1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазон рўзасининг фарзлиги ҳақида

05:00 / 11.01.2017 3266 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

...Рўза тутган киши ўз ихтиёри ила оч қолиб, чанқаб, турли кўнгил хоҳлайдиган нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан, ўз ихтиёридан ташқари оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бўлиб юрган бева-бечора, камбағал фуқароларга нисбатан раҳим-шафқат қиладиган бўлиб қолади. Доимо уларга яхшилик қилиб туриш кераклигини тушуниб етади. Демак, ким ўзида раҳим-шафқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашни хоҳласа, рўза тутсин...

РАМАЗОН РЎЗАСИНИНГ ФАРЗЛИГИ ҲАҚИДА

Рўза араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради.
Шариат истилоҳида эса: «Тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзини тиймоқдир».
Рўзани очувчи нарсалар, деганда емоқ, ичмоқ, жинсий яқинлик қилмоқ ва бошқалар кўзда тутилган.
Рамазон ойи рўзасини тутмоқ иккинчи ҳижрий санада фарз қилинган бўлиб, рўза тутишнинг инсон учун фойдалари жуда ҳам кўп. Жумладан:
1. Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади. 
Аллоҳ таоло Рўза ҳақидаги оятнинг охирида: «Шоядки, тақводор бўлсангиз», деди.
Аллоҳ таолонинг «Шоядки» дегани «албатта, албатта» маъносидадир.
Қадимдан барча уламолар ва ҳукамолар ҳам бу ҳақиқатни доимо такрорлаб келганлар. Ўзини билган ҳар бир рўза тутувчи инсон ҳам бу ҳақиқатни жуда яхши билади.
Шу билан бирга бу ҳикматни тарғиб қилувчилар сафига кейинги пайтларда кишиларни очлик йўли билан даволовчи табиблар ҳам қўшилдилар. Уларнинг таъкидлашларича, ихтиёрий оч қолиш, яъни рўза тутиш ила инсонда Аллоҳдан қўрқиш, У зотни доимо ҳис этиб туриш, хуллас тақво ҳисси пайдо бўлади ва ортади. Ҳозирги оч қолдириб даволовчи табибларнинг энг машҳурлари ичида мусулмони йўқ ҳисоб. Лекин улар дунёдан ўтган машҳур кишилар, Мусо ва Исо алайҳиссаломлар, Будда ва Ганди кабилар ҳам ихтиёрий оч қолиш йўли билан олий руҳий мақомларга эришганларини, ҳозирда ҳам ким тақводорликка эришиш ниятида бўлса, албатта, рўза тутиши зарурлигини таъкидламоқдалар.
Очлик ила кишиларни даволаб ном чиқараётган кишилардан бирига, сиз ўз тажрибангизда шу нарсадан топган энг улкан фойда нима, деб савол берилганда, Аллоҳни ҳис этиш, ибодат қилишга ружу, қисқаси тақводорлик, деб жавоб берди.
2. Рўзанинг энг зўр ҳикматларидан бири у туфайли рўзадор соғлиғини тиклаб олади. 
Бир вақтлар худосизлар Рўзани соғлик учун кони зарар, деб эълон қилган, рўзадорларга «раҳм» қилиб, соғли ги йўқолмаслиги учун мажбурлаб рўзаларини очиришар эди. Энди эса Рўза тутиш айнан соғлик учун фойдали экани ҳақида ҳамма бир овоздан гапирмоқда. Мутахассислар ихтиёрий оч қолиш ҳақида кўп ва хўб гапирмоқдалар.
Рўза ўша ихтиёрий оч қолишнинг энг яхши ва энг самарали намунасидир.
Рўза нафақат соғлиқни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги қаттиқ таъкидланмоқда. Ҳозирги кунда кенг тарқалган беморликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртлар табиблари очлик, яъни Рўза тутдириш йўли билан даволамоқдалар.
Яқинда ўрис олимлари Рўза тутдириш йўли билан даволанган беморлар рўйхатини эълон қилдилар. Натижа, кишини ҳайратга соладиган даражада муваффақиятли. Ҳатто саратон касалига мубтало бўлганлар ҳам шифо топганлар.
Рўза турли касалликлардан халос этиш билан бирга киши баданида тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади.
Натижада инсоннинг жисми ҳам, руҳи ҳам енгиллашади, зеҳни ўткир, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўла боради.
Яхшиси, бу соҳада махсус адабиётларга мурожаат қилингани маъқул. Ана ўшанда тўлиқ маълумотлар олиш мумкин.
3. Рўзанинг фойдаларидан навбатдагиси ҳавои нафсни синдиришдир.
Маълумки, ҳавойи нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон ҳавои нафси нима деса шуни қиладиган бўлиб қолади. Ҳавои нафс инсонни ҳеч қачон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши эса иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний ва бошқа нафси тилаб турган нарсалардан ўзини тийиш билан ҳавои нафсининг хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучаяди. Ҳавои нафсини жиловлаб олади.
4. Рўзанинг фойдаларидан бири Шайтонга қаҳр кўрсатишидир. 
Маълумки, лаънати Шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон ёмонликка юрса, Шайтон алайҳи лаъна хурсанд бўлади. Яхшиликка юриб, Аллоҳнинг амрини бажо келтирса, у лаъин хафа бўлади, ўзини қаҳрга қолган ҳисоблайди. Рўза эса айнан ўшандоқ ибодатдир. Рўза ибодатини қилган инсон ёмонликлардан қайтиши ва Аллоҳга тақво қилиши билан Шайтонга қаҳр кўрсатган бўлади.
5. Рўзанинг фойдаларидан яна бири рўзадорнинг қалби мусаффо бўлиши. 
Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганда ҳам рўзасини очишга журъат қилмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан.
Демак, ким қалби мусаффо бўлишини хоҳласа рўза тутсин.
6. Рўза тутган кишининг тутган рўзаси сабабидан гуноҳлари мағфират қилинади. 
Бу маълум ва машҳур ҳақиқатдир. Рўза ҳақидаги ҳадиси шарифларни ўрганиш давомида бу ҳақиқатни яна ҳам равшанроқ кўрамиз, иншааллоҳ.
7. Рўза тутган киши ўз рўзаси туфайли фаришталар сифати ила сифатланади. 
Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги ила айнан ўша сифатларга соҳиб бўлади.
Демак, ким фаришталар сифатига эга бўлишни истаса рўза тутсин.
8. Рўзанинг фойдаларидан яна бири рўзадорнинг сабр-бардош сифатига эга бўлишидир. 
Бу эса ҳар бир инсон учун жуда ҳам зарур сифатдир. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун турли кўнгли хоҳлаган нарсалардан ўзини тийган киши эса керагича сабр-бардошга эга бўлади.
Демак, ким сабр бардошли бўлмоқни истаса, рўза тутсин.
9. Рўза рўзадорда раҳм шафқат сифатини шакллантириб мустаҳкамлайди. 
Рўза тутган киши ўз ихтиёри ила оч қолиб, чанқаб, турли кўнгил хоҳлайдиган нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан, ўз ихтиёридан ташқари оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бўлиб юрган бева-бечора, камбағал фуқароларга нисбатан раҳим-шафқат қиладиган бўлиб қолади. Доимо уларга яхшилик қилиб туриш кераклигини тушуниб етади.
Демак, ким ўзида раҳим-шафқат сифатини шакллантириш ва мустаҳкамлашни хоҳласа, рўза тутсин.
Мана шу зикр қилинган нарсалар Рўзанинг бу дунёдаги баъзи бир фойдалари, холос.
Рўзанинг бу дунёдаги бошқа фойдаларини санаб ўтирсак гап чўзилишини эътиборга олиб, буни хоҳлаган зотларни бошқа адабиётларга, жумладан, ушбу сатрлар соҳибининг бошқа китобларига мурожаат қилишга таклиф қиламиз.
Рўзанинг охиратдаги фойдалари эса жуда ҳам кўп бўлиб, улардан баъзиларини шу бобни ва ундан кейинги бобларни шарҳлаш давомида ўрганамиз, иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло: «Эй, иймон келтирганлар, сизларга ҳам, худди сиздан олдин ўтганларга фарз қилинганидек рўза фарз қилинди, шоядки тақво қилсангиз», деган (Бақара: 183-184).
Бу ояти каримани Аллоҳ таоло:
«Эй, иймон келтирганлар!» деб мўминларга маҳбуб нидо билан бошламоқда. Муҳим ва машаққатли ишни таклиф қилишдан олдин ўзи яхши кўрган ва унинг учун ҳар қандай машаққатни ҳам бўйнига олишга тайёр турган сифатни эслаб қилинган нидо эшитгувчида бўлажак ишга ғайрат билан киришиш руҳини уйғотади.
Аллоҳ таоло ҳам мусулмонларга ўта муҳим ибодат рўзанинг фарзлигини амр этишдан олдин уларга:
«Эй, иймон келтирганлар!» деб нидо қилмоқда.
Оят маъносидан келиб чиқиб, рўза янги ибодат эмас, балки барча динларда қадимдан бор эканлигини тушунамиз. Чунки унда:
«Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди», дейилмоқда.
Динлар тарихини ўрганиб чиққан уламолар таъкидлашича, барча динларда, ҳатто илоҳий бўлмаган динларда ҳам рўза ибодати бор экан.
Лекин уни адо этиш турлича бўлган. Баъзи динларда маълум овқатлардангина ўзини тийиб юришни рўза деб тушунилади. Мисол учун, насороларда ҳайвондан чиққан озуқа маҳсулотларидан ўзини тийиб юришни рўза дейилади. Уларнинг рўзасининг муддати қирқ кун бўлади. Насронийларнинг турли мазҳабларида, рўзалари ҳам турлича.
Исломда рўза ҳақиқий илоҳий маънони касб этган ибодатдир.
Ояти кариманинг сўнгида Аллоҳ таоло:
«Шоядки тақводор бўлсангиз», деб рўзадан кўзланган асосий мақсадни ҳам баён қилиб қўймоқда.
Демак, рўза ҳам тақво йўлларидан биттаси Рўза тутган киши қалбида тақво руҳи уйғониши керак. Агар ким рўза тутса-ю, қалбида тақво ҳисси уйғонмаса, у одам ҳақиқий рўза тутмаган бўлади.
Рўза ҳавою нафснинг ноўрин қўзғалишларини йўлга солишга, тўғрилашга, шаҳватни жиловлашга, қорин талабларини ҳам изга солишга хизмат қилади.
Рўза нафс балосидан қутулиб, Аллоҳнинг тоатига холис ажраб чиқишга ёрдам беради.
Кимки иймон ва эътиқод билан рўза тутса, Аллоҳ таоло ўша бандани тақво, деб номланувчи, икки дунё саодатига элтувчи бахтга муяссар қилади.
Ва яна:
«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар Қуръон туширилгандир. Сиздан ким ўша ойда ҳозир бўлса, бас, рўзасини тутсин», деган. (Бақара. 185)
Бундан аввалги оятда рўза «саноқли кунлар» фарз қилингани айтилган эди. Бу оят ўша «саноқли кунлар «Рамазон ойи» эканини баён қиляпти. Айни чоқда, Рамазон ойининг фазли ҳам зикр этиляпти.
«Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир».
Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар, улуғ уламоларнинг сўзлари, мадҳлар, шеърлар айтилган, китоблар битилган. Лекин бу ҳақдаги таърифларнинг гултожиси Роббил Оламийннинг Ўз каломида айтган мадҳидир. Ушбу оятдаги таъриф Рамазони шарифнинг энг улкан фазилатлари ҳақидадир. Яъни:
«Унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир».
Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони каримни тушириш вақти қилиб Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарганидан далолат. Энди эса, нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида фарз қилмоқда.
«Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, бас рўзасини тутсин».
Ким Рамазон ойига соғ-саломат етса, унинг янги ойининг шоҳиди бўлса ёки Рамазон ойи бошланганининг хабари етса, рўзасини тутсин. Бу фармон умумийдир, лекин одамларда, янги, умумий фармон тушди, ким бўлишидан қатъий назар, ҳамма рўза тутиши фарз экан, деган фикр пайдо чиқмаслиги учун ушбу ҳукмдан истисно қилинганлар яна бир бор зикр этилмоқда:

Мазкур оятлардан қуйидагилар келиб чиқади:

1. Рамазон ойи рўзасини тутиш ҳар бир иймонли зот учун фарз эканлиги.
Бу фарзни инкор этиб, Рамазон кунларининг бирор лаҳзасини узрсиз рўза тутмай ўтказса бўлади, деган одам кофир бўлади.
2. Рўза тутиш аввалги динларда ҳам борлиги.
Дарҳақиқат, синчиклаб ўрганиб чиқилса, барча динларда, ҳатто самовий эмас, сохта динларда ҳам рўза тутиш бор. Бинобарин, рўзани инкор қилган шахс ҳамма динларни инкор қилган бўлади. Ва киши одамийлик доирасидан чиқади.
3. Рўза тутган киши тақводор бўлади.
4. Рўза саноқли кунлардир.
Кўп эмас. Бир йил ичида 29 ёки 30 кун, холос.
5. Исломда «Рамазон ойи» рўзаси фарз қилинган.
Ўша ой қачон келса, ўшанда рўза тутиш керак. Бошқа ойнинг рўзасини тутиш ила фарзни адо этилган бўлмайди.
6. Қуръони карим ҳам Рамазон ойида туширилгандир.
Бу эса, ўз навбатида Рамазон ойи шаънига шаън, шарафига шараф қўшади. Чунки Аллоҳ таоло томонидан рўзани тутишнинг амр қилинишининг ўзи бу ой учун улкан шаъну шараф эди.
Энди Аллоҳ таоло Ўзининг охирги китоби, қиёмат кунигача боқий қоладиган улкан мўъжизаси, тиловати ибодат, барчага икки дунё саодатини топиш учун илоҳий дастури бўлмиш Қуръони каримни айни шу ойдан туширилиши ҳам бежиз эмас.
Бу Рамазон ойининг Аллоҳ таоло ҳузурида ғоят шарафли ой эканидан далолат беради.
7. Қуръони карим одамлар учун ҳидоят эканлиги.
Маълумки, ҳар бир одам ҳидоят қилувчи – йўл кўрсатувчига муҳтож. Бўлмаса, иши чатоқ. Энг яхши ҳидоят эса, Аллоҳнинг ҳидояти – Қуръони карим. Аллоҳнинг ҳидоятидан бошқа нарса эса залолатдир.
8. Қуръони карим – Фурқон яхши-ёмон, ҳақ-ботилни ажратувчи илоҳий фарқловчидир.
Қуръон яхши, деган нарса яхшидир. Қуръон ёмон, деган нарса ёмондир. Қуръон ҳақ, деган нарса ҳақдир. Қуръон ноҳақ, деган нарса ботилдир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарсани сўрашдан наҳий қилинган эдик. Бизни бадавий аҳллардан бир оқил киши келиб, У зотдан савол сўраётганини эшитиб туришимиз қизиқ эди. Бас, бир куни аҳли бодиядан бир киши келди ва:
«Эй, Муҳаммад! Бизга юборган элчинг, сени, албатта, Аллоҳ юборганини даъво қилаётганингни айтмоқда», деди.
«Тўғри айтибди», дедилар.
«Осмонни ким яратган?» деди у.
«Аллоҳ!» дедилар.
«Ерни ким яратган?» деди.
«Аллоҳ!» дедилар.
«Мана бу тоғларни ким тиклаб қўйди ва улардаги нарсаларни пайдо қилди?» деди.
«Аллоҳ!» дедилар.
«Ундоқ бўлса, осмонни яратган, ерни яратган, ушбу тоғларни тиклаган зот билан қасамки, сени Аллоҳ Пайғамбар қилиб юбордими?!» деди.
«Ҳа!» дедилар.
«Сенинг элчинг бир кеча-кундуз беш вақт намоз фарз эканлигини даъво қилди», деди.
«Тўғри айтибди», дедилар.
«Сени Пайғамбар қилиб юборган зот ила қасамки, буни сенга Аллоҳ буюрдими?» деди.
«Ҳа!» дедилар.
«Сенинг элчинг бизга молу дунёмиздан закот фарз қилинганини даъво қилди», деди.
«Тўғри айтибди», дедилар.
«Сени Пайғамбар қилиб юборган зот ила қасамки, буни Сенга Аллоҳ буюрдими?» деди.
«Ҳа!» дедилар.
«Сенинг элчинг ҳар йили Рамазон ойи рўзаси фарз қилинганини даъво қилди», деди.
«Тўғри айтибди», дедилар.
«Сени Пайғамбар қилиб юборган зот билан қасамки, буни сенга Аллоҳ буюрдими?» деди.
«Ҳа!» дедилар.
«Сенинг элчинг қодир бўлганларга Байтни ҳаж қилиш фарз қилинганини даъво қилди», деди.
«Тўғри айтибди», дедилар.
Сўнгра у киши:
«Сени ҳақ ила юборган зотга қасамки, мана шуларга зиёда ҳам қилмайман, улардан кам ҳам қилмайман», деб қайтиб кетди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар ростгўй бўлса, албатта, жаннатга киради», дедилар».
Яна бир ривоятда: «У киши: «Сен келтирган нарсага иймон келтирдим. Мен ўз ортимдаги қавмимнинг элчисиман. Мен Бани Саъд ибн Бакр(қабиласи)лик Зимом ибн Саълабаман», деди» дейилган. Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп нарсани ўрганишга муштоқ бўлиб яшар эдилар. Лекин турли воқеъликда бўлмаган нарсаларни сўрайвериш Ислом умматига оғирлик яратиши мумкинлиги эътиборидан Аллоҳ таоло уларни:
«(Турли) нарсаларни сўраманглар, агар (улар) сизларга зоҳир бўлса, ёмонлик келтирур» деб ман қилган эди.
Шунинг учун ҳам унча-бунча нарсани юрак ютиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрай олмас эдилар. Бу, албатта, ҳожат тушмаган нарсалар ҳақида эди. Ҳожат бўлса, сўраш вожибдир. Саҳобаи киромлар ҳам ундай вақтда дарҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга савол берар эдилар.
Ҳожат тушмай турган нарсаларни эса, аҳли бодия-саҳро аҳлидан бирор оқил одам келиб сўраб қолса-ю, унинг саволларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам берган жавоблардан биз ҳам фойдаланиб қолсак, деб интизор бўлиб турар эдилар.
Бир куни Бани Саъд ибн Бакр қабиласига мансуб Зимом ибн Саълаба исмли киши келиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан саволлар сўрай бошлади.
Унинг бу келишига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан уларга юборилган элчининг айтган гаплари сабаб бўлиб эди.
Маълумки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам турли ерларга, жумладан саҳройи қабилаларга ҳам Исломга даъват қилувчи ўз элчиларини юборар эдилар. Улар кишиларни Исломга даъват қилар эдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бани Саъд ибн Бакр қабиласига юборган элчилари уларни Исломга даъват қилганларидан сўнг мазкур қабила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўз вакиллари Зимом ибн Саълабани юборишга қарор қилди. У келиб, керакли нарсаларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб олди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ҳожатсиз нарсаларни сўрайвериш яхши эмаслиги.
2. Саҳобаларнинг одобларидан, илмга чанқоқликлари дан ўрнак олиш.
3. Исломни кишиларга етказиш учун одамларни юбориб туриш зарурлиги.
4. Чет жойлардаги кишиларнинг вакиллари марказга келиб, дин аҳкомларини ўрганиб кетиши фойдали экани.
5. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло томонидан юборилган Пайғамбар эканликлари.
6. Осмонни Аллоҳ яратгани.
7. Ерни Аллоҳ яратгани.
8. Тоғларни Аллоҳ таоло тиклаб қўйгани.
9. Тоғларнинг ичидаги нарсаларни ҳам Аллоҳ пайдо қилгани.
10. Бир нарсани таъкидлаш учун Аллоҳнинг сифатлари ила қасам ичиб савол бериш мумкинлиги.
11. Бир кеча-кундузда беш вақт намозни Аллоҳ фарз қилгани.
Бу ҳеч кимдан, ҳатто Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан ҳам чиққан нарса эмаслиги.
12. Нисобга етган молу мулкдан закот беришни Аллоҳ таоло фарз қилгани.
13. Рамазон ойи рўзасини Аллоҳнинг Ўзи фарз қилгани.
Ушбу ҳадисни бу бобда келтиришимиздан асосий мақсад ҳам худди шу туфайлидир. Аллоҳ таолонинг Ўзи жорий қилган фарзни ҳар бир банда бўйин товламай амалга ошириши лозим. Бу фарзни ҳеч бир зот, ҳеч қандай шароитда инкор эта олмайди.
14. Қодир бўлган инсонга Байтуллоҳни ҳаж қилишни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи фарз қилгани.
15. Жаннатга киришни хоҳлаган инсон мазкур ибодатларнинг ҳаммасини камитмай адо этиши кераклиги.

Агар эътибор берадиган бўлсак, биринчи ривоятда иймон калимаи шаҳодат тўғрисида ҳеч қандай гап йўқ. Фақат намоз, закот, рўза ва ҳаж ҳақида гап бор.
Зимом ибн Саълаба мазкур ибодатларни камитмай ҳам, оширмай ҳам адо этишга азму қарор қилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, агар у ростгўй-содиқ бўлса, албатта, жаннатга кириши ҳақида башорат бермоқдалар. Бу мўмин бўлмай туриб ҳам ибодат қилса, жаннатга киради, дегани эмас.
Чунки иймон бирламчи нарсадир. Иймони йўқ одам Зимом ибн Саълаба сингари аҳд қилмайди. Сўнгра Зимом ибн Саълабанинг иймон келтиргани Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу саволлардан олдин маълум эди. Шунинг учун бу ҳадисни ўқиб ўрганган киши калимаи шаҳодатни айтиб иймонга келмаган одам ибодат қилиб жаннатга кириши мумкин экан, деган хаёлга бормаслиги, уни бошқаларга айтиб юрмаслиги керак. Бу оддий ҳақиқат. Бу ҳақиқатни ёш болалар ҳам билади.
Яхшилаб ўйлаб кўрсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зимом ибн Саълаба розияллоҳу анҳунинг намоз, закот, рўза ва ҳаж ибодатларини ҳеч камитмай адо этишга қилган аҳди эътиборидан, агар ростгўй бўлса, албатта, жаннатга киради дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Зимом калимаи шаҳодатни айтган эди, бу ибодатларни адо этмаса ҳам жаннатга кираверади, деганлари йўқ. Ушбу инкор қилиб бўлмас ҳақиқатни ҳар бир инсон унутмаслиги ва шунга яраша амал қилиши керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини тутмоқни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилур. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур. Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир. Ким у кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ, маҳрум бўлибди», дедилар». Насаий ва Байҳақий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Рамазон ойи муборак ой эканлиги.
Бошқа ойларнинг бирортаси бу сифат ила васф қилинмаган. Рамазон ойи йилнинг ўн икки ойи ичида энг афзали, энг баракалиси, энг улуғидир. У ўн икки ойнинг султонидир.
2. Аллоҳ таоло мусулмонларга Рамазон ойи рўзасини фарз қилгани.
Ушбу ҳадисни бу бобда келтиришдан асосий мақсад ҳам мана шу ҳукмни баён қилишдир. Рамазон ойининг рўзасини тутмоқлик ҳар бир бандага Аллоҳ томонидан жорий қилинган фарздир.
3. «Унда осмонларнинг эшиклари очилур».
Ўша очилган эшиклардан Аллоҳнинг раҳмати, хайр-барака ёғилур. Раҳмат фаришталари тушур. Бандаларнинг тутган рўзалари, қилган яхши амалларининг савоблари чандон-чандон кўпайиб осмонга кўтарилур.
4. «Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилур».
Ўша муборак ойнинг ҳурматидан жаҳаннам эшиклари ёпилиб, унга кириш вақтинча кечга сурилур. Кишиларга Аллоҳнинг раҳмати бўлиб, уларга яхши имконлар яратилиб берилур. Рўза тутиб, ибодат қилган кишилар жаҳаннамдан қутулур.
5. «Унда ўзбошимча шайтонлар кишанланур».
Рамазон ойи шарафидан ўзбошимча шайтонлар кишанланиб, рўза тутган мўминларни васваса ва иғво қила олмай қолишади. Шунинг учун ҳам рўзадорлар бемалол хайрли ишларини, ибодатларини қиладилар.
6. «Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг кечадан яхшидир».
Бу кеча Лайлатул Қадр кечасидир. Ундаги ибодат - яхшиликларга бериладиган савоб ва хайр-баракалар шу даражада кўпдир. Ким ўша муборак кечани уйқу билан, беҳуда ўтказса барча яхшиликлардан маҳрум бўлади.
Бу ҳадиси шарифга ҳаётимизда амал қилишга бошлашимиз, муборак Рамазон ойидан тўла фойдаланишга ўрганишимиз лозим. Рамазони шариф кунларини рўзадор, тунларини бедор бўлиб, ибодат ила ўтказишимиз керак. Лайлатул Қадр кечаси ҳам беҳуда ўтмаслиги лозим.

Назр ибн Шайбон раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади: «Абу Салама ибн Абдурраҳмонга: «Менга сен отангдан, отанг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган Рамазон ойи ҳақидаги нарсани гапириб бер. Ўшанда отанг билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ораларида ҳеч ким йўқ экан», дедим.
«Ҳа, отам менга «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ сизларга Рамазон рўзасини фарз қилди. Мен эса, сизларга унинг қиёмини суннат қилдим. Ким иймонла, савоб умидида унинг рўзасини тутса ва (кечаларини) бедор ўтказса, гуноҳларидан онасидан янги туғилгандек бўлиб чиқур», дедилар» деди». Насаий ва Аҳмад ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аввало ҳадис ровийси Назр ибн Шайбон раҳматуллоҳи алайҳи билан танишиб олайлик:
Назр ибн Шайбон Худдоний ал-Басрий. Ҳадисларни Абу Салама ибн Абдурраҳмон ибн Авф ва оталаридан ривоят қиладилар. Бу ҳадислар рўзанинг фазли тўғрисидадир.
Бу зотдан Қосим ибн Фазл Худдоний, Наср ибн Али ал-Жаҳзамий, Абу Ақл ад-Даврақийлар ривоят қилишади.
Назр ибн Шайбон раҳматуллоҳи алайҳининг Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу отасига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи ҳақида муҳим ҳадис айтганларини билиб юрар эдилар. Шунинг учун Абу Салама розияллоҳу анҳуни кўриши билан ўша ҳадисни айтиб беришни сўрадилар.
Ушбу ишда ҳам салафи солиҳларимизнинг илмга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳар бир ҳадисга қанчалар эътибор билан қараганликларини кўриб турибмиз. Ул азизларимиз ҳар бир қулай фурсатдан илм йўлида унумли фойдаланишга ҳаракат қилганлар. Биз ҳам улардан ўрнак олишимиз лозим.

Ушбу ҳадисдан оладиган бошқа фойдаларимиз:

1. Рамазон ойи рўзасини тутиш Аллоҳ томонидан фарз қилинган ибодат экани.
2. Рамазон кечаларини бедорликда ибодат қилиб ўтказиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жорий қилган суннат экани.
3. Ким иймон ила, савоб умидида Рамазон кунларини рўза тутиб, тунларини бедорликда ибодат қилиб ўтказса, гуноҳлари мағфират қилиниши.

Шундай бўлгандан кейин бу ҳадисга амал қилиш керак. Рамазон рўзасини қолдирмай тутиб, кечаларни қоим ҳолда ибодат ила ўтказиб, гуноҳлар мағфират қилинишига эришиш лозим.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуда ривоят қилинади .Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан рўзадорнинг қучоқлаши ҳақида сўради. Унга рухсат давоми...

3972 19:30 / 25.04.2021
Рамазон рўзасини тутмаслик жоиз бўлганлар ҳақидаСАВОЛ Сил касалига йўлиққан одамга рўза тутиш машаққатлиги маълум. Шунинг оқибатида ўтган йили у рўза тута давоми...

3922 05:00 / 13.01.2017
Рўза фарзи айн бўлиб, диннинг улкан бир рукни ва фарзлиги қатъий равишда Қуръон ва суннат билан собит бўлган, фарзлигига ижмоъ қилинган амалдир. Рўзанинг давоми...

2675 14:00 / 07.04.2023
Ният сўз луғатда қасд қилиш, шариатда эса бирор ишни қилишда Аллоҳ таолога ибодат қилишни ва Унга яқин бўлишини қасд қилишдир. Рўза дуруст бўлиши учун дилда ният давоми...

1760 12:10 / 16.04.2021