1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Аллоҳнинг лутфи қадаридан ажрамас

23:26 / 14.04.2017 5659 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ким У Зотнинг лутфи қадаридан ажраганини гумон қилса, бу унинг назари қисқалигидандир.

– Лутф – хоҳлаган нарсасини нозик услублар ила амалга ошириш. Латийф – Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан биридир. Биз «латиф» деганда «лутфли», «марҳаматли» деган маъноларни тушунамиз. Аслида «латиф» сўзи «ҳар бир нарсанинг ўта нозик жойларигача яхши билувчи ва хоҳлаган нарсасини нозик услублар ила амалга оширувчи» деган маънони англатади. 

Уламолардан ушбу маъноларни бироз бошқачароқ ифода қилганлари ҳам бор. Жумладан, баъзилари бу борада қуйидагиларни айтади: «Латийф – фойдали нарсаларнинг нозик ва ноаниқ жойларини ҳам билувчи, сўнг уларни фойда кўзловчига мулойимлик билан, қўполлик қилмасдан эриштирувчи, деганидир. Қачон ишда мулойимлик ва идрок қилишда лутф жам бўлса, лутфнинг маъноси тугал бўлади. Бу ҳақиқатнинг илм ва ишдаги камоли Аллоҳ таолодан ўзгада бўлиши тасаввур қилинмайди».

– «Қадар» сўзи «ўлчов» маъносини англатади. Ислом ақийдасида эса Аллоҳ таоло азалда Ўз илми ва иродаси ила ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб қўйганига эътиқод қилишни билдиради.

Уламоларимиз «қазо» ва «қадар»ни қуйидагича таърифлайдилар:

«Қазо – Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир».

Қадар – ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир».

Ўз-ўзидан қуйидагига ўхшаш саволлар пайдо бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло латийф – лутфли, марҳаматли бўлса, шу билан бирга, бандага бало-офатлар етишини қандай тушунамиз? Бунда Аллоҳ таолонинг лутфи билан қадари бир-биридан ажраган, бир-бирига зид нарсалар бўлиб қолмайдими?

Ожиз бандага Аллоҳ таолонинг лутфи ила етадиган яхшиликлар ўта нозик ва ноаниқ бўлгани учун ҳамма ҳам бу борадаги бор ҳақиқатни теран англаб ета олмайди. Шунинг учун ҳам гоҳида мазкур яхшиликларни бандага сиртидан шиддат ва синов бўлиб кўринадиган йўл орқали етказишга тўғри келади. Мисол учун, баъзи кишилар молу мулкини ҳимоя қилишда бепарво бўлишади. Кичик ўғрилик орқали уларга огоҳлантириш берилади. Мазкур кичик ўғриликдан кейин, молу мулкларини ўғри олиши мумкинлиги эсларига тушиб қолган мулкларини керакли даражада ҳимоя ва муҳофаза қилишга ўтадилар. Аввалги ўғрилик улар учун Аллоҳ таолонинг лутфи қадаридан ажраганлиги ҳақида юзаки тасаввур бериши мумкин. Аммо аслида ўша кичик ўғрилик улар учун Аллоҳ таолонинг лутфидир. Ўшандан кейин бошқа барча мулкларини яхшилаб қўрийдиган ва ўғрига олдирмайдиган бўладилар. Аллоҳ таоло фойдали нарсаларнинг нозик ва ноаниқ жойларини ҳам билувчи бўлганидан, фойда кўзловчига фойдани мулойимлик билан етказишни ушбу нозик йўл билан жорий қилган бўлади. Бу ерда Аллоҳ таолонинг мазкур ғофил бандаларга кўрсатган лутфи яшириндир, очиқ-ойдин эмасдир. Ҳатто мазкур лутф сиртидан озорга ҳам ўхшаб кетади. 

Лекин барча ишлар оқибатига қараб баҳоланиши керак. Оқибати яхшилик билан тугаган ҳар бир иш бошланиши қандай бўлишидан қатъи назар, яхши деб баҳоланади. Аллоҳ таолонинг қадари ила банда учун сиртдан дастлаб  нохушлик бўлиб кўринган иш яхшилик билан тугаса, бу У Зотнинг лутфи қадаридан ажрамаганининг далили бўлади. Зотан, Аллоҳ таолонинг барча қадарида лутфи бордир. 

Агар Аллоҳ таоло бандага соғликдан кейин беморлик, бойликдан кейин камбағаллик, фароғатдан кейин нохушликни тақдир қилса, унинг ортида банда учун қандайдир яхшилик бўлади. Аммо ожиз банда бу нозик сирни тушуна олмай, ўзини ўзи қийнайди. «Нима учун бундай бўлди?!» дея дод-вой солади. Аслини олганда эса мазкур ўзи шикоят қилаётган ҳодисаларда унга нисбатан Аллоҳ таолонинг лутфи қадаридан ажрамаган ҳолда етган бўлади. Биров маълум йўналишда қатновчи жамаотчилик маркабига етолмай қолганига афсусланиб, «Аттанг», деб юрганида, мазкур маркаб ҳалокатга учрагани ҳақида хабар келган ҳолатлари йўқ эмас. Келишилган йиғинга кетаётганида автоҳалокатга учраб, шифохонада жиғибийрон бўлган одамнинг мазкур йиғинга борганлар катта ҳажмдаги балога учраганларини билганидан сўнг ўзига Аллоҳ таолонинг қадари лутфи ила етгани учун шукр қилганига гувоҳлар бор. Бу каби ҳолатлар ҳар қадамда учрайди. Фақат биз уларга ибрат назари билан қарамаймиз, холос.

Бугунги кунда «бизнес»и юришмай қолганидан нолиганлар жуда ҳам кўп. Улар кўринган одамга бу ҳақда шикоят қилишни ўзларига одат қилиб олганлар. Уларнинг назарида ҳамманинг «бизнес»и юришиб кетган-у, фақатгина ўзлариники юришмай қолгандек кўринади. Аслини олганда эса уларга ўхшаган иши юришмаганлар ҳам талайгина. Аммо шикоятчилар бу ҳолатга эътибор бермайдилар. Иши юришганларнинг оқибати нима бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Мазкур «бизнес»и юришганлардан баъзилари қамалмоқда, баъзилари қаллобга учраб, бир кунда йиллар давомида топган нарсасидан ажраб қолмоқда. Бошқалари мол жафосига чидай олмай, юрак хуружига учрамоқда ва ҳоказо...

Иши юришмаётгани, «бизнес»и тўхтаб қолганидан шикоят қилаётганлар эса тинч-омон, турар жойи тайёр, егани ва ичгани етарли нарсаси мавжуд, уларнинг даражасига ета олмай юрганлар бисёр. Аммо улар «бизнес»и юришмаётганидан шикоят қилишдан қолмайдилар. Чунки булар илмсиз кишилар, диний таълимотлардан бехабарлар. Қазои қадар нималигини, Аллоҳ таолонинг иродасига таслим бўлиш қандайлигини эшитмаганлар. Ўзлари шикоят қилиб турган ҳолат ўзлари учун Аллоҳ таолонинг лутфи аралаш қадари эканини билмайдилар. Ҳозирги ҳоллари ўзлари учун яхши эканини англамайдилар. Бундан минг марта ёмон ҳолга тушиб қолишлари мумкинлигини, аммо Аллоҳ таолонинг лутфи қадаридан ажрамаган ҳолида ўзларига ҳозирги ҳолат неъмат бўлиб турганини фаҳмламайдилар. Шунингдек, шикоятчилар «бизнес»лари юришиб кетганидан ҳам «бизнес»и юришганларга етаётган улкан мусибатлар ўзларига ҳам етиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмайдилар.  

Мўмин банданинг бахти ҳам шунда, унинг Латийф сифатига эга бўлган Робби унга лутф кўрсатиб, ғафлатда қолганида огоҳлантириш учун, фароғатда бўлганида шукр келтириши учун синовларни юбориб туради. Мазкур синовлар Аллоҳ таолонинг қадари бўлиб, лутфидан ажрамаган бўлади. 

Ҳар сафар ушбу мавзуда сўз кетганида падари бузрукворимиз раҳматуллоҳи алайҳи мени устозларидан дуо олиб бериш мақсадида у кишининг ҳузурларига олиб келганларида, устоз Муҳаммад Амин охун домла ҳазратлари айтиб берган ҳикоя ёдимга тушади. Ўшанда Андижондан Тошкентга келган эдик. Устоз ҳазратларининг хонадонлари Бешёғоч даҳасида экан. Муҳаммад Амин охун домла ҳазратларининг хос хоналарида ҳол-аҳвол сўрашилди, отамиз билан у киши турли мавзуларда сўзлашдилар. Жумладан, камина ҳақида ҳам. Падари бузрукворимиз раҳматуллоҳи алайҳи: «Илм талабига халақит бермасин, дея болани кўпчиликка қўшмайман. Турли ўйин-кулги, ҳойи-ҳавас илмга тўсқинлик қилмасин дейман», дедилар. Муҳаммад Амин охун домла ҳазратлари: «Тўғри қиласиз, бу жуда ҳам муҳим. Бизда ҳам худди шундай бўлган. Устозим раҳматуллоҳи алайҳи мени кўпчиликнинг ўйинларига ва бошқа ишларига қўшмас эдилар. Гоҳида менга: «Сени кўнгилхушликларга қўшмаганим ёмон кўринса керак. Мени ҳам ёқтирмасанг, ажаб эмас. Аммо билиб қўйгин, бу сени ёмонликдан асраш учун бўлади. Далада янги экилган кўчатни кўрганмисан? Боғбон уни тикан билан ўраб қўяди. Бу ишни у кўчатга озор етказиш учун эмас, балки кўчатни асраш учун қилади. Кўчатни тикан ўраб турса, у мол-ҳол еб кетишидан сақланади. Кўчат ўсиб, мевали дарахт бўлади. Унинг мевасидан ҳамма баҳраманд бўлади. Мен ҳам сени яхши олим бўлиб етишишинг учун сенга ёқмаса ҳам зарарли нарсалардан асраш учун беҳуда ишларга ва шахсларга қўшмай тураман», деганлар. Сиз ҳам ўғилчангизни шундай асрар экансиз-да», дедилар устоз.

Муҳаммад Амин охун домла ҳазратлари раҳматуллоҳи алайҳининг ушбу ҳикоялари мен учун доимо тасалли, ҳикмат ва насиҳат бўлган ва бўлиб келмоқда.

Аллоҳ таоло барча мўмин бандаларини Ўзининг лутфи аралаш қадаридан бебаҳра қилмасин. Агар У Зот бандани огоҳлантирувчи ва кўз очувчи синовга учратмай, тек қўйиб қўйса, бу банданинг бахтсизлиги аломатидир. Бу ҳолат асосан иймонсизларга оиддир. Уларни Аллоҳ таоло синовга учратмай, тек қўйиб, аста-секин, даражама-даража олиш услуби ила олади ва бунинг оқибати вой бўлади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(Ҳислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсон учун машаққатли ишлардан бири дўст танлашдир. Чунки қаддибасти чиройли ва хулқи гўзал бўлиб кўринган ҳар бир киши табиатан яхши ва гўзал хулқли давоми...

4919 05:00 / 01.03.2017
.Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади,. Яъни ҳалоллигида шубҳа бор нарсадан сақланган одам дини ва обрўсини поклаган бўлади. Шунинг давоми...

1547 19:00 / 21 январь
Ётишдан олдин ҳам тўрт ракъат намоз ўқиб ётилади.Бу кечаси туриб таҳажжуд ва витр ўқийдиганлар учун. Кечаси тура олмайдиганларнинг охирги намози витр бўлиши давоми...

2496 15:00 / 06.12.2018
Техника ривожланиб, инсон ҳаёлига келтира олмаган даражаларга етган замонда ваъз ва иршод мақолалари кўплиги ва осон қўлга киритилишига қарамай, кўпчилигимиз давоми...

3046 05:00 / 06.03.2017