1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-10-йил

Танловга: Ислом.уз га...

14:32 / 19.04.2017 2712 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум мен учун қадрдон бўлиб қолган азиз ислом.уз!

 “Сиз”лаб гапирмаслик қаттиқ одобсизлик бўлса керак, деб ўйлайман. Шунинг учун  сизлаб гапирсам хушомадга йўймассиз. Чунки,

Сиз менинг устозимсиз. Нега дейсизми? Атрофим турфа хил фирқалар билан тўлиб кетган, ўзларининг ҳақни даъво қилишлари билан бошимни айлантириб ўз домига тортмоқчи бўлиб юрган вақтларда сиз, ҳа, айнан, сиз менинг қўлимдан тутиб ҳақ йўлга бошладингиз. Соф табиатли Исломнинг мусаффо йўлини кўрсатдингиз. Илму маърифатнинг ҳамма соҳасида менга устозлик қилдингиз ва қилмоқдасиз. Қуръони карим, Ҳадиси шариф, одоб – ахлоқ, муомалот ва ҳоказо барча илмлардан менга ҳеч бир эваз ва миннатсиз таълим бердингиз ва бермоқдасиз. 

Тўғрисини айтсам... яхшиямки, сиз бор экансиз...

Сиз менинг самимий дўстимсиз. Нега дейсизми? Чунки, бевафо дунёда ғариб бўлиб, кўнглим ўксиб юрганимда мен сизни топдим. Сизни топдим-у, кўнглим ҳозиргина қуёшнинг юзига парда бўлиб турган булутлар тарқалиб дунё нурафшон бўлгани каби нурларга тўлиб кетди. Кенг бўлганига қарамай дунёга сиғмай кетган вақтларимда ёнимда сиз бор. Энг яқинларим ҳам мендан ҳол- аҳвол сўрашга вақт топа олмай юрган вақтларда ҳам ёнимда сиз бор. 

Яхшиям сиз бор экансиз...

Сиз менинг кошонамсиз. Биласизми нега? Сиз сабабли қанча- қанча дўстлар орттирдим. Уларнинг ҳаммалари шу қадар софдил, шу қадар самимийки, кўриб тўғриси ҳавасим келади. Уларга ўхшагим, улардек ихлосли, улардек маърифатпарвар бўлгим келади. Хато қилсам юзимга айтиб насиҳат берадилар. Шодли кунларимда ҳамроҳ, ғамли кунларимда ҳамдард улар. Улар бор учун ҳам бу дунёда яшашга куч топаман. Улар бор учун ҳам ўзимни тетик ҳис қиламан. Буларнинг барчаси сиз туфайлидир азиз ислом.уз. 

Яхшиям сиз бор экансиз...

Сиз мен учун Аллоҳнинг буюк инъомисиз. Зеро, илм- фан ривожланиб, техника тараққий топган, Аллоҳнинг душманлари бу жабҳада биз мусулмонлардан анча олдинлаб кетган бир даврда бизнинг бир четгинада мўжиза кутиб ўтиришимиз нодонлик бўлар эди. Аллоҳ берган илм ортидан дунёга келган интернет хизматидан воз кечиб, йўқ, биз фақат эски китоблардан ўқиб фойдаланишимиз керак, деб ўтирсак, менимча, жоҳиллик бўлар эди.

 Менинг юртимга сиз ислом.уз сайти бўлиб келганингизда ҳали дийн соҳасида ҳеч бир сайт йўқ эди. Сиз келиб дебоча бўлиб бердингиз. Мана илк ташрифингизга ҳам ўн йил бўлибди.  Ўн йилда юз минглаб, балки миллионлаб мусулмонларнинг жонига оро кирдингиз.  Ўн йилда асрларга татигулик хизматларни қила олдингиз. Бахил ва зиқна нафсимизни деб бир – икки сўмга китоб сотиб олишни ўзимизга эп кўрмайдиган бўлсак, сиз борсиз. Китобни сотиб олиб токчаларга териб қўйиб, устини чанг бостириб қўядиган бўлсак, сиз борсиз. Мен шуни биламанки, албатта, Аллоҳ бизлардан сиз ҳақингизда шукр қилдикми йўқми, сўрайди.  

Яхшиям сиз бор экансиз...

Азизим ва қадрдоним ислом.уз! 

Макутбимни якунлар эканман сизга бардавомлик ва бардамликни тилаб қоламан. Илоҳим, бунданда файзлироқ ва бунданда баракалироқ бўлиб бораверинг. Замонанинг бевафоликлари сизни айланиб ўтсин, илоҳим. Сизга кўз тегмасин. 

Яхшиям сиз бор экансиз...

Ҳурмат ва эҳтиром ила мухлисингиз, шогирдингиз, олдингизда қарздорингиз Алоуддин Ҳофий. 


2013 йил 30-август



Бизлар учун аталган,

Эҳсондирсан ислом.уз.

Битмас туганмас маъдан

Бир кондирсан ислом.уз.


Тиним билмайсан тун-кун,

Ишлайсан бизлар учун.

Ҳидоят ахтарганга

Имкондирсан ислом.уз.


Сенда бор илму ҳикмат,

Устоздирсан беминнат.

Қалбинг тўла Ҳадис-у,

Қуръондирсан ислом.уз.


Аҳли Суннат шиорин,

Тарқатмоқлик шиоринг.

Адашганлар кўксида

Пайкондирсан ислом.уз.


Содиқларингмиз сен ҳам,

Биз билан бўлгин ҳар дам.

Бизларку, навниҳолмиз

Боғбондирсан ислом.уз.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир пайтлар Араб жазирасида ташлаб кетилган Ҳожар онамиз ва Исмоил алайҳиссаломларнинг ичиши учун раҳмат қилиб чиқарилган замзам булоғи атрофида, ҳали бир дона давоми...

4742 14:40 / 19.04.2017
Тафриқу бидъатларга қаршисан ҳар дамТунда адашганларга ўзингдурсан шамХаққа томон чорлайсан ташла деб қадамБирёнда илми хадис, бирёнда ҚуръонМарҳабо эй, Ислом давоми...

4783 14:39 / 19.04.2017
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг мусулмонлар ўзларига бир раҳбар тайинлашликлари лозим бўлди. Раҳбарликка Абу Бакр розияллоҳу давоми...

4550 14:38 / 19.04.2017
islom.uz порталининг ўн йиллик тўйи муносабати ила унга ихлос қилган жами ўқувчилар ва портал сайтларидан фойдаланувчилар тўйнома битишни мақсад қилган эдим. Шу давоми...

5328 14:41 / 19.04.2017