1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Улуғларимизни асрайлик!

15:43 / 22.04.2017 2964 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кичик бир бола Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келиб, онасини бир кўйлак сўраттириб юборганини айтди. Бу онда сарвари коинотнинг устиларидаги кўйлакларидан бошқа кўйлаклари йўқ эди. Болага бошқа пайт келишини тайинладилар. Бола кетди-ю, бироқ, кўп ўтмай изига қайтди. У: онам айтдилар, устингиздаги кўйлакни бўлса ҳам берар экансиз—деди. Ҳазрати Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳужраи саодатларига кириб, ечиндиларда, кўйлакларини болага узатдилар. Бу вақтда Билол розияллоҳу анҳу азон чақириб қолдилар. Расулуллоҳ устларига киядиган бошқа либослари йўқлиги учун жамоатга чиқа олмадилар. Саҳобалар бу ҳолдан ажабланиб, ҳужраи саодатга кирдилар ва Аллоҳнинг расулини кўйлаксиз ҳолда кўрдилар...

Бу ривоятни ҳар сафар ўқиганимда кўзларимдан тирқираб ёш келади. Энди яна бир мақоладан иқтибос келтираман:

“Портлаш содир бўлганида, мусҳафни бағрларига босиб, маҳкам қучоқлаб олган эканлар. Вафотларидан сўнг таналарини қимирлатишганида, сажда қилган ҳолда тиз чўкиб йиқилдилар. Маълум вақтгача жуссаларини кўтара олишмади...” (Инфо Ислом.уз  “Доктор Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий”(рахимаҳуллоҳ) мақоласидан).

Доктор Мухаммад Саид Рамазон ал-Бутий разолат қурбони бўлдилар. Масжидда ваъз қилаётганда фитна қурбони бўлганлигини нима билан изоҳлаш мумкин. Ҳайҳот! Инсон шунчалар туғёнга кетадими? Минглаб китоблар ёзган авлиёуллоҳларни куфрда айбловчилар ҳам наҳотки ўзларини мусулмон санаса. Дин йўлида жасад қанча қийналса қалб шунча ҳаловат топаверади, руҳ  Эгасига яқинлашаверади.

Юқоридаги ривоятни эслаганда, “саҳобалар ҳужраи саодатга кирганларида Набийимиз қандай ҳолда қолган эканлар”, деб эзилиб кетаман. Фазилатли шайх Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутий (раҳимаҳуллоҳ)нинг фитна қурбони бўлиб, жон бериш вақтидаги ҳолатларини ўқиб ҳам кўз ёшларимни тия олмадим. Айтинг, мўмин бу каби мусибатларни бемалол, хотиржам ўқиши мумкинми?! Йўқ. Асло! Бизни йиғлатган нарса Ислом осмонидаги нур сочаётган юлдузни сўнишидир. Минглаб, миллионлаб мусулмонлар манфаат олиб турган аҳли илмларнинг орамиздан кетишидир.

Аллоҳ таоло: “Исломни сизларга хақ дин қилиб туширдим”, деди. Ислом хақ! Ислом шариъатини умматга етказгунча Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қанча-қанча азобли кунлари бўлди. У зоти бобаракотнинг Исломни етказиш йўлида дучор бўлган қайси мусибатларига йиғлайлик, мушриклардан кўрган хўрликлари учун йиғламай бўладими биродар?! Роббим ўзи “Исломни қиёматгача сақлагум” деди. Бу хақ! Ё Раб! Инсониятни яратиб китоб бердинг, пайғамбар юбординг ва лекин одамзот туғёнга кетди. Рад этди. Улар ичидан “Худоман” дегувчилар чиқди. Ё Алхазар!

Биз ўтган аждодларимиз билан доим фахрланамиз, кўксимизни кериб гапирамиз. Аслида шунга улар арзийди ҳам. Имом Бухорий, Термизий, Ибн Синоми, ё Замахшарий...улар нафақат динимизнинг балки, халқимизнинг ҳам фахри ифтихоридир. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нимага улуғ зотлар ўша пайтларда кўплаб етишиб чиққан-у хозир юз йилда бир туғилса бор, бўлмаса йўқ. Ёки хозирги замона учун алломалар керак эмасми?! Керак бўлганда қандоғ. Бугун ундайин олимларга улар яшаган вақтдагиндан-да кўпроқ муҳтожмиз. Негаки улар яшаган вақт инсонлари диёнатли, ҳамиятли бўлишган. Динини билишган. Фарзандларини ҳалолдан топиб едириб, Илоҳий таълим асосида илмли қилган ва буюклар етишиб чиққан.“Сиз одамлардан фарзандингизни нима учун ўқитмоқдасиз”—деб сўраб кўринг, аксари: “ҳа энди, яхши яшасин, чиройли уйлар солсин, даромадли “ёғли” жойларда ишласин деб-да”, деб жавоб берадилар. Биродар, юқорида номлари зикр қилинган улуғларимизнинг ота-оналарини ниятлари ундай бўлмаган, десам ажабланманг. Улар илм олишни фарз деб, Ислом чироғи, халқ мадори бўлсин, юртини оламга танитсин, охиратда бошимга тож кийдирсин, деб фарзандларини ўқитганлар. Уларда дунё орзуси бўлмаган. Улар учун дунё матоҳларининг пашша қанотича ҳам қадри бўлмаган, десам муболаға бўлмас. Улар вақтинчалик дунё ҳовлисини эмас охират уйини ободлигини биринчи ўринга қўйган. Фарзандларини ҳам дунё охират ободлиги учун илмли қилганлар. Тўғри, бу оламда одам Аллоҳнинг неъматларини еб-ичиб, дунё зийнатларидан фойдаланишга ҳақли. Лекин инсон уларга қул бўлсин, дегани эмас-ку.

“Амаллар ниятга боғлиқ”, ҳадиси шарифида олам-олам маъно мужассам. Аждодларимиз каби тўғри ният ила фарзан ўқитишдан бизни нима тўсади? Албатта ният илмини билмаслигимиз! Бизлар ҳам ниятларимизни ислоҳ қила олсак, шариъатимиз таълимотларига оғишмай амал қилиб яшасак, аминманки фарзандларимиздан яна имом Бухорий, имом Мотуридийлар каби забардаст алломалар етишиб чиқади. Юртимизда самодаги юлдузларни санаб чиққан алломалар яшаб ўтган. Биз эса фарзандларимизга пул санашни ўргатмоқдамиз. Азизлар, биз ахир билакларига фарзандининг ҳам кўзи тушушидан ҳаё қилган мўмина момоларнинг авлодлари эмасмизми?! Одамзот иффат-ҳаёсини еб қўйса, у одамийликдан ажрайди. Нафсини жиловламаса, у дўзах томон кетаверади. Қачонгача улуғ аждодларимиз билан фахрланамиз-у улар каби алломалар чиқиши учун курашмаймиз? Ниятларимизни тўғриламаймиз? Шунга куяди одам. Инсон бўлиб келдикми, одамийлик қадрини билиб яшайлик,азизлар!

Авлодидан улуғлар чиқишини хоҳлаган одам қилиши керак бўлган амаллардан бири—илм аҳлларини қадрлаш, эъзозлаш, дуоларини олиш ва уларнинг хизматларига камарбаста бўлишликдир. Аллоҳга беҳисоб ҳамдлар бўлсин-ки, бизнинг аксар халқимиз бу одобни биладилар, йўлга қўйганлар. Илм аҳлини ҳар жойда эҳтиромларини жойига қўядилар. Шуни ўзи кифоямикин? Йўқ. Бизлар уларни қандай қадрлаб эъзозласак шунчалик уларни асрашни ҳам билишимиз керак.

Шунингдек яна, олимларни зиёрат қилиш одобларини билишлигимиз лозим. Азизларимизнинг қимматли вақтларини олиш уларнинг вақтига зулм қилишлик бўлади. Шу билан ҳам уларга азият етказиб қўйишимиз мумкин. Ахир уларнинг аудиториясида  минглаб, миллионлаб одамлар бўлиши мумкин. Биргина мантиқсиз тайини йўқ савол билан уларни ушлаб туриш бир китобни ўн-ўн беш  дақиқага ортга суриши мумкин. Бу дегани миллионлаб мусулмонларга ўша китоб кеч етиб боради, деганидир. Шуни ҳеч ўйлаб кўрганмизми? Аслида асраб-эъзозлаш ўрнига жабр қилиб қўямиз-ку? Шундай экан бу каби ишларга  ўта ҳушёр бўлишимиз даркор.

Авволо бир улуғ зотнинг зиёратига боришдан олдин қалбингизни, устингизни покланг. “Олимнинг олдида тилингни тий, валийнинг олдида дилингни...”—деган насиҳатни унутманг. Уларга қараб ўтириш ҳам ибодат эканлигини эслаб меҳрла боқинг. Бир китобда “мабодо бир аҳли илм сенга беҳосдан озор бериб қўйган бўлса ҳам, унга ҳатто қаттиқ нигоҳ билан ҳам қарамагин”—деган сўзларни ўқигандим. Азизларни ҳузурида ниҳоятда таъвозе билан ўтиришлик, дуоларини олишлик, дунё охират учун манфаатлик вазифалар олиб олишлик баракот олиб келади. Уларга ҳадялар бериш ҳам мандуб амаллардан саналади.

Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинким халқимиз орасидан, дини Исломга беқиёс хизматлар қилаётган ҳамаср, бир ҳаводан нафас олиб турган уломоларимиз бор. Уларнинг орамизда эканлиги бизларнинг бахтимиз, Тангри рахматининг довамийлигидир. Орамизда биз билан ёнма-ён бир сафда туриб ибодат қилаётган улуғларимиз бор. Бизлар ухлаб ётганда сизу-бизнинг хаққимизга дуогўй азизларимиз бор.

Шундай улуғларимиздан бири фазилатли шайх, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидир. Ҳазратимизнинг дунё миқёсида халқаро анжуманлардаги иштироклари бизларни қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради. Халқимиз номидан, миллат номидан азиз ватанимиз номидан Ислом оламида юқори мартабаларда туришлиги бизларнинг бахтимиздир. Ҳазратимизнинг нашрдан чиқаётган китоблари дин учун, халқимиз ҳаёти ва диний таълимотлари учун улкан хизматдир. Энди уларни ўқимаслик, улардан нуқсон қидиришлик бу ўта кетган виждонсизлик эмасми?! 

Доим бундай азизларимиз хаққида дуода бўлайлик. Яратган Эгам динимиз,халқимиз бахтига улуғларимизни омон сақласин. Улар бор экан бало-қазолар даф булур. Улуғларимиз бор экан дастурҳонларимиз тўкин. Дуолари ила юртлар обод.


Андижон шахар “Уйғур” жоме масжиди муҳтасиби 

Фарҳодбек Жўраев



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Азиз УстозимАллоҳ жойингизни Фирдавс жаннатидан қилсин, висолига меҳмон айласин Бу дунёда Расулингиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ уммат, чин давоми...

2999 16:44 / 27.03.2017
Кўп йил қозилик лавозимида ишлаган Шайх Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ ҳикоя қилади Шомда қози лавозимида ишлардим. Бир куни дўстларимдан бирининг уйида давоми...

2606 11:36 / 27.03.2017
Ислом динида оилага катта эътибор берилиб, уни қандай ташкил қилиш, оила аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, оилада чиқадиган келишмовчиликларни давоми...

10779 14:06 / 24.03.2017
Аллоҳ таоло бандалари дунёда бахтли ҳаёт кечириб, охиратда нажот топишларини хоҳлайди. Шунинг учун уларга илоҳий дастур нозил қилган. Унда Парвардигоримиз бизлар давоми...

3412 10:12 / 24.03.2017