Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
فَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ
Бас, кимки дунёда зарра миқдорида
яхшилик қилган бўлса, (Қиёмат куни)
уни кўрар. (Залзала сураси 7-оят)
Илм олиш ҳар бир мўмин учун зарур бўлган фарз амал ҳисобланади. Илм олиш ўта фазилатли бўлиб, бу ҳақида Қуръонда жуда кўп оятлар келган. Шулардан базиларини келтирамиз:
شَهِدَ اللَّهُ أَنَّهُ لَا إِلَـٰهَ إِلَّا هُوَ وَالْمَلَائِكَةُ وَأُولُو الْعِلْمِ قَائِمًا بِالْقِسْطِ ۚ لَا إِلَـٰهَ إِلَّا هُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ
«Аллоҳ, фаришталар ва илм аҳллари – адолат билан ҳукм қилувчи ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай тангри йўқ, фақат Унинг ўзи борлигига гувоҳлик бердилар» (Оли Имрон сураси, 18-оят).
Бу оятда Аллоҳ таоло аввал ўзини, кейин фаришталарни, сўнгра илм аҳлини зикр этди. Мана шунинг ўзи илмнинг шарафли, фазилатли ва улуғ эканини англаш кифоя қилади .
Мужодала сурасининг 11-оятида эса:
وَإِذَا قِيلَ انشُزُوا فَانشُزُوا يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ ۚ
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража мартабаларга кўтарур» дейди.
Бу каби илмни фазилатловчи оятларни жуда кўп келтириш мумкин, лекин бизнинг мақоламиз илм ҳақида эмас, балки бугунги кунда мана шу илмни халққа улашишда улкан кўмакчи бўлаётган Islom.uz сайти ҳақида.
Мақола сарлавҳаси бежизга танланмаган. Глобал шароитда замон ва унда яшовчи одамларнинг онглари ва яшаш тарзлари жадал суръатлар билан ривожланиб кетмоқда. Ҳозирги кунда ҳамма жойда интернет ҳаётнинг бир бўлагига айланиб қолган. Илм эса сувдан топилган дур каби мукаррамдир. Лекин замон аввалги замон эмас. Авваллари илм аҳли кўча-кўйда одамларни йиғиб мавъизалар қилган, саҳоба ва тобеинлар ҳадислар айтишган. Бугун эса дунё ташвишига кўмилиб кетганлар илмни эшитишга фурсат ёки шароит етишмовчилигидан шикоят қиладилар. Бу эса илм олиш ва улашишнинг янги ва ишончли усулига бўлган эҳтиёжни ифодалайди. Бу нафақат бизнинг миллат, балки бутун инсоният, барча мусулмонлар жаҳолат ботғоғидан чиқишлари, залолатдан қутулишлари учун исломий сайтларга эҳтиёж мавжудлигини ифодалайди. Бу билан илм беришнинг ягона йўли ионтернет деган ғояни илгари суришдан йироқмиз, чунки китоб ва устоз билан ўрганилган илмгина мустаҳкам ва натижали бўлади. Лекин ҳамма ҳам бу имкониятга эга эмас ёҳуд ундан фойдаланишдан воз кечган. Шунинг учун, интернет орқали фойдали материалларни улашиш дин учун фойдадан ҳоли эмасдир. Албатта ҳаётимиз фаровонлигига ва мушкулимизни енгиллатишга ҳизмат қилаётга интернетнинг ҳам, анча салбий жиҳатлари мавжудлиги ҳаммага маълум. Илм борасида энг катта муаммо ишончлилик масаласидир. Интернетдан исталган нарсани, исталган манбаани топиш бугун мушкул эмас, лекин унинг ишончлилига кафолот йўқ. Дуч келган жойдаги жумлани ўқиб, уни илм ҳисоблаш дуруст эмас.
Бу ҳақида Аллоҳ шундай дейди:
وَلَا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ ۚ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَـٰئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا
(Эй, инсон), ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур). (Ал-исро сураси 36-оят)
Муҳаммад ибн Сийрин айтадилар: "Бу илм диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар".
Шу боис, биз учун ишончли исломий бир сайт зарур эди. У бошқа исломий сайт ва блоглардан, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги синий саҳифалардан фарқли равишда етук мутахассис ва тақводор уламолар иштирокида ташкил этилиши керак эди. Бу сайт Islom.uz бўлди.
Собиқ иттифоқ даврида инсонларнинг онглари анча заҳарланган, динга қарши уюштирилган тажовузларнатижасида илмсизлик анча кучайган эди. Аллоҳга чексиз шукурлар бўлсинки, давлатимиз мустақилликни қўлга киритди. Аммо бу билан ҳаммаси муаммолар ўз ечимини топмади. Давлатнинг иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, ҳарбий ва бошқа муҳим соҳалари ўз мутахассислари томонидан босқичма-босқич ривожлантириб борилди. Аммо энг аянчлиси одамлар онгидаги илмсизлик оқибатида вужудга келган бўшлиқ эди. Президентимиз Ислом Каримов айтганларидек, “…бу дунёда табиатда ҳам, жамиятда ҳам бўшлиқ . қаердадир бўшлиқ пайдо бўлдими, ҳеч шубҳасиз, уни албатта кимдир тўлдиришга ҳаракат қилади.” Бу бўшлиқларни тўлдиришда “Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқ керак” шиори қўл келди. Олим-у уламоларимиз, аҳли илмлар бу илмсизликка қарши курашишди. Бу борада тан олишимиз керакки, Islom.uzнинг ўрни беқиёс бўлди. Таъкидлаш жоизки, бугун ҳам шу фаолиятни олдингидан анча жадал ва анча устунлик билан давом эттирмоқда. Бугунга келиб бу сайт қошида турли мавзуларга оид бир қанча сайтлар жорий қилинганки, бу миллатимиз, динимиз учун бир яхшиликдир. Muslimaat.uz, halol.org, tib.islom.uz, savollar.islom.uz, fiqh.uz, siyrat.uz, oilam.uz, islam.uz, quran.uz, arabiс.uz ва бошқалар шулар жумласидандир.
Сайтнинг афзаллиги фақат унинг манбаалар ва уларнинг ишончлигига боғлиқ эмас, балки сайтнинг қадри унингислом оламидаги ўзгаришлар, янгиликлар, исломнинг кашф этилаётган янги мўжизалари ва нашр қилинган янги китоб вааудио-видео маҳсулотлари ҳақидаги ахборотларнинг мунтазам янгиланиб боришидадир. Баъзи сайтларда жуда кўп исломий манбаалар жойлаштирилганига қарамай одамлар ундан камроқ фойдаланишади, боиси у сайтлар янгиланиб турилмайди. Islom.uz эса ҳар доим янги мақолар, фатволар ва долзарб мавзуга оид маълумотлар мунтазам бериб борилади.
Бундан ташқари ушбу сайт қошида ташкил этилган форум (forum.islom.uz) мусулмонларни бирдамликка чақиради. Бунда нотаниш мўминлар танишиб, ўзаро меҳр-оқибат ривожланади. Бунда турли янгилик ва фикрлар алмашинади. Бу форум иштирокчилари вақтларини беҳуда сарфламайдилар. Улар эзгулик йўлида бирлашадилар. Зеро Аллоҳ таоло Моида сурасининг 2-оятида шундай дейди: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз!”
Яна , Албатта, мўминлар оға-инидирлар. (Ҳужурот сураси 10-оят)
Росуллуллоҳ (с.а.в.)дан ҳам бу борада бир қанча ҳадислар ривоят қилинган:
“Мўмин мўмин учун бир-бирини ушлаб турувчи бино кабидир” (Бухорий, Муслим ва Насоий ривояти).
“Мўмин(лар) бир киши кабидирлар. Агар унинг боши оғриса, унинг ҳамма ери оғрийди. Агар унинг кўзи оғриса, унинг ҳамма ери оғрийди” (Муслим ва Аҳмад ривояти).
Бу форумда улар турли мавзуларда суҳбатлашиш билан бир қаторда, ўзаро фикр алмашадилар, бир-бирларининг камчиликларини тўғрилайдилар. Зеро Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Мўмин мўминнинг ойнасидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. У биродарига зиён келтирадиган йўлларни тўсади ва уни орқасидан ҳимоя қилади” (Бухорий “Ал-адабул-муфрад”да ва Абу Довуд “Сунан”да ривоят қилган) деганлар.
Islom.uzнинг савол-жавоб портали ҳисобланган саволлар.Islom.uz сайти ҳақида алоҳида айтиб ўтиш жоиз. Бу саҳифада фазилатли шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ (ҳафизаҳуллоҳ) ҳазратлари мамлакатимизнинг турли бурчакларидан ва бошқа мамлакатлардаги дин биродарларимиздан келган саволларга жавоб берадилар. Айниқса меҳнат муҳожирлари учун бу ўта қулайликдир. Бу албатта ўта савобли иш, Аллоҳ улардан рози бўлсин.
Юқорида саналган ҳар бир сайт алоҳида-алоҳида мақолалар ёзиш мумкин, лекин сўзнинг афзали мухтасаридир.
Яқиндан бу сайтнинг ташкил этилганига 10 йил тўлади. Бу йиллар албатта сарҳисоблидир. Лекин шу муддат давомида, бу сайт мутасаддиларининг сай-ҳаракатлари шарофати билан минглаб мусулмонлар анча илмларга эга бўлдилар. Ушбу сайт ҳодимларидан ва унга Аллоҳ розилиги учун жам бўлган мўминлардан, бу сайт ёрдамида бошқа мусулмонларга озгина бўлса ҳам илм ўргатишга интилганлардан Унинг ўзи рози бўлсин. Уларнинг оқибатларини ҳайрли қилсин. Ушбу сайт яна кўплаб йиллар давомида ўзининг нуфузини йўқотмасин, унга ва унинг мутасаддиларига ва уларнинг оилаларига Аллоҳнинг раҳмати, барокати бўлсин. Албатта, Роббимиз ҳеч бир яхшиликни жавобсиз қолдирмагай, зеро Аллоҳ таоло Ўз Каломида шундай дейди:
فَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ
Бас, кимки дунёда зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (Қиёмат куни) уни кўрар. (Залзала сураси 7-оят)
Зоҳид Мирзо