1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Билолнинг азони

19:33 / 21.04.2017 4978 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Абдуллоҳ Билол ибн Рабоҳ ал-Ҳабаший (розийаллоҳу анҳу) Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) улуғ саҳобаларидан. Маккага яқин жойда таваллуд топган, туғилишдан қул бўлган эди. Хўжайинининг қаттиқ қийноқ ва хўрлашларига қарамай, «Аҳад, Аҳад» (Аллоҳ бирдир) деяверган иродали ҳабаший қулни Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ озод қилганлар. Ҳазрати Билол Абу Бакр Сиддиқдан кейин иккинчи бўлиб иймон келтирди. Озод этилганидан сўнг бутун ҳаётини Исломга бағишлади. Барча ғазотларда Расулуллоҳ (с.а.в.) билан ёнма-ён бўлди, у зотни ҳимоя қилди. Пайғамбаримиз бу кишига қаттиқ ишонганларидан мусулмонлар хазинасига (Байтулмол) омборчи қилиб тайинлаганлар. Ҳазрати Билол биринчи Ислом муаззини ҳамдир. Ҳижратнинг биринчи йилларида Пайғамбар алайҳиссалом намозхонларни бир жойга жамлаш учун илк азон айтишни Ҳазрати Билолга юкладилар ва у киши Расули акрам вафотларига қадар бу вазифани ихлос билан бажардилар. Набий вафотларидан кейин Ҳазрати Билол Шомга кетиб қолди ва умри охиригача фақирона ҳаёт кечирди. Пайғамбаримиз томонларидан жаннат муждаси билан шарафланган зотлардан. Ҳазрати Умар даврларида, ҳижрий 20 (милодий 642) йили Шомда вафот этди, қабри Дамашқ шаҳрида.

* * *

Ҳазрати Умарнинг (розийаллоҳу анҳу) бир ажойиб гапи бор: “Абу Бакр саййидимиз ва саййидимизни озод қилган кишидир”. Абу Бакрдай саййид (азиз) инсон озод қилган саййид эса Билол Ҳабаший (розийаллоҳу анҳу) эди. Қоп-қора, бўйдор ва озғин, қуюқ сочли ва туксиз юзли бу киши ўзига билдирилган мақтовлардан хижолат бўлиб: «Асли мен ҳабашийман, кечагина қул эдим, Ислом мени ҳурликка олиб чиқди» дер эди. Ана шу занжи қул кучли иймони, Аллоҳ ва Унинг динига буюк муҳаббати, Пайғамбарига юксак садоқати билан Ислом тарихидан абадий жой олди. Ҳозир ҳам мусулмон ўлкаларида ёшгина болакайни тўхтатиб: «Билол ким эди, эй болам?» дейишингиз билан у бурро тилда: «Билол Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) муаззинларидир, Аллоҳга иймони кучли инсон эди», деб жавоб беради. 

Билол Макка мушрикларидан Умайя ибн Халафнинг қули эди. Бир ҳовуч хурмо эвазига хўжайинининг туяларини боқарди. Агар Ислом келмаганида у бир умрга қул ҳолида бировлар хизматини қилиб, хўрликда, хорликда, зорликдан беному нишон ўлиб кетган бўларди. Аммо Аллоҳ таоло унга бошқача тақдир битган эди…

Умайя ибн Халаф ота-боболари динидан чиқиб, янги динга кирган қулини аёвсиз калтаклар, устига қизиган оғир тошларни бостириб қўяр эди. Уни бу йўлдан қайтариш учун алам ва ғазаб билан унга қайта-қайта ташланарди. Қул эса калтакларга парво қилмас, қийноқларга чидар, оғзидан «Аллоҳу Аҳад, Аҳад…Аҳад» деган сўз тушмас эди. Уни бир неча кун қийнашди, жазирама офтоб тиғида ушлашди, алдаб кўришди, қуюқ ваъдалар беришди. Аммо хўжайин ва унинг ҳайбаракаллачилари ғазабини жумбушга келтириб қора қулнинг тилидан «Аҳад…Аҳад…» тушмасди. 

Ана шу азобли кунларда қулни Қурайш улуғларидан Абу Бакр Сиддиқ кўриб қолди. Унинг  аҳволини кўриб, Умайяга «Раббим Аллоҳ» деган кишини ўлдирасизларми?! Ундан кўра нархидан ошиғига сот-да, уни озод қил!» деб қичқирди. Бу гап чўкаётган одамга нажот қайиғи учрагандай бўлди. Чунки қулини ҳеч бўйсундира олмай, мутакаббир хожа ундан умидини узган, ниҳоятда қийналиб кетган эди. Бунинг устига савдогар Умайяга қулни ўлдиришдан кўра яхши пулга сотиш фойдалироқ эди.

Қулни Абу Бакрга сотишди, у эса Билолни шу заҳоти озод қилди. Абу Бакр Сиддиқ (розийаллоҳу анҳу) Билолни қўлтиғидан олиб, ҳурлик сари етаклаб кетаётганида Умайя унга «Ол уни, Лот ва Уззога қасам, агар уни бир дирҳамга оламан деганингда ҳам сотиб юборган бўлардим», деди. Аламзада хожанинг киноясига Абу Бакр муносиб жавоб қилди: «Агар уни юз дирҳамга сотганингда ҳам тўлардим!».

* * *

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у зотга эргашган мусулмонлар Ясрибга ҳижрат қилиб, у ерда ўрнашганларидан кейин Пайғамбар алайҳиссалом беш вақт намоз учун азонни машруъ (жорий) қилдилар. Ҳар куни беш маҳал ким намозга азон айтади? Уфқ узра кимнинг такбир ва таҳлиллари янграйди? Ана шу бахтга Билол лойиқ кўрилди. Ўн уч йил олдин «Аллоҳу Аҳад…» дегани учун таҳдид ва азоб-қийноқларга учраган Ҳазрати Билол энди севимли Парвардигори ҳамда Унинг Элчиси номини хавотирсиз қайта-қайта такрорлай олади: «Аллоҳу акбар… Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳ… Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ...»

Аллоҳ таоло иймонда, Пайғамбарига садоқатда тенгсиз Билолга яна бир туҳфа тайёрлаб турган эди. Мусулмонларнинг куфр ва ширкка қарши илк жанги – Бадр маъракасида Билол қилич сирмаш шарафига муяссар бўлгани билан бир қаторда ўзини кўп азоблаб-хўрлаган хожасидан интиқом олиш имконига эга бўлди. Умайя бу урушда қатнашмоқчи ҳам эмас эди. Аммо Билол каби ожиз мусулмонларни азоблашга энг кўп гиж-гижлаган Уқба ибн Абу Муойт дўсти Умайяни ғазотга чиқишга ундади. Агар у маломат қилмаганида Умайя жанг майдонига яқин келмаган, аянчли ўлим топмаган бўларди. Жангда Умайя ҳам, Уқба ҳам ҳалок бўлди, Аллоҳ таоло икковининг ҳам собиқ қул Билол қўли билан ўлим топишини ирода қилди.

* * *

Орадан кўп ойлар, йиллар ўтди… Ҳазрати Билол жуда кўп воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлди. У Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муаззам қўшинида Маккани фатҳ қилиш учун кириб борди. Макка қўлга киритилган куни Фахри коинот Билолга масжид устига чиқиб азон айтишни буюрдилар: “Ҳақ келгани, ботил кетганидан дарак бериб азон айт!” Муаззам масжид узра мўминлар қалбини яйратувчи, мушриклар дилига қўрқув-ваҳима солувчи азон овози янграй бошлади: «Аллоҳ буюкдир, Аллоҳ буюкдир…» Билол намозларга азон айтиб, ўзини зулматдан нурга, қулликдан ҳурликка чиқарган буюк диннинг маросимларини адо этаётганидан, Аллоҳнинг Элчиси билан ёнма-ён яшаётганидан мамнун эди. 

Бу орада Ислом шаъни юксалди, бошқа ўлкаларга ёйилди, мусулмонларнинг ҳам мавқе-мартабаси ортди. Ўтаётган ҳар бир кун Билолнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қалбларига яқинлигини шу қалар зиёда қилдики, у зот Билолни «жаннат аҳлидан бўлган киши» деб тавсифладилар. Лекин у олдингидан камтар, сертавозеъ ҳолида қолди, ҳар гапида ўзини «кечагина қул бўлган киши» деб эслатишдан чарчамасди. 

* * *

Билол каби барча мусулмонларни маҳзун қилиб Пайғамбар алайҳиссалом Рафиқул-Аълога риҳлат қилдилар. Кейин мусулмонлар ишига Абу Бакр бош бўлди. Билол унинг ҳузурига бориб:

– Эй Набийнинг халифаси, энди менга ижозат беринг, Жанобим вафотларидан кейин бу шаҳарга сиғмай қолдим. Мен Расулуллоҳнинг: «Мўмин амалининг афзали Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилишидир» деганларини эшитганман, – деди.

– Нима истайсан, эй Билол? – сўрадилар Абу Бакр Сиддиқ.

– То ўлгунимча Аллоҳ йўлида юришни хоҳлайман, – деди Ҳазрати Билол.

– Унда бизга азонни ким айтади? – сўради халифа.

Билол кўзлари жиқ ёшга тўлиб жавоб қилди:

– Мен Расулуллоҳдан кейин ҳеч кимга азон айтмайман. 

– Қолиб бизга азон айтиб тур, эй Билол, – ўтинди халифа. 

– Агар мени ўз нафсинг учун озод қилган бўлсанг, сен айтгандай бўлақолсин. Агар Аллоҳ учун озод этган бўлсанг, унда мен ва У Зот ўртасидаги ишга аралашма, – деди Билол.

– Сени Аллоҳ учун озод қилганман, эй Билол, – жавоб қилди Абу Бакр Сиддиқ.

Шундан кейин Билол шаҳардан чиқиб, Шом тарафга кетди. Қолган умрини Ислом сарҳадларида ўрнашиб ўтказди. Аллоҳ ва Унинг Расулига йўлиққунига қадар Аллоҳ ва Пайғамбаримиз яхши кўрадиган амалларда ғайрат кўрсатди. Аммо унинг кучли, ўткир ва бироз ғамнок овози азон айтиб бошқа янграмади. Сабаби шуки, у азон айтаркан: «Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ» жумласига келганида хотиралардан қийналиб, овози бўғилиб қолар, калима ва ибораларга қўшилиб кўзларидан ёш жаласи қуйилаверар эди.

 * * *

Билол ибн Рабоҳ (розийаллоҳу анҳу) сўнгги марта Ҳазрати Умар Шомни зиёрат қилган кунлари азон айтди. Мусулмонлар Билолни бир мартагина намозларига азон айтиб беришга кўндириш учун мўминлар амирини восита қилишди. Ҳазрати Умар (розийаллоҳу анҳу) Билолни ёнига чорлади. Намоз вақти кирганида ундан азон айтиб беришини илтимос қилди. 

Билол мезанага кўтарилди ва азон айтди… У азон чақирар экан, Расулуллоҳни (алайҳиссалом) кўрган саҳобалар ўзларини тутолмай йиғлаб юборишди. Йиғлаганда ҳам олдин ҳеч қачон кўрилмаганидай қаттиқ кўз ёши тўкишди. Энг қаттиқ йиғлаган Ҳазрати Умар бўлди…


Холид Муҳаммад Холиднинг «Пайғамбар теварагидаги кишилар» китоби асосида 

Аҳмад Муҳаммад тайёрлади



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қалбингизни чуқур яралашдимиЭҳтимол бу жароҳатнинг оловини ўчиришга ҳаракат қилиб, кучингиз етмаётгандирАммо олдинлари кечира олар эдингиз. Бу сафар эса иш давоми...

1847 11:00 / 25.04.2023
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларЭнг яқин дўст3қисм Неча кунки, Макка ажиб воқеаларни бошидан давоми...

5472 16:37 / 21.04.2017
Тоиф куни ниҳоятда оғир кечган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша куни жаннатни елкаларида кўтариб Тоифга бордилар. Тоифликлар иймон келтириб давоми...

2997 11:35 / 15.03.2022
Қаҳрамонимиз Ҳузайфа ибн алЯмон розияллоҳу анҳунинг бошқа саҳобалардан фарқли бир фазллари бор. У кишини баъзи уламоларимиз муҳожирлардан ҳисоблайдилар, давоми...

9938 20:15 / 21.04.2017