1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Нафсни поклаш ва уни тарбиялашда намознинг тутган ўрни

05:00 / 09.01.2017 5019 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб дуруду салавотларимиз бўлсин!

 «...ва намозни тўкис адо эт. Албатта, намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтарур...» (Анкабут сураси, 45-оят).

Одатда нафсни булғайдиган барча иллатларни бир сўз билан фаҳш ва мункар ишлар деб айтса ҳам бўлади, чунки барча гуноҳ-маъсиятлар – у хоҳ маънавий, хоҳ жисмоний бўлсин, барибир фаҳш ва мункар ишларга бориб тақалади. Мазкур иллатлардан қалбни, яъни нафсни поклаш ва тарбиялашнинг энг яхши ва самарали йўли эса Аллоҳнинг «намозни тўкс адо эт» деган тавсиясида ўз ифодасини топган. Агар бундан ҳам яхшироқ ва самаралироқ йўли бор бўлса, марҳамат, тақдим этилсин. Лекин ишонч билан айтамизки, бундан афзал йўл йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Зотан, Роббул оламин бўлган Зот Ўзи яратган бандаларнинг барча иллатлардан сақланиш ва покланиш йўларини ҳам ҳаммадан кўра билувчироқдир.

Шу ўринда баъзиларда «Агар намоз барча ёмонликлардан қайтарадиган бўлса, нима учун баъзи намозхонлар ҳам ҳеч иккиланмай фаҳш ишларни қилаверади? Ҳаттоки бировларнинг молини ейишдан ҳам қайтмайди?» деган савол туғилади. Жавоб яна юқоридаги оятнинг ўзидадир. Аллоҳ таоло ояти каримада «намозни тўкис адо эт» деган. Бу эса «намознинг барча аҳкомларини – фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб ва одобларига риоя қилган ҳолда, энг асосийси – ихлос, муҳаббат ва тўғри ният ила, Аллоҳ талаб этганидек адо эт» деганидир. Демак, юқоридаги саволда айтилган иллатлар қайси намозхонда ҳануз топилаётган бўлса, билингки, унинг намозида қандайдир иллат бор. Бу иллатлар қанча кўп бўлса, у ана шунча гуноҳ-маъсиятларни содир қилаётган бўлади. Бу одам нуқсонли бўлса-да, ўқиётган намозини мутлақо тарк қилиб қўйса, унинг фаҳш ва маъсиятларга берилиши бир неча бараварга ортади, чунки ўша намоз чала бўлса ҳам, қайсидир маънода барибир эгасининг баъзи гуноҳлардан тийилишига сабаб бўлиб турган эди. Бундай ҳолатларда «Барибир намозимдан фойда йўқ экан» деб, уни мутлақо ўқимай қўйгандан кўра, «Намозларимда нуқсон бор экан, шунинг учун унинг фойдасини тўлиқ кўрмаётган эканман» деб, намозини бенуқсон ўқишга ва ундан кўзланган фойда ва ҳикматларга тўлиқ эришишга ҳаракат қилиш керак. Зотан, мустаҳкам иродали мўмин киши доимо комиллик сари интилади. Хоссатан, инсоннинг асосий фазилати бўлмиш тарбия борасида мутлақо ортга чекинмайди.

«... Албатта, намоз мўминларга вақти ила фарз қилингандир» (Анкабут сураси 45-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ Ўзининг мўмин бандаларига намозни вақтида адо этишни буюряпти. Бундан эса мусулмонлар ҳар бир ишни ўз вақтида бажаришга эътибор бериши кераклиги келиб чиқади. Нафс доим енгил ҳаёт тарзини хоҳлайди, бу эса ўз-ўзидан тартибсизлик, режасизлик, мақсадсизлик ва лоқайдликни келтириб чиқаради. Тасаввур қилинг, банда Роббининг амрига бепарво бўлса, буйруқларини вақтида бажармаса, доимо кечиктириб ёки мутлақо қазо қилиб юрадиган бўлса, ундан бирор яхшилик кутиш мумкинми? Аксинча, ҳар куни беш маҳал намозни ўз вақтида ўқиган одам шу даражада тарбияли бўладики, энди унинг барча дунёвий ва ухровий ишлари қатъий тартиб остида, ўз вақтида, кечиктирмасдан, кўнгилдагидек бажарилади. Бундай инсонни бирор гуноҳ-маъсият қилишга вақти ҳам бўлмайди, чунки бир намозни ўқиб бўлиши билан иккинчи намозга тайёргарлик бошланади. Қолаверса, намозлардан бўш пайтида режалаштирган қанчадан-қанча ишларини бажариб олиши керак. Бирор гуноҳ ишга қўл урмоқчи бўлса ҳам, ояти каримада айтилганидек, намоз уни фаҳшдан, мункардан  қайтаради – қалбида ўз-ўзидан ғалаён кўтарилиб, «Намозхон бўла туриб шу ишни қиласанми? Ўқиган намозларинг нима бўлади? Бирортаси кўриб қолса, «манави одамни қаранглар, намоз ўқиб туриб ҳам шу ишларни қилиб юрибди, ҳа, эссизгина!» демайдими? Ҳозир шу ишларни қилиб туриб, яна қайси юзинг билан намоз ўқийсан? Бир оздан кейин яна намоз вақти киради, қайси виждонинг билан Роббингга юзланасан? Ҳой, бу гуноҳларга ботаверсанг, намозларингни тарк этиб қўйишинг мумкин» деган хаёллар кўнглидан ўтади. Қолаверса, баъзи гуноҳлар билан таҳорат синса, баъзиси билан, Аллоҳ асрасин, ғусл вожиб бўлиши ҳам мумкин. Бу эса турли ноқулайликлар, қийинчиликлар туғдиради. Хуллас, намозда инсон учун маъсиятлардан тўсилиш, гуноҳлардан тийилиш учун имкониятлар кўп. Буларнинг барчаси тарбиянинг асоси ва бошидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бошқа ибодатлардан фарқли ўлароқ, намозни мавсумий эмас, балки ҳар куни бир неча марта такрорланадиган қилиб, фарз қилган бўлса, ажаб эмас.

Намознинг тарбиявий аҳамияти буларнинг ўзи билан чегараланиб қолмайди. Юқорида зикр қилинган ҳикматлар унинг сон-саноқсиз қирраларидан баъзилари холос. Қуйида мазкур маъноларга далолат қилувчи ҳадиси шарифлар билан ҳам танишиб чиқишга ҳаракат қиламиз. Одатда инсон тарбияланиши учун аввало қалбини барча маънавий иллат ва гуноҳлар сабабли пайдо бўлган қора доғлардан покизалаб олиши керак. Бунинг учун ҳам энг яхши ва самарали восита, албатта, намоздир.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш вақт намоз ва (жума намози) жумадан жумагача орадаги (гуноҳ)ларга каффоротдирМодомики, катта гуноҳлар қилинмаган бўлса» дедилар.

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Ҳа, беш маҳал намоз уни адо этаётган инсонни қалбида гуноҳлар туфайли пайдо бўлган қора доғларни ювиб, покизалаб, уларга каффарот бўлиб туради. Баъзилар «Гуноҳларимиз шу даражада кўпми? Ҳар куни беш маҳал каффорат бўлаверса, гуноҳларимиз умуман қолмаса керак?» дейиши мумкин.  Кошкийди шундай бўлса! Лекин биз бандалар шу даражада гуноҳкормизки, нафақат намозларимиз, балки ундан ташқари қанчадан-қанча бошқа ибодат ва солиҳ амалларимиз ҳам гуноҳларимизга каффорат бўлади. Шундан ҳам ортиб қолганларига ҳар ҳафтада бир ўқиладиган жума намози, йилда икки марта ўқиладиган ҳайит намозлари Аллоҳнинг биз гуноҳкор бандаларига нисбатан раҳмати ва фазлидандир. Аслида биз бундан ҳам кўпроғига муҳтожмиз. Буни тўғри ҳис қилишимиз, мазкур имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда Аллоҳ таолонинг ҳузурига ёруғ юз ва соф қалб ила боришимиз керак. Қолаверса, мазкур амаллар кичик гуноҳларга каффорат бўлиб, катта гуноҳларга алоҳида каффорат белгиланган.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Айтинглар-чибирингизнинг эшигиолдида анҳор бўлсау ўшанда ҳар куни беш марта ювиниб турсаунинг кириданбирор нарса қоладими?» дедилар«Унинг киридан ҳеч нарса қолмайди», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ана шунга ўхшаб, Аллоҳ беш вақт намоз ила хатоларни ювади», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Нақадар гўзал ва етук ўхшатиш! Ҳақиқатдан ҳам бир кунда беш маҳал ювиниб юрган одам зоҳиран пок бўлиб, унинг киридан бирор нарса қолмаганидек, бир кунда беш маҳал намоз ўқиб юрган одамнинг ҳам хатолари ювилиб, тоза бўлиб қолади. Лекин ҳаёт давом этади, банда яна билиб-билмай ҳар хил гуноҳларни содир этади. Натижада қалбида яна қандайдир доғлар пайдо бўлиб, уни яна қайтадан поклаш зарурати пайдо бўлади. Ушбу жараён давом этар экан, банда ҳар тарафлама тарбияланишда давом этади. Натижада эса, ихлосига қараб, энг буюк тарбияланган зотлар сафига қўшилади. Бу сўзларни бежиз айтаётганимиз йўқ, чунки баъзилар «Демак, намоз ўқисак бўлди, гуноҳларимизга каффорат бўлаверади» деб ўйлашади. Аслида эса, намоз мазкур гуноҳларга каффорат бўлиши учун намозни адо этиш асносида юзага чиқиши керак бўлган баъзи шартлар бор.

 

 Амр ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Усмоннинг ҳузурида эдим. У таҳоратга сув опкелтириб, шундай деди:  «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қайси бир мусулмон одамга фарз намоз (вақти) келса-ю, унинг таҳоратини, хушуъини ва рукуъини яхшилаб адо этса, у ўзидан олдинги гуноҳларга каффорот бўлур. Модомики, катта гуноҳ қилмаган бўлса. Бу доимо, ҳамма вақт учундир», деганларини эшитганман», деди.

Муслим ривоят қилган.

Демак, аввало намозларни ўз вақтида ўқиш керак. Унинг таҳоратини, хушуъ ва рукуъини яхшилаб адо этиши ҳам керак. Масаланинг энг нозик ва дақиқ жойи ҳам шунда. «Ўқидингми, ўқидим» деган билан бўлмайди. Қолаверса, бу каффоратлар катта гуноҳлар учун эмас, балки фақат кичик гуноҳлар ва нуқсонлар учундир. Намознинг бундай ҳикматлари тўғрисида маълумотлар оят ва ҳадиси шарифларда жуда кўп. Лекин биз гап чўзилиб кетишидан сақланиб, мазкурларни ўзи билан кифояланамиз. Намоз нафақат ўз эгасини гуноҳдан поклайди, балки қиёмат куни унинг учун яна асқотади, энг муҳтож бўлиб турганида нажот бўлади. Бу ҳақда яна бир ҳадиси шариф билан ҳам танишиб чиқамиз.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Кимки намозни муҳофаза қилса, қиёмат кунида унинг учун нур, ҳужжат ва нажот бўлади. Кимда-ким уни муҳофаза қилмаса, унга нур ҳам, ҳужжат ҳам, нажот ҳам бўлмайди ва у қиёмат кунида Қорун, Фиръавн, Ҳомон ҳамда Убай ибн Халафлар билан бирга бўлади» (Имом Аҳмад ривояти).

Биз қиёматнинг зулматини тўлиқ ҳис қила олмаймиз, чунки бу бизнинг тасаввуримиздаги оддийгина зулмат эмас, балки қиёматнинг зулматидир. Ана шундай даҳшатли зулматдан нажот топишни истайсизми? Марҳамат, намозларни ўз вақтида адо этинг ва ўша нурни қўлга киритинг. Қиёмат куни ҳар бир амал учун ҳужжат талаб қилинади, шу пайтда сиз учун ҳар қандай ижобий ҳужжат асқотади, тўғрими? Марҳамат, намозни ўз вақтида адо этинг ва ибодатли, тақволи бўлиб ҳаёт кечирганингиз ҳақидаги ҳужжатни қўлга киритинг. Аллоҳ асрасин, ҳисоб-китобингиз қийин бўлиб, жаҳаннамдан нажот топиш учун ҳар қандай нажоткорнинг ёрдамига муҳтож бўлиб қоларсиз? Марҳамат, намозни ўз вақтида адо этинг ва ҳар қандай азоб-уқубатдан нажот берадиган имтиёзга эга бўлинг. Агар сизга мазкур имконият ва мукофотлар керак бўлмаса, «Кимда-ким уни муҳофаза қилмаса, унга нур ҳам ҳужжат ҳам, нажот ҳам бўлмайди» дейилибди. Бўлмаса бўлмас, нима бўлибди?» дерсиз? Яхшилаб ўйлаб кўринг, акс ҳолда афсус ва надомат қиласиз, лекин фойда бўлмайди, чунки бундай инсонлар қиёмат кунида Қорун, Фиръавн, Ҳомон ҳамда Убай ибн Халафлар билан бирга бўлади. Бу кишилар эса дунёни зулм-ситамга, жаҳолатга ширкка, фаҳшу разолатга тўлдириб ташлашган, тарихда абадий қора ном ила тилга олинадиган, энг пасткаш, тарбиясиз ва дунёдаги барча иллатларни ўзларида мужассам этган шахслардир.

Ҳар қандай иймонли, эътиқодли ва тарбияли киши учун қиёматда жаҳаннамда мазкур шахслар билан бирга бўлишдан аламлироқ азоб-уқубат бўлмаса керак. Ёмон ҳамроҳ ёки ҳамсоя билан, ёмон ҳамсуҳбат ила бир озгина бирга бўлиш қанчалик азоб. Энди улар билан абадул-абад бирга бўлишни тасаввур қилаверинг...

 

Хулоса

Намоз мўминга нажот ва паноҳдир, унинг дардига малҳамдир. Саҳиҳ ҳадисларда келтирилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларига бирор ташвиш тушса, кечаси кучли шамол турса, қуёш ёки ой тутилса, умуман, ҳар қандай нохуш ҳодиса юз берса, бошпаналари масжид, ибодатлари намоз бўлиб қоларди.

Намоз руҳнинг озуқаси, қалб жароҳатининг шифоси, нафснинг жиловидир. Намоз қийналганларга ёрдам, хавфдагиларга омонлик, заифларга қувват, қуролсизларга қалқондир. Намоз иймоннинг аломати, қабрни пурнур этувчи зиё, охиратда дўзахдан паноҳ бўлувчи, бандани ёмонлик ва гуноҳлардан қайтарувчи энг яхши даводир. Дунё ҳаётида намоздан жиддийроқ, муҳимроқ бир иш, бирор вазифа йўқдир. Намоз Аллоҳга бандалик қилишнинг, Унга ишонишнинг эътирофидир. Аллоҳни севишнинг, У Зотни эҳтиром қилишнинг ифодасидир. Намоз кибр ва нафс чопонини ташлаб, қуллик либосини кийишдир. Намоз мусулмонни ғайримуслимдан айирадиган энг катта аломатдир. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг тарк этилишига изн берилмаган.

Намоз мусулмон банда Аллоҳнинг сон-саноқсиз неъматларига шукр келтириши учун шариатга киритилган бўлиб, унинг диний, тарбиявий, шахсий, сиҳҳий, ижтимоий ва бошқа қатор фойдалари бор. Аввало, намоз банданинг Аллоҳ билан боғланиш воситасидир. Намозда банда Аллоҳ билан ёлғиз қолиб, Унга муножот қилади. Шу ибодат ёрдамида руҳий, маънавий лаззат олади. Намоз ўқиш билан банда ўзининг барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Шу намози ила ўзига омонлик, хотиржамлик ва нажот тилайди.

Иккинчидан, намоз ютуқ ва нажот йўлидир. Намоз хато ва гуноҳларни ювишнинг энг ишончли йўли бўлиб, эгасига кўплаб шахсий фойдалар келтиради. Намоз инсонни Аллоҳга яқин қилади, иродасини мустаҳкамлайди, ўзини бу дунё матоҳларидан юқори тутишга ўргатади ва эгасига мислсиз нафсоний роҳат ва руҳий фароғат бахш этади.

Намоз ўқийдиган одам ғафлат уйқусидан уйғониб, ҳаётга теранроқ назар солишни ўрганади. Намоз инсонга интизомли бўлишни, ҳамма ишларни тартибли равишда йўлга қўйишни, вақтни тежаш ва тартибга солишни ўргатади. Намозхон одам ҳилм, хотиржамлик, шошилмаслик, виқорли бўлиш, сабр каби кўплаб шахсий ва юксак инсоний фазилатларга эга бўлади.

Намоз инсоннинг кундалик ҳаёти учун ҳар томонлама зарур амал экани илмий равишда ҳам исботланмоқда. Намоз ўзининг сон-саноқсиз фойдалари билан инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларини тартибга солиб турувчи восита экани тобора аён бўлмоқда. Ҳозирги кунда илмий йўл билан ҳаёт кечириш услубини излаган моддий тараққий этган юртлар аҳолисининг кўпчилиги намоз туфайли Исломга кирмоқда. Кишининг ҳар тарафлама поклигини, соғлигини таъминловчи, уни Аллоҳ билан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан, мўмин биродарлари билан доимий алоқада ушлаб турувчи намознинг аҳамиятини ким ҳам инкор қила олади?

Шунинг учун Ислом динида намоздан муҳимроқ, ундан улуғроқ ва аҳамиятлироқ бошқа ибодат йўқдир. Аллоҳ таоло барчамизга намоз ўқиш бахтини берсин, намоз туфайли фаҳшу мункардан қайтишимизни ва Ўзининг ҳузурига салим қалб ила боришни насиб айласин, омин!

 

Исҳоқжон Бегматов

«Тўхтабой» жомеъ масжиди имом-хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган .Намозни тугатганингиздан сўнг Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолингизда зикр қилинг. давоми...

4641 17:00 / 02.02.2022
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Аёл киши қандоқ кийимда намоз ўқийди, деб сўралди. У киши .У химорда ва бутун жисмини тўсиб икки қадамининг устини давоми...

4403 05:00 / 09.01.2017
Имомлик шартлари ҳақида келган барча далил ва ҳужжатларни ўрганиб ва уларни керакли қоидаларга солиб чиққан уламоларимиз имомлик тўғри бўлиши учун қуйидаги давоми...

12564 05:00 / 09.01.2017
. . . . Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади давоми...

4651 11:18 / 21 январь