1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1434

Танловга: Пайғамбар алайҳис салом шамоилларининг комиллиги, кўринишларининг гўзаллиги

15:34 / 19.04.2017 3076 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Бусирий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

У сифатию сурати мукаммал бўлган зотдир,

Инсонлар Холиқи ҳабиб айлаб танлаган зотдир.

Гўзаллигида шерикдан бўлди муназзаҳи,

Ундадир иккига бўлинмас гўзаллик жавҳари.

Қуртубий айтадилар: “Расулуллоҳнинг гўзалликлари биз инсонларга бутунлайича зоҳир бўлмаган. Агар мукаммал зоҳир бўлганида эди,  кўзларимиз ул зотни кўришга тоқат қила олмас эди”.

 Расулуллоҳ шаклу шамоиллари комиллиги, кўринишлари чиройлигига далолат қиладиган набавий ҳадислар ва ривоят қилинган асарлар[1]жуда ҳам кўпдир. Шу эътибордан, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у зотнинг шарафли баданларини (гўзалликда) улардан олдин ҳам кейин ҳам ўхшаши бўлмайдиган кўринишда қилиб қўйганига имон келтириш пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўлиқ имон келтириш шарти ҳисобланади.

Шарафли  юзлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам юзи энг чиройли киши эдилар[2], худди қуёш юзларида юргандек эди[3]. (Яъни қуёш қандай ўз фалакида юрса, худди шундай гўзаллик ул зотнинг юзларида юрар эди).

Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мутоҳҳам (яъни, ўта семиз) ҳам мукалсам (яъни, ўта айланасимон юзли) ҳам бўлмаганлар. Балки, юзларида бироз думалоқлик бор эди[4].

Оиша онамиз айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачон хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнинг бўлагидек чақнар эди”.[5]

Абу Бакр Сиддиқ ва Каъб ибн Молик айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари худди ойнинг доирасидек эди”.

Абу Туфайлга бизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сифатлаб беринг, деб сўрашганларида: “У зот оқ (тиниқ) рангли, юзлари чиройли киши эдилар. Агар хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойнадек бўлиб қолар ва гўёки тўлин ой у зотнинг юзларида кўриниб тургандек бўлар эди[6]”.

 Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ул зотнинг юзлари худди қуёш билан ойга ўхшарди. Юзлари доира шаклида эди[7]”.

 Кўриб турганингиздек, расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сифатлаган саҳобалар бир овоздан у кишининг юзлари нурли, ёрқин ҳамда нур сочиб турувчи ёрқин зиё ва гўзаллик ила барқ уриб турувчи бўлганини таъкидламоқдалар.

Ҳасан ибн Алий тоғалари Ҳола ибн Абу Ҳоладан ривоят қилган ҳадисда шундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўркам, юксак ҳурматли киши эдилар. Юзлари худди тўлин ой кечаси ойнинг чарақлаганидек порлаб турар эди[8]”.

Жобир ибн Самура ой ёришган кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриб шундай деган эканлар: “Мен бир у зотга бир ойга қарай бошладим. Аниқ айта оламанки, у зот ойдан гўзалроқ эдилар[9]”.

Робиъ бинти Муъаввизга бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сифатлаб беринг, деб сўрашганида: “Эй  ўғилларим, агар у зотни кўрганингизда эди, худди порлаб чиқаётган қуёшни кўргандек бўлардингиз”, деб жавоб берганлар[10].

Умму Маъбад ҳам набий алайҳис саломни сифатлаб шундай деган экан: “Мен покиза, гўзал хулқли, юзи чиройли, хушрўй кишини кўрдим[11]”.

 Ҳамадонлик бир аёл: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳаж қилганман”, деб айтганида: “У зотни бизга васфлаб беринг”, деб сўрашади. Ҳамадонлик аёл: “У зот худди тўлин ой кечасидаги ойга ўхшайдилар. Мен Расулуллоҳдан олдин ҳам кейин ҳам у зотга ўхшашини кўрмадим”, деб айтган.[12]  

Яноқлари

Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шарафли яноқларига келсак, Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам яноқлари текис эди. (яъни, дўппайиб ҳам турмаган шишлик ҳам бўлмаган).

Кўзлари

Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шарафли кўзларини Аллоҳ таоло шундай сифатлайди: 

مَا زَاغَ الْبَصَرُ وَمَا طَغَى (17)

   (Пaйғaмбaрнинг) кўзи (чeтгa) oғгaни ҳaм йўқ, ўз ҳaддидaн oшгaни ҳaм йўқ”.

Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинганки, Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам зулматли қоронғу кечада худди кундузи ёруғликда қандай кўрсалар, шундай кўрардилар. Шунингдек, олд томонларини қандай кўрсалар, орқа томонларини ҳам худди шундай кўрар эдилар.

Ибн Абу Ҳоладан ривоят қилинган ҳадисда: “Расуллуллоҳ  қарасалар, баданлари билан бутунлайича бурилиб қарар эдилар. Расуллуллоҳ  назарлари пастга қараган киши эдилар, (яъни назарлари юқоридан кўра пастки томонга кўпроқ қарар эди). Қарашлари мулоҳазали эди[13]. (Яъни, фикр юритган кишидек, қарардилар).

        Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий алалйҳис салом кўзлари катта-катта, узун киприкли ҳамда кўзлари қизиллика мойилроқ (яъни қизғишроқ) киши эдилар”.[14]

Бошқа бир ривоятда: “Кўзлари тим қора эди”, дейилган[15]. Яна бир ривоятда эса: “Кўзларининг оқида бироз қизиллиги бор эди”, дейилади[16]. Кўзнинг оқида қизиллиги бор бўлиши  арабларда мақталинган, маҳбуб кўрилган эди.

Бошлари ва пешоналари

Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пешоналари кенг эди. Бу борада келган турли хил ҳадислар лафзлари турли бўлса-да, барчаси бир маънодадир.

Расуллуллоҳ  бошлари (ўртачадан) каттароқ эди. Алий розияллоҳу анҳунинг бу борада ривоят қилган ҳадислари ҳам шу маънодадир.

 Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қошлари узун, ёйсимон ва ингичка, бир-бирига бирлашиб ёпишмаган эди. 

Бурунлари

Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам қирра бурунли[17] эдилар.

Оғизлари

Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғизлари ўртачадан кенг ва каттароқ эди. Одатда  араблар катта оғизли кишини мақташар эди. Оғзи кичикларни  эса ҳақорат қилишар эди.

Тишларининг ораси очиқ, оппоқ, ҳушбўй ҳидли эди. Икки олд тишлари, яъни курак тишларининг ораси ҳам очиқ эди.

 

“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил” (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам комил инсон) китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.  

 

[1] Саҳобаларнинг ёки тобеинларнинг сўзлари.

[2] Икки шайх, яъни Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)дан ривоятлари.

[3] Имом Термизийнинг Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоятлари

[4] Имом Термизий ривояти.

[5] Шамоил эгалари ривоят қилган.

[6] Имом Муслим ривояти.

[7] Имом Муслим ривояти.

[8] Имом Термизий ривояти.

[9] Имом Термизий ривояти. (Саҳиҳ).

[10] Имом Термизий ва Имом Байҳақий ривоятлари.

[11] Имом Байҳақий ва Имом Ҳоким ривоятлари, Имом Ҳоким саҳиҳ, деганлар.

[12] Термизий ривояти. (Шамоил китобларида).

[13] Имом Термизий ривояти (Шамоилда).

[14] Байҳақий ривояти.

[15] Имом Термизий ривояти.

[16] Имом Муслим ривояти.

[17] Қирра бурун - буруннинг юқори қисми сал кўтарилган, ўртасида озгина эгиклик бор, бурун суягининг ўртаси бўртиб чиққан ҳамда бурун тешиги тор бўлганидир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отаонасиз қолдингми изтиробда,Яхшиликни бардавом айла аларга.Шод аларсен қолмассан гирдобда,Улуғлардан насиҳат етказай сенга. Алар хаққига дуода бўл давоми...

4753 15:56 / 19.04.2017
Кунлар қиздира бошлаган, совуқнинг шашти сўнган, осмонга хукмронлик қилишга даъвагар булутлар, бир бири билан мусобақалашгандай тинмасдан харакатланаётган эрта давоми...

2711 14:58 / 19.04.2017
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюкли завжалари Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қуйидагича ривоят қилади Бир куни давоми...

4556 15:48 / 19.04.2017
Аудиолар

135319 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55569 14:35 / 11.08.2021