1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Беш набавий насиҳат

16:11 / 23.02.2019 6617 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Насиҳат деганда насиҳат қилинган кишининг манфаатини кўзлаб айтилган холис сўзлар тушунилади. Қуйидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амал қилган кишилар учун дунёда тинч-хотиржам, бахтиёр яшашларига, охиратда эса саодатманд бўлишларига сабаб бўладиган бешта насиҳатларини айтиб ўтганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким мендан ушбу калималарни қабул қилиб олиб уларга амал қилади ёки уларга амал қиладиган кишига ўргатиб қўяди. Абу Ҳурайра: «Мен эй Аллоҳнинг Расули». У зот қўлимдан тутдилар-да бешта нарсани санадилар. Айтдиларки: Ҳаромлардан сақлангин, инсонларнинг энг ибодат қилувчироғи бўласан, Аллоҳ сенга тақсимлаган нарсага рози бўлгин, инсонларнинг энг бойроғи бўласан, қўшнингга яхшилик қилгин мўмин бўласан, ўзинг учун яхши кўрган нарсани инсонларга ҳам яхши кўргин муслим бўласан, кулгуни кўпайтирма, чунки кулгунинг кўпи қалбни ўлдиради. 

Термизий ривоят қилган.

Биринчи насиҳатларида ибодат қилишга тарғиб қилиб шундай деганлар:   

1. "Ҳаромлардан сақлангин, инсонларнинг энг ибодат қилувчироғи бўласан". Ушбу сўзлари билан ибодатнинг ҳақиқий маъносини баён қилганлар.

Ибодат луғатда "чин кўнгилдан бўйин эгиш" маъносини англатади. Истилоҳда эса "Робб рози бўладиган ишни қилиш, ибодат дейилади".

Шу маънода чин кўнгилдан Аллоҳ таолога бўйин эгиб, У рози бўладиган амалларни қиладиган киши аввало У зот ман қилган нарсалардан тийилиши лозим бўлади.

Бу ҳақда Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: "Обидлар Аллоҳ қайтарган нарсани тарк қилишдан кўра афзалроқ бирор нарса билан ибодат қила олмайдилар".

Маймун ибн Миҳрон: "Аллоҳни тил билан зикр қилиш гўзалдир, маъсият чоғида Аллоҳни зикр қилиб ундан тийилиш эса ундан афзалдир", деганлар.

Ибн Муборак: "Шубҳали бир дирҳамни тарк қилишим менга юз минг, юз мингларни садақа қилишимдан афзалдир, деганлар. Олти юз мингача санаб борганлар".

Умар ибн Абдулазиз шундай деганлар: «Тақво, кечани бедор, кундузни рўзадор ўтказиш ҳам, булар орасида ўралашиш ҳам эмас, тақво бу, Аллоҳ фарз қилган нарсани адо қилиш, Аллоҳ ҳаром қилган нарсани тарк қилишдир. Агар шулар билан биргаликда яна амал ҳам бўладиган бўлса яхшилик устига яхшиликдир».

Мусулмон киши, аввало ҳаромлардан сақланиши, агар бирор ҳалол нарсага ҳаром аралашиб қолса, унинг ҳаромлигини устун қўйиб ундан тийилиши лозим бўлади.

Иккинчи насиҳатларида бойликнинг ҳақиқатини баён қилиб шундай деганлар:

2. "Аллоҳ сенга тақсимлаган нарсага рози бўлгин, инсонларнинг энг бойроғи бўласан". Ушбу сўзлари билан ҳақиқий бойлик мол мулкнинг кўплиги эмас, балки нафснинг тўқлиги эканини тушунтирганлар. Яъни дунёда бахтли яшаш учун мол-мулкнинг кўп бўлиши эмас, балки ўзига тақсимланган ризққа қаноат қилиш сабаб бўлади. Чунки тақсимланган ризққа рози бўлиш қалбга роҳат бағишлайди. Шу сабабли қаноатли киши тинч осойишта ҳаёт кечиради. Қаноат ҳақида кўплаб ҳикматли сўзлар айтилган:

Бишр Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳ: "Қаноат фақат мўминнинг қалбида бўладиган мулкдир," деганлар.

Зуннун Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ: "Ким қаноат қилса, замондошларидан хотиржам бўлади, яқинлари орасида обрўси баланд бўлади," деганлар.

Абу Ҳозим семиз қўйнинг гўштини сотиб турган қассобнинг ёнидан ўтиб қолдилар. Қассоб унга: «Эй Абу Ҳозим гўштдан олинг, жуда яхши гўшт», деди. Абу Ҳозим унга ёнимда дирҳамим йўқ, деб жавоб бердилар. Қассоб: «Пулини кейин берсангиз ҳам майли», деди. Шунда у зот: «Мен учун сизга кейин бергандан кўра нафсимга кейин берганим яхшироқдир», деб жавоб бердилар.

Учинчи насиҳатларида комил мўминнинг сифатини баён қилиб шундай деганлар:

3. "Қўшнингга яхшилик қилгин, мўмин бўласан". Яъни, қўшнисига яхши муомала қилган, яхши ишларида кўмакчи бўлган киши комил иймон эгаси бўлади. Кишининг  яхши-ю ёмон кунларида доим ёнида яшайдиган инсон унинг қўшниси бўлади. Шу маънода қўшнига яхшилик қилиш, яхшиликни ўзига яқин кишилардан бошлаш ҳисобланади.  

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўшничилик ҳақларига риоя қилиш лозимлигини жуда кўплаб ҳадисларида қаттиқ таъкидлаганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳга қасамки мўмин бўлмайди, Аллоҳга қасамки мўмин бўлмайди, Аллоҳга қасамки мўмин бўлмайди, дедилар. Ким, эй Аллоҳнинг Расули дейилди. У зот: "Қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмаган киши" дедилар.

Бухорий ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули фалончи аёл кўп намоз ўқийди, кўп рўза тутади фақатгина у қўшниларига тили билан азият беради, деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У дўзахдадир», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса қўшнисига азият бермасин».

Муттафақун алайҳ.

Уламолар қўшниларни ҳақдорликларига кўра учга бўлганлар:

1. Қариндош мусулмон қўшни. Ушбу қўшнининг қўшнисида учта ҳаққи бўлади: Қўшнилик ҳаққи. Қариндошлик ҳаққи. Ислом ҳаққи.

2. Қариндош бўлмаган мусулмон қўшни. Бу қўшнининг қўшнисида иккита ҳаққи бўлади: Қўшнилик ҳаққи. Ислом ҳаққи.

3. Мусулмон бўлмаган қўшни. Бу қўшнининг мусулмон қўшнисида фақат қўшнилик ҳаққи бўлади. Агар қариндош бўлса қариндошлик ҳаққи ҳам қўшилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам навбатдаги насиҳатларида комил мусулмоннинг сифатини баён қилиб шундай деганлар:

4. "Ўзинг учун яхши кўрган нарсани инсонларга ҳам яхши кўргин муслим бўласан". Яъни комил мусулмон бўласан. Бу сўзлари билан ислом динининг бағрикенглигини, унинг бутун оламларга раҳмат эканини баён қилганлар. Зеро ирқи, миллати, насл-насабидан қатъи назар барча инсонларга яхши гаплар айтишни мусулмонларга Аллоҳ таолонинг Ўзи буюрган.

5. "Кулгуни кўпайтирма, чунки кулгунинг кўпи қалбни ўлдиради". Бу сўзлари билан мўмин киши учун ҳаёт беҳуда нарсаларга сарфлаб юбориладиган арзимас нарса эмас, балки солиҳ амаллар билан тўлдирилиши лозим бўлган ғанимат фурсат эканини баён қилганлар. Эътибор берадиган бўлсак "кулгунинг кўпи қалбни ўлдиради" дейилди.  Бундан кулгуни мутлақо тарк қилиш эмас балки меъёрдан ортиқ кўп кулиш  яхши эмаслиги тушунилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам табассум билан кулганлар, саҳобалари ҳам кулганлар. Бунга қуйидаги ҳадислар мисол бўла олади:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларининг ичи кўринадиган даражада оғизларини катта очиб кулганларини кўрмаганман. У зот табассум қилар эдилар».

Бухорий ривоят қилган.

Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ибн Умардан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари кулишар эдими, деб сўрашди. У: «Ҳа, ваҳоланки иймон уларнинг қалбларида тоғлардан ҳам улканроқ эди», деди». 

Кулгуни жоиз ва ножоизлигига кўра иккига турга ажратиш мумкин:

1. Бирор нарсадан хурсанд бўлиб кулиш.

2. Бировни камситиш ё обрўсини тўкиш мақсадида кинояли кулиш.

Бировни камситиш ё обрўсини тўкиш мақсадида кинояли кулишни шариат ман қилган. Бирор нарсадан хурсанд бўлган пайтдаги кулишнинг эса меъёрдан ортиғи ман қилинган. Яъни меъёрдан ортиб кетса қалбни ўлдирадиган кулгу бўлиб қолади.

Ҳужжатул ислом имом Ғаззолий бу ҳақида шундай деганлар: "Кўп кулгу ва мол дунёга хурсанд бўлиш  инсон томирларига сизиб кирувчи заҳри қотил кабидир. У хавф, маҳзунлик, ўлим ва қиёматни эслаш каби хусусиятларни қалбдан чиқариб юборади. Бу эса қалбнинг ўлишидир". 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур насиҳатларини ҳаётимизга татбиқ этиб уларнинг фойдасидан баҳраманд бўлиш барчамизга насиб этсин.

 

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Абу Товил Мамдуд деган киши келиб сўради Бир киши гуноҳнинг барча турини қилган. Ундан ҳеч нарса давоми...

2572 17:00 / 25.06.2022
Аллоҳнинг пайғамбарларига иймон келтириш ҳам ғоятда пурҳикмат ишдир. Аллоҳ таоло инсонлар ичидан Ўзига пайғамбар танлаб олишининг ўзи инсоният учун улкан давоми...

1970 18:30 / 07.04.2020
Ибн Абу Заррдан ривоят қилинади .Машҳур муҳаддис Суфён ибн Уяйна Каъбанинг Бану Ҳошим эшиги олдида ҳаммага кўриниб турадиган баланд жойда ўтирарди. Бир пайт ҳадис давоми...

2224 09:01 / 09.10.2020
Хаворижлардан бири Ҳасан Басрийнинг мажлисига келар, ёмон гаплар ёки қилиқлар билан беодоблик қилиб, мажлис аҳлига озор етказар эди. Одамлар Ҳасан Басрийга .Эй давоми...

1377 07:10 / 11.07.2019