1446 йил 8 зулқаъда | 2025 йил 05 май, душанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Жаннатий инсон (31-тавсия)

16:11 / 15.04.2017 7748 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, «Менга шундай бир амални айтингки, уни қилсам, жаннатга кирай», деди. У зот шундай дедилар: «Аллоҳга ибодат қиласан, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмайсан, фарз намозни тўкис ўқийсан, фарз қилинган закотни адо этасан ва Рамазон (рўзаси)ни тутасан», дедилар. У: «Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бундан зиёда қилмайман», деди. У қайтиб кетаётган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жаннатий инсонни кўргиси келса, мана шунга қарасин».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 

Изоҳ: Шориҳлар савол сўраган аъробийнинг исми Саъд ибн Ахрам эди дейишган.

Кишининг жаннатга киришига сабаб бўладиган амаллар зикр қилинган ҳадисларни ўрганиб чиқадиган бўлсак, уларнинг бир-биридан фарқли эканлигини кўрамиз. Баъзиларида Ислом арконлари, фарз амаллар тўлиқ зикр қилинса, бошқаларида эса айрим арконларгина тилга олиниб, қолганлари эсланмайди. Бунинг бир қанча сабаблари бор. 

Аввало Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўровчининг ҳолатига қараб муомала қилганлар. 

Мисол учун, бу тоифадаги ҳадисларнинг бирида иймон ҳақида гап йўқ. Аммо бу иймони йўқ одам ҳам жаннатга кираверади, дегани эмас. Ундан олдин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сўровчи ўртасида иймон ҳақида алоҳида суҳбат бўлиб ўтган,  шундан кейингина бу савол берилган бўлади. 

Шунга ўхшаб, биз ҳозир ўрганаётган ҳадисда ҳаж зикр қилинмаган. Лекин бу жаннатга киритадиган амаллар ичида ҳаж йўқ, дегани эмас. Ушбу савол берилган вақтда ҳали ҳаж ибодати фарз бўлмаганлиги учун Набий алайҳиссалом уни зикр қилмаганлар.

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Дин ишларини билмаган киши у ҳақида сўраб, ўрганиши вожибдир.

2. Билмаганлар жаннатга киритадиган амаллар ҳақида биладиганлардан сўраб, ўрганиши лозим.

3. Аллоҳга ибодат қилиш, У Зотга ҳеч нарсани ширк келтирмаслик жаннатга киритадиган амаллардан биридир.

4. Фарз намозларни тўлиқ ўқиш жаннатга киритадиган амаллардандир.

5. Фарз закотни адо этиш жаннатга киритадиган амаллардандир.

6. Рамазон рўзасини тутиш ҳам жаннатга киритадиган амаллардандир.

7. Фарз амалларга бошқа ҳеч қандай қўшимча амал қўшмаган одам ҳам албатта жаннатга киради. Аммо фарз қилинган амалларга қўшимча нафл ибодатлар ҳам қилиш эса инсоннинг жаннатдаги мартабаси юксалишига сабаб бўлади.


Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола Фарз икки қисмга бўлинади. Биринчиси ndash фарзи айн. Иккинчиси ndash фарзи кифоя. Фарзи айн ҳар бир мусулмон шахсан бажариши лозим бўлган ишдир. Уни давоми...

2859 19:00 / 15.06.2022
Биз Имом Бухорий ҳазратлари энг машҳур муҳаддис бўлганлари учун ҳам, кўпроқ у зотдан мисол келтирдик. У кишидан олдин ўтган муҳаддислар ҳам худди шундай йўл давоми...

7091 10:35 / 24.10.2018
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ҳиро ғорида Қуръони каримнинг биринчи ояти нозил қилиниб, у зот пайғамбар бўлганларидан сўнг кишиларга ўзларига Аллоҳ давоми...

7092 14:10 / 09.01.2019
Ҳофизулкабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий адДоримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга давоми...

5419 13:40 / 29.05.2019