1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Амалда ниятнинг аҳамияти

15:20 / 22.04.2017 3395 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис саломнинг машҳур "Илм излашлик ҳар бир мусулмон эр ва аёлга фарздир" деган ҳадислари кўпчиликка малум. Уламоларнинг изоҳлашларича, шу ҳадисга мувофиқ, ҳар бир соҳа эгаси ўз соҳасига доир шаръий илмларни ўзлаштириб олиши фарздир. Соҳасидан ташқари илмлар эса унга фазилат ҳисобланади. Бази илмлар кимгадир фарз бўлса бошқа бировга фазилат бўлади. Савдогарга тижорат фиқҳи фарз аммо, овчилик фиқҳи унга фазилат. Овчига эса ҳайвонни шариатга мувофиқ ов қилишни ўрганиши фарз, савдогарчилик илми фазилат.

Энди, илмлар ичида бир илм борки, у асло соҳа танламайди. Балки, ҳар соҳа эгаси уни билиши лозимдир. Бу – амалларда тўғри ният қила билиш илми. Мақола ва китоб ёзишга лаёқатли ҳар бир аҳли илм кўпроқ  ёритиши лозим бўлган, толиби илмлар тез-тез мурожаат қилиб туриши зарур бўлган, авом эса биринчи бўлиб ўрганиши керак бўлган,  қўйингки, барча мусулмон учун энг муҳим бўлган мавзу,  ҳудди ўша, амалларда ниятни ислоҳ қилиш мавзусидир. Бу ҳақда Ибн Аби Жамра (р.а.)нинг сўзи жуда ўринли бўлган. У киши айтган эдилар: "Мен шуни истардимки, қани энди фақиҳлар ичида бир фақиҳ бўлса-ю, унинг ҳеч қандай иши бўлмаса ва у фақатгина, инсонларга  амаллардан кўзланиши керак бўлган мақсадларни ўргатса. У фақиҳ, ниятларни ислоҳ қилиш ҳақида дарс бериш билан машғул бўлса. Мен шуларни жуда-жуда ҳохлардим. Чунки жуда кўп инсонлар ҳудди шу соҳада оқсоқдирлар. ".

    Дарҳақиқат Ибн Аби Жамра роҳимаҳуллоҳ ҳақ эдилар. Зотан, аксар ҳолда ибодатларимизнинг бу жиҳатига аҳамият беришдан ғафлатда қоламиз. Одатда Шайтон мўминнинг амалини пучга чиқариш учун, асосий кучини унинг ниятига қаратади. Риё, сумъа, ужб, шуҳратпарастлик каби иллатларни аралаштиришга жон-жаҳди билан тиришади. Шулардан бирортасини мўминнинг қалбига олиб кира олдими? тамом, амал бекор бўлади. Чунки ният холис Аллоҳ учун бўлмаса у амалнинг ташқи қиёфаси ҳар қанча гўзал бўлсин, Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадрсиз бўлиб қолаверади. Ўкинч билан, афсуслар-надоматлар билан тан оламизки, бу жиҳат бугунги кунда аҳолининг илмсиз қуйи қатлами у ёқда турсин ҳатто, жуда кўп аҳли илмларнинг ҳам назаридан четда қолмоқда. Минбарларда туриб, мавъизаларда  фасоҳат билан, сўзамоллик қиламиз. Қалбимизнинг тубида эса, ўзимизни танитиш, шуҳрат қозониш, обрў орттириш каби махфий мақсадларимиз бор. Масжидга қатнаймиз, намоз ўқиймиз  токи, одамлар бизни "намозҳон" десин учун. Маросим-у маракаларда тиловат қилиб, мавлидҳонлик билан ширали овозларимизни мақтанамиз. "Ёшим бир жойга бориб қолди, камига домла деган номим бор. Энди соқол қўймасам бўлмайди" деган асли пуч ниятлар билан гўёки суннатга амал қиламиз. Бу амалларни биз аслида кимга атаб қилмоқдамиз?! Холис Аллоҳгами ёки ундан бошқаларгами?!  Бу ҳақида жиддийроқ ўйланишимиз керак. 

     Одоб – аҳлоққа доир диний китобларни қўлга олар экансиз, уларнинг аксарида биринчи боб албатта, ниятни ислоҳ қилиш ҳақида бўлади. Ислом оламида қуръони каримдан кейинги мақомда деб этироф қилинган китоб, буюк ватандош бобомиз, имом Бухорийнинг ҳадис тўпламида ҳам, ният ҳақидаги ҳадис шариф биринчи ўринда келтирилган. Машҳур Мишкоти шарифнинг биринчи саҳифаси ҳам, ният ҳақидаги ҳадис билан ибтидо қилинган. Бу  муаллифлар  албатта, амалларда нийятнинг муҳимлигидан, айни мавзуни муқаддам қилган бўлсалар ажабмас.

Китоб ва суннат ният ҳақида

    Шаиратимизнинг асосий манбаси бўлмиш, қуръони карим ва суннати набавияда ҳам, амалларда ниятнинг нечоғли муҳим эканлиги, унинг ўрни этиборли экани ва фазилатлари ҳақида очиқ-ойдин баён қилинган.

Аллоҳ таоло қуръони каримда айтади: 

"Ҳолбуки, улар буюрилмади магар, (буюрилдилар) Аллоҳгагина ибодат қилишга, унинг динигагина ихлос қилишга..." (Баййина -5)

Тафсирчилар устози, улуғ саҳоба  Абдуллоҳ Ибн Аббос (р.а.) ояти кариманинг тафсирида айтади:  Тавротда ҳам, Инжилда ҳам Аллоҳни ягона деб билган ҳолда, унга чин ихлос билан ибодат қилишга амр қилинган. Ихлос—бу риё шоибалари  аралашмаган  соф ният демакдир. Бу оят, ишнинг бошидан то охирига қадар чин ихлос билан адо қилиниши вожиб эканини уқтирмоқда. Чин мухлис шундай кишики, у яхши амалларни яхшилиги туфайли, вожиб амалларни вожиблиги туфайли адо қилиб боради. Бу ишларнинг барида ниятнинг муҳим ўрни бор. Ояти кариманинг далолати бўйича, Аллоҳ тарафидан келган буйруқларнинг ҳаммаси соф ният билан бирга адо қилиниши лозим. (тафсири хозин) 

1.    Умар ибн Ҳаттоб (р.а.) дан ривоят қилинди: Росулуллоҳ (с.а.в.) деди: "Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва унинг Росули учун бўлса бас, унинг ҳижрати Аллоҳ ва унинг Росулигадир. Кимнинг ҳижрати дунё ёки ҳотин олиш бўлса бас, унинг ҳижрати ниятига яраша бўлади." (Муттафақуналайҳ.)

Имом Шофеий (р.а.) бу ҳадисни диннинг ярми деганлар. Сабаби диннинг зоҳири илм ботини эса ниятдир. Имом Аҳмад эса, бу ҳадис Исломнинг учдан биридир, деган. 

2.    Росулуллоҳ жаноблари "Табук ғазоти"дан қайтишда, Мадинада касаллик ва бошқа узрлар билан ғазотга чиқолмасдан қолган саҳобалар ҳам, Табук сафарига чиққанлар билан савобда шерик эканларини ҳабар қилдилар. Ҳайратланган саҳобалар бунинг сабабини сўраганларида, ул зот "Уларни узргина ушлаб қолди. Яхши ниятда биз билан шерик эдилар" деб жавоб бердилар. (Бухорий)

3.    Имом Абу Довуд Абу Яъла ибн Умая ҳадисини ривоят қилишича, у бир ғазот сафарида ўзининг ўрнига бировни уч динорга ёллаб ғазотга юборади. Шунда Росулуллоҳ жаноблари айтгандиларки: "Мен уни бу ғазотдан дунё ва охирати учун бирон нима топганини билмадим. Магар  шу ўзи белгилаган уч динор холос" дедилар. (Абу Довуд)

4.    имом Ибн Можа Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда қуйидаги иборалар мавжуд "Кимки бирор аёлга келишилган маҳр билан уйланса-ю бироқ, унинг ниятида маҳрни тўламаслик бўлса, бас, у зино қилувчидир" (Ибн Можа)

5.    Умму Салама (р.а.) онамиздан ривоят қилинган ҳадис шарифда Росулуллоҳнинг "(Маййитлар ҳашр кунида) ниятларига мувофиқ тирилтириладилар" дейилган. (Муслим)

6.    Исҳоқ ибн Аби Талҳадан мурсалан ривоят қилинди: "кимки Аллоҳ учун ҳушбўй сепса, қиёмат куни ундан мушки анбарданда ёқимлироқ ҳид таралади. Кимки, Аллоҳдан бошқаси учун ҳушбўйланса қиёмат куни ундан ўлаксаникиданда бадбўйроқ ҳид анқиб туради" (Эҳё... Ғаззолий)

Ният амалдан яҳшироқдир

    Имом Тобароний  Саҳл ибн Саъддан (р.а.)дан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг "Мўминнинг нияти амалидан яҳшидир" деган ҳадисларини ривоят қилган. Шунингдек, имом Байҳақий "Шуъабул-иймон"да, имом Аскарий "Амсол"да Анас ибн Молик (р.а.) дан "Мўминнинг нияти амалидан етукроқдир" деган ҳадисни ривоят қилган.  Бу ҳадисларни аксар муҳаддислар заиф, деган бўлсада шайҳ мулла Али ал-қори ҳазратлари, унинг ривоят туруқлари кўплигидан ҳасан даражасига етиб боргандир, деганлар. 

Бу ҳадиснинг зоҳиридан "Ният амалдан яхши бўлса, биз яхшироғини танлаймиз. Ният билан кифояланамиз." деган манодаги ботил тушунчага бориш хатодир.  Уламоларимиз ҳадиснинг изоҳида бир неча маноларни баён қилиб  ҳақиқатни юзага чиқариб берганлар. Уларни билиб, ўзлаштириб олиш ҳар биримиз учун лозим деб ўйлайман.

1.    Ният амалдан яҳши эканлиги шуки,  қачонки мўминнинг яҳши амалига яҳши ният ҳамроҳ бўлса, ниятнинг мақоми амалдан шарафлироқ бўлади. Чунки амал мисоли бир жасад бўлса, ният унинг руҳи кабидир. Руҳсиз жасад бирон нарса қила олмаганидек, ниятсиз амалда ҳам ҳайр бўлмайди.

2.    Мўминнинг нияти амалидан яхши эканлигининг яна бир сабаби шуки,  ният таъаддуд ва кўпайишни қабул қилади, бир амалдан бир неча фойдали мақсадлар кўзланиши мумкин. Натижада савоб ҳам шунга муносиб бир неча ҳисса бўлади. Амал эса ундай эмас. Масалан, масжидга кирган киши этикофни, намозни мунтазир бўлиб кутишликни, дунёдан ҳоли бўлишни, аллоҳнинг байтини зиёрат этишни, зикрни, тиловатни, кўз, тил ва қулоқ каби азоларни бефойда нарсалардан сақлашни ва масжидни обод қилишни ният қилиши мумкин. Агар шундай қилса унга шу ниятларига яраша, кўп ажр берилади. Бироқ, масжидга фақат намоз ўқиш учун кирса, у ҳолда фақат бир ҳисса савобга эга бўлади холос.  Ният шу жиҳати билан амалдан яҳшидир.

3.    Ният амалдан яхшилигининг сабаби шуки, ният инсоннинг имконияти билан боғлиқ эмас. Инсон бирон яхшиликка имкони бўлмаган ҳолда ўша ишни ният қилса унинг шу нияти учун савоб берилаверади. Амал эса ундай эмасдир. Масалан, фақир қашшоқ киши қул озод қилишни, закот тарқатишни ёки масжид-мадрсалар бино қилишни ният қилиши мумкин. Унинг бу ниятларига савоб берилаверади. Аммо амал эса имконга боғлиқ тоатдир. Ривоятларда келтирилишича, Бани Исроилдан бир киши катта қумтепалик ёнидан ўтар экан ҳаёлида "агар шу қумлар егулик бўлганида эди, уларнинг барини фақирларга улашиб чиқардим" деб ўй қилди. Аллоҳ таоло ўша давр пайғамбарига ваҳй қилдики, "фалончига у кўрган қумтепаликдаги қумларнинг ададича таом тарқатган савоби берилди" деб. Абул-қосим Қушайрий қуддиса сирруҳу шундай нақл қилади: Зубайда (р.а.) вафотидан кейин базилар уни тушида кўрди. Зубайдага Аллоҳ эҳсон қилган эди. Уни кўрганлар сўради: эй Зубайда бу мартабалар яҳши амалларинг учнуми? Зубайда жавоб берди: Ҳайҳот менга амалларимнинг фойдаси бўлмади. Менга яҳши ниятларим қўл келди.

4.    Ниятнинг амалдан яҳши бўлишига яна бир сабаб, ният амалларни саҳиҳ бўлишини таминловчи омил вазифасини бажаришлигидир. Масалан, намоз, рўза каби ибодатларни саҳиҳ бўлиши учун ният фарз ҳисобланади. Базида эса ният амалларнинг савобини кўпайтиришга ҳизмат қилади. Масалан, таҳорат, сатри аврат каби ишларга яҳши ният ҳамроҳ бўлса уларнинг савоби янада ортади.

5.    Ниятнинг амалдан яҳши эканлигини билдирувчи яна бир жиҳат, ниятнинг маконидир. Табиийки, ният мўминнинг қалбида бўлади. Қалб эса, маърифат макони. Суҳайл ибн Абдуллоҳ ат-Тустурий қуддиса сирруҳ айтардилар: "Аллоҳ таоло мўминнинг қалбидан кўра шарафли маконни яратмаган." Росулуллоҳнинг "Аллоҳ сизларнинг сурат ва амалларингизга эмас балки, қалбингизга боқади" маносидаги ҳадис  шунингдек, "Жасадда бир музға (лаҳта қон) бор. Қачонки у салоҳият топса жасаднинг бошқа қисми ҳам салоҳиятли бўлади, қачонки у фасод бўлса жасаднинг бошқа азолари ҳам фасод бўлади" мазмунидаги ҳадислар ҳам қалбнинг энг шарафли жой эканига ишора қилади. Энг азиз жойдан чиққан нарса бошқаларидан кўра азизроқ бўлганидек, ният ҳам бошқа азолар билан қилинган амаллардан яҳшироқдир. Умуман олганда ният ботиний амал бўлиб зоҳирий амаллардан афзалдир.

6.    Ниятни амалдан яҳши эканига яна бир сабаб, ниятдан ҳеч қачон риё иси келмайди. У фақат холис Аллоҳ учун бўлади. Аммо, амалга эса, базида риё ҳам аралашиб қолади. Ривоятларда келтирилишича, Умар (р.а.) бир бадавийнинг намоз ўқишини кўрди. Унинг намозида бир қанча қусурлар бор эди. Ҳазрат Умар уни намоздан тўҳтатиб, танбеҳ берди ва намоз кайфиятини кўрсатиб шундай ўқишни амр қилди. У ҳудди ҳалифа Умар талим берганидек ўқиди. Шунда ҳазрат Умар унга,- буниси яҳшими ё аввалгиси яҳшими?  Деб савол берди. Бадавий- аввалгиси яҳши эди. Чунки у холис Аллоҳ учун бўларди бунисига эса ҳалифадан ҳавфсираш аралашиб қолди, деб жавоб берди. Ҳазрат Умар унга қараб, табассум қилиб қўйдилар.

7.    Мўминнинг ниятини амалдан афзал қилган яна бир жиҳат шуки, уннинг ниятида ҳамиша холислик, садоқат бўлади. Мунофиқларнинг амали эса ниятдан ҳоли бўлади.  Шу туфайли айтиладики, "Мунофиқнинг амали ниятидан яҳшидир."

8.    Ниятни амалдан яҳши эканига яна бир сабаб, ният амал билан бирга бўлмаса ҳам,  ўзи мустақил бир ибодат бўла олади. Амал эса ундай эмас. Ниятсиз амалларнинг базиси мутлақо саҳиҳ бўлмайди, базилари эса саиҳ деб ҳукм қилинсада савобдан маҳрум бўлади.

9.    Ниятни амалдан яҳши эканига яна бир сабаб, ният чексиз бўлади, унинг савоби то даври қиёматгача чўзилиб бориши мумкин. Аммо амал инсоннинг вафоти билан ниҳоя топади. Айтилишича, мўминнинг жаннатга кириши Аллоҳнинг фазли ва эҳсони билан, жаннатдаги даражалар эса, инсоннинг амаллари билан, жаннатда абадий қолиш эса унинг яҳши нияти билан бўлади. Шунингдек, Дўзаҳга дохил бўлиш Аллоҳнинг адолати билан, дўзаҳдага жазо турлари эса инсоннинг гуноҳлари билан, дўзаҳда абадий қолиш эса қабиҳ ниятлар биландир.


Ниятлар гуноҳларни ўзгартирмайди

Ҳалқни орасида ботил бир қоида бор. Яни, "кишининг нияти яҳши бўлса бўлди." Бу қоидага асосан айрим гуноҳларни ўзига одат қилганлар амал қилишади. Масалан, номаҳрамлар билан аралишиб юрувчиларга, бу ишинг яҳши эмас, деб танбеҳ берилганда улар "менинг ниятим пок, биз бир-биримизни фақат яҳшиликка чақирамиз" деб ўзларини оқлайди. Ёки ҳаромдан мол топишни касб қилган, ва у ўзини "мен бу мол дунёни ҳажга бориш учун жамғаряпманку" деб ўзини овутади. Гўёки улар Росулуллоҳнинг "Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир...." деган ҳадисига амал қилмоқдалар.  Уларнинг бу ҳаёллари жоҳилликдир холос. Яҳши ният ҳеч қачон гуноҳни тоатга айлантира олмайди. Балки, уларнинг шариатга хилоф равишда, ёмонлик билан яҳшиликни кўзлашлари алоҳида бир гуноҳдир. Агар улар бу ишларини билиб туриб қилаётган бўлсалар шариатга очиқчасига зид иш қилувчилардир. Мабодо билмасдан қилаётган бўлсалар Аллоҳ олдида осийдирлар. Улар бундай ҳолга  шаҳватлари, ҳавойи-нафслари кетидан тушганлар. Асло ибодат ва яҳшилик қилиш ниятлари йўқ уларнинг. Қачонки инсон қалби фасодга моил бўлса Шайтон уни, ҳеч қийналмасдан шунақанги ботил "қоидаларга амал қилиб юрувчи солиҳ"га айлантириб олади Ҳайҳот гуноҳлар ният билан тоат бўлолмайди. Ҳатто бази олимлар айтадики: "Ҳаромдан мол топиб савоб умидида садақа қилган кишининг иймони кетади."  

Росулуллоҳнинг "Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир" деган сўзлари тоатлар ва мубоҳларга хосдир. Гуноҳларга асло алоқаси йўқ.  Чунки, тоатлар ниятга қараб яҳшилик ва ёмонлик бўлиши мумкин. Масалан намозни ҳолис Аллоҳ учун барпо қилинса у тоатдир. Мабодо, риё ниятида ўқилса агарча у ташқаридан тоат бўлиб кўринсада аслида маъсиятдир. Шунингдек мубоҳлар ҳам ният туфайли ё гуноҳ ё тоат бўлади. Масалан, ўзига ҳушбўй сепган шахс, Росулуллоҳнинг суннати бўлгани учун, Аллоҳнинг нематидан фойдаланмоқ ва мўминларга ҳушбўй ҳид таратиб уларни шод қилмоқни ният қилса, унинг бу амали тоатдир.  Лекин, бу ҳушбўй атирни сепишда номаҳрамларни ўзига жалб этишни, ёки ўзининг қимматбаҳо атирлари билан бойлигини мақтанишни ният қилган бўлса унинг бу мубоҳ амали маъсиятга ўзгаради. Аммо, гуноҳлар эса асло ўз ҳолидан ўзгармайди балки, унинг эгаси қандай ният қилишидан қатъий назар гуноҳлигича қолаверади.

Аллоҳ таоло ҳар биримизни чин ихлос билан амал қилишга, ибодатларимизга риё, сумъа каби иллатлар аралашиб қолмаслигига муваффақ айласин.


Андижон шаҳар. "Уйғур" жоме масжид ноиб имоми

Ҳикматуллоҳ Иброҳим



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Радио эшиттиришлардан бирида тингловчиларга бир савол берилиб, ўша саволга тўғри жавоб берган иштирокчига жуда қиммматбаҳо совға эълон қилинди. Ўша савол давоми...

4128 15:27 / 22.04.2017
Албатта, ҳамду санолар Аллоҳникидир Биз У зотни мақтаймиз. У зотдан мадад ва мағфират сўраймиз. Аллоҳдан ўз нафсимиз ва амалимиз ёмонликларидан паноҳ тилаймиз. давоми...

2765 09:39 / 22.03.2017
Салафи солиҳлардан бирлари айтган экан Аллоҳ таоло буюрган ишни қилишда шайтоннинг икки ҳамласига учраш бордир 1 ё шу амалда банданинг нуқсонга йўл қўйиши, 2 ёки давоми...

2453 15:17 / 27.03.2017
Мусулмонлар Мадинаи мунавварага келганларида ҳануз азон машруъ бўлмаганди. Намоз вақтини билишда қийналишарди. Гоҳида эрта келиб қолар ва намозни узоқ муддат давоми...

3706 15:26 / 24.03.2017