1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-2016

Қадр кечаси

21:07 / 19.04.2017 4070 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан билар эдингиз?
“Қадр” сураси, 2-оят

— Бу кеча ким ухлаб қолмаса Лайлактул Қадрни кўради. У Лайлак кун ботар томондан учиб келади. Унинг қанотлари олтиндан бўлади. У Лайлакни кўрган чоғида одам нимани тиласа тилагани бўлади. Нимани ушласа тиллага айланади. Бир аёл ўша Лайлакни кўрганда шошиб қолиб, эрини ушлаб олибди, ухлаб ётган эри бутунлай тиллага айланиб қолибди. Ночор қолган кунларида аёл эрининг битта жимжилоғини синдириб олиб, рўзғорига ишлатибди. Орадан бир йил ўтиб, яна Лайлактул Қадрни кўрганда эрини маҳкам ушлаб, унинг яна аслига қайтишини тилабди. Эри аслига қайтибди, аммо битта жимжилоғи йўқ ҳолида қайтибди...
Буни бизга оталаримиз айтиб берган. Оталаримизга ҳам оталари айтиб берган экан. Биз ана шунга ишонар эдик. Ҳар йили бир марта Рамазоннинг охирида келадиган мулла бобо ҳам Қуръон тиловат қилганида “Инно анзалноҳу пи Лайлактул Қадр”, деб тиловат қилгандан кейин, Қуръондаки шундай ёзилибди деб ўйлагандан кейин биз, мулла бободан бошқаси Қуръонни ушлаб кўрмаган одамларнинг болалари шунга ишонар эдик-да.
Биз ҳар йили Лайлактул Қадрни кутар эдик. Биз қанотлари тилладан бўлган, ушлаган нарсамизни тиллага айлантириб берадиган, шу билан қоринлари овқатга тўймаган минглаб болаларнинг миллионлаб муаммосини ҳал қилиб бериб кетадиган Лайлакни кутар эдик. Кўзларимиз кун ботар томонга қарайвериб тешилиб кетаман дерди, ўша Лайлак кела қолмасди. Уйқусираб томлардан тушиб кетар эдик, ўша Лайлак кела қолмасди. Оталаримизнинг елкаси кўриниб турадиган чопонлари бутун бўлишини истаб, оналаримизнинг орқаси йиртиқ калишлари янги бўлишини истаб, астойдил кутар эдик қанотлари тилла Лайлакни. Аммо ўша Лайлак биз томонлардан учиб ўтмади. Сира учиб ўтмади.
Ақлимни таниганимдан кейин болалигимда Лайлактул Қадрни кутиб бедор ўтказган тунларимни эслаб кулиб қўяр бўлдим. Аммо бизга “Лайлактул Қадр”нинг — Қадр Лайлагининг эмас, Қадр тунининг нималигини ким ҳам билдирарди?
Қадр кечаси нима эканлигини биз қаердан ҳам билар эдик?
Мустақилликнинг отгинасидан айланай!
Боболари Қуръонни ушлаб кўрмаган болаларнинг ҳар бирида биттадан Қуръон бўлди. Оталари алифни калтак дея олмаган болалар шариллатиб- шариллатиб Қуръон ўқийдиган бўлди. Боболари жума намозларини, Ийд намозларини мелиса ўраб оладиган жомеъ масжидларида ўқий олмаган болалар катта-катта масжидларни тўлдириб-тўлдириб намоз ўқир бўлди. Бир қишлоқ бир бўлиб битта хатога тўла “Фарзи айн”дан намозни ўрганган, шундан бошқа диний қўлланмани кўрмай ўтганларнинг болалари уйларини турли тафсир ва ҳадис китобларига, хондонини нурга тўлдирувчи, икки дунёсини чароғон қилувчи рисолаларга тўлдирди. “Инно анзалноҳу пи Лайлактул Қадр”, деб тиловат қилиб ўтганларнинг болалари “Инна анзалнаҳу фи лайлатул қадр”, деб тажвид билан бурро-бурро қироат қилар бўлди. “Мени мулла бобо деманглар”, деб соясидан қўрқиб ўтган боболарнинг неваралари ўн икки ёшида қори бўлди, дунё қориларининг мусобақасида ғолиб бўлди. Санайверсам адо бўлмайди Мустақилликнинг шарофати билан юртимизга Аллоҳ таоло берган неъматларни. Ўзига беҳисоб шукр, отгинасидан айланай Мустақилликнинг!
Мустақиллик тушимизга ҳам кирмаган замондаги бир воқеани айтиб бергим келди. Ўша, Лайлактул Қадрни кутиб юрган замонларимиздаги. Эндигина бешинчи синфга борган эдик ўшанда.

1

— Бугун кечқурун мол боқишдан келганингдан кейин энангдан сўраб, бизникига бор, — деди мактабдан қайтаётганимзда Тилов ялингандай овозда. — Лайлактул Қадрни бирга кутамиз.
— Ўзларинг кутаверинглар-да, биз ҳам ҳар йили акаларим билан бирга кутамиз, — дедим акаларим билан томга чиқиб олиб Лайлактул Қадрни кутиш завқидан ажраб қолгим келмай.
— Мен, ... мен бир ўзим қўрқаман, — деди Тилов йиғламсираб.
Тиловнинг ёлғиз фарзандлиги, бошқа укалари йўқлиги эсимга тушди. Аммо барибир акаларимдан ажралгим келмади.
— Отанг бор-ку, отанг билан бирга кутсанг бўлмайдими?
— Отам энамнинг ёнидан қўзғалмайди, — деди Тилов кўзлари намланиб. — Энам касал. Кела қол, жўра.
— Майли, энам қўйса бораман.
Мен уйимизга олиб борадиган йўлга бурилиб кетар эканман, орқамга ўгирилиб, ер чизиб кетаётган Тиловга қараб “Бормасам бўлмайди, ахир синфимизда унинг мендан бошқа дўстиям, очилиб гаплашадиган одамиям йўқ, бораман”, деб қўйдим.
Кечқурун овқатланиб бўлганимиздан сўнг, отам масжидга чиқиб кетгач, энамга Тиловнинг гапларини айтиб, уларникига боришга рухсат сўрадим. Энам пича жим туриб қолди. Кейин рўмолининг учи билан кўзларини артди.
— Бора қол, — деди ниҳоят энам овози титраб. — Бечора Хосият ўн йил деганда тилаб-тилаб олган эди Тилов жўрангни. Шу битта бола билан қолди.
Энам ўрнидан туриб, дастурхондаги идиш-товоқларни йиғиштирар экан ўзига ўзи сўзлагандек деди:
— Шу биргина бола ҳам энди кимларга қолар экан? Шўрлик Хосиятни дўхтирлар бўлмайди деган, чоғи, уч кун аввал уйига олиб келишибди.
Ошхонага бориб келган энам менга қараб овозини кўтарди:
— Ҳалиям ўтирибсами? Тилов жўрангнинг кўзи тўрт бўлиб сени кутиб ўтиргандир? Югур! Чопончангни ол, кечаси совқотиб қоласан.
Мен чопонимни қатлаб, қўлтиғимга қистириб чиқиб кетаётган эдим, энам битта тугунни қўлимга тутқазди.
— Ичидаги овқатини, битта патирини Тиловнинг энасига бер. Нон, ёнғоқ, майизларни ўзларинг ерсизлар очқолсаларинг. Эҳтиёт бўлинглар, томдан томга сакраманглар!

2

Тилов билан уларнинг томларига чиқиб олдик. Томларида бостирмалари бор экан. Тилов бостирмадаги бедаларнинг ичидан иккаламиз бемалол ўтирадиган жой тайёрлаб қўйибди. У ҳам нон, майиз, ёнғоқ, жийда, иккита шишада сув чиқариб қўйибди. Озиқ-овқат заҳираларимизни бир боғ беданинг устига териб қўйдик ва ўзимиз қуёш ботадиган томонга қараб яхшилаб жойлашиб олдик. Кечаси бедадан ғалати, хушбўй ҳид чиқишини ўшанда билдим. Бирам ёқимли, димоғингни қитиқлайди.
Сал ўтиб осмон юлдузларга тўлиб кетди. Ой чиқмаган кечалари юлдузлар бошқача кўринади. Катта-катта. Нақд пиёладай келадиганлари бор. Ана “Етти қароқчи”. Ана сочини ёйиб олган “Пари”. Эҳ-ҳе, қанчасининг отиниям билмайман.
Олам жимликка чўкди. Фақат Омон бобонинг ҳовузидаги қурбақаларнинг қуриллаши ва чигирткаларнинг чириллаши эшитилади, холос. Бедаларнинг орасидаги қора чигирткаларнинг чириллаши қулоқни тешаман дейди. Тилов бедаларни силкитса, чигирткалар жим бўлишади, аммо сал туриб яна ашуласини бошлашади. Аввалига секинроқ, кейин бор овозларида. Қаердадир эшак ҳанграйди.
— Соат роппа-роса ўн бир бўлди, — деди Тилов. — Бу Мардон бобонинг эшаги. Роса ўн бирда ҳанграйди. Қолган эшаклар унга қараб соатини тўғрилайди.
Ҳақиқатдан, Тилов гапини тугатмасдан қишлоқдаги қолган эшаклар ҳам олдин-кейин ҳанграшди. Уларга итларнинг вовуллаши қўшилди. Эшаклар, кейин итлар тинди. Сал ўтиб чигирткалар ҳам тинчишди, шекилли, олам сув қўйгандек жим-жит бўлиб қолди.
— Ана энди Лайлактул Қадрнинг келадиган вақти бўлди, жўра, — деди Тилов. — Энди ҳушёр бўлишимиз керак.
— Лайлактул Қадрни кўрсак нимани ушлаймиз, Тилов? — дедим мен. — Бир боғ бедангни ушласам майлими, жўра? Кейин бермай қўймайсанми?
— Ушлайвер, олиб кетаверасан тиллага айланиб қолсаям, менга тилла керак эмас, — деди Тилов. — Мен Лайлактул Қадрдан энам яхши бўлиб кетишини сўрайман.
— Энангга нима қилган, Тилов?
— Билмайман, касал. Отам “Энангнинг касали оғир”, дейди. “Энанг билан бирга ётма”, дейди. “Сенгаям юқади, кейин сен ҳам ўлиб қоласан”, дейди.
— Энанг... ўлар эканми? — сўрайман секингина.
— Энам ўлмайди! — овози кўтарилади Тиловнинг. — Ўлмайди энам! Мана кўрасан, энам ўлмайди!
Тилов туриб, томларида у ёқдан бу ёққа бориб кела бошлади. Рўпарамда тўхтаб деди:
— Мен Лайлактул Қадрдан сўрайман, у энамни яхши қилади. Лайлактул Қадр энамнинг умрини узун қилади.
Тилов яна жойига, менинг ёнимга келиб ўтирди.
— Лайлактул Қадрни бу йил албатта кўришим керак. Кўрмасам энам ўлиб қолади, — Тилов изиллаб йиғлаб юборди.
Мен Тиловни қандай овутишни билмадим. Ўзим ҳам унга қўшилиб йиғладим. Мен ҳам унинг энаси ўлмаслигини истай бошладим ўшанда. Ниҳоят, аввал мен, кейин Тилов йиғлашдан тўхтадик. Елкалари учиб-учиб тушаётган Тиловнинг қўлларини маҳкам сиқдим.
— Тилов, мен ҳам Лайлактул Қадрни кўрсам бир боғ бедангни ушламайман. Мен ҳам ундан энангни яхши қилиб беришини сўрайман. “Тилов жўрамнинг энаси ўлмасин!” дейман. “Тилов жўрамнинг энаси яхши”, дейман, хўпми, жўра?
Тилов ҳеч нима демади, фақат маъқуллаб бошини қимирлатиб қўйди.

3

Лайлактул Қадрни кута-кута кўзим илинибди. Тиловнинг овозидан уйғониб кетдим. Тилов қуёш ботган томонга қараб ёлворар эди.
— Жо-он Лайлактул Қадржон, менга тилла-пилланг керак эмас. Менга янги мактаб кийими ҳам керак эмас. Бултур холам бериб кетган ўғли Ашурнинг кийимлари билан мактабга бориб келавераман. Улар бу йил менга лоппа-лойиқ бўлиб қолган. Ботинкамни ўзим тикиб олдим, янги ботинка ҳам керак эмас. Менга энамни яхши қилиб берсанг бўлди. Сендан бир мартагина сўрайман, бошқа кўринмасанг ҳам майли. Кейин сўрайдиганларимни бермасанг ҳам майли. Аммо шу сафар энамни яхши қилиб бергин, илтимос! — Тилов пиққиллаб йиғлай бошлади. — Жо-он Лайлактул Қадржон, энамнинг умрини узун қилгин! Энам ўлиб қолмасин! Энам ўлиб қолса мен нима қиламан?
Мен секин унинг елкасидан қучоқладим.
— Тилов, Лайлактул Қадр ўтиб кетдими? — сўрадим қўрқа-писа.
— Ҳали келмади, — деди Тилов ўксиниб. — Бизларни ёш бола деб бизга кўринмадимикан-а? Мен кўринмаса ҳам ундан энамни яхши қилишини сўраяпман. У кўринмаса ҳам эшитади. Эшитади-я?
— Ҳа, эшитади, Тилов, эшитади, — дедим мен ва ўзим ҳам Лайлактул Қадрдан сўрайдиганларимни сўрай бошладим: — Лайлактул Қадр, сендан илтимос, Тилов жўрамнинг энасини яхши қилиб кет! Тилов жўрамнинг энаси энг яхши эна. Тилов жўрамнинг энаси менинг энамдан ҳам яхши. Унинг умрини узун қил!
Тилов ҳам пичирлаб, такрор-такрор сўрайверди:
— Эй, Лайлактул Қадржон, илтимос, ...

4

Тонгга яқин чарчаб ухлаб қолибмиз. Қаттиқ овоздан чўчиб уйғониб кетдик.
— Уйим-ей, уйим-ей, уйим-ей!
— Жигарим-ей, жигарим-ей, жигарим-ей!
Тиловларнинг ҳовлисида қиёмат бўлганга ўхшар эди. Тиловнинг отаси, тоғалари бор овозларида дод солишар, холалари уввос солиб йиғлашарди.
— Ухлаб қолибмиз-ку? — кўкрагимга муштлади Тилов. — Лайлактул Қадр ўтиб кетибди, биз кўрмай қолибмиз! Энди нима бўлади?
Тилов югуриб бориб, том четидан ҳовлиларига қаради. Мен ҳам унинг ортидан ҳовлига мўраладим. Бунча одам қаердан келди, қачон келди, билмайман, ҳовли одамга тўлиб кетган эди. Кимлардир ҳовлини тозалар, кимлардир нарсаларни у ёқдан бу ёққа ташир эдилар. Отам ҳам келганини кўриб ҳайрон бўлдим. Отам “Паттақулга одам юборинглар, уч кишини олиб, жой кавлагани жўнашсин”, деб кимгадир тайинлаётган эди.
Биз нарвондан тушиб борганимиздан Тиловни холалари ўраб олишди.
— Энангдан айрилиб қолдинг, Тилов! — уни қучоқлаб ўкириб юборди Хосият холаси.
— Тиловингни етим қилиб кимларга ташлаб кетдинг, Чамангу-ул? — дод солди Майсара холаси.
— Энам ўлгани йўқ, — деди Тилов. — Энам ўлмайди. Энам ўлмаслиги керак. Мен Лайлактул Қадрдан сўрадим-ку?
— Бечора етимчани энасининг олдига олиб киринглар, кўрсин, кўрмаса ишонмайди, — деди Мисқол момо. — Кўрсатинглар. Энди энасини кўриши ҳам ғанимат.
Тиловни холалари энасининг олдига олиб кетишди. Орқаларидан мен ҳам бордим. Тиловнинг энаси худди ўлмагандек оппоқ бўлиб ётар, аммо битта оқ рўмолча билан унинг иягини боғлаб қўйишган эди. Тиловнинг энасининг атрофида қишлоқнинг аёллари тизилиб ўтиришар, уларнинг орасида менинг энам ҳам бўлиб, тинмай рўмолининг учи билан кўзини артар эди. Тиловни кўриб бари аёллар бирданига изиллаб йиғлашга тушдилар. Биз Тилов билан ёнма-ён унинг энасининг ёнига тиз чўкдик. Тилов энасини қучоқлаб олди. Негадир Тилов йиғламас эди. У нуқул битта гапни такрорлар эди:
— Мен Лайлактул Қадрдан сўраган эдим-ку? “Энамни яхши қилиб бер”, деган эдим-ку?

5

Тилов йиғлади. Қаттиқ йиғлади. Аммо қирқ кун ўтиб йиғлади. У бизникига келиб йиғлади. Мени қучоқлаб йиғлади. Унга қўшилиб мен ҳам йиғладим. Аммо нимага йиғлаётганимизни билмас эдим. Энам ҳам уни қучоқлаб олиб, узоқ йиғлади.
— Ергина ютсин, ўша отангни, — деб йиғлади энам. — Чамангулнинг уволи урсин отангни. Чамангулнинг жасади совумай туриб ўша мегажинни уйларингга олиб келган бўлса, отангни ер ютмаса рози эмасман.
Ўша куни Тилов бизникида ётиб қолди.
Эрталаб мактабга боришимиз керак бўлганда у китоб-дафтарларини олиб келмаганини билдим.
— Мен энди мактабга бормайман, — деди Тилов. — Мен энди уйга ҳам бормайман. Мени тоғдаги холам олиб кетади.
— Мактабга нима учун бормайсан? — ҳайрон бўлдим.
— Мактабга бормайман. Анави учинчида ўқийдиган Салим пишак бор-ку, ўша менинг... ўша менинг ўгай укам экан, — Тилов йиғлаб юборди. — Биринчида ўқийдиган сап-сариқ, чўтир синглисиям бор экан. Мактабга борсам ҳамма устимда кулади энди. Мен мактабга бормайман, уларни кўришни истамайман...

Каримберди Тўрамурод

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймРамазон ойи улуғ бир неъматдир. Бу ойда Аллоҳнинг рахмат, мағфирати янада зиёда ҳолда бандаларига тақдим этилади. Росулуллоҳ с.а.в. давоми...

3984 21:12 / 19.04.2017
МаккаТушларимга кирган шаҳар, Росул шаҳри, азиз Макка,Дин дарахти унган шаҳар, амин шаҳри, азиз Макка.Сенла банд бўлди хаёлим, фикру ўйим, ёдим, Макка,Сени бир давоми...

3533 21:04 / 19.04.2017
Ярим тун. Бухоро мадрасасида таҳсил олувчи талабалар мириқиб ухлашмоқда. Фақат илмга ўта чанқоқ бириккита талаба жойлашган хонанинггина чироғи ёқиғли. Бир пайт давоми...

3667 21:15 / 19.04.2017
Яхши курган бандаларин Худойим Масжидларга туплаб куяр хар доим. Савоб умид килиб, турибмиз коим, Бугунги тун минг ойдан хам яхшидир.Савобларни кила олмай саришта, давоми...

5483 21:11 / 19.04.2017