1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Ноёб ҳикматлар

11:35 / 27.03.2017 7296 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу “Ноёб ҳикматлар” номли тўплам турли интернет сайтларида эълон қилинган ҳар хил мавзулардаги тасвирли арабча ҳикматлардан таржима қилинди. Ўз навбатида у, аввалроқ, ислом.уз сайтида нашр қилинган “Янги ҳикматлар”, “Нодир ҳикматлар” каби тўпламларнинг узвий давомидир. Марҳамат, азизлар, ўқиб, ором олинг!  



Ҳақиқий дўст шуки, сен бугун кун бўйи у билан тортишасан-да, эртага сен ҳам, у ҳам кеча ораларингизда ҳеч нарса бўлмагандек, аввалгидек муомалани давом эттираверасизлар. 


Хоҳ тасдиқла, хоҳ инкор эт, ҳаётингда шундай шахс борки, бошқаларга татбиқ этадиган қонунларингни унга қўлламайсан. У сендан ғазабланса ҳам, сен ундан рози бўласан, у йўқ бўлса, сен уни интизор бўлиб кутасан, қайтиб келгач, сендан ҳеч қандай узр сўрамаса ҳам, сен уни кечирасан. 


Ғамларнинг кўплиги инсонлар юзидаги хўмрайиш (қовоғи солиқлик) нинг мантиқий сабаби эмас. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар орасида ғами энг кўп киши эдилар. Аммо у зот сертабассум киши эдилар. 


Яхши кўрадиган инсонинг сендан узоқлашиб, кўринмай қолдими, демак, ё сендан бошқани яхши кўриб қолган, ёки бошида-ёқ, сени яхши кўрмаган. 


Агар қалблар бир-бирига яқин бўлса, баданларнинг бир-биридан узоқлигининг зарари тегмайди. Яхши инсонлар юлдузларга ўхшайди. Қуёш чиққанда юлдузларни кўролмайсан. Лекин биласанки, ўша юлдузлар ўз жойидан жилмай турибди. 


Биз шукр қиламиз. Шукр қилишимиз учун бизга ақл, нутқ аъзолари (тил, танглай, тиш, оғиз бўшлиғи, танглай тилчаси ва ҳоказо), ирода керак. Хўш, буларни бизга берган ким? Албатта, Аллоҳ. Қалбимизга ва тилимизга шукр қилиш илҳомини ким солди? Албатта, Аллоҳ. Демак, шукр айтишга илҳом бергани учун,шукрни талаффуз қилишда керак бўладиган нутқ аъзоларимизни бизга бўйсундириб қўйгани учун Аллоҳга шукр айтамиз. Бу шукр ўз навбатида яна бир шукрни тақозо қилади. Демак, биргина шукр неъмати учун умр бўйи шукр қилсак ҳам оз. Қанча кўп шукр қилсак, унинг шукронаси учун шунча кўп шукр қилишимиз керак бўлади.


Кўп тафаккур қилма. Унинг ўрнига кўп истиғфор айт. Тафаккур билан очилмайдиган кўплаб эшиклар, истиғфор билан очилади. 


Бир неча кундан кейин ҳижрий 1434 йил ниҳоясига етиб, янги 1435 йил ташриф буюради. Бу йил ким қандай амал қилган бўлса ҳам, ўтди. Аллоҳдан кириб келаётган янги йилни барчамиз учун файзли, баракотли ва солиҳ амалларга тўла йил бўлишини сўраймиз. Бу йил ушалмаган орзуларимиз янги йилда ушалсин. Бу йил ижобат бўлмаган дуоларимиз янги йилда ижобат бўлсин, омин! 


Эй Аллоҳим, ким менга яхшилик етишини истаётган бўлса, уни менга яқин қилгин. Ким менга ёмонлик етишини истаётган бўлса, уни мендан йироқ қилгин! 


Қалбларнинг энг афзали, ундан ростгуйлик ажрамайдиган қалбдир. Инсонларнинг энг афзали сени унутмайдиган кишидир. Чунки, у сени Аллоҳ учун яхши кўради. Кунларнинг энг афзали гуноҳсиз ўтган кундир. Ҳадяларнинг энг афзали сен учун дуога кўтарилган қўллар бўлиб, сен бундан бехабар бўлганингдир.  


Сув олтиндан ясалган идишга қуйилса ҳам, сополдан ясалган идишга қуйилса ҳам, барибир, сувлигича қолади. Ҳеч қачон номини ўзгартирмайди. Сен ҳам ҳар қандай вазиятда аслингдагидек қол. Яъни инсон бўлиб қол. 


Биз жуда ғалатимиз! Вақтинчалик дунёда абадий нарсаларни хоҳлаймиз. 

Битта дарахт ағанаса, уни ҳамма эшитади. Аммо бутун бошли ўрмон униб-ўсса, уни ҳеч ким билмайди, эшитмайди. Одамлар сенинг униб-ўсишингга эмас, йиқилишингга қарайдилар. 


Агар овқат жуда иссиқ бўлса, оғзинг куймаслиги, ейишинг осон бўлиши учун совигунича емай, ташлаб қўясан. Худди шунингдек, тинч ва осуда яшашинг учун ҳам қарама-қаршиликларни ва одамлар билан талашиб-тортишишни ташлаб қўй.  


Ҳеч нарса аввалгидек асл ҳолатига қайтмайди. Шунинг учун бир нарсани синдиришдан олдин ушбу қоидани яхшилаб эсла! 


Мазлумларнинг кўзларидаги ёш бизнинг наздимизда сувдан иборат, холос. Аммо қиёмат куни ўша сув золимларни яшин ва тўфон бўлиб ўраб олади. Зеро, Аллоҳ таоло золимларнинг қилаётган ишларидан ғофил эмас! 


Бирор марта ҳам йиғлашни орзу қилмадим. Аммо замоннинг ғамлари мени йиғлатди. Нафсим истаганидек яшашни орзу қилдим. Лекин нафсим замоним истаганидек яшади.


Шундай қалблар борки, улурга ҳар қанча зулм қилсанг ҳам, ёмон кўриш, ёқтирмаслик деган нарсани билмайди. Яна шундай қалблар борки, уларни ҳар қанча икром қилиб, яхшилик қилсанг ҳам, муҳаббат нималигини билмайди. 


Безовталик касалликнинг ярмидир. Хотиржамлик давонинг ярмидир. Сабр шифонинг бошланишидир.  Ибн Сино 


Шерлар жамоасида ёлғиз бўлганинг сигир ва қўйларга йўлбошчи бўлганингдан яхшироқдир. 


Севгига шошилманглар! У ҳеч қаёққа қочиб кетаётгани йўқ. Унга ҳали улгурасизлар. Аввало, севадиган кишингиз қандайлигига эътибор беринглар. 


Динимиз бизга “Йўлдаги азиятни олиб ташлаш садақадир” деб ўргатади. Қалблардаги азиятларни олиб ташлаш қандай бўларкин?! 


Садоқат улкан ҳарсангтош бўлиб, уни фақат хиёнат болғаси парчалай олади. 


Али розияллоҳу анҳу: “Қутулиш имкони бўла туриб, ҳалок бўлган кишидан ажабланаман” дедилар. Шунда у зотдан: “Қутулиш имкони нима?” деб сўрашди. “Истиғфор” деб жавоб бердилар у зот. 


Ичимдаги ҳамма дардларимни тинглаб, “Сизни барча одамлар ташлаб кетишса ҳам, мен ташлаб кетмайман” дейдиган кишига муҳтожман. 


Ёмғир томчилари миқдорича Аллоҳга ҳамд бўлсин! 


Соф муҳаббат билан шубҳа, гумон ҳеч қачон бирга бўлмайди. Гумон кирадиган эшикдан муҳаббат чиқиб кетади. Александр Дюма 


Эй Аллоҳим, барчамизни жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга қилгин! 


Гапиришдан олдин фикрла! Чунки, Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, гапирса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин!”  (Бухорий ва Муслим ривояти) 


Ким неъмат ичида бўла туриб, унинг учун Аллоҳга шукр қилмаса, ўша неъмат у одамни ўзи сезмаган ҳолда тарк этади. 


Чиройли бўлгани сабабли севишинг билан севганинг учун кўзингга чиройли кўриниши орасида катта фарқ бор. 


Донишмандлардан бири шундай деган: “Сендан ғазабланса-ю, аммо сенга ёмонлик қилмаса, ўша одамни ўзингга дўст тут. Чунки, ғазаб башарнинг лойдан яралганини фош қиладиган нарсадир”. 


Сўз билан севиш йиллар ўтгач, барибир, тугайди. Қалб билан севиш бир лаҳза ҳам тўхтаб қолмайди. 


Бир донишманддан сўрадилар: “Нима учун Ҳавво Одамнинг бошқа жойидан эмас, айнан, қовурғасидан яратилган?” Донишманд жавоб берди: “Раҳбар бўлиб олмаслиги учун Одамнинг бошидан яратилмади. Чўри бўлиб қолмаслиги учун Одамнинг оёғидан яратилмади. Балки, қалбига яқин бўлсин, маҳбубаси бўлсин, Одамнинг ҳимояси остида бўлсин деб унинг қовурғасидан яратилди”. 


Фақир бўлиб туғилганинг сенинг хатойинг эмас. Аммо фақир бўлиб ўлишинг сенинг хатойингдир. Билл Гейтс 


Бу ҳаётда яшар экансан, ўзингни билмаганликка олишга эҳтиёж сезасан. Воқеаларни билмаганликка оласан, шахсларни билмаганликка оласан, ишларни билмаганликка оласан. Ҳаётда бўлаётган ҳар бир воқеалар сенинг фикр билдиришингга арзийвермайди. 


Араб диёрларида нефтнинг кашф қилинганига 75 йилдан кўпроқ вақт бўлди. Аммо у жойларда ҳали ҳам камбағаллар тўлиб ётибди. Адолатли раҳбар Умар ибн Абдулазизга эса, мамлакатда бирорта ҳам закот оладиган инсон қолмаслиги учун 2 йилу 5 ой кифоя қилди. У кишининг машҳур бир гапи бор: “Тоғларнинг тепасига ҳам буғдой сепинглар, токи ҳеч ким “Мусулмонларнинг юртида қушлар оч қолибди” демасин”. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин! 


Эй Аллоҳим, ушбу фейсбукни дўзахга киришимга сабаб қилиб қўймагин. Эй Аллоҳим, менга унинг яхшиликларидан бергин ва ёмонликларидан асрагин! 


Қуроли тил эмас, ақл, ҳал қилувчи зарбаси кўп гапириш эмас, жим туриш бўлган шахслар мени ўзига тортади. 


Дунёда шундай қонун борки, унинг номи ҚАЙТИШдир. Яъни, сен бировга қилган ишинг албатта бир кун ўзингга қатади.  Сен бунга ишон. Чунки, бу шубҳасиз содир бўладиган нарсадир. Пиёлада кимга нима қуйиб берсанг, ўзинг ҳам ўшандай пиёлада, ўшандай ичимлик ичасан. Шундай экан, покиза пиёлада покиза ичимлик ичишга ҳаракат қил! 


Ҳар бир гулзорга биттадан атиргул экишинг гўзал. Аммо ҳар бир тил соҳибига “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, Субҳаналлоҳил Азийм”ни эслатишинг ундан-да гўзал! 


Ҳар бир йўлга тезликни ўлчаш асбоблари ва тезликни таъқиқловчи белгилар қўйилган. Фақат Аллоҳнинг йўлига бундай нарсалар қўйилмаган. Аксинча, У Зотнинг йўлига: “Шошилинглар!” деб ёзиб қўйилган. 


Ақллилар учтадир: 

1.  Дунёни, дунё уни тарк қилишидан олдин тарк қилган киши. 

2.    Холиқини, Унга йўлиқишидан олдин рози қилган киши. 

3.    Қабрини, унга киришидан олдин обод қилган киши.  


Оиланг билан ўтирганингда табассум қил, чунки, ҳали оила қурмаган, оилали бўлишни орзу қилганлар бор. Ишга кетаётганингда табассум қил, чунки, иш қидириб юрганлар тўлиб ётибди. Соғ-саломатлигинг учун табассум қил, чунки, соғ бўлиши учун бор молу давлатини бермоқчи бўлган беморлар бор. Тирик юрганинг учун табассум қил, чунки, қабр остида дунёга қайта келиб, солиҳ амал қилишни орзу қилаётганларнинг сон-саноғи йўқ. Дуо қилганингда ижобат қиладиган Роббинг борлиги учун табассум қил, чунки, қанчадан-қанча одамлар сигирга сиғиниб юрибди. Сен сенлигинг учун табассум қил, чунки, қанчадан-қанча одамлар сендек бўлишни орзу қиладилар. Доимо табассум қил ва Аллоҳга кўп ҳамду санолар айт. 


Агар муҳаббатнинг ярми эҳтимом (аҳамият ва эътибор бериш) бўлса, қолган ярми эҳтиромдир. 


Каткусдан олма мевасини кутма! Кишиларнинг аслида қандайлигини ва ўтмишда қандай бўлганини билишга ҳаракат қил. Йўқса, келажакда улар билан даҳшатли тўқнашувларга дучор бўлиб қолишинг мумкин. 


Агар ҳис-туйғулар шариат билан чегараланмаса, улкан мусибатларга сабаб бўлиши мумкин. 


Кўпчилик одамлар “Ўзимиз эга бўлиб турган нарсанинг қийматини уни йўқотганимиздан кейин биламиз” дейишади. Аслида эса, биз эга бўлиб турган нарсанинг қийматини биламиз. Аммо ўша нарсамизни бир кун албатта йўқотишимиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрмаймиз. 


Кечириб юбориш куч-қувватнинг энг олий чўққисидир. Ўч олиш эса, заифликнинг бир кўринишидир. 


Ким ғазабига эргашса, одобини қўлдан бой беради. 


Бугун битта кўчат эк, эртага ўзинг унинг соясида дам оласан. Инсонларга яхшилик қил, эртага албатта ўша яхшилигингнинг фойдасини кўрасан. 


Одамларнинг баъзи гаплари ҳарсангтош каби шу қадар оғирки, агар уни елкангга олсанг, белингни синдириб юборади. 


Аллоҳим, тана аъзоларимизни тоатингга, қалбларимизни маърифатингга машғул қилиб қўйгин! 


Ҳар қанча уринсанг ҳам, Аллоҳ сен учун ёзганидан бошқаси бўлмас! 


Аёлнинг жамолидан кўра ҳаёси кишини кўпроқ ўзига тортади. 


Пасткашлар билан тортишма, акс ҳолда улар сени ўз даражаларига тушириб олишади-да, кейин ўзларининг аҳмоқона тортишувлари билан сени енгиб қўйишади. Марк Твен 


Аллоҳим, қалбимдаги қаттиқликни кетказ ва бандаларингдан бирортасига менинг ҳожатимни тушириб қўйма! 


Мусбатларга йўлиқишинг сендаги қувватни синаш учун содир бўлмайди, балки, Аллоҳдан қанчалик ёрдам сўрашингни синаш учун содир бўлади. 


Қоқилганингда сенга узатилиб, ўрнингдан турғизиб қўядиган қўл йўлиқиб қолганда сўрашиш учун узатиладиган минглаб қўллардан ишончлироқдир. 


Жуда кўп ўринларда жим туриш гапиришдан яхшироқдир. 


Ҳожатларинг раво бўлишида, мушкуллардан қутилишингда дуонинг нечоғлик аҳамияти борлигини унутма! Тепангда кўриб турган улкан осмонни устунсиз кўтариб қўйган Зот сенинг ҳожатларингни раво қилишга, мусибатлардан сени қутқаришга қодирдир. Аллоҳга дуо қил! Барча ҳожатларингни фақат Ундан сўра! У Зотдан асло ноумид бўлма! 


Луқмон ўз ўғлига шундай деди: “Эй ўғилчам, истиғфорни кўпайтир! Чунки, Аллоҳнинг шундай мукофотлари борки, уларга фақат кўп истиғфор айтувчилар эришади”. 


Мен учун ҳаётда энг оғир нарса ким учундир  гугурт чўпидек бўлишимдир. Ўша одам мен туфайли ҳаёт йўлини ёриштириб, ўз йўлини топиб олади-да, кейин мени бир четга улоқтириб юборади. 


Бизлар дуо қиламиз. Кейин қарасак, ишлар биз хоҳлагандек эмас, балки, чаппасига кетади. Бу ҳолни кўргач: “Кеча дуо қилгандим-ку, нега бундай бўляпти?” деб шошқалоқлик қиламиз. Эй инсон, Комил Зот бўлмиш Аллоҳ ҳақида ноқис ақлинг буюрган гапни гапираверма! Қаердан биласан, эҳтимол, У Зот сенинг дуойингни сенга энг фойдали вақтда ижобат қилишни ирода қилгандир. 


Бир киши Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг олдиларига келиб: “Эй имом, қандай қилиб дунёда зоҳидликка эришдингиз?” деб сўради. Шунда буюк тобеин: 

“Қуйидаги тўрт нарса билан: 

1. Ризқимни мендан бошқаси олмаслигини билдим. Шунинг учун қалбим хотиржам бўлди. 

2. Амалимни мендан бошқаси келиб, ўрнимга қилиб бермаслигини билдим. Шунинг учун амал қилишга ўзим машғул бўлдим. 

3. Аллоҳ мени кўриб турганини билдим. Шунинг учун У зот мени гуноҳ устида кўришидан ҳаё қилдим. 

4. Ўлим мени кутиб турганини билдим. Шунинг учун Роббимга йўлиқишга озуқа тайёрладим” деб жавоб берган эканлар. 


Қалбларимиз ихтиёр қилган нарсаларни тарк қилишимиз жуда-жуда қийиндир! 


Кимки дарахт шохида ўтирган иккита қушнинг биттасини ҳайдамоқчи бўлса, иккаласидан ҳам айрилади. 


Билиш бошқа нарса. Унга амал қилиш бошқа нарса. Баъзи инсонлар денгиз каби илмлари жуда кўп, илмдан гапиришларини кўриб, тан бермай иложингиз йўқ. Аммо, амалларига назар солсангиз, кичкина кўлмакдан бошқа нарсани кўрмайсиз.  


Отангнинг бошидаги сен кўриб турган оқ сочлар сен яшаётган тўкин-сочин ҳаёт қиссасини ҳикоя қилади. 


Табассум қил! Чунки, сени яхши кўрадиган, ҳимоя қиладиган, сенга ёрдам берадиган, сени эшитадиган ва кўрадиган Раҳмон ва Раҳим бўлган Зот бор. 


Гоҳида тош баъзи инсонларнинг қалбларидан кўра юмшоқроққа ўхшаб туюлади. 


Ҳаёт мени чалғитиб қўйиб, бир кун мен учун кавланадиган қабрни унутиб қўйишдан қўрқаман... 


Ҳаётдаги энг катта мукофот – бошқалар “Қилишнинг имкони йўқ” деб ўйлаган нарсани амалга оширишингдир. 


Бошқалар сенинг гапларингни хато тушунсалар, хафа бўлиб, асабларинг бузилиб, умидсизликка тушиб, ўзингни оқлашга уриниб ўтирма. Сен индамай қўявер. Ҳаётдан завқ олишда давом этавер. Сени яхши танийдиган кишилар ҳеч қачон сени нотўғри тушунмайдилар. 


Эй Роббим, тилимни ғийбатдан, чақимчиликдан, бўҳтондан, туҳматдан, ёлғондан, бировни масхара қилишдан ва барча тил орқали содир этиладиган гуноҳлардан асра! Тилим содир этган гуноҳ сабабли ризқимни тўсиб қўйма! Бандаларингнинг ёмон мақсадда менга қаратилган тилларидан мени сақла! 


Бир киши Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳнинг олдиларига келиб: “Фалончи сизни ёмонлади” деди. Шунда Имом: “Агар гапинг рост бўлса, сен ғийбатчи экансан. Агар гапинг ёлғон бўлса, сен фосиқ экансан” дедилар. Ҳалиги одам мулзам бўлиб, орқасига қайтиб кетди.  


Яшаётган ҳар бир кунинг Аллоҳнинг сенга ҳадясидир. Сен у ҳадяни ўтган кунларга ҳасрату надомат, келажакка нисбатан безовталик билан зое қилмагин! Нима бўлса ҳам “Аллоҳга таваккул қилдим” деб айт! 


Имом Молик раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “Суннат бамисоли Нуҳ алайҳиссаломнинг кемасидир. Ким унга минса, нажот топибди. Ким унга минмай, ортда қолса, денгизга ғарқ бўлибди”. 


Аллоҳим, юзлар оқ ва қора бўладиган Кунда юзларимизни оқ қилгин! Аллоҳим, бизларни раҳматинг билан ўраб олгин! Биздан азобингни четлатгин! Аллоҳим, қадамлар тойиладиган Кунда қадамларимизни собит қилгин! 


Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу шундай дедилар: “Агар сизлар жаҳаннамнинг ҳақиқатини билганингизда эди, унинг даҳшатидан қичқиравериб, овозларингиз бўғилиб, чиқмай қолар эди ва белларингиз синиб кетгунича намоз ўқиган бўлар эдингиз”. 


Эй Одам боласи, агар гуноҳларинг осмонгача етса ҳам, кейин менга истиғфор айтсанг, сени кечираман, қолганига парво қилмайман. 


Фейсбукда тарқалган, аммо, жоиз бўлмаган иборалар: 

Агар мўмин бўлсанг, ушбу маълумотни тарқат! 

Агар Аллоҳни яхши кўрсанг, ушбу маълумотни тарқат!

Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрсанг, ушбу маълумотни тарқат! 

Агар ушбу маълумотни тарқатмасанг, гуноҳларинг сени бу ишдан тўхтатган бўлади! 

Агар ушбу маълумотни тарқатмасанг, оғир касалликка дучор бўласан! 

Энди, шу ўринда савол туғилади: агар ўша айтилган маълумотни тарқатмасам, мўмин бўлмайманми, Аллоҳни яхши кўрмаган бўламанми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўрмаган бўламанми, гуноҳларим тўсган бўладими, оғир касалликка гирифтор бўламанми?!!   Азизлар, дин “ким ошди” савдоси ёки таҳдид эмас. Бир-бирларимизга турли маълумотларни етказишда Аллоҳдан қўрқайлик! Алҳамдулиллаҳ, барчамиз мўмин-мусулмонмиз, барчамиз Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўрамиз!!! 


 Албатта, қалбларнинг ҳам темирнинг зангидек занги бўлади. Уни кетказадиган нарса истиғфордир. 


Ҳаёт йўли жуда осон: модомики, Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган бирорта иш қилмаган бўлсанг, ҳеч кимга озор бермаган бўлсанг, хотиржам яшайвер. Одамлар нима десалар, деяверсинлар. Нима қилсалар, қилаверсинлар. Уларга эътибор берма! 


Ақлларимиз ихтиёр қилган нарсалар кўпинча тўғри бўлишини билганимизга қарамасдан, барибир, қалбларимиз ихтиёр қилган нарсалардан қутилишимиз жуда қийиндир! 


Узр сўраш юксак маданиятнинг бир кўринишидир. Жоҳиллар эса, уни нафсни хорлаш деб ўйлашади. 


Кунларнинг энг чиройлиси сен Аллоҳга гуноҳ қилмаган кундир! 


Ҳар қанча намунали, идеал шахс бўлмагин, барибир, сени ёмон кўрадиганлар топилади. Ахир фаришталарни ҳам шайтонлар ёмон кўришади-ку! 


Ўтиб кетганлар учун хафа бўлишнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ. Аммо у бизга бир нарсани ўргатади: ҳеч кимга қаттиқ боғланиб бўлмаслигини. 


Одамларнинг тадбирларидан безовта бўлма. Уларнинг қиладиган барча ишлари Аллоҳнинг иродасини амалга оширишдан иборатдир. 


Аллоҳнинг қадари ҳеч қачон хатога йўл қўймайди. Балки, биз ўзимиз ўша қадарга рози бўлмаймиз. 


Киши деб айтилаётганларнинг ҳаммаси ҳам киши эмас, зеро, қуш деган сўз бургутни ҳам, чумчуқни ҳам ўз ичига олади. 


Ақл умр билан ўлчанмайди. Қанчадан-қанча ёш болалар бор, ақли ақлни шоширади. Қанчадан-қанча катталар бор, боши бўм-бўш. 


Ким ҳаммани рози қилишга уринса, вақтини бекорга ўтказган, жонини беҳудага қийнаган бўлади. 


Кимнинг хулқи ёмон бўлса, ризқи танг бўлади. 


Ахлоқимизни тузатиш учун босадиган биринчи қадамимиз – мукаммаллик ёлғиз Аллоҳга хослигини эслаб, бошқаларнинг айбларидан кўз юмишимиздир. 


Ҳаётимга кирган бирорта кишидан хафа бўлмадим. Мухлис киши мени бахтиёр қилди. Ёмон киши менга тажрибани ўргатди. Афзал киши эса, мени ҳеч қачон ташлаб кетмади. 


Шундай кишилар борки, характерлари ёмон, қўпол бўлса ҳам сизга одоб билан гапиришади. Ишонинг, улар сизнинг эҳтиромингизга ҳақли кишилардир. 


Одамлар, хоҳ мақтаб бўлсин, хоҳ ёмонлаб бўлсин, сен ва сенинг ишларинг ҳақида кўп гапиришяптими, демак, билки, сен уларни маълум даражада машғул қилиб қўйдинг. Улар ўз ишларини ташлаб, сенга эътибор қаратишяпти. Майли, улар сен ҳақингда нима десалар, деяверсинлар. Сен эса, муваффақиятга интилишда давом этавер. 


Агар орзуларингни амалга оширишдан тўхтаб қолсанг, унда асосни эмас, услубни ўзгартир. Дарахтлар ҳам қишга яқин, мева беришдан тўхтагач, баргини ўзгартиради, илдизини эмас. 


Гапиришдан олдин гапирадиган гапингни тўғри танла. Танлаш учун, гапинг миянгда яхши пишиб-етилиши учун етарлича вақт ажрат. Гаплар ҳам меваларга ўхшаб, пишиши учун етарлича вақт талаб қилади. 


Оқ ранг дегани гўзаллик, қора ранг дегани хунуклик эмас. Кафан оқ рангда, аммо у қўрқинчли. Каъба қора рангда, аммо у жуда гўзал. Инсон ташқи кўриниши билан эмас, хулқи билан гўзалдир. 


Йўқ нарсаларни Аллоҳдан сўрашдан олдин бор нарсалар учун У зотга шукр қил! 


Садоқат бамисоли иккита жасаддаги битта ақлдир. 


Агар инсонда ақл ва мустақил фикр бўлмаса, у бошқаларнинг истакларини амалга ошириш воситасига айланиб қолади. 


Баъзи салафи солиҳлар даврида ҳам маҳсулотларнинг нархи кўтарилган. Шунда бир улуғ зотга “Нарх-наво қимматлашибди” дейишди. Буни эшитган зот: “Аллоҳга қасамки, агар арпанинг бир донаси бир динор бўлса ҳам парво қилмайман. Менинг зиммамда Аллоҳ буюрганидек ибодат қилиш, У зотнинг зиммасида эса, Ўзи ваъда қилганидек, менга ризқ бериш” деб жавоб бердилар.  


Қўрқув ва иккиланиш муваффақиятсизликка учровчиларнинг асосий белгисидир. 


Кичкина уруғ униб-ўсиши учун ерга тушиши ва тупроқ билан кўмилиши кераклигини, Қуёш нуридан баҳра олиши учун эса, қаттиқ курашиши (уруғ ёрилиб, ичидан новда чиқиши ва ўша новда ерни ёриб, ер устига чиқиши) кераклигини жуда яхши билади. 


Аҳмоқ одам кейинчалик қилмоқчи бўлган амалини ҳаммага гапиради. Мағрур одам қилган амалини ҳаммага гапиради. Ақлли одам амал қилади, аммо ҳеч кимга гапирмайди. 

Энг улуғ инсон – кечирувчи, энг чиройли инсон – камтарин, энг бой инсон – қаноатли кишидир. 


Баъзи вақтларда ўзинг хоҳлаган нарсангга эриша олмагансан, тўғрими? Эҳтимол, ўша эриша олмаганинг сенга ато этилган улкан неъматдир! 


Хафалигимда ҳам, ҳурсандлигимда ҳам, ғазабим қайнаб турган пайтда ҳам, сокинлик пайтимда ҳам, вазиятлар қандай тус олган бўлса ҳам Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин!!! 


Ўтаётган умр ҳеч қачон қайтиб келмайди. Бундай имконият бошқа берилмайди. Гина, ёқтирмаслик, ҳасад, адоват каби иллатлар билан қисқагина умрингни беҳуда совуриб юборма. Кечиримлилик ва самимий табассум ҳаётдаги шиоринг бўлсин! 


Агар бир инсон сен билан кўп гаплашаётганини, сендан бошқалар билан у қадар кўп гаплашмаётганини кўрсанг, билгинки, у фақат сен билан суҳбатлашиб ҳаётга қизиқиши ортади. Сен ундан ўзингни олиб қочиб, унинг ҳаётга бўлган қизиқишини сўндирма! 


Агар мусулмонлар орасида битта фақир кишини кўрсанг, билгинки, ўша ерда унинг ҳаққини ўғирлаган битта бой кимса бор. 

Муҳаммад Мутавалли Шаъровий 


Тажриба қилиб кўраверинг, қўрқманг! Зеро, Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаларини ясаганлар, аслида, бу соҳанинг кишилари эмасди, балки, ҳаваскор кишилар эди. Яъни улар дурадгорлик билан шуғулланишса-да, аввал ҳеч кема ясашмаган эди. “Титаник”ни ясаганлар эса, ҳақиқий кемасозлар эди. 


Қаттиқ бўрон кемани ағдариб, яксон қилиши мумкин, аммо тугилган арқонни ечиб юборолмайди. Худди шунингдек, ғазаб ҳам ҳамма нарсани вайрон қилиши мумкин, аммо у муаммонинг ечими бўлолмайди. 


Қўрқоқлар ўлишларидан олдин бир неча марталаб ўладилар. Довюраклар эса, ўлимни фақат бир марта тотиб кўрадилар. Нелсон Мандела 


Гоҳида ҳаётда баъзи инсонлар бизнинг кўзимизга энг чиройли инсонлар, энг ахлоқли инсонлар, энг садоқатли ва виждонли инсонлар бўлиб кўринади. Улар билан бирга сафарга чиққанимизда, пул олди-бердиси ва бошқа муомалалар қилганимизда эса, кўрганларимизнинг барчаси “фотошоп” эканлиги маълум бўлади. 


Одамларнинг кўзига чиройли кўриниш учун шаклингни ўзгартира олмайсан. Аммо хулқингни гўзал, одобингни чиройли қила оласан. 


30 ёшда мусулмон бўлдингиз. 36 ёшда вафот этдингиз. Бор йўғи 6 йил. Шу 6 йил ичида вафот этганингизда Раҳмоннинг Арши титрашига сабаб бўладиган қандай амал қилдингиз, эй Саъд ибн Муоз?!! 


Инсоннинг йиқилиши муваффақиятсизлик эмас, балки, ҳақиқий муваффақиятсизлик ўша йиқилган жойидан турмай қолиб кетишидир. 


Соғлом одам барча лаззатли таомларга ва бошқа нарсаларга қизиқади. Касал одам эса, фақат офиятга, тузалишга қизиқади. 


Инсонларнинг энг аҳмоғи ўз нафсининг фазилатларини барчаникидан устун деб биладиган киши. Инсонларнинг энг ақллиси ўз нафсини кўп тергаб, кўп танбеҳ берадиган киши. 


 Одамлар сени очиқсўзлигинг учун ёмон кўришлари мунофиқлигинг учун яхши кўришларидан афзалдир. 


Ақлли инсон душманларидан ҳам фойдаланади. Аҳмоқ эса, дўстларидан ҳам фойдалана олмайди. 


Юлдузларни фақатгина қоронғу кечада кўра оламиз. Худди шунингдек, ҳаётимиздаги баъзи шахсларнинг асл қиёфаси қийинчилик пайтида билинади. 


Бир ҳаким зотдан сўрашди: “Сизни яхши кўрадиган кишини қандай танийсиз?” Шунда у зот: “Ғамларимни кўтарса, ҳаммадан мен ҳақимда сўрайверса, мени ҳадеб маломат қилавермаса, хатоларимни кечирса, менга Робимни эслатиб турса, ўша одам мени яхши кўрадиган одамдир” деб жавоб берган эканлар. 


Кимдир сени кўрганда ўзини билмаганликка, кўрмаганликка оляптими, демак, билгинки, сен унинг зеҳнида яшиндек ярақлаб, барқ уриб турибсан. 


Одамларга танангдаги жароҳатдан шикоят қилма, чунки, сендаги жароҳат оғриғини фақат ўзинг ҳис қиласан, холос. 


Ҳаётимиз худди денгизнинг ўртасидаги кемага ўхшайди. Агар кемани яхшилаб бошқариб, сабот билан турсак, ўзимиз кўзлаган манзилга етамиз. Борди-ю, кемани бошқармай, ташлаб қўйсак, у бизни ўзимиз билмаган тарафларга олиб кетади. 


Кичкиналигимизда мактабда ўргатишарди: бўм-бўш бошоқ далада тик туради, ичи донга тўла бошоқ эса, эгилиб туради. Демак, аслида буюк одам камтарин, ҳақир одам мутакаббир бўлар экан. 

Шайх Али Тантовий 


Бировларнинг хатосини кечиришинг уларга қилган совғанг, ўша хатони унутишинг эса, ўз нафсингга қилган совғангдир. 


Агар табиб барча беморларни битта дори билан даволаганда эди, беморларнинг кўпи ўлиб кетган бўларди. Шундай экан, сен ҳам одамларнинг ҳаммаси билан бир хил услубда муомала қилма! 


Сен кулсанг ҳам, йиғласанг ҳам, барибир, ҳаёт ўтаверади. Тўхтаб қолмайди. Шундай экан, барча дардларни устингга юклаб олмасдан, улардан халос бўл, уларни унут ва табассум қил! 


Душманларингни кўпайтирма! Чунки, мингта дўст ҳам кам, битта душман ҳам кўпдир. 


Яхши кўрган кишингни кўрганингда кўзингда порлайдиган нур шундай нарсаки, уни тил билан талаффуз қилиш имконсиздир! 


Агар телефонинг жиринглаётганини эшитсанг, билгинки, бир инсон сен билан боғланишни истайди. Худди шунингдек, агар азон овозини эшитсанг, билгинки, инсонлар Робби сен билан боғланишни истайди. Сен билан боғланишни истаётган Зотга кўрсатадиган эътиборинг, аҳамиятинг қанчалик бўлса, Унинг чақириғига берадиган жавобинг ҳам шунга яраша бўлади. 


Жаннат аҳли дўзах аҳлидан: “Сизларни Сақарга нима киритди?” (Муддассир, 42) деб сўраганларида, дўзах аҳлининг илк берадигани: “Бизлар (дунёда яшаганимизда) намозхонлардан эмас эдик” (Муддассир, 43) деган жавоб бўлади. Намознинг шаъни нақадар улуғ эканини билайлик, азизлар! 


Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи 

Нозимжон Ҳошимжон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дуонинг кони ва санонинг манбаъи бўлган бу жамлаш толибларнинг тилларида ёд олинган ва ботил аҳлининг уни бузиб ўзгартиришларидан сақлангандир. Бу китобдаги давоми...

3654 14:27 / 15.03.2017
Шайх АлАраб ва АлАжам Орифбиллаҳ Ҳазрати Ақдас Мавлоно Шоҳ Ҳаким Муҳаммад Ахтар Соҳиб домат барокатуҳум Муқаддима БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМБугунги асримиз ва давоми...

4172 14:15 / 27.03.2017
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки Дунё вақтинча фойдаланиладиган матодир, унинг хайрли матоларидан бири солиҳа аёлдирrdquo. давоми...

6005 14:29 / 27.03.2017
Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, унинг бахтусаодатда яшашу учун Ўзининг шариатини туширди. Пайғамбарлар юборди. Китоблар нозил қилди. Дунёда эзгуликнинг синоними давоми...

5318 20:26 / 21.04.2017