Файласуф ўз таклифидан хижолат чекиб ерга қарайди. Сарой аҳли подшоҳ тутумига тасанно айтадилар.
Каҳф сурасида Мусо ва Хизр алайҳимассалом қиссалари ортидан Искандар Зулқарнайн қиссаси келтирилади. Мислсиз, мустаҳкам девор, ҳали-ҳануз ўхшаши топилмаётган, тенгсиз, баланд истеҳком қурилиши қисса қилинади. Ажабланарли жойи шундаки, ҳақиқатда жуда оғир, машаққатли амални бажариш жараёни ҳикоясида бирон маротаба "сабр" калимаси зикр қилинмайди.
Илм йўлининг оғирлиги илм ўқиётганларга ҳам, бошқа соҳадагиларга ҳам аён. Олимлар ҳаётини ўқисангиз, уларнинг илм таҳсилида йўлиққан қийинчиликларига гувоҳ бўласиз. Абдул Фаттаҳ Абу Ғудда صفحات من صبر العلماء номли китобида ана шу машаққатларга батафсил тўхтаб, мисоллар келтиради. Қизиққанлар шу китобга мурожат қилишингиз мумкин. Биз эса у китобда ёзилмаган ҳозирги замон толиблари дучор бўлаётган илм таҳсилидаги бир машаққат ҳақида тўхтаймиз. Ўқиш ниятида узоқ масофа босиб келиб, ўқишга қабул бўлмаган толиблар муаммосига диққатингизни жалб қиламиз.

НАЗАРДАН ЧЕТДА ҚОЛГАН МУАММО

Дунёга довруғи кетган, машҳур олий ўқув юртининг қабулхонасига ҳар йили саноқсиз ҳужжатлар оқиб келади. Ер юзининг турли минтақаларидан йиғилиб келаётган ҳужжатлар бир хонага сиғиши мумкин, аммо ҳужжат эгаларининг ҳаммаси ҳам ўқиш даргоҳига сиғиб кетиши амри маҳол . Шунинг учун қабул қўмитаси тузилади. Қабул қўмитаси саралаш ишларини бошлаганда саноқли ҳужжатларгина қабулга мушарраф бўлади. Қабул бўлмай қолган умри калта ҳужжатлар макулатура хазинасини бойтишга топширилади.
Жонсиз ҳужжатлар ортида юрак ҳовучлаб турган жонли инсонлар эса қабул натижасига кўз тиккан. Натижалар кимнидир қувонтирадиган, кимнидир қайғу, ғам-ғуссага кўмадиган. Қабул бўлган йигитлар "ғалаба" нашъу намосидан дўпписини осмонга отиб қувонса, қабул бўлмаган йигитлар жиноят содир қилган кишидек бошини хам қилиб қайғуга чўмади.
Ҳар йили такрорланадиган бу манзарани кузатиб турган хайрихоҳ инсонлар қалбини "ғалаба гаштини эрта сураётган йигит ўз зиммасига юкланаётган масъулият оғирлигини англаб етармикин? Сабр-бардош билан ўқишни ниҳоясига етказармикин? Ўқишни тамомлагач инсониятга фойдаси тегадиган киши бўлиб етишармикин? Ўткинчи қайғуга таслим бўлиб, юраги сиқилаётган мана бу йигит ўз муаммосини оқилона ҳал қилармикин? Ёки ўқишдан кўнгли совиб, илм билан бутунлай видолашиб кетармикин?" деган хавфлар тирнайди.
Бир неча йиллардан бери ўқишга кириш орзусида юрган йигитнинг орзуси ушалар пайти етганда ўқишга қабул бўлмаслиги, умиди пучга чиқиб уйга қайтиши жуда оғир ҳолат. Айниқса бир жойда ўсиб улғайган икки дўст бир кунда ота-онаси, дўст-ёрлари билан хайрлашиб ўқиш сафарига чиқиб кетса-ю, бири ўқишга қабул бўлиб, иккинчиси қабул бўлмай уйга шумшайиб кириб келишидек оғир ҳол бўлмаса керак. Бошига мусибат тушган киши қанчалар тассалига муҳтож бўлса, орзуси ушалмаган бу йигит ҳам шу қадар тасаллига муҳтож.
Ўпкаси тўлиб турган йигит чора излайди. Кимдир "сўнги чора" деб "қўлидан иш келадиган, ҳамма жойга гапи ўтадиган киши"ни қидиради. Шундай одам топилса ўқишни давом эттиради, топилмаса ўқишни йиғиштириб қўя қолади. Кимдир ягона Холиққа юзланади. Илмини зиёда қилишини сўрайди. Яхшилик қаерда бўлса, уни ўша ерда қилишини сўрайди. Тушкунликка тушмайди, боягидек ўқишини давом эттираверади. Кимдир осмон узулиб бошига тушганидек қайғу ва ғамга ботади. Нима қиларини билмайди. "Наҳот ўқишга киролмасам-а, наҳот диплом ололмасам-а?" деб руҳан эзилади.
Ушбу рисолага қўл уришимиздан мақсад ҳам ана шундай йигитларга тасалли бериш ва ўзини муаммо гирдобида ҳис қилаётган ғамгин йигитга муаммони тўғри ҳал қилишида бир оз кўмаклашишдир.
Дарвоқе, поёнига етган аср пайдо қилган ўлат – фақат диплом учун ўқиш ниятида бўлганларга рисоламизнинг фойда бериши қийин. Шунингдек обру топиш, одамлар диққатини ўзига жалб қилиш, "хорижда ўқиб келган" деган номга эришиш учун ўқиётганларга ҳам ўгитларнинг кор қилиши қийин. Очиғини айтганда шу икки томондан "эътироз зарбаси келиб қолармикин" деган хавотиримиз ҳам бор эди, лекин катта манфаатлар далдасида ўз фикрларимизни оқ қоғозга туширишга журъат қилдик. Дил сўзларимизни ҳиммати олий, нияти холис бўлган толиби илмларга қаратамиз.

ЙИГИТЛИК ДАВРИНИ ҒАНИМАТ БИЛГАНЛАРГА ХИТОБ!

Илм пайғамбарлар мероси. Бу меросдан олиш учун пайғамбарларга насабдош бўлиш шарт эмас. Ота-она меросидан шариат белгилаган миқдорнигина олсанг, пайғамбарлар меросидан истаганингча, меҳнатга яраша насиба олишинг мумкин. Кўп вақт сарфлаб, кўп меҳнат қилсанг кўп улуш, оз вақт сарфлаб, оз меҳнат қилсанг ўшанга яраша оз улуш оласан.
Илмга ҳаддан зиёда уйқу, керагидан ортиқ ўйин-кулги, танбаллик, тонг саҳаргача ошна-оғайнилар билан бедорлик, телевизор ва кампютир қаршисида тунни кунга улаш ва кунни тунга алмаштириш билан етишилмайди. Илм мансаб, насаб, мол-дунё билан топилмайди.
Илм холис ният, тинимсиз меҳнат – давомли ўқиш, ўрганиш, изланиш, кундузлари олимлар даврасида-ю, кечалари узоқ мутолаа билан ҳосил бўлади.
Жарир ибн Ҳозим дейди: " Ҳасанга етти йил қатнаб илм олдим. Етти йил давомида бирон кун дам олганим йўқ".
Имом Бухорийдан баъзи талабалар сўрашди:
– Зеҳнни ўткирлаш учун бирон нарса (дори) истеъмол қилиш керакми?
– Кўп мутолаа қилиш керак, - деб жавоб бердилар.
Ибн Аби Ҳотим ар-Розий ҳикоя қилади: "Етти ой Мисрда олимлар ҳузурида таҳсил олдик. Шу муддат ичида бирон маротаба ичимизга иссиқ овқат кирмади. Бир куни дўстим билан устоз уйига борсак "шайх бетоблар" дейишди. Орқага қайтдик. Йўлда хом балиқ сотаётган экан, егимиз келиб балиқдан харид қилдик. Уйга етиб келсак иккинчи устоз ҳузурига борадиган вақт яқинлашиб қолибди. Балиқни ташлаб, дарсга кетдик. Дарслар кўпайиб кетиб балиққа уч кун қаролмадик. Учинчи куни балиқ айнимасдан олдин хомлигича едик".
Ривоят қилишларича, ўзини "аслзодаман, пайғамбар сулоласиданман" деб даъво қилгувчи киши бўлар экан. У намоз, рўзага бепарво, беадаб киши экан. Унга қўшни бўлиб бир олим ҳам яшар экан. Олим қоп-қора, лаблари дўрдайган ҳабаший эди. Олимнинг уйи доим талабалар билан гавжум. Кўчага чиққанда ҳам, уйга қайтганда ҳам унинг атрофида толиб илмлар. Ҳамиша толиб илмлар қуршовида иззат-икромда юрадиган бу олимга қўшнининг ҳасади келибди. Пайт пойлаб унинг йўлини тўсибди.
– Эй қора хотиннинг ўғли, қора! Ота-бобонг ким эди-ю, сен кимсан?! Ўзингдан кетиб қолма! Мен аслзодаман, одамлар мени ҳурмат қилиши керак, сендек қоравойни эмас, – деб ҳақоратлабди.
Олим ғазабнок талабаларни тинчлантириб босиқлик билан унга шундай жавоб қайтарибди:
– Тўғри айтасан. Мен қора хотиннинг ўғли қораман. Ота-боболарим тутган йўл нотўғри йўл. Шуни англаб етиб ота-боболарим йўлини ташладим. Улар кетидан юрмадим. Сенинг ота-боболаринг йўлини тўғри деб топдим. Улар ортидан эргашдим. Меросидан насиба олдим. Кўрганингдек шу даражага етишдим. Аммо сен боболаринг йўлини ташлаб, менинг боболарим йўлидан юрдинг ва шу аҳволга тушдинг".

Йигитлик Аллоҳ таолонинг бандаларга берган буюк инъомидир. Бу неъмат ҳаммага ҳам берилмаган, берилганларнинг ҳаммаси ҳам бу неъматдан оқилона фойдалана олмаган. Кимдир йигитликни ёш болалардек ўйин кулги билан зое қилиб ўтказса, кимдир баракотли бу даврни бекорчи чоллардек уйқу билан ўтказади. Яна кимлардир йигитликни ғанимат билиб ёшликда ҳам, кексаликда ҳам эришиб бўлмайдиган ишларга қўл уради. Сенинг йигитликда илм йўлини танлашинг олқишга сазовор оқилона тадбирдир. Лекин, гоҳида илм йўлида турли тўсиқлар, қарама-қаршиликлар, етишмовчилик ва машаққатларга дуч келасан. Ана шу тўсиқ ва машаққатлардан бири ўқув даргоҳига қабул бўлмаслигингдир. Агар илм олиш учун танлаган йўлинг бирон-бир сабабга кўра сенга беркилса, орқага қайтиб кетма, иккинчи йўлга ўт. Иккинчиси беркилса учинчисини изла. Илм таҳсили учун йўллар кўп. Илм сен ўйлаганчалик бир бино – мадраса ёки жомеъа ичига чекланмаган.
"Қуръон таржимони" ва "уммат билимдони" деб танилган улуғ саҳоба, муфассирлар пешвоси Абдуллоҳ ибн Аббос р.анинг илм таҳсилидаги зукколигига қараб ўрнак ол.
Абдуллоҳ ибн Аббос р.а айни илм олиш палласига етганда илм манбаъи бўлмиш Росули Акрам саллалоҳу алайҳи вассалом оламдан ўтдилар. Росулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассалом вафотлари жуда оғир мусибат ва катта йўқотиш бўлди. Одамлар ота-оналаридан кўра ғамхўрроқ бўлган инсондан жудо бўлдилар. Биринчи муаллим, улуғ устозларидан айрилдилар. Кунда олаётган маънавий озуқаларидан маҳрум қолдилар.
Абдуллоҳ барча саҳобалар қатори қайғуга чўмди, кўзини ёшлади, лекин саросимага тушмади. "Росулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассаломдан кейин бизга ким ҳам дарс бера оларди. Росулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассаломнинг қисқа, сермазмун, ширин суҳбатларини тинглаганимиздан кейин кимнинг ҳам сўзидан мазза олардик?" деган хаёлга берилиб, изтиробга тушмади. Зотан, Росулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассалом вафотлари билан Абдуллоҳ учун катта илм йўли беркилган эди. Абдуллоҳ зукколик қилиб иккинчи илм йўлига ўтди. Росулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассаломдан илм олиш насиб бўлмагач, Росулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассалом илмларини олган катта саҳобаларни ғанимат билиб улар қўлида таҳсил олди. Росулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассаломни риоя қилмаган ўлим саҳобаларни риоя қилмаслигини англаб етди.
Ибн Касир "البداية والنهاية" номли китобларининг 8-жилди 298-саҳифасида, ибн Абдул Бар "جامع بيان العلم و فضله" номли китобларининг 1-жилди 106- саҳифасида қўйидаги хабарни келтирадилар.
Икрима Абдуллоҳ ибн Аббос р.а дан ривоят қилади: "Росулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассалом вафот этганларида мен ёш йигит эдим. Ансорий (мадиналик) тенгдошимни биргаликда илм таҳсил қилишга ундадим.
– Мен билан юрмайсанми, Росулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассалом саҳобалари кўплигида улардан таълим оламиз,- дедим.
– Қизиқсанда, ахир шундай катта олим саҳобалар бўла туриб, ким ҳам сенинг илмингга муҳтож бўларди,- деди йигит.
Мен уни ўз ҳолига қўйиб, бир ўзим саҳобалардан таълим олишга киришдим. Турли масъалаларни улардан сўрай бошладим. Росулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассаломдан ҳадис эшитган ҳар бир саҳоба кетидан эргашдим. Уйларига бориб эшик қоқмай, остонада улар чиқишини кутиб ўтирдим.
Саҳобалардан бири ҳадис ривоят қилганини эшитиб қолдим. Дарҳол ўша ҳадисни (атиги бир ҳадис) ўз қулоғим билан эшитиш учун саҳоба уйларига бордим. Эшик ёнида ўтириб уйдан чиқишларини кутдим. Кутиш асносида шамол кўтарилиб устимга қумларни учириб келди. Ва ниҳоят эшик очилиб мен кутган киши уйдан чиқиб келди. Мени чанг-тўзонда қолганимни кўриб ҳайрат ила:
– Ие, Росулуллоҳ жиянлари?! Остонада ўтиришингиз нимаси?! Мени чорлатсангиз ўзим ёнингизга етиб борар эдим. Кўп овора бўлибсизда, - деди.
– Ундоқ деманг. Сиз эмас, аксинча мен сизнинг ёнингизга келишим керак. Росулуллоҳ саллалоҳу алайҳи вассаломдан бир ҳадис айтганингизни эшитдим. Ана шу ҳадисни қайта ўзингиздан эшитмоқчиман,- дедим.
Орадан йиллар ўтди. Бирин-кетин улуғ саҳобалар оламдан ўтиб, одамлар мендан турли хил масъалаларни сўрай бошлади.
Ёшликда мен билан илм ўрганмаган йигит ҳар қачон мени одамлар даврасида кўрса "бу йигит мендан анча ақлли экан" деб ўтадиган бўлди.

ОНАЛАРИНГИЗ ҚОРНИДАН БИРОН НАРСАНИ БИЛМАГАН ҲОЛИНГИЗДА ЧИҚАРДИ

Имом Заҳабий " سير أعلام النبلاء" номли китобларининг 13- жилди 285-саҳифасида Бақий ибн Махлад таржимаи ҳолида шундай дейдилар "Бақий ибн Махлад илм ва амалда етакчи имом, пешво ва ҳофиздир. Ўхшаши йўқ, тенгсиз тафсир ва муснад китобининг муаллифи. Андалусга жуда катта илм олиб кирган. Мужтаҳид, солиҳ, ишончли, росгўй, илму амалда пешво тенги йўқ роббоний олимдир".
Шунчалик мақтовга сазовор бўлган бу инсон қандай қилиб олим бўлиб етишди? Онасидан олим бўлиб туғилмагани аниқ.
"Аллоҳ сизларни оналарингиз қорнидан бирон нарсани билмаган ҳолингизда чиқарди" (Наҳл сураси 78-оят)
Демак ибн Махлад ҳам олим бўлишидан олдин толиб бўлган. Толиб йўлиқиши керак бўлган қийинчиликларга йўлиққан, оғир кунларни бошидан кечирган. Ўқиш, ёзиш, ёдлаш, шаҳардан шаҳарга ўтиб олимлар ҳузурига бориш, тинимсиз изланиш ва сабр-бардош билан илмга етишган. Келинглар, унинг илм таҳсилига ҳам бир назар ташлайлик.
"سير"нинг 13-жилди, 292-саҳифасида келади.
"Айрим олимлар Бақий ибн Махладнинг набираси Абдурраҳмон ибн Аҳмад китобидан нақл қиладилар. "Бобомиз Маккадан тўппа-тўғри Бағдодга йўл олди. Аҳмад ибн Ҳанбал билан учрашиш бобомизнинг катта орзу-армони эди. Бобомиз ҳикоя қилиб дейди:
Бағдодга яқинлашганимда Аҳмад ибн Ҳанбал ҳақида нохуш хабар эшитдим. Аҳмад ибн Ҳанбал аҳли сунна эътиқодида маҳкам туриб "Қуръон Аллоҳнинг каломи, махлуқ эмас" деб тўғри ақидадан бир қадам ҳам ортга чекинмай собит турган эмишлар. Саройга чирмашиб олган "муътазилийлар" (нақлдан ақлни устун қўйгувчи фирқа, яъни Қуръон ва суннатдан ўз ноқис ақлларини устун қўйгувчилар) халифани имомга қарши гиж-гижлаб қўйган. Натижада имом дарс беришдан тақиқланганлар.
Буни эшитиб юрагим сиқилди. Тушкун руҳда Бағдодга кириб келдим. Кирага уй олиб жойлашдим. Жомеъ масжидини суриштириб топиб келдим. Жомеъда жуда катта илмий давра бўлаётган экан. Давранинг бошида бир киши "рижоллар" ҳақида гапирмоқда. "Бу киши ким?" деб сўрадим. "Яҳё ибн Маъийн" дейишди. Даврадан жой олиб ўтирдим. Бир оздан сўнг ўрнимдан туриб Яҳё ибн Маъийнга қарата:
– Эй Абу Закариё, мен ўз юртидан узоқ мусофирман. Бир нечта саволларим бор. Аллоҳ раҳмат қилгур, саволларимга жавоб берсангиз,- дедим.
– Сўрайвер,- деди олим.
Мен ўзим кўрган-билган ҳадис ривоят қилгувчи кишилар ҳақида сўрадим. Сўраган кишиларимнинг айримлари ҳақида илиқ сўзлар айтди, айримларини айблаб, танқид қилди.
– Ҳишом ибн Амморга нима дейсиз?-сўрадим мен.
– Ҳишом ибн Аммор – у Абу Валиддир. Димашқдан, ҳадиси олинадиган ишончли киши, балки ишончлидан ҳам юқоридадир.
"Бошқаларда ҳам савол бор, шунча сўраганингиз етар", деган овозлар кўтарилиб қолди. Мен тик турганимча қимирламай саволда давом этдим.
– Яна бир киши ҳақида сўрамоқчиман, Аҳмад ибн Ҳанбалга нима дейсиз?
Яҳё ибн Маъийн менга таажжубланиб боқиб:
– Биз-а?! Биздеклар Аҳмад ҳақида гапирамизми?! Бизга ким қўйибди у киши ҳақида гапиришга. Модомийки сўрабсан айтай: Аҳмад ибн Ҳанбал мусулмонлар пешвоси ва имоми, мусулмонларнинг энг афзали ва энг яхшисидир,- деди.
Дарс тугагач Аҳмад ибн Ҳанбал манзилини топиб бордим. Эшик қоқдим. Имомнинг ўзлари эшикни очдилар. Мен ўзимни таништирдим.
– Мен мусофирман. Узоқ ўлкадан келдим. Бағдодга илк келишим. Толиби ҳадисман, Росулуллоҳ e суннатларини жамлайман. Сафаримдан ягона мурод сизни кўриб, сиздан ҳадис эшитишдир.
– Ичкарига киринг, бировнинг кўзи тушиб қолмасин – дедилар. Ичкарига кирдим.
– Қаердан келдингиз?
– Узоқ Мағрибдан.
– Африқоданми?
– Ундан ҳам олисдан. Африқога келиш учун кемага минамиз, ўртада денгиз бор. Мен Андалусданман.
– Ҳа, жуда олисдан келибсиз. Мен сизга бажонидил яхшилик қилмоқчиман, бироқ, ҳозирги кунларда мени дарс айтишдан ман этишди...
– Буларнинг барчасидан хабардорман. Ижозат берсангиз ўз фикримни билдирсам.
– Марҳамат.
– Мени Бағдодда ҳеч ким танимайди. Агар рухсат берсангиз ҳар куни уйингизга тиланчи суратида келиб дарс олсам. Ҳар келганимда бир дона ҳадис айтсангиз ҳам бошим осмонга етади.
– Яхши тадбир, ҳозирча илмий давраларда кўринмай турганингиз маъқул. Муҳаддислар олдига ҳам бормай туринг.
– Бош устига.
Таклифим қабул бўлганидан қувониб кетдим. Устимга жанда ташлаб, бошимга эскироқ матодан ўраб, қўлимда ҳасса билан ҳар куни имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ уйларига тиланиб келдим. Ҳар келганимда имом менга иккита, гоҳида учта ё ундан кўпроқ ҳадис айтардилар.
Имом Аҳмад бошига тушган қора кунлар ҳам кўтарилди. Ҳақиқат ғалаба қозонди. Имом яна қайтадан дарс бера бошладилар. Мен ҳам эски жандамдан қутулиб ошкора дарсларига қатнай бошладим. Имом Аҳмад дарс беришни бошлаган дастлабки кунда Жомеъга келдим. Жомеъ талабалар билан тўлиб бўлган эди. Қалам, дафтар кўтарган талабалар ёзишга шай. Мен зўр-базўр эшик ёнидан жой олдим. Имом Аҳмад мени узоқдан кўриб қолиб: "Толиби илмга йўл беринглар" дедилар. Мен хижолатдан ёноқларим қизариб аҳли сунна вал жамоа имоми ёнларида ўтириб сарваримиз Росулуллоҳ e ҳадисларини эшита бошладим".

ИЛМ ЛАЗЗАТИ

Илм таҳсилида қийинчиликнинг келиши табиий ҳол. Ана шу қийинчиликларни енгиб олганларгина муродга етадилар. Илм остонасида рўбару келган биринчи қийнчиликка енгилиб ортга чекиниш оқиллар иши эмас. "Бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдирибди" деганларидек, сени ўқишга қабул қилишмаса, бирваракайга ўқишни ташлаб кетма, бошқа чорасини топ.
Агар сен учун бир университет эшиги ёпилса, ўнлаб илм олиш даргоҳларининг дарвозаси ланг очиқ. Тушкунликка тушма, ортга чекинма. "Ақлли одам нордон лимондан ширин шарбат тайёрлайди, нодон эса асални заҳарга айлантиради, бир мусибатни икки мусибат қилади". Илм олиш, изланиш, ижтиҳод ва кашфиёт, ихтиро, янгилик эшикларини ҳеч ким беркита олмайди. Ҳолбуки бундай уриниш бўлган ва ҳануз давом этмоқда. Ўз тарихини ўрганишдан тўсиш, диний таълимотдан тўсиш, фан-техника борасида фаолиятни ўстиришдан тўсиш ва ҳатто иқтисод ва тиббиётда олға силжитмаслик ҳаракатлари, ҳийла ва фириб ишлатиб халоиқни саводсизлантириш, инкор қилиб бўлмас ҳақиқат. Шундай бўлса ҳам илм-фан йўлини ҳеч ким тўса олмайди, фақатгина илм-фанга рағбат бўлса бас.
Илм ўрганиш учун катта лекция зали, микрофон, кўчма, осма ёки деворга ўрнатилган мустаҳкам доскалар шарт эмас. (Топилса жуда соз,топилмаса начора). Шундайин забардаст олимлар борки уларнинг ҳар бири алоҳида катта бир дорилфунун. Сен уларни изла. Илмларини ол. Университетга кириб олиб ўзинг суймаган домла лекциясини мажбуран тинглаб энсанг қотиб ўтиргандан кўра, ҳар бир сўзи тилла суви билан ёзилажак холис олимлар даргоҳига бор. Кибрни синдириб, илм йўлида бироз хорликнинг аччиқ сувларидан ҳўпла, умр бўйи иззат шаробидан ичгайсан.
Ўзинг суйиб танлаган фаннинг чинакам эгаси бўл. Излан, кашфиётга интил, ўқи ва ўқит, ўрган ва ўргат. Ниятингни тўғирла, ўшанда машаққатлар роҳатга, илм йўлидаги азоб-уқубатлар лаззатга айланади.
Саййид Сиддиқ Ҳасан ал-Қаннужий, ал-Бухорий ўзларининг "الحطة" номли китобларининг 17-саҳифасида илм лаззати ҳақида сўзлаётиб улуғ имом, илми ва амали билан ҳануз одамларга раҳнамо бўлиб келаётган Абу Ҳанифа رحمة الله عليه сўзларини келтирадилар:
"Биз топаётган илм лаззатини подшоҳлар билиб қолса борми, улар бизга қарши қилич ялонғочлаб уруш қилишдан тоймайдилар".
Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний дейдилар:
"أين أبناء الملوك من هذه اللذة" "Подшоҳлар ўғли бу лаззатни қайдан ҳам топсин?!"
Ҳиссий лаззатлардан тотли бўлган маънавий лаззатни ҳам бир татиб кўр. Кимдир уйига диплом – бир парча қоғоз билан қайтса, сен илм-маърифат билан қайт.
Сен орзу қилган академик низомга асосланган ўқув юртларидаги аҳволга бир назар ташлайлик. Академик ўқув йили ва унинг зимнидан академик ўқув соатларини тақрибан чамалайлик.
Бир йилда ўн икки ой бўлса, шу ўн икки ойнинг тўққиз ойи таҳсил учун уч ойи таътил учун ажратилади. Ўқишга ажратилган тўққиз ойнинг ичида турли муносабатлар, байрамлар баҳонасида толиб илмларга қўшимча қисқа таътиллар берилади. Ўша қисқа таътиллар мажмуаси бир ой ёки ундан кўп бўлиши мумкин. Бундан ташқари ҳар ҳафтада толиби илмга икки кун ҳақли дам олиш куни берилади. Бу, бир ойда саккиз кун демакдир. Илм таҳсили учун ажратилган тўққиз ой ичида эса 64 кун ё ундан озроқ дам олиш куни бўлар экан. 64 кун икки ой демакдир.
Демак, уч ой ёзги таътил, бир ой турли муносабатлар баҳонасида бериладиган таътил, икки ой дам олиш кунлари йиғими.
Аллоҳ ҳақи, инсоф билан айтгин, йигитлик даврини илмга бағишлаган талабанинг илм таҳсили учун қанча вақти қоляпти?! Роппа-роса олти ой. У олти ойни ейиш-ичиш, ўйин-кулги, тартибсиз уйқу, ҳордиқ, пардоз-андоз, зиёрат, бозор кезиш, дўконма дўкон дайдиш ва назоратсиз, бекорчи йигитнинг бизга қоронғи "зарурий ишларига" тақсимлаб чиқ. "Иссиқ жон" деганларидек талабанинг бетоблик даврини ҳам бунга қўшиб қўй. Соғлигида қўлига китоб олмаган киши, бетоблигида китоб олармиди? Шулардан ортганини ўқишга бер. Натижада таҳсилга ажратилган тўрт йил икки йилга қисқаради, ана шу икки йилнинг бир йили ёки ундан ози соф ўқиш кунларига тўғри келади.
Тўрт йилнинг ҳаммасини ўқишга бағишлаб, ўқув йилларидан, таътиллардан унумли фойдаланаётган талабалар йўқ эмас, бор, кўплаб топилади. Лекин шунинг муқобилида ўқув йилларининг ҳаммасини таътилга айлантириб юбориб, ўқишни битирар пайтда "Диплом" билан қайтаётганлар ҳам йўқ эмас. Ана ўшандайлар дин номидан гапирса, ана ўшандайлар табиб – врач, доктор номини олса, ана ушандайлар қози-ю, ана шулар икки кишини тепасига раҳбар бўлса қиёматни кутишдан бўлак чора қолмайди. Ернинг устидан кўра, ости афзал бўлиб қолади.
Академик низомда ўқиш кунлари ўқиб, дам олиш кунлари дам олиб, таътилда ухлаб, ўйнаб-кулиб юриб, пировардида қуруқ назариябоз бўлиб чиққанлардан бири "куллиётга кирганда тавозули жоҳил эдим, куллиётни битирарда бетавозу, мутакаббир жоҳил бўлиб чиқдим," деб афсусланган экан.
Узоқ йиллар диний таълим олиб қишлоғига қайтган йигитдан жаноза намозига ўтиб беришини сўрашибди. Йигит умрида жаноза намози ўқимаган экан, жаноза қандай ўқилишини ҳам билмас экан. (Чоғи ўша куни дарсга келмаган, келган бўлсада қолипи дарсдаю, қалби дарс ташқарисида кезган) Ҳар нечук, йигит "Аллоҳу акбар" деб қулоқ қоқиб намозни бошлабди. Бир оздан сўнг яна "Аллоҳу акбар" деб рукуъга кетибди. Диний саводи йўқ авом халқ эса нима қиларини билмай ҳайрон... Ярми имомга эргашиб рукуъга эгилган, қолган ярми тик турган ҳолида қотиб қолган. Ана шунақаси ҳам бўлар экан...
Дўстинг куллиётга қабул бўлиб ичкарида эснаб ўтирса, сен куллиёт ташқарисида югуриб-елиб, уйқуни қочириб олимлар хузурига бориб ўқи. Остоналарида ўтир. Ажаб эмаски, Аллоҳ сендаги садоқатга мукофот ўлароқ илмингга, саъй-ҳаракатингга баракотлар берса. Ажаб эмаски, жаҳолатдаги қавмингни жаҳолатдан қутқарсанг. Саодатга ташна халқингга саодат олиб келишга сабабчи бўлсанг. Ўшанда йигитликни зоеи қилган дўстинг афсусланиб надомат чекса, сен дўппингни осмонга отиб қувонарсан. Ана ўшандагина еру осмондагилар, ҳатто денгиздаги балиқлар ҳам сенга истиғфор айтишади.
Бир йилнинг ўн икки ойининг ҳаммасидан унумли фойдалан. Ўн икки ойнинг йигитлик кунларинг эканини унутма. Шағдам олдинга кетаётган сермаҳсул йигитлик давринг орқага қайтмаслигини ёдингдан кўтарма. Йигитликдан кейин бошқа бир давр келади, у даврдаги елиб югиришлар гўё ерга мустаҳкам қотирилган, жойидан жилмас велосипедни жон жаҳди билан ҳайдашдек гап.
Ибн Жавзий дейди: "Ёшлигини илмга сарфлаганлар, кексайганда иззат-икром мевасини йиғади".
Аҳмад ибн Ҳанбалдан сўрашди:
– Қачонгача илм ўрганамиз?
– Қабрга қўйилгунча,-жавоб бердилар имом.
Абу Райҳон Беруний охирги нафасларини олаётган ҳаётининг сўнги соатларида ёнларига аҳли илмлардан бири кириб келди, ҳол-аҳвол сўради. Шунда олим:
– Кеча фароиз илмидан момонинг насибаси ҳақида нима деб айтиб эдинг? – дейдилар.
– Тақсир, ҳозир ўрнимикин, бетобсиз...
– Ҳа, айни ўрни. Агар мен хато тушунган бўлсам ўлимим олдидан хатоимни тўғирлаб, Аллоҳ ҳузурига тавба билан борайин, агар сен хато қилаётган бўлсанг, ўлимим олдидан бир хатони тўғирлаб кетайин.
Йигит олим олдидан ҳовлига чиққанда, ичкаридан аёлларнинг йиғи товуши эшитилди.

Ҳайратни оширадиган яна бир ҳикоя.

"أحكام النساء" китобининг муаллифи Жамолиддин Абу Фараж ҳеч қандай дипломга эга бўлмаган ўтмишдаги аёлларнинг илмий даражаси ва нодир тақвосига мисол келтириб дейди : "Бир аёл нон ёпаман деб хамир қориётганда "эрингиз оламдан ўтди", деган хабар келади. Нохуш хабарни эшитган аёл хамирдан қўлини олиб "энди бу хамирда бизга шериклар пайдо бўлиб қолди", деган экан, яъни меросни назарда тутмоқда. Эри ўлган аёл, агар эридан фарзанди бўлса, эрнинг қолдирган мол мулкидан саккиздан бир қисмини олишга ҳақлидир, фарзанд бўлмаса тўртдан бирини олади. Агар аёллар бирдан ортиқ бўлсалар, уларнинг ҳаммалари ўша бир улушда шерикдирлар. Хамир қориётган аёл шариатнинг бу ҳукмини англаб етиб, хамирнинг ҳаммасига эгалик қилишдан қўрққан экан.
Тўрт-беш йил ўқиб "олим бўлдим" дейишликнинг ўзи хато, билимини ҳаётга татбиқ қилмаслик иккинчи катта хато. Ўқиганига амал қилмай ва ўқишни йиғиштириб қўйган киши онасидан қандай жоҳил туғилган бўлса, айни ўша жоҳиллигига қайтиб қолиши ҳеч гап эмас. Кундалик таом канда қилинмаганидек, кундалик ўқиш ҳам канда қилинмаслиги керак.

"УНИВЕРСИТЕТГА КИРМАЙ ОЛИМ БЎЛИШ МУМКИНМИ?"

Аввало шуни эслатиб ўтиш ўринлики, биз бу саволни ўртага ташлаш билан қадимдан етук олимларни етишиб чиқишига сабаб бўлган, ҳозирда ҳам таҳсинга лойиқ иш-фаолият олиб бораётган, дин ва дунё равнақи йўлида катта ҳисса қўшаётган, улуғ илмий даргоҳлар – университет, дорилфунун, жомеъалар қадрига тил теккизмоқчи эмасмиз. Улар олиб бораётган юксак, оламшумул ишларга шубҳа билдирмаймиз. Бу каби ўқув муассасаларининг инсониятга хизмати инкор қилиб бўлмас даражада улкан. Маорифга, илм-фанга жиддий эътибор қаратаётган давлатларнинг тараққиёт шоҳсупасини эгаллаб, қўлдан бермаётганлари ҳаммага маълум. (Маънавият, ахлоқ-одоб, қадрият, ҳидоят, соғлом эътиқод борасида таназзулга учраганларини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли). Лекин ҳаммамизга шу ҳам маълумки, бу илмий даргоҳлар (хоҳ диний ва хоҳ дунёвий бўлсин) ўқиш талабгорларининг барчасини ўз бағрига сиғдира олмайди. Талабгор кўп, жой кам. Иймон ҳукмронлиги сиқиб чиқарилган давлатларда поранинг ривожланиши ва кўп жойларда илдиз отиб, оммавийлашаётган "таниш-билиш" системасининг қўлланилиши иқтидорли талабалар орзуси йўлида тўғаноқ бўлмоқда. Ўқишга лаёқатли йигитлар илм даргоҳларидан четлатилиб, ўқишга ҳуши йўқ, мансаб ва обрў талабгорларига кенг қулоч очилмоқда. Илм масканининг саноқли ўринлари чинакам эгаларидан башқаларга берилмоқда.
Хўш, бирон сабабга кўра ўқишга қабул бўлмаган йигит нима қилиши керак? Иқтидорини тириклайин дафн этсинми? Илм таҳсили учун энг қулай давр – йигитликни ўйин-кулги ёки қора меҳнат ичида хароб қилсинми?
Яна ўша савол "университетга кирмай олим бўлиш мумкинми?" "Ҳа, мумкин", десак бу жўн жавобга ҳамма ҳам дарҳол қаноат ҳосил қилмайди. "Мумкин, жуда ҳам мумкин, мумкин бўлганда қандоқ" десак олам гулистон, лекин биз тарихга ва воқе ҳаётга таяниб айтган бу жавобимиз ҳаммани ҳам бирдай қониқтирмайди. Шунинг учун "диплом" "университет" деган тушунчалар пайдо бўлмасдан олдинги замонга қисқа назар ташлайлик.

ЙИҒЛАТАДИГАН ЎТМИШ...

Ўша даврларда жамиятдаги барча қатламлар ва барча ёшдагилар учун илм йўли очиқ бўлган. Мамлакат раҳбари ва давлат арбобларидан тортиб оддий фуқарогача илм олиш, илмни ўстириш ҳуқуқига эга бўлган. Сармоядорлар, чорвадорлар, деҳқонлар, боғбонлар, заминдорлар, косиб-ҳунармандлар, ҳатто қуллар ва чўри қизлар учун илм йўли кенг очиқ бўлган. Киши бир вақтнинг ўзида ҳам давлат арбоби, ҳам олим бўлган. Умар ибн Абдулазиз бир вақтнинг ўзида халифа ва етук олим бўлган. Маъмун муҳаддислар даврасида ўтириб толибларнинг "устоз Аллоҳ рози бўлсин, қайта айтинг, ёзолмай қолдим" дейишларини энг лаззати онлар деб билган. Шунингдек, киши бир вақтнинг ўзида катта сармоядор ва катта олим бўлиши мумкин. Бунга яққол мисол мазҳаб боши, куфалик Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдир. Имом Аъзам таълим ва тарбия билан шуғулланиш баробарида катта тижоратни ҳам юрғизганлар. Ўзларининг ҳисобларидан иқтидорли, муҳтож талабаларга маош тайинлаганлар.
Лайс ибн Саъд мисрлик фақиҳ ва муҳаддис олимлардан. Имом Шофиий имом Молик қўлида (Мадинада) таълим олиб бўлганларидан кейин Мисрга Лайс ёнига шошадилар. Мисрга етганларида одамлар эндигина Лайсни дафн қилиб қайтаётган эканлар. Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофиий Лайс қабри пойида туриб: "гувоҳлик бераманки, албатта сен Молик ибн Анасдан фақиҳроқсан" деган эканлар.
Худди ана шу олим катта тижорат соҳиби бўлган. Ҳикоя қилишларича Миср қишлоқларининг бирида бир камбағал аёлнинг ўғли касал бўлиб қолади. Табиб асал ичишни тавсия қилади. "Асалга қайга борсам экан?" деб ўйланиб турган аёлга қўшниси йўл кўрсатиб "Лайс ибн Саъдга боринг" дейди. Аёл кичик идишни кўтариб Лайсдан асал сўрайди. Лайс ходимларига қарата:
– Фалон, фалон ратл (кўп миқдорни айтади) асал беринглар,-дейди.
– У аёл ўзига яраша сўраяпти,- дейди ходимлар.
– Биз ўзимизга яраша берамиз,- дейди олим.

ЎЗИМИЗНИНГ ТОМОНЛАРДА...

Навбатдаги мисол ўз диёрларимиздан. Мисолларни турли маконлардан танлашимизнинг сабаби, Ислом ҳамма ерда бир хил мева беришини зийрак ўқигувчига эслатишдир. Сўзламоқчи бўлганимиз улуғ муҳаддис олим ва катта сармоядор тожир Абдуллоҳ ибн Муборакдир. Фойдадан холи бўлмагани учун ҳамюртимиз Абдуллоҳ ибн Муборакнинг ибратомуз ҳаётларидан қисқа лавҳаларни бир оз кўпроқ келтирмоқчимиз. Диёримиздан чиққан бу улуғ олим, саховат билан донг таратган, тарихда яхши ном қолдирган, қўли очиқ катта сармоядор инсон ҳаётида толиб илмлар, олимлар ва барча мусулмонлар учун катта ибратлар бор.
Абдуллоҳ ибн Муборак етук муҳаддис олим ва катта сармоядор бўлганлар. Зоҳид олимлардан Фузайл ибн Иёз Абдуллоҳ ибн Муборак олиб келган, кети кўринмайдиган тижорий карвонни кўриб "Абдуллоҳ, ўзингиз зуҳду тақво ҳақида китоб битасизу, карвонингизнинг кети кўринмайди-я?" дебдилар.
"Йўқчиликдан бировга қўл чўзиш оридан сақланиш учун, юзимнинг сувини, ор-номусимни сақлаш учун, Роббимнинг ибодатини тўлиқ адо этишга кўмаги тегади, деб тижорат қиламан"- деган эканлар.
"Абдуллоҳ ибн Муборак Марв шаҳридан. Оналари Хоразмдан, оталари турклардан," деб таништирадилар имом Заҳабий.
Аҳмад ибн Ҳанбал дейдилар: "Ибн Муборак бир юз ўн саккизинчи йилда туғулган."
Абдуллоҳ ибн Муборак дейди: "Абу Ҳанифа дадамга қарата "болангнинг онаси омонатни қандай олган бўлса, шундай топширибди," дедилар. Мен дадамга жуда ўхшаб кетар эканман."
Заҳабий дейди: "Ибн Муборак илм талабида Ҳарамайн – Макка ва Мадинага, Шомга, (Сурия, Урдун, Фаластин диёрлари Шом дейилган) Мисрга, Ироққа ва Жазирага сафар қилган. Кўп шаҳарларда ҳадис айтган. Ривоят қилган ҳадислари ҳужжатлигига иттифоқ қилинган."
Аббос ибн Мусъаб дейди: "Ибн Муборак ҳадис илмини, фиқҳни, араб тили ва адабиётини, тарихни, шунингдек шижоат, тижорат ва саховатни жамлаган олимдир. У бу каби олийжаноб хислатлари билан кўпларнинг муҳаббатини қозонди."
Абу Усома дейди: "Ибн Муборак муҳаддислар орасида гўё одамлар орасидаги амирдек эди."
Ашъас ибн Шўъба ҳикоя қилади: "Ҳорун ар-Рашид Раққа шаҳрига келди. Айни шу куни Абдуллоҳ ибн Муборак ҳам Раққага келган эдилар. Ибн Муборак келганидан дарак топган халоиқ кўчаларга чиқишади. Олим кетидан эргашишади. Кўчалар одамга тўлиб кетади. Чанг-тўзон кўтарилади. Кўчадаги шов-шув қаср тинчини бузади. Халифанинг хотини қаср деразасидан ташқарига боқиб:
– Тинчликми, бу не ғавғо, оламон қаёққа кетур? – дейди.
– Тинчлик, Хуросондан бир олим келибди, одамлар унинг истиқболига шошмоқда.
– Ҳаа, Ҳорун ар-Рашиднинг мулки эмас, мана бунинг мулки ҳақиқий мулк экан. Халифа Ҳорун бу қадар халоиқни жамлаш учун озмунча миршабни ишга солгайми?!"
Хатиб Бағдодий дейди: "Ибн Муборак Бағдоддан Миссийса томонга чиқди. Йўлда унга бир неча киши ҳамроҳ бўлди. Абдуллоҳ уларга ёрдам бермоқчи бўлдилар,лекин ҳамроҳлар жуда тортинчоқ, уятчан кишилар экан. Олим буни пайқаб: "Йўл харажатларини ўртада қилсак?" дедилар. Фикр ҳаммага маъқул келди. Ҳамёнлар бир жойга жамланди. Кимдир 20 дирҳам (кумуш танга), кимдир 20 динор ( тилло танга) қўйди. Сафар давомида Абдуллоҳ сарф харажатларни қилиб бордилар. Шаҳарга етиб келингач: "ҳар ким ўз ҳамёнини олсин" дедилар. Ҳамроҳлар ҳамёнларини олиб ҳайратда қолдилар.
– Мен 20 дирҳам қўйиб эдим, буниси ортиқча.
– Мен 20 динор қўйиб эдим, буниси ортиқча.
– Ажабо, Аллоҳнинг барака беришини инкор этасизларми? – дедилар олим.
Заҳабий дейдилар: "Абдуллоҳ ибн Муборак марвликлар билан ҳажга келаётиб, "ҳаммаларинг ҳамёнингизга исмингизни ёзиб мана бу сандиққа солинглар," дедилар. Ҳамёнлар йиғилиб сандиққа солинди. Марвдан чиқиб Бағдодга етиб келишди. Йўл давомида Абдуллоҳ уларга мазали, тансиқ таомлар, болдан тотли ширинликлар, хилма хил мевалар ҳарид қилиб бордилар. Шу зайлда Мадинага етиб келишди. Мадинада Росулуллоҳ r масжидларида намоз ўқиб, зиёратни адо қилишгач "аҳли аёлларингиз Мадинадан нималар олишни тайинлаган бўлса барини олинглар," дедилар. Ҳожилар керакли совғаларни ҳарид қилиб Маккага йўл олишди. Маккага етиб келишганда ҳам айни шу ҳол такрорланди. "Аҳли аёлларинг Маккадан олишни тайинлаган матоларни олинглар. "Ҳаж ҳам ниҳоясига етди. Марвлик ҳожилар қандай иззат-икромда келган бўлсалар, шундай иззат-икром ва ҳурматда ўз уйларига қайтдилар. Уч кундан сўнг Абдуллоҳ ибн Муборак ҳожиларни уйларига меҳмонга таклиф қилдилар. Бир оздан кейин меҳмонхонага ҳожиларга таниш сандиқ олиб кирилди. Мезбон сандиқни очиб "марҳамат қилиб ҳамёнларигизни олсаларинг" дедилар. Ҳамёнлар ҳаждан олдин қандай қўйилган бўлса шундоғича турарди."
Қадимда ҳожиларга хизмат кўрсатиш олий шараф ҳисобланган. Ҳатто жоҳилиятда ҳам ҳожиларга хизмат қилишга шошилишарди. Ислом келгач бу иҳтиром янада ортди. Салафи солиҳлар ҳажга эҳром боғлашдан олдин шошилганча ҳамроҳларининг қўлидан тутиб "қасам Аллоҳгаким, ҳаж тугагунча озуқ-овқат мендан," дердилар. Яна бирлари "қасам Аллоҳгаким, турар жой мендан" деса, учинчиси "барака топкурлар, йўл кироси мендан", деб эзгу ишларда мусобақа қилар эдилар. Фақатгина ҳаж савоби билан эмас, балки Аллоҳнинг меҳмонларига хизмат кўрсатиш савобига ҳам ноил бўлиб кетардилар. Ҳозир эса... Аллоҳнинг ўзи кечирсин... Ҳожини талаш, ҳожини алдаш, Байтуллоҳ деб йўлга чиққан Раҳмон меҳмонини ранжитиш, қинғир йўллар билан уни тунаш, нарх-навони кўтариш, гоҳ бегонадан, гоҳ ўзникидан келажак фирибгарлик, моддий ёки маънавий ёрдамга мухтож ҳожининиг аҳволини кўра била туриб беёрдам ташлаб кетиш, хийла найранглар оддий ҳолга айланган. Билмадим, Буюк Султонимиз ўз меҳмонларига ҳийла ишлатганларга қандай жазо ҳозирлаган экан?!
Фузайл ибн Иёз дейди: "Ибн Муборак ҳар йили фақирларга юз минг дирҳам инфоқ қилар эди.( Икки юз дирҳамга эга бўлган кишига закот вожиб бўлади.)
Ҳиббон ибн Мусо дейди: "Абдуллоҳ ибн Муборакнинг ҳаддан ортиқ садақа қилишини қоралашди. Айниқса ўзининг шаҳридан бошқа шаҳарлардаги аҳли илмларга моддий ёрдам беришини танқид остига олишди. "Мен шундайин садоқатли, фазилатли аҳли илмларни биламанки, улар ҳаётларини илмга бағишлашган. Биз уларни ўз ҳолларига қўйсак илм (бозорларда) зое бўлади. Агар уларга кўмаклашсак Муҳаммад алайҳиссалом уммати ичида илм тарқалади. Пайғамбарликдан кейин энг афзал иш илм тарқатишдир", дедилар.
Муҳаммад ибн Исо дейди: "Ибн Муборк Тарсусга кўп келиб турардилар, йўлда Раққага тушиб ўтардилар. Раққада ёшроқ бир йигит ибн Муборак ҳузурларига келиб ҳадис эшитарди, олим хизматларини қиларди. Бу гал келганларида йигитни кўрмадилар. У ҳақида сўраб суриштирдилар. (Росулуллоҳ r одати шарифаларидан бири бир неча кун кўрмай қолган асҳобларини суриштириб қолар эдилар.) Абдуллоҳга йигитнинг маҳбуслигини айтишди.
– Нега ҳибсга олишди?
– Ўн минг дирҳам қарзини тўлай олмаганлиги учун.
– Қарзни кимдан олган экан?
– Фалончидан.
– У кишининг уйини кўрсата оласизми?
– Бажонидил.
Абдуллоҳ ибн Муборак барча муҳим ишларини ташлаб, йигитга қарз берган кишининг уйига шошиб бордилар. Ўн минг дирҳамни унинг қўлига бериб "йигит шу бугун ҳибсдан бўшатилмоғи даркор, уқдингми?" дедилар. Пул берганларини сир тутмоғини қаттиқ талаб қилиб "қарзни мен тўлаганимни ҳеч кимга айтмаслигингга қасам ич. Мен вафот этганимдан сўнг айтсанг айтавер, " дедилар.
Йигит ўша куниёқ ҳибсдан озод қилинди. Буни эшитиб Абдуллоҳ қувониб кетдилар. Бир неча кундан кейин йигит билан кўришиб қолдилар.
– Омонмисиз, дарагингиз йўқ?
– Ҳазрат, қарз боис ҳибсда эдим
– Ҳибсдан қандай озод бўлдинигиз?
– Кимдир қарзимни тўлаб, мени қамоқдан чиқариб олди.
– Кимлигини билдингизми ?
– Билолмадим тақсир, ўзини махфий тутур
– Алҳамду лиллоҳ.
Абдуллоҳ ибн Муборак йигитнинг кечаги гапдан бехабарлигидан мамнун бўлдилар. Ибн Муборак оламдан ўтганларидан кейин йигит қарзни ким узганлигини билиб, ҳақларига узоқ дуо қилди.
Шу инсон бошқа кўплаб бойлар қатори топган бойлигига айш-ишрат сурса бўлмасмиди? Кўкка туташ баланд бинолар қуриб, нақшинкор уйлар ичида роҳатланса бўлмасмиди? Замонавий, энг охирги типдаги фавворалардан (фонтан) қурдириб, фаввора салқинида сурункасиз кайфу сафо сурса бўлмасмиди? Бу каби саволлар замондошимиз фикрини чўлғайди. Ҳа, бўлар эди, деб жавоб берилади ҳаётнинг ҳаммасини айшгоҳга айлантиришни истовчи замондошимизга. Топган мол мулкини тупроққа чаплаб Фиръавн ва Ҳомонникидан қолишмайдиган ҳашаматли бинолар, керагидан ортиқ ичкарима-ичкари хоналар, ўйноқи, раққоса фавворалар қурдиришга имконияти бор эди. Лекин у кишига мол топиш учун берилган заковат, молни ишлата билишга ҳам берилган эканким, пешона териси билан топган молларини фақатгина фойдали ўринга сарфладилар. Топган моли билан ҳам дунёсини, ҳам охиратини обод қилишга уриндилар. Бугун қаср деб қуражак биноси, эртага эскириб товуқкатакка айланишини англаб етдилар.
Моддий тизимдан таъсирланиб "закотини чиқариб қўйса бўлдида, қолгани ўзининг ихтиёрида, нима қилса ўз хоҳиши , уй қурадими, қаср қурадими, у кишининг шахсий иши", деб хом ўйлаб дабдабали ҳаётга берилган замондош мўминни ибн Муборак тутими унчалик қониқтирмайди, начора. Ҳақиқатни қулоғингизгача етказиш бизнинг вазифа, қулоғингизга етган ҳақиқатни ақлингизга ва иймонингизга етказиш сизнинг вазифангиз, эшитиб, билганларингизга амал қилиш эса иймонингиз вазифаси. Иймон бут, соғлом бўлса, эгасини яхшилкка ундайди, иймон ночор, хаста бўлса турли баҳоналарни истайди.
Пул топишнинг йўлини билган олимимиз, пулни қайга сарфлашни ҳам билиб ўткинчи роҳатларга алданмадилар. Мол дунёларини мол дунё бергувчининг йўлида инфоқ этдилар. Оқибатда дунёда яхши ном қолдирдилар, охиратларини обод қилдилар. Абдуллоҳ ибн Муборак холис нияти, оқилона тадбири билан яхши ном қолдирган бўлса, айшу ишратга берилган, топганини еб ичиб кайфу сафо қилган ўша давр бойларидан ном нишон қолмади. Баъзилар "ишнинг кўзини" билиб пулни яхши топишади, лекин ўша пулни яхши ўринларга ишлатишни билишмайди. (Бу хусусда "Молингни қандай кўпайтиришинг мумкин?" деган сарлавҳа остидаги рисоламизда батафсилроқ баҳс юритамиз, инша Аллоҳ.)
Абдуллоҳ ибн Муборак ҳақида янада кўпроқ маълумот олиш учун Заҳабийнинг سيرأعلام النبلاء номли китобларнинг 8-жилдига ва Хатиб Бағдодийнингتاريخ بغداد номли китобларнинг 10-жилдига мурожаат қилишингиз мумкин.

Демак, киши бир вақтнинг ўзида толиби илм, обид, ишчи, ҳунарманд, давлат арбоби, катта сармоядор ва шунинг билан бирга олим ҳам бўлиши мумкин экан. Шуни қайта такидлаш ўринлики, Ислом дини илмга ундайди. Бу ҳаммага маълум, ойдек равшан, исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир. "Дин илмга қарши" дейилган уйдирма гап эса асоссиздир. Беҳаё ва беиймонларнинг одамларни диндан бездириш учун ўйлаб топган бўҳтонидир. У гапга лаққа тушиб ишониш эса, поезд билан кема бир бирига қарама-қарши келиб тўқнашиб кетибди, дейилган хабарга лаққа тушишдек гап. Поезд билан поезд тўқнашиши мумкин. Кенг осмонда парвоз қилаётган икки учқич бир бири билан тўқнашиши мумкин. Аммо поезд билан кеманинг бир бирига қарши келиб тўқнашиши асло мумкин эмас. Шунингдек Ислом билан илмнинг бир бирига қарши бўлиши асло мумкин эмас. Ислом манфаатсиз – инсониятга фойдаси тегмайдиган илмга қаршидир.
Бир университетга киролмай ўқишни йиғиштириб қўйиш оқилона тадбир эмаслигини англаётганингиз чоғида, сизни шонли тарихимизга саёҳат қилишга чорлаймиз. Шукуҳли тарихимизнинг мавзуимизга оид порлоқ саҳифасини очиб ўқишга таклиф қиламиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Бурайда отасидан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эканлар Агар бир қавм закотни бермасалар, Аллоҳ уларни давоми...

2398 13:54 / 24.03.2017
Аллоҳ таоло таҳорат ҳақидаги оятнинг охирида Аллоҳ сизларни бирон машаққатга солишни истамайди, балки сизларни поклашни ва сизларга Ўз неъматларини мукаммал давоми...

2763 13:59 / 24.03.2017
Аллоҳ таоло марҳамат қилади Албатта одамлар Аллоҳга ибодат қилишлари учун қурилган биринчи уй Маккадаги муборак ва бутун оламларга ҳидоят маёғи бўлган давоми...

2710 14:05 / 24.03.2017
Мусулмонлар Мадинаи мунавварага келганларида ҳануз азон машруъ бўлмаганди. Намоз вақтини билишда қийналишарди. Гоҳида эрта келиб қолар ва намозни узоқ муддат давоми...

3706 15:26 / 24.03.2017