Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Албатта Сиз улуғ хулқ устидадирсиз» (Қалам, 4).
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Гўзал хулқ — алоқани узган (қардошинг)га боғланмоғинг, сендан қизғанган кишига бермоғинг, сенга зулм қилганни кечирмоғингдир» (Анас ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: «Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилдим».
«Қиёмат кунида мезоннинг тақво ва ҳусни хулқ турган палласи нақадар оғир бўлади!» (Абу Довуд, Термизий ривоятлари).
«Бир киши Расулуллоҳ рўпараларига келиб:
— Эй Аллоҳнинг расули, дин нима? деб сўради.
— Гўзал хулқ, дедилар.
У киши сарвари оламнинг ўнг томонига ўтиб, яна савол қилди:
— Дин нима, эй Аллоҳнинг расули?
— Гўзал хулқ, деб жавоб бердилар. Кейин сўл томонларига ўтиб, яна:
— Дин нима, эй Аллоҳнинг расули? деб сўради.
— Гўзал хулқ, дедилар Расули акрам. Сўнг орқаларига ўтиб:
— Эй Аллоҳнинг расули, дин нима? дея қайта сўради. Пайғамбар алайҳиссалом у киши томон ўгрилиб:
— Гўзал хулқ, (гўзал хулқ эса) ғазабланмаслигингдир, энди тушундингми?!дедилар» (Марвазий ривояти).
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди:
— Бадбахтлик нима, ё Расулуллоҳ?
— Ёмон хулқ! дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Фузайл ибн Иёз айтади: «Пайғамбар алайҳиссаломга:
— Фалончи аёл кундузлари рўза тутади, кечалари бедор бўлиб, намоз ўқийди. Бироқ унинг хулқи ёмон: қўшниларига тили билан азият етказади, дейишди.
Шунда Расули акрам:
— Унинг бу ишларида хайр йўқ. У аёл жаҳаннам аҳлидандир, дедилар»
Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар: «Одамларга молларингиз билан эмас, очиқ чеҳра ва гўзал хулқ билан юзланинг» (Баззор ривояти).
Барро ибн Озибдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар ичида чеҳраси ва хулқи энг гўзал инсон эдилар» (Хароитий ривояти).
Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганлари Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мўминнинг саховати — унинг дини, гўзал хулқи — унинг мартабаси, мардлиги — унинг ақлидир» (Ибн Ҳиббон ривояти).
Усома ибн Шарийкдан ривоят қилинади: «Расули акрамдан аъробийлар:
— Бандага берилган нарсаларнинг энг яхшиси нима? деб сўрашди.
— Гўзал хулқ, дедилар Расули акрам» (Ибн Можа ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Сизларнинг орангизда менга суюклироғингиз ва Қиёмат кунида менга яқинроқ бўладиганингиз ахлоқи гўзалларингиздир» (Табароний ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Учта хислат бор. Кимда ўша учта хислатдан биттаси бўлмаса ҳам қилган амали ҳисобга ўгмайди. Бу — Аллоҳга маъсият қилишдан тўсадиган тақво, аҳмоқни жиловлайдиган ҳалимлик, одамлар орасида хушхулқлик» (Табароний ривояти).
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу дейди: «Бир куни Расулуллоҳ билан бирга эдик, дедилар: «Қуёш музни эритгани каби гўзал хулқ ҳам гуноҳларни эритиб йўқотади» (Табароний ривояти).
Ҳасан Басрий дейди: «Кимнинг хулқи ёмон бўлса, ўзини ўзи қийнайди».
Анас ибн Молик айтади: «Шундай банда бор, чиройли хулқи билан жаннатнинг баланд даражаларига етади, гарчи обид бўлмаса ҳам. Шундай банда бор, ёмон хулқи сабабли дўзахнинг энг қуйи қаватларидан жой олади, гарчи обид бўлса ҳам».
Ваҳб ибн Мунаббиҳ айтади: «Ёмон хулқ чил-чил синган кўзага ўхшайди. Уни на ямаб бўлади, на лой ҳолатига қайтариб».
Фузайл ибн Иёз дейди: «Менга хулқи ёмон обиднинг ҳамроҳ бўлганидан кўра, хулқи яхши фожирнинг ҳамроҳ бўлгани суюклироқ».
Яҳё ибн Муоз айтади: «Ёмон хулқ ёнида қанча яхшиликлар бўлса ҳам фойда бермайди. Яхши хулқ ёнида қанча ёмонликлар бўлса ҳам зарар бермайди».
Ҳасан Басрий дейди: «Ҳусни хулқ — очиқ юзли, хайру саховатли бўлиш, озор беришдан тийилишдир».
Шоҳ Кирмоний дейди: «Гўзал хулқ — озорлардан тийилиш ва машаққатга сабр-тоқатдир».
Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу деди:
«Гўзал хулқ учта хислат билан ҳосил бўлади: ҳаромдан тийилиш, ҳалолни излаш, аҳлига бағрини кенг қилиш».
Саҳл ибн Тустарийдан гўзал хулқ ҳақида сўрашди: «Гўзал хулқнинг энг қуйи даражаси машаққатларни кўтариш, мукофотдан кечиш, золимга раҳм-шафқат қилиб, уларга мағфират тилаш, деди».
Абу Ҳомид Ғаззолийнинг ИҲЁУ УЛУМИД-ДИН РИЁЗАТУН – НАФС китоби асосида
Даврон Нурмухамедов
Тошкент ислом университети талабаси