1447 йил 8 Рамазон | 2026 йил 26 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўзадорга макруҳ бўлган нарсалар ва савол-жавоблар

08:08 / 26.03.2024 2786 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рўзадор бирор нарсанинг мазасини татиб кўриши ёки чайнаши макруҳдир (зарурат юзасидан ёш болага овқат чайнаб бериш бундан мустасно). Бу ҳолатларда бирон нарсанинг томоқдан ичкарига кетиб қолиб, рўзани бузиш хавфи бор. Қолаверса, бошқалар кўриб, «рўза тутмаган экан» деб ёмон гумонга боришлари мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, туҳмат мақомларига яқинлашмасин», деганлар.

Рўзадор киши хотинини ўпиши ҳам макруҳдир, чунки ундан кейин жимоъ ва маний тушиши хавфи бор.

Рўза тутган одамнинг мисвок ишлатиши жоиз эканини жумҳур уламолар таъкидлашган.

Рўзадор учун макруҳ бўлган амаллар қуйидагилардир:

1. Узрсиз бирор нарсани татиб кўриш ва чайнаш. Бу рўзанинг бузилишига олиб келиши мумкин.

2. Сақич чайнаш.

3. Қучоқлашиш, ўпиш ва ушлаш каби шаҳватни қўзғайдиган ишлар.

4. Қасд билан тупукни оғизда тўплаб, уни ютиш.

5. Қон олдириш каби рўзадорнинг заифлашишига олиб борадиган ишларни қилиш.

Савол-жавоблар

Савол: рўзани очмайдиган, лекин макруҳ бўлган амаллар қайсилар?

Жавоб:

1. Тупукни оғизда тўплаб, сўнг ютиб юбориш;

2. Гапираётган, зикр қилаётган, ўқиётган чоғда лаблари ҳўл бўлса, ўша ҳўлликни ютиш;

3. Оғзидан оқаётган сўлакни қайтадан ютиб юбориш;

4. Оғизни чайгандан сўнг қолган намликни тупук билан бирга ютиб юбориш;

5. Шамоллаш туфайли оққан ва оғиз ё бурундан ташқарига чиққан балғамни нафас олиб, ичкарига тортиш (лекин ичкарига ютгандан ташқарига чиқариб юборган афзал);

6. Бирор нарсани татиб кўриш (ютиб юборса рўза очилади);

7. Бирон нарсани узрсиз чайнаш (ютиб юборса рўзаси очилади);

8. Оғиз-бурунни чайиш ва истинжо қилишда муболаға қилиш, яъни ошириб юбориш;

9. Сувнинг ичида турган ҳолда ел чиқариш;

10. Маний тўкилиб кетиш хавфи бўлмаса, қучоқлашиш, ўпиш ва ушлаш каби шаҳватни қўзғатадиган ишлар рўзани очмайди;

11. Эр-хотиннинг кийимсиз ҳолда баданларини бир-бирига теккизиши, лабини тишлаши, сўриши, ўпиши;

12. Заифлашишга олиб борадиган даражада қон олдириш;

13. Ғийбат ва шу каби амалларни қилиш рўзани очмайди;

14. Аёлга қараш ёки у ҳақда хаёл суриш оқибатида маний тўкилиши.

Савол: рўзадор ўзининг аёлини қучоқлаб, ўпганда жинсий аъзосидан бирор нарса чиқса, рўза бузиладими?

Жавоб: бу каби ҳолатларда жинсий аъзодан чиққан сув мазий дейилади ва бу билан рўза очилмайди. Агар шаҳват билан маний отилиб чиқса, рўза очилади. Рўза очилиб кетишидан қўрқиб туриб ўпиш, ушлаш, қучоқлаш, кийимсиз ҳолда бир-бирларига баданларини теккизиш макруҳдир. Рўза очилишининг хавфи бўлмаса, макруҳ эмас.

«Мўминнинг қалқони» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Зайд ибн Холид алЖуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга унинг давоми...

5312 10:30 / 03.03.2025
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Рамазоннинг ўрта ўн кунлигида эътикоф ўтирдик. Йигирманчи давоми...

2914 13:45 / 05.04.2024
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кечаларини ибодат ила бедор ўтказишга тарғиб қилар, аммо қатъий буйруқ давоми...

4533 00:00 / 11.01.2017
Рўза ҳақида умумий маълумотларСАВОЛ Рўза ёки араб тилидаги ассавмrdquo, ассийамrdquo нима деганиЖАВОБ Рўза бу ndash луғатга кўра мутлақо бирор нарсадан ўзини тийиб давоми...

16396 00:00 / 13.01.2017