1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Халқнинг ҳолидан хабар олиш

09:04 / 22 июль 636 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ташаббускор ва масъулиятни чуқур ҳис қиладиган инсон бўлганликлари туфайли ҳеч кимга билдирмай, кечалари одамларнинг ҳолларидан хабар олишни ҳам биринчи бўлиб йўлга қўйдилар. Бу ишларга масъул кишилар тайинланган бўлишига қарамай, у киши кечалари ўзларини танитмасдан, халқнинг ҳолидан хабар олар эдилар. Бу соҳада жуда ҳам кўп ишлар қилганлар. Уларнинг кўпчилиги ишончли ровийлар орқали ривоят қилинган.


«Халифа одил Умар кечаси ҳеч кимга билдирмай, одамлар ҳолидан хабар олиб юрардилар. Бир аёлнинг овқат топа олмаганидан қозонга сувнинг ўзини қуйиб, тагига олов ёқиб: «Сабр қилинглар, ҳозир таом пишади», дея болаларини ухлатишга уринаётганлигини кўрдилар. Халифа дарҳол орқаларига қайтиб, Байтулмолдан бир қоп таомни ажратиб, ҳамроҳларидан қопни орқалатиб қўйишда ёрдам сўрадилар. Ҳамроҳлари:
«Эй мўминларнинг амири, ижозат беринг, юкни мен кўтариб борай», деди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:
«Агар қиёмат куни ўша оиланинг оч қолганлиги гуноҳини ҳам менинг ўрнимга сен кўтарадиган бўлсанг, бу юкни кўтар, бўлмаса ўзимга қўйиб бер, ўзим кўтарай», дедилар. Сўнгра қопни ўзлари кўтариб олиб бордилар».


Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик вақтларида кечаси бировга билдирмасдан одамларнинг ҳолларидан хабар олиш мақсадида айланиб юриб, бир ҳовлида аёл кишининг ҳижрон ҳақида байт айтаётганини эшитиб қолибдилар. Суриштирсалар, у аёлнинг эри Ислом лашкарлари билан урушга кетган экан. Сўнгра ҳазрати Умар қизлари Ҳафса онамизнинг олдиларига одам юбориб: «Аёл киши эрсиз қанча сабр қилади?» деб сўратибдилар. У киши: «Тўрт ой», деб жавоб берибдилар. Ушбу жавобдан сўнг Ҳазрати Умар ҳеч кимни аскарликда тўрт ойдан ортиқ ушлаб турмаслик ҳақида фармон берибдилар.


Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шунга ўхшаш кузатишларда ҳам шариат қоидаларига қаттиқ риоя қилар ва ундан четга чиқмас эдилар. Чунки Ислом шариати жосуслик, бировнинг бош¬қалардан беркитаётган сирини ўзига бидирмасдан билиб олишдан қайтаргандир.


Ибн ал-Мунзир ва Маъид ибн Мансурлар Шаъбийдан ривоят қиладилар:
«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўз соҳибларидан бирининг йўқолиб қолганини мулоҳаза қилиб, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга: «Юр, фалончининг уйига бориб келамиз», деди. Унинг уйига келишди. Эшиги очиқ экан. Қарашса, у ўтирибди. Хотини унга идишга бир нарса қуйиб бермоқда. Умар Ибн Авфга:
«Мана шу буни биздан машғул қилган экан-да», деди.
Ибн Авф Умарга:
«Идишдаги нима эканлигини қаердан биласан?!» деди.
«Бу жосуслик бўлишидан қўрқасанми?» деди Умар. Шунда Ибн Авф:
«Балки бу жосусликнинг ўзгинаси», деди.
«Бунинг тавбаси қандай бўлади?» деди Умар.
«Унга ўзи ҳақида билган нарсангни билдирмаслигинг ила ва нафсингда яхшиликдан бошқа ҳеч нарса бўлмаслиги ила», деди Ибн Авф. 
Сўнгра икковлари қайтиб кетдилар».
Тобароний Абу Қилобадан ривоят қилади:
«Умар розияллоҳу анҳуга Абу Меҳжаннинг ўз шериклари билан уйида ичиб ўтирганлиги ҳақида хабар берилди. Умар унинг устига кириб борган эди, бир киши билан ўтирган экан. Шунда Абу Меҳжан:
«Эй мўминларнинг амири! Бу сизга ҳалол эмас! Аллоҳ сизни жосусликдан қайтарган!» деди.
«Манави нима демоқда?!» деди Умар.


Зайд ибн Собит ва Абдурраҳмон ибн ал-Арқам розияллоҳу анҳумолар:
«Эй мўминларнинг амири, тўғри айтди. Бу жосусликдир», дедилар. Умар уни тарк қилиб, чиқиб кетди».


Ҳа, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг давр¬ларида, Ислом ҳукмлари асл ҳолида татбиқ қилинган пайтда қонунни бузганликда шубҳа қилинаётган оддий фуқаро билан буни аниқламоқчи бўлган раҳбарнинг муносабати ана шундай бўлган. Қонунни татбиқ қилиш учун раҳбарнинг ўзи уни бузмаслиги шарт қилинган.


Албатта, ароқ ичишда шубҳа қилиниш билан бировнинг уйига қонун номидан изнсиз кириб боришнинг гуноҳлари орасида осмон билан ерча фарқ бор. Лекин шундай бўлса ҳам, жамият вазифадорининг қонунни бузишга заррача ҳаққи йўқ. Агар бузиб қўйса, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга ўхшаб, бунинг тавбасини излаши керак бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 24 августдаги 03-07/5165 рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа этиб сайлангач, оиласини тижорат билан боқмоқчи бўлди. У киши халифаликка сайланганидан бир кун ўтиб, бозорга сотиқ учун давоми...

1420 15:40 / 13 декабрь
Уҳуд урушида эса Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу жангнинг кўзга кўринган қаҳрамонларидан бири бўлдилар. . . Али розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

707 18:41 / 23 апрель
Бу даврга келиб, Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Ислом жамиятининг энг кўзга кўринган арбобларидан бирига айланган эдилар. Ҳатто ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуга давоми...

1153 18:01 / 25.10.2023
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар БУЮК ИСЛОМ БИРОДАРЛИГИ13қисмРисолатпаноҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

5039 16:20 / 21.04.2017