1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1431

Билол Ҳабаший

19:54 / 19.04.2017 14942 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

 

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эслаганда «Абу Бакр бизнинг саййидимиз, саййидимизни озод қилган» дер эдилар.

Кимсан ҳазрати Умардек зот «саййидимиз» деб турган зот жуда улуғ бўлишида шубҳа йўқ.

Билол Ҳабаший (ҳижрий 20 йил 641 йил вафот этганлар) Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур саҳобаларидан, биринчи муаззинлари ҳисобланади. Эфиопияда таваллуд топган. Отаси Рабоҳ, онаси Ҳамима. У бой маккалик зодагон Умайя ибн Халафнинг қули бўлган. Билол ибн Рабоҳ биринчи мусулмонлардан ҳисобланади.

Билол – Аллоҳ Элчисининг муаззини жуда баланд бўйли, қора танли, озғин, жингалак сочли бўлганлар. У Аллоҳ Элчисига яқин кишилардан, унинг вазири, қуллар орасида биринчи бўлиб Исломни қабул қилган ва доим жаннатга эришиш ҳисси билан яшаган. Абу Абдуллоҳ Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу 30 ёшларида Исломни қабул қилган.

У шунингдек ўзини Исломга тегишли эканини ошкора айтган етти кишининг бири бўлиб, бунинг учун қаттиқ азобланган беш кишининг бири бўлган. Уни мақтай бошлаганларида у: «Мен кеча қул бўлган бир ҳабашман», дер эди.

Ирода кучи, тоза қалб ва самимийлик уни шундай даражаларга кўтардики, улкан бойлик, машҳур насаб ҳам бунга ёрдам бера олмайди ва бу йўлда унинг қора танли экани, қул бўлгани ҳеч ҳам халақит бермади.

Аллоҳ Элчиси айтади: «Аллоҳ етти яқин дўст бермаган бирор пайғамбар бўлмаган. Менга эса 14 та шундай вазирларни берди: Ҳамза, Жаъфар, Али, Ҳасан, Ҳусан, Абу Бакр, Умар, Миқдод, Ҳузайфа, Салмон, Аммор, Билол, Ибн Масъуд ва Абу Зар»

Билол розияллоҳу анҳунинг қатъияти ва самимияти

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Исломни ошкора қабул қилганлар етти киши эди: Аллоҳ Элчиси, Абу Бакр, Аммор ва унинг онаси Сумайя, Суҳайб, Билол ва Миқдод. Аллоҳ Элчиси соллаллоҳу алайҳи васалламни унинг амакисининг ёрдами билан мушриклар зулмидан сақлаб қолди. Абу Бакрни унинг қариндошлари ҳимоясига олди. Қолганларни мушриклар турли қийноқларга солишди: уларга темир кийим кийдириб қуёшнинг нурида қиздиришар эди. Ва уларнинг барчасидан мушриклар ўзлари эшитишни хоҳлаган гапларини эшитишди, фақатгина Билол розияллоҳу анҳудан ташқари. У азобларни Аллоҳ буюклигини ёнида арзимас деб билди, мушриклар эса унга жуда аянчли муносабатда бўлишди. Болалар унинг бўйнига бўйинбоғ тақиб орқасидан судрашар, у эса: «Аллоҳу Аҳад! Аллоҳу Аҳад!» дейишдан тўхтамас эди.

(Ҳаким, Абу Нуайм, ибн Аби Шайба)

Тушки жазирамада Умайя ибн Халаф Билол розияллоҳу анҳуни кўчага чиқариб, тупроққа ётқизиб, устига катта оғир тошни бостирганча: «Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дан юз ўгириб, бутларга сиғинишни бошламасанг, ўлгунингча шундай ётаверасан», дейишдан чарчамас эди. Билол розияллоҳу анҳу эса: «Аҳад... Аҳад...»ни тилидан қўймас эди.

Билол розияллоҳу анҳу ўша қаттиқ азобда тегирмон орасида қолган дондек пастидану устидан қайноқ тошлар исканжасида кеч киргунча қолар, кун қайтгач, уни турғизишиб, бўйнига арқон боғлаб шаҳарга олиб қайтишар, ҳолдан бутунлай толган Билол розияллоҳу анҳуни ёш болаларга топширишиб, Макка кўчалари бўйлаб судраб юришга буюрар эдилар. Билол розияллоҳу анҳу эса, ўзининг покиза хиргойиси бўлмиш «Аҳад, Аҳад»ни тилидан қўймас эди.

Билол розияллоҳу анҳуни таслим этишдан умидини узган мушриклар: «Бизнинг худоларимиз ҳақида икки оғиз яхши сўз айтгин» дейишганда ҳам у бўйин эгмади ва ўз нашидаси: «Аллоҳу Аҳад...»ни такрорлайверди.

Абу Нуайм ўзининг «Ал-Хула» китобида маълумот берадики, Билол розияллоҳу анҳуни азоблаётган вақтда Варақа ибн Навфал ўтиб қолади ва унинг «Аҳад, Аҳад... Аллоҳ ягона...» деганини эшитади. Унга мурожаат қилиб: «Ҳа эй Билол, Аллоҳ битта!» дейди. Сўнгра Умайяга: «Аллоҳ номи билан қасам ичаман, У буюк зот. Агар сиз уни ўлдирсангиз, мен унинг қабрида барокат манзилини барпо қиламан».

Бир кун улар олдига Абу Бакр бориб:

- Наҳотки, «Раббим Аллоҳ» деган кишини ўлдирсаларингиз!, дейди-да, Умайяга ўгрилиб:

- Ма, нархидан ортиғини олиб, қўйиб юбор буни, кишанларини еч! дейди.

Умайя гўё чўкиб кетаётган кишига қутқарув кемаси келса қанчалик қувонса, шунчалик хурсанд бўлиб кетади.

Абу Бакрнинг бу таклифини эшитар экан ростдан ҳам юқоридаги ҳолатга тушган эди. Чунки, уларнинг Билолни бўйсундиришга умидлари заррача қолмаган, тижоратчи кишилар бўлганликларидан ўлиб қолгандан кўра бировга сотганимиз маъқул эди, деган фикрга бориб қолган эдилар.

Улар Абу Бакрга сотган заҳотиёқ уни озод қилди, Билол ҳам энди эркин, озод кишилар қаторидан ўрин олди.

У Билолнинг қўлтиғидан тутиб озодлик томон етаклар экан, Умайя унга қараб:

- Ол, ол, Лот билан Уззога қасамки, савдолашиб-савдолашиб, охири бир тангага оламан, деганингда ҳам сотиб юборардиме! деди.

Абу Бакр бу сўзлар замирида нималар яширинганини англаб етди, бу алам билан айтилган пичингга жавоб қайтармаса ҳам бўлар эди. Лекин ўз биродари бўлган, ҳозиргина қулликдан озодлик томон қадам қўйган кишининг ҳурмати қай даражада эканлигини билдириш учун Умайяга қарата шундай деди:

- Оллоҳга қасамки, юз тиллога бераман, деб турганингда ҳам иккиланмай тўлаган бўлар эдим!!

Шу гапларни айтар экан, дўстини етаклаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон унга ушбу севинчли хабарни етказиш учун ошиқди. Ушбу кун мусулмонлар учун байрамдек бир кун бўлди. У Абу Бакр озод қилган еттинчи қул бўлди.

Билол розияллоҳу анҳу шунингдек, Мадинага ҳижрат қилганлар орасида ҳам биринчилардан бўлди. Ҳижратдан сўнг Аллоҳнинг Элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уни Убда ибн Ҳорис билан биродар қилиб қўйди. Яна уни Абу Рувайҳа Ҳасамий билан ҳам ака-ука деб эълон қилди. Билол розияллоҳу анҳу Абу Рувайҳа менинг акам деганда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам деди: «У сенинг аканг, сен унинг укасисан».

Унинг юқори даражаси

«Абу Бакр – бизнинг саййидимиз, яна бир саййидимиз (Билол розияллоҳу анҳу)ни қулликдан озод қилди» - деган эди Умар ал Хаттоб.

Бухорий ривояти.

Аллоҳ Элчиси ҳақиқат ва ёлғоннниг ажратувчиси мақомини берган, буюк халифаларнинг иккинчисидан ҳам юқори ким баҳо бериши мумкин?! У Билол розияллоҳу анҳуни саййид деб атади! Бу одамнинг қадри, даражаси унинг тақвоси, Аллоҳдан қўрқишини яна бир карра исботлайди.

Ривоят қилинадики, бир кун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Билолнинг уйига келиб унинг хотинидан унинг уйда ёки йўқлигини сўрадилар. У йўқ деб жавоб берди. Кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрадилар: «Сени ундан шикоятинг борми?»

У жавоб қилди: У уйга келади ва доим: «Аллоҳнинг Элчиси соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар, Аллоҳнинг Элчиси айтдилар...», деб айтади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг мен ҳақимда айтган гаплари ҳақиқат, Билол алдамайди. Сен уни хафа қилма, акс ҳолда сенинг эзгу ишларинг Билол норози бўлгунча қабул бўлмайди» (Ибн Асокир).

Билол розияллоҳу анҳудан 20 дан зиёд саҳоба ва тобеинлар ҳадис ривоят қилишган. Саҳобийлардан ҳадис ривоят қилганлар: Усома ибн Зайд, Баро ибн Озиб, Тариқ ибн Шиҳоб, Абдуллоҳ ибн Умар, Каъб ибн Озират ва Ваҳб ибн Абдуллоҳ.

Тобеинлардан: Асвад ибн Язид, Шаҳр ибн Ҳавшаб, Абдураҳмон ибн Абу Лайл ва бошқалар.

Билол Расулуллоҳ билан барча ғазотларда қатнашиб, намозларда азон айтиб, уни зулматдан нурга олиб чиққан, қулликдан озодлик сари элитган ушбу буюк динга ҳар томондан ёрдам бериб, ҳимоя қилиб яшади.. 

Яшар экан, Ислом шаъни улуғланиб, мусулмонлар шони ўсиб борди. Ўз амаллари ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбларига қанчалик яқин бўлиб, у зотдан олқиш, «жаннат аҳлларидан бири» деган улуғ сўзни эшитишига қарамай, ўша-ўша Билол бўлиб, кишилар учун ҳеч нарсани аямайдиган, камсуқум Билол бўлиб қолаверди, ўзини «кечагина қул бўлиб юрган одам» дейишдан нарига ўтмади..

Билол розияллоҳу анҳуни «Пайғамбарнинг муаззини» деб номлашди, «Ислом муаззини» деб эмас. Чунки, у фақатгина Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликлари чоғидагина азон айтди. У кишининг вафотларидан кейин фақатгина бир марта азон айтди.

Расулуллоҳ Аллоҳ ҳузурига барча нарсадан кўнгиллари тўқ, хурсанд ҳолда йўл олдилар, омонатларини топширдилар. Ортидан мусулмонлар ишини халифалари – ўринбосарлари Абу Бакр бошқара бошлади.

Бир куни Билол розияллоҳу анҳу Пайғамбар халифаси олдига кириб:

- Эй Пайғамбар халифаси, мен Расулуллоҳнинг «Мўмин амалининг энг афзали жиҳоддир» деяётганларини эшитдим, деди.

- Нима истайсиз, эй Билол?

- Ўлгунимга қадар Аллоҳ йўлида рибот* қилмоқни хоҳладим.

- Бизга ким азон айтиб туради? 

Шунда Билол кўзи жикка ёшга тўлиб, юзига оқар экан, деди:

- Расулуллоҳдан кейин ҳеч кимга азон айтиб бермоқчи эмасман.

- Қолинг, биз учун ҳам айтиб туринг.

- Сизники бўлишим учун мени озод қилган бўлсангиз, майли, сиз айтгандай бўлсин... Лекин Аллоҳ учун озод қилган бўлсангиз, менинг ўзимга қўйиб беринг.

- Балки, Аллоҳ учун озод қилганман, эй Билол.

Шу ерда ровийлардан икки хил ривоят келган. Баъзилар Билол Шомга сафар қилиб, ўша ерда жиҳодда, риботда қолган дейишса, баъзилар Абу Бакр илтимосига кўра охири Мадинада қолишга рози бўлган, Абу Бакр вафотидан кейин Умар халифаликка ўтирганда рухсат сўраб, Шомга жўнаб кетган, дейишади.

Нима бўлганда ҳам, Билол қолган умрини Ислом ҳудудларидан бирида жанговар ҳимояда туриш учун ўтказишга азм қилган, Аллоҳ ва Расулига улар хуш кўрадиган энг яхши амал билан рўпара бўлишга қатъий қарор қилган эди.

Энди у ўзининг ширин, ширали, салобатли овозини кўтариб азон айтишдан тўхтаган эди. Чунки азонида «Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ»«Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбари, деб гувоҳлик бераман» ни айта бошлаши билан томоғига бир нарса келиб тиқилар, бурунги хотиралар қўзғалиб кетиб, ич-ичидан келган ҳиқиллаш олдида овози қирқилиб қолар, сўзлар давомини кўзидан селдек оқаётган кўз ёшлари айтар эди.

Унинг охирги азони амирул муъминин Умар Шом диёрига борганида бўлган эди. Ўшанда Умарга ялинишиб, Билолнинг бир мартагина азон айтиб беришини сўраб беришини илтимос қилишган эди.

Намоз вақти етиб келгач, амирул муъминин Билолни чақириб ундан азон айтиб беришни илтимос қилди.

Билол чиқиб азон айтди. Ўзи ҳам йиғлади, саҳобаларни ҳам, Расулуллоҳ вақтида Билол азонини эшитиб юрган саҳобаларни ҳам йиғлатди. Тўлиб-тошиб, сел бўлиб йиғладилар. Умар ҳаммадан кўра кўпроқ йиғлар эди.

Билол ўзи хоҳлаганидек, Шомда, Аллоҳ йўлида риботда турган ҳолда вафот этди.

Ҳозирда, Дамашқ тупроғи тагида эътиқод ва виждон эркинлигини ҳимоя қилган, башарият улуғларидан бирининг жасади ётибди.

Гўзал Аҳлиддин қизи

 

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ushbu maqolalar www.truthsforkids.com bolalar uchun oylik jurnal, 1sonidan olingan boaposlib sayt rahbariyati ruhsati bilan tarjima qilindi. Barcha tarjimalar qilingandan soaposng saytga oaposzbek tilidagilari kiritiladi BiizniAlloh. Bularni tarjima qilishdan niyyatim bolalarimiz bizga давоми...

9334 20:43 / 19.04.2017
Ислом дини илм динидир. Юксак маданият фақат ислом биландир. Бу ҳақиқатни ҳозир кўпчилик эътироф этаётир. Илмфан, маданият мусулмонлар орқали бутун дунёга давоми...

13057 20:36 / 19.04.2017
Бисмиллаҳир Роҳманир роҳиймБиринчи тавсияКалимаи тавҳидРасул марҳамат қилди Абу Ҳурайра,Сенга шафоатдан берайин дарак. Лаа илаҳа иллаллоҳhelliprdquoни ким айтса давоми...

4105 19:49 / 19.04.2017
Mehribon va Rahmli Alloh nomi bilan1. KIRISH Insoniyat yaratilib yer yuzida yashay boshlagan paytlardan tortib hozirgi kunimizgacha tabiatni anglashga, yaratilishdan maqsad, va umuman hayotdan maqsad ne ekanini tushunishga harakat qilib keladi. Shu savolga to`g`ri javob o`laroq, asrlar osha давоми...

55409 20:20 / 19.04.2017