1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Риё – қалб хасталиги

20:24 / 21.04.2017 5697 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Риё батамом қутулиш қийин бўлган маънавий офатлардан ва қалбнинг хавфли касалликларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ тавфиқ берган оз сонли кишилардан ташқари кўплаб яхшилар ва фозиллар ҳам ўз амалларида риёнинг аралашмасидан буткул омонда бўлолмаганлар. Зеро, уни бутунлай тарк этиш кучли эътибор ва доимий риёзат талаб қиладиган оғир ва мушкул ишдир. Риё шу қадар махфий нарса-ки, уни аниқлаб, кашф этиш, сўнгра қалбдан таг-туги билан қўпориб ташлаш учун не-не улуғ зотлар ҳам машаққат чекканлар. Юсуф ибн Ҳусайн айтади: “Инсон зоти учун дунёда ихлосдан кўра қийинроқ бўлган иш йўқдир. Риёни қалбимдан таг-туги билан қўпориб ташлашга ҳарчанд ҳаракат қилмайин, у ҳар сафар янги-янги кўринишда ўсиб чиқаётганга ўхшарди”.

Риё кўплаб амалларга киши ўзи сезмаган ҳолда суқилиб кириб олади. Тоат-ибодат, илм ўрганиш, китоб ёзиш, маъруза қилиш, хайр-эҳсон қилиш борингки, нимаики эзгу ва ухровий амал бўлса, барчасига у ёки бу миқдорда аралашиб қолиши мумкин. Аралашганда ҳам сезиш қийин шаклда, турли кўриниш ва ниқобларда аралашади. Таъбир жоиз бўлса, уни ўта маккор, универсал супервирус дейиш мумкин. Кимдадир кам, кимдадир кўп. Аммо, бу "вирус" кўпчиликда бор.

Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: “риё бу – одамлар кўришлари ва соҳибини мақташлари учун тоатни ошкор қилмоқдир” (“Фатҳул-Борий”: 18/336).

Имом Ғаззолий эса риёни: “яхши хислатларни кўрсатиш орқали одамлар қалбидан ўрин олиш”, дея таърифлайди (“Иҳёу улумиддин”: 2/483). Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ эса: “риёнинг асл-моҳияти мақтовни яхши кўришдир”, дейди (Ибн Абу-д-дунё: “ал-авлиё”).

Риё ҳақида айтилган таърифларни ўқир эканмиз, унча-мунчамиз бу балодан четда эмаслигимизга амин бўламиз. Айниқса, Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳининг бу иллатга берган таърифлари вужудимизни титратиб юборади. “Риёнинг асл-моҳияти мақтовни яхши кўришдир!”. Ахир, кўпчилигимиз мақтовни яхши кўрамиз, ўз кўнглимизда Аллоҳ учун холис қиляпмиз, деб ўйлаган ишимизда ҳам қандайдир мақтов ва олқишларга сазовор бўлишни ва шу туфайли обрў орттиришни севамиз. Имом Ғаззолий (р.ҳ) айтганларидек, яхши ишларни кўрсаттиш орқали инсонлар қалбидан жой олишга интиламиз.

Риё инсонни ҳалокатга етакловчи касаллик, дунё ва охират зиёнкорлигига олиб борувчи офатдир. Шу боис ҳам тақводор зотлар ундан огоҳлантиришган, солиҳ кишилар ундан қўрқишган, Пайғамбарлар бу хасталикка йўлиқиб қолишдан қайтаришган. У тубан хислат. Чунки, унда ширкнинг бир кўриниши, бир тури бор. Аллоҳдан бошқаси учун амал қилиш бор. Шунинг учун ҳам риё инсонни Раб таоло назаридан туширади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади (маъноси): “Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига бандалик қилишда бирон кимсани шерик қилмасин!” (Каҳф сураси: 110-оят). Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳу оятнинг сўнги қисмини: “Яъни, ўз амали билан риё қилмасин!”, дея тафсир қилганлар (Бағавий тафсири). 

Риёнинг даражалари          

Риё бир-биридан баттар бўлган бирнеча даражалардан иборат. Биз ҳозир унинг энг ёмони ҳисобланувчи: “амални умуман Аллоҳ учун қилмаслик” ҳақида сўз юритмоқчи эмасмиз. Умуман, Аллоҳ ризоси қасд қилинмайдиган амал учун заррача ҳам савоб берилмаслиги, балки, бу мунофиқларнинг сифати эканлиги барчага маълум. Риёнинг бу тури улкан гуноҳлардан ва нифоқ ва ширкнинг турларидан ҳисобланади. Биз бу ўринда соҳиби Аллоҳ учун деб қиладиган ишларга аралашадиган риё ҳақида сўз юритмоқчимиз, холос.

Демак, риё даража ва мартабалардан иборат. Аслида даража ва мартаба деган сўзлар яхши амаллар ва фазилатли ишларга оид ҳисобланади. Негаки, тилимизга араблардан кириб келган мазкур сўзлар моддий ёки маънавий жиҳатдан юқорилик ва баландлик мартабаларини англатади ва юқорига тўғри ҳаракатланадиган нарсаларда ишлатилади. Аммо, ўзбек тилида қуйига қараб ҳаракатланадиган нарсалар учун алоҳида сўз йўқлиги учун ёмон нарсаларда ҳам “даража” ва “мартаба” сўзларини мажозан ишлатамиз. Араблар эса бу маънони ифода қилиш учун “даракот” сўзини ишлатишади. Бу “қуйига қараб кетадиган “даражалар” маъносини англатади. Хулласи калом, риё қават-қават зулматлар ва даражалардан иборат бўлиб, баъзилари оғир, баъзилари енгил, баъзилари ошкор, баъзилари эса махфий бўлади. Баъзилари амални буткул ҳабата қилса, бошқалари унга зарар етказади, ва ҳоказо. Амалга етадиган зарарнинг кўлами эса риёнинг даражаси ва кўламига қараб турлича бўлиши мумкин. Кимки, ўз амалларини қиёмат кунида соф ва саломат ҳолда қабул қилиб олишни истаса, уларга риё аралашиб қолмаслигининг пайидан бўлиши ва қалбнинг турли бурчакларига яшириниб олган бу маккор “душман”ни аниқлаб, ундан халос бўлишга интилиши лозим. Зеро, риё ўзининг ўта махфийлиги ва сезиш қийинлиги билан хатарлидир.

Ҳадиси шарифларда риё махфий ширк деб аталган. Баъзи ҳадисларда риё тош устида юриб кетаётган чумолидан-да махфийроқ эканлиги айтилган. Шундай экан, риёдан сақланиш ва уни кашф этиб, барҳам бериш ҳар бир мўмин учун лозимдир. Зеро, махфий нарса фақат қаттиқ текшириш ва теран назар солиш билангина кашф этилади. Текшириб билиш учун эса аввал унинг нималигини билиб олиш керак. Негаки, ўзи яхши билмаган мажҳул нарсани излаб, текширишдан фойда йўқ. Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ) айтганларидек: “модомики, банда ўз амалини нима барбод қилишини билиб юрар экан, яхшиликда бўлади” (“Мусаннаф Ибн Абий Шайба”).   

Риё оламининг зулматларини қуйидаги қисмларга бўлиш мумкин. Биз унинг энг қуйи қисмидан ва энг ёмонидан бошлаймиз.

Биринчи зулмат: Ибодати ва эзгу амали билан умуман савобни кўзламаслик. Масалан, одамлар орасида бўлганда намоз ўқиб, ёлғиз ҳолда қолса ўқимаслик. Бу риёнинг энг ёмони ҳисобланади ва маҳзур-риё (ғирт риё) деб аталади.

Иккинчи зулмат: Аслида ибодат билан риёни кўзлаш, сўнгра заиф бир ният билан савобни ҳам ирода қилиш. Бу ҳам юқоридаги қисмга жуда яқин иш бўлиб, ҳар иккови ҳам Аллоҳ наздида манфур ишдир.

Учинчи зулмат: Тоат-ибодат билан риё ҳам, савоб ҳам тенг равишда кўзланади. Бу ҳолатда ундаги риёнинг ҳажмига қараб амалга фасод ва путур етади ва соҳиби гуноҳ ҳам орттиради.

Тўртинчи зулмат: Риё кишининг ибодатда фаол бўлишига сабаб бўлиши. Масалан, айрим ибодатларни бажаришда одамлар кўриб турган бўлса, кишининг фаоллиги ортади. Бунда соғлом нияти учун савоб олса, ўзига ҳам махфий бўлган бузуқ нияти (яъни риё) учун жазоланади. Қуйидаги ҳадисда риёнинг мана шу турига ишора қилинган. Абу Саид (Худрий разияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: (бир куни) масиҳ дажжол ҳақида гаплашиб ўтирганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам устимизга келиб қолдилар ва “менинг наздимда сизларга масиҳ дажжолдан кўра хавфлироқ бўлган нарсани айтайми?”, дедилар. Биз: “албатта (ё Расулаллоҳ!)”, - дедик. Шунда Ул зот: “бу махфий ширкдир!”, -  дедилар. – “У (яъни махфий ширк) шундайки, киши намозга туради ва бошқа бир киши қараб турганлиги учун намозини зийнатлайди” (Ибн Можа ривояти).

Бешинчи зулмат: Риё ибодатнинг асосида эмас, балки, унинг айрим васфларида бўлади. Масалан, рукуъ ва сужудни узоқ қилишда, хушуъ ва хузуъда риёкорлик қилади. Бунда гарчи ибодат буткул ҳабата бўлмаса ҳам аммо унга албатта бир қадар зарар етиши аниқ.

         Шунингдек, риё ошкора ва яширин турларга ҳам бўлинади. Бошқачароқ ибора билан айтсак, сезиш осон ва сезиш қийин бўлган турларга бўлинади. Ошкораси бирор амални бажаришга ундаб, кишида уни амалга оширишга рағбат ҳосил қилса, махфийси одати бўлмаган амални бошлаб қилишга ундамаса ҳам Аллоҳ ризоси қасд қилинувчи ишларни бажаришни енгиллаштиради. Масалан, бир киши ҳар кеча таҳажжуд намози ўқийди. Аммо, бу унга бироз оғир келарди. Уйига тунаб қолгани меҳмон келган пайтларда эса мазкур амал унинг учун негадир осонлашиб қолади ва ўзида ўша ибодатга нисбатан ўзгача ғайрат ва рағбат сезади. Бу ҳам риёнинг бир тури.                             

Риё кўпинча одамларнинг истеҳзоларига ҳам сабаб бўлади

Ҳикоя қилишларича, Тоҳир ибн Ҳусайн Абу Абдуллоҳ Марвазийдан: "Эй Абу Абдуллоҳ, қачондан бери Ироқдасиз?", деб сўрайди. У киши: "Ироққа келганимга йигирма йил бўлди, ўттиз йилдан бери эса мудом рўзадорман!", дея жавоб беради. Шунда бояги киши истеҳзо ва киноя билан: "Тақсир, сиздан битта масъала ҳақида сўраган эдим, лутф қилиб, икки масъала ҳаққинда жавоб бердингиз-а!", дея устидан кулиб, мулзам қилди.

Асмаъий ривоят қилади: "Аъробийлардан бири масжидга кириб, нафл намоз ўқий бошлади. У намозни жуда ҳам узун ва чиройли ўқирди. Унинг ёнида бир қанча одамлар ўтиришарди. Улар унга: "нақадар гўзал намоз ўқидинг-а!", дейишди. У бўлса: "яна рўзадор ҳам ман!", деди. Ўша ерда яна бир аъробий ўтирарди. Бу ҳолатдан унинг салиқаси жўш урдию, бу риёкор аъробийни ҳажв қилиб, бадийҳатан шеър ўқиди:

Намозин ўқиди, ёқди кўнгулға,
Дея: "рўзам бу" солди шубҳа дилға.

Аё муслим, йироқ қил ўзни чандон,
Риёкор ўлса соиму намозхон

Абул-Ҳасан Али ибн Муҳаммад Мовардийнинг ҳикоя қилишича, зоҳидлардан бири подшоҳнинг қасри олдидан ўтиб кетаётиб, баногоҳ қаср эшиги олдида навбат кутаётганлар ичида пешонасида сажда изларидан аломат бўлиб қолган катта бир доғи бор одамга кўзи тушди ва унинг олдига келиб, "икки кўзинг ўртасида шундай бир танга бор экан, бу ерда туришинг нимаси?!", деди. Шунда ҳалиги киши: "Ҳа, нимасини айтасиз, бу кумуш ё олтинга чекилган оддий тангамас(!) бу махсус танга!", дея ўзини мақтаб қўйди. Ҳолбуки, зоҳид умуман бошқа нарсани назарда тутган эди. Зоҳид киши унга насиҳат қилишни, сен шундай художўй одам экансан, ҳожатингни одамлар эшигига келиб сўрашинг ярашмайди, деган маънони ирода қилган эди. У эса, мени мақтаяпти, деб ўйлаб, юқоридагидек аҳмоқона жавоб берди.

Абу Умома масжидлардан биридан ўтаётса, бир киши йиғлаб намоз ўқирди. Абу Умома унга: “Агар шу ҳолат уйингда бўлса, сендан аълоси бўлмасди”, деди. Эҳтимол, мазкур инсон риёдан покдир. Аммо, амалига риё аралашиб қолишидан, риёга мубтало бўлиб қолишидан қўрқиб, улуғлар одамларни ҳатто шу ҳолатдан ҳам қайтаришган экан. Шу боис ҳам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг яқин соҳиблари ва шогирдларидан бири бўлган марвлик Абдуллоҳ ибн Муборак ҳазратлари: “Зуҳднинг энг афзали ўша зуҳдни беркитмоқдир”, деганлар. Баъзилар эса аксинча, зоҳидона ҳаёт кечирсалар, уни ҳаммага билдирадилар, тундаги ибодатларининг ракъатларигача яқинларига айтиб берадилар. Бу атрофдагиларнинг таҳсинига сазовор бўлади, кейин ўзини яхши кўриш, ўзига бино қўйиш пайдо бўлади, нафснинг насибалари аралашади, натижада ўтмишдаги улуғларимиз айтганларидек, афзал зуҳд бўлмай қолади.

Амалга риё аралашиб аралашмаётганини билиш учун киши ўз нафсини ўқтин-ўқтин сўроқ қилиб турмоғи фойдалидир. Масалан,  фалон амалимни холис қиляпманми, ёки ундан нафсимга ҳам насиба ажратаяпманми, фалон амални Аллоҳ ризоси учун қиляпманми, ёки одамлардан уялиб, уларнинг маломатига қолмаслик учун қиляпманми, каби сўроқлар билан ўз виждонимизга савол бериб туришимиз керак. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “эзгуликдан бирор ишни риё учун қилмагин, шунингдек, яхши ишни ҳаё туфайли ҳам тарк қилмагин”.

Бир куни Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу минбарда хутба қилар эканлар, ўзларидан ел чиққанини ҳис қилдилар. Шунда бироз ўйланиб туриб, “Эй Одамлар!”, - дедилар, - “мен Аллоҳ борасида сизлардан қўрқайинми, ёки сизлар борангизда Аллоҳдан қўрқайинми (яъни Аллоҳни ғазаблантириб, сизларнинг риоянгизни қилаймикин, ёки сизларнинг ғазабингизга дучор бўлиш эвазига Аллоҳнинг риоясини қилаймикин)?”, дея тараддудланиб қолдим. Сўнг, сиз борангизда Аллоҳдан қўрқишим мен учун маҳбуброқ кўринди. Мен ел чиқариб қўйдим, энди, минбардан тушиб, таҳоратимни янгилайман”. Бу иш билан Ул зот ўз нафсларининг бурнини ерга ишқаб, тарбия қилган эдилар.

Ҳа, бу жуда ҳам ибратли, чуқур маъно ва тарбияга эга бўлган воқеа. Баъзи одамлар ўзгаларнинг ҳурматига сазовор бўлиш, ёхуд ўзига мухлис ва эргашувчилар орттириш учун ўзларида йўқ нарсани бор қилиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Баъзилар эса, улуғлик васвасасига, даҳолик касалига дучор бўлиб қолиб, шу ишнинг аҳли бўлмаса ҳам тинмай китоб ва ҳоказолар ёзишга тушиб кетадилар. Айрим мударрис ва ўқитувчилар эса талабаларнинг бирор саволига жавобни билмаса, “билмайман!”, дейишдан ор қилиб, нотўғри ёки чала-ярим жавоб берадилар. Бу ҳам афсуски, риёнинг бир кўриниши. Ҳолбуки, ўқитувчи шундай ўринда “билмайман” ёки “кейинги сафар ўрганиб келаман” дея жавоб берса, оқил кишилар ҳузурида обрўси заррача камайиб қолмайди, аксинча, янада зиёда бўлади ва ўқувчилардаги унга бўлган ихлос янада ортиб кетади. Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом марҳамат қилиб дедилар: “ўзида йўқ нарсани бор қилиб кўрсатувчи бамисоли, эгнига ёлғон уст-бош кийган кимса кабидир” (Имом Муслим ривояти). Зеро, у солиҳлар либосини киядию, аслида ўзи солиҳлардан бўлмайди. Олимлар либосини киядию лекин улардан бўлмайди. Энг ачинарлиси, ушбу ҳақиқатни унинг ўзи билмайди. Шундай ҳолатга тушиб қолишдан Аллоҳ асрасин!

         Риё – арабча “руъят” (кўриш) сўзидан олинган бўлиб, луғавий жиҳатдан амални кўз-кўз қилишни англатади. Буни бизнинг тилда “хўжакўрсинга амал қилиш” ҳам дейилади. Унинг яна бир эши бўлиб, у сумъа деб аталади. “Сумъа” арабча “самъ” (эшитиш) сўзидан олинган бўлиб, одамлар эшитсин учун амал қилишни англатади. Демак, Имом Ғаззолий айтганидек, риё кўриш аъзосига, сумъа эса эшитиш ҳоссасига боғлиқ нарса (Иҳёу улуми-д-дин: 2/483). Лекин, бу иккиси орасида жуда катта фарқ йўқ. Мисол учун, қайсидир одам ўзи ҳақида “фалончи ҳар куни Қуръони каримдан фалонча жуз ўқир экан”, “ҳар кеча туни билан намоз ўқиб чиқар экан” деган сўзлар тарқалиши учун шу ишларни қилса, у сумъа қилган бўлади. Аммо, у ҳақда шундай гап-сўзлар тарқалишидан аввал кимгадир мазкур амалларини кўз-кўз қилган ҳам бўлса, бу жиҳатдан риё қилган бўлади. Баъзиларга кўра, риёкор амалини кўз-кўз қилади, сумъачи эса амалини беркитади. Бироқ, кейин бошқаларга гапириб бериб, шу билан шуҳрат қозонишни истайди. Кимки, амалини риё ва сумъа учун қилган бўлса, ундай амал учун савоб берилмайди, балки, қиёматда азобга дучор бўлади. “Сумъа” донг, довруқ, обрў маъноларига ҳам далолат қилади.

Жундуб ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Ким эшиттирса, (одамларга эшиттириш учун, сумъа учун амал қилса), Аллоҳ уни эшиттиради. Кимки, кўз-кўз қилса, Аллоҳ уни кўз-кўз қилади” (муттафақун алайҳ).

         Уламолар ушбу ҳадис мазмунини икки хил талқин қилганлар. Биринчиси шуки, кимки, ўз амалларини сумъа ва риё учун қилса, Аллоҳ у инсоннинг ниятига қараб бу дунёда сумъа яъни довруқ бериб қўяди. У киши тилларда достон бўлади. Солиҳ амал қилишдан мақсади Аллоҳ розилиги эмас, балки, одамлар кўриб, уни яхши кўришлари ва ҳурмат қилишлари бўлганлиги туфайли, ниятига яраша Аллоҳ унинг амалини одамларга зийнатлаб кўрсатиб қўяди ва натижада бу дунёда ҳурмати ошиб кетади. Аммо, Охиратда эса қилган амалидан ҳеч нарсага эришолмайди. Балки, холис Аллоҳ учун қилиниши керак бўлган амалга риё ва сумъа аралаштиргани учун жазо ва уқубатга дучор бўлади. Иккинчи маънога кўра, “Кимки, эшиттириш учун амал қилса, Аллоҳ уни эшиттиради. Кимки, кўз-кўз қилиш учун амал қилса, Аллоҳ уни кўз-кўз қилади”, деган сўздан “Аллоҳ унинг кимлигини, асл башарасини одамларга кўрсатиб, обрўсини тўкиб қўяди, у ҳақда кишилар ўртасида салбий сўзлар тарқалади, деган маъно келиб чиқади. Зеро, Аллоҳ ҳамманинг қалбига назар солиб турар экан, инсон қалбидаги ниятига қараб жазо ёки мукофот олаверади. Агар нияти одамларни алдаш бўлса, бориб-бориб ўзи алданади. Мақсади макр-ҳийла бўлса, ўзи макр-ҳийлага йўлиқади. Риё ва сумъада ҳам шундай. Бузуқ ният билан обрў ва ҳурматга эга бўлишни истаган одам истагининг тескарисига йўлиқади. Фош бўлади ва ёмон обрў ҳамда ёмон сумъа орттиради. Аслида унинг мақсади ҳам сумъа ва обрў эди. Унга сумъа ва обрў берилади. Бироқ, нияти фосидлиги учун у кутган сумъа эмас, Аллоҳ истаган ва қалбидаги ниятига лойиқ бўлган сумъага эга бўлади. Зеро, жазо амалнинг жинсидан бўлур. Шу боис ҳам Хаттобий юқоридаги ҳадисни шарҳлар экан “кимки, одамлар кўриб, эшитишларини ирода қилган ҳолда ихлоссиз амал қилса, ниятига яраша жазоланади. Яъни, Аллоҳ уни фош қилиб, шарманда қилади. Ичидаги беркитаётган мақсадини зоҳир қилиб қўяди ”, деганлар.           

         Фузайл ибн Иёз (ваф: 187 ҳ.й): “Амалнинг энг афзали махфийроғидир, шайтондан энг кўп ҳимоялангани эса риёда узоқроқ бўлганидир”, деганлар. Бишр ибн Ҳорис Ҳофийнинг (ваф:227ҳ.й) Сарий Сақатийга шундай ўгит бергани ривоят қилинади: “Билки, Аллоҳ сени ҳур-озод қилиб яратган. Шундай экан, У яратганидек ҳур бўлгин: шаҳарда аҳлинг ва яқинларингга, сафарда эса ҳамроҳларинга риё қилмагин. Балки, ёлғиз Аллоҳ учун амал қилгин!” (ал-муъжам ас-сувфий). Бишр Ҳофий бу сўзлари билан риё инсонларга қуллик эканлигини айтмоқчи бўладилар. Зеро, банда Аллоҳ ризоси кўзланадиган тоат-ибодатига риё орқали бандаларни ҳам аралаштирса, қайсидир жиҳатдан унинг қуллиги холис Аллоҳ учун бўлмай қолади. Бу жуда ҳам ҳакимона айтилган гўзал сўзлар бўлиб, риёнинг Набий алайҳиссалом томонларидан кичик ширк, махфий ширк деб аталишининг ҳам ҳикматини очиб беради. Ҳотим Асам (ваф:237ҳ.й) айтади: “мунофиқ кимса дунёдан нимадир олса, ҳирс (очкўзлик) билан олади, ман қилса (яъни ёрдам сўровчига нарса бермаса), қалбидаги шак туфайли ман қилади, бордию, инфоқ-эҳсон қилса, риё учун қилади. Мўмин эса дунёдан нимадир олса, хавф билан олади, (ушлаб турмоқчи бўлса) суннат билан уни қўлида тутиб туради ва (инфоқ қилса) тоатда холис бўлиб инфоқ қилади”. 

         Риёнинг зидди ихлосдир. Зидди орқали нарсалар яхши англанади, зидди билан нарсалар бир-бирилан яхши фарқланади, дейишади. Риёни тўлиқ тушунишимиз учун унинг зидди бўлган ихлосни ҳам яхши билиб олишимиз керак. Зеро, ихлос риёнинг айнан тескарисидир.

         Ихлос сўзи луғатда “мусаффо бўлди, пок бўлди” маъносини англатувчи арабча “халаса” сўзидан олинган бўлиб, мусаффо қилиш, бирор нарсани турли аралашма ва кирликлардан холи қилиш маъноларига далолат қилади. Истилоҳда эса “ихлос” банданинг Аллоҳга эътиқод ва амал билан юзланишида содиқ ва самимий бўлишини, У  учун қиладиган тоат-ибодатларига риё, сумъа, ўзига бино қўйиш, кибр каби нафснинг насибаларини аралаштирмасликни англатади. Мўминлар ҳар бир амални холис Аллоҳ ризоси учун бажаришга Қуръони карим ва ҳадиси шариф орқали буюрилгандирлар. Жумладан, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади (маъноси): “Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга динни холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилган эдилар” (Баййина, 5-оят). Шу боис сўзу амалдаги ихлос амал қабул бўлишининг асосий сабаби ҳисобланади. Саҳл Тустарий айтади: “донолар ихлос сўзининг тафсирига назар солиб, мана бундан бошқа маъно тополмадилар: “кишининг ҳаракати ҳам, сукунати ҳам, махфий ҳолати ҳам, ошкор ҳолати ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлади ва унга ҳеч нарса аралашмайди: на нафс, на ҳавою хоҳиш ва на дунё. Зеро, Аллоҳ таоло: “Айтинг (эй Муҳаммад): “Албатта, намозим, ибодатларим, ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир!”(Анъом, 162-оят), дейди”. Тоат-ибодат қабул бўлиши учун асосий иккита шарт мавжуд бўлиб, бири амалнинг шариатга мувофиқ бўлиши бўлса, иккинчиси ўша амалнинг ихлос билан бажарилишидир. Шунинг ўзи “ихлос”нинг динимизда нечоғли муҳим ўрин тутишини англатади. Бу дегани ихлос диннинг ярми дегани эмас, балки, ихлос диннинг ҳаммасидир. Зеро, ихлос бўлмаса, ҳарқандай амал зое кетади.

Ўтган улуғ зотларнинг ихлос ҳақида айтган сўзларидан

Ҳақиқий мухлис гуноҳларини қандай яширса, савобли ишларини ҳам шундай беркитадиган кишидир.

Нафс учун ихлосдан-да оғирроқ ва машаққатлироқ бўлган иш йўқ. Чунки, ихлосда нафс учун ҳеч қандай насиба йўқ-да.

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий

Инсон зоти учун дунёда ихлосдан кўра қийинроқ бўлган иш бўлмаса керак. Риёни қалбимдан таг-туги билан қўпориб ташлашга ҳарчанд ҳаракат қилмайин, ҳар сафар у янги-янги кўринишда ўсиб чиқаётганга ўхшайди.

Юсуф ибн Ҳусайн

Ўзидан Аллоҳ ризоси ирода қилинмаган ҳар қандай иш йўқ бўлиб кетишга маҳкум.

Рабиъ ибн Хусайм

Банда ўз ишларида ихлосни лозим тутса, васваса ва риё уни тарк қилади.

Абу Сулаймон Дороний

Қамчи билан калтакланмоқ биз учун солиҳ ва холис ният қилишдан кўра енгилроқ бўлган нарсадир.

Нуъайм ибн Ҳаммод

Амалдан аввал холис ният қилишни ўрганинг. Зеро, ният амалдан муҳимроқдир.

Яҳё ибн Абу Касир

Қайси бир банда қирқ кун давомида риёдан сақланиб, ихлос билан Аллоҳга тоат-ибодатда бўлса, унинг қалбидан ҳикмат чашмалари тилига оқиб чиққусидир.

Макҳул

Ниятни холис қилмасдан ҳамда Пайғамбарга эргашмасдан бажарилган амал соҳибининг мисоли хуржунларини қум билан тўлдириб олган мусофирга ўхшайди. Хуржунлар унинг елкасини оғирлаштиради, аммо ҳеч қандай наф келтирмайди.

Ибн Қаййим

Тошкент шаҳри Минор масжиди имом-хатиби, Юнусобод туман бош имоми 

Раҳматуллоҳ Ҳабибуллоҳ ўғли

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Оилавий тарбиянинг жамият ҳаётига таъсириХалқимизда .Қуш уясида кўрганини қилади, деган жуда ҳам ибратли вачуқур маънога эга бўлган сўз бор. Бу сўз замирида давоми...

3753 21:37 / 21.04.2017
Маълумки, Ислом дини инсониятни гўзал хулқу одобга чорлаш, уларни инсоний фазилатлар эгаси қилиб тарбиялаш учун нозил қилинган бўлиб, унинг таълимоти инсоният давоми...

8579 10:31 / 24.03.2017
Айрим мусулмонларнинг .ё пирим,, .ё Али,, .пирим мадад,, .менинг қўлим эмас фалончининг қўли,, .руҳи арвоҳлар қўлласин,, .фалончи ҳаққи ҳурмати,, .фалончини восита давоми...

6599 09:17 / 24.03.2017
Дуо луғатда, илтижоrdquo, ўтинчrdquo каби маъноларни англатади. Истилоҳда, банда ўзининг фақирлигини, ҳожатмандлигини, ва мутелигини ҳамма нарсага қодир бўлган давоми...

2918 21:15 / 21.04.2017