1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Намоз

Намозни қасддан тарк этиш

05:00 / 09.01.2017 9779 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, мол-дунёларингиз ва бола-чақаларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (яъни, Аллоҳга ибодат қилишдан) юз ўгиртириб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчи кимсалардир!» (Мунофиқун сураси, 9).

Муфассирлар айтганларки, оятдаги Аллоҳнинг зикридан мурод беш вақт намоздир. Кимки намозни вақтида ўқишдан тижоратдаги, олди-сотдидаги, кундалик ҳаётидаги мол-дунёси ёки фарзандлари сабабли машғул бўлиб қолса, у зиёнкорлардандир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Банданинг қиёмат кунида биринчи ҳисоб-китоб қилинадиган нарсаси намоздир. Агар (намози) дуруст бўлса, бошқа амаллари ҳам дуруст бўлади. Борди-ю, (намози) яроқсиз бўлса, қолган амаллари ҳам яроқсиз бўлади» (Табароний ривояти).

Аллоҳ таоло дўзах эгалари ҳақида хабар қилиб дейди: «(Улар дўзах аҳлига): «Сизларни нима Сақарга киритди?» (деганларида): Улар айтурлар: «Бизлар намоз ўқигувчилардан бўлмадик. Мискин-бечорага таом бергувчи ҳам бўлмадик. Бизлар (ботил-беҳуда сўзларга) шўнғувчи кимсалар билан бирга шўнғир эдик (яъни, Қуръон ва Пайғамбар хусусида туҳмат-ёлғонлар тўқир эдик). То бизларга аниқ (ўлим) келгунича бизлар Жазо – Қиёмат кунини ёлғон дер эдик». Энди қўллагувчиларнинг қўллови уларга фойда бермас!» (Муддассир сураси, 42–48).
«Саҳиҳул Бухорий»да ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Кимки аср намозини тарк этса, унинг амали аниқ ҳабата бўлибди (яъни, беҳуда кетибди)».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Намозни тарк этмагин. Зеро, кимки намозни қасддан тарк этса, дарҳақиқат, ундан Аллоҳнинг зиммаси (ҳимояси) соқит бўлади» (Табароний ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Инсонларга қарши улар то Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, деб гувоҳлик бермагунларича, намозни қоим қилмагунларича ва закотни бермагунларича жанг қилишга буюрилдим. Агар шуни қилсалар, мендан қонлари-ю молларини сақлаган бўладилар. Бироқ, ислом ҳақи бундан мунтасно. Уларнинг ҳисоби Аллоҳга ҳавола» (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кимки намозни муҳофаза қилса, қиёмат кунида у учун (намози) нур, ҳужжат ва нажот бўлади. Кимда-ким уни муҳофаза қилмаса, унга нур ҳам, ҳужжат ҳам, нажот ҳам бўлмайди ва у қиёмат кунида Қорун, Фиръавн, Ҳомон ҳамда Убай ибн Халафлар билан бирга бўлади» (Имом Аҳмад ривояти).
Айрим уламолар айтишларича, «Намозни тарк этган кимса ана шу тўрт малъун билан бирга қайта тирилади. Чунки уни намоздан ё молу давлати, ё мулк-салтанати, ё вазирлик-мансаби ва ё тижорати машғул қилган. Кимки намоздан молу давлати сабабли машғул бўлса, у Қорун билан бирга тирилади.
Кимки намоздан мулк-салтанати сабабли машғул бўлса, у Фиръавн билан бирга тирилади.
Кимки намоздан вазирлик – мансаби сабабли машғул бўлса, у Ҳомон билан бирга тирилади.
Кимки намоздан тижорати сабабли машғул бўлса, у Маккадаги кофирларнинг тижоратчиси билан бирга тирилади».
Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳу жароҳатланган вақтларида: «Эй амирал мўминин, намоз (яъни, намозни ўқиб олинг)», дейишди. Шунда у зот розийаллоҳу анҳу: «Ҳа, тўғри. Намозни зое қилган бирон бир киши учун Исломда насиба йўқ», дедилар-да намозни ўқидилар. Жароҳатларидан эса қон оқиб турарди.
Абдуллоҳ ибн Шақиқ Тобиъий розийаллоҳу анҳу дейдилар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари намоздан бошқа ҳеч бир амални тарк этишни куфр деб ҳисобламасдилар» (Термизий ривояти).
Иброҳим Нахаъий ва Айюб Саҳтиёнийлар ҳам шу гапни айтишган. Авн ибн Абдуллоҳ деганлар: «Агар банда қабрига қўйилса, биринчи бўлиб сўраладигани – намоздир. Агар намози яроқли топилса, унинг бошқа амалларига қаралади. Борди-ю, яроқли деб бўлмаса, ундан кейин бошқа бирон амалига қаралмайди».
Ибн Ҳазм: «Ширкдан кейин намозни вақтидан кечиктириш ва мўминни ноҳақ ўлдиришдан кўра улканроқ гуноҳ йўқ», деганлар.
Ривоят қилинишича, қиёмат кунида биринчи бўлиб намозни тарк этгувчиларнинг юзлари қораяди. Жаҳаннамда «Лам-лам» номли илонлар дараси бўлиб, ҳар бир илоннинг йўғонлиги туянинг бўйнидек, узунлиги бир ойлик масофага тенг бўлади. Улар намозни тарк этгувчиларни чақадилар. Унинг заҳари намозни тарк этгувчининг жисмида етмиш йил қайнайди-да, сўнг унинг гўштлари эриб тушади.

Ҳикоят

Ривоят қилинишича, бани Исроиллик бир аёл Мусо алайҳиссалом ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг элчиси, мен улкан гуноҳ қилиб қўйиб, сўнг бу гуноҳимдан Аллоҳ таолога тавба қилдим. Аллоҳдан тавбамни қабул қилиб, гуноҳимни мағфират этишини сўраб дуо қилинг», деди. Мусо алайҳиссалом ундан: «Нима гуноҳ қилдинг?» деб сўраган эди, у: «Эй Аллоҳнинг пайғамбари, мен зино қилиб, бола туғдим-да, сўнг уни ўлдирдим», деди. Шунда Мусо унга: «Чиқ бу ердан, эй фожира! Яна кафосатинг туфайли осмондан олов тушиб, бизни ёндириб юбормасин», деди.
Аёл пайғамбар ҳузуридан қалби ўксиган ҳолда чиқиб кетди. Жаброил алайҳиссалом тушиб: «Эй Мусо, Аллоҳ таоло: «Нима учун тавба қилган аёлни қайтариб юбординг? Ундан кўра ёмонроқ кимса борлигини билмайсанми?» деяпти», деди. Мусо алайҳиссалом: «Эй Жаброил, ундан ҳам ёмонроқ кимса ким?» деб сўраган эди, «Намозни қасддан тарк этган киши», деб жавоб берди.

Фасл

Аллоҳ таоло намозни вақтидан кечиктириб ўқишдан огоҳлантириб айтади: «Сўнг, уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни, ёмон жазога) йўлиқурлар. Магар тавба қилиб, иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларгина (азобга дучор қилинмасларлар). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирон зулм қилинмас» (Марям сураси, 59–60).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо: «Намозни зое қилган дегани, уни бутунлай тарк этгани дегани эмас, балки намозни ўз вақтидан кечиктириб ўқиган деганидир», деганлар.
Тобеъинлар имоми Саид ибн Мусаййаб раҳматуллоҳи алайҳ айтганларки: «У то аср бўлмагунча пешинни ўқимайди. Асрни шомгача, шомни хуфтонгача, хуфтонни бомдодгача, бомдодни то қуёш чиққунча ўқимайди».
Шу ҳолатга одатланган кўйи вафот этган ва тавба қилмаган кимсага Аллоҳ «ғойй» билан таҳдид солди. Fойй – жаҳаннамдаги жуда чуқур, ўта бадбўй водийдир.
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда:«Бас, намозларини «унутиб» қўядиган кимсалар бўлган «намозхон»ларга ҳалокат бўлгайки», дейди (Моъувн сураси, 4–5).
Саъд ибн Абу Ваққос розийаллоҳу анҳудан намозларини «унутиб» қўядиган кимсалар ҳақида сўраганларида: «Вақтини кечиктирадиганлар», дея жавоб берганлар.
Улар «намозхон», деб номланди. Бироқ намозга бепарволиклари ва вақтидан кечиктирганлари сабабли уларга вайл билан таҳдид солинди. Вайл – шиддатли азобдир. Яна айтиладики, Вайл жаҳаннамдаги водий бўлиб, агар унга дунёдаги тоғлар туширилса, ҳарорати юқорилигидан тошлари эриб кетарди. У намозга бепарво бўлган ва уни вақтидан кечиктириб ўқиган кимсаларнинг масканидир. Фақат Аллоҳга тавба қилиб, илгариги эътиборсизлигига надомат чекканлар бундан мустасно.
Аллоҳ таоло яна бир оятда: «Эй иймон келтирганлар, мол-дунёларингиз ҳам, фарзандларингиз ҳам сизларни Аллоҳнинг зикридан чалғитиб қўймасин. Ким шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўргувчилардир», дейди (Мунофиқун сураси, 9).
Оиша розийаллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам то Аллоҳ жонларини олгунича, (бирор марта) намозни охирги вақтига қадар кечиктирганлари йўқ» (Ҳоким ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг афзал амал қайси, деб сўралганларида: «Энг афзал амал – намозни вақтида ўқиш, ота-онага яхши муносабатда бўлиш ва жиҳод», дея жавоб берганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Ривоят қилинишича, кимки намозни вақтида ўқиса, таҳоратни мукаммал олган, қиёми, хушуъси, рукуъ ва саждаларини комил қилган бўлса, намоз оппоқ, нурафшон бўлиб кўтарилади ва: «Мени сақлаганингдек, Аллоҳ ҳам сени сақласин», дейди.
Кимда-ким намозини вақтидан бошқа пайтда ўқиса, таҳоратни тўлиқ олмаса, хушуъ, рукуъ ва саждаларини комил қилмаса, намоз қоп-қора, зулматли бўлиб кўтарилади ва «Мени зое қилганингдек, Аллоҳ ҳам сени зое қилсин», дейди. Ҳатто Аллоҳ хоҳлаган жойга етгач, худди эски кийимга ўхшаб ўралади-да, унинг юзига урилади.
Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Уч тоифа одамнинг намозини Аллоҳ қабул қилмайди: қавм уни ёқтирмаса-да, уларга имомлик қиладиган кишининг, намозга орқа томондан келадиган яъни, намозни вақти ўтганидан кейин ўқийдиган кишининг ва ўзи озод қилган одамни қул қилиб олган кишининг» (Абу Довуд, Ибн Можа ривояти).
Ривоят қилинишича, кимда-ким икки намозни узрсиз жам қилиб ўқийдиган бўлса, у гуноҳи кабира эшикларидан бирини очган бўлади.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтганлар: «Агар қиёмат куни бўлса, бир кишини Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида ҳозир қилишади. Шунда уни дўзахга ташлашни буюради. «Эй Раббим, нима учун?» деб сўраганида, Аллоҳ таоло: «Намозни вақтидан кечиктирганинг ва Менинг номим билан ёлғон қасам ичганинг учун», дейди.

Ҳикоят

Салафлардан бирининг синглиси вафот этиб, уни лаҳадга қўйди. Шунда пул солинган ҳамёни маййитнинг қабрига тушиб қолди ва буни ҳеч ким сезмади. У қабрдан кетгач, ҳамёнини эслади ва изига қайтди. Одамлар тарқаб кетганларидан кейин қабрни кавлади. Бир пайт қараса, унда олов алангаланиб турибди, дарҳол қайтадан кўмиб ортига қайтди. Кейин онасининг олдига йиғлаб келди-да: «Эй онажон, синглим нима иш қиларди, менга айтиб беринг», деди. «Нима эди?» деб сўраган онасига: «Унинг қабрида олов кўрдим», дея жавоб берди. Шунда онаси йиғлади ва: «Эй ўғлим, синглинг намозга бепарво эди ва уни вақтидан кечиктириб ўқирди», деди.
Намозни вақтидан кечиктириб ўқиган кишининг ҳоли шу бўлса, умуман намоз ўқимайдиган кимсанинг аҳволи не кечар экан?!
Аллоҳ таолодан намозни вақтида адо этишга ёрдам беришини сўраймиз. Албатта, У сахий, мурувватли зотдир.

Фасл

Бола неча ёшдан намозга буюрилади?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Болани етти ёшга етганида намозга буюринглар. Ўн яшар бўлганида (намоз ўқимаса) уринглар» (Абу Довуд, Термизий ривояти).
Бошқа бир ривоятда шундай дейилади: «Фарзандларингизни етти яшар бўлганларида намозга буюринглар. Ўн яшар бўлганларида (намоз ўқимаса) уринглар ва ётоқларини алоҳида-алоҳида қилинглар» (Абу Довуд ривояти).

Фасл

Намозни чала ўқийдиган, унинг рукуъ ва саждаларини тўлиқ қилмайдиган кимсанинг уқубати
«Бас, намозларини «унутиб қўядиган» «намозхонларга вайл бўлсин» оятининг тафсирида шундай дейилган: «У намозни чала ўқийдиган, рукуъ ва саждаларини тўлиқ қилмайдиган кимсадир».
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши масжидга кириб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжиднинг чеккасида ўтирган эдилар. У киши намоз ўқиди-да, келиб у зотга салом берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сенга ҳам салом бўлсин, қайтиб бориб, намоз ўқи, сен намоз ўқиганинг йўқ», дедилар. У яна намоз ўқиди-да, келиб салом берди. «Сенга ҳам салом бўлсин, қайтиб бориб бошқатдан ўқи, сен намоз ўқиганинг йўқ», дедилар. У намоз ўқиди-да, келиб салом берди. Набий: «Сенга ҳам салом бўлсин, қайтиб бориб бошқатдан ўқи, сен намоз ўқиганинг йўқ», дедилар. Ҳалиги киши кейинги маротаба айтилганида: «Ё Расулуллоҳ, менга ўргатиб қўйинг», деди. «Агар намозга турсанг, таҳоратни мукаммал ол. Қиблага юзлангач, такбир айт ва ўзинг билган Қуръон сура-оятларни ўқи. Кейин то қаноат ҳосил қилгунингча рукуъда тур. Сўнгра тўла тик бўлгунингча қаддингни ростла. Сўнг қаноат ҳосил этгунингча сажда қил. Сўнгра тўла ўтиргунингча қаддингни ростла. Кейин қаноат ҳосил этгунингча сажда қил. Сўнгра тўла тик бўлгунингча қаддингни ростла. Хуллас, бутун намозингда шундай қил», дедилар» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Масъуд Бадрийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Рукуъ ва саждадан умуртқасини тик қилиб кўтармаган кишининг намози намоз ҳисобланмайди» (Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Бошқа бир ривоятда: «Рукуъ ва саждалардан белини ростламагунча...» дейилган.
Бу ҳадис намоз ўқиганда рукуъ ва саждалардан кейин белини ростламаган кишининг намози ботил эканига ҳужжат. Чунки ҳар бир аъзо ўрнида қарор топиши намоздаги фарзлардандир.
(Изоҳ: Ҳанафий мазҳабида бу иш вожиб саналади. – Муҳаррир.)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар орасидаги энг ёмон ўғри намозидан ўғирлайдиган кимса», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, қандай қилиб киши намозидан ўғирлайди?» деб сўрашганда, «Рукуъ ва саждаларини тўлиқ қилмасдан», дея жавоб бердилар» (Ибн Хузайма, Ҳоким ривояти).
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Рукуъ ва саждалари орасида умуртқасини ростламайдиган бандага Аллоҳ қарамайди» (Имом Аҳмад ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мунофиқнинг намози бундай: у қуёшни кузатиб ўтиради, ўтиради-да, у шайтоннинг икки шоҳи орасига келгач, туриб (қуш донни чўқигандек) тўрт марта ётиб туради ва унда Аллоҳни камдан-кам эслайди» (Муслим ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ ва саждаларни тўлиқ қилмасдан намоз ўқиётган кишини кўрдилар ва: «Агар бу кимса мана шу ҳолатда ўлиб кетса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам миллатидан бошқасида ўлган бўлади», дедилар (Табароний ва Ибн Ҳузайма ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита аъзо билан сажда қилишга буюрилдим: Пешона (қўллари билан бурунларига ҳам ишора қилдилар), икки қўл, икки тизза ва икки оёқ билан», дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Бошқа бир ривоятда: «Еттита (аъзо) билан сажда қилишга, соч ва кийимни йиғиб олмасликка буюрилдим: пешона ва бурун, икки қўл, икки тизза ҳамда икки оёқ», дейилган (Муслим, Насоий ривояти).
Киши намоз ўқиётганда, қайси аъзосининг намоздаги ҳақини адо этмаса, то намоз ўқиб бўлгунича ўша аъзо унга лаънат айтиб туради.
Ривоят қилинадики, ҳар бир намозхоннинг ўнг томонида бир фаришта, чап томонида бир фаришта бўлади. Агар у намозни тўлиқ ўқиса, намозни олиб чиқиб кетадилар. Агар тўлиқ ўқимаса, намоз билан унинг юзига урадилар.
Салмон Форсий розийаллоҳу анҳу айтганлар: «Намоз ўлчовдир. Ким вафо қилса, вафо кўради. Ким уриб қолса, Аллоҳ уриб қолувчилар ҳақида нима деганини яхши биласизлар. Аллоҳ таоло:

«(Ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсаларга вайл бўлсин», деган».
Имом Бухорий ривоят қилади: Ҳузайфа ибн Йамон рукуъ ва саждаларини тўлиқ қилмасдан намоз ўқиётган кишини кўриб, унга: «Сен намоз ўқимадинг. Агар ўлсанг, Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга табиат қилиб берган фитратдан бошқасида ўлган бўласан», дедилар.
Насоий ривоят қилган асарда келишича, Ҳузайфа розийаллоҳу анҳу ундан: «Неча йилдан бери шундай намоз ўқийсан?» деб сўраганлар. «Қирқ йилдан бери», дея жавоб берган. Шунда улуғ саҳоба: «Қирқ йилдан бери намоз ўқимабсан. Агар намозни шу тарзда ўқиб вафот этсанг, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам фитратидан бошқасида ўлган бўласан», деганлар.
Ҳасан Басрий айтадилар: «Эй Одам фарзанди, агар сенга намозинг қадрсиз бўлса, у ҳолда динингдаги қайси нарса сен учун азиз?! Ҳолбуки, сен қиёмат кунида биринчи бўлиб намозингдан сўраласан-ку!»
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Қиёмат кунида банданинг биринчи бўлиб ҳисоб-китоб қилинадиган амали намозидир. Агар намози дуруст бўлса, у, шак-шубҳасиз, муваффақият қозониб нажот топибди. Агар намози яроқсиз-фосид бўлса, у аниқ муваффақиятсизликка учраб зиён кўрибди. Агар бирон фарзида етишмовчилик бўлса, Аллоҳ азза ва жалла: «Қарангларчи, бандамнинг фарзларидаги камчиликларини тўлдирувчи ихтиёрий намозлари бормикан?» дейди. Сўнг қолган амаллари ҳам шу йўсинда бўлади» (Термизий ривояти).
Ҳар биримиз фарзлардаги нуқсонларни тўлдиришимиз учун кўпроқ нафл намозлар ўқишимиз лозим бўлади. Тавфиқ Аллоҳдан.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Суффа аҳлидан бўлган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари Абу Фирос Робийъа ибн Каъб Асламий розияллоҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ давоми...

7538 17:09 / 18.05.2017
quotСаҳвquot сўзи луғатда quotунутишquot маъносини англатади. Намозда маълум бир амаллар унитилса, ундан ҳосил бўлган нуқсонни саҳв саждаси қилиш билан тўғрилаб олиш давоми...

16091 05:00 / 09.01.2017
Сен фарзандингни намоз ўқишини хоҳлайсан, у эса ўзини ёқтирган ишлари билан машғул бўлишни хоҳлайди. Фарзандинг дангасалик қилаверади. Натижада жаҳлинг чиқиб, давоми...

2491 11:20 / 22.10.2021
5дарс.7Матн Бу ўнг кафтларини чап кафтлари устига қўйиш ва чимчалоқ ва бошбармоқ билан кафт бўғинини ҳалқа қилиб ушлаш билан бўлар эди.7Матннинг далиллар۱ давоми...

3363 05:00 / 09.01.2017