1446 йил 22 жумадис сони | 2024 йил 24 декабрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1432

Ўрнак бўлишни ўрганайлик

16:59 / 19.04.2017 2682 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Аллоҳ таолога У зотнинг буюклигига мос ҳамду санолар бўлсин!

 Ушбу мақолани ёзишдан ўзимни тийиб турган эдим. Сабаби – мақтаниш бўлиб, риёга айланиб қолишидан чўчиган эдим. Лекин ибрат учун ёзишга қарор қилдим.

           Тўрт фарзандимиз бор. Икки қизимни турмушга берганмиз. Олтита набирамиз бор. Учта фарзандимиз олий маълумотли. Тўртинчиси Тошкент Педиатрия Институти талабаси. Ўғлимизни бу йил ёзда уйлантирдик. Оиламизга муносиб келин қидиришдан аввал оилавий келишиб олдик. Ўғлим, онаси ва мен ўтириб, суннатга мувофиқ, тўйнинг барча харажатларини келин томонга юкламай, ўзимиз бажаришга, асл урф-одатимизга хилоф бўлган, кераксиз, фойдасиз келинсалом, «чаллари» каби тадбирларни қилмасликка, куёвнавкарларнинг ҳашаматли машиналар тўдаси ҳам бўлмаслигига келишдик. Шунингдек, қимматбаҳо дабдабали ресторанлардан ҳам воз кечиб, тўйни ҳовлимизда ўтказиш ҳисобига янги оила учун уй жиҳозлари, мебель, гилам ва пардаларни ўзимиз сотиб оладиган бўлдик. Тўй қилишга қарор қилганимиздан кейин ҳам «қиз топиш - аёлларнинг вазифаси», деб ташлаб қўймадим. Балки ўғлимизга муносиб жуфт излашда оилавий ҳамжихат бўлиб, эр-хотин баробар ҳаракатда бўлдик. Аввало бўлажак қудаларнинг дину-диёнатига, дунёқарашига эътибор бердик. Хуллас, совчиликка аёллар билан баробар қатнашдим.

          Бир оила ва уларнинг фарзанди биз излаган мезонга мос эканлиги аён бўла бошлагач, ташаббусни қўлга олиб, совчиликка ўзим бориб, қизнинг отаси билантанишиб

 келдим. Ёшлар ҳам бир неча бор учрашиб, ўзаро мойиллик билдиришди. Шундан сўнг мен бўлажак қудамизни холи жойда учрашувга таклиф қилдим. Учрашув давомида бўлажак оилани шакллантириш борасидаги фикр-мулоҳазалар алмаша туриб, ўтказиладиган тўй хақидаги оиламизнинг юқоридаги қарорини бўлажак қудамизга баён этдим.

 Яъни мен у кишига:

- тўй харажатларини асосан ўз зиммамизга олишимизни;

- келин тушадиган уйни ўзимиз жиҳозлашимизни (парда, гилам, мебель, кўрпа-тўшак кабилар билан);

- урф-одат тусига кириб қолган фойдасиз тадбирлардан воз кечишимизни;

- шодиёналар тўйхоналарда эмас, балки ўз ҳовлимизда бўлишини;

- шариатга мувофиқ, келинимиз албатта муносиб маҳр беришимизни;

- 200-300 одам йиғиб, қуданикига ошга бормай, ўз ҳовлимизда ош беришимизни ва бу дастурхонга қудаларни таклиф қилишимизни;

- тўй маросимида ортиқча дабдаба учун тўда-тўда машиналар бўлмаслигини;

- чаллари, келинсалом каби ортиқча маросимлардан ҳам воз кечсак яхши бўларди, деган фикрда эканлигимизни айтдим. Қолаверса, бўлажак қудаларимиз рози бўлишса, келинни ҳеч қандай сеп ва совға-саломларсиз, ортиқча сарполарсиз қабул қилишга тайёрлигимиз ҳақида ҳам фикр билдирдим.

          Бўлажак қудамизга юқоридаги фикрлар оиламизнинг ўзаро ҳоҳиш-истаклари асосидаги таклифи эканлигини, кейинчалик оиламизда бу масалада келинга нисбатан салбий фикрлар ёки жоҳилона таъна-дашномлар бўлмаслигига кафолат беришимни ҳам айтдим.  Мақсадимиз шариат қоидаларига амал қилишдангина иборат эканлигини билдирдим.  Аммо таклифларимиз мажбурий эмаслигини, қудаларимиз ҳам оилавий маслаҳатлашиб, имконият ва ҳоҳиш даражасида бу таклифларни қисман бўлса ҳам қабул қилиш ихтиёри ўзларида эканлиги ҳақида келишдик.

          Бир ҳафтадан сўнг таклифларимиз қабул қилинганлигига амин бўлгач, тўй ҳаракатларини бошлаб юбордик. Тўй жараёнидаги барча харажатлар, барча маросимлар куёв томонда бўлишини талаб қилсак ҳам, маросимларни ўзаро келишув ва икки томоннинг розилигига кўра ўтказиш кераклиги сабабидан баъзи тадбирларга розилик бердик. Жумладан, эл-юртга маълум қилиш шартлиги туфайли «фотиҳа тўйи» қудаларимизникида ўтказилди. «Фотиҳа»га биз томондан уч киши икки тоғорада таом, оби нон, патир, ҳолва ва сарполар - ҳаммаси бўлиб олтита тугун олиб боришди.

          Тўй дастурхонида икки томонда ҳам амру-маъруф ўтказилди. 30-40 одам билан бир-биримизникига таклиф этилдик. Тўй юбориш, «қалин», «сут пули» деган нарсалар бўлмади. Тўн кийгазишда ҳам икки-уч киши билан кифояландик.

          Биз тўйимизга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини таклиф этдик. Шайх ҳазратлари чиройли маъруза қилиб, унда никоҳ ва унинг қоидалари, хусусан, валийманинг, яъни никоҳни эълон қилиш тўйининг харажатлари куёв томонидан бўлишини эслатиб ўтдилар. Шунингдек, маърузада қуйидаги ҳадис баён этилди:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол ибн ал-Ҳорисга: «Билгин!» дедилар. У киши «Нимани билайин, эй Аллоҳнинг Расули?» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Билгин, эй Билол!» дедилар. «Нимани билайин, эй Аллоҳнинг Расули?» деди Билол. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Билгинки, албатта, ким мендан кейин менинг амалдан қолган суннатларимдан бирини тирилтирилса, унга ўша суннатга амал қилганларнинг ажрича ажр берилади, амал қилувчиларнинг ажрларидан эса бирор нарса камайтирилмайди. Ва ким Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қилмайдиган залолат - бидъатни янгитдан пайдо қилса, унга ўша бидъатга амал қилганларнинг гуноҳича гуноҳ бўлади, лекин уларнинг гуноҳларидан бирор нарса камайтирмайди» (Термизий ривоят қилган).

        Ушбу ҳадисни эшитганимдан сўнг, «Аллоҳим! Мени ҳам бир суннатнинг тикланишига сабабчи қилгин. Сўрашда бардавом қилгин, илоҳим. Аллоҳим! Риё кўчасидан узоқлаштиргин. Амин», деб сўрадим.

         Белгиланган вақтда куёвнавкарлар келинни олиб келиш учун жўнашди. Никоҳ тантаналари ҳовлимизда бўлиб ўтди. Келишилганидек, келин тушган уйни ўзимиз жиҳозладик. Қудаларимизнинг талабига биноан, келинимиз ўзи билан унча кўп бўлмаган совға-саломлар, сарполар ҳамда ўртача миқдорда чиннилар билан келди. Никоҳ кечасида совғаларсиз, қисқагина келинсалом ўтказилди, аёлларнинг «сарсон сарпо»сидан ҳам воз кечилди. Қудаларимиз ўша куни келинни қолдириб, уйларига қайтишди. «Ҳафталик» деган маросимни ёшлар ўзлари йўқ қилиб қўя қолишибди. Хурсанд бўлдик. Айтиб ўтиш керакки, бундай ўзгаришларни икки томоннинг розилиги ва ҳамжиҳатлигисиз, сабр-матонат ила қаттиятсиз амалга ошириб бўлмас экан. Бунинг учун қудаларимиздан ғоятда миннатдормиз.

          Тўйдан кейин келинимиз институтга ўқишга киришга ҳаракат қилдилар, афсуски қабулга атиги ўн балл етмади. Фарзандларимиз қаторига фарзанд бўлиб қўшилган келинимизнинг ҳам олий маълумотли қилиш ниятидамиз, чунки келажак авлодимиз – набираларимизнинг тарбиячиси олий маълумотли бўлиши мақсадга мувофиқдир.

Ийди Рамазон ҳам жорий «мажбурият»ларсиз ўтди.

          Юқорида баён этганларимиз бу борадаги суннатни тиклашнинг бошланиши, холос. Тўй харажатлари ва қудаларнинг «мажбурият»ларини камайтириш борасида ҳали яна кўпгина ишлар қилиниши керак. Бешиктўй ва катта ошлар мажбуриятидан воз кечиш керак.

          Иншааллоҳ, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб борсак, тўйларимиз турли зарарли, фойдасиз тадбирлардан тозаланиб, бизга никоҳни неъмат қилиб берган Аллоҳ таолонинг розилигига эриштирадиган ҳақиқий шодиёнага айланажак.


Абу Жамшид


«Ҳақиқат излаб ҳақсизликка учрадим,

Адолат излаб маломатга учрадим,

Меҳр қўйиб бемеҳрга учрадим», дегувчи бўлсам

Ўн саккиз минг олам Эгаси деди:

«Замондан нолима, соҳиби замон Ўзимман.

Ҳақиқат излама, Ҳақ таъло ўзимман.

Адолат излама, адолатпеша Ўзимман.

Меҳр излама, ўзгадан меҳрибонинг Ўзимман.

Ҳидоятга бошлаб, ардоқловчи Ўзимман,

Маломатга қўйганни жазоловчи Ўзимман,

Истиғфор айтсанг, покловчи Ўзимман,

Шукрона айтсанг, улуғловчи Ўзимман.

Бу дунёдан нолиб ўтма,

Эй бандам! Қўлловчи – Ўзимман».

***‎

Азозилга тавқи лаънат илиб,

Шайтон лақабин берган ҳасад.

Болага азоб бериб,

Онани бўзлатган ҳасад.

Отани йўлдан уриб,

Болани йиғлатган ҳасад.

Қалбларни тирнаб,

Жигардан айирган ҳасад.

Юракни ўртаб,

Ошиқни совутган ҳасад.

Ёшни қаритиб,

Бошни оғритган ҳасад.

Инсонга сеҳр‑жодуни ўргатиб,

Иймондан айирган ҳасад.

Мусулмон ичига ўт қўйиб,

Миллатни қақшатган ҳасад.

Кўзларни кўр қилиб,

Дўзахга қулатган ҳасад.

‎***‎

Ақл бериб, ўйлатгувчи Ўзингсан,

Ақлим олиб, ўйнатгувчи Ўзингсан.

Ҳайвон сифатин бериб,

Ўтлатгувчи Ўзингсан.

Қўрқаман макрингдан,

Макр ила шайтонни кибрлатган,

Инсонни ҳаволатган,

Ҳукми Холиқ Ўзингсан.

Беҳисоб неъмат бериб,

Синагувчи Ўзингсан.

Неъматларинг бир-бир яшириб,

Бўзлатгувчи Ўзингсан.

Яратгувчи Ўзингсан,

Яшнатгувчи Ўзингсан,

Бебош бандангман, раҳм қил,

Муҳтож этма ўзгага,

Ўзгага бош эгмасман,

Қулингман, раҳм қил!

Қаддим букма олақарғага,

Умиди бор бандангман,

Ҳидоят бер мендек ожиз бандага

‎***‎*

Дўст қилганда ҳасад,

ўйлади юрак.

Қўни-қўшни қилганда ҳасад,

ўйнади юрак.

Қориндош қилганда ҳасад,

ўкинди юрак.

Касбдош қилганда ҳасад,

эзилди юрак.

«Шогирдман» дея маккор қилганда ҳасад,

тўкилди юрак.

Бою камбағал қилганда ҳасад,

тошди юрак.

Маънавияти пастлигин кўрганда барчасин

ачинди юрак.

Ҳеч бирига ўхшамасин англаб,

шукроналар қилди юрак…


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом дини илм олишга тарғиб этади. Мусулмон олимларининг Европаликлардан олдин фан, илм соҳасида эришган ютуқларини Европа ҳамжамиятининг ўзи ҳам тасдиқлади. давоми...

2957 17:11 / 19.04.2017
Ичимда чинакам шукрона ҳисси уйғонди. Ҳозиргина биз суҳбат қилган кишининг беморлигида бошидан кечган ҳиссиётлар таъсир қилаётганди Операция столидан яқнда давоми...

2966 16:28 / 19.04.2017
М.А. Аскаров, IV курс, Южно Российский Университет Экономики и СервисаИ.В. Борисенко ndash научный руководитель, к.ф.нВведениеСогласно ст. 1 Федерального закона 132ФЗ давоми...

5239 17:08 / 19.04.2017
Бир томонли тангани ҳеч кўрганмисиз Бундай танга бўлиши мумкин эмаса. Тўғрида тангани ҳам бир томонлиги бўладими. Ахир у ўз номи билан тангаку Демак унда икки давоми...

3354 16:22 / 19.04.2017