1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-2016

Рамазон қўшиқлари

21:04 / 19.04.2017 3532 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Макка

Тушларимга кирган шаҳар, Росул шаҳри, азиз Макка,
Дин дарахти унган шаҳар, амин шаҳри, азиз Макка.
Сен-ла банд бўлди хаёлим, фикру ўйим, ёдим, Макка,
Сени бир кўрмайин ўлсам кўкни тутар додим, Макка.

Бир қуш бўлиб осмонингда учиб юрсам, жоним, Макка,
Бир гул бўлиб остонангда униб турсам, жоним, Макка!

Заминингдан олинмишдир ҳазрат Одамнинг тупроғи,
Сенда қибла сенда Каъба – бутун оламнинг ардоғи.
Бағрингдадир Мино тоғи, Арофот-у, Сафо тоғи,
Олам ичра шаҳарларнинг бўлмас сендан азизроғи.

Бир қуш бўлиб осмонингда учиб юрсам, жоним, Макка,
Бир гул бўлиб остонангда униб турсам, жоним, Макка!

Одам ўғлидурман ё Раб, муслимман, алҳамдуллиллоҳ,
Китобимдур Каломуллоҳ, ҳабибимдур Росулуллоҳ.
Фарзларингни адо қилгум чин қалбдан, холисанлиллоҳ,
Улуғ орзуйим Ҳаж бўлди ўзинг етказ, қодир Аллоҳ!

Бир қуш бўлиб осмонингда учиб юрсам, жоним, Макка,
Бир гул бўлиб остонангда униб турсам, жоним, Макка!

Ассалом, Рамазон

Ассалом, ассалом шаҳри Рамазон,
Ассалом, ассалом шаҳри хайр, эҳсон!
Ассалом таробеҳ, ё шаҳри тобон,
Ассалом ё шаҳри Хатм ул-Қуръон!

Ойларнинг ичида ўзингсан аъло,
Сени азиз билди ул Росулуллоҳ.
Лайлат ул-Қадр ўлди азиз оқшоминг,
Ул тун нозил бўлди нур-Каломуллоҳ.

Ассалом, ассалом шаҳри Рамазон,
Ассалом, ассалом шаҳри хайр, эҳсон!
Ассалом таробеҳ, ё шаҳри тобон,
Ассалом ё шаҳри Хатм ул-Қуръон!

Сен боис тортармиз нафснинг танобин,
Топармиз сендан минг ойнинг савобин.
Динга мойил бўлар, дил ҳалим бўлар,
Руҳлар топар аслин, топар аҳбобин.

Ассалом, ассалом шаҳри Рамазон,
Ассалом, ассалом шаҳри хайр, эҳсон!
Ассалом таробеҳ, ё шаҳри тобон,
Ассалом ё шаҳри Хатм ул-Қуръон!

Иймонли бўлган аёл

Дунёга ким келтирди, ким ризқ берди, билади,
«Биру бор Аллоҳ», дейди иймонли бўлган аёл.
Берган ҳар неъматига минг бор шукур қилади,
«Алҳамдулиллоҳ», дейди иймонли бўлган аёл.

«Яратганнинг каломи Қуръон — маёғим», дейди,
«Расулуллоҳ ўгити Ҳадис — байроғим», дейди.
«Аллоҳимга беш маҳал бордир сўроғим», дейди,
«Билганим дуо», дейди иймонли бўлган аёл.

«Ҳавасим Биби Марям, Хадийжа онам», дейди,
«Оишадай пок аёл дўсти ягонам», дейди.
«Фотимафеъл аёллар бўлсин дугонам», дейди,
«Шиорим тақво», дейди иймонли бўлган аёл.

Аллоҳдан кейин ерда эрни улуғ кўради,
Эр иш буюрса қўлин қовуштириб туради.
Хожасин мамнун қилиш ташвишида юради,
«Эрим авлиё», дейди иймонли бўлган аёл.

Билар, болалар ундан тарбияни олади,
Ҳар дақиқа намуна бўлишин ҳам билади.
Фарзандини иймонли, эътиқодли қилади,
«Қилмайин хато», дейди иймонли бўлган аёл.

Ўзгага юз кўрсатмас, номаҳрамга боқмайди,
Сатри аврат бўлмаган кийим унга ёқмайди.
Киндигини очмайди, унга зирак тақмайди,
«Бу гуноҳ, зино», дейди иймонли бўлган аёл.

Қўни-қўшнилар билан кечгача гап сотмайди,
Ғийбат қилиб ўзини дўзахларга отмайди.
Ёлғон айтмас, қарғамас, гуноҳларга ботмайди,
«Бўлмайин гумроҳ», дейди иймонли бўлган аёл.

Ҳаё билан ибони билар энг олий зийнат,
Билади ор-номусдир муслимадаги иффат.
Аёл иймонсиз бўлса келар миллатга кулфат,
«Урмасин Худо», дейди иймонли бўлган аёл.

Қадр кечаси

Аллоҳнинг раҳмати ёғилган кеча,
Руҳлар кўкдан ерга туширилган кеча.
Ҳар мўмин ортидан минглаб фаришта
Салом бериб бошин хам қилган кеча -
Лайлат ул-Қадр бу тақдир кечаси,
Лайлат ул-Қадр бу тунлар эркаси.

Яратган у ҳақда айтмиш Қуръонда:
«Минг ой савобини берарман унда».
Биз билган билмаган яна минг - минглаб
Сиру синоат бор ёруғ бу тунда.
Лайлат ул-Қадр бу тақдир кечаси,
Лайлат ул-Қадр бу тунлар эркаси.

Эй, мўъмин, уйқуни бу тун бил ҳаром,
Тонггача дуода бўлгил бардавом:
Юртимизни обод айласин Аллоҳ,
Лайлат ул-Қадр ўлсин элга ҳар оқшом.
Лайлат ул-Қадр бу тақдир кечаси,
Лайлат ул-Қадр бу тунлар эркаси.

Унга тенг бўлолмас тунлар нечаси...

Алвидо, Рамазон

Алвидо, алвидо шаҳри Рамазон,
Ал-фироқ, ал-фироқ шаҳри хайр, эҳсон!
Алвидо таробеҳ, ё шаҳри тобон,
Алфироқ ё шаҳри Хатм ул-Қуръон!

Қадрингни ким билди, билмади кимлар,
Ким ибодат қилди ухламай тунлар.
Кимлар нафсни енгиб, покланиб буткул,
Кимлар ғафлат аро ётди бу тунлар.
Алвидо, алвидо шаҳри Рамазон,
Ал-фироқ, ал-фироқ шаҳри хайр, эҳсон!
Алвидо таробеҳ, ё шаҳри тобон,
Алфироқ ё шаҳри Хатм ул-Қуръон!

Бор-йўғи бир ойга бўлдинг сен меҳмон,
Бир ойда мингларни топдирдинг иймон.
Йил ўтиб қайтарсан, юртга, Рамазон,
Биз-чи, етмоғимиз у кунга гумон.

Алвидо, алвидо шаҳри Рамазон,
Ал-фироқ, ал-фироқ шаҳри хайр, эҳсон!
Алвидо таробеҳ, ё шаҳри тобон,
Алфироқ ё шаҳри Хатм ул-Қуръон!

Дилда борингга айт

Бахту толеинг ҳам порласа, кулса,
Омад деганинг ҳам устма-уст келса,
Дўстман деганнинг ҳам ҳасади келса,
Дил очма ҳаттоки дўсту ёрингга.

Тақдир зарбалари бошингни ёрса,
Обрў деганингни лойларга қорса,
Бўғзингни куйдирса аччиқ бир нарса,
Ичга ют, кўрсатма, ёв - ағёрингга.

Бахтинг шерга солсанг элга ёяди,
Ғаминг куйга солсанг сотиб қўяди.
Куйласанг ҳар сўзи бағринг ўяди,
Азоб берма найга ё дуторингга.

Бахтинг айтсанг яна еткизгувчи бор,
Ғамларингни айтсанг кеткизгувчи бор,
Олис кечаларда бўлгину бедор,
Дилингда борин айт ДИЛДА БОРИНГга.

Дўстларга

Ёр чақирса «лаббай» дея қушдек парвоз билан кетай,
Аё, д ўстлар! Кифтингизда ҳурмат, эъзоз билан кетай.

Интиқ қилмай оқ либосим кийдиринглар, тўйга боргум,
Созлар чалиб кузатинглар, нағма-ю, соз билан кетай.

Хонандалар дилим суйган қўшиқларни баланд айтсин,
Ҳофизу Румий сўзи-ю, куйи мумтоз билан кетай.

Аҳли байт урмасин фарёд, не ҳожат тўйда кўз ёшга,
Ортга боқмай, дил ўртанмай, зўр сарафроз билан кетай.

Ёр уйига борганимдан никоҳ хутбасини бошланг,
«Кулли шайъин қодир», деган майин овоз билан кетай.

Аё, дўстлар! Ёр чақирса висол базмига чақиргай,
Мотам қилмангиз тўй куни, нағма-ю, соз билан кетай.

Қадрини билмадим

Борида отамнинг қадрини билмадим,
Борида онамнинг қадрини билмадим.

Уларнинг бағрида беташвиш юрганда
Ғанимат бу дамнинг қадрини билмадим.

Иккиси кўзимда иккита нур экан,
Ғафлатда қўш шамнинг қадрини билмадим.

Волиданг борлиги энг ширин бахт экан,
Мен нодон шу таъмнинг қадрини билмадим.

Бошидан ўргилмай қайларда юрибман,
Босилган қадамнинг қадрини билмадим.

Отамнинг ёнида бир намоз ўқимай,
Энг гўзал саждамнинг қадрини билмадим.

Ўғлиму қизларим вояга етганда
Англадим: карамнинг қадрини билмадим.

Дўст қидир, ёр қидир, пул қидир, во, дариғ,
Керакли одамнинг қадрини билмадим.

Бари бор, дуогўй отам йўқ, онам йўқ,
Отаму онамнинг қадрини билмадим.

Билмадим, билмадим, билмадим,
Отамнинг, онамнинг қадрини билмадим.

ОЙНИНГ ЎН БЕШИ

Кимларнинг тинмайди асло нолиши,
Кимларнинг юрмайди бошлаган иши.
Куйма, ризқи бўлар бор бўлса тиши-
Унутма, ёруғдир ойнинг ўн беши.

Рўзғорингда кўпми ҳали камларинг,
Қуримаяптими кўздан намларинг.
Душманмас, дўстга ҳам айтма ғамларинг-
Унутма, ёруғдир ойнинг ўн беши.

Қўшнинг бой бўлдими, эздими ҳасад,
Унга бериптими Яратган фақат?
Сабр қил, сенга ҳам келади навбат-
Унутма, ёруғдир ойнинг ўн беши.

Равон бўлиб кетар бир куни йўлинг,
Кўпайиб ҳам қолар бир куни пулинг.
Јизинг ҳам бўлади, бўлади ўҚлинг-
Унутма, ёруғдир ойнинг ўн беши.

Ернинг устидасан, шунга шукур қил,
Сендан забунлар бор, қара, фикр қил.
Каримберди, умид узма, сабр қил-
Унутма, ёруғдир ойнинг ўн беши.

ОСОН БЎЛМАЙДИ

Тушмагинки ишқ йўлига, ишинг осон бўлмайди,
Тушсанг орта қайтишга ҳам сира имкон бўлмайди.

Ишқ йўлига тушган борки, кечган молу жонидан,
Бору йўғинг олмай туриб ул ёр жонон бўлмайди.

Ошиқларнинг иши бўлмас давлату мансаб билан,
Ёр деганлар бой бўлмайди, шоҳу султон бўлмайди.

Ошиқларнинг юзи ғамнок, кўзи мудом ёш бўлар,
Бошқалардек ўйнаб-кулмас, шоду хандон бўлмайди.

Ишқ йўлига тушганларга гулмас, тикон тутишар,
Уларга чўл, саҳролардан ўзга макон бўлмайди.

Чин ошиқни қилмагайлар ҳеч қачон иззат–икром,
Тош отари кўп бўлар-у, бир меҳрибон бўлмайди.

Ёр васлига етган кун шод бўларсан, Каримберди,
Чин Ёрни суйганинг учун энди армон бўлмайди.

ОТАЛАРНИНГ ДУОСИ

Дуоларнинг аълоси ҳам оталарнинг дуоси,
Дуоларнинг подшоси ҳам оталарнинг дуоси.

Билиб олгин, «Ота рози — Худо рози», дейдилар,
Яратганнинг ризоси ҳам оталарнинг дуоси.

Эзгу ишларнинг бошида фотиҳасин унутма,
Нек ишлар ибтидоси ҳам оталарнинг дуоси.

Зиёратин унутмагил ҳар саҳар–у, ҳар шомда,
Диллар нашъу намоси ҳам оталарнинг дуоси.

Яхши фарзанд эл-юрт ичра обрў, эътибор топса,
Топган молу дунёси ҳам оталарнинг дуоси.

Нобоп фарзанд кўкармаса, бири икки бўлмаса,
Адосиз дийдиёси ҳам оталарнинг дуоси.

Хизматин дилдан қилайлик, рози бўлсин оталар,
Каримнинг муддаоси ҳам оталарнинг дуоси.

Отам бўлмади

«Намозни ўргатай», деганда отам, ўрганишга фурсат бир дам бўлмади.
«Отанг ҳам ғанимат, дуосин ол», деб насиҳат қилгувчи одам бўлмади.

Тўй-у, томошани билдим ғанимат, қилган ишим бўлди сайру саёҳат,
Қанча қолганини билмасдан муҳлат масжидга мен қўйган қадам бўлмади.

Калимани дилдан айтса қай инсон, жаннат ваъдасини берибди Раҳмон,
«Бир куни айтаман, менга ҳам ишон», деган росту ёлғон ваъдам бўлмади.

Ўтиб кетди йиллар, сочга тушди оқ, қўлу оёқларда сезилди титроқ,
Барини тан олмай деман-у, бироқ таним аввалгидек бардам бўлмади.

Намозни ўргандим, топдим иймонни, Аллоҳни танидим, ўқиб Қуръонни,
Бўйнимдан туширдим, қувдим шайтонни, афсуски, бу вақтда... отам бўлмади.

Чин севмай Ҳақ дийдорга кўз тутманг

Аё дўстлар, кўнглингизга ишқ солсин,
Садоқатнинг шевасини унутманг.
Унутганни унутармиш Илоҳим,
Чин севмай Ҳақ дийдорга кўз тутманг!

«Ла илаҳа иллалоҳ», деб кўп айтинг,
Турган, юрган ҳам ётганда хўп айтинг.
Кўзни намлаб кўнгилдан туйиб айтинг,
Чин севмай Ҳақ дийдорга кўз тутманг!

«Ла ҳавла ва ла қуввато», деб айтинг,
«Измингдадир бор қудрато», деб айтинг.
«Ал хуср»га «Воҳ ҳасрато!» деб айтинг,
Чин севмай Ҳақ дийдорга кўз тутманг!

Беш кун умр бир имтиҳон, билсангиз,
Тақво айланг гар бенуқсон қилсангиз.
Охир бенаф минг пушаймон бўлсангиз
Чин севмай Ҳақ дийдорга кўз тутманг!

Каримберди Тўрамурод

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Радиодан хонанданинг дардли ноласи янграмоқдаУзат дейсан, бер дейсан,Ҳеч тўймадинг одамзот.Туя тўйди, фил тўйди,Сен тўймадинг одамзот... бехос ўйга толасан. Умрни давоми...

3414 21:08 / 19.04.2017
Қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан билар эдингиз Қадрrdquo сураси, 2оятmdash Бу кеча ким ухлаб қолмаса Лайлактул Қадрни кўради. У Лайлак кун ботар томондан учиб давоми...

4070 21:07 / 19.04.2017
Ўн икки ойнинг султониmdashcор бўлиб кел, Рамазон,Расулуллоҳ умматигаёр бўлиб кел, РамазонЖоним тўшай йўлларинггазор бўлиб, кел, Рамазон,Хаста руҳим даво изларmdashкор давоми...

3536 21:14 / 19.04.2017
Ярим тун. Бухоро мадрасасида таҳсил олувчи талабалар мириқиб ухлашмоқда. Фақат илмга ўта чанқоқ бириккита талаба жойлашган хонанинггина чироғи ёқиғли. Бир пайт давоми...

3667 21:15 / 19.04.2017